Ислом Нури

 

Китоблар

 

ТАҲОВИЙ АҚИДАСИ МАТНИГА МУХТАСАР ИЗОҲЛАР

Шайх Доктор Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон
Ислом Нури таржимаси

 

بسم الله الرحمن الرحيم

 

44.   وَإِنَّ الْقُرْآنَ كلامُ الله

 

44. Қуръон Аллоҳнинг каломидир.

 

Аллоҳ азза ва жаллага ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирганимиздан сўнг Қуръон Аллоҳнинг каломи эканига, уни Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган эканига иймон келтирамиз. Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, Жибрил алайҳиссаломнинг ҳам сўзи эмас. Балки у Аллоҳ азза ва жалланинг Каломи-сўзи, Жибрил алайҳиссалом уни Аллоҳдан қабул қилиб олганлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уни Жибрил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар ва умматга етказганлар.

Жибрил алайҳиссалом Қуръонни Аллоҳ таолонинг Ўзидан қабул қилганлар, айрим залолат аҳллари айтганидек лавҳул-маҳфуздан олмаганлар. У Жибрил алайҳиссаломнинг ҳам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам сўзлари эмас, оламлар Роббисининг каломидир. Жибрил алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Аллоҳ азза ва жалла тарафидан маҳлуқотларга етказувчи бўлганлар, холос. Сўзни дастлаб айтувчисига нисбат берилади, ўртадаги етказувчига эмас.

Кимда-ким: Жибрил алайҳиссалом уни лавҳул-маҳфуздан олганлар, деса ёки – жаҳмийлар ва муътазилийлар айтгани каби – Аллоҳ таоло уни яратиб, бир ўринга қўйиб қўйган, Жибрил алайҳиссалом уни ўша ўриндан олганлар, деса, Аллоҳга кофир бўлиб, диндан чиқади. Қуръон ҳарфлари ва маънолари билан Аллоҳнинг Каломи, Уни Аллоҳ Ўзи истаганидек кайфиятда сўзлаган. Биз Аллоҳни сўзлаш сифатига эга деб эътиқод қиламиз. Сўзлаш Унинг феълий сифатларидан. Қандай сўзлаши ҳақида эса: «У ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига маълум, бу Унинг бошқа сифатлари кабидир, унга иймон келтирамиз, лекин кайфиятини билмаймиз. Сўзлаши маълум, кайфияти бизга номаълум», деймиз.

 

45.   مِنهُ بَدَا بِلا كَيفيَّـةٍ قَوْلاً، و أَنْزَلـَهُ عَلىَ رَسُولِه وَحْيًا

 

45. У кайфияти бизга номаълум ҳолда Аллоҳ Таолонинг ўзи тарафидан (сўзма-сўз) айтилиб содир бўлган ва (кейин) уни расулига ваҳий тарзида нозил қилгандир.

 

Яъни, Қуръон Аллоҳдан нозил бўлган, уни Аллоҳ сўзлаган ва нозил қилган. Ундан ўзгаси томонидан нозил бўлмаган, Ундан ўзгасидан содир бўлмаган. Унинг бошланиши Жибрил алайҳиссалом томонидан ёки лавҳдан ёки ҳаводан, деб айтилмайди. У даставвал Аллоҳ азза ва жалла томонидан содир бўлган, Жибрил алайҳиссалом уни эшитиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий сифатида етказган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уни одамларга етказганлар. Агар Қуръон инсон сўзи бўлса эди, қайсидир бир инсон худди унга ўхшашини келтиришга қодир бўлган бўларди. Инсон зотининг бундай қилишдан ожиз қолган экани унинг Аллоҳ азза ва жалланинг каломи эканига далил бўлади. Аллоҳ таоло айтди: «Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга ёрдамчиларингизни (бу ишда кўмак беришлари учун) чақиринг агар ростгўй бўлсангиз» (Бақара: 23).

Яна деди: «Ёки: «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўқиб чиқарган», дейдиларми?! Айтинг: «У ҳолда, агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча маҳлуқотларни (ёрдамга) чорлаб шунга ўхшаш ўнтагина «тўқилган» сура келтирингиз!» (Ҳуд: 13).

Улар фасоҳату балогатнинг чўққисига етган, араб бўлишларига, Қуръон уларнинг тилларида – араб тилида ва улар истеъмол қиладиган ҳарфларда тушган эканига карамасдан бундан ожиз қолишди. Ҳолбуки, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаршилик қилишга қаттиқ ҳаракат қилишар, агар Қуръонга тенг келадиган нарсани келтириш қўлларидан келса эди, ҳеч қачон бундан тортиниб ва тўхталиб турмаган бўлишарди. Бундай қилишдан ожиз бўлганликлари Қуръон олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил киролмайдиган Аллоҳнинг Каломи эканига далил бўлади.

 

46.   و صَدَّقـَهُ المُؤمنـُون عَـلَى ذلِكَ حَقًّـا

 

46. Мўминлар Қуръонни дарҳақиқат ана шундай деб тасдиқлаганлар.

 

Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган кишилар Қуръонни Аллоҳнинг Каломи эканига ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Аллоҳ томонидан етказувчи бўлганларига ишонадилар. Аллоҳ таолонинг: «Шак-шубҳасиз у (Қуръон) бир улуғ, қувватли, аршнинг соҳиби (бўлмиш Аллоҳ) наздида макон-мартабали, у жойда (яъни осмонларда фаришталар томонидан) итоат этилувчи, ишончли элчининг (яъни Жаброил фариштанинг Аллоҳ таоло томонидан келтирган) сўзидир» (Таквир: 19-21) деган оятларида унинг Жибрил алайҳиссаломга нисбат берилиши фақат етказиш жиҳатидандир. Чунки, Қуръон бир вақтнинг ўзида ҳам Аллоҳ таолонинг, ҳам Жибрил алайҳиссаломнинг сўзи бўлиши мумкин эмас. Битта сўз фақат бир кишиники бўлади, уни бир неча кишининг сўзи дейиш тўғри бўлмайди. Уни Аллоҳ таолога нисбатлаш ҳақиқий, Жибрил алайҳиссаломга нисбати эса таблиғ-етказиш жиҳатидан холос.

Бошқа оятда: «У  (Қуръон)  шак-шубҳасиз  улуғ пайғамбарнинг (Аллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир!» (Ал-ҳааққа: 40) деб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатланиши ҳам таблиғ-етказиш жиҳатидандир.

 

47.   و أيْقـَنـُوا أنـَّهُ كَلامُ الله تعالى بالحَقـِيقـَةِ

 

47. Уни Аллоҳ таолонинг ҳақиқий каломидир, деб иймон келтирганлар.

 

Жаҳмийлар ва муътазилийлар айтганидек эмаски, улар: «Қуръон Аллоҳнинг каломи, лекин уни Аллоҳга нисбатланиши мажозий, чунки Аллоҳ уни яратган, уни Аллоҳга нисбатлаш маҳлуқни ҳолиқига нисбатлаш маъносида», дейишади.

Биз айтамиз: Бекор айтибсизлар, Аллоҳга изофа қилиш – нисбатлаш икки хил бўлади: маъноларни изофа қилиш ва нарсаларнинг ўзини изофа қилиш.

Биринчиси: Маъноларни Аллоҳга изофа қилиш – нисбат бериш, бунинг мисоли калом-сўзлаш. Маъноларни Аллоҳга изофа қилиш сифатни мавсуфга изофа қилиш бўлади. Масалан, сўзлаш, эшитиш, кўриш, қудрат, иродани изофа қилиш сифатни мавсуфга изофа қилиш қабилидан. Чунки, булар ўзлари мустақил равишда амал қила олмайдиган маънолардир, балки фақат мавсуф билан бирга бўлганда амал қилади.

Иккинчиси: Нарсаларни изофа қилиш, байтулоҳ (Аллоҳнинг уйи), ноқатуллоҳ (Аллоҳнинг туяси), абдуллоҳ (Аллоҳнинг бандаси) каби. Бу – маҳлуқни ҳолиқига изофа қилиш бўлиб, бу ердаги изофадан мурод – улуғлаш ва ҳурматлашдир.

 

48.   لـَيْسَ بِمَخلـُوقٍ كَـكَـلامِ البَـريَّـةِ

 

48. У маҳлуқларнинг каломи каби маҳлуқ – яратилган эмас.

 

Аллоҳнинг каломи маҳлуқ эмас. Бу «Қуръон маҳлуқ» дейдиган жаҳмийлар ва муътазилийларга раддиядир. Уларнинг – ўз даъволарича – ташбеҳдан қочиш учун барча сифатларни Аллоҳдан рад қилишга қурилган манҳажларига кўра, Аллоҳ сўзламайди. Чунки улар яратувчининг сифатлари билан маҳлуқларнинг сифатлари ўртасини ажратмайдилар. Шу боис мавҳум – гумоний ташбеҳдан қочиб, ундан кўра ёмонроқ нарсага – таътилга тушиб қолдилар, гўёки ёмғирдан қочиб дўлга тутилдилар.

Агар улар Аллоҳ таоло Ўзига исботлаган нарсаларни исботлашганда ва ҳолиқ билан маҳлуқ сифатлари ўртасидаги фарқни илғаб олишганда эди, тўғриликка етишган бўлар, шу билан олам гулистон эди. Бироқ, таассуфки, улар залолат йўлини тутишди.

 

49.   فـَمَنْ سَمِعَهُ فـَزَعَمَ أنـَّهُ كَلامُ البَـشَر فـَقـَدْ كَفـَرَ

 

49. Кимда-ким Қуръонни эшитгач, уни инсонларнинг сўзи деб ҳисобласа, шубҳасиз кофир бўлади.

 

Аллоҳнинг Каломини инсон сўзи деб даъво қилган одам шак-шубҳасиз кофир бўлади, чунки у Аллоҳ азза ва жалланинг Каломини инкор қилган бўлди. Агар Аллоҳ таолонинг бандаларга нозил қиладиган каломи бўлмаса, унда Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳужжати нима билан барпо бўлади?! Бу сўзлари билан улар шариатларни йўққа чиқаришни қасд қилишади. Агар борлиқда – хоҳ Тавротда, ҳоҳ Инжилда, хоҳ Қуръонда бўлсин –Аллоҳнинг Каломи бўлмаса, бу дегани одамлар устида Аллоҳнинг ҳужжати барпо бўлмаган, дегани бўлади. Бу эса энг катта куфр ва энг катта залолатдир.

 

50.   و قـَدْ ذمَّهُ الله و عَابَهُ و أوْعَدَهُ بسَقـَرَ حَيثُ قال تعالى: )سَأُصْلِيهِ سَقَر( 

 

50. Бундай кимсани Аллоҳ Таоло мазаммат қилган ва «Мен уни тез кунда "сақар" - жаҳаннамга киритажакман» (Муддассир: 26) деб унга таҳдид қилгандир.

 

Қуръонни инсон сўзи дейдиган кимсани Аллоҳ таоло мазаммат қилди. Валид ибн Муғийра ал-Махзумий шундай деган эди. У Макка кофирларининг катталаридан ва зодагонларидан эди. Обрў-эътибори кучлилигидан уни Макканинг қўрқи деб аташарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръонни эшитганида унинг жозибаси уни маҳлиё қилди ва уни инсоннинг сўзи эмаслигини билди. Қуръонни мақтаб: «У шеър эмас, сеҳр ҳам эмас. Мен шеър турларини яхши биламан, сеҳр турларини ҳам, фолбинликни ҳам биламан, яна фалон-фалон нарсаларни биламан. Қуръон уларнинг ҳеч биридан эмас», деди. Шунда қавмдошлари бўлмиш кофирлар ундан норози бўлиб, қаттиқ-қаттиқ сўзлар айтишди. Чунки, сўзларининг маъносидан у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларини эътироф қилаётган эди. Қавмдошларининг муомаласини кўргач, у гапини тўғрилаб олди-да: «Бу фақат башарнинг сўзидир» (Муддассир: 25), деди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятларни туширди: «Чунки у (Қуръонни эшитгач, бу илоҳий Китобга қандай туҳмат қилиш тўғрисида) ўйлади, режа тузди. Ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Яна ҳалок қилингур, қандай режа тузди-я?! Сўнгра у (ўйлаган режаларига) қаради. Сўнгра (Қуръондан бирон айб топа олмагач, пешонасини) тириштирди ва (афтини) буриштирди. Сўнгра (ҳақдан) юз ўгирди ва кибр-ҳаво қилди. Бас, у: «Бу (Қуръон Аллоҳнинг сўзи эмас, балки) фақат (аввалгилардан) нақл қилинаётган бир сеҳрдир. Бу фақат башарнинг сўзидир», деди. Яқинда Мен уни Сақарга (жаҳаннамга) киритажакман! (Муддассир: 18-26).

 

51.   فَلَمَّا أَوْعَدَ اللهُ بِسَقَر لِمَن قالَ: )إنْ هـَذا إلا قـَوْلُ البـَشَر( (المدثر:25)  عَـلِمْـنا و أيْقـنـَّا أنَّه قـَولُ خـَالِـق البـَشَر

 

51. (Қуръон тўғрисида): "Бу инсоннинг сўзидан бошқа нарса эмас" (Муддассир: 25) деган кимсани Аллоҳ "сақар" билан огоҳлантириб қўрқитган экан, шундан биз Қуръон Яратганнинг сўзи эканлигини билдик ва иймон келтирдик.

 

Кимда-ким Қуръонни Аллоҳнинг Каломи эмас, балки инсоннинг ёки малоиканинг сўзи деса, у одам худди Валид ибн Муғийрага ўхшаган бўлади. Ўртадаги фарқ шуки, у мусулмонлик даъво қилади, Валид эса Исломни даъво қилмаган. Исломни даъво қилишнинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки, Қуръонга кофир бўлган кимсага Исломни даъво қилиш асло фойда бермайди. Чунки бу муртадлик ҳисобланади. Шундан маълум бўладики, Қуръонни Аллоҳнинг ҳақиқий каломи деб эътироф қилиш зарурдир.

 

52.   و لا يُـشْبِهُ قَوْلَ البَـشَر

 

52. Ҳамда унинг инсонлар сўзига ўхшамаслигини (билдик ва иймон келтирдик).

 

Агар Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари бўлса эди, Валид ибн Муғийранинг «Қуръон Муҳамад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзи» деган гапига бу даражада қаттиқ маломат бўлмас эди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло унга қаттиқ ваъид (азоб хабари) билан пўписа қилди. Демак, бу унинг Қуръонни Аллоҳдан бошқасига нисбат бериши билан жуда ёмон ва ҳақоратли сўз айтганига далил бўлади. Мана шу йўлни тутган ва шу даъвони қилган ҳар бир киши Валид ибн Муғийрадан фарқсиз ўлароқ жаҳаннамда абадий қолади.

 

53.         وَمَنْ وَصَفَ اللهَ بمَعْنـًى مِنْ مَعَانِي البَـشر، فـَقـَدْ كَـفـرَ.

 

53. Ким Аллоҳ Таолони фақат инсонларга хос бўлган бирон сифат билан васфласа, шаксиз кофир бўлади.

 

Яъни, кимда-ким Аллоҳ таолони инсонларга хос бўлган маъно-тушунчаларга ўхшатса кофир бўлади, чунки бу билан у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони камситган бўлади.

 

54.         مَنْ أبْصَرَ هذا اعْتَبَرَ.

 

54. Буни англаган инсон ибратланади

 

Чунки, ҳолиқнинг сифатлари билан маҳлуқнинг сифатлари ўртасидаги фарқ очиқ-ойдин маълум. Улар гарчи ном ва маънода муштарак бўлса-да, ҳақиқатида фарқли ва воқеъда бошқачадир. Демак, Аллоҳнинг Каломи билан инсон каломи ўртасида ўхшаш йўқ, Аллоҳнинг эшитиши билан инсоннинг эшитиши ўртасида ўхшаш йўқ, Аллоҳнинг кўриши билан инсоннинг кўриши ўртасида ўхшаш йўқ, Аллоҳнинг илми билан инсоннинг илми ўртасида ўхшаш йўқ, Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан инсоннинг хоҳиш-иродаси ўртасида ўхшаш йўқ. Ким Аллоҳ таолонинг сифатлари билан маҳлуқотлар сифатлари ўртасини фарқламаса, кофир бўлиб қолади.

 

55.         وَ عَن مِثـل قـَوْلِ الكُفـَّارِ انـْزَجَرَ.

 

55. Ва кофирларникига ўхшаган сўзлардан тийилади.

 

Ким Аллоҳ таолонинг Валид ибн Муғийра ҳақида нозил қилган оятларини тафаккур қилиб кўрса, адашган фирқаларнинг Аллоҳнинг Каломи ҳақидаги гапларининг ботиллигини билади ва бундай сўзлардан тийилади.

 

56.         و عَـلِمَ أنـَّهُ بصِفـَاتِهِ لَيْسَ كَالْبَشَر

 

56. Ҳамда У Ўзининг сифатларида инсонларга ўхшаш эмаслигини (аниқ) билади.

 

Аллоҳ таолонинг сўзлаш, эшитиш, кўриш ва бошқа сифатлари инсонларнинг мазкур сифатларига ўхшаган эмас. Зеро, ҳолиқнинг сифатлари билан маҳлуқнинг сифатлари ўртасида улкан фарқ бор.

 

57.         والرُؤْيَة حَـقٌ لأهْـلِ الْجَـنَّةِ، بِغَيْرِ إحَاطَةٍ و لا كَيْفيَّةٍ

 

57. Жаннат аҳли Қиёмат куни Аллоҳни нигоҳ билан тўлиқ қамраб олмасдан, кайфияти бизга номаълум ҳолда кўриши ҳақдир.

 

Мўминлар охиратда Парвардигорлари субҳанаҳу ва таолони кўрадилар, деб ишонамиз. Уни ўз кўзлари билан, худди тўлин ойни кўргандек ва худди булутсиз кунда қуёшни кўргандек кўрадилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ва мутавотир ҳадисларида хабар берганлар[1]. Шунинг учун мусанниф: «кўриш ҳақ», дейди, яъни Китоб, Суннат, салафу халаф аҳли сунна вал-жамоанинг ижмоъ-иттифоқига кўра бу собитдир, бунга бидъат аҳли ва адашган йўллар эгаларидан бошқалар муҳолиф бўлмаганлар.

Мўминлар Роббилари субҳанаҳу ва таолони кўрадилар. Унинг Ўзи бу ҳақда шундай деган: «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23).

Агар نظر (назар солмоқ) феъли إلى  (-га) ҳарфи билан бирга келса, «карамоқ, кўз билан кўрмоқ» маъноларида бўлади. Масалан, «Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига; тоғларнинг қандай тикланганига ва Ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!» (Ғошия: 17-20), «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23) каби.

Агар ёлғиз ўзи келса, «кутиш, «кутиб туриш» маъносида келади. Масалан, «У Кунда мунофиқ ва мунофиқалар иймон келтирган зотларга: «Бизни кутиб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб фойдаланайлик», десалар» (Ҳадид: 13) каби.

Агар في (-да) билан келса, «фикр юритиш, ибрат олиш» маъносида келади. Масалан, «Самовот ва Ер малакутлари ҳақида, Аллоҳ яратган нарсалар тўғрисида ва ажаллари яқинлашиб қолган бўлиши мумкинлиги хусусида фикр юритмайдиларми?!» (Аъроф: 185) каби.

Хулоса шуки, оятдаги (Қиёмат: 22, 23) نظر (назар солмоқ) сўзи إلى  (-га) ҳарфи билан бирга келди ва у «карамоқ, кўз билан кўрмоқ» маъносини англатди.

Ундан ташқари, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир» (Юнус: 26) деган сўзларидаги «гўзал оқибат»ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат, деб, «зиёда неъмат»ни Аллоҳ таолонинг Юзига боқиш, деб тафсир қилган эканлари «Саҳиҳ Муслим»да ривоят қилинган.[2]

Аллоҳ таолонинг: «Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча (иззат-икром)лар ҳам бордир» (Қоф: 35) оятидаги «қўшимча иззат-икром»дан мурод ҳам Аллоҳ таолонинг Юзига боқишдир.

Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида: «Ҳеч шак-шубҳа йўққи, улар ўша (Қиёмат) Кунида Парвардигорларидан тўсилувчидирдар» (Мутаффифун: 15), дейди. Агар кофирлар дунёда Аллоҳга кофир бўлишгани учун охиратда Ундан тўсилсалар, яъни У зотни кўролмасалар – бу эса энг катта маҳрумлик ва энг оғир азобдир, Аллоҳ сақласин – демак, бу дегани мўминлар қиёмат куни Аллоҳ таолодан тўсилмаслигига ва улар охиратда У зотни ўз кўзлари билан кўришларига далил бўлади. Чунки, улар дунёдаликларида Уни кўрмаган ҳолда ҳам иймон келтиришган, Унинг оят-аломатлари ва рисолатлари билан ҳаққа йўлланишган эди. Энди Аллоҳ таоло қиёмат куни уларни Ўзининг жамолини кўрсатиш билан иззат-икром қилади.

Аллоҳ азза ва жалланинг жамолига боқиш жаннатдаги энг катта неъмат ва мукофотдир.

Айтиб ўтилган гаплар аҳли суннат вал-жамоат мазҳаби ва уларнинг Қуръондан далиллари эди.

Уларнинг суннатдан ҳам кўплаб далиллари бор бўлиб, улар мутавотирлик даражасига етган. Аллома Ибнул Қаййим «Ҳодил-арвоҳ ила биладил-афроҳ» китобида бу ҳақда келган ва мутавотирлик даражасига етган ҳадисларни олиб келганлар.

«Сизлар қиёмат куни Роббингизни худди тўлин ойни кўрганингиздек ва худди булутсиз кунда қуёшни кўрганингиздек кўрасизлар, Уни кўришда талашиб-тортишмайсизлар»[3] ҳадиси шу жумладандир. Яъни, Аллоҳ азза ва жаллани кўришда тиқилинч ҳолат юзага келиб, туртиниб-суртинмайсиз. Чунки, ҳар бир киши Аллоҳ таолони ўзи турган ўрнида, ҳеч қандай тиқилинчсиз, худди ой ва қуёшни бемалол, тиқилинчсиз кўрганидек кўра олади. Одатда, ерда бўлган нарсани кўпчилик кўрмоқчи бўлганида тиқилинчлик ҳолати вужудга келади. Аммо бир нарса юқорида, худди қуёш ва ой каби кўриниб турадиган бўлса, уни кўриш учун талашиб-тортишиш бўлмайди, ҳар ким турган ерида кўриш имконига эга бўлади. Маҳлуқ – қуёш ва ой ҳақида гап шу бўлса, ҳолиқ субҳанаҳу ва таоло ҳақида бу қандай мумкин бўлмасин?!

Аллоҳни кўришни жаҳмийлар ва муътазилийлар каби бидъат аҳлидан бошқа ҳеч ким инкор қилмайди. Улар эса буни рад қилишади ва: «Кўришни исбот қиладиган бўлсак, бундан Аллоҳнинг қайсидир бир жиҳат-тарафда экани келиб чиқади», дейишади. Уларнинг наздида Аллоҳ таоло ҳеч бир тарафда эмас, У оламнинг ичида ҳам, ташида ҳам эмас, юқорида ҳам, пастда ҳам, ўнгда ҳам, чапда ҳам эмас. Демак, Аллоҳ таоло йўқ экан-да?! Аллоҳ таоло улар айтаётган гаплардан олийдир, улар мана шу ботил фикрларидан келиб чиқиб Аллоҳ таолони кўришни рад қилишади.

 Ашъарийлар эса Китобу Суннатдаги далилларни инкор қилиш имкони бўлмаганидан кўришни исботлашди, бироқ: «У кўрилади, лекин бирор тарафда эмас» дейишди. Қизиқ гап, шундай эмасми? Бир нарсани кўриш мумкин бўлса-ю, у ҳеч бир тарафда бўлмаса?! Шунинг учун муътазилийлар бундай бўлишини маҳол санаб, бу гапни инкор қилишди.

Аҳли суннат вал-жамоат айтадики: Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони кўрилади, У юқори тарафда, уларнинг тепасида бўлади. Жиҳат-тараф деганда маҳлуқ-яратилган тараф кўзда тутилса, Аллоҳ таоло бирор тарафда эмас. Чунки, У зот Ўзининг маҳлуқоти ичида бўлмаслиги аниқ.

Агар у билан олийлик ва маҳлуқотдан юқорилик кўзда тутилса, бу Аллоҳ азза ва жалла учун собитдир. Аллоҳ таоло юксақликда, осмонлар устидадир. Қуръонда жиҳатнинг исботи ҳам, инқори ҳам келмаган, лекин у ҳақда юқоридагидек тафсилот билан айтилади.

Улар Аллоҳ таолони нигоҳ билан тўлиқ қамраб олмасдан, қандайлиги бизга номаълум ҳолда кўрадилар. Зотан, Аллоҳ таоло Уни нигоҳлар тўла қамраб олишидан буюкдир. Аллоҳ таоло айтади:

«Улар эса У зотни тўла била олмаслар» (Тоҳа: 110).

«Кўзлар уни идроқ қила олмас» (Анъом: 103). Бунинг маъноси – кўзлар уни кўролмас, дегани эмас, кўзлар уни тўла қамраб ололмас, деганидир. Идроқ қилиш бошқа, кўриш бошқа. Аллоҳ таоло: «Кўзлар уни кўра олмас» демади, балки: «Кўзлар уни идроқ қила олмас» деди. Бунда ушбу оятни Аллоҳ таолони кўришни инкор қилишга далил қиладиган кишиларга раддия бор. Улар: «Аллоҳни кўришнинг имкони йўқ, чунки Унинг ўзи: «Кўзлар уни идроқ қила олмас» деган», дейишади. Биз айтамизки: «Сизлар бу оят маъносини тушунмабсизлар. Унинг маъноси – кўзлар Уни кўра олмайди, дегани эмас, балки тўла қамраб ололмайди, деганидир».

Яна улар: «Қачонки Мусо (ваъдалашган) вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга (бевосита) сўзлагач, у: «Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсатгин. Сенга бир қарай», деди. (Аллоҳ) айтди: «Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан» (Аъроф: 143) оятини далил қилиб: «Бу ҳам Аллоҳни кўриш мумкин эмаслигига далил» дейишади.

Биз уларга айтамиз: Бу мана шу дунёдаги гап. Мусо алайҳиссалом буни шу дунёда сўраган. Бу дунёда Аллоҳ таолони ҳеч ким, на пайғамбарлар, на бошқалар кўра оладилар. Аммо охиратда мўминлар Роббиларини кўрадилар. Дунё ҳолати охират ҳолати билан бир хил эмас. Одамлар дунёда жисмлари ҳам, идроқлари ҳам заиф бўлади. Шу боис улар Аллоҳ таолони кўришга қодир бўлишмайди. Охиратда эса Аллоҳ уларни икром қилиб, Роббиларини кўришга қодир бўладиган қувват ато этади.

Шунинг учун Мусо алайҳиссалом Роббиларидан унга Ўз жамолини кўрсатишини сўраганида «(Аллоҳ) айтди: «Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан. Аммо мана бу тоққа боқ. (Мен унга кўринурман.) Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўражаксан». Қачонки, Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади» (Аъроф: 143). Метин бўлган тоғ уқаланиб, майда-майда бўлиб кетган бўлса, эт ва суякдан иборат маҳлуқ қандай унга тоқат қила олсин?! Бу дунёда у Аллоҳ таолони кўришга ҳаргиз қодир бўлмайди!

Мусо алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолодан Уни кўришни сўрашлиги кўриш жоиз ва мумкинлигига далилдир. Чунки, Мусо Парвардигордан ножоиз нарсани сўрамас эдилар. Лекин, бу нарса бу дунёда имконсиз ишдир. Аллоҳ таоло: «Сен Мени ҳаргиз кўролмайсан» деди, «Мен кўринмайман», демади. Аллоҳ таоло охиратда кўрилади[4], Уни кўришга энг лойиқ инсонлар пайғамбарлар бўлади.

«Кайфияти номаълум ҳолда» бунинг маъноси – Аллоҳни қандай ҳолда кўрилади?, деб сўралмайди. Чунки, бу Аллоҳ азза ва жалланинг бошқа сифатлари каби кайфияти бизга номаълумдир. Биз бунга иймон келтирамиз, маъносини биламиз, исботлаймиз. Лекин унинг қандай ҳолда бўлиши бизга номаълум, Аллоҳ Ўзи билади.

 

58.         كَمَا نـَطقَ بهِ كِتابُ رَبِّـنـَا: )وُجُوهُ يَومَئِذٍ نـَاضِرَة إلى رَبِّهَا نـَاظِرَة( (القيامة: 22-23.)

 

58. Парвардигоримиз китобида айтилганидек: «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23).

 

Юқорида айтиб ўтилганидек, агар نظر (назар солмоқ) феъли إلى  (-га) ҳарфи билан бирга келса, «карамоқ, кўз билан кўрмоқ» маъноларида бўлади. Муътазилийлар إلَى رَبِّهَا ояти калимасидаги إلى ни «неъматлар» маъносини англатувчи исми жамъ, дейишиб: «Парвардигорининг неъматларига боқиб турувчидирлар» маъносида, дейишди. Бу ақлли кишининг қулгисини келтирадиган таҳриф (оят маъносини бузиш)дир. Чунки, ҳарф ҳеч қачон жамъга айлантирилмайди.

 

59.         و تَفْسِيرُهُ عَلَى مَا أرَادَ اللهُ تعالى وعَلِمَهُ

 

59. Бу оятлар шарҳи Аллоҳ таоло Ўзи ирода қилгани ва билганидекдир.

 

Яъни, «Парвардигорларига боқиб турувчидир» (Қиёмат: 23) оятининг тафсири Аллоҳ азза ва жалла ирода қилгани каби, кўзлар билан кўриш маъносидадир, бидъат аҳли ирода қилган маъноларда эмас.

 

60.         و كُلّ مَا جَاءَ فِي ذلك مِنْ الحَدِيثِ الصَّحِيحِ عَـنْ رَسولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَهُوَ كَمَا قالَ

 

60. Шу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳар қандай саҳиҳ ҳадисни у зот қандай айтган бўлсалар шундайлигича қабул қиламиз.

 

Аллоҳ таолони кўриш ҳақлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳар бир ҳадисни Қуръонда бу ҳақда келган оятларни қандай қабул қилсак шундай, ҳақиқатига кўра қабул қиламиз. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари Аллоҳ тарафидан ваҳийдир: «Ва у ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Ван-нажм: 3, 4). У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари иккинчи ваҳий деб номланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп мутавотир ҳадисларида мўминлар қиёмат куни Роббиларини кўришлари ҳақида хабар берганлар. Бунга ҳеч қандай таҳрифсиз (ўзгартирмасдан), таътилсиз (йўққа чиқармасдан), тамсилсиз (ўхшатмасдан), такйифсиз (қандайлигини суриштирмасдан) иймон келтириш вожиб бўлади.

 

61.         و مَعْـنـَاهُ عَـلى مَا أرَادَ

 

61. Маъноси эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай кўзда тутган бўлсалар шундайдир.

 

У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган маънодадир, бидъат ва таҳриф аҳли айтганидек эмас.

 

62.         لا نـَدْخـُلُ فِي ذلك مُتـَأوِّلِـينَ بآرَائِنـَا و لا مُتَوَهِّمِـيـنَ بأهْوَائِنا

 

62. Бундай хабарларни тушунишда ўз фикрларимиз билан таъвил қилиб, ҳавою хоҳиш таъсирига берилмаймиз.

 

Яъни, жаҳмия ва муътазилалар, шунингдек уларнинг этагини тутган ва ботил таъвил билан айтган фикрларини қабул қилган кимсаларнинг йўлларини тутмаймиз.

Балки Китобу Суннатга эргашамиз, ўз ақлимиз ва фикримизга суянмаймиз, ақлимизни Китобу Суннатда келган хабарлар устидан ҳоким қилмаймиз, аксинча Китобу Суннатни ақллар ва фикрлар устидан ҳоким қиламиз[5].

 

63.         فإنـَّهُ مَا سَـلِمَ فِي دِينِهِ إلا مَنْ سَلَّمَ لِلّهِ عَـزَّ وجَلَّ و لِرَسُولِهِ صلى الله عليه وسلم ورَدَّ عِلْمَ مَا اشْتَبَهَ عَلَيْهِ إلَى عَالِمِهِ

 

63. Зеро, Аллоҳ азза ва жаллага ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўла бўйсунган ва тушунмай қолган нарсасини Билувчи Зот иродасига ҳавола қилган кишигина динида саломат қолади.

 

Аллоҳ ва Расулига тўла бўйсунган киши улар тарафидан келган нарсани қандай бўлса шундайлигича қабул қилган ва иймон келтирган, унга таҳриф ва таъвиллар киритмаган кишидир.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Аллоҳга иймон келтирдим ва Аллоҳнинг китобида келган нарсаларга Аллоҳ нимани мурод қилган бўлса ўшандоқ иймон келтирдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган нарсаларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани мурод қилган бўлсалар ўшандоқ иймон келтирдим». Яъни, хоҳиш-ҳавойимга мувофиқ ёки таҳриф қилиб ёки одамларнинг сўзларига қараб эмас.[6]

Ким ана шундай тарзда бўйсунса, ўзига яхши тушунарсиз бўлган, маъноси ёки кайфиятини англаб етмаган нарсани унинг олимига, яъни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳавола қилса, динида саломат қолади. Кимга бирон нарса чигал ва тушунарсиз бўлса, уни илм аҳлига ҳавола қилсин, ҳар бир илм соҳибининг устида ундан устунроқ билимдон бўлади, агар уламоларнинг илми етмаса, уни Аллоҳ жалла ва алога топшириш вожиб бўлади.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан улар билмайдиган бирон нарса ҳақида сўрасалар, улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ» деб жавоб беришар, тахмин ва гумонлари бўйича жавоб беришмас эди.

Шундай экан, ўзингиз тушунмаган нарсани тушунтириб беришга қодир ишончли олим топсангиз, Аллоҳга ҳамд айтинг. Аксинча бўлганда, унинг ҳақ эканига ва маъноси борлигига, бироқ сиз уни тушунолмаётган эканингизга эътиқод қилинг-да, уни Аллоҳга топширинг.

 

64.           وَ لا تَـثْبُتُ قَدَمُ الإِسْلامِ إِلاَّ عَلَى ظَهْرِ التَّسْلِيمِ وَالاِسْتِسْلامِ

 

64. Аслида, Исломнинг қадами фақат тўла таслим бўлиш ва бўйсуниш билан мустаҳкам бўлади.

 

Ҳақиқий мусулмончилик Аллоҳ азза ва жаллага тўла таслим бўлиш ва бўйсуниш билан, яъни У зот ҳузуридан ва Расули тарафидан келган нарсага тўла итоат қилиш билан бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).

 

65.           فـَمَنْ رَامَ عِلْمَ مَا حُظِّرَ عَنْهُ عِلْمُهُ، ولَمْ يَقْنَعْ بالتـَّسْلِيم فَهْمُهُ، حَجَبَهُ مَرَامُهُ عَـنْ خـَالِص التـَّوْحِيدِ، وصَافِي الْمَعْرِفـَةِ، وصَحِيحِ الإيمَان

 

65. Бас, ким (Аллоҳ ва расулига) таслим бўлиш билан қаноатланмасдан (Аллоҳ тарафидан) беркитилган нарсани билишга интилса, бу интилиши уни холис тавҳиддан, (Аллоҳ тўғрисидаги) тўғри билим-маърифатдан ва саҳиҳ иймондан тўсиб қўяди.

 

Аллоҳ тарафидан беркитилган нарсани билишга интилиш маъноси – Аллоҳ таоло тарафидан у ҳақда маълумот берилмаган, кайфият (Аллоҳнинг сифатлари қандайлиги ҳақидаги) илми каби нарсаларга иймон келтирмаслик ва қаноат ҳосил қилмасликдир. Аслида, буларга иймон келтириш ва унинг илмини Аллоҳ азза ва жаллага ҳавола қилиш ва топшириш вожиб. «Иймонли кишилар унинг ҳақиқатан Парвардигорлари тарафидан эканини биладилар. Кофирлар эса: «Буни мисол қилиш билан Аллоҳ нима демоқчи?», дейдилар» (Бақара: 26).

Аллоҳ таоло айтади: «У Сизга Китоб нозил қилган зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли моҳияти бўлган муҳкам аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа (уларни муҳкам оятларга қўшилмаганда асл маъноларини) тушуниш қийин бўлган муташобиҳ оятлар ҳам (ўрин олгандир). Энди дилларида ҳақ йўлдан оғиш бўлган кимсалар одамларни алдаб фитнага солиш ва ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар.— Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини ёлғиз Аллоҳгина билур. — Илмда собитқадам бўлган кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир»,— дейдилар» (Оли Имрон: 7).

 

66.           فَيَتَذَبْذَبُ بَيْنَ الكُفْرِ وَالإيْمَانِ، والتَّصْدِيقِ والتَّكْذِيبِ، والإقْرَارِ والإنْكَارِ

 

66. Оқибатда у куфр билан иймон, тасдиқлаш билан рад қилиш, иқрор билан инкор ўртасида адашиб-улоқиб юради.

 

Ушбу нарсалар илмини Аллоҳ ва Расулига топширмаган киши Аллоҳни таниш ва ҳақни танишдан тўсиб қўйилади, натижада адашиб-улоқиб кетади.

Бу на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон, гоҳ мусулмонлар билан, гоҳ кофирлар билан, гоҳ тасдиқлаб, гоҳ ёлғон санаб юрадиган мунофиқларнинг ҳолидир. «У (яъни, яшин атрофини) ёритганида юрадилар, ўчганида туриб қоладилар» (Бақара: 20).

Аммо иймон аҳли ўзлари билган нарсани айтадилар, билмаган нарсаларининг илмини Аллоҳ азза ва жаллага топширадилар, билиш имкони йўқ бўлган нарсаларни билишга уринмайдилар ёки Аллоҳ шаънида ўзлари билмаган нарсани гапирмайдилар. Аллоҳ шаънида билмаган нарсасини гапириш ширкка баробар, балки ширкдан-да ёмонроқдир. Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг: «Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган» (Аъроф: 33).

 

67.           مُوَسْوَسًا تـَائِهًا، شَاكـًّا، لا مُؤْمِنـًا مُصَدِّقـًا، و لا جَاحِدًا مُكَذِّبًا

 

67. Шубҳа ва гумонлар ичра на чин мўмин ва на ҳақиқий кофир эканини билмаган ҳолда довдирайди.

 

Бу ҳам икқиланиш ва нифоқ аҳлининг ҳолати бўлиб, улар доим шак-шубҳа ва гумонлар ичра, на уёқ, на буёқ бўлмай, икки ўртада сарсон бўлишади. Чунки, уларнинг мусулмонликлари қалбга ўрнашмаган, Аллоҳ ва Расулига таслим бўлишмаган.

Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида айтади:

«Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар» (Нисо: 143).

«Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: «Биз ҳам иймон келтирдик», дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: «Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) қулмоқдамиз, холос», дейишади. Аллоҳ уларнинг устидан қулади ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юришларини давомли қилади» (Бақара: 14, 15).

 

68.           وَلا يَصِحُّ الإِيْمَانُ بِالرُّؤْيَةِ لأهْـلِ دَارِ السَّلامِ لِمَن اعْتَبَرَهَا مِنْهُمْ بِوَهْم، أو تَأوَّلهَا بِفَهْمٍ

 

68. Ким дорус-салом (жаннат) аҳли Аллоҳ Таолони кўришларини ўзининг ҳаёлидагидек тасаввур қилса ёки ақли билан уни таъвил қилса, унинг иймони нотўғри бўлади.

 

Дорус-салом – жаннатдир, жаннатда Аллоҳни кўришни ўз гумонича тасаввур ёки таъвил қилиб, унинг ҳақиқатини рад қиладиган ва бунинг илмини Аллоҳ ва Расулига ҳавола қилмаган кишининг иймони саҳиҳ бўлмайди.

 

69.           إذ كَانَ تَـأْويلُ الرُؤْيَةِ- وتَأويلُ كُلِّ مَعْنـًى يُضَافُ إِلَى الرّبُوبيَّةِ- بِتَرْكِ التَّأوِيلِ، وَلُزُومِ التَّسْلِيمِ

 

69. Чунки қиёмат кунида Аллоҳни кўришнинг чин таъвили рубубиятга даҳлдор бўлган ҳар қандай маънонинг таъвили сингари мутлақо таъвил қилмасдан тўла таслим бўлишдир.

 

Буларнинг ҳаммаси юқорида ўтган, Аллоҳ ва Расулидан келган нарсаларга, шу жумладан Аллоҳни кўриш ҳақидаги сўзга таслим бўлиш тўғрисида келган гапларни таъкидлаш учундир. Биз бу борадаги сўзларга аҳли бидъатлар қилганидек чуқур киришмаймиз, балки қандай келган бўлса шундай ишонамиз ва тасдиқлаймиз, мўминлар қиёмат куни жаннатга киришдан олдин Роббиларини кўрадилар, жаннатга кирганларидан сўнг яна кўрадилар, бу уларга дунёдалик пайтларида У зотни кўрмаган ҳолда иймон келтирган эканларига мукофот қилиб берилади.

 

70.           وعَلَيْهِ دِينُ الْمُسْلِمِينَ

 

70. Ислом ана шу қоида устига барпо қилинган.

 

Мусулмонларнинг динлари шу қоидага – яъни Аллоҳ ва Расулидан келган нарсаларга иймон келтириб, таслим бўлиш, бу ҳақда гумонлар, ботил таъвиллар ва  ноҳақ таҳрифлар қилмаслик асосига қурилган. Ислом дини шудир. Мусулмон бўлмаганлар эса Аллоҳдан ва Унинг пайғамбаридан келган нарсаларга аралашадилар ва сўзларни ўз ўринларидан ўзгартирадилар.

 

71.           ومَنْ لـَمْ يَتـَوَقَّ النـَّفـْيَ و التـَّشْبيهَ، زَلَّ وَلمْ يُصِبِ التَّنْزِيهَ

 

71. (Аллоҳ ўзига исбот қилган сифатларни) инкор этишдан ва (уларни маҳлуқлар сифатига) ўхшатишдан эҳтиёт бўлмаган кимса албатта тойилади ва (аслида Аллоҳни поклашни мақсад қилган бўлса-да, Уни) поклашда хатога йўл қўяди.

 

Демак, таътил ва ташбеҳ орасида ўртачалик йўлини тутиш зарур. Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклайман деб ғулув кетиб қолиб, Унинг сифатларини йўққа чиқаришдан ҳам, уларни исботлашда ғулув кетиб, маҳлуқотлар сифатларига ўхшатиб қўйишдан ҳам эҳтиёт бўлиш, бу борада мўътадил йўлни тутиб, Аллоҳга Унинг Ўзи ва пайғамбари исботлаган сифатларни ташбеҳсиз, тамсилсиз, таътилсиз, такйифсиз исботлаш лозим. Мана шу энг тўғри йўлдир.

 

72.           فإنََّ رَبـَّنـَا جلّ وعَلا مَوصُوفٌ بـِصِفـَاتِ الوَحْدَانِـيَّةِ، مَـنـْعُوتٌ بنـُعُوتِ الفـَرْدَانِيَّةِ، ليْسَ فِي مَعْـنـَاهُ أحَدٌ مِنَ البَـريَّةِ

 

72. Зеро, Буюк Раббимиз зотида ҳам, ишларида ҳам ваҳдоният ва фардоният (яъни, танҳо Унинг Ўзига хос бўлган улуғлик) сифатларига эгаки, ундай сифатлар бирон маҳлуқда бўлиши мумкин эмас.

 

Ваҳдоният сифатлари шуки, Аллоҳ таоло бирдир, рубубиятида ҳам, улуҳиятида ҳам, исму сифатларида ҳам Унинг шериги йўқдир, буларнинг барчасида У ягонадир.

У камолот сифатлари ва жалолат (улуғворлик) васфлари билан мавсуф (сифатланган), ушбу сифатларида маҳлуқотларидан биронтаси Унга ўхшаш эмас, Унинг исму сифатлари Ўзига хос ва мос, маҳлуқотларнинг сифатлари эса ўзларига хос ва мос. Шуни билиш билан сизга ҳақиқат ва тўғрилик равшан бўлади ва сиз муаттила ва мушаббиҳаларнинг йўлидан халос бўласиз.

 

73.         و تَعَالَى عَنِ الْحُدُودِ وَ الْغـَايَاتِ، وَ الأرْكَانِ وَ الأعْضَاءِ وَ الأدَوَاتِ

 

73. Чегара-ҳудудлардан, ғоя-мақсадлардан, арконлардан ҳамда аъзо ва асбоблардан (яъни уларга муҳтож бўлишдан) олийдир.

 

Бу гап бироз изоҳталаб  ва тафсилотга муҳтож. Яъни, агар маҳлуқ-яратилган ҳудудлар кўзда тутилаётган бўлса, Аллоҳ таоло ҳудудлардан ва маҳлуқотлар ичига тушишдан покдир. Агар ҳудудлар деганда маҳлуқ бўлмаган ҳудуд, яъни олийлик ва юқори томон кўзда тутилса, бу Аллоҳ таоло шаънида собитдир, У зот олийликдан пок дейилмайди. Бу яратилган ҳудуд ва жиҳатлар туридан бўлмайди.

Ғоялар дегани ҳам тафсилотга муҳтож. Бу гапнинг ҳаққа ҳам, ботилликка ҳам эҳтимоли бор. Агар ғоя деганда маҳлуқотларни яратишдан мақсад ва ҳикмат кўзда тутилса, бу  Унинг шаънида ҳақдир. У маҳлуқотларни ҳикмат учун яратган. Лекин бунда ғоя эмас, ҳикмат деб айтиш тўғри бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зарият: 56).

Агар ғоя деганда маҳлуқотларга эҳтиёж кўзда тутилса, албатта, уни Аллоҳ таолодан рад қилиш тўғри бўлади. Аллоҳ таоло маҳлуқотларни уларга эҳтиёжи борлигидан яратмаган. У бутун оламдан беҳожат Зот.

«Арконлар, аъзолар ва асбоблардан пок» деган ибора ҳам изоҳталаб. Агар арконлар, аъзолар ва асбоблар деганда Унинг юз, қўл каби зотий сифатлари кўзда тутилса, бу У зотда собитдир ва буни рад қилиш нотўғри бўлади.

Агар маҳлуқларнинг аъзоларига ўхшаш аъзолар ва маҳлуқларнинг асбобларига ўхшаш асбоблар кўзда тутилса, унда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундан покдир. Чунки, маҳлуқотларидан бирон киши ҳам Унга на зотида, на исмларида ва на сифатларида ўхшашдир.

Хулоса шуки, мусанниф келтирган иборалар гарчи тафсилотга муҳтож бўлса-да, лекин у кишининг сўзларини ҳаққа йўйилади, чунки у киши аҳли суннат вал-жамоатдан, муҳаддисларнинг имомларидан, бу сўзлари билан ёмон маъноларни кўзда тутишлари мумкин эмас, албатта саҳиҳ маъноларни мақсад қилган бўладилар. Бироқ, буни батафсилроқ баён қилганларида яхшироқ бўларди.

 

74.         لا تَحْوِيهِ الجِهَاتُ السِّتُ كَسَائِرِ المُبْـتـَدَعَاتِ

 

74. Ва Уни бошқа маҳлуқларни (ўраб тургани) сингари олти тараф ўрамайди.

 

Бу ибора ҳам изоҳталаб ва тафсилотга муҳтож. Агар бу сўздан маҳлуқ бўлган-Аллоҳ яратган тарафлар кўзда тутилса, Аллоҳ таоло бундан пок, маҳлуқотларидан бирон нарса Уни ўрай олмайди. Агар юқорилик жиҳати кўзда тутилса, У Зот барча маҳлуқотларидан юқорида, бу ҳақ, уни рад қилиш ботил бўлади. Бизнингча, муаллифнинг олти тараф деган сўздан мақсади маҳлуқ тарафлар бўлади, олийлик жиҳати эмас албатта. Чунки, у киши Аллоҳ таоло учун юқорилик тарафини ва истивони исбот қилувчилардан — Аллоҳ уни раҳматига олсин.

 

75.     والمِعْرَاجُ حَقٌ، وَ قـَدْ أُسْرِيَ بالنـَّبيِّ صلّى الله عليه وسلم وعُرِجَ بشـَخـْصِهِ فِي اليَقْظَةِ إلـَى السَّمَاءِ، ثـُمَّ إلـَى حَيْث شَاءَ الله مِنَ العُلا و أكْرَمَهُ اللهُ بمَا شَاءَ، و أوْحَى إلـَيْهِ مَا أوْحَى

 

75. Меърож воқеаси ҳақдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўша кечаси Макқадан Байтул-Мақдисга) сайр қилдирилганлар ва у зотни уйғоқ ҳолларида осмонга, сўнгра Аллоҳ хоҳлаган юксақликка шахсан олиб чиқилган. (У ерда) Аллоҳ у зотни Ўзи истаганчалик иззат-икром этган ва нимани хоҳласа ваҳий қилган.

 

Исро – тунда сайр қилдириш маъносида бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кечада масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога сайр қилдирилганлар. У зотни Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри билан сайр қилдирганлар: «(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Макқадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир (Исро: 1).

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан, чунки бу масофани одатда бир ойдан кўпроқ вақт ичида босиб ўтиларди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бир кечада босиб ўтдилар.

Меърож – луғатда юқорига кўтарилиш асбоби маъносида бўлиб, исро ҳам, меърож ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида собитдир[7].

Исро – Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога олиб борилиш, меърож эса ердан осмонга олиб чиқилишдир. Ҳар икки иш бир кечада содир бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни Байтул Мақдисга олиб борилди, у ерда анбиёларга имом бўлиб намоз ўқидилар, сўнг осмонга олиб чиқилдилар ва етти қават осмонни босиб ўтдилар. Аллоҳ таоло у зотга Ўзининг улкан мўъжиза-аломатларидан Ўзи истаганича кўрсатди. Сўнгра ерга қайтиб тушдилар. Жибрил алайҳиссалом ўша кечанинг ўзида у зотни ўз ўринларига олиб келиб қўйдилар.

Исро воқеаси Исро сурасида баён қилинган, меърож воқеаси ҳақида эса Ван-нажм сурасининг оятларида зикр қилинган: «Ботиб кетаётган юлдузга қасамки, сизларнинг соҳибингиз (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) залолатга ҳам кетгани йўқ, йўлдан ҳам озгани йўқ! Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир. Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган, соҳиби қудрат (яъни Жаброил алайҳис-салом) таълим бермишдир. Бас, у (аввал) юксак уфқда (кўриниб), тик турди. Сўнгра яқинлашиб, пастлади. Бас, (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга) икки камон оралиғида ё (ундан-да) яқинроқ бўлди. (Аллоҳ) Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га (Жибрил алайҳис-салом орқали) ваҳий қилган нарсасини ваҳий қилди. (Пайғамбарнинг) кўнгли (кўзи) кўрган нарсани инкор этмади. (Ван-нажм: 1-11).

 Исро ва меърож ҳақ, ким уларни инкор қилса ёки (ақлдан) узоқ санаса, Аллоҳ азза ва жаллага кофир бўлади. Ким уларни (бошқа нарсага) таъвил қилса, адашган бўлади. Уни мушриклардан бошқа ҳеч ким инкор қилмаган. Кимда-ким: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жасадлари қолиб, фақат руҳлари билан сайр қилдирилганлар», деса ёки «Бу воқеа тушларида бўлган, ўнгларида эмас», деса, у одам адашган бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Ўз бандасини сайр қилдирган», деди, банда эса руҳ ва жасаднинг биргаликдаги исмидир, руҳнинг ўзига банда дейилмайди. Исро уй қуларида эмас, уйғоқликларида содир бўлган, чунки уйқудаги иш эътиборга олинмайди. Ҳамма ҳам туш кўради, бошқалар ҳам ажойиб-ғаройиб ишларни туш кўриши мумкин, бу фақат Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос эмас.

У зот уйғоқ ҳолатларида, осмонга шахсан олиб чиқилдилар. Бунда руҳлари билан чиққанлар, деювчиларга раддия бор.

Аллоҳ таоло у зотга ўша жойда Ўзи истаган нарсаларни ваҳий қилди, У субҳанаҳу ва таоло у кишига сўзлади, у киши Аллоҳ таолони кўрмадилар. Зеро, Аллоҳ таолони бу дунёда кўришнинг имкони йўқ.

«Ван-нажм» сурасида зикр қилинган меърож шудир.

 

76.   مَا كَذبَ الفؤَادُ مَا رَأَى، فـَصلّى الله عليه و سلم فِي الآخِرَةِ و الأُوْلـَى

 

76. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қалблари қўзлари кўрган нарсани инкор қилмади. У зотга дунёю охиратда Аллоҳнинг салавотлари бўлсин.

 

Номлари зикр қилинганда салавоту салом айтишимиз у зотнинг бизнинг устимиздаги ҳақларидан: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг отганидан сўнг Макка мушрикларига бу воқеа ҳақида айтиб берганларида уларнинг куфрлари ва у кишини ёлғончи санашлари яна ҳам зиёда бўлди. «Биз Фаластинга бир ойдан кўпроқ вақтда бориб келамиз-у, бу бир кечада бориб келган эмиш!», дейишди, айрим иймони заиф кимсалар шу ҳодиса сабаб диндан чиқиб, муртад бўлиб ҳам кетишди. Иймони бақувват кишилар эса у зотнинг сўзларини тасдиқладилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Биродарингиз айтаётган гапга нима дейсиз?» дейилганда у киши: «Нима деяптилар?», деб сўрадилар. «Бир кечада Байтул Мақдисга бориб келганмиш!», дейишди. «Агар шундай деган бўлсалар, ҳақиқатан шундай бўлган бўлади. Чунки у зот ҳавойи хоҳишларидан гапирмайдилар», дедилар ва: «Мен у кишидан бундан ҳам узоқроқ нарсани, яъни осмондан хабар – яъни ваҳий – қабул қилишларини тасдиқлайман-ку, нега энди бу хабарни тасдиқламай?!», дедилар. Бу – мустаҳкам ва эгилмас, бақувват иймон намунасидир!


 

[1] Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдик, тўлин ойга қараб туриб дедилар: “Яқинда сизлар Роббингизни худди шу ойни кўриб турганингиздек кўрасиз. У зотни кўришда талашиб-тортишмайсиз...” (Имом Бухорий (554) ва Имом Муслим (633) ривоятлари.

[2] Имом Муслим (181) ва имом Термизий (2557) ривоятлари.

[3] Имом Бухорий (554, 806, 7434) ва Имом Муслим (182) «Бир-бирингизга зарар бермаган ҳолда» ибораси билан ривоятлари.

[4] Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Икки жаннат кумушдан, ундаги идишлар ва бошқа нарсалар ҳам кумушдандир. Икки жаннат тиллодан, ундаги идишлар ва бошқа нарсалар ҳам тиллодандир. Қавм (бандалар) билан уларнинг Роббиларига қарашлари орасида «Адн» жаннатида Унинг Юзидаги улуғлик ридоси қолади холос» (Бухорий (4878, 4880) ва Муслим (180) ривоятлари).

[5] Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга энг ёқимсиз одам жанжалкаш, хусуматгўй кимсадир» (Бухорий (2457) ва Муслим (2668) ривоятлари.

[6] Субкий, «Табақот уш-Шофеъия» (8/96).

[7] Исро ва меърож ҳақидаги ҳадисни Бухорий (3207, 7517) ва Муслим (162) келтирганлар.

◄◄◄Аввалига қайтиш

| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 | 9 | 10 |

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ