Ислом Нури

 

Китоблар

 

РАМАЗОН СУҲБАТЛАРИ

 

Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Йигирма тўққизинчи суҳбат: Тавба ҳақида

 

Азиз биродарлар! Рамазон ойини гуноҳлардан Аллоҳга тавба қилиш билан, Унинг розилигига етказадиган амаллар воситасида Унга қайтиш билан хотималанг. Зеро, инсон борки, хато ва нуқсондан холи эмас. Ҳар бир одам фарзанди хатокор, хатокорларнинг яхшиси тавба қилувчилардир. Аллоҳ таоло Ўз Китобида ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз хитобларида Аллоҳга истиғфор айтиш ва тавба қилишга тарғиб қилганлар.

Аллоҳ таоло айтади: «(Аллоҳ сизларга амр қилурки), Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилинглар, шунда (У) сизларни маълум муддатгача (ажалларингиз етгунича) чиройли мато (ризқ) билан баҳраманд қилур ва ҳар бир яхшилик соҳибига яхшилик (яъни, ажр — мукофот) берур. Агар юз ўгирсангизлар, у ҳолда Мен сизларга Улуғ Кун (яъни, Қиёмат Куни) азоби етишидан қўрқаман» (Ҳуд: 3).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам худди сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий қилинмоқда. Бас сизлар Унинг Ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз! Закотни (ҳақдорларга) ато этмайдиган, ўзлари охиратга кофир бўлган мушрикларга эса ҳалокат бўлгай!» (Фуссилат: 6).

«Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).

«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У Кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага қодирдирсан», дерлар» (Таҳрим: 8).

«Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади» (Бақара: 222).

Тавба ҳақида бундан бошқа ҳам оятлар кўп.

Ағар ибн Ясор ал-Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй инсонлар! Аллоҳга тавба қилингиз ва истиғфор айтингиз! Албатта, мен бир кунда юз маротаба истиғфор айтаман» (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан зиёдроқ истиғфор айтиб, тавбалар қиламан» (Имом Бухорий ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ бандасининг тавбаси билан бир кишидан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўладики, у кимсасиз саҳрода туясига озиқ-овқати ортилган ҳолда бораётганида туяси қочиб кетди. Туяни топишдан умиди узилгач, ноумид бўлиб бир дарахт соясига бориб ётиб олди. Бир вақт қараса, туяси олдида турибди. Унинг тизгинидан тутганича қаттиқ хурсанд бўлиб кетганидан тили адашиб: «Эй Парвардигор! Сен бандамсан, мен роббингман», деб юборди. (Аллоҳ бандасининг тавба қилишидан ана шу кишидан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўлади)» (Имом Муслим ривояти). Аллоҳ таоло кечириш ва афвни яхши кўрганидан ва қочоқ бандаси Унинг ҳузурига қайтиб келишини истаганидан бандасининг тавбаси билан хурсанд бўлади.

Анас ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар одамзотнинг бир водий тўла тилласи бўлса, унинг икки водий бўлишини истаган бўларди. Унинг оғзини тупроқдан бошқаси тўлдира олмайди. Бироқ, Аллоҳ тавба қилган кишининг тавбасини қабул қилади» (Муттафақун алайҳ).

Тавба – Аллоҳнинг маъсиятидан Унинг тоатига қайтишдир. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барҳақ маъбуддир. Бандаликнинг ҳақиқати маъбудга муҳаббат ва таъзим билан эгилиб, хорлик изҳор қилишда кўринади. Агар банда тарафидан Парвардигоридан қочиш содир бўлса, унинг тавбаси У зотга қайтиш ва эшиги олдида қўрқиб қалтираб, бечораҳол бўлиб туриш билан бўлади.

Тавбани дарҳол қилиш лозим, уни кечиктириш, ортга суриш асло дуруст эмас. Чунки Аллоҳ ва Расули унга буюрганлар. Аллоҳ ва Расулининг барча буйруқлари тез ва тўхтовсиз амалга оширилиши даркор. Чунки банда кечиктириши оқибати унга нималар олиб келишини билмайди. Балки тавба қилишга улгурмасидан тўсатдан ўлим келиб қолар. Маъсиятда маҳкам туриш дилнинг қотиши, Аллоҳ азза ва жалладан узоқлашиш ва иймоннинг заифлашувини келтириб чиқаради. Зотан, иймон тоатлар билан зиёдалашиб, маъсиятлар сабабли камаяди. Маъсиятда маҳкам туриш бора-бора унга ўрганиб, одатланиб қолишга олиб келади. Нафс бир нарсага одатланиб қолса, ундан ажралиши қийин бўлади ва охир-оқибат маъсиятдан қутулиш оғир кечади. Шайтон ундан кўра каттароқ гуноҳлар эшигини унга очади. Шунинг учун аҳли илмлар айтадиларки, гуноҳлар куфрнинг элчисидир, инсон уларда босқичма-босқич ўтиб бориб, охирида динидан ажралиб қолади, Аллоҳ Ўзи асрасин.

Аллоҳ таоло буюрган тавба – насуҳ (холис) тавба бўлиб, у тавбанинг бешта шартини ўз ичига олган бўлади:

Биринчи: Тавба Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлиши ва Аллоҳни яхши кўриш, Уни улуғлаш, савобини умид қилиш ва азобидан қўрқишдан келиб чиққан бўлиши лозим. Дунё матосидан бирон нарсага эришиш учун ёки бирон кишига ёқиш мақсадида бўлмаслиги керак. Агар шундай бўлса, бундай тавба мақбул бўлмайди. Чунки у Аллоҳга тавба қилмаган, балки қасд қилган ғарази учун тавба қилган бўлади.

Иккинчи: Ўтган гуноҳи учун пушаймон ва хафа бўлиши, қани энди шу гуноҳни қилмаган бўлсам эди деб орзу қилиши, пушаймонлик уни Аллоҳга қайтишга ва Унинг олдида синиқлик билан туришга, ўзини шу гуноҳга етаклаган нафсини ёмон кўришга олиб келиши, тавбаси онгли равишда бўлиши лозим.

Учинчи: Гуноҳдан дарҳол тийилиши, агар гуноҳи ҳаром ишни қилиш бўлса ундан дарҳол тўхташи, гуноҳи бирон вожибни тарк қилиш бўлса дарҳол уни қила бошлаши лозим. Тавба қилиб туриб, яна ўша маъсиятда давом этиш ярамайди. Мисол учун, агар судхўрликдан тавба қилдим деса-ю, ўзи судхўрликда давом этаётган бўлса, унинг тавбаси дуруст саналмайди. Аксинча, унинг бу иши Аллоҳни ва Унинг оятларини мазахлашнинг бир тури бўлиб, уни яна ҳам Аллоҳдан узоқлаштиради. Ёки бўлмаса, жамоат намозига чиқмасликдан тавба қилиб туриб, яна жамаотга чиқмасликда давом этса, унинг бу тавбаси яроқли бўлмайди.

Агар маъсият одамларнинг ҳақларига тааллуқли ишларда бўлса, то ўша ҳақлардан хориж бўлмагунча тавба яроқли бўлмайди. Бировнинг молини тортиб олиш ёки инкор қилиш маъсияти бўлса, то ўша молни эгасига қайтармагунча – эгаси вафот этиб кетган бўлса, унинг ворисларига, ворислари бўлмаса, байтул-молга беради – тавбаси саҳиҳ бўлмайди. Агар молнинг эгасини билмаса, эгаси номидан уни садақа қилиб юборади, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни Ўзи яхши билувчидир. Агар маъсияти бир мусулмонни ғийбат қилиш билан бўлса, ўша гапини қайтариб олиши ва кечирим сўраши билан ёки унинг ғийбатини қилган мажлисда ўша кишининг яхши сифатларини айтиб мақташ билан ва унинг ҳақига истиғфор айтиш билан бўлади. Зеро, яхшиликлар ёмонликларни кеткизади.

Бир гуноҳида давом этиб турган одам бошқа гуноҳидан тавба қилса, дуруст бўлаверади. Чунки амаллар бўлакларга бўлинади, иймон фарқли бўлади. Шундай бўлса-да то тавба қилувчилар барча гуноҳларидан тўла-тўкис тавба қилмагунларича тавбанинг мутлақ васфига ва тавба қилувчиларнинг мақтовли сифатлари ва олий даражаларига лойиқ бўлмайдилар.

Тўртинчи: Келгусида яна қайтиб гуноҳ қилмасликка азм қилиш. Чунки бу тавбанинг самараси ва тавба қилувчининг сидқидилдан тавба қилганига далилдир. Агар тавба қилдим деса-ю, маъсиятни қилишга азм қилса ёки тараддудланиб турган бўлса, тавбаси дуруст эмас. Чунки бу вақтинчалик тавба бўлиб, унинг эгаси қулай фурсат келиб қолса бемалол гуноҳ қилаверади ва бу унинг маъсиятни ёмон кўришига, гуноҳни тарк қилиб, Аллоҳнинг тоати сари қочишига далолат қилмайди.

Бешинчи: Тавбанинг қабул бўлиш вақти ўтмасидан туриб тавба қилиш керак бўлади. Вақти ўтганидан сўнг қилинган тавба мақбул бўлмайди. Тавба вақтининг ўтиши икки хил: ҳамма учун умумий ва ҳар бир киши учун хос бўлади.

Ҳамма учун умумийси қуёшнинг мағрибдан – ботиш тарафдан чиқишидир. Қуёш мағрибдан чиққан куни тавба вақти ўтган ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас. Айтинг: Кутаверинглар! Биз ҳам кутгувчилармиз!» (Анъом: 158). Айрим оятлардан мурод – қуёшнинг ботиш тарафидан чиқишидир, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай тафсир қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «То қуёш ботиш тарафидан чиқмагунича тавба мақбул бўлаверади» (Ибн Касир исноди ҳасан деган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким қуёш ботиш тарафидан чиқишидан олдин тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади» (Имом Муслим ривояти).

Ҳар бир киши учун хос бўлгани – ажал келган пайтдир. Инсоннинг ажали етиб келиб, ўлими кўзига кўриниб қолган пайтда қилган тавбаси фойда бермайди ва мақбул бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки, бировларига ўлим келганида «энди тавба қилдим» дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас. Улар учун аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз» (Нисо: 18).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло банданинг жони ҳалқумига келмай туриб қилган тавбасини қабул қилади» (Имом Аҳмад, Термизий ривоятлари).

Тавбада юқоридаги шартларнинг барчаси жамланган ҳолда у мақбул бўлади ва Аллоҳ таоло ўша гуноҳни ҳар қанча катта бўлса ҳам кечиради. Аллоҳ таоло айтади:  «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гунохларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

«Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилувчи ва меҳрибон эканини топар-кўрар» (Нисо: 110).

Биродарлар! Ҳаётлик чоғингизда, ўлим тўсатдан келиб, улгурмай қолмасингиздан туриб Аллоҳга холис тавба қилиб қолишга шошилинг!

Эй Парвардигор! Ўтган гуноҳларимизни ўчириб юборадиган холис тавба қилишга бизларни муваффақ айла, бизларга енгилликларни муяссар айла, оғирликларни биздан узоқ қил, бизларни, ота-оналаримизни ва барча мусулмонларни Ўз раҳматинг билан мағфират айлагин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
1-суҳбат 2-суҳбат 3-суҳбат 4-суҳбат 5-суҳбат 6-суҳбат
7-суҳбат 8-суҳбат 9-суҳбат 10-суҳбат 11-суҳбат 12-суҳбат
13-суҳбат 14-суҳбат 15-суҳбат 16-суҳбат 17-суҳбат 18-суҳбат
19-суҳбат 20-суҳбат 21-суҳбат 22-суҳбат 23-суҳбат 24-суҳбат
25-суҳбат 26-суҳбат 27-суҳбат 28-суҳбат 29-суҳбат 30-суҳбат

Мундарижа

◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ