Ислом Нури

 

Китоблар

 

РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ

 

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Йигирма тўртинчи суҳбат: Аҳли жаннатнинг васфи ҳақида

 

Азиз биродарлар! Жаннат ва унинг ичидаги ноз-неъматлару шод-хуррамликлар васфидан бохабар бўлдингиз. Аллоҳга қасамки, амал қилувчилар у учун амал қилишига, мусобақалашувчилар унинг йўлида мусобақалашишига, инсон бутун умрини фақат унга етиш учун сарф қилишига ва бошқа барча нарсалардан бутунлай юз ўгиришига арзийди. Хўш, унга олиб борувчи йўл қайси, қандай амаллар билан унга етишиш мумкин? Аллоҳ таоло севикли пайғамбарига нозил қилган оятларда бу ҳақда баён қилган:

«Парвардигорин­гиз томонидан бўлгуси мағфиратга ҳамда тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган) жаннатга шошилингиз! (У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик килувчиларни севади. (У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган, — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир» (Оли Имрон: 133-135).

Мазкур оятларда жаннат аҳлининг бир неча сифатлари баён қилинди:

Биринчи сифат: «Тақводор — парҳезкор зотлар эса албатта боғлар ва чашмалар устидадирлар» (Ҳижр: 45). Улар Роббиларидан тақво қилувчи – қўрқувчи зотлардир. Яъни, У зотга тоат қилиб ва унинг савобини умид қилиб У буюрган ишларни қиладиган ҳамда У зотга тоат қилиб ва Унинг азобидан қўрқиб У қайтарган нарсалардан тийиладиган ва шу билан Унинг азобидан сақланиш сабабларини бажо келтирадиган кишилардир.

Иккинчи сифат: Яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган кишилар. Улар закот, садақа ва нафақаларни ўз ўринларига берадилар, жиҳод ва бошқа яхшилик ўринларига яхши кунларда ҳам, ёмон кунларда ҳам инфоқ-эҳсон қиладилар, яхшиликлар сероб ва мол-дунёлари кўпайган кунларда бахиллик ва молни яна-да кўпайтириш иштиёқи уларни инфоқдан тўсиб қолмайди, шунингдек бошларига келган қийинчилик ва оғир кунларда молга бўлган эҳтиёж уларни инфоқдан тўсиб қолмайди.

Учинчи сифат: Ғазабларини ичига ютадиган кишилар. Улар ғазаб келган пайтда унинг тизгинини қўйиб юбормайдилар, ғазаб сабабли бировларга тажовуз ва адоват қилишдан ўзларини тиядилар.

Тўртинчи сифат: Одамларнинг хато-камчиликларини афв этадиган кишилар. Улар ўзларига зулм ва тажовуз қилиб қўйган кимсаларни афв этадилар, ўч олишга қодир бўла туриб ўз шахсиятлари учун ўч олмайдилар. «Аллоҳ бундай яхшилик килувчиларни севади» оятида шунга ишора борки, афв қилиш унинг ортидан яхшилик ва ислоҳ вужудга келган пайтларда мақтовли сифат бўлиб, афв қилиш билан тажовузкор кимса ўз гуноҳида яна-да зиёда бўладиган ҳолларда у мақтовли сифат бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилувчиларни севмас» (Шуро: 40).

Бешинчи сифат: «(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган, — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир». Нолойиқ ишдан мурод – ноҳақ одам ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг пайти орқага қочиш, зино, ўғирлик каби гуноҳи кабиралардир. Ўзига зулм қилиш – бундан кўра умумийроқ маънода бўлиб, катта ва кичик гуноҳларни ўз ичига олади. Улар мана шундай ҳолатларга тушиб қолганларида ўзлари осий бўлаётган Зотнинг буюклигини эсга олиб, Ундан қўрқадилар, Унинг мағфирати ва раҳматини эсга олиб, унга эришиш сабабларини қилишга саъй-ҳаракат қиладилар. «Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур» оятида ишора борки, улар мағфиратни Аллоҳдан ўзгасидан талаб қилмайдилар, чунки гуноҳларни ёлғиз Унинг ўзи мағфират қилади.

Олтинчи сифат: Улар билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир. Улар қилаётган ишларининг гуноҳлигини, ўзлари осий бўлаётган Зотнинг буюклигини, Унинг мағфирати нечоғли яқинлигини билган ҳолларида унда давом этмайдилар, балки ундан тийилишга ва ундан тавба қилишга шошиладилар. Гуноҳларда била туриб қаттиқ туриш кичик гуноҳларни ҳам катта гуноҳларга айлантириб қўяди, киши бора-бора катта-катта гуноҳлардан ҳам тап тортмайдиган бўлиб қолади. Бу эса хатарли оқибатларга олиб боради. 

Аллоҳ таоло айтади:  «Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. Улар беҳуда – фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчи кишилардир. Улар закотни (адо) қилувчи кишилардир. Улар авратларини (ҳаромдан-зинодан) сақловчи кишилардир. Магар ўз жуфту-ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас улар маломат қилинмаслар. Энди ким шундан ўзгани (зино ва шу каби шариати Исломийяда ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир. Улар (яъни мўминлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳду паймонларига риоя қилувчи кишилардир. Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир. Ана ўшалар Фирдавс (жаннатига) меросхўр бўлувчи ворислардир. Улар ўша жойда мангу қолурлар». (Мўминун: 1-11).

Ушбу ояти карималар жаннат аҳли васфларидан бир неча васф-сифатни ўз ичига олган:

Биринчи васф: Мўминлар – яъни, Аллоҳга, Унинг малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтирган, иймонлари сўзда ҳам, амалда ҳам қабул ва бўйсунишни келтириб чиқарган кишилар.

Иккинчи васф: Улар намозларида хушуъ қилувчи, яъни қўрқув ва умид билан бўйин эгувчи кишилардир. Қалблари ҳозир, аъзолари сокин, намозда турганларида ўзларини Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида турганликларини, У зотга Унинг каломи билан хитоб қилишаётганини, Унинг зикри билан Унга қурбат-яқинлик ҳосил қилишаётганини, дуолар қилиш билан Унга илтижо қилишаётганини билиб, ҳис қилиб турадилар, зоҳиру ботинларида Унга хушуъ қиладилар.

Учинчи васф: Улар лағвдан – фойдасиз ва бирон яхшилиги бўлмаган, беҳуда сўз ва амаллардан юз ўгирувчи кишилардир. Улар жиддий ва матонатлари кучли бўлганидан қимматли вақтларини бефойда нарсаларга сарфламайдилар. Намозларини хушуъ билан муҳофаза этганлари каби вақтларини ҳам беҳуда зое бўлишдан асрайдилар. Бефойда нарсалардан юз ўгириш уларнинг сифатларидан бўлар экан, энди зарарли нарсалардан юз ўгиришлари албатта аниқдир.

Тўртинчи васф: Улар закотни адо қилувчи кишилардир. Закотдан мурод – молдан берилиши вожиб бўлган закот бўлиши ҳам мумкин, ёки бўлмаса нафсларини поклаб-тозалайдиган ҳар қандай сўзу иш бўлиши ҳам мумкин. (Чунки, «закот» луғатда «покланиш» маъносини англатади).

Бешинчи васф: Улар авратларини ҳаромдан – яъни, зинодан ва баччавозликдан сақловчи, бундай қабиҳ қилмишни Аллоҳга маъсият ва хулқий-ижтимоий тубанлик деб биладиган кишилардир. Авратни сақлаш маъноси бундан кўра умумийроқ нарсаларни ҳам ўз ичига олиши, кўзни тийиш ва қўл билан тегинишдан сақланиш маъноларига ҳам далолат қилиши мумкин.

«Энди ким шундан ўзгани истаса, бас ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир» ояти «махфий одат», «капаки», «онанизм» деб аталувчи, манийни сунъий йўл билан чиқаришнинг ҳаромлигига далил бўлади. Чунки, бу жуфти-ҳалоли ва қўл остидаги чўрисидан бошқа билан бўладиган ишдир.

Олтинчи васф: Улар ўзларига ишонилган омонатларга ва ўзгаларга берган аҳду паймонларига риоя қилувчи кишилардир. Ишониб топширилган ҳар қандай сўз, иш ва нарса омонатдир. Биров сизга сирини ишониб айтган бўлса, у сизга омонат қўйибди, ким сизнинг олдингизда кишилар назари тушишини истамайдиган бирон ишни қилган бўлса,  у сизга омонат қўйибди, ким сизга молини ишониб топширган бўлса, у сизга омонат қўйибди. Аҳд – инсон бошқа бировга берган ваъдадир, Аллоҳга назр қилиш ва одамлар орасида жорий бўлган аҳдлашувлар, келишув ва шартномалар ҳам шу жумладан. Жаннат аҳли ўзлари билан Аллоҳ ўртасидаги, шунингдек ўзаро одамлар ўртасидаги аҳд ва омонатларни адо этишга риоя қиладилар.

Еттинчи васф: Улар барча намозларини вақтида адо этувчи, уларга бепарво қараб, зое ва қазо қилишдан сақловчи кишилардир. Улар намозларни ўз вақтида, мукаммал кўринишда, барча шартлари, рукнлари ва вожиблари билан адо этадилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда аҳли жаннатнинг биз нақл қилгандан бошқа ҳам кўп-дан кўп васфларини зикр қилган, токи жаннатга етишишни истаган кишилар ўша сифатлар билан сифатлансинлар.

Бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадислар ҳам ривоят қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким илм излаб йўлга тушса, шу сабабли Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди» (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ у билан хатоларни ўчирадиган ва даражаларни кўтарадиган нарсага сизларни йўллаб қўяйми?» Саҳобалар: «Ҳа, йўлланг, ё Расулуллоҳ», дейишди. «Қийин пайтларда таҳоратни комил қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва бир намоздан сўнг кейинги намозни кутиш», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қай бирингиз таҳорат олса ва таҳоратини тўлиқ-комил қилса, сўнг: «Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу» деб айтса, унинг учун жаннатнинг саккиз эшиги очиб қўйилади. ҳалиги банда уларнинг хоҳлаганидан (жаннатга) киради» (Имом Муслим ривояти).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Ким муаззиннинг сўзларини чин дилдан қайтарса, у жаннатга киради» (Имом Муслим ривояти).

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳнинг розилигини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда у учун бир уйни бино қилади» (Муттафақун алайҳ).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Беш вақт намозни Аллоҳ бандаларга фарз қилди. Қай бир киши улардан бирортасини зое қилмай, ҳақларини камситмай адо этса, Аллоҳнинг зиммасида уни жаннатга киритиш аҳди бордир» (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ривоятлари).

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзини жаннатга олиб кирадиган амал ҳақида сўраганида у зот айтдилар: «Кўп сажда қил, чунки сен Аллоҳга бир бор сажда қилсанг, у сабаб Аллоҳ сени бар даража юксалтириб, битта хато-гуноҳингни ўчиради» (Имом Муслим ривояти).

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир мусулмон банда бир кеча-кундузда фарздан ташқари ўн икки ракъат нафл намоз ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй қуриб қўяди» (Имом Муслим ривояти). Ўн икки ракъатдан мурод – пешиндан олдинги тўрт ва кейинги икки ракъат, шомдан кейинги икки ракъат, хуфтондан кейинги икки ракъат ва бамдоддан олдинги икки ракъат намозлардир.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтдилар: Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, мени жаннатга киргизадиган ва жаҳаннамдан узоқлаштирадиган амални менга айтиб берсангиз» деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат, жуда улуғ нарса ҳақида сўрадинг, лекин Аллоҳ кимга бу амалларни енгил қилса, албатта улар жуда енгилдир. Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қиласан ва унга бирон нарсани шерик қилмайсан, намозни барпо қиласан, закотни ўтайсан, Рамазонда рўза тутасан ва қодир бўлсанг ҳаж қиласан», дедилар (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннатда «Райён» деб аталувчи бир дарвоза бор. Шу дарвозадан рўза тутувчи кишилар киради. Улардан бошқа ҳеч ким бу ердан кира олмайди. Уларнинг ҳаммалари кириб бўлгандан сўнг дарвоза ёпилади ва ҳеч ким у ердан киритилмайди» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умра кейинги умрагача ўртадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир» (Муттафақун алайҳ).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимнинг учта қизи бўлса, уларни паноҳига олиб, меҳр-шафқат кўрсатиб, парвариш қилса, унга албатта жаннат вожиб бўлади». «Ё Расулуллоҳ, иккита бўлса-чи?», деб сўралди. «Иккита бўлса ҳам», дедилар. Ровий айтади: «Агар: «Битта бўлса-чи?», деб сўралса: «Битта бўлса ҳам» десалар керак эди» (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннатга энг кўп киритадиган хислат ҳақида сўралган эди: «Аллоҳдан тақво қилиш ва чиройли хулқ», деб жавоб бердилар (Термизий, Ибн Ҳиббон ривоятлари).

Иёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жаннат аҳли учта: адолатли, садақа қилувчи ва тавфиқли султон; юмшоқ кўнгил, қариндошларига раҳмдил киши; иффатли, ўзини пок тутувчи, серфарзанд мусулмон» (Имом Муслим ривояти).

Азиз биродарлар! Юқорида зикр қилинган ҳадиси шарифлар жаннатга эришиш истагида бўлган кишиларга аҳли жаннат амалларидан кўпларини баён қилиб беради.

Аллоҳ таоло бизни ҳам, сизни ҳам мана шу йўлларни тутишга маяссар айласин ва улар узра собитқадам қилсин. Зеро, У Саховатли ва Соҳибкарам Зотдир.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
1-суҳбат 2-суҳбат 3-суҳбат 4-суҳбат 5-суҳбат 6-суҳбат
7-суҳбат 8-суҳбат 9-суҳбат 10-суҳбат 11-суҳбат 12-суҳбат
13-суҳбат 14-суҳбат 15-суҳбат 16-суҳбат 17-суҳбат 18-суҳбат
19-суҳбат 20-суҳбат 21-суҳбат 22-суҳбат 23-суҳбат 24-суҳбат
25-суҳбат 26-суҳбат 27-суҳбат 28-суҳбат 29-суҳбат 30-суҳбат

Мундарижа

◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ