Ислом Нури

 

Китоблар

 

ТАҲОВИЙ АҚИДАСИ МАТНИГА МУХТАСАР ИЗОҲЛАР

Шайх Доктор Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон
Ислом Нури таржимаси

 

بسم الله الرحمن الرحيم

 

قال العلامة حجة الإسلام أبو جعفر الوراق الطحاوي بمصر –رحمه الله-: هذا ذكر بيان عقيدة أهل السنة والجماعة على مذهب فقهاء الملة: أبي حنيفة النعمان بن ثابت الكوفي، وأبي يوسف يعقوب بن إبراهيم الأنصاري، وأبي عبد الله محمد بن الحسن الشيباني رضوان الله عليهم أجمعين، وما يعتقدون من أصول الدين ويدينون به رب العالمين.

 

Аллома, Ҳужжатул-Ислом Абу Жаъфар ал-Варроқ ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

Қуйида Ислом миллати олимлари бўлмиш Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит Ал-Куфий, Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Ал-Ансорий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбонийлар Ислом дини асослари ҳақида нимани эътиқод қилганлари ва Аллоҳ Роббул оламинга қайси эътиқод билан сиғинганлари зикр қилинади ҳамда ана шу уламолар мазҳабларида Аҳли сунна вал жамоа ақидаси қандай бўлиши кераклиги баён қилинади.

 

Алҳамду лиллаҳи роббил аламин, ва соллаллоҳу ва саллама ала набиййина Муҳаммад ва ала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн. Аммо баъд...

Ақида диннинг асоси, «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ» шаҳодатининг мазмуни, Ислом рукнларининг биринчисидир[1]. Шундай экан, соғлом эътиқод соҳиби бўлиш учун киши ақидага эътибор бериши ва аҳамият қаратиши, уни ўқиб-ўрганиши, уни бузадиган нарсаларни таний билиши лозим бўлади. Чунки, дин саҳиҳ-соғлом асосга барпо бўлгандагина тўғри ва Аллоҳ наздида мақбул дин бўлади. Аксинча, заиф-беқарор ёки фосид-бузуқ ақида асосига қурилган дин саҳиҳ ва тўғри дин бўлмайди. Шунинг учун уламолар – раҳимаҳумуллоҳ – ақида мавзусига кўп аҳамият қаратишар, уни дарслар ва бошқа муносабатларда узлуксиз ва давомий равишда баён қилишар, ҳар бир даврнинг олимлари уни муқаддам ўтган уламолардан ривоят қилишар эди.

Саҳобаларда – розияллоҳу анҳум – Қуръонда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келган нарсалар хусусида шак-шубҳанинг асари ҳам бўлмаган, уларнинг ақидалари Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатлари асосига қурилган бўлиб, бунда уларга ҳеч қандай шак-шубҳа ва икқиланиш етмас эди. Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани айтган бўлсалар, ўшани дин деб қабул қилишар ва унга эътиқод қилишар эди. Бу тўғрида китоблар таълиф қилишга уларнинг эҳтиёжлари бўлмаган, чунки бу улар наздида таслим бўлинган ва узил-кесил ҳал қилинган иш бўлиб, уларнинг ақидаси Китоб ва Суннат эди. Сўнг улардан қабул қилиб олган шоғирдлари – тобеинлар ҳам айни шу йўлда давом этдилар. Уларда ҳам мана бу нарса олинади, бу нарса рад қилинади, деган гап бўлмади, масала аниқ-тиниқ, манба Китоб ва Суннат бўлди.

Давр ўтиб, фирқалар ва ихтилофлар пайдо бўлди, қалбига ақида мустаҳкам ўрнамаган кишилар динга кириб келдилар, баъзилар носоғлом ва нотўғри фикрлардан халос бўлмаган ҳолда Исломни қабул қилдилар, ақидада Китоб ва Суннатга мурожаат қилиш ўрнига ўз ораларидаги залолат аҳли ўйлаб топган қоида ва манҳажларга мурожаат қиладиган тоифалар юзага чиқди. Ана шунда Ислом уламолари соғлом ақидани баён қилишга, уни носоғлом фикрлардан тозалашга, уни умматнинг пешқадам уламоларидан ривоят қилишга эҳтиёж сездилар ва ақидага оид китоблар ёздилар. Уларнинг китоблари ўзларидан кейингилар учун то қиёматгача ақиданинг маржеъига-манбаига айланди.

Аллоҳ таоло ушбу динни Аллоҳдан ва Пайғамбаридан қандай келган бўлса, ўшандай ҳолда етказиб берадиган, бузғунчиларнинг таъвиллари-ю, мушаббиҳларнинг (яъни Аллоҳнинг сифатларини маҳлуқлар сифатига ўхшатувчиларнинг) ташбеҳларини рад қиладиган, соф ақидани авлодма-авлод бир-бирига узатиб, етказиб берадиган омонатли зотларни етиштириб чиқариб турдики, бу У Зотнинг ушбу динни Ўзи асраши ва ҳимоя қилиши белгиларидандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, у зотнинг аҳоблари ва тобеинлар тарафидан собит бўлган эътиқод устида бўлган салафи солиҳинлар жумласига тўрт мазҳаб имомлари – Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий, Имом Аҳмадни – раҳимаҳумуллоҳ – ва улар каби ақидани тозалаш ва ҳимоя қилишга, уни соф ҳолида толибларга ўргатиш ва баён қилиб беришга бел боғлаган кўплаб уламоларни киритиш мумкин.

Мазкур тўрт имомнинг тобеълари бўлмиш уламолар ушбу ақидани маҳкам тутишда, уни ўқиб-ўрганиш ва шоғирдларга таълим беришда давом этдилар, бу ҳақда Китобу Суннат асосида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари ҳамда тобеинлар эътиқодлари асосида кўплаб китоблар ёздилар, ботил ва нотўғри ақидаларни рад қилдилар, уларнинг ботиллик ва хатоларини баён қилиб бердилар. Шунингдек, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Бухорий, Муслим, Ибн Хузайма, Ибн Қутайба каби ҳадис имомлари, Табарий, Ибн Касир, Бағавий каби кўплаб тафсир имомлари ҳам ушбу ишга салмоқли ҳисса қўшдилар.

Бу ҳақда «Суннат китоблари» деб аталган китоблар таълиф қилдилар, Ибн Аби Осимнинг «Ас-Сунна», Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбалнинг «Ас-Сунна», Халлолнинг «Ас-Сунна», Ожуррийнинг «Аш-Шариъа» китоблари бунга мисол бўлади.

Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ал-Аздий ат-Таҳовий[2] ҳам мазкур имомлар жумласидан бўлиб, учинчи асрдаги Миср уламоларидан, Миср шаҳарларидан бирига нисбат берилиб Таҳовий деб аталганлар, бу киши ушбу фойдАлий мухтасар ақидани ёзганлар.

Унга еттитача шарҳ ёзилган, лекин улар хатолардан ҳоли эмас. Чунки уларни битган кишилар мутааххирлар (яъни салафлардан кейингилар) манҳажида бўлганлари учун уларнинг шарҳлари Таҳовий ақидасига айрим раддиялар, мулоҳаза ва мунозараларни ҳам ўз ичига олган. Бизга маълум бўлишича, улар ичидан фақат битта шарҳ, яъни Ибн Абил-Из[3] раҳимаҳуллоҳнинг «Таҳовий шарҳи» номи билан машҳур бўлган шарҳи бундан мустасно. Бу киши Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг шоғирдларидан бўлиб, ёзган шарҳи шайхулислом Ибн Таймиянинг, Ибнул Қоййимнинг ва бошқа имомларнинг китобларидан олинган кўчирмаларни ҳам ўз ичига олган. У кўп фойдАлий шарҳ бўлиб, ақида маржеъларидан улкан бир маржеъ (манбаъ, мурожаат қилинадиган ўрин) саналади, софлиги ва маълумотлари тиниқлиги боис уламолар унга суянадилар ва эътимодли санайдилар.

Муаллиф – юқорида айтилганидек – ушбу ақидани умуман аҳли суннат мазҳаби асосида, жумладан тўрт имом ичидан энг муқаддам яшаб ўтган, тобеинларни кўрган ва улардан ривоят қилган Абу Ҳанифа ан-Нуъмон ибн Собит ал-Куфий мазҳабида, шунингдек у зотнинг шоғирдлари Абу Юсуф ва Муҳаммад аш-Шайбоний ва бошқа ҳанафий мазҳаб имомлари эътиқоди асосида таълиф қилган. Уларнинг ақидаларини зикр қилиб, унинг аҳли сунна вал-жамоа мазҳабига мувофиқ эканини баён қилган.

Бу ақида китобида ҳозирги вақтдаги ёки кейинги асрлардаги ҳанафий мазҳабига нисбатланувчиларга айрим раддиялар мавжудки, улар фиқҳда Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабига эргашганлари ҳолда ақидада у зотга хилоф қилиб, калом ва мантиқ аҳлининг ақидасини ушлайдилар. Худди шу каби ҳолат кейинги даврдаги шофеъийларда ҳам юзага келдики, улар ақидада имом Шофеъийга муҳолиф бўлишади, фақат фиқҳдагина у киши мазҳабларига нисбатланишади. Моликийларда ҳам аҳвол бундан ўзга эмас, уларнинг ҳам кейинги даврдагилари фақат фиқҳда у кишининг мазҳабига нисбатланиб, ақидада ундан умуман бегона бўлиб кетишган. Ундан ташқари ушбу ақидада ашъарийларга, яъни Абул Ҳасан ал-Ашъарийнинг аввалги давридаги фикри-мазҳабига эргашиб, у кишининг кейинги даврда қарор топган мазҳаби – аҳли сунна вал-жамоа мазҳабини тарк қиладиган кишиларга ҳам раддия бор. Умуман олганда мазкур нисбатланишлар ҳақиқий ҳисобланмайди, чунки мазкур имомларнинг мазҳабида бўлганлар аслида уларнинг ақидаларида бўлишлари лозим эди.

 

1.            نَقُولُ فِي تَوْحِيدِ اللهِ مُعْتَقِدِينَ بِتَوْفِيقِ اللهِ أَنَّ اللهَ واحِدٌ لا شَرِيكَ لَهُ

 

1. Аллоҳнинг тавҳиди хусусида Аллоҳ тавфиқи ила эътиқод қилиб айтамизки: Аллоҳ якқадир, Унинг шериги йўқдир.

 

Луғатда «тавҳид» وَحَّدَ   (ваҳҳада) феълининг масдари бўлиб, бир нарсани ёлғизлаш, бир деб билиш маъносини англатади.

Шариатда эса ибодатда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони ёлғизлаш, яъни ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш ва Ундан бошқаларга сиғинишни тарк қилиш демакдир.

Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбарининг Суннатига асосан тавҳид уч қисмдир. Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби иттифоқ қилган нарса шудир. Ким тўртинчи ё бешинчи қисмни зиёда қилса, у ўзи тарафидан қўшиб олган бўлади. Чунки имомлар тавҳидни Китобу Суннатга асосланиб уч қисмга бўлганлар. Ақида хусусида сўз борган оят ва ҳадислар мана шу уч қисмдан ташқарига чиқмайди:

Биринчи қисм: Рубубият тавҳиди, яъни Аллоҳ таолони яратиш, ризқ бериш, ҳаёт бахш этиш, ўлдириш, бутун борлиқни бошқариш каби ишларида якка-ягона деб билиш, Роббул оламин бўлган У зот субҳанаҳу ва таолодан бошқа ҳеч қандай Роб – Тарбияткунанда йўқ деб эътиқод қилиш.

Иккинчи қисм: Улуҳият тавҳиди ёки ибодат тавҳиди. Зеро, улуҳият маъноси Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббат, қўрқув ва умид билан, буйруқларига итоат қилиш ва қайтариқларидан тийилиш билан ибодат қилиш, яъни Аллоҳ таолони Унинг Ўзи бандаларига машруъ қилган ишлар билан ёлғизлаш демакдир.

Учинчи қисм: Исм ва сифатлар тавҳиди, яъни Аллоҳ таоло Ўзи ёки Унинг пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга исбот қилган (яъни У зотда бор эканини хабар берган) исм ва сифатларни исботлаш ва Унинг Ўзи ёки пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотни поклаган айб ва камчиликлардан У зотни пок санаш.

Аллоҳ таолонинг феъл-ишлари ҳақида сўз юритган ҳамма оятлар рубубият тавҳиди хусусидадир.

Ибодат, унга буюриш ва чақириш ҳақида сўз юритган барча оятлар улуҳият тавҳиди хусусидадир.

Аллоҳ азза ва жалланинг исм ва сифатлари ҳақида сўз юритган барча оятлар исм ва сифатлар тавҳиди хусусидадир.

Мазкур уч қисмдан асосий мақсад улуҳият тавҳидидир. Чунки, пайғамбарлар айни шу тавҳидга даъват қилганлар, китоблар шу тавҳидни олиб тушган, шу тавҳидни рўёбга чиқариш учун, ибодат Аллоҳнинг ягона Ўзига қилиниши ва Ундан ўзгасига сиғинишни йўқ қилиш учун Аллоҳ йўлидаги жиҳодлар бўлган.

Рубубият тавҳидини ва шу жумладан исм ва сифатлар тавҳидини халқлардан биронтаси инкор қилмаган эди, буни Аллоҳ таоло кўп оятларда зикр қилган, кофирларнинг ҳам Аллоҳни яратувчи, ризқ берувчи, тирилтирувчи, ўлдирувчи, бутун борлиқни бошқарувчи деб иқрор бўлишларини, бу хусусда муҳолиф эмасликларини баён қилган. Тавҳиднинг бу турига чекланиб қолиш инсонни жаннатга олиб киролмайди. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рубубият тавҳидига иқрор бўлиб турган кишиларга қарши жанг қилганлар, уларнинг қонларини ва молларини ҳалол санаганлар.

Агар рубубият тавҳидининг ўзи кифоя қилсайди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши асло жанг қилмаган бўлардилар. Ва ҳатто пайғамбарлар юборилишига ҳожат ҳам қолмас эди. Демак, бу нарса далолат қиладики, асосий кўзланган мақсад улуҳият тавҳиди экан. Рубубият тавҳиди эса кишини у сари етаклайдиган йўлчи ва унга йўллайдиган белги-аломатдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг ибодатига буюрган вақтда улуҳият тавҳидига бурҳон-ҳужжат қилиш ва рубубиятни эътироф қилиб, улуҳиятни инкор қиладиган кофиру мушрикларни мулзам қилиш учун осмонлару ерни яратганлигини, бутун маҳлуқотининг ишларини Ўзи юргизиб туришини зикр қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга: «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ) денглар», деганларида улар: «(Шунча) худоларни битта худо қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!» (Сод: 5), дейишди[4]. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Қачон ёлғиз Аллоҳ зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетар. Қачон У зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса баногоҳ улар шодланиб кетурлар» (Зумар: 45), «Улар ўзларича: «Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина барҳақдир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар. Ва улар «ҲАлий бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?» дер эдилар» (Вас-соффат: 35, 36).

Улар улуҳият тавҳидини хоҳлашмас, маъбудлар кўп бўлишини ва ҳар ким ўзи истаган маъбудига сиғинишини истардилар.

Буни билиш жуда муҳим, чунки аввалда ҳам, ҳозирда ҳам адашган фирқалар фақат рубубият тавҳидига аҳамият қаратишади, улар наздида банда агар Аллоҳнинг яратувчи ва ризқ берувчи эканини тан олса бас, уни мусулмон деб билишади, бу нарсани ақидаларида битиб қўйишган. Мутакаллимларнинг (яъни калом ва фалсафа аҳлининг) ақидалари рубубият тавҳидини таҳқиқ қилиш ва унга далиллар келтиришдан нарига ўтмайди.

Ҳолбуки, бунинг ўзи кифоя қилмайди, балки улуҳият тавҳиди бўлиши зарур. Аллоҳ таоло: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Тоғут (Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар бир нарса) дан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36) дейди ва одамларни Аллоҳнинг ибодатига, яъни улуҳият тавҳидига буюради. Яна У зот шундай дейди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Менгина Ҳақдирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25), «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36).

Барча оятлар улуҳият тавҳидига буюради ва унга чорлайди. Барча пайғамбарлар улуҳият тавҳидига даъват қилганлар, умматларини унга буюрганлар ва ширкдан қайтарганлар. Тавҳиддан асосий мақсад ва ғоя ҳам шу ўзи аслида. Исм ва сифатлар тавҳидига келсак, жаҳмийя, муътазила ва ашъарийлар каби бидъат аҳли уни ўзаро баъзи фарқлар билан инкор қилишган.

«Аллоҳнинг тавҳиди хусусида Аллоҳ тавфиқи ила эътиқод қилиб айтамизки – яъни аҳли сунна вал-жамоа айтадики – : Аллоҳ якқадир, Унинг шериги йўқдир» дейди муаллиф.

Ақида ва тавҳиднинг маъноси бир, хоҳ ақида деб, хоҳ тавҳид деб, хоҳ иймон деб номлансин, номлари турлича бўлгани билан маъноси биттадир.

«Аллоҳ тавфиқи ила» деган сўзларидан мурод – Аллоҳ азза ва жаллага таслим бўлиш, Унга тазарруъ қилиш, куч-қувватни фақат Унга хослашдир. Инсон ўзига юқори баҳо бермаслиги, балки «Аллоҳнинг тавфиқи билан», «Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан», «Аллоҳнинг қудрати билан» демоғи лозим, уламолар раҳимаҳумуллоҳнинг одоблари шундай.

«Аллоҳ якқадир, Унинг шериги йўқдир» - Тавҳид шудир, У зот Ўзининг рубубиятида ягона, улуҳиятида ягона, исм ва сифатларида ягона.

 

2.            ولا شَيْءَ مِثْلُهُ

 

2. Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ.

 

Бу Аллоҳ таолонинг: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир» (Шуро: 11), «Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 4), «Бас билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг» (Бақара: 22), «Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)» (Марям:65) оятларидан олинган. Зеро, маҳлуқотга ўхшатилиш ва тенглаштирилиш Аллоҳ таоло шаънига муносиб эмас.

Маҳлуқотидан ҳеч бирови У зотга ўхшаш эмас. Аллоҳ таоло учун У зот Ўзига исбот қилган нарсани исбот қилишимиз ва шундай эътиқод қилишимиз, маҳлуқотидан биронтасини Унга ўхшатмаслигимиз, тенг кўрмаслигимиз вожиб. Бунда Аллоҳ таолони маҳлуқотига ўхшаш деб эътиқод қиладиган ва ҳолиқ билан маҳлуқ ўртасини фарқламайдиган ботил мазҳаб эгалари мушаббиҳа (Аллоҳнинг сифатларини маҳлуқларникига ўхшаш деб эътиқод қиладиган ташбеҳ аҳли)га раддия бор.

Унинг муқобилида Аллоҳни поклаймиз деб ғулув кетиб қолган ва ташбеҳ аҳлидан бўлиб қолишдан қочиб ҳатто Аллоҳ таоло Ўзига исботлаган исм ва сифатларни ҳам У зотга нисбатан рад қиладиган муъаттила (таътил аҳли, Аллоҳни айбу нуқсонлардан поклаш даъвоси билан Унинг собит исм-сифатларини йўққа чиқарувчи) лар туради.

Ҳар икки тоифа аҳли ғулув кетди (ҳаддан ошди), таътил аҳли (йўққа чиқарувчилар) поклашда ва ўхшашни рад қилишда ғулув кетди, ташбеҳ аҳли (ўхшатувчилар) исботда ғулув кетди. Аҳли сунна вал-жамоа ўрта йўлни тутди. Улар Аллоҳ таоло Ўзига исботлаган нарсаларни Унинг жалолати-буюклигига муносиб равишда, ташбеҳсиз ва таътилсиз, Аллоҳ таолонинг Ўзи: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир, У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шуро: 11) деганидек Унга исботладилар, «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир» ибораси ташбеҳни рад қилади, «У эшитувчи ва кўриб турувчидир» ибораси эса таътилни рад қилади. Бу аҳли сунна вал-жамоа ушлаган мазҳабдир.

Шунинг учун айтиладики: «Муаттил йўқ нарсага ибодат қилади, мушаббиҳ бут-санамга ибодат қилади, муваҳҳид эса Ягона ва Сомад (беҳожат зот)га ибодат қилади».

 

3.               ولا شَيْء يُعْجِزُهُ

 

3. Уни ҳеч нарса ожиз қолдирмайди.

 

Бу У зотнинг мукаммал куч-қудратини исботлашдир.

Аллоҳ таоло айтади:

«У ҳамма нарсага ўта қодирдир» (Моида: 120).

«Аллоҳ ҳамма нарсага қодир бўлган зотдир» (Каҳф: 45).

«Зотан У билим ва қудрат эгаси бўлган зотдир» (Фотир: 44).

У зот ўта қудратли, Унинг қудратини ҳеч ким ва ҳеч нарса ожиз қила олмайди, У бир нарсанинг бўлишини истаса: «Бўл!», деса кифоя, у ўша заҳоти вужудга келади.

Ушбу иборада Аллоҳ азза ва жалланинг қудратини, унинг бепоёнлигини ва ҳамма нарсага етишини исботлаш бордир.

Аммо айримлар айтадиган: «Аллоҳ хоҳлаган нарсасига қодир» деган сўз хато, чунки Аллоҳ қудратини хоҳиш-истагига боғлаб қўймаган, балки У зотнинг Ўзи: «У ҳамма нарсага ўта қодир» демоқда. Шундай экан, сиз ҳам Унинг Ўзи айтган иборани айтишингиз тўғри бўлади. Ҳалиги иборани улар Аллоҳ таолонинг: «Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда (Аллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар Унинг (қудрати илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга қодирдир» (Шуро: 29) деган сўзидан олиб айтишади. Бироқ, бу уларни йиғиб олишнинг келажакда У зот тарафидан тайин қилинган маълум вақти бор, ўша вақт келганда Аллоҳ таоло уларни йиғиб олишга қодир, деганидир.

 

4.               ولا إِلهَ غَيْرُهُ

 

4. Ундан ўзга барҳақ илоҳ-маъбуд йўқ.

 

Агар « «لا معبود إلا هو «Ундан ўзга маъбуд йўқ» десак, бу хато бўлади. Чунки дунёда Аллоҳ таолодан бошқа маъбудалар кўп. « «لا معبود إلا الله «Аллоҳдан бошқа маъбуд йўқ», десак барча маъбудаларнинг ўзи Аллоҳ, деган бўламиз. Бу эса ваҳдатул-вужуд мазҳабининг сўзидир. Уни айтаётган киши шундай эътиқодда айтаётган бўлса, у ваҳдатул-вужуд аҳлидан бўлади. Агар ундай эътиқодда айтмаётган бўлса, бировдан эшитиб, тақлидан айтаётган бўлади. У ҳолда хато қилган бўлади ва унинг хатосини тузатиш лозим бўлади. Айримлар намознинг бошлаш-истифтоҳ дуосида: «Вала маъбуда ғойрук» «Сендан ўзга маъбуд йўқ» дейишади. Аслида, Аллоҳ таоло барҳақ (ҳақиқий) маъбуд, ўзга маъбудлар эса ботил маъбудлардир. Аллоҳ таоло айтади: «Бунга (яъни Аллоҳ мазлумга ёрдам қила олишига) сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётганлар эса ботилнинг ўзи экани, ҳамда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир» (Ҳаж: 62).

(Аммо истифтоҳ дуосида «вала илаҳа ғойрук» дейилса бўлаверади. Бу ерда «илаҳа» калимаси ўрнига «маъбуда» калимасини қўйиб айтиш ҳақида гап кетган. Буни яхши фикрланг. Исломнуридан) 

5.               قَدِيمٌ بِلا ابْتِدَاءٍ، دَائِمٌ بِلا انْتِهَاءٍ

 

5. У ибтидосиз «Қадим» ва интиҳосиз «Доим» (ҳамиша мавжуд) Зотдир.

 

Бунга Аллоҳ таолонинг: «У Аввалдир, охирдир, Зохирдир, Ботиндир.» (Ҳадид: 3) ояти ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сен Аввалсан, Сендан аввал бирон нарса йўқ, Сен охирсан, Сендан сўнг бирон нарса йўқ» деган сўзлари[5] далил бўлади.

Лекин «қадим» калимаси фақат Аллоҳ азза ва жалла ҳақида хабар бериш учунгина истеъмол қилинади, У зотни бундай исм билан аталмайди, чунки Унинг исмлари ичида «Қадим» эмас, «Аввал» исми келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: «Сен Аввалсан, Сендан аввал бирон нарса йўқ», деганлар.

Лекин муаллиф бунинг эҳтиётини қилиб: «Ибтидосиз қадим» деган, агар мутлақ «қадим» дебгина қўйганида маъно тўғри бўлмас эди.

 

6.             لا يَفْنَى ولا يَبِيدُ 

 

6. У фоний эмас ва ҳалок бўлмайди.

 

Фонийлик ва ҳалок бўлиш бир маънода. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло абадий ва боқий ҳаёт билан сифатланувчи Зотдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг!» (Фурқон: 58).

Аллоҳга фонийлик етмайди. Аллоҳ таоло айтади:

«Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир)» (Қасас: 88).

«(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Пар­вардигорингизнинг юзи Ўзигина боқий мангу қолур» (Ар-Раҳмон: 26, 27).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мангу ва боқийдир. Маҳлуқотлар ўладилар, кейин қайта тирилтириладилар. Улар аввалда йўқ эдилар, Аллоҳ субҳанаҳу уларни яратди, кейин ўладилар, кейин яна Аллоҳ субҳанаҳу уларни қайта тирилтиради.

Аллоҳ таоло ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам йўқ бўлган Зотдир.

 

7.            وَلا يَكُونُ إِلاَّ مَا يُرِيدُ

 

7. Фақат У хоҳлаган нарсагина бўлади.

 

Бунда қадарни исботлаш ва Аллоҳнинг иродасини исботлаш бордир. У зотнинг мулкида ва У зотнинг маҳлуқотида фақат У кавний ирода[6] билан ирода қилган ҳодиса ва воқеалар содир бўлади: «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ёсин: 82). Ҳар бир яхшилик ва ҳар бир ёмонлик Аллоҳнинг кавний иродаси билан бўлиб, Унинг иродасидан ташқари эмас. Бунда қадарни инкор қилувчи ва банда ўзининг феълини ўзи яратади ва вужудга келтиради, деб даъво қилувчи қадарийларга раддия бор. Аллоҳ улар айтаётган нарсалардан олийдир. Уларнинг бу сўзлари Аллоҳни ожиз санаш  ва Унинг маҳлуқотида У хоҳламаган нарсалар ҳам бўлаверади, дейишдир, бу эса У зотни нуқсон билан сифатлашдир. Аслида, борлиқдаги ҳар бир яхши иш ҳам, ёмон иш ҳам Унинг иродаси билан бўлиб, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ҳикмат учун яратади. Ёмонлик У зотнинг яратиши жиҳатидан ёмонлик эмас, чунки унинг остида катта ҳикмат ва улкан мақсад бор, яъни у синов ва имтиҳон учун, пок ва нопокни ажратиш учун, яхши амалларга мукофот ва ёмон амалларга жазо берилиши учундир, бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг етук ҳикматлари мавжуд, У бу нарсаларни бекорга яратмаган.

 

8.                لا تَبْلُغُهُ الأَوْهَامُ ولا تُدْرِكُهُ الأَفْهَامُ

 

8. Унинг ҳақиқатига гумону ҳаёллар етолмайди, Унинг моҳиятини ақл идроқ қилолмайди.

 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони тўлалигича билиш ва идроқ қилиш имконсиз, У зот барча нарсадан буюкдир: «У зот уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110). Аллоҳ таолони таниш мумкин, бироқ У зот субҳанаҳу ва таолони тўлалигича билиш имконсиз, У ҳамма нарсадан катта, Уни фикр билан тасаввур қилишнинг иложи йўқ, инсон Аллоҳ ҳақида фақат Унинг Ўзи ёки пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам У ҳақда айтган нарсаларнигина айтиши лозим.

 

9.               ولا يُشْبِهُهُ الأَناَمُ

 

 9. У маҳлуқларга ўхшамайди.

 

Бу юқорида ўтган «Унга ўхшаш ҳеч нарса йўқ» иборасига ўхшагандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло маҳлуқотларга ўхшашдан олий ва покдир: «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир, У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шуро: 11), «Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 4). Гарчи Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исм ва сифатлари маҳлуқотларининг исм ва сифатларига лафз ва маънода ўхшаш эса-да, ҳақиқатда ва кайфият жиҳатидан улар ўртасида ҳеч қандай ўхшаш мавжуд эмас.

 

10.             حَيٌّ لا يَمُوتُ

 

 10. Ўлмайдиган тирикдир.

 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мангу тирикдир. Унинг тириклиги на бир нуқсон ва на уйқу олмас комил ҳаётдир: «Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай барҳақ маъбуд йўқ. Фақат Унинг ўзи ҳақдир. У тирик ва абадий турувчидир. Уни на мудроқ, на уйқу олмайди» (Бақара: 255), «Ва ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг» (Фурқон: 58). Унинг ҳаёти комил ҳаёт бўлиб, Ўзига уйқу ва мудроқ етишини рад этди[7], Ўзига ўлим келишини рад этди[8]. Уйқу, мудроқ ва ўлим тирикликдаги нуқсон бўлиб, улар маҳлуқлар сифатидан. Маҳлуқлар тириклиги ноқис, улар ухлайдилар, ўладилар.

Уйқу маҳлуқнинг ҳаққида комиллик, ҳолиқнинг ҳаққида эса нуқсондир. Чунки, ухламайдиган одамни касалликка чалинган деб эътибор қилинади. Бу эса ҳолиқнинг сифатлари билан маҳлуқнинг сифатлари ўртасидаги фарқни кўрсатади. «Тирик ва абадий турувчи» деган икки сифат Аллоҳ таолонинг «... У тирик ва абадий турувчидир» (Бақара: 255) оятидан олинган.

 

11.         قَيُّومٌ لا يَنَامُ

 

11. Ухламайдиган қайюмдир.

 

Қайюм – ўзи турувчи ва ўзгаларни тургизувчи деганидир. У Ўзи абадий турувчи, бирон нарсага муҳтож эмас, барча нарсадан беҳожат. Бошқаларни ҳам тургизиб, тутиб турувчи, ҳамма нарса Унга муҳтож ва ўзининг туришида Унинг тургизишига эҳтиёжли. Агар осмонлару ерни ва барча маҳлуқотни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тутиб турмаса эди, улар вайрон ва йўқ бўлиб кетган бўларди. Бироқ, уларни Аллоҳ таоло тутиб туради, асрайди ва уларга салоҳият (яроқлилик) бахш этиб туради. Демак, барча маҳлуқот Унга муҳтож: «Албатта Аллоҳ осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки агар улар қуласалар, У зотдан сўнг (яъни Аллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас» (Фотир: 41).

 

12.           خَالِقٌ بِلا حَاجَةٍ، رَازِقٌ بلا مُؤْنَةٍ

 

12. Бирон ҳожати бўлмай туриб яратувчи ва қийинчиликсиз ризқ берувчидир.

 

У маҳлуқотларни яратди, аслида уларни яратишга Унинг ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ эди. Уларни фақат Ўзининг ибодати учун яратди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зарият: 56). Маҳлуқотларга бирон ҳожати борлиги учун, улардан мадад, ёрдам ва кўмак олиш учун ёки уларнинг ҳимоясига муҳтож бўлгани учун яратмади, балки фақат Ўзига сиғинишлари учунгина яратди. Улар ўзларини Аллоҳга боғлайдиган, тилакларини Унга етказадиган ибодатга муҳтожлар. Ибодат банда билан Робби ўртасидаги алоқа воситаси бўлиб, у бандани Роббига яқинлаштиради ва у сабабли Аллоҳнинг ажру мукофотларини қўлга киритади. Демак, ибодатга маҳлуқотлар муҳтож, Аллоҳ азза ва жалланинг унга ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ. «Агар сизлар ўзингиз ва Ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсалар ҳам (Аллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Аллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) беҳожат, ҳамду сано эгасидир» (Иброҳим: 8), «Агар сизлар кофир бўлсангизлар, бас албатта Аллоҳ сизлардан беҳожатдир» (Зумар: 7).

У қийинчиликсиз ризқ берувчи, яъни бандаларига бераётган ризқи Унинг мулкидан бирон нарсани камайтиролмайди.

 

13.            مُمِيتٌ بلا مَخَافَةٍ

 

13. Қўрқмасдан жон олувчидир.

 

Яъни, жонзотларнинг ажаллари етганда улардан қўрққанидан эмас, балки Ўзининг ҳикматига биноан уларни вафот эттиради. Чунки дунё ҳаётининг ниҳояси бор, охират ҳаёти эса бениҳоядир. Маҳлуқотларни ўлдириши улардан (бирон зарар етиб қолишидан) қўрққанидан ёки улар(нинг ишларини бошқариш)дан дам олиш учун эмас. Гарчи У зотга кофир бўлишса-да, уларнинг куфрлари билан У ҳеч қандай зарар кўрмайди, аксинча фақат уларнинг ўзлари зиён қилишади. Бироқ, шундай бўлса-да, У зот уларнинг тавбалари билан хурсанд бўлади. Чунки, У уларга фақат яхшилик истайди. Шунинг учун уларнинг тавбаларига асло эҳтиёжи бўлмаса ҳам, уларга меҳрибонлиги туфайли тавба қилишларидан хурсанд бўлади.

 

14.         باعِثٌ بلا مَشَقَّةٍ

 

14. Машаққатсиз қайта тирилтирувчидир.

 

Бу Аллоҳ қудратининг ажойиботлариданки, У маҳлуқотларни ўлдиради, улар йўқ бўлиб, тупроққа айланиб кетишади, ҳатто жоҳил одам: энди улар яна қайта одам шаклига келишлари асло мумкин эмас, деб ўйлайди. Лекин Аллоҳ азза ва жалла уларни қайтадан тирилтиради ва янгитдан яратади. Бунинг У зот учун ҳеч қандай машаққатли жойи йўқ. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (қиёмат кунида) қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни шу қадар осондир)» (Луқмон: 28), «У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш — тирилтириш) У зотга жуда осондир. Осмонлар ва ердаги энг юксак ҳислат (яъни Яккаю-Ягоналик) Уникидир. У қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Рум: 27).

Мушриклар қайта тирилишни ақлдан узоқ санаб, инкор қилишди. Аллоҳ таоло айтади: «У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча маҳлуқотни билувчидир» (Ёсин: 78, 79).

Даставвал, умуман вужуди бўлмаган нарсани Аллоҳ таоло йўқдан бор қилди. Йўқдан бор қилган Зот уни яна қайта вужудга келтиришга қандай қодир бўлмасин?! Бу ақл тарозусига солиб кўрилгандаги гап. Аслида, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қудрати маҳлуқотига қараб ўлчанмайди. Бу бир мисол тариқасида келтирилди, холос: «Энг юксак ҳислатлар Уникидир» (Рум: 27). Анави инкор қилувчи кимса ўзининг аввалда йўқдан бор бўлганини унутди: «Аниқки, инсоннинг устига замондан у тилга олгулик бир нарса бўлмаган вақт-муддат ҳам келгандир» (Инсон: 1). Аллоҳ уни йўқликдан вужудга келтирди. Унинг Ўзи сочилиб кетган суякларни, майдаланиб кетган этларни, тўзиб кетган соч-тукларни, тупроққа айланиб кетган таналарни аввал қандай бўлса, ўшандай ҳолга қайтаради:

«Унинг оятларидан (яна бири) – осмон ва ер У зотнинг амри билан (фазода муаллақ) туришидир. Сўнгра (қиёмат қойим бўлганида) У сизларни (ётган) ерларингиздан бир бор чақириши билан барчангиз бирдан (ҳисоб-китоб учун) чиқарсизлар» (Рум: 25).

«Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар: 68). Биринчиси барча жонзотни жонсиз қиладиган чалиниш бўлса, иккинчиси қайта тирилтириш чалинишидир.

«(Қиёмат соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари ҳузурига (ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар. Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?» деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса (Қиёмат)дир»» (Ёсин: 51, 52).

Аллоҳ ҳамма нарсага қодир. Бу Аллоҳ таолони ўликларни тирилтиришдан ва аввал қандай бўлган бўлсалар шу ҳолга қайтаришдан ожиз санайдиган кофирларга раддиядир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Инсон Бизни унинг (чириб, тупроққа айланиб кетган) суякларини ҳаргиз тўплай олмас, деб гумон қилурми?! Йўқ, Биз унинг бармоқ (уч) ларини (ҳам) тиклаб-жойига келтиришга қодир бўлган зотдирмиз!» (Қиёмат: 3, 4).

«У Кунда улар гўё (ўзлари сиғинадиган) бутларга қараб чопишаётгандек шошилган, кўзлари (қуйига) эгилган, хорлик уларни ўраб-эгаллаб олган ҳолларида қабрларидан чиқиб келурлар!» (Маориж: 43).

Бу Аллоҳнинг қудрати, иродаси, хоҳиш-истагидир, Уни ҳеч ким ва ҳеч нарса ожиз қолдиролмайди. Лекин айрим жоҳиллар Аллоҳни маҳлуқотларга қиёслаб туриб, қайта тургизишни ақлдан узоқ санашади, чунки уларнинг назарида бу имконсиз иш саналади. Улар Аллоҳнинг қудратига назар қилишмайди, Аллоҳни лойиқ суратда қадрламайдилар. Бу эса Аллоҳ азза ва жаллани билмаслик натижасидир.

 

15.         ما زالَ بِصِفاتِهِ قَدِيمًا قَبْلَ خَلْقِهِ

 

15. Маҳлуқотни яратишдан аввал ҳам барча сифатлари Аллоҳда бор эди.

 

Юқорида мусаннифнинг «Ибтидосиз қадим», ҳеч бир нарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан аввал эмас, деган сўзи ўтди. Бунинг маъноси шуки, У комиллик сифатлари билан сифатланган, Унинг сифатлари азалий ва абадий. У бошланишсиз Аввал бўлганидек, Унинг сифатлари ҳам худди шундай, улар ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг авваллигидек аввалдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло залолат аҳли даъво қилганидек, сифатларсиз Аввал бўлиб, сифатлари кейин пайдо бўлган эмас. Улар айтишадики: «Азалда Унинг сифатлари бўлган эмас, улар кейинчалик бўлган. Агар шундай демасак, маъбудлар – ёки қадимлар – бир нечта бўлишига тўғри келиб қолади ва исму сифатлар Аллоҳга аввалликда шерик бўлиб қолади». Биз айтамиз: «Ё субҳаналлоҳ! Бу даъводан Аллоҳ таоло бир қанча вақт ноқис бўлган-у, кейин исму сифатлари пайдо бўлиб, комил бўлган, деган гап келиб чиқади. Аллоҳ улар айтаётган нарсалардан олийдир! Сифатларнинг қадим бўлишидан бир неча Робларнинг қадимлиги келиб чиқмайди. Чунки, сифатлар фақат мавсуфда (яъни сифат эгасида)  бор бўлган маънолардир, мавсуфдан мустақил алоҳида нарсалар эмас. Агар масалан, «Фалончи эшитувчи, кўрувчи, олим, фақиҳ, луғатшунос, наҳвшунос» дейилса, бундан битта инсон бир неча шахслар бўлиб қолгани тушуниладими?! Залолат аҳли даъво қилганидек, сифатларнинг бир қанча бўлишидан мавсуфнинг бир нечталиги келиб чиқмайди!».

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотининг бошланиши бўлмаганидек, Унинг сифатларининг ҳам бошланиши бўлмаган, У доимо ва абадий ҳолиқ-яратувчи деб сифатланади.

У зотнинг феъллари эса нав жиҳатидан қадим, бирма-бир бўлиши жиҳатидан ҳодис (янгиланиб турувчи)дир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ундан калом содир бўлмасидан аввал ҳам мутакаллим (сўзловчи) эди, яратиши содир бўлмасидан туриб ҳам яратувчи эди. Унинг гапириши ва яратиши эса янгиланиб тураверади, ва ҳоқазо.

 

16.         لَمْ يَزْدَدْ بِكَوْنِهِمْ شَيْئًا لَمْ يَكُنْ قَبْلَهُمْ مِنْ صِفَتِهِ

 

16. Уларнинг яралиши билан Унга аввал Ўзида мавжуд бўлмаган бирор сифат қўшилиб қолгани йўқ.

 

Яъни, У маҳлуқотларни яратмасидан аввал қандай сифатлар эгаси бўлса, кейин ҳам ўша сифатларига бирон бошқа сифат қўшилиб қолмаган. Маҳлуқотларни яратганидан кейин ҳолиқ бўлди, деб айтилмайди. Балки, У азалдан ҳолиқ – яратувчи эди, унинг бошланиши бўлмаган. Яратишлиги эса янгиланиб тураверади.

 

17.         وَكَمَا كَانَ بِصِفَاتِهِ أَزَلِيًّا، كَذَلِكَ لا يَزَالُ عَلَيْهَا أَبَدِيًّا.

 

17. Барча сифатлари Аллоҳда азалдан бор бўлгани каби, улар Унда абадий мавжуд бўлиб қолади.

 

У Ўзининг барча сифатлари билан азалдан мавсуф бўлган, яъни уларнинг бошланиши бўлмаган. Худди шунингдек, барча сифатлари келажакда ҳам тоабад У билан бирга қолади. У Ўз сифатлари билан бирга бениҳоя абадийдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Сен (исм ва сифатларинг билан) охирсан, Сендан сўнг ҳеч нарса йўқ». Ушбу сифатлари келажакда Ундан ажралади, деб айтиш жоиз эмас, балки улар У билан абадий биргадир.

 

18.        لَيْسَ بَعْدَ خَلْقِ الْخَلْقِ اسْتَفَادَ اسْمَ "الْخَالِقِ"

 

18. «ҳолиқ» (Яратувчи) номини маҳлуқотни яратгандан сўнг олгани йўқ.

 

Бу юқоридаги гапнинг изоҳи ва такроридир.

 

19.        ولا بِإِحْدَاثِهِ الْبَرِيَّةَ اسْتَفَادَ اسْمَ "الْبَارِي"

 

19. Борлиқни яратмай туриб ҳам «Борий» (Бор қилувчи) исми бор эди!

 

Борий ҳам яратувчи маъносида бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг исмларидан. У зот маҳлуқотларни яратди ва бор қилди. Бу исм У зотда азалдан, бошланишсиз биргадир.

 

20.           لَهُ مَعْنَى الرُّبوبِيَّةِ ولا مَرْبوبَ ، ومَعْنَى الْخَالِقِ وَ لا مَخْلوقَ

 

20. Ҳеч қандай марбуб бўлмаганда ҳам рубубият (парвардигорлик) сифати Унда мавжуд эди ва ҳеч қандай маҳлуқ бўлмаган ҳолда ҳам ҳолиқлик-яратувчилик сифати Унга собит эди.

 

У марбублар, яъни парваришга муҳтож маҳлуқот ва мавжудотлар вужудга келишларидан олдин ҳам Роб – парвардигор эди. Парвардигор маъноси – молик, тасарруф қилувчи, ислоҳ қилувчи, хожа, тарбият қилувчи деганидир. Ушбу сифатлар Унинг зотига азалий ва абадий лозим, марбублар вужудга келишидан олдин ҳам, улар йўқ бўлиб кетганидан кейин ҳам биргадир.

 

21.         وَكَمَا أَنَّهُ مُحْيِي الْمَوْتَى بَعْدَ مَا أَحْيَا اسْتَحَقَّ هَذا الاِسْمَ قَبْلَ إِحْيَائِهِمْ، كَذَلِكَ اسْتَحَقَّ اسْمَ الْخَالِقِ قَبْلَ إِنْشَائِهِمْ

 

21. Аллоҳ Таоло ўликларни қайта тирилтиргандан сўнг ўликларни тирилтирувчи бўлса-да, уларни қайта тирилтиришдан аввал ҳам шу исмга ҳақли бўлган. Шунингдек, У маҳлуқларини яратмасдан аввал ҳам яратувчи исмига ҳақли бўлган.

 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло азалдан ўликларни тирилтирувчи, ҳаёт бахш этувчи ва ўлим берувчи деган сифатга эга. Ушбу сифат то ўликларни тирилтиргунига қадар йўқ бўлиб турмайди, балки Унда қадимдан ва азалдан мавжуд. Аммо ўликларни тирилтириши янгиланиб тураверади, Ўзи истаган пайт ҳаёт беради, ўлдиради.

 

22.         ذَلِكَ بِأَنَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

 

22. Чунки Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.

 

Бу Унинг азалий васфидир. У маҳлуқотларни яратганидан ва пайдо қилганидан кейингина қудратга эга бўлган, деб айтилмайди. Балки қодирлик Унинг азалий сифати. Маҳлуқотларни вужудга келтирганлиги Унинг ҳамма нарсага қодир эканининг асаридир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзини борлиғу йўқликдаги барча нарсалар устидан қодир, деб сифатлади, У Ўзининг қудратини бирон муайян нарсага чекламади. Уни ҳеч нарса ожиз қолдира олмайди, «У фалон нарсага қодир» деб чеклаш жоиз эмас. Шунингдек, «У Ўзи истаган нарсасига қодир» дейиш нотўғри бўлади. Чунки, бу мазмундаги оят Унинг самовот ва ер аҳлини Ўзи истаган пайт йиғиб-жамлашга қодир эканига хос: «Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда (Аллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар Унинг (қудрати илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга қодирдир» (Шуро: 29).

 

23.         وَكُلُّ شَيْءٍٍ إِلَيْهِ فَقِيرٌ

 

23. Барча нарса Унга муҳтождир.

 

Ҳеч бир нарса Аллоҳ таолодан беҳожат бўлиши имконсиз. Малоикалар бўлсин, самовоту ер бўлсин, инсу жинлар бўлсин, тоғу тошлар, денгиз ва қўллардан иборат жонсиз мавжудотлар бўлсин, барча-барчаси Аллоҳ таолога муҳтож: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзигина (барчадан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир: 15).

Хоҳ анбиё-ю авлиё бўлсин, хоҳ муқарраб фаришта бўлсин, Аллоҳдан беҳожат ва Унинг тасарруфидан ташқари бўлиши иложсиз. Кимда-ким авлиёларнинг ғайриинсоний қудратлари бўлади, улар коинотни бошқариб туришга эгалар деса, у кофир ва мушрикларнинг сўзини айтган бўлади.

Қубурий (яъни, қабрдагилардан мадад сўраш жоиз деб биладиган тоифа) уламоларидан бири тавҳид аҳлидан бўлган бир илмсиз кишига: «Сизлар: Авлиёлар фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайди, дейсизлар» деганида у: «Ҳа, биз улар фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайди, деймиз», дейди. У: «Ахир Аллоҳ таоло: «Аллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Аллоҳ Ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида ризқланиб турадилар» (Оли Имрон: 169) деб айтади-ку», дейди. Шунда у: «Хўп, Аллоҳ таоло: «Улар ризқланиб турадилар» деганми ёки «Ризқ бериб турадилар» деганми?» деб сўрайди. ««Ризқланиб турадилар» деган», деганида «Ундай бўлса, мен уларга ризқ бериб турган Зотдан сўраб қўя қоламан, улардан сўрамайман», деб жавоб беради. Илмсиз, бироқ тўғри табиатли бу кишининг жавобидан ҳалиги олим каловланиб қолади.


 

[1] Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ислом беш (асос) устига қурилган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» (Муттафақун алайҳ).

[2] Имом, аллома, буюк ҳофиз, Миср диёри муҳаддиси ва фақиҳи, ҳадис ва фиқҳ илмида забардаст олим, бу борада таълиф ва таснифлар қилган. Китобларини ўқиган киши унинг илмда тутган ўрнини ва билим доирасининг нақадар кенглигини билади. 321 ҳижрий санада вафот этган, Аллоҳ раҳмат қилсин. (Сияру аълам ан-нубалаи: 15/27-33).

[3] Бу киши имом, аллома, Садруддин Абул-Ҳасан Алий ибн Алоуддин Алий ибн Муҳаммад ибн Абул-Из ал-Ҳанафий ал-Азраъий ас-Солиҳий раҳимаҳуллоҳ бўлиб, заковатли ва зикр аҳли бўлган хонадонда улғайган, Ҳофиз Ибн Касирнинг шоғирди ва Ибн Таймия, Ибнул Қоййим раҳимаҳумулоҳ сўзларини қўллаб-қувватловчи бўлган.

[4] Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Абу Толиб бетобланди, шунда Қурайш унинг ҳузурига келди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уникига келдилар, Абу Толибнинг олдида бир кишилик жой бор эди, Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни у ерга ўтиришдан тўсиш мақсадида ўрнидан турди. Қурайш Абу Толибга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шикоят қилишди. Шунда у: «Эй жиян, қавмингиздан нима истайсиз?» деди. «Мен улардан фақат битта калимани айтишларини истайман, ўша сабабли араблар уларга бўйсунади, ажамлар уларга жизя (ўлпон) тўлайдиган бўлади», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Фақат битта калима-ми?», деб сўради Абу Толиб, «Ҳа, фақат битта калима – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» (бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ) дейишларини истайман». «Нима! битта маъбуд?! Бизлар бу ҳақда (яъни Аллоҳнинг яккаю ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат — динда(ги одамлардан ҳам, яъни Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш Насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир, холос», дейишди. Шунда улар ҳаққида «Сод» сурасининг 1-7 оятлари нозил бўлди «Термизий ривоят қилган ва «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган, шайх Аҳмад Шокир ҳам саҳиҳ санаган (2008).

[5] Имом Муслим ривояти (2713).

[6] Уламолар ирода сўзини икки маънога бўлиб тушунтирадилар: 1) Кавний қадарий ирода. Борлиқдаги яхши ва ёмон иш-ҳолатларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг мана шу иродасига кўра амалга ошади, бу ирода билан Аллоҳнинг ўша ишни яхши кўриши ё ёмон кўриши ўртасида мулозамат – алоқа йўқ. Балки, куфру иймон, тоату исёнлар, рози бўлинган ва яхши кўрилганлар ҳам, ёмон кўрилганлар ҳам унинг ичига кираверади. Бу иродадан ҳеч ким на ташқарига чиқа олади, на қочиб қутулади. 2) Аллоҳ яхши кўрган ва рози бўлган ишларга хос бўлган диний шаръий ирода. Аллоҳ таоло бандаларига буйруқларини шу иродага кўра қилади (тарж.).

[7] Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб, беш нарсани айтдилар: «Албатта Аллоҳ азза ва жалла ухламайди, ухлаш Унга муносиб эмас...» (Имом Муслим ривояти: 179).

[8] Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтардилар: «Эй Аллоҳ! Сенга бўйсундим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккул этдим, Сенга тавба қилдим, Сен учун (ёки Сенинг мададинг билан) талашдим-ёмон кўрдим. Эй Аллоҳ! Мен Сенинг азизлигингни, Сендан ўзга барҳақ маъбуд йўқлигини восита қилиб, мени адаштиришингдан паноҳ тилайман. Сен ўлмайдиган тирик зотсан, жинлар ва инсонлар ўладилар» (Имом Муслим ривояти: 2717).

Боши

| 1 | 2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 | 9 | 10 |

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ