Ислом Нури

 

Китоблар

 

РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ

 

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Ўттизинчи суҳбат: Ой сўнгидаги амаллар ҳақида

 

Азиз биродарлар! Рамазон ойи охирлаб, сафари яқинлашиб қолди. У ушбу ой мобайнида қилган амалларингиз устида ё фойдангизга ё эса зиёнингизга гувоҳ бўлиб турибди. Қай бир киши солиҳ амаллар қилган бўлса, бунинг учун Аллоҳга ҳамд айтсин ва чиройли ажру-савоблар билан хушхабарлансин. Зеро, Аллоҳ таоло яхши амал қилган кишининг ажрини асло зое қилмайди. Қай бир киши ёмон амаллар қилган бўлса, Аллоҳга холис тавба қилсин. Зеро, Аллоҳ таоло тавба қилган кишининг тавбасини қабул этади.

Аллоҳ таоло ушбу муборак ой якунида сизларни Ўзига яна-да яқин қиладиган, иймонларингизга иймон, амалларингизга ҳасанотларни зиёда қиладиган ибодатларни машруъ қилди.

Юқорида батафсил айтиб ўтганимиз фитр закотини машруъ қилди.

Шунингдек ойнинг сўнгги куни кун ботганидан бошлаб то ийд намози ўқилганича Уни улуғлашимизни, яъни Унга такбир айтишимизни машруъ қилди. Аллоҳ таоло айтади: «Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185). Такбир қуйидагича айтилади: «Аллоҳу акбар, аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, аллоҳу акбар, валиллаҳил ҳамд». Эркак кишилар масжидларда, бозорларда, уйларда Аллоҳнинг улуғлигини эълон қилиб, Унинг ибодати ва шукрини изҳор қилиб, овоз чиқариб такбир айтишлари суннатдир. Аёллар эса ичларида айтадилар. Чунки улар имкон қадар кўринмасликка ва овозларини махфий қилишга буюрилганлар. Одамларнинг Рамазон ойи сўнгида ҳамма жойларда Аллоҳни улуғлаб, Аллоҳнинг раҳматини умид қилиб, азобидан қўрқиб, баралла овозда такбир, ҳамд ва таҳлил билан уфқларни тўлдириб юборишлари нақадар гўзал ҳолат!

Аллоҳ таоло ҳайит куни ийд намози ўқишни бандаларига машруъ қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларининг эркагу-аёлига буни буюрдилар, у зотнинг буйруқларига итоат қилиш вожиб. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат этингиз ва пайғамбарга итоат этингиз!» (Муҳаммад: 33). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни ҳам – бошқа вақт уйларида ўқиган намозлари улар учун яхши бўлса-да – ийд намозига чиқишга буюрдилар. Бу эса унинг таъкидига далилдир. Умму Атийя розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга болиға қизлар, чимилдиқ соҳибалари ва ҳайзли аёлларни ҳам фитр ва қурбон ҳайити намозига олиб чиқишга, ҳайзли аёллар намозгоҳдан четланиб туришига ва яхшиликда ҳамда мўминларнинг дуоларида ҳозир бўлишларига буюрдилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, баъзиларимизнинг жилбоби (ўранчиғи) йўқ» деган эдим: «Дугонаси жилбобидан кийдирсин», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Рамазон ҳайитида намозга чиқишдан олдин учтами, бештами, кўпроқми, тоқ хурмо еб олиш суннат. Анас розияллоҳу анҳу айтганлар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр куни бир неча хурмо емагунларича намозга чиқмас эдилар, уларни тоқ ердилар» (Имом Бухорий ривояти).

Ожизлик ёки узоқлик каби узр бўлмаса, намозга яёв юриб чиқади. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтганлар: «Ийдга яёв юриб чиқиш суннатдир» (Имом Термизий ривояти).

Эркак кишилар ўзларига оро бериб, энг яхши кийимларини кийиб чиқишлари ҳам суннатдир. «Саҳиҳул Бухорий»да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Умар розияллоҳу анҳу бозорда сотилаётган ипак жуббадан биттасини олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга олиб келди ва: «Ё Расулуллоҳ, шуни сотиб олсангиз, ийд кунлари ва ҳузурингизга элчилар келганда кияр эдингиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Буни охиратда умуман насибаси бўлмаган одамгина кияди», дедилар. Буни фақат ипак бўлгани учунгина айтдилар. Эркак киши ипак кийим кийиши ва тилла тақиши жоиз эмас. Чунки бу иккаласи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эркак умматларига ҳаромдир.

Аёл кишилар ҳам ўзларига оро бериб чиқадилар, бироқ хушбўйланмайдилар, очиқ-сочиқ ҳолда чиқмайдилар. Чунки улар ўранишга буюрилганлар, зийнатларини кўрсатишдан ва хушбўйланиб чиқишдан қайтарилганлар.

Мўмин киши ийд намозини хушуъ ва дил ҳозирлиги билан адо этади, Аллоҳга кўп дуолар қилади, зикрлар айтади, раҳматини сўраб, азобидан паноҳ тилайди. Одамларнинг намозгоҳда тўпланишларини кўриб, қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида буюк ўринда тўпланишларини эсга олади, бу дунёда уларнинг ўртасидаги фарқларни кўриб охиратдаги буюк фарқланишни эсга олади. Аллоҳ таоло айтади: «(Бу дунёда) уларнинг бировларидан бировларини (ризқу мартабада) қандай устун қилганимизни кўринг! Шак-шубҳа йўқки, охират даражалари неча баробар улуғ ва афзалроқдир» (Исро: 21).

Аллоҳнинг Рамазонга етказганлик ва ундаги намоз, рўза, тиловат, садақа ва бошқа тоат-ибодатларга муваффақ этганлик неъматларига кўп хурсанд бўлсин. Чунки бу амаллар дунёдан ва ундаги барча нарсалардан афзалдир: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Аллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, Ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир» (Юнус: 58). Рамазонда иймон билан, ажр умидида тутилган рўза ва ўқилган тунги намозлар гуноҳлардан қутулиш ва уларнинг мағфират этилишига сабаб бўлади. Мўмин киши рўза ва тунги намозларни мукаммал адо этиши сабабли гуноҳлардан фориғ бўлганига хурсанд бўлади, иймони заиф киши эса ўзи учун оғир юк бўлиб кўринган рўзадан қутулганига хурсанд бўлади. Иккала хурсандчилик ўртасидаги фарқ еру-осмончадир.

Азиз биродарлар! Рамазон ойи ниҳоясига етган бўлса-да, мўмин банданинг амали то ўлгунча ниҳоясига етмайди.

Аллоҳ таоло айтади: «То сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр: 99).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда вафот этгач, унинг амали тўхтайди», деганлар, амалнинг тўхташ нуқтасини ўлим деб белгилаганлар.

Рамазон ойиинг рўзаси ниҳояланган бўлса, мўмин киши учун шу билан рўза ибодати бутунлай тамом бўлган бўлмайди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, рўза йил бўйи машруъ бўлиб қолаверади.

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шавволдан олти кунни эргаштириб (рўза тутиб) қўйса, умрбод рўза тутгандек бўлади» (Имом Муслим ривояти).

Ҳар ойдан уч кун рўза тутиш ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар ойдан уч кун (рўза тутиш) ва Рамазон кейинги Рамазонгача – бу умрбод рўза демакдир» (Имом Аҳмад ва Муслим ривоятлари).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дедилар: «Халилим  соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар  ойда уч кун рўза тутишни, (кунда) икки ракъат чошгоҳ намозини ҳамда ухлашдан аввал витр намозини ўқишни менга васият қилдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 Бу уч кун ой тўлган кунлар – ойнинг ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешинчи кунлари бўлиши афзал бўлади. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Абу Зар, бир ойдан уч кун рўза тутмоқчи бўлсанг, ўн уч, ўн тўрт, ўн бешинчи кунлари тутгин» (Имом Аҳмад, Насоий ривоятлари).

«Саҳиҳ Муслим»да ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни рўзаси ҳақида сўралганларида: «Ўтган ва келгуси йил гуноҳларига каффорат бўлади», дедилар, Ошуро куни рўзаси ҳақида сўралганларида: «Ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлади», дедилар, душанба куни рўзаси ҳақида сўралганларида: «Бу мен туғилган кун ва мен  пайғамбар қилиб юборилган кун», дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Рамазон ойидан кейинги энг афзал рўза қайси?» деб сўралганда: «Рамазон ойидан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг Муҳаррам ойи (ошуро) рўзасидир», деб жавоб берганлар (Имом Муслим ривояти).

«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Рамазон ойидан бошқа бирон ойни тўла рўза билан ўтказганларини кўрмадим, бирон ойда Шаъбондан кўра кўпроқ рўза тутганларини ҳам кўрмадим».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишга кўп эҳтимом берардилар» (Абу Довуддан бошқа барча беш имом ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Амаллар ҳар душанба, пайшанба кунлари (Аллоҳга) рўбарў қилинади. Менинг амалим рўзадор бўлган ҳолимда рўбарў қилинишини хоҳлайман» (Имом Термизий ривояти).

Рамазон ойининг тунги намозлари ниҳоясига етган бўлса, Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, тунги намоз йилнинг ҳамма кечаларида машруъ бўлиб қолаверади. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феъллари ва сўзлари билан собитдир.

«Саҳиҳул Бухорий»да Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозда туравериб, оёқлари ёки болдирлари шишиб кетарди. Бу ҳақда у зотга гапирилганда: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?!» дердилар».

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй одамлар, саломни ёйингиз, таом едирингиз, қариндошлар билан алоқа қилингиз, тунлари одамлар ухлаётганда намоз ўқингиз, жаннатга саломатлик ила кирасиз» (Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фарз намозидан кейинги энг афзал намоз кечаси туриб ўқиладиган намоздир» (Имом Муслим ривояти).

Тунги намоз икки ракъат-икки ракъатдан ўқилади, тонг отиб қолишидан қўрқса бир ракъат билан витр қилади. Хоҳласа, тўртинчи суҳбатда айтилгани каби ўқийди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Парвардигоримиз таборака ва таоло ҳар кеча кечанинг охирги учдан бири қолган пайтда дунё осмонига тушади ва: «Менга дуо қиладиган одам бормики, унинг дуосини ижобат қилсам?! Мендан сўрайдиган одам бормики, унинг сўровини берсам?! Мендан мағфират сўрайдиган одам бормики, унинг гуноҳларини кечирсам?!», дейди» (Муттафақун алайҳ).

Фарзларга тобеъ бўлган нафл намозлари ўн икки ракъатдир: тўрт ракъат пешиндан олдин ва икки ракъат кейин, шомдан кейин икки ракъат, хуфтондан кейин икки ракъат ва бомдоддан олдин икки ракъат. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир мусулмон банда бир кеча-кундузда фарздан ташқари ўн икки ракъат нафл намоз ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй қуриб қўяди»

Бир лафзда: «Ким бир кеча-кундузда ўн икки ракъат намоз ўқиса, у учун жаннатда бир уй бино қилинади» (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Китобида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида намозлардан кейин айтилувчи зикрларга ҳам буюрганлар.

Аллоҳ таоло айтади: «Намозни адо қилиб бўлганингиздан кейин ҳам турган, ўтирган ва ёнбошлаган пайтларингизда доим Аллоҳни ёд этингиз!» (Нисо: 103).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан салом берганларидан кейин уч бор истиғфор айтардилар ва: «Аллоҳумма антас-салам ва минкас-салам табарокта я зал-жалали вал-икром» дердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким ҳар намоздан сўнг 33 марта тасбеҳ, 33 марта ҳамд, 33 марта такбир айтса, сўнг юзинчисида «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр» деса гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса-да кечирилади» деганлар (Имом Муслим ривояти).

Биродарлар! Дунёда покиза ҳаётга эришиш, ўлимдан сўнг охират диёрида мўл-кўл ажрларга етишиш учун тоат-ибодатларни адо этишга ҳаракат қилингиз, гуноҳлардан тийилингиз. Аллоҳ таоло айтади: «Эркакми ё аёлми кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97).

 Эй Парвардигор! Бизларни иймон ва солиҳ амаллар устида барқарор қилгин, покиза ҳаёт ато этгин, охиратда солиҳлар билан жамлагин. Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

 

Рамазон суҳбатларидан ёзмоқчи бўлганларимиз шу билан ниҳоясига етди. Аллоҳ таолодан ушбу амалимизни Ўзи учун холис, Унга яқинлаштирувчи ва бандаларига манфаатли қилишини, дунё-ю охиратда бизлардан Ўз карамини дариғ тутмаслигини, ихтилофли ишларда Ўз изни билан ҳаққа йўллашини сўраймиз. Зотан, У Ўзи истаган кишисини тўғри йўлга йўллайди.

 

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин

29 муҳаррам 1396 ҳижрий йил.

 

Ўзбек тилига таржимаси 29 рамазон 1428 ҳижрий (11.10.2007) йил тугалланди. Таржима «Ислом нури» веб саҳифаси қошида амалга оширилди. Қуръон оятлари таржимасида Алоуддин Мансурнинг изоҳли таржимасидан фойдаланилди.

1-суҳбат 2-суҳбат 3-суҳбат 4-суҳбат 5-суҳбат 6-суҳбат
7-суҳбат 8-суҳбат 9-суҳбат 10-суҳбат 11-суҳбат 12-суҳбат
13-суҳбат 14-суҳбат 15-суҳбат 16-суҳбат 17-суҳбат 18-суҳбат
19-суҳбат 20-суҳбат 21-суҳбат 22-суҳбат 23-суҳбат 24-суҳбат
25-суҳбат 26-суҳбат 27-суҳбат 28-суҳбат 29-суҳбат 30-суҳбат

Мундарижа

 
◄◄◄Бошига қайтиш

Тамом

 ЮқоригаÎ