Ислом Нури

 

Китоблар

 

ТАҲОВИЙ АҚИДАСИ МАТНИГА МУХТАСАР ИЗОҲЛАР

Шайх Доктор Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон
Ислом Нури таржимаси

(давоми)

77.                و الْحَوْضُ- الَّذِي أَكْرَمَهُ اللهُ تَعالَى بِهِ غِياثًا لأُمَّتِهِ- حَقٌّ

 

77. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга - умматларига мадад бўлсин учун - Аллоҳ Таоло инъом этган ҳавзи Кавсар ҳақдир.

 

Аҳли суннат вал-жамоат қиёмат куни содир бўлувчи ишлар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ хабарларга эътиқод қилади. Ушбулардан бири ҳавзи Кавсарга бўлган эътиқоддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни маҳшарда у зотга иймон келтирган ва йўлларига эргашган кишилар келиб, сув ичадиган бир ҳовузлари бўлишини хабар берганлар ва ундан бир бор ичган киши асло ташналик нималигини билмаслигини айтганлар[1].

Қиёмат кунининг иссиғи ўта кучли бўлганидан жуда қаттиқ ташналик пайдо бўлади. Шунда Аллоҳ таоло мазкур ҳовузни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини сув билан сероб этадиган ғиёс-мадад қилиб қўяди. Маълумки, осмондан ёғадиган ғайс-ёмғир билан ерлар кўкариб, оби ҳаёт ҳосил бўлади. Худди шунга ўхшаш, мазкур ҳовуз Аллоҳ таоло бандаларини сувга қаттиқ муҳтож бўлган пайтларида сероб этадиган ғиёс (оби раҳмат) бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳовузларининг узунлиги бир ойлик йўл, эни бир ойлик йўл эканини, идишлари осмон юлдузлари сонича эканини, ундан бир бор ичган киши асло ташналик нималигини билмаслигини, унинг суви сутдан оқ ва асалдан ширин эканини хабар берганлар[2].

Яна у зот хабар берганларки, баъзи кишилар ҳовузга яқинлашганларида ундан тўсиладилар ва сув ичишдан ман қилинадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Роббим, умматим, умматим», деганларида Аллоҳ азза ва жалла: «Сиздан сўнг улар нима ишларни пайдо қилишганини сиз билмайсиз», дейди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Динимни) ўзгартирган кишиларга ҳалокат ва (Аллоҳнинг раҳматидан) узоқлик бўлсин!», дейдилар.[3]

Кофир ва муртад бўлганлар, суннатни тарк қилиб, хоҳиш-ҳаволарига эргашиб, ҳар хил бузуқ йўлларни тутган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳолиф бўлган бидъат ва залолат аҳли Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳовузларидан сув ичишдан ман қилинадилар. Чунки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини ўзгартирган эдилар. Унга фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига сўзда ҳам, амалда ҳам, эътиқодда ҳам маҳкам эргашган кишилар кела оладилар.

Баъзи уламолар «Биз сизга Кавсарни ато этдик» (Кавсар: 1) оятидаги «Кавсар»дан мурод мана шу ҳовуздир, деганлар. Баъзилари эса кавсарнинг маъноси - «кўп яхшиликлар» дегани эканини айтганлар. Шаксиз, мазкур ҳовуз ҳам ўша кўп яхшиликлар жумласига киради, чунки у Ислом уммати учун катта яхшиликдир.[4] Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳовузларига ишониш ва эътиқод қилиш, қиёмат куни ушбу ҳовуз сувидан баҳраманд бўлиш ва ундан ман қилинмаслик учун суннатни маҳкам тутиш вожиб бўлади.

 

78.               و الشـَّفـَاعَةُ الـَّتِي ادَّخَرَهَا لَهُمْ حَقٌ، كَمَا رُوِيَ فِي الأَخْبَار

 

78. Хабарларда ривоят қилинганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматлари учун сақлаб қўйган шафоатлари ҳам ҳақдир.

 

Шафоат масаласи ҳам ақидага оид муҳим масалаларга киради[5]. Чунки, уни исбот қилишда айримлар адашиб кетдилар, айримлар ғулув кетиб қолдилар, баъзилар ўртача йўлни ушладилар.

Қиёмат куни бўладиган шафоат хусусида одамлар уч қисмга бўлинган:

Бир тоифа уни исботлашда ғулув кетиб қолишган ва ҳатто ўликлардан, қабрлардан, бут-санамлардан, дарахт ва тошлардан ҳам шафоат талаб қилишади.

«Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг шафоатчиларимиз», дейдилар» (Юнус: 18).

«У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)» (Зумар: 3).

Яна бир тоифа эса – муътазила ва ҳаворижлар каби – шафоатни рад қилишда ғулув кетдилар. Улар гуноҳи кабира эгаларидан шафоатни бутунлай рад қилишди ва Китобу Суннатда шафоатни исботлаб келган мутавотир далилларга муҳолиф бўлишди.

Аҳли сунна вал-жамоа ўрта йўлни тутдилар, улар шафоатни Аллоҳ ва Расули зикр қилган кўринишда исботлайдилар, унга ифрот (яъни қаттиқ ғулув кетиш) ва тафрит (яъни, эътиборсиз санаш)сиз иймон келтирадилар.

Шафоат луғатда «шафъ» сўзидан олинган бўлиб, жуфтлик маъносини англатади ва икки, тўрт, олти каби жуфт сонларни билдиради.

Шаръий истилоҳда эса ҳожатларни раво қилишда воситачилик қилиш, яъни ҳожатманд киши билан унинг ҳожати тушиб турган киши ўртасида воситачи бўлиш маъносида ишлатилади ва у икки қисмдан иборат: Аллоҳ олдидаги шафоат ва маҳлуқотлар олдидаги шафоат.

Маҳлуқотлар олдидаги шафоат икки хил:

Биринчиси: шафоати ҳасана, яъни яхши, фойдАлий ва мубоҳ ишларда воситачи бўлиш. Бунда одамларнинг ҳожатлари тушиб турган киши олдида уларнинг ҳожатларини раво қилиш учун воситачи бўлинади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким (одамлар орасида) чиройли — ҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзига ҳам унинг савобидан бир улуш тегур» (Нисо: 85).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Воситачи бўлинглар, ажрланасизлар, Аллоҳ таоло пайғамбарининг тили билан Ўзи истаган нарсани ҳукм қилади»[6].

Бу шафоати ҳасана бўлиб, унда ажр бор, чунки бу билан мусулмонларнинг ҳожатлари раво бўлишига сабаб бўлинади ва бунда бировга зулм ёки тажовуз бўлмайди.

Иккинчиси: шафоати саййиа, яъни ҳаром ишларда воситачи бўлиш. Кимдандир шаръий жазони соқит қилишда воситачи бўлиш каби. Бундай киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лаънатлаган кишилардан бўлиб қолади: «Бидъатчини ўз паноҳига олган кимсага Аллоҳнинг лаънати бўлсин»[7]. Бировларнинг ҳақларини тортиб олиб, ҳақдор бўлмаган одамларга олиб беришдаги воситачилик ҳам шу турга киради. «Ким ноҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзи учун унинг гуноҳидан бир улуш тегур» (Нисо: 85).

Аллоҳ ҳузуридаги шафоат одамлар олдидаги воситачилик каби эмас. Яратувчи олдидаги шафоат шуки, Аллоҳ азза ва жалла баъзи бандаларига гуноҳи кабиралари сабабли дўзахга лойиқ кўрилган айрим мусулмонлар ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан уларнинг гуноҳларини кечиришини ва уларга азоб бермаслигини ёки гуноҳи сабабли дўзахга тушган баъзи мўминларни дўзаҳдан чиқаришини ва улардан азобни кўтаришини сўраб воситачилик қилишга изн бериб, шу билан уларни иззат-икром қилади. Бу шафоат гуноҳи кабира аҳли ҳақидаги шафоат деб номланади.

Лекин, Аллоҳ ҳузуридаги шафоат учун иккита шарт топилиши керак:

Биринчи шарт: Аллоҳнинг изни билан бўлиши. Ҳеч ким Аллоҳ ҳузурида Унинг изнисиз шафоат қила олмайди. Фақат Угина шафоатчига шафоат қилишига изн беради. Ундан изн бўлмасдан туриб Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига воситачи бўлиб боришга ҳеч ким журъат қила олмайди: «Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди» (Бақара: 255).

Иккинчи шарт: Шафоат қилинувчи киши иймон ва тавҳид аҳлидан бўлиши, сўз ва амалларидан Аллоҳ рози бўлган кишилар бўлиши керак: «Улар (қиёмат қойим бўлган кунда) фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – оқлай олурлар» (Анбиё: 28).

Қуйидаги оятда ҳар икки шарт мужассам бўлган: «Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)» (Ван-нажм:26). Биринчи шарти – Аллоҳ изн бериши, иккинчи шарти – Ўзи рози бўлган кишилар учун бўлиши.

Кофирларга шафоат фойда бермайди: «Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас!» (Муддассир: 48), «Золим (кофир) кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Ғофир: 18). Қуръонда икки хил шафоат ҳақида сўз боради: шартлари топилмаган манфий шафоат ва шартлари мавжуд мусбат шафоат.

Кофирга агарчи осмонлару ер аҳлининг ҳаммаси шафоатчи бўлса ҳам, Аллоҳ таоло уларнинг шафоатларини қабул қилмайди. Чунки, у мушрик ва Аллоҳ азза ва жаллани инкор қилган кофир! Аллоҳ унинг сўзидан ҳам, амалидан ҳам рози бўлмайди. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Абу Толиб ҳақида қиладиган шафоатлари бундан мустасно, бу у зотнинг ўзларига хос шафоат бўлиб, у ҳам уни дўзаҳдан қутқариш ҳақида бўлмай, фақатгина азобини енгиллатиш ҳақида бўлади. Сабаби, Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўп ҳимоя қилган, қўллаб-қувватлаган, ёрдамлар кўрсатган эди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан азоб енгиллатилишини сўраб шафоатчи бўладилар.

Шартлари мавжуд бўлган шафоат ҳам бир неча хил бўлади. Улар ичида фақат Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос бўлганлари бор, у киши билан бошқа пайғамбарлар, малоикалар, солиҳлар ва балогатга етмай вафот этган норасидалар ўртасида муштарак бўлганлари бор. Уларнинг ҳар бирлари Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида шафоатчи бўладилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос бўлган шафоат ҳам бир неча хил:

Биринчи: Қиёмат куни маҳшарда ҳисоб-китоб бошланишидан олдин кутиш чўзилиб кетиб, қуёш шундоққина устиларига келтирилганидан маҳшаргоҳга тўпланган халойиқлар қаттиқ иссиқ ва тиқилинчдан қаттиқ қийналишиб, оғир аҳволга тушгач, тезроқ ҳисоб-китоб ва ажрим қилинишини Аллоҳ таолодан сўрашга воситачи бўлиши учун Одам алайҳиссалом ҳузурига борадилар, у киши мақомнинг буюклиги ва ҳайбатидан бу ишга журъат қилолмай, узр айтадилар, сўнг пайғамбарларнинг биринчиси бўлмиш Нуҳ алайҳиссалом олдига борадилар, у киши ҳам узр айтадилар, сўнг Мусо Калимуллоҳ олдига борадилар, у киши ҳам узр айтадилар, сўнг Ийсо алайҳиссалом олдига борадилар, у киши ҳам узр айтадилар, сўнгра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борадилар, шунда у зот: «Майли, мен бу ишни бўйнимга олай» дейдилар. Кейин бориб, Аллоҳ азза ва жалла олдида саждага бош қўядилар, У Зотга ҳамду санолар айтадилар, дуо-илтижолар қиладилар, то у кишига: «Бошингизни кўтаринг, сўранг, сўровингиз ато этилади, шафоат (воситачилик) қилинг, шафоатингиз қабул қилинади»[8] дейилгунча шу ҳолда турадилар. Изн берилгандан кейин ҳам дарров шафоат қилишга ўтмайдилар, балки яна сажда қилиб, Аллоҳга дуолар қиладилар, ҳамду санолар айтадилар, Унинг исм ва сифатларини ўртага қўйиб сўрайдилар, шундан сўнг у зотга шафоатга изн берилади. Кейин у зот халойиқларни тезроқ ажрим қилинишини сўраб, воситачилик қиладилар, у кишининг бу воситачиликлари қабул қилинади ва Аллоҳ таоло бандалари ўртасида ажрим қилиш учун келади.

Аллоҳ таоло айтган: «Йўқ, (бундай кирдикорларингиздан қайтингиз)! Қачон Ер (зилзилага тушиб, барча нарса) чил-парчин қилинганда, Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда» (Фажр: 21, 22).

«Улар (ҳақ йўлни инкор этувчилар Қиёмат Кунида) боқмайдилар, магар уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади-да, иш тамом бўлади (яъни улар куфрлари сабабли дўзахга ҳукм қилинурлар)» (Бақара: 210).

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халойиқлар ўртасида ажрим қилиниши учун бўлган шафоатларидир. Бу ғоят улуғ мақом бўлиб, Аллоҳ таоло у билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни мушарраф қилган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтган мақтовли мақом ҳам шудир: «Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур» (Исро: 79). Чунки, бу улуғ ўринда аввалгилар-у охиргилар у кишини мақтаб, олқишлайдилар, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатлари зоҳир бўлади.

Иккинчи: Аҳли жаннатнинг жаннатга киришлари учун шафоат қилишлари[9]. Жаннат эшигини биринчи бўлиб қоқадиган киши ҳам, унга биринчи бўлиб кирадиган киши ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўладилар[10]. Умматлар ичида биринчи бўлиб у кишининг уммати киради.

Учинчи: Аллоҳдан жаннат аҳлларидан баъзиларининг мартаба ва даражаларини кўтаришини сўраб шафоат қилишлари. Аллоҳ таоло у кишининг шафоатлари сабаб уларнинг даражаларини кўтаради.

Тўртинчи: - бунда бошқалар ҳам муштарак - мўминлар ичидан гуноҳи кабираларга қўл урганлари сабабли дўзахга лойиқ кўрилган кишиларни дўзахга туширмаслигини ва дўзахга тушганларини ундан чиқаришини сўраб шафоат қилишлари. Бу – фирқалар ўртасидаги асосий ихтилоф ўринларидан биридир. Жаҳмия, ҳавориж каби фирқалар бу шафоатни инкор қилишади ва: «Дўзахга тушган киши ундан қайтиб чиқмайди», дейишади. Аҳли сунна вал-жамоа эса уни ҳадисларда қандай келган бўлса, шундай исботлайдилар ва эътиқод қиладилар. Мусулмон киши бунга эътиқод қилиши ва иймон келтириши, Аллоҳ таолодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзига шафоатчи қилишини сўраши вожиб бўлади. Чунки, барча бунга муҳтож бўлади.

Бешинчи: амакилари Абу Толиб ҳақидаги шафоатлари. Абу Толиб ширкда, мушрик Абдулмутталибнинг динида ўлган, ўлими олдидан ўзини Абдулмутталибнинг миллатида (яъни, динида) эканини эълон қилган эди. Шу билан у абадий дўзахига айланди. Лекин Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ундан азобни енгилатишини сўраб қилган шафоатларини қабул қилади ва у тўпиғигача ўт ичида бўлади, ўзидан кўра қаттиқроқ азоб тортаётган одам бўлмаса керак, деб ўйлайди, ваҳоланки у дўзаҳдагиларнинг энг енгил азоб тортаётгани бўлади.[11]

Гуноҳи кабира эгалари хусусидаги шафоат муштаракдир. Малоикалар ҳам шафоат қиладилар, пайғамбарлар ҳам шафоат қиладилар, авлиёлар ва солиҳлар ҳам шафоат қиладилар, норасида оламдан ўтган гўдаклар ўз ота-оналарини шафоат қиладилар.[12]

 

79.             والمِيثـَاقُ الـَّذِي أخـَذهُ اللهُ تـَعَالى مِنْ آدَمَ و ذرِّيـَّتِهِ حَقٌ

 

79. Аллоҳ Таоло Одам алайҳиссалом ва унинг зурриётидан олган аҳд-мийсоқ ҳақдир.

 

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ва унинг зурриётидан Унгагина ибодат қилишлари ва Унга бирон нарсани ширк келтирмасликлари ҳақида олган мийсоқ – аҳду паймон ҳадисда қандай келган бўлса шундай, ҳақдир деб эътиқод қиламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг зурриётини унинг белидан чиқарди ва Ўзининг ягона маъбудлиги ҳақида уларни ўзлари устида гувоҳ қилди, улардан ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишлари ва Унга ширк келтирмасликлари ҳақида аҳду паймон олди[13]. Биз бунга иймон келтирамиз. Бироқ, бу аҳду паймоннинг ўзи кифоя қилмайди, бу билан бирга пайғамбарлар юбориш ҳам зарур. Шу боис Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборди. Агар ўша мийсоқнинг ўзи кифоя қилганда эди, пайғамбарларни юбормаган бўларди. Лекин У пайғамбарларни ўша аҳду паймонни ёдга солиш ва одамларни унга риоя қилишга чорлаш учун учун юборди.

Баъзи муфассирлар «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Пар­вардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг!» (Аъроф: 172) оятини Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг зурриётидан олган ўша аҳди-паймони, дейишади. Бу тўғри эмас. Бу ундан бошқа. Аллоҳ таоло: «Одам болаларининг белларидан» деди, «Одамнинг белидан» демади. Оятнинг давомидан ҳам маълумки: «Улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», дедилар». Баъзи уламолар айтишича, бунинг маъноси – Аллоҳ уларни табиатлантирган фитрат-табиат ҳамда Аллоҳ таоло улар учун ўрнатиб қўйган ва шу билан Роббиларини танишлари керак бўлган борлиқдаги оят-аломатлардир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни тавҳидда ва Исломда яратди.[14] «Бас (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни (сақлангиз!)». У Ислом ва тавҳид динидир. Исломнинг маъноси – пайғамбарлар олиб келган тавҳид демакдир, унинг маъноси – ягона Аллоҳнинг Ўзига бирон шерик қилмасдан ибодат қилишдир. Энг тўғри дин шудир.

Шу билан бирга Ўзининг рубубиятига далолат қилувчи далилларни уларнинг ажойиб тарзда яратилган жисмларида ўрнатиб қўйдики, буларнинг ўзи ҳам Яратувчи субҳанаҳу ва таолонинг борлигига далолат қилади.

Яна уларнинг кўз олдиларида Яратувчининг борлигига далил бўлувчи осмонлару ерни ҳамда улардаги маҳлуқоту мавжудотларни яратиб қўйди. Буларнинг ҳеч бири ўз-ўзидан ёки яратувчисиз пайдо бўлиб қолгани йўқ. «Бал­ки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!» (Тур: 35, 36).

Шоир айтади: (Шеър мазмуни:) «Қизиқ, Аллоҳга қандай осий бўлиш мумкин ёки Уни қандай қилиб инкор қилиш мумкин?! Ахир ҳар бир нарсада Унинг ягоналигига далил бўлувчи аломатлар тўлиб ётибди-ку!»

Олдингиздаги ҳар бир нарса Аллоҳнинг ягоналигига далолат қилади, ушбу мавжудотларни яратишда Унинг бирон шериги йўқлигига гувоҳлик беради, «Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам бир чивин ярата олмаслар» (Ҳаж: 73), Яратувчи Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир, Ундан бошқа яратувчи йўқ! Шундай экан, нега энди яратмаган, ризқ бермаган, ҳатто ўзи учун бирон фойда ёки зарарга эга бўлолмаган нарсага ибодат қилиш керак?! Юқоридаги «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан зурриётларини олиб» (Аъроф: 172) ояти Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ягоналигига фитрат гувоҳлигидир, бутун борлиқнинг гувоҳлигидир. Энди бирон кишига қиёмат куни «Бизлар бундан бехабар эдик» (Аъроф: 172) деб узр айтишга ўрин қолмади. Кўр-кўрона ҳужжат келтириш қатъий далил-ҳужжатлар олдида яроқсиз бўлиб қолади.

 

80.               و قـَدْ عَلِمَ اللهُ تـَعَالى فِيمَا لم يـَزلْ عَدَدَ مَنْ يَدْخـُلُ الْجَنَّةَ، وعَدَدَ مَنْ يَدْخـُلُ النـَّارَ, جُمْـلةً وَاحِدَةً, فلا يَزْدَادُ فِي ذلِكَ العَدَدِ و لا يَنْقُصُ مِنْهُ

 

80. Аллоҳ Таоло жаннатга кирувчиларнинг ҳам, дўзахга кирувчиларнинг ҳам умумий сонини азалда аниқ билган. Энди бу сонга ҳеч нима қўшилмайди ва ундан бирон нарса камайтирилмайди.

 

Мусаннифнинг бу ва кейинги сўзлари ҳаммаси қазо ва қадар мавзусидадир.

Қазо ва қадарга иймон келтириш иймоннинг олти рукнидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Иймон - Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшиси-ю ёмонига (барчаси Аллоҳ тарафидан эканига) иймон келтиришинг»[15].

Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: «Албатта Биз ҳар бир нарсани қадар (аниқ ўлчов) билан яратдик» (Қамар: 49), «У — осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган, бола-чақа қилмаган, подшоҳликда бирон шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир» (Фурқон: 2).

Оламда тақдирсиз – ўлчовсиз ишнинг ўзи йўқ, ҳеч нарса тасодифан содир бўлмайди. Юз берувчи ҳар бир ҳодиса аввалдан битилган ва ўлчаб қўйилгандир.

Қазо ва қадарга иймон тўрт даражани ўз ичига олади, қуйида уларни қисқача баён қиламиз:

Биринчи даража: Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсани қамраб олувчи комил ва шомил илмига иймон келтириш, У бўлган нарсаларни ҳам, энди бўладиган нарсаларни ҳам, бўлмаган нарсаларни агар бўлганида қандай бўлган бўлишини ҳам билади, Унинг илмидан ҳеч нарса яширин қолмайди, деб ишониш.

Бу – ҳамма нарсани ўз ичига олган умумий китобат (битиб қўйиш)дир. Ҳадисда келадики: «Аллоҳ энг биринчи қаламни яратиб, унга: «Ёз!», деди. Қалам: «Эй Раббим, нимани ёзай?», деб сўради. «То қиёмат бўлажак барча нарсанинг (тақдирини) ёз!», деди».[16] Шунда қалам то қиёматга қадар юз беражак барча нарсани ёзди.

Иккинчи даража: Аллоҳ азза ва жалла халойиқларнинг тақдирларини лавҳи маҳфузга ёзиб қўйганига ишониш.

Учинчи даража: Борлиқда ҳеч бир нарса Аллоҳнинг иродаси ва хоҳиш-истагисиз рўй бермайди, деб ишониш. Лавҳи маҳфуздаги нарса бўлсин ёки Аллоҳнинг Ўз илмидаги нарса бўлсин, Унинг хоҳишисиз амалга ошмайди. Унинг мулкида У истамаган иш жорий бўлмайди: «Албатта Аллоҳ ёлғиз Ўзи хоҳлаган ишни қилур» (Ҳаж: 14), «Шундай, Аллоҳ истаган ишини қилур» (Оли Имрон: 40). Коинотда юз бераётган туғилиш, ўлиш, бойлик, камбағаллик, иймон, куфр, буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг истак-иродаси билан бўлмоқда. У Зот яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам, иймонни ҳам, куфрни ҳам хоҳлаган, ҳамма нарса Унинг истак-хоҳиши ичига доҳил, У хоҳлаган нарса бўлади, хоҳламаган нарса бўлмайди.

Тўртинчи даража: Яратиш ва вужудга келтириш даражаси: У Ўзи истаган нарсасини яратади ва вужудга келтиради. «Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир. У барча нарсанинг устида вақил-ҳомийдир» (Зумар: 62), Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир» (Аъроф: 54), «На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур» (Ҳадид: 22).

Аллоҳнинг илми ҳақида далиллар жуда кўп.

Илм - Аллоҳ таоло Ўзини васфлаган сифатлар жумласидандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло жаннатга кирадиган кишиларнинг сонини ҳам, дўзахга кирадиган кишиларнинг сонини ҳам билади, бу Унинг азалий илмида мавжуд.

Аллоҳ таоло тақдир қилиб, ўлчаб қўйган нарса зиёда ҳам бўлмайди, камаймайди ҳам. Жумладан, У жаннат аҳлларини ҳам, дўзах аҳлларини ҳам билади, улар нима амал қилишларини ҳам билади. Биз бунга иймон келтирамиз ва амал қилишга юзланамиз, қазо ва қадар ҳақида: «қандай?», «нега?» деб талашиб-тортишмаймиз, «Қандай қилиб Ўзи аввалдан тақдир қилиб қўйган иш устида ҳисоб-китоб қилади?», деган каби ўринсиз саволлар билан вақтимизни зое қилмаймиз, Аллоҳ азза ва жаллага эътироз билдирмаймиз.

Банданинг вазифаси тоат-ибодатларни адо этиш ва маъсиятлардан сақланишдир. Аллоҳ азза ва жалла сир қилган ишларни тафтиш қилиш, Парвардигор жалла ва ало билан тортишиш унинг ҳаққидан эмас. Унинг вазифаси амал қилиш. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига ҳар бир кишининг жаннатдаги ва дўзаҳдаги ўрни аввалдан ёзиб қўйилганини айтганларида баъзилар: «Тақдиримиздаги битикка суяниб, амални тарк қилаверсак бўлмайдими?» деб сўрашганда: «Йўқ, амал қилаверинглар. Ҳар ким ўзи яратилган нарсага муяссар бўлувчидир»[17] деб жавоб берганлар.

Аллоҳ таоло айтади: «4. Шак-шубҳасиз сизларнинг саъйу ҳаракатларингиз ҳилма-ҳилдир. Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 4-10).

Демак, бахтли бўлиш ёки бахтсиз бўлишнинг сабаби банданинг ўзидан, сиз билан биздан солиҳ амал қилиш ва гуноҳ ишларни тарк қилиш талаб қилинади.

Қазо ва қадарни ҳужжат қилиш узрга ўтмайди. Аллоҳ азза ва жалла биз учун яхшилик ва ёмонликни баён қилиб қўйган, энди олдимизда узрга ўрин қолмаган. Одамлар ўзларига алоқаси бўлмаган ишларга аралашгани сабабли муаммоларга тушиб қолишади, «Агар амал қилмасам ҳам Аллоҳ таоло жаннатга киришимни битган бўлса барибир жаннатга кираман, дўзахга тушишимни битган бўлса барибир дўзахга тушаман» дейишади.

Уларга айтиш керакки: «Сиз ўз нафсингизга тааллуқли ишларда бундай демайсиз-ку! Ё уйингиздан чиқмай: «Аллоҳ менга ризқни битган бўлса Ўзи етказиб беради» деб қимирламай ўтириб оласизми ё тирикчилик ва ризқ талабида елиб-югуриб ҳаракат қиласизми?! Албатта ризқ талаб қилиб ҳаракат қиласиз. Ҳайвонлару қушлар ҳам инларида ўтирмайди, ризқ истаб ташқарига чиқишади. Ҳадисда келганки: «Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилувчи бўлганларингизда эди, эрталаб оч ҳолда чиқиб, кечқурун тўйиб қайтадиган қушлар ризқланганидек ризқланган бўлур эдингиз.»[18] Аллоҳ таоло ўша ақлсиз жониворларга ҳам ризқ талаб қилиш, ризқнинг сабабларини ахтариш табиатини ўрнатиб қўйган, сиз ақлли инсонсиз-ку! Ёки бўлмаса, агар биров сизнинг бирон нарсангизни ўғирлаб олган бўлса: «Ҳа, энди Аллоҳнинг қазоси ва қадари шу экан» деб индамай қўяверасизми ё унинг устидан шикоят қиласизми?! Албатта шикоят қиласиз, жанжаллашасиз, ҳеч қачон қазо ва қадарни ҳужжат қилмайсиз!»

 

81.             وكذلِكَ أفـْعَالهُمْ فِيمَا عَلِمَ مِنـْهُمْ أنْ يَفـْعَلـُوهُ

 

81. Амаллар ҳам худди шундай. Аллоҳ Таоло улар нима қилишларини билган бўлса, (ўша амалларгина қилинади, ҳеч нарса қўшилмайди ва ҳеч нарса камайтирилмайди).

 

Яъни, Аллоҳ таоло азалда уларнинг нима қилишларини билган бўлса, ўшани қилишади.

 

82.             وكُلٌّ مُيَسَّرٌ لِمَا خـُلِقَ لـَهُ

 

82. Ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар этилади.

 

Аллоҳ таоло айтади: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Бас, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Бас, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 5-10).

 

83.             وَالأعْمَالُ بِالْخَـوَاتِيمِ

 

83. Амалларга якунига қараб баҳо берилади.

 

Инсон солиҳларнинг солиҳи бўлса ҳам амАлий билан мағрурланмаслиги, доим ёмон оқибатдан қўрқиб туриши, бирон кишини амалига қараб у дўзах аҳлидан деб ҳукм қилмаслиги лозим. Чунки, ўзининг оқибати нима билан якун топишини билмайди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис буни очиқ изоҳлаб беради: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дарҳақиқат, ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун ичида «нутфа» (томчи сув) ҳолида жамланади, сўнгра худди шунча муддат ичида «алақа» (лаҳта қон) ҳолида бўлади, сўнгра худди шунча муддат ичида «музға» (бир парча гўшт) ҳолида бўлади. Сўнгра унга бир фаришта юборилади ва унга шу инсон аҳволи-тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани: ризқи, ажали, амАлий ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади, сўнг унга жон пуркалади. Албатта, бир киши дўзах аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаҳаннам ўртасида бир газ (ярим қадам)гина масофа қолади. Шунда унинг китоби (Аллоҳ таоло унинг жаннатий эканлиги ҳақида азалда ёзиб қўйган тақдири) ўзиб кетиб (яъни ундан ғолиб келиб), жаннат аҳли амалини қилади-да, жаннатга кириб кетади. Яна бир киши жаннат аҳлининг амалларини қилиб юради, ҳатто у билан жаннат ўртасида бир газгина масофа қолади. Шунда унинг китобида (Аллоҳ таоло унинг дўзахий эканлиги ҳақида азалда ёзиб қўйган тақдири) етиб келиб (яъни ундан ғолиб келиб), дўзах аҳлининг амалини қилиб қўяди-да, дўзахга кириб кетади».[19]

Инсон ёмон хотимадан қўрқиши, бировга ҳам ёмон хотима билан ҳукм қилмаслиги керак. Чунки ҳаёти нима билан хотималанишини билмайди. Тавба ўзидан олдинги гуноҳларни ўчириб юборади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар (кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур» (Анфол: 38).

Амалларга якунига қараб баҳо берилади, бироқ Аллоҳ таолонинг бандаларига меҳрибонлиги улуғки, ким яхши амаллар устида яшаб ўтса, охирги ҳаётида ҳам яхшилик билан кетишига муваффақ қилиб қўяди. Ким ёмон амаллар билан ҳаётини ўтказса, охирида ҳам ёмон амал билан ҳаётини якунлайдиган қилиб қўяди. Инсон Аллоҳ азза ва жаллага яхши гумонда бўлган ҳолда сабабларни қилиб бориши лозим.

Баъзи бировлар: «Ўлимдан олдин тавба қилиб оламан» дейишади. «Хўш, қачон ўлишингни биласанми?!» – деймиз унга – бир лаҳзада, тавба қилишга ҳам улгурмасдан ўлиб қолишинг ҳам мумкин-ку! Ўлим олдидаги тавбанг мақбул бўладими, йўқми, буниси ҳам маълум эмас! Тавбанинг ҳам ўзига яраша шартлари бор!»

 

84.             والسَّعِيدُ مَنْ سَعِدَ بِقـَضَاءِ اللهِ, والشَّقِيُّ مَنْ شَقِيَ بقـَضَاءِ اللهِ

 

84. Чинакам бахтли инсон Аллоҳнинг тақдири ила бахтли бўлган инсондир. Ҳақиқий бадбахт Аллоҳнинг тақдири ила бахтсиз бўлган кимсадир.

 

Лекин у Аллоҳнинг қазоси билан эмас, балки Аллоҳ унга тақдир қилган амАлий билан бахтсиз бўлади. Аллоҳ кимни бахтли ёки бахтсиз бўлишини тақдир қилган бўлса, уни ўшанга муяссар қилиб қўяди.

 

85.            و أصْـلُ القـَدَر سِرُّ اللهِ تـَعَالى فِي خـَلـْقِهِ

 

85. Тақдир аслида Аллоҳ Таолонинг бандаларидаги сиридир.

 

Яъни, қазо ва қадар ҳақида ҳар қанча изланманг, барибир унинг сирига етолмайсиз. Шунинг учун ўзингизни уринтирмай қўяверинг-да, қазо ва қадарга иймон келтиринг, солиҳ амаллар қилинг ва ёмон ишлардан сақланинг. Қазо ва қадарнинг сирига етиш сизнинг ихтисосингиз ҳам, имконингиздаги иш ҳам эмас, унга таклиф ҳам қилинмагансиз.

 

86.       لـَمْ يَطَّلِعْ عَلى ذلك مَلـَكٌ مُقـَرَّبٌ, و لا نـَبيّ مُرْسَلٌ

 

86. Ушбу сирдан ҳеч бир муқарраб фаришта ва ҳеч қайси пайғамбар воқиф бўлмаган.

 

Бу Аллоҳ таолонинг Ўзига хос ишлардан, Унинг Ўзидан бошқага маълум бўлмаган ғайбий нарсалардан. Уни на фаришталар, на пайғамбарлар, на бошқалар била олади. Аллоҳ таоло Пайғамбарлар саййиди бўлган зотнинг сўзларини Қуръонда шундай баён қилган: «Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди» (Аъроф: 188).

 

87.       و التـَّعَمّقُ و النـَّظرُ فِي ذلك ذريعَةُ الخِذلانِ, و سُلـَّمُ الحِرْمَانِ, و دَرَجَةُ الطـُغـْيَان

 

87. Бу ҳақда фикрлашга шўнғиш ва мунозарага берилиш муваффақиятсизликка олиб боради, маҳрумликка етказади, туғёнга сабаб бўлади.

 

Бу жуда катта ва оғир гап. Яъни, қазо ва қадарга ва у ҳақдаги масалаларга чуқур шўнғиш, вақтни, қалб ва нафсни шунга машғул қилиш шак-шубҳалар келтириб чиқаради, амалдан буриб юборади, Аллоҳнинг мададидан узилишга ва муваффақиятсизликка олиб боради.

Аллоҳ бандадан ёрдамини дариғ тутса, уни шу каби ишларга машғул қилиб қўяди. Аллоҳ бандани мукаррам қилса, уни Ўзининг тоатига ва вақтидан унумли фойдаланишга муваффақ қилиб қўяди.

Биз учун белгилаб қўйилган чегаралар бор, улардан ўтиб кетолмаймиз. Аллоҳ таоло бизни қазо ва қадар ҳақида баҳс қилишга таклиф этмаган, балки солиҳ амаллар қилишга ва ёмон ишлардан сақланишга таклиф қилган.

 

88.       فالحَذر كُلّ الحَذر مِن ذلك نـَظرًا و فِكْرًا و وَسْوَسَةً

 

88. Шунинг учун бу ҳақда мунозара қилиш, фикрга шўнғиш, васвасаланиб қолишдан ҳазир бўлмоқ лозим.

 

Яъни, бундай қилишдан эҳтиёт ва узоқ бўлиш зарур. Васвасаланиш – шак-шубҳа ва икқиланиш тўрига ўралашишдир. Бу ишларни тарк қилинг ва бу эшикни бутунлай ёпиб ташланг!

 

89.       فإنَّ اللهَ  َطوَى عِلـْمَ القـَدَر عَن أنـَامِهِ

 

89. Зеро, Аллоҳ Таоло тақдир илмини маҳлуқотидан беркитди.

 

Бу ибора юқоридаги «тақдир аслида Аллоҳ Таолонинг бандаларидан тутган сиридир» деган сўзларни таъкидлаш учун келтирилди. Аллоҳ таоло ушбу маълумотларни маҳлуқотларидан яширди, чунки уларни билишдан уларга ҳеч қандай манфаат келмас эди.

 

90.       و نـَهَاهُم عَن مَرَامِهِ

 

90. Уни билишга интилишдан бандаларини қайтарди.

 

Яъни, у ҳақда баҳс юритишдан қайтарди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари бу ҳақда савол қилишганда ғазабланиб: «Сизлар шунга буюрилганмисизлар?! Шунинг учун яратилганмисизлар?!»[20] деганлар.

 

91.       كَمَا قال تعالى فِي كِتابهِ: )لا يُسْألُ عَمَّا يَـفعَلُ وهُمْ يُسْألـُون( (الأنبياء: 23.)

 

91. Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида айтганидек: «(Аллоҳ) қилаётган иши ҳақида сўралмайди, бандалар эса сўраладилар» (Анбиё: 23).

 

Сиз Аллоҳ таолодан Унинг ишлари ҳақида, қазо ва қадари ҳақида сўрамайсиз, муноқаша-мунозара қилмайсиз, Аллоҳ таолога нисбатан одоб сақлайсиз. Чунки сиз бандасиз. У зот жалла ва алонинг ишларига аралаша олмайсиз. Аллоҳ таоло Ўзи қиладиган ишлардан сўралмайди. Чунки, У бирон ишни беҳикмат қилмайди. Ҳикмати эса бизга баъзан билинса, баъзан кўринмайди. Биз Аллоҳ таолонинг ҳеч нарсани бекордан бекорга қилмаслигига, албатта бирон ҳикмат учун қилганига ишонамиз. Ҳикмати бизга маълум бўлсин ё бўлмасин, фарқсиз.

Инсон ўзининг амалидан сўралади, Аллоҳ азза ва жалланинг амалларидан эмас. Шундай экан, сиз қиёмат куни ўзингиздан сўраладиган ишларга эътибор қаратинг, шу сизнинг вазифангиз.

 

92.       فَمَنْ سَألَ: لِمَ فعَلَ؟ فَقَدْ رَدَّ حُكْمَ الْكِتابِ

 

92. «Нима учун бундай қилди?» деб сўраган кимса Қуръоннинг (юқоридаги) ҳукмини рад этган бўлади.

 

Яъни, кимда-ким: «Аллоҳ таоло нима учун бундай қилди? Нима учун фалон-фалон нарсаларни тақдир қилди?», деса, Қуръоннинг ҳукмини рад қилган бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «(Аллоҳ) қилаётган иши ҳақида сўралмайди» (Анбиё: 23), деган.

 

93.       وَ مَنْ رَدَّ حُكْمَ الكِتاب, كَانَ مِن الكَافـِرينَ

 

93. Қуръон ҳукмини рад этган киши эса кофир бўлади.

 

Ким Китобу Суннат ҳукмини рад қилса ва бунга эътироз билдирса, бу борада ўзининг ақли ва фикрига суянса, ундай одам кофирлардан бўлиб қолади[21]. Чунки, Китобу Суннатга иймон келтириш иймоннинг рукнларидан саналади.

 

94.        فـَهَذا جُمْـلة ما يَحتاجُ إليه مَن هُوَ مُنَوَّرٌ قَلْبُهُ مِنْ أَوْلِياءِ اللهِ تَعالَى

 

94. Шуларнинг бари Аллоҳга дўст бўлган, қалби (иймон нури билан) мунаввар зотлар учун керакли маълумотлардир.

 

Яъни, ундай зотлар қазо ва қадар масаласида бу маълумотларга муҳтож бўладилар. Улар – қадарга ва унинг тўртта даражасига Китобу Суннатда келган тафсилотлари билан иймон келтириш, эътироз ва муноқаша-мунозараларга киришмаслик, балки солиҳ амаллар ва муносиб сабабларни қилишдир.

 

95.     وَهِيَ دَرَجَةُ الرَّاسِخِينَ فِي العِلمِ

 

95. Илмда мустаҳкам бўлганлар даражаси ҳам шудир.

 

Илмда собитқадам бўлган, илмлари пухта, шак-шубҳадан ҳоли бўлган зотлар қазо ва қадарга иймон келтирадилар, солиҳ амалларни қиладилар, ёмон ишлардан сақланадилар, Аллоҳнинг сирларидан бирон сирга аралашмайдилар, Унга эътироз билдирмайдилар, талашиб-тортишмайдилар. Илмда мустаҳкам бўлган кишиларнинг даражалари шудир. Жоҳил кимсалар эса бидъат ва залолатларга аралашиб юрадилар.

 

96.     لأنَّ العِلْمَ عِلمَانِ: عِلمٌ فِي الْخَـْلقِ  مَوجُودٌ, و عِلمٌ فِي الْخَلقِ مَفْقودٌ

 

96. Чунки илм икки хил бўлади: маҳлуқотлар орасида мавжуд илм ва уларга берилмаган илм.

 

Илм икки хил:

Биринчиси: Аллоҳ таоло Ўзига хослаган, Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган илм бўлиб, у ғайб илмидир.

Иккинчиси: Маҳлуқотларда мавжуд ва бор бўлган илм бўлиб, Аллоҳ таоло бу илмни уларга билдирган, бунда улар учун манфаатлар бор. Уни билдириши китоблар тушириш ва пайғамбарлар юбориш воситаси ила бўлган: «Уларга Китоб ва Ҳикматни ўргатадиган... пайғамбар..» (Бақара: 129). Китобдан мурод – Қуръон, ҳикматдан мурод – Суннатдир. Баъзилар ҳикматдан мурод – Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлиш, дейдилар.

 

97.     فَإنكارُ عِلمِ المَوجُودِ كُفْرٌ, وادِّعَاءُ عِلْمِ الْمَفْقودِ كُفرٌ

 

97. Бор илмни инкор қилиш ҳам, йўқ (яъни имконсиз, бандаларга берилмаган) илмни даъво қилиш ҳам куфрдир.

 

Шаръий илмни ва унда бўлган буйруғу қайтариқларни, ўтмишу келажак ҳақида берилган хабарларни инкор қилиш куфрдир.

Ғайб илмини даъво қилиш ҳам куфрдир: Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)» (Намл: 65). Маҳлуқотлар ичида энг комили бўлган зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар ғайбни билганимда эди, яхши амалларни кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон зиён етмаган бўлур эди» (Аъроф: 188), деганлар. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ғайбни билмайдилар, фақат Аллоҳ у кишига билдирган нарсанигина биладилар: «Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар» (Бақара: 255).

 

98.     و لا يَثْبُتُ الإيمَانُ إلا بِقَبُولِ العِلْمِ الْمَوجودِ, وَتَرْكِ طَلَبِ الْعِلْمِ الْمَفْقودِ.

 

 98. Мавжуд илмни қабул қилиш ва йўқ (имконсиз) илмни излашдан тийилиш билангина иймон собит бўлади.

 

Мавжуд илм, яъни Китобу Суннат илмини қабул қилиш ва билиш имконсиз бўлган ғайб илмини Аллоҳга топшириш билан иймон мустаҳкам бўлади. «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Ғайб (яъни, келажак ва инсон идроқидан махфий бўлган барча нарсалар билими) фақат Аллоҳникидир» (Юнус: 20).

 

99.     ونُؤْمِنُ بِاللَّوْحِ وَالْقَلَمِ وَبِجَمِيعِ مَا فِيهِ قَدْ رُقِمَ.

 

99. Лавҳга, қаламга ва лавҳга битилган барча нарсага иймон келтирамиз.

 

Бу ҳам юқорида ўтган қазо ва қадар ҳақидаги гапнинг давомидир. Айтиб ўтилдики, қазо ва қадарга бўлган иймоннинг тўртта даражаси бор, улардан бири – Лавҳул маҳфузга битиб қўйилган нарсаларга иймон келтиришдир. Аллоҳ таоло барча нарсанинг илмини лавҳул маҳфузга ёзиб қўйган. Ҳадисда келганидек: «Аллоҳ энг биринчи қаламни яратиб, унга: «Ёз!», деди. Қалам: «Эй Раббим, нимани ёзай?», деб сўради. «То қиёмат бўлажак барча нарсанинг (тақдирини) ёз!», деди».[22] Шунда қалам то қиёматга қадар юз беражак барча нарсани ёзди.

Лавҳ, яъни Лавҳул маҳфуз ва Қаламнинг қандайлиги фақат Аллоҳнинг Ўзигагина маълум. Бу иккиси Аллоҳ азза ва жалланинг маҳлуқотидан эканига иймон келтирамиз.

 

100.       فـَلـَوْ اجْتـَمَعَ الْخَلْقُ كُلُّهُمْ عَلى شَيءٍ كَتَبَهُ اللهُ تعالى فيه أنَّهُ كَائِنٌ، لِيَجْعَلوهُ غـَيْر كائِن – لم يَقـْدِرُوا عَليهِ. ولو اجْتـَمَعُوا كُلـّهُمْ على شَيْءٍ لـَمْ يَـكْتبْهُ اللهُ تعالى فِيه، لِيَجْعَلـُوهُ كَائِناً لـَمْ يَقدِرُوا عَليْهِ.

 

100. Аллоҳ Таоло Лавҳда "бўлади", деб ёзиб қўйган нарсани бўлдирмаслик учун барча маҳлуқотлар жамлансалар ҳам, қўлларидан ҳеч нарса келмайди. Аллоҳ Таоло Лавҳга ёзмаган нарсани бўлдириш учун барча халойиқ жамланса ҳам, ҳеч нарсага эришолмайди.

 

Аллоҳ таоло Лавҳул маҳфузга ёзиб қўйган битикни ўзгартиришга ҳеч ким қодир эмас. Аллоҳ таоло ёзиб қўйган нарсани ўзгартириш учун барча халойиқлар йиғилсалар ҳам, бунга қодир бўлмайдилар. Агар Аллоҳ таоло лавҳга ёзмаган нарсани бўлдириш учун барча халойиқлар йиғилсалар ҳам, бунга қодир бўлмайдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда келганидек: «Билгинки, барча маҳлуқотлар сенга бир фойда бермоқ ниятида жамланса ҳам, фақат Аллоҳ таоло сенга ёзиб қўйган фойданигина бера олади. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўплансалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарнигина бера олишади. (Тақдир) қаламлари кўтарилди, (тақдир битилган) саҳифалар қуриди».[23]

Демак, Аллоҳ азза ва жалла лавҳул маҳфузга битиб қўйган нарсани ўзгартириш ҳам, алмаштириш ҳам имконсиз иш.


 

[1] Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳовузимнинг катталиги Айла билан Яманнинг Санъоси ўртасичадир. Кўзаларининг сони осмон юлдузларичадир» (Бухорий (6580) ва Муслим (2303) ривоятлари).

[2] Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳовузим (катталиги) бир ойлик йўл, суви сутдан оқ, ҳиди мушкдан хушбўй, кўзалари осмон юлдузларича, ундан бир бор ичган киши асло ташна бўлмайди» (Бухорий (6579) ва Муслим (2292) ривоятлари.)

[3] Бухорий (6582, 7051, 6584) ва Муслим (2291, 2304) ривоятлари.

[4] Саид ибн Жубайр Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади, у киши Кавсар ҳақида: «У Аллоҳ таоло у зотга ато этган яхшиликдир», дедилар. Абу Бишр айтади: Мен Саид ибн Жубайрга: «Одамлар уни жаннатдаги наҳр дейишади-ку», дедим. Шунда Саид: «Жаннатдаги наҳр Аллоҳ таоло у зотга ато этган яхшиликлар жумласидандир», деди (Бухорий (4966, 6578) ривояти).

[5] Шафоат ҳақидаги ҳадисни Имом Бухорий (3340, 4712, 7510) ва Имом Муслим (193, 194) ривоят қилганлар. Унда жумладан шундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига боринглар, дейилади. Шунда улар менинг олдимга келадилар. Мен Аршнинг остида сажда қиламан. Шундан сўнг менга: «Эй Муҳаммад, бошингизни кўтаринг! Шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади, сўранг, тилагингиз ато этилади» дейилади».

[6] Имом Бухорий (1432) ва Имом Муслим (2627) ривоятлари.

[7] Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бизнинг ҳузуримиза Аллоҳнинг Китоби-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёзиб олинган мана бу саҳифа бор: «Мадина Оирдан фалон жойгача (бир ривоятда: Савргача) ҳарамдир. Ким унда бирон бидъат пайдо қилса ёки бидъатчини ўз паноҳига олса, унга Аллоҳнинг, малоикаларнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин, унинг фарз (ибодати) ҳам, нафли ҳам мақбул бўлмайди...» (Имом Бухорий (1870) ва Имом Муслим (1370) ривоятлари.

[8] Бухорий (3340, 4712, 7510) ва Муслим (193, 194) ривоятлари.

[9] Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен жаннатдаги биринчи шафоатчидирман» (Муслим (196) ривояти).

[10] Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат кунида жаннат эшиги ёнига бориб очишларини сўрайман. Жаннат посбони: «Кимсиз?» деб сўрайди. «Мен Муҳаммадман!» дейман. «Сизга (очишга) буюрилганман. Сиздан аввал бирон кишига очмайман», деб жавоб қилади» (Муслим (197) ривояти).

[11] Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Амакингизга қандай ёрдамингиз тегди? У сизни ҳимоя қилар ва сизга (озор берувчиларга) ғазаб қилар эди», деди. У зот: «У тўпиғигача дўзаҳда. Агар мен бўлмасам, жаҳаннамнинг тубида бўларди», дедилар (Бухорий (3883) ва Муслим (209) ривоятлари).

[12] Имом Муслим Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган шафоат ҳақидаги (183)  ҳадисда келтирган.

[13] Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг белидан аҳду паймонни Наъмонда – яъни Арафотда – олди, Ўзи яратган зурриётларини унинг сулби (пушти)дан чиқариб, Ўзининг олдига сочди, сўнг улар билан рўпарама-рўпара туриб гаплашди, «Мен сизларнинг Парвардигорингиз эмасманми?», деди. Улар: «Худди шундай, биз гувоҳлик берамизки, (Сен бизнинг Парвардигоримизсан)», дейишди...» (Аҳмад (1/272) ва Ҳоким (2/544) ривоятлари. Ҳайсамий «Мажмаъуз-завоид»да: «Аҳмад ривоят қилган, исноди саҳиҳ» деган. Шайх Шокир «Муснад» таҳқиқида иснодини саҳиҳ санаган (2455).

[14] Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар бир чақалоқ фитрат (ислом дини)да туғилади, сўнг ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилиб тарбиялайди.»  (Бухорий ривояти.)

 

[15] Бухорий (50) ва Муслим (10) ривоятлари.

[16] Абу Яъло (2329), Байҳақий «Ас-сунан ал-кубро»да (3/9) мавқуфан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Абу Довуд (4700), Термизий (2160) ҳам келтирганлар.

[17] Бухорий (6605) ва Муслим (2647) ривоятлари.

[18] Аҳмад (1/30, 52), Абду ибн Ҳумайд (10), Термизий (2344), Ибн Можа (4169) ривояти. Термизий: «Ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган, шайх Шокир «муснад» таҳқиқида иснодини саҳиҳ санаган.

[19] Бухорий (8023) ва Муслим (3462) ривоятлари.

[20] Амр ибн Шуайб отасидан, у бобосидан (яъни Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан) ривоят қилади: Бир куни одамлар қадар ҳақида сўзлашиб (тортишиб) туришганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар, юзлари ғазабдан анор доналари каби қизариб кетди, сўнг дедилар: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг китобини (яъни унинг оятларини) бир-бирига урасизлар?! Сизлардан аввалгилар шу билан ҳалок бўлишган!»... (Аҳмад (2/178, 181, 185, 195) ва Ибн Можа (85) ривоятлари, шайх Шокир «Муснад» таҳқиқида саҳиҳ санаган.

[21] Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга энг ёқимсиз одам жанжалкаш, хусуматгўй кимсадир» (Бухорий (2457) ва Муслим (2668) ривоятлари).

[22] Абу Яъло (2329), Байҳақий «Ас-сунан ал-кубро»да (3/9) мавқуфан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, Абу Довуд (4700), Термизий (2160) ҳам келтирганлар.

[23] Термизий (2521), Аҳмад (1/293), Ҳоким (3/541) ривоятлари. Термизий «ҳасан саҳиҳ ҳадис» деган.

◄◄◄Аввалига қайтиш

| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 | 9 | 10 |

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ