Ислом Нури

 

Китоблар

 

РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ

 

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Йигирма биринчи суҳбат: Рамазон ойининг охирги ўн куни фазилатлари ҳақида

 

Азиз биродарлар! Мана Рамазон ойининг охирги ўн куни хам кириб келди. Бу кунлар ўзига хос хусусиятлар, фазилатлар ва кўпдан-кўп яхшиликлар ва ажрларга эгадир.

Бу кунларнинг хусусиятларидан бири шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунларда бошқа кунлардан кўра кўпроқ амал қилиб қолишга ҳаракат қилар эдилар.

«Саҳиҳ Муслим»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунида бошқа кунлардагидан кўра кўпроқ ибодат қилардилар».

«Саҳиҳайн»да келган хадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги ўн кунлик бошланса белларини боғлар, тунларини ибодат билан бедор ўтказар ва аҳли-оилаларини уйғотардилар».

«Муснад»да келган ҳадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалги йигирма кунда кечалари намоз ҳам ўқирдилар, ухлардилар ҳам. Охирги ўн кунлик бошланса енгни шимариб, белни (ибодатга) боғлардилар».

Ушбу ҳадислар  охирги ўн кунликнинг фазилатига далолат қилади, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа кунларга қараганда бу кунларда кўпроқ ибодат қилардилар, намоз, Қуръон тиловати, зикр, садақа ва бошқа ибодатлар билан машғул бўлардилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам белни боғлардилар, яъни намоз ва зикрга холи бўлиш учун аёлларидан четланардилар. Чунки у зот бу тунларнинг улуғлигидан ва иймон-ишонч ҳамда савоб умидида бедор бўлинса, Аллоҳ ўтган гунохларни кечирадиган Қадр кечасини талаб қилган ҳолда, қалблари, тиллари ва барча аъзолари билан бу тунларни қироат ва зикр билан бедор ўтказардилар. Аммо Оиша розияллоҳу анҳонинг: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тонггача қоим бўлганларини билмайман», деган сўзлари, фақат намоз билан тунни бедор ўтказишга нисбатандир. Охирги ўн кунлик кечаларида эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр, тиловат, намоз, саҳарлик ва булардан бошқа ибодатлар билан бедор бўлардилар. Юқоридаги ҳадисларни шундай жамласа бўлади, валлоҳу аълам.

Охирги ўн кунликнинг фазилатига далолат қиладиган амаллардан яна бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли-оилаларини уйғотишларидир. Бу муборак кечаларни ғанимат билиб, уни зикр, намоз ва бошқа ибодатлар билан ўтказиш учун аҳли-оилаларини уйғотардилар, чунки бу кунлар Аллоҳ таоло берган бир имкониятдир. Оқил киши берилган бу қимматли имкониятни қўлдан бермай, ўзи ва аҳли-оиласи учун фойда олмоғи зарур, чунки бу кунлар саноқли, ўткинчидир. Банда бу кунларда Аллоҳ таолонинг фазлига сазовор бўлиб, бу билан икки дунё саодатини қўлга киритиши мумкин.

Афсус надоматлар бўлсинки, кўпчилик мусулмонлар бу қимматли кунларни ўзларига фойдасиз ишлар билан, кечаларни лаҳв-ботил нарсалар билан ўтказиб, таҳажжуд вақти келганда эса уйқига ғарқ бўлиб ўзлари учун кўп яхшиликларни ўтказиб юбормоқдалар. Балки бу йилдан сўнг келгуси Рамазонга етиб бормаслар. Шайтон уларни алдаб, Аллоҳнинг йўлидан тўсиб, ўзининг макр-хийласи билан уларни ўйнатаётганини билсинлар. Аллоҳ таоло деди: «Аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (бу Тўғри йўлдан оздира олурсан)» (Ҳижр: 42). Оқил киши Аллоҳни қўйиб, душманлигини билиб туриб шайтонни ўзига дўст қилиб олмайди, зеро бу ақл ва иймонга зиддир. Аллоҳ таоло деди: «Энди сизлар (эй Одам болалари), Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларини дўст турурмисиз?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал ўринбосардир» (Каҳф: 50).  «Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз у, ўз фирқасини (яъни ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгалари бўлишлари учун даъват қилур» (Фотир: 6).

Бу ўн кунликнинг хусусиятларидан яна бири – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу кунларда эътикоф ўтирардилар.

Эътикоф – Аллоҳ азза ва жалланинг тоатига холи бўлиш учун масжидни лозим тутишдир. Бу Аллоҳ таолонинг Китоби ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ила собит бўлган суннатлардандир.

Аллоҳ таоло деди: «Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг! Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади» (Бақара: 187).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф ўтирдилар, саҳобалар хам У Зот билан бирга ва вафотларидан кейин хам эътикоф ўтирдилар. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу дедилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг аввалги ўн кунида эътикофга кирдилар, сўнг ўртадаги ўн кунда эътикоф қилдилар, сўнг бундай дедилар: «Мен аввалги ўн кунликда (Қадр) кечасини қидириб эътикоф қилдим, сўнг ўртадаги ўн кунликда эътикоф қилдим, сўнг менга айтилди: У (Қадр кечаси) охирги ўн кунликда, қайси бирингиз эътикоф қилишни яхши кўрса, эътикоф қилсин» (Муслим ривояти). 

Оиша разияллоҳу анҳо дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгунларига қадар Рамазон ойининг охирги ўн кунида эътикоф қилдилар. Ундан сўнг рафиқалари ҳам (рамазон ойининг охирги ўн кунида) эътикоф қилар эдилар». (Бухорий, Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар Рамазон ойи ўн кун эътикоф қилар эдилар. Вафот этган йиллари эса йигирма кун эътикоф қилдилар» (Бухорий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф қилар эдилар, бир йил эътикоф қилмадилар, келгуси йил келганда эса йигирма кун эътикоф қилдилар» (Аҳмад, Термизий ривоятлари).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф қилмокчи бўлсалар, бомдод намозини ўқиганларидан сўнг эътикоф қилинадиган ерга кирар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо (эътикоф қилишга) рухсат сўраган эдилар, рухсат бердилар, бир чодир қўйилди. Ҳафса ҳам ўзи учун рухсат сўрашни Оишага айтди, У рухсат олиб берди, яна бир чодир қўйилди, буни кўрган Зайнаб  хам чодир қўйдирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салам чодирларни кўриб:« Бу нима?» деб сўрадилар. Оиша, Ҳафса ва Зайнабнинг чодирлари, дейишди. « Бу билан яхшиликни хоҳлашибдими? Бузиб ташланглар, кўрмайин», дедилар ва Рамазонда эътикофни тўхтатдилар-да, Шаввол ойининг аввалги ўн кунида эътикоф қилдилар»  (Бухорий, Муслим ривоятлари).

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Эътикофнинг суннат эканида бирон-бир уламонинг хилоф қилганини билмайман».

Эътикофдан мақсад – масжидларнинг бирида Аллоҳнинг фазли, ажр-мукофоти ва қадр кечасини топиш мақсадида тоат-ибодатга холи бўлиш учун одамлардан узилишдир. Шунинг учун эътикофда ўтирувчи зикр, қироат, намоз ва ибодатлар билан машғул бўлмоғи ҳамда фойдасиз дунё сўзларидан сақланмоғи лозим. Софийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисга кўра  аҳли-оиласи ёки бошқалар билан бир оз мубоҳ сўзларни гаплашса зарари йўқ: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикофда эканликларида кечаси кўргани келиб гаплашиб ўтирардим. (Уйимга) кетиш учун ўрнимдан турганимда, У Зот хам мен билан турар эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Эътикофдаги кишига жимоъ қилиш ва унинг дебочаси бўлмиш ўпиш, шаҳват билан ушлаш харомдир. Аллоҳ таоло деди: «Масжидларда эътикофда бўлган чоғингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг! Булар (юқорида мазкур бўлган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар ҳаром ишлардан сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай очиқ-равшан баён қилади» (Бақара: 187). Аммо масжиддан баданининг бирон аъзосини чиқарса зарари йўқ. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эътикоф қилган пайтларида ҳужрага бошларини киритар ва мен ҳайзли ҳолатимда бошларини ювиб қўяр эдим» (Бухорий ривояти). Бошқа бир ривоятда: «бошларини тарар эдим» (Муттафақун алайҳ).

Масжиддан бутун бадани билан чиқишлик эса уч турлидир.

Биринчи: Эҳтиёж юзасидан хамда шаръий жихатдан чиқиш лозим бўлган ишлар. Қазои хожат, таҳорат, жанобат ва бошқа сабаб билан ғусл қилиш ва ейиш, ичиш каби зарур ишларни агар масжидда бажаришнинг иложи бўлмаса ташқарига чиқиб қилиш жоиз, масжидда бажариш имкони бўлса жоиз бўлмайди. Масалан, масжид ичида таҳоратхона бўлиб, шу ерда таҳорат ва ғусл қилиш имкони бўлса ёки таомини масжидга олиб келувчиси бўлса масжиддан чиқишга эҳтиёж қолмайди.

Иккинчи: Ибодатлар жумласидан бўлган, аммо унга вожиб бўлмаган ишлар учун чиқиш. Масалан: касални зиёрат қилиш, жанозага қатнашиш ва шу каби ишлар. Бундай ҳолларда масжиддан чиқмайди, илло, агар эътикофга киришдан аввал шуни шарт қилган бўлса жоиз. Мисол учун: бирон яқини касал бўлса ва уни зиёрат қилишни яхши кўрса ёки вафот этиб қолишидан қўрқса, эътикофнинг аввалида шуни шарт қилган бўлса зарари йўқ.

Учинчи: Эътикофга зид бўлган ишлар учун чиқиш. Масалан, олди-сотти қилиш, аёли билан қўшилиш ва эркалаш каби ишлар. Бундай ишлар эътикофни бузиши ва унинг мақсадига зид бўлгани учун қилмайди, гарчи аввалида шарт қилган бўлса ҳам.

Охирги ўн кунликнинг хусусиятларидан яна бири шуки, унда минг ойдан ҳам яхши бўлган Қадр кечаси бор.

Азиз биродарлар! Бу кунларнинг фазилатларини англаб ғанимат билинг, фурсатни бой бериб қўйманг, чунки бу вақтлар бебаҳо ва яхшиликлари очиқ-ойдин дамлардир.

Эй Парвардигор! Дину-дунёмизнинг салоҳияти бўлган ишларга бизларни муваффақ эт. Оқибатимизни гўзал, борар жойимизда азиз қил. Бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни мағфират эт.

Пайғамбаримизга, у кишининг оилаларига ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин.
1-суҳбат 2-суҳбат 3-суҳбат 4-суҳбат 5-суҳбат 6-суҳбат
7-суҳбат 8-суҳбат 9-суҳбат 10-суҳбат 11-суҳбат 12-суҳбат
13-суҳбат 14-суҳбат 15-суҳбат 16-суҳбат 17-суҳбат 18-суҳбат
19-суҳбат 20-суҳбат 21-суҳбат 22-суҳбат 23-суҳбат 24-суҳбат
25-суҳбат 26-суҳбат 27-суҳбат 28-суҳбат 29-суҳбат 30-суҳбат

Мундарижа

◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ