Ислом Нури

 

Китоблар

 

ТАҲОВИЙ АҚИДАСИ МАТНИГА МУХТАСАР ИЗОҲЛАР

Шайх Доктор Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон
Ислом Нури таржимаси

 

بسم الله الرحمن الرحيم

 

24.            وَكُلُّ أَمْرٍ عَلَيْهِ يَسِيرٌ

 

24. Ҳар қандай иш Унга осон.

 

«Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ёсин: 82).

У ҳаёт бахш этади, ўлдиради, яратади, ризқ беради, ато этадиган ҳам, бермай қўядиган ҳам Ўзи, йўқ бўлиб кетган ўликларни қайта тирилтиради, бу ишлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога жуда ҳам осон, Унга ҳеч қандай меҳнат-машаққат юкламайди. Маҳлуқотларда иш бунинг аксича, баъзи ишларни қилишга қийналади, ожизлик қилади, аммо Аллоҳ таолога оғир ишнинг ўзи йўқ: «Сизларни яратиш ҳам, қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни шу қадар осондир)» (Луқмон: 28).

 

25.            لا يَحْتَاجُ إِلَى شَيْءٍ

 

25. У ҳеч нарсага муҳтож эмас.

 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳамма нарсадан беҳожат, У маҳлуқотларга муҳтож эмас, чунки У Ғанийдир, маҳлуқотларга ато этувчи Унинг Ўзидир.

 

26.            لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ، وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

 

26. Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ ва У эшитувчи ва кўрувчидир.

 

Бу ибора Аллоҳ таолони маҳлуқотларига ўхшашини мутлақо рад қилишдир. Оламдаги ҳеч бир нарса, малоикалар бўлсин, анбиё-ю расуллар бўлсин, азиз-авлиёлар бўлсин, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ўхшамайди: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир, У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шуро: 11). Оятнинг аввалги қисмида мушаббиҳалар (ташбеҳ аҳли, Аллоҳнинг сифатларини маҳлуқларникига ўхшаш деб эътиқод қиладиганлар)га раддия бўлса, кейинги қисмида муъаттилалар (таътил аҳли, Аллоҳни айбу нуқсонлардан поклаш даъвоси билан Унинг собит исм-сифатларини йўққа чиқарувчилар)га раддия бор. Оят яна далолат қиладики, исм ва сифатларни исбот қилишдан маҳлуқотларга ўхшатиш келиб чиқмайди, маҳлуқотларнинг эшитиш ва кўриши Аллоҳ азза ва жалланинг эшитиши ва кўришига ўхшамайди.

 

27.            خَلَقَ الْخَلْقَ بِعِلْمِهِ

 

27. Маҳлуқотларни ўз илми билан яратди.

 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» (Мулк: 14). Яратган эканлиги Унинг билими ва қудратига далолатдир. «На осмонлардаги ва на ердаги бирон нарса Аллоҳдан қочиб қутулувчи эмас. Зотан У билимли ва қудратлидир» (Фотир: 44).

 

28.            وَ قَدَّرَ لَهُمْ أَقْدَارًا

 

28. Улар учун тақдирларни ўлчаб-белгилаб қўйди.

 

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани тақдирлаб-ўлчаб қўйган, ҳеч бир нарса ўлчовсиз яратилмаган: «(Сизларнинг ризқу рўзингиз бўлмиш) ҳар бир нарсанинг асли манбаи Бизнинг даргоҳимиздадир. Биз у нарсаларни аниқ ўлчов билан (сизларга) туширурмиз» (Ҳижр: 21). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир нарсага ўзига хос ўлчов ва кайфиятларни белгилаб қўйганки, ўшандан заррача фарқланмайди ва ўзгача бўлмайди. Мисол учун, Аллоҳ таоло инсоннинг жисмини, сезгиларини, аъзоларини, таркибини, вазнларини аниқ ўлчов билан яратди, у шу билан туриш ва юришга қодир инсон бўлди. Агар инсоннинг аъзоларидан ёки унинг таркибидан биронтасига халаллик етса, унинг бутун жисми бузилади. Бошқа мавжудотлар ҳақида ҳам гап шу. «У зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир» (Раъд: 8). Ҳар бир нарсанинг ўзига хос ўлчови бор, ҳар бирининг ўлчови бошқасининг ўлчовидан фарқлидир.

 

29.            وَ ضَرَبَ  لَهُمْ آجَالا

 

29. Уларнинг ажалларини тайинлади.

 

Барча маҳлуқотнинг ниҳояси ва тугаб-битадиган ажаллари-муддатлари бор. Аллоҳ таоло айтади: «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Пар­вардигорингизнинг юзи Ўзигина боқий мангу қолур» (Раҳмон: 26, 27), яна айтади: «Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир)» (Қасас: 88).

Ҳамма нарсанинг Аллоҳ таоло томонидан белгилаб қўйилган – узундир, қисқадир – чек-чегарАлий умри бор. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир умр кўрувчининг умри узун қилинмас ва (ё) умридан камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта бу Аллоҳга осондир» (Фотир: 11). Умрлар (узун-қисқалиги) Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қўлида. Бу Унинг рубубиятининг комиллигига ва қудратининг мукаммаллигига далолат қилади. У истаган нарса бўлади, истамаган нарса бўлмайди.

 

30.          وَ لَمْ يَخْفَ عَلَيْهِ شَيْءٌ قَبْلَ أَنْ يَخْلُقَهُمْ

 

30. Уларни яратмасдан аввал ҳам Унга ҳеч нарса махфий эмасди.

 

Балки У барча нарсани уларни яратишидан аввал ҳам билган, уларни вужудга келганидан кейингина билган эмас.

 

31.          وَ عَلِمَ مَا هُمْ عَامِلونَ قَبْلَ أَنْ يَخْلُقَهُمْ

 

31. Уларни яратишдан аввал ҳам уларнинг нима қилажакларини биларди.

 

Бандаларни яратмасидан туриб, уларнинг нима амаллар қилишларини, ким тоат аҳлидан, ким маъсият аҳлидан бўлишини билган.

 

32.            و أمَرَهُمْ بـِطاعَـتِهِ، و نـَهاهُمْ عَن مَعْصِيَـتِهِ

 

32. Уларни Ўзига итоат  қилишга буюрди ва осийлик қилишдан қайтарди.

 

Аллоҳ таоло айтади: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зариёт: 56). Аввал уларни яратди, сўнг Ўзига ибодат қилишга буюрди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларнинг нима амаллар қилишларини аввалдан билгани ҳолда уларни Ўзининг тоатига буюрди. Зеро, жазо ва мукофот илмга (яъни Аллоҳнинг билишига) эмас, балки (бандадан содир бўладиган) амалга қараб бўлади. Аллоҳ таоло бандани (у ҳақдаги Ўзи билган) илмга қараб азобламайди, қачон ундан гуноҳ содир бўлганидан кейингина жазо беради. Шунингдек, чиройли амал қилувчи бандани ҳам то ундан амал содир бўлмагунича мукофотламайди. Жазо ва мукофот амалнинг натижасидир, илм ва қадарнинг эмас. Илм бошқа, жазо-мукофот бошқа. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларни тоатга буюриб, маъсиятдан қайтарди. Ким буйруқларига итоат қилиб, қайтариқларидан тийилса, савобга эга бўлади. Ким буйруқларига хилоф қилиб, қайтариқларидан қайтмаса, ўзининг феълларига биноан жазо кўради, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг феълларига биноан эмас. Банда намоз ўқувчи, закот берувчи, ҳаж қилувчи, жиҳод қилувчи бўлади, амалларнинг нисбати унга берилади, Аллоҳ таолога эмас. Фақатгина яратиш, аввалдан билиш, тақдир қилиш ва муваффақ қилиш жиҳатидан Аллоҳга нисбатланади.

 

33.   وكُلُّ شَيْءٍ يَجْرِي بِتَـقْـدِيرهِ ومَشِيئـَتِِهِ

 

 33. Ҳар бир нарса Аллоҳнинг тақдири ва хоҳиши билан бўлади.

 

Шубҳасиз, ҳар бир нара Аллоҳнинг тақдири билан бўлади, яхшилигу ёмонлик, тоату маъсият, куфру иймон, касаллигу соғлик, бойлигу камбағаллик, илму жаҳолат Унинг тақдиридан ташқарида эмас, ҳамма-ҳаммаси Унинг тақдири билан жорий бўлади. Унинг мулкида У тақдир қилмаган ва истамаган нарса бўлмайди.

 

34.   و مَشِيئَتـُهُ تَـنْـفـُذُ، لا مَشِـيئَة لِلْعِبادِ، إلا ما شَاءَ لَهُمْ، فـَما شَاءَ لَهُمْ كانَ، و ما لَمْ يَشـَأْ لَمْ يَكـُنْ

 

34. Унинг хоҳиши албатта амалга ошади. Бандалар учун Аллоҳ нимани хоҳлаган бўлса, улар учун шундан ўзга хоҳиш йўқдир. Аллоҳ нимани улар учун хоҳласа, бўлади. Нимани хоҳламаса, бўлмайди.

 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг истак-хоҳиши бор, бандаларнинг ҳам истак-хоҳишлари бор. Лекин бандаларнинг хоҳишлари Аллоҳнинг хоҳишига эргашади, ундан мустақил эмас. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтади:

«(Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас). Албатта Аллоҳ билимли ва ҳикматли зотдир» (Инсон: 30).

Яна айтади: «Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина хоҳларсизлар» (Таквир: 29).

У зот истак-хоҳишни Ўзининг сифатларидан қилди, бандаларига ҳам истак-хоҳиш сифатини берди ва уларнинг хоҳишларини Ўзининг хоҳишига боғлиқ қилди. Бунда қадария ва жабрияларга раддия бор. Қадариялар бандаларнинг феъллари Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ бўлишини рад қилишади ва бандани мутлақ хоҳиш эгаси қилишади. Банда ўзи хоҳлаган ишни қилади ва ўзи хоҳлаган нарсани ирода қилади дейишади. Жабриялар эса бандада ҳеч қандай хоҳиш-ирода бўлмайди, хоҳиш фақат Аллоҳга хос, банда худди асбоблар ҳаракатлангани каби ихтиёрсиз равишда ҳаракатланади, (Аллоҳ тақдирда нимани битиб қўйган бўлса ўша нарса мажбуран содир бўлади) дейишади. Бир тоифа Аллоҳнинг истак-хоҳишини исботлашда ғулув кетган бўлса, иккинчи тоифа банданинг истак-хоҳишини исботлашда ғулув кетди.

Аҳли сунна вал-жамоа эса ҳар икки хоҳишни исботлайдилар ва банданинг хоҳишини Аллоҳнинг хоҳишига боғлайдилар. Буни улар юқорида ўтган икки оят мазмунидан оладилар. Уларда айтилишича, банданинг хоҳиши мустақил эмас, балки Аллоҳнинг истак-хоҳишига боғлиқ. Чунки, у Аллоҳнинг маҳлуқотларидан бири, унинг ўзини ҳам, истак-хоҳишини ҳам Аллоҳнинг Ўзи яратган. Шунинг учун бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз» деганида у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мени Аллоҳга тенг – яъни истак-хоҳишида мени Унга шерик – қилдингми?! Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи хоҳласа, дегин», дедилар[1]. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир қавмнинг: «Аллоҳ хоҳлаган ва Муҳаммад хоҳлаган нарса (бўлади)» дейишгани хабари етгач, буни инкор қилдилар ва: ««Аллоҳ хоҳлаган, сўнг Муҳаммад хоҳлаган нарса» денглар», дедилар, бу билан ўзларининг хоҳишларини Аллоҳнинг хоҳишига тобеъ қилдилар.

 

35.         يَهدي مَن يَشاءُ، و يَعصِمُ و يُعَافِي، فَـضْلاً، و يُضِلّ مَن يَشاء، و يَخْذُلُ و يَبْتَلِي، عَدْلاً

 

35. Хоҳлаган бандасини Ўз фазли-карами ила ҳидоят қилади, (гуноҳ қилишдан) сақлайди ва (бало-мусибатлардан) офият беради. Хоҳлаган бандасини адолати ила адаштиради, (гуноҳлардан сақланишга) ёрдам бермайди ва (бало-мусибатлар билан) имтиҳон қилади.

 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло хоҳлаган бандасини ҳидоят қилади, хоҳлаган бандасини адаштиради. Бу Аллоҳнинг қазоси ва қадари билан бўлади. Лекин, У зот Ўзи билиб, ҳидоятга салоҳияти бор бўлган кишини ҳидоят қилади, ҳидоят излашга ҳаракат қиладиган ва унга қалбини очадиган кишини ҳидоят қилади. Зеро, Аллоҳ  таоло уни енгилликка муяссар қилиб қўйган бўлади. У Ўзи истаган кишини ҳидоят ва яхшилик талаб қилишдан юз ўгиргани учун жазо сифатида ҳидоятидан маҳрум қилади. Буни Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари изоҳлаб беради: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса, ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса, Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз» (Вал-лайл: 5-7). Сабаб бандадан, қадар эса Аллоҳ субҳанаҳу томонидан бўлди. «Энди ким (Аллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса, ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса, Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 8-10). Бунда ҳам сабаб бандадан, қадар эса Аллоҳ азза ва жалла тарафидан, бироқ Аллоҳ таоло буни унга жазо сифатида тақдир қилди.

Аллоҳ таоло ҳидоятни Ўзи тарафидан фазлу марҳамат қилиб тақдир қилди ҳамда яхшилик ва ҳидоят талабида бўлган кишига уни инъом этди. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг эмас, балки банданинг фойдаси учундир. Адашганларни адаштириши эса уларга яхшиликдан ва Аллоҳнинг тоатидан юз ўгирганликлари ва унга иқбол қилмаганликлари учун жазо ва уқубат тариқасида бўлиб, бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан адолатдир, (чунки У уларга ҳақни баён қилиб қўйди. Агар уларга оқ-қорани танитмай туриб уларнинг итоатсизларини сен шундай қилмабсан деб, жазолаганда бу адолатсизлик бўларди, лекин)  У уларга заррача зулм қилгани йўқ. Шунинг учун оятларда келадики: «Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди» (Бақара: 258), «Аллоҳ кофирларни ҳидоят қилмайди» (Бақара: 264), «Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳақ йўлга ҳидоят қилмас» (Моида: 108). Мазкур оятларда Аллоҳ таоло зулм, куфр ва итоатсизликни ҳидоятдан бебаҳра қолишга сабаб қилди. Булар бандаларнинг феълларидан бўлиб, Аллоҳ таоло уларни ўшаларга кўра, зулм қилиб эмас, балки Ўзининг адолати билан жазолади: «Уларга Аллоҳ жабр қилгани йўқ, балки улар (ўзлари) ўз жонларига жабр қилувчи бўлдилар» (Наҳл: 33). Ана шундай сифат эгаси бўлган кимсани иззат-икром қилиш У зотга муносиб бўлмагани каби, амал қилувчиларнинг амалларини зое қилиш ҳам Унга муносиб эмас. Аллоҳ таоло айтади:

«Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).

«Аллоҳ осмонлар ва Ерни (Ўзининг қудрати илоҳиясига далолат қилиши учун) ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолларида ўзлари қилган амаллари сабабли жазо ва мукофот олиши учун ҳақ (қонун ва низом) билан яратди» (Жосия: 22).

«Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?» (Қалам: 35, 36).

Агар ундай бўлганида зулм бўлган бўларди, ҳолбуки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло зулмдан пок Зот! У Зот айтади: «Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! Ёки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)» (Сод: 28).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло солиҳ амал қилган кишининг амалини ҳаргиз зое қилмайди, бирон кишини қилмаган иши учун асло жазоламайди: «Сизлар фақат қилиб ўтган жиноятларингиз сабабли жазоланурсизлар» (Вас-соффат: 39). Яхши амал ҳам, ёмон амал ҳам банда томонидан, мукофот ва жазо эса Аллоҳ таоло томонидан, Унинг фазли ва адолатига мувофиқ берилади.

 

36.         و كُلـُّهُم يـَتـَقـَلـََّبُون فِي مـَشِيئتِه، بَينَ فـَضْلِه و عَدْلِه

 

36. Барча (бандалар) Унинг хоҳиши доирасида - фазли билан адли ўртасида ҳаёт кечирадилар.

 

Барча бандалар Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси ичида, Унинг тоат ва яхшилик аҳлига бўлган фазли билан куфр ва ширк аҳлига бўлган адли ўртасида бўлиб, ундан ташқарига чиқа олмайдилар. Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳикмати ва улуғлигига лойиқ ишдир. У бир-бирига зид ва турлича нарсаларни бир жойда жамламайди, балки ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўяди, шунинг учун Ҳаким Унинг исмларидан, ҳикмат-донолик эса Унинг сифатларидан. У Ҳаким, яъни ҳамма нарсани ўз ўрнига ишлатадиган Зот бўлиб, тоат аҳлига фазлу марҳаматини, куфру маъсият аҳлига эса азобини туширади. Бу У зотнинг фазли ва адлидир.

 

37.         و هُوَ مُتـَعالٍ عَنِ الأَضْدادِ و الأَنْـْدَادِ

 

37. У ўзига рақиблар ёки тенглар бўлишидан олийдир.

 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг зоти, қадр-қиймати ва қаҳри-ғолиблиги билан Унга рақиблар ва тенглар бўлишидан олийдир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тенги йўқ, Унинг мисли ва ўхшаши мавжуд эмас. Ҳеч ким Аллоҳга шерик бўлолмайди, ўхшаёлмайди, тенг келолмайди. Бу У зотнинг қадри ва қаҳрининг олийлигидан, У зоти билан олий, маҳлуқотидан юқорида.

Аллоҳ таолонинг рақиби йўқ, маҳлуқотидан биронтаси Унга рақобат қилолмайди. У бир ишнинг бўлишини истаса, ҳеч ким унга монеълик қилишга ва эътироз билдиришга қодир эмас. У ато этишни истаган нарсани ҳеч ким ман қилолмайди, У ман қилишни истаса ҳеч ким уни беролмайди: «Сен ато қилган нарсани ман қилувчи, Сен ман қилган нарсани ато этувчи йўқ»[2].

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, уни ушлаб-тўсиб қолувчи бўлмас ва нени ушлаб қолса, У зот (ушлаб қолгани)дан сўнг у (нарсани бандаларга) бирон юборувчи бўлмас. У қудратли ва ҳикматлидир» (Фотир: 2).

Аллоҳ буюрадиган ва қайтарадиган нарсаларда Унга на тенг ва на рақиб мавжуд. Маҳлуқотларда эса иш бунинг аксича бўлади, яъни уларнинг буйруқларини бажариш олдида тўсиқлар ва муҳолифлар бўлади. Бу борада барча маҳлуқотлар муштарак, маҳлуқотлар илмда, исмда, тана кўринишида, сифатларда, умуман барча нарсада бир-бирига ўхшашдирлар, феълларда, мол-мулкка эга бўлишда муштаракдирлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога эса ҳеч ким ўхшамайди, ҳеч ким унга шериклик қила олмайди.

 

38.         لا  رَادَّ لِقـَضائِه، و لا  مُعَقـِّبَ لِحُكْمِه، و لا غالِبَ لأَمْرهِ

 

38. У тақдир қилган нарсани қайтарувчи, Унинг ҳукмини текширувчи, Унинг амрига ғолиб келувчи йўқдир.

 

Зеро, Аллоҳ таоло «бирон ишни қилмоқни истаса фақат унга «Бўл», дер. Бас (ўша иш) бўлар» (Марям: 35), «Аллоҳ ҳукм қилур Унинг ҳукмини текширувчи бўлмас. У тез ҳисоб-китоб қилувчидир» (Раъд: 41). Аллоҳ таоло бирон ишни тақдир қилган бўлса, ҳеч ким уни тўхтатиб қолишга ё рад қилишга қодир эмас.

Унинг амрига ғолиб келувчи йўқ. У бир нарсани амр қилса, Унинг кавний буйруқларига ғолиб келувчи йўқдир. Аммо шаръий буйруқлари қилинмай қолиши, гоҳо уларга хилоф қилиниши мумкин. Бу эса синов ва имтиҳон учун бўлиб, шунинг ортидан савоб ё жазога эришилади.

 

39.         آمـَنـَّا بـِذلك كُلـِّهِ، و أيقـَنـَّا أنَّ كُلاً مِنْ عِنْدِه

 

39. Юқоридагиларнинг барчасига иймон келтирдик ва барчаси Унинг ҳузуридан эканлигига аниқ ишондик.

 

Юқорида зикр қилинган ақиданинг аввалидан то охиригача эътиқод қиламиз ва Аллоҳ таолога шу эътиқод билан сиғинамиз. Улар фақат тилимиздаги гаплар эмас, балки буларга дилимиздан ишонамиз.

 

40.         و إنَّ مُحمَّدًا عَبْدُه المُصْطَفَى، ونـَبِيـُّهُ الْمُجْـتَـَبى، ورَسُولُهُ الْمُْرتَـَضى

 

40. (Яна шуни айтамизки,) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг танланган бандаси, сараланган пайғамбари ҳамда (Парвардигори ундан) рози бўлган расулидирлар.

 

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ сўзларининг аввалида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони таниш, Унинг ёлғиз Ўзи ибодатга сазовор маъбуд ва тарбияткунанда эканига, Унинг камолот сифатлари ва жалолат васфлари билан азалий ва абадий сифатланган эканига эътиқод қилиш каби У зот ҳаққида вожиб бўлган нарсаларни баён қилгач, энди пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида эътиқод қилиш лозим бўлган нарсаларга ўтдилар. «Аллоҳнинг тавҳиди хусусида Аллоҳ тавфиқи ила эътиқод қилиб айтамизки: Аллоҳ якқадир, Унинг шериги йўқдир...» деган сўзларининг давоми сифатида «Яна шуни айтамизки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг танланган бандаси...» дейдилар. Шундай эътиқод қилиш вожиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг улуҳиятига қандай гувоҳлик берсак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларига ҳам худди шундай гувоҳлик беришимиз лозим. Шунинг учун ҳам бу икки шаҳодат калималари доимо чамбарчас ва ҳар доим ёнма-ён зикр қилинади.

«Муҳаммад» пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур исмларидир. Бу ҳақда Қуръони Каримда келган:

«Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40).

«Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган нарсага (Қуръонга) — ҳолбуки у Парвардигорлари томонидан келган ҳақиқатдир иймон кел­тирган зотларнинг эса ёмонлик-гуноҳларини ўчирур ва ишларини ўнглар» (Муҳаммад: 2).

«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир» (Фатҳ: 29).

Қуръонда Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳиссалом тилидан келтирган сўзлари орасида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аҳмад деган исмлари ҳам зикр қилинган: «Эй Ба­ни Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга  (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)» (Саф: 6).

Ҳадисларда У зотнинг бошқа исмлари ҳам келган, Ибнул Қаййим «Жалоул-афҳом» китобларида уларни зикр қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни билиш дин вожиботлари ва Ислом асосларидан. Шайх Муҳаммад ибн Сулаймон «Уч асос» китобида айтади: «Биринчи асос: Аллоҳни таниш, иккинчи асос: Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни таниш, учинчи асос: Ислом динини далиллар билан билиш». Демак, сизга Аллоҳни таниш қанчалик вожиб бўлса, Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва у зот олиб келган Ислом динини далиллар билан билиш шунчалик вожиб бўлади. Маййит қабрига қўйилгач сўраладиган асосий нарсалар ҳам шулардир.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ азза ва жалланинг бандасидирлар, у кишига на улуҳиятдан, на рубубиятдан бирон насиба-улуш берилмаган. У зот Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, Унинг буйруқларига бўйсунувчи, қайтариқларидан тийилувчи ва Аллоҳ азза ва жалладан етказувчидирлар. Бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусларида ғулув кетувчиларга раддия борки, баъзилар у зотни улуҳият ёки рурубиятдан насибадор қилишади ва Аллоҳ билан биргаликда у кишига ҳам дуо-илтижо қилишади. Бу эса гўё масиҳийлар Ийсо ибн Марям ҳақларида ғулув кетиб,  уни Аллоҳнинг ўғли ёки худо деб ёки учта илоҳнинг бири деб даъво қилишларига ўхшаб кетади.

«Танланган бандаси» деган сўзда ғулув кетишдан қайтариш бор. У киши банда, самовоту ердаги барча мавжудот Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) банда- қул ҳолида келур» (Марям: 93).

Малоикалар Аллоҳнинг бандаларидир: «Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир. (Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 26, 27).

Расуллар ва набийлар Аллоҳнинг бандаларидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Нуҳ алайҳиссалом ҳақида: «Зеро, у доимо шукр қилувчи банда эди» (Исро: 3), «Улар Бизнинг бандамиз (Нуҳ)ни ёлғончи қилишди» (Қамар: 9), дейди.

Довуд «Бизнинг бандамиз (тоат-ибодатда) қувват соҳиби бўлган Довудни эсланг! Дарҳақиқат у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтувчидир» (Сод: 17), дейди.

Сулаймон алайҳиссалом ҳақида: «(Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) бутунлай қайтувчидир» (Сод: 30), дейди.

Айюб алайҳиссалом ҳақида: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб «Дарҳақиқат мени шайтон бало ва азоб билан ушлади», деган пайтини эсланг!» (Сод: 41), дейди.

Ийсо алайҳиссалом ҳақида: «У фақатгина Биз (пайғамбарлик) инъом этган бир бандадир» (Зухруф: 59), дейди.

Агар маҳлуқотларнинг энг улуғи бўлган набийлар, расуллар, малоикалар Аллоҳнинг бандалари бўлар экан, энди улардан қуйироқда турувчи азиз-авлиёлар-у солиҳ кишилар албатта банда эканликлари аниқдир.

Пайғамбарларнинг энг афзАлий ва сўнггиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда банда деб атади:

«Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз...» (Бақара: 23).

«Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли – Буюкдир» (Фурқон: 1).

«(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Макқадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир» (Исро: 1).

Бандалик мақоми энг олий мақомлардан бўлиб, Аллоҳ азза ва жаллага банда бўлишдан юксак шараф йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мени насоролар Ийсо ибн Марямни мақтаб кўкларга кўтарганидек кўкка кўтариб мақтаманглар. Мен оддий бир бандаман. Аллоҳнинг бандаси ва расули, денглар»[3].

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мустафо – танланган ва саралаб олингандирлар. Яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотни қавмлари орасидан Ўз рисолатига танлаб олган. Аллоҳ Ўзининг рисолатини қаерга қўйишни яхши билади, унга сазоворлигини ва ушбу вазифани адо эта олишини билган кишисинигина унга ихтиёр қилади. Чунки, бу жуда оғир ва улкан вазифа бўлиб, Аллоҳ таоло унга нолойиқ одамни ҳаргиз танламайди: «Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни яхшироқ билувчидир» (Анъом: 124). (Сараланган деб таржима қилганимиз) Мужтабо ҳам мустафо маъносидадир.

Набий — Аллоҳ таоло томонидан шариат туширилган ва лекин уни таблиғ қилишга-етказишга буюрилмаган кишидир, расул эса Аллоҳ таоло томонидан шариат туширилган ва уни таблиғ қилишга амр қилинган кишидир. Таблиғ қилишга буюрилиш – одамларни унга тортиш ва у сабабли жанг қилишга буюрилиш маъносидадир.

Ундан ташқари, набийга ҳам ваҳий келади, у ҳам Аллоҳ азза ва жаллага даъват қилади. Лекин у ўзидан аввалги пайғамбарга эргашган ва унинг йўлида юрган, алоҳида хос шариат олиб келмаган бўлади. Бани Исроил пайғамбарлари шу қабилдан бўлиб, улар Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган Тавротга даъват қилиб келардилар.

 

41.         و إِنَّهُ خـَاتَــمُ الأَنْبِياءِ وإمامُ الأَتْقِياءِ وسَـيـِّدُ المُرسَـلِين وحَبـِيبُ رَبِّ العَالـَمِين

 

41. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг охиргиси, тақводорларнинг имоми, элчиларнинг саййиди (улуғи) ва оламлар Роббисининг ҳабибидирлар.

 

Булар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларидан баъзиларидир.

У зот пайғамбарларнинг сўнггиси – хотамул анбиёдирлар. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари билан пайғамбарлик силсиласига муҳр қўйди. Аллоҳ таоло айтади: «Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40). У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбар келишига ҳожат қолмади. Чунки Қуръон бор, суннати набавия бор, раббоний уламолар мавжуд, улар одамларни даъват қиладилар, уларга йўл кўрсатадилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динлари то қиёмат боқий, у мансух бўлмайди, ўзгармайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни ҳамма замон ва маконга яроқли қилди. Ўтган пайғамбарларнинг шариатлари эса ўзларининг умматларига, маълум бир даврга хос бўлар, сўнг Аллоҳ таоло кейинги умматга ўзига мос келувчи шариат юбориб, бу билан аввалгисини мансух-бекор қиларди. «Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин аҳли) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик» (Моида: 48).

Ислом дини комил дин, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бошқа пайғамбарга муҳтожлиги йўқ. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин яна пайғамбар келади, деб эътиқод қилса, кофир бўлиб, диндан чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан кейин пайғамбарлик даъвоси билан чиқадиган каззоблар ҳақида хабар бериб шундай деганлар: «Мендан кейин ўттизта каззоб келади, ҳаммаси пайғамбарлик даъво қилади. Ҳолбуки, мен пайғамбарларнинг сўнггисиман, мендан кейин пайғамбар келмайди»[4].

Пайғамбарлик даъвоси билан чиққан одам ҳам, унга эргашганлар ҳам ҳаммаси кофирдирлар. Мусулмонлар уларга қарши жанг қилганлар ва уларни кофир санаганлар. Кейинги даврда пайғамбарлик даъвоси билан чиққан охирги киши покистонлик Аҳмад Қодиёний бўлиб, унга эргашганлар, яъни қодиёнийлар уни пайғамбар эканини даъво қилдилар, улар унинг исмига нисбатан аҳмадийлар деб ҳам аталишади. Уламолар уни кофир деб эълон қилганлар ва исломий ўлкалардан бадарға қилганлар, унга эргашганларни ҳам кофир санаганлар. Чунки, бу Аллоҳ ва расулини ёлғончи қилиш бўларди. Мусулмонлар уларнинг кофирликларига ижмоъ-иттифоқ қилганлар, бу борада ҳеч ким ихтилоф қилмаган.

Мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар ва элчиларнинг сўнггиси, тақводорларнинг пешвоси, яъни Аллоҳ азза ва жалладан тақво қилувчи зотларнинг ўрнак-намунаси, деб эътиқод қилмоғи лозим: «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳар қандай кишига агар у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашаётган бўлсагина эргашилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига хилоф қилган кишига асло эргашиш мумкин эмас: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилувчи, меҳрибондир» (Оли Имрон: 31). Аллоҳга олиб борувчи йўл фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш ва у зотнинг йўлларини маҳкам тутишдадир.

У зот элчиларнинг саййидидирлар. Нафақат пайғамбарларнинг, балки бутун одамзотнинг саййидидирлар. У зот: «Мен Одам авлодининг саййидиман, бироқ бу билан фахрланмайман»[5], деганлар, буни Аллоҳ азза ва жаллага шукр келтириш бобида айтганлар, шунингдек умматлари Парвардигорга у зотни ўзларига пайғамбар қилгани ва элчиларнинг саййиди қилгани неъматига шукрона адо қилишлари учун айтганлар.

Саййид – имом, пешво маъносидадир, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг энг афзали, имоми ва пешвосидирлар.

«Оламлар Роббисининг ҳабибидирлар» деган ибора хусусида бир оз мулоҳазамиз бор. Чунки, ҳабиб бўлишлари кифоя қилмайди, балки у зот оламлар Роббисининг халилидирлар. Халиллик ҳабибликдан афзалдир. Муҳаббатнинг даражалари бўлиб, энг олийси халиллик даражасидир. Бу мартабага маҳлуқотлардан фақат икки киши – Иброҳим алайҳис-солату вас-салом ва пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эришганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Иброҳимни Аллоҳ Ўзига халил тутган» (Нисо: 125). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта Аллоҳ таоло мени худди Иброҳимни халил қилганидек халил қилди»[6]. Ҳабибуллоҳ дейиш етарли эмас, чунки ҳар бир мўмин бунга эришиши мумкин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бунда имтиёз бўлмайди. Аммо халилликда ҳеч ким у зотга етолмайди.

 

42.         و كلّ دَعوًى النـُبـُوَّة بَعْدَه فـَغـَيٌّ و هَوًى

 

42. У зотдан кейинги ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси ботил ва ёлғондир.

 

Бу ҳақда гап пайғамбарларнинг охиргиси эканлари ҳақидаги мавзуда ўтди. У зотдан кейин ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси ботил ва куфрдир. Чунки, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг ҳеч қачон пайғамбар келмайди. Ийсо алайҳиссалом охирзамонда тушганларида у киши янгидан пайғамбар бўлиб, янги шариат билан келмайдилар, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динларини қувватлаб ва у зотга эргашувчи бўлиб келадилар ва ислом шариати билан ҳукм қиладилар.

 

43.        و هُوَ الْمَبْعُوثُ إِلَى عَامَّةِ الْجِنِّ وَ كَافـَّةِ الوَرَى، بِالْحَقِّ وَالْهُدَى، وَبِالنُّـورِ وَ الضِّيَاءِ  

 

 43. У зот барча инсону жинларга ҳақ ва ҳидоят, нур ва зиё билан юборилгандирлар.

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ана шундай эътиқодда бўлмоқ зарур. У зотни Аллоҳнинг элчиси дебгина қўйиш кифоя қилмайди, балки бутун инсониятга ва балки инсу-жинларга элчи қилинганлар деб эътиқод қиламиз.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик» (Сабаъ: 28).

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман» (Аъроф: 158).

У зотнинг рисолатлари бутун инсониятга ва бу у зотнинг хусусиятларидандир. У зот бутун инсониятга элчи, унга итоат қилиш барча маҳлуқотларга – арабига ҳам, ажамига ҳам, қоратанлисига ҳам, оқтанлисига ҳам, инсига ҳам, жинига ҳам фарз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъвати етиб борган ҳар бир киши у зотга итоат қилиши ва эргашиши лозим бўлади. Ким насоролар даъво қилганидек, у зотни фақат арабларга пайғамбар бўлиб келганлар деса ва бошқаларга ҳам пайғамбар эканларини инкор қилса, Аллоҳга кофир бўлган ва Аллоҳу расулини ёлғончи қилган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик» (Сабаъ: 28), «Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли – Буюкдир» (Фурқон: 1). Демак, у зотнинг рисолатлари оламшумулдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига хос юбориларди, мен ҳамма одамларга юборилдим»[7].

У зот ер юзи подшоҳларига уларни Исломга чақириб мактублар юбордилар. Шунинг ўзи ҳам у кишининг бутун ер юзи аҳлига юборилган эканларига далил бўлади. У зот то одамлар Исломга киргунларича жиҳод қилишга буюрилдилар. Бу ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари оламшумул эканига далил бўлади.

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида қуйидагича эътиқодда бўлиш лозим:

Биринчи: У Аллоҳнинг бандаси ва элчиси;

Иккинчи: У пайғамбарларнинг сўнггиси, ундан кейин пайғамбар келмайди;

Учинчи: Унинг рисолати инсу жин оламига умумий.

Инсонлар оламига умумий эканига далил юқоридаги оятларда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ер юзи ҳукмдорларига мактуб ёзишларида ўтди.

Жинлар оламига ҳам пайғамбар эканларига далиллар:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Биз сизнинг олдингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик. Бас, қачонки улар (Қуръон тиловатига) ҳозир бўлишгач, (бир-бирларига): «Жим туринглар», дедилар. Энди қачонки (тиловат) тугатилгач, улар ўз қавмлари олдига огоҳлантирувчи бўлган ҳолларида қайтиб кетдилар. Улар дедилар: «Эй қавмимиз, дарҳақиқат бизлар Мусодан кейин нозил қилинган, ўзидан олдинги (илоҳий китоб)ларни тасдиқ қилувчи бўлган, Ҳақ (дин)га ва Тўғри йўлга ҳидоят қиладиган бир Китобни — Қуръонни тингладик. Эй қавмимиз, Аллоҳга даъват қилувчи (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъвати)ни қабул қилинглар ва унга иймон келтиринглар, (шунда Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ва сизларга аламли азобдан паноҳ берур» (Аҳқоф: 29-31).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач,) дедилар: «Дарҳақиқат бизлар ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик» (Жин: 1, 2).

Хуллас, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ер юзи аҳлининг ҳаммасига, инсу жин оламига юборилдилар. Ким у зотга иймон келтирса жаннатга киради, ким иймон келтирмаса жаҳаннамга тушади.

У зот нур ва зиё билан юборилганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбар, дарҳақиқат Биз сизни (қиёмат кунида барча умматлар устида) гувоҳлик берувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У зотга (яъни Унинг динига) даъват қилувчи ва (Ҳақ йўлини кўрсатувчи) нурли чироқ қилиб юборгандирмиз» (Аҳзоб: 45, 46).


 

[1] Имом Аҳмад (1/214, 283, 224, 347), Имом Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да (783), Ибн Можа (2117), Насоий «Амалул-явми вал-лайла»да (988) келтирганлар.

[2] Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳунинг котиби Варроддан ривоят қилинади: Муғира ибн Шуъба Муовияга ёздирган хатида менга шундай ёзишни буюрди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар фарз намозидан кейин: «Эй Аллоҳ! Сен ато қилган нарсани ман қилувчи, Сен ман қилган нарсани ато этувчи йўқдир! Улуғлик-бойлик эгасига бойлиги-улуғлиги Сенинг олдингда фойда беролмас», дердилар (Бухорий (844) ва Муслим (593) ривоятлари).

[3] Имом Бухорий ривояти (3445).

[4] Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «То икки тоифа бир-бири билан уруш қилмагунича қиёмат қойим бўлмайди. Улар ўртасида жуда катта жанг кечади. Ҳар иккисининг даъвоси битта бўлади. То ўттизга яқин каззоб дажжоллар, ҳар бири ўзини Аллоҳнинг пайғамбари деган даъво билан чиқмагунича қиёмат қойим бўлмайди» (Имом Бухорий (3609) ва Имом Муслим «Фитналар китоби»да (48/157) ривоятлари).

[5] Имом Термизий (3624) ва Имом Аҳмад (3/144-145) ривоятлари. Термизий: «Ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги муттафақун алайҳи ҳадис ҳам буни қувватлайди: «Мен қиёмат куни қавмнинг саййидиман», бир лафзда: «Мен қиёмат куни одамларнинг саййидиман» (Имом Бухорий (4712, 3340) ва Имом Муслим (194, 2278) ривоятлари.

[6] Имом Муслим ривояти (532).

[7] Имом Бухорий ривояти (335, 438), Имом Муслим ривоятида: «Қизил-у қоратанлининг ҳар бирига юборилдим.» (521).

◄◄◄Аввалига қайтиш

| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 | 9 | 10 |

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ