Ислом Нури

 

Китоблар

 

(Давоми)

Рўза учун қачон ният қилади

(33) Рамазон рўзасида ва шунингдек ҳар бир каффорат ва қазо каби фарз рўзаларда ният қилиш шартдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «кечқурун, ётишдан аввал рўзага ният қилмаган одамнинг рўзаси рўза эмасдир» — деганлар. (Абу Довуд ривояти. Бухорий, Насоий ва Термизий каби уламолар бу ҳадисни мавқуф деганлар).

Ният кечанинг исталган вақтида қилиниши мумкин ҳатто фажрдан бироз олдин қилинса ҳам бўлади. Ният бу қалбнинг бир нарсага бўлган қатъий хоҳишидир. Уни овоз чиқариб айтиш бидъатдир. Кимки эртага рамазоннинг биринчи куни эканини билса ва рўза тутишни ирода қилса, у ният қилган ҳисобланади. (Мажмуул фатава. Ибн Таймийя). Агар киши кундузи рўзасини очишни ният қилса, аммо шундай қилмаса, унинг рўзасига ҳеч қандай зарар етмайди. У намозда гапирмоқчи бўлиб гапирмаган киши кабидир. Баъзи олимлар наздида, у рўзасини очишни ният қилиши билан рўзаси очилади. Шунинг учун ҳар эҳтимолга қарши, кейинчалик ўша куннинг рўзасини тутиб қўйгани яхши. Муртадлик ниятни яроқсиз қилишида уламолар ўртасида хилоф йўқ.

Рамазон рўзасини тутаётган киши ҳар куни тунда ниятини такрорлаб, янгилаб туришга ҳожат йўқ. Ойнинг бошида қилинган ният етарлидир. Агар хасталик ёки сафар туфайли рўзани очиш билан ниятини бузса, узрлари бартараф бўлгач рўза учун ниятини янгилаши шарт.

(34) Умумий нафл рўзаларда ниятни кечқурун қилиши шарт эмас. Чунки, Оиша  розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадиси шариф бунга далилдир. «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимга кириб келдилар ва: «Егулик бирор нарсангизлар борми?» — дедилар. Биз: «Йўқ» — дедик. «Ундай бўлса мен рўзаман» — дедилар. (Имом Муслим ривояти). Аммо Арафот ва Ошуро кунларидаги каби муайян нафл рўзаларда кечқурун ният қилиш яхшироқдир.

(35) Агар киши рамазонда ўтказиб юборган кунлари учун, назри ёки каффорат учун тутадиган рўзасини бошласа, рўзани охиригача (кечгача) тутиши шарт ва бирор узрсиз уни очиши мумкин эмас. Нафл рўзада эса: «Нафл рўза тутаётган киши ўзига ўзи хўжайиндир хоҳласа рўзасини очади ва агар хоҳласа охиригача (ифторгача) тутади» (Имом Аҳмад ривояти) бирор узрсиз очиши мумкин. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутдилар кейин рўзаларини очиб юбордилар. Бу қисса имом Муслимнинг саҳиҳларида келган, унда Оиша розияллоҳу анҳога «ал ҳайс» (хурмо, қурут ва сариёғни аралаштириб қилинадиган таом) хадя этилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига кирганларида Оиша  розияллоҳу анҳо ҳайсдан озгина олиб қўйганларини зикр қиладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олиб келингчи» дейдилар. Ундан еганларидан сўнгра: «Мен бугун рўза тутгандим» — дейдилар. Аммо бир киши рўзасини ҳеч қандай узрсиз очса, ўша пайтгача тутган рўзаси учун ажр оладими? Деган саволга баъзи олимлар: «Ажрга эга бўлмайди» деганлар. Шунинг учун нафл рўза тутган киши рўзасини очишга мажбурловчи сабаб бўлмагунича очмагани афзалдир.

(36) Кимки рамазон ойининг кирганини субҳ бўлгандан кейингина билса у ўша куннинг рўзасини тўла тутади. Кўпчилик уламоларнинг сўзларига кўра кечаси ният қилмагани учун шу куннинг қазосини кейин тутиб беради. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «кечқурун, ётишдан аввал рўзага ният қилмаган одамнинг рўзаси рўза эмасдир» — деганлар. (Абу Довуд ривояти. Бухорий, Насоий ва Термизий каби уламолар бу ҳадисни мавқуф деганлар).

(37) Қамоқдаги ёки ҳибсдаги киши рамазон ойининг кирганини ўзи кўриб ёки биронта ишончли кишининг хабар бериши билан биладаган бўлса, унга рўза тутиш фарз бўлади. Ёки бўлмаса, ўзича ижтиҳод қилиб тўғри деб ўйлаганига амал қилади ва рўзани бошлайди. Агар кейинчалик рўзаси рамазон ойига тўғри келганини билса, унинг рўзаси тўғри. Рамазондан кейинга тўғри келган бўлса ҳам унинг рўзаси жумҳур уламолар олдида тўғри деб эътибор қилинган. Аммо унинг рўзаси рамазондан олдинга тўғри келган бўлса,  унинг рўзаси ўтмайди, унга рўзанинг ҳаммасини қазосини тутиш лозим бўлади.  Агар маҳбуснинг рўзаси рамазоннинг баъзисига тўғри келса, унинг рамазонга ва ундан кейинга тўғри келган рўзаси тўғридир. Аммо рамазондан аввалга мувофиқ келгани тўғри эмас, унинг қазосини тутади. Агар ноаниқлик давом этаверса ва у аниғини била олмаса, унинг рўзаси ўтади, чунки у бор кучини сарфлади,  Аллоҳ ҳар бир жонни тоқатига яраша нарсагагина буюради. (Алмавсуатул фиқҳийя).

 

Саҳарлик ва ифтор

(38) Қуёшнинг доира шакли ғойиб бўлиши билан рўзадор рўзасини очиши мумкин. Уфқда кўриниб турган тўқ қизил шафаққа эътибор берилмайди. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кеча бу ёқдан бостириб келса, кундуз бу ёққа чекиниб кетса ва Қуёш ботса рўзадор оғзини очибди» — дедилар. (Имом Бухорий ривояти).

Кечиктирмасдан, тезда ифтор қилиш суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч бўлмаганда бир ҳўплам сув билан рўзаларини очмагунларича шом намозини ўқимас эдилар. (Ҳоким ривояти. Силсилатус саҳийҳа). Агар рўзадор рўзасини очиш учун ҳеч нарса топа олмаса, рўзамни очдим деб қалбида ният қилсин ва баъзи омилар қилгани каби бармоғини сўрмасин. Рўзадор рўзасини вақт киришидан олдин очишдан эҳтиёт бўлсин, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оёқларидан осиб қўйилган, оғзиларидан қон оқиб турган кишиларни кўрганларида ва улар ҳақида сўраганларида, улар рўзаларини вақтидан олдин очувчи рўзадорлар экани айтилганини хабар берганлар. (Ибн Ҳузайма ривояти. Саҳиҳут тарғиб). Агар киши рўзасини вақтидан олдин очгани аниқ бўлиб қолса, шундай бўлганига гумони ғолиб бўлса ёки вақтдан олдин очиб қўйдим шекилли деб шубҳа қилса, унга ана шу куннинг рўзасининг қазосини тутиб бериши лозим бўлади. Чунки, у кундузида еб қўйган бўлади. (Фатава аллажна аддаима). Болаларнинг ва ишончсиз манбаларнинг хабарларига ишониб қолишдан эҳтиёт бўлиш керак. Радио орқали азонни эшитилган ҳолда, шаҳарлар ва қишлоқлар ўртасидаги вақтнинг фарқлилигига эътибор қилиш керак.

(39) Субҳ кирганда яъни, кун чиқишда уфқ бўйлаб оқ чизиқ пайдо бўлганда рўзадор азонни эшитган ёки эшитмаганидан қатъий назар, ейиш-ичишдан тийилиши шарт. Агар у муаззиннинг субҳ кирганда азон чақиришини билса, азонни эшитиши билан еб-ичишдан тўхтасин. Аммо муаззин азонни бомдоддан аввалроқ чақирадиган бўлса, еб-ичишдан тўхташи шарт эмас. Агар муаззиннинг қай вақтда азон айтишини билмаса ёки муаззинлар турли вақтларда азон айтсалар ва  шаҳарларда чироқлар ва узун бинолар бўлгани учун ўзи субҳ кирганини била олмаса, тўғрилигига ишонган тақвим китобчалардан фойдаланиши мумкин.

Аммо эҳтиёт бўлиш мақсадида, бомдод вақтидан 10-15 дақиқа олдин еб-ичишдан тўхташ бидъатдир. Баъзи тақвимларда оғизни ёпиш учун бир вақт, бомдод учун бошқа бир вақт таъйинланганини кўриш мумкин. Бу ислом шариатига зиддир.

(40) Кечаю кундуз ёруғ бўладиган юртларда агар кечани кундуздан фарқлашни иложи бўлса, гарчи кун узоқ бўлсада рўза тутиш фарздир. Кечани кундуздан фарқлашни иложи бўлмаган юртларнинг мусулмонлари ўзларига яқин бўлган кечаси кундузидан фарқланадиган юртларнинг вақти билан рўза тутадилар.

 

Рўзани бузадиган амаллар

(41) Ҳайз ва нифосдан бошқа нарсаларда қуйидаги уч шартдан бири топилса, рўза бузилади: 1) Агар киши ўша нарса рўзасини бузишини билса; 2) Рўзадор экани ёдида бўлса, эсидан чиққан бўлмаса; 3) Агар у ўзининг хоҳиши билан, ҳеч қандай мажбурлашсиз ва заруратсиз қилса.

Рўзани бузадиган амаллар ичида бўшанишга оидлари бўлади улар: жинсий алоқа, қайт қилиш, ҳайз кўриш ва қон олдириш. Улардан қабул қилишга оидлари бор улар: ейиш ва ичиш кабилар. (Мажмуул фатава)

(42) Рўзани бузадиган нарсалардан еб-ичиш ўрнига ўтадиганлари бор, улар қаторига суюқ дорилар, таблетка,  озиқлантирувчи укол (глюкоза каби), қон қуйиш ва қон алмаштириш.

Аммо еб-ичиш ўрнига ўтмайдиган пенциллин, инсулин, тетиклаштирувчи ва эмлаш уколлари хоҳ мускулларга ва хоҳ қон томирларга бўлсин рўзага зарар қилмайди. (Ибн Иброҳим фатволаридан) бироқ, бу уколларнинг ҳаммасини кечқурунда олиш яхшироқдир.

Тозалаш учун қонни чиқаришга сўнгра унга баъзи кимёвий моддалар ёки озиқлантирувчи тузлар ёки ширинликлар каби нарсалар қўшилгандан кейин уни қайта қуйишни талаб қиладиган буйракни ювиш каби амалиётлар рўзани бузади. (Фатава аллажна аддаима) Рожиҳ қавлларда клизма, кўзга ва қулоқка дори томитиш, тишни олдириш ва яраларга дори қўйиш рўзани бузмайди. (Фатава Ибн Таймийя)

Астма (нафас қисиши) учун қўлланиладиган балонча рўзани бузмайди. Чунки, у таом эмас, балки ўпкага юбориладиган газ, холос. Қолаверса унга касалнинг ҳар доим эътиёжи бор.

Анализ (таҳлил қилиш) учун қон олдириш рўзани бузмайди, унга эҳтиёж бўлгани учун уни кечирилади. (Фатава аддаъва. Ибн Боз) Ғарғара қилинадиган дорини ютиб юбормаса рўзани бузмайди. Агар бирон киши тишини даволатиб, ковагини тўлдиргизса ва дорининг таъмини томоғида сезса, бу унинг рўзасини бузмайди. (Ибн Боз  роҳимаҳуллоҳнинг оғзаки фатволаридан)

Қуйидаги ишлар рўзани бузмайди:

1) Қулоққа, кўзга ва бурунга томитиладиган ёки пуркаладиган дорилардан фойдаланилганда димоққа келадиган нарсани ютиб юбормаслик шарти билан фойдаланиш.

2) Ангина стенокардия (юрак қисиши) ва бошқаларни даволаш учун  тил остига қўйиладиган таблеткалардан томоққа келадиган нарсани ютиб юбормаслик шарти билан фодаланиш.

3) Аёлларнинг жинсий аъзоларига тиббий кўрик ёки даволаниш учун жарроҳлик асбобларини (пессари, доуче, скопни) ёки бармоқларини солиб кўриш.

4) Бачадонни кўриш учун скоп ёки интра утерин асбобига ўхшаш нарсаларни солиш.

5) Аёлнинг ёки эркакнинг анал тешигига ташхис қўйиш, тиббий мақсадда катетер трубаси каби асбобларни солиш.

6) Томоққа келган нарсани ютиб юбормаслик шарти билан тишни пломба қилдириш, олдириш, мисвок ёки тиш пастаси билан тозалаш.

7) Томоққа келган нарсани ютиб юбормаслик шарти билан оғизни чайиш, ғарғара қилиш ёки оғизга сепиладиган дорилардан фойдаланиш.

8) Тери остига, мускул ёки томирга озиқлантирувчи бўлмаган уколлар олиш.

9) Кислород бериш.

10) Наркоз газларини ҳидлатиш, агар ундан ташқари озиқлантирувчи суюқликлар берилмаса.

11) Теридан сўрилиб кирадиган кремлар, ҳар хил суриладиган дорилар ва пластырларни истеъмол қилиш.

12) Ошқозонни текшириш ёки даволаш учун найча ютиш.

13) Юрак ичини текшириш ёки суратга олиш учун артерия қон томирларига ингичка найчани киритиш.

Киши рамазонда бирон узрсиз очиқдан-очиқ еб-ичса, гуноҳ кабира қилган бўлади. У тавба қилиши ва ўша кун учун бошқа рўза тутиб бериши шарт. Агар рўзасини ароқ каби ҳаром нарса билан бузса, бу яна ҳам ёмонроқ гуноҳдир. Нима бўлган тақдирда ҳам у ихлос билан тавба қилиши ва кўп нафл рўза тутиш каби нафл ибодатлар қилиши лозим.  Шояд фарз амалларининг бирор камчилигини тўлдирса ва  Аллоҳ таоло тавбасини қабул қилса.

44) «Агар у эсида йўқ еса ёки ичса, рўзасини охиригача (ифторгача) етказсин. Уни едириб ичирган  Аллоҳдир» (Имом Бухорий ривояти). бошқа бир ривоятда: «У ўша куннинг қазосини тутиб бермайди ва каффорат ҳам тўламайди» — дейилган.

Агар киши бирор одамни эсида йўқ еяётганини кўриб қолса, унга эслатиб қўйсин. Чунки, «... Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз» (Моида: 2) оятининг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Агар унутсам эслатинглар» — деб марҳамат қилган ҳадиснинг умумий маъноси шунга далолат қилади. (Ибн Усаймин. Мажалису шаҳри рамазон)

45) Ҳаёти хавф остида қолган кишининг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида рўзасини очишга мажбур бўлган кишилар рўзаларини бузишлари мумкин ва қайта тутиб қўядилар. Мас: чўкаётган кишини қутқариш ёки ўт ўчириш.

46) Агар рўза тутиш фарз бўлган киши рамазоннинг кундузида ўз хоҳиши билан қасддан жинсий алоқа қилса, икки аъзо бир-бирига қўшилса ва эркак олатининг боши аёлнинг олд ёки орқа тешигига (бу амал қаттиқ ҳаромлардан) кирса маний келиш ёки келмасидан қатъий назар, унинг рўзаси бузилади. У тавба қилиши ва ўша куннинг рўзасини етказиши ва кейин қазосини тутиб бериши шарт. Унга оғир каффоратни адо этиши лозим. Чунки, Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шариф шунга буюради: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирганимизда бир киши келди ва

— «Эй Расулуллоҳ, ҳалок бўлдим!» — деди.

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Сенга нима бўлди?» — дедилар.

— У: «Рўзалигимда аёлим билан жинсий алоқа қилиб қўйдим»

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Озод қилиш учун қулинг борми?»

— У: «Йўқ»

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?»

— У: «Йўқ»

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олтмишта мискинни тўйдира оладиган нарсанг борми?»

—   У: «Йўқ» деди...... (Имом Бухорий ривояти).

Зино, баччавозлик ва ҳайвон билан жинсий алоқа қилганларга ҳам шу ҳукм тааллуқли.

Агар киши рамазоннинг бир неча кунида бир неча марта жинсий алоқа қилган бўлса, ҳар бир куни учун алоҳида-алоҳида каффорат тўлайди ва албатта ҳар бир куни учун қазосини тутади. Каффорат тўлашнинг фарз эканини билмаслиги узр ҳисобланмайди. (Фатава аллажна аддаима)

47) Агар киши аёли билан жимо қилишни хоҳласа ва аввал рўзасини бирон нарса еб очса, унинг гуноҳи яна ҳам қаттиқлашади. Чунки, у рамазоннинг ҳурматини икки бор топтаган ҳисобланади. Бу ҳолатда унинг каффорат тўлаши таъкидлироқдир. Унинг қилган бу ҳийласи унинг бошига балодир. Унга қаттиқ тавба қилиши лозим. (Мажмуул фатава)

48) Агар киши ўзини тутиб тура олишига ишонса, аёлини ёки чўрисини ўпиши, кучоқлаши, (шаҳват билан) қараши ва ушлаши мумкин.

Чунки, саҳиҳайнда Оиша  розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзадор ҳолларида ҳам аёлларини ўпгани ва кучоқлаганлари ривоят қилинган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини ҳамиша тўхтата олганлар.

«Мен учун аёлидан узоқлашади» — дейилган ҳадиси қудсийдан тушуниладиган маъно жинсий алоқадир. Аммо кишининг шаҳвати кучли бўлса ва ўзини бошқара олмаса, унга аёлини ўпиши ёки кучоқлаши мумкин эмас. Чунки, бу рўзасини бузиб  қўйишига сабаб бўлиши мумкин. Яъний маний келиши ёки жинсий алоқа қилишдан ўзини тўхтатиб қолиши аниқ эмас.  Аллоҳ таоло ҳадис қудсийда: «Мен учун шаҳватдан юз ўгиради» — деган. Шаръий қоидада «ҳаромга олиб борувчи ҳар қандай нарса ҳаромдир» дейилади.

49) Агар киши жинсий алоқа қилаётган пайтда субҳ кириб қолса, жинсий алоқани тўхтатиши лозим. У олатини чиқариб олганидан сўнг маний келса, рўзаси бузилмаган бўлади. Аммо субҳ кирганидан кейин ҳам жинсий алоқани давом эттирса рўзаси бузилади ва у тавба қилиши, рўзасини бошқа тутиб бериши ва каффорат тўлаши шарт.

50) Бир киши жунуб ҳолатида тонг оттириши рўзасини бузмайди. У (аёл ёки эр киши бўлсин) — жанобат, ҳайз ёки нифос ҳолатида бўлсин — ғусл қилишни субҳдан кейинги вақтга қолдириши мумкин. Аммо намозини ўз вақтида ўқиши учун тезроқ ғусл қилгани яхшидир.

◄◄◄Бошига қайтиш

Мундарижа

Давомига ўтиш►►►

 ЮкоригаÎ