Ислом Нури

 

Китоблар

 

51) Агар ухлаётган киши жунуб бўлиб қолса, рўзаси бузилмаслигига уламолар ижмо қилганлар. ­Ғуслни кейинга қолдиришининг зарари йўқ. Аммо намозни ўз вақтида ўқиши ва фаришталар унга якинроқ келиши учун тезроқ ғусл қилгани яхшидир.

52) Агар киши рамазон кундузида аёлига тегиниш, шаҳват билан қараш каби тийилиши керак бўлган нарсалар туфайли маний тўкса, Аллоҳга тавба қилиши ва куннинг қолган қисмида ҳам рўзасини давом эттириши керак. Шу билан бирга ўша куннинг қазосини тутиб беради. Агар у маний чиқаришни бошласа ва олатидан маний чиқишидан олдин тўхтатса, бу иши учун тавба қилиши керак, бу куннинг қазосини тутмайди, чунки ундан маний чиқмади. Рўзадор киши шаҳватини қўзғовчи ҳар бир нарсадан ўзини узоқ сақлаши ва ҳаёлига келган ёмон ўйларни тарк қилиши керак. Мазийнинг келиши рўзани бузмайди. Ҳеч қандай шаҳватсиз сийдикдан кейин келадиган шилмшиқ суюклиқ, яъни, вадий рўзани бузмайди ва ғусл қилишни ҳам тақозо қилмайди. Аммо истинжо ва таҳорат қилиши керак. (Фатава аллажна аддаима)

53) «Кимки қасддан қайт қилмаса, рўзасини қазо қилмайди. Аммо қасддан қайт қилган одам рўзасининг қазосини тутиб бериши керак» (Имом Термизий ривояти).

Бармоғини оғзига тиқиб, ошқозонини босиб, қайт қилдирувчи бадбўй бирон нарсани ҳидлаш ёки унга қараш билан кўнгил айнийдиган нарсага қараб туриш билан қайт қилса, рўзасининг қазосини тутиб бериши шарт. Агар кишининг кўнгли айниса ва ўз-ўзидан қайт қилиши қайтиб кетса, рўзаси бузилмайди. Чунки, бу унинг ихтиёридан ташқари нарсадир. Агар уни ўзи (мажбурлаб) қайтарса, рўзаси очилади. Агар кишининг кўнгли айниса, уни қайтармасин. Чунки, бу унга зарар қилиши мумкин. (Мажалису шаҳри рамазон).

Агар киши тишлари орасидаги қолдиқни беқасд ютиб юборса ёки у ажратиб ва туфлаб юбориб бўлмайдиган даражада оз бўлса, бу сўлак каби саналади ва рўзасини бузмайди. Агар у туфлаб юбориладиган даражада кўп бўлса, туфлаб юборсин. Қасддан ютиб юборса, рўзаси бузилади. (Алмуғний). Чайналадиган резинка (жевателная резинка, маҳаллий тил билан жевачка) дан бирор нарса ажралиб чиқса, таъми ёки ширинлиги бўлса уни чайнаш ҳаром. Агар ундан бирор нарса  ҳалкумга етиб борса,  рўзани бузади. Агар киши оғзини чайқаса ва сувни ташқарига туфлаб юборса, оғизда қолган намликнинг зарари йўқ, Чунки, у сақланиш мумкин бўлмаган нарсадир. Агар бурнидан қон келса, бу унинг иродасидан ташқари нарса бўлгани учун унинг рўзасини бузмайди. (Фатава аллажна аддаима). Агар унинг милкида яраси бўлса ёки мисвок ишлатганда тиши қонаса, қонни ютиб юбориш мумкин эмас. Балки туфлаб ташлаш керак. Агар унинг иродасисиз қон ҳалқумига етиб борса бунинг зарари йўқ. Шунингдек қусқи унинг иродасисиз қайтиб кетса, рўзасини бузмайди. Бурнидан келадиган мишиқни ёки йўтал сабабли чиқадиган балғамни оғзига етишидан олдин ютиб юборса, рўза бузилмайди. Чунки, бу иложсиз муаммодир. У оғизга ўтгандан кейин ютиб юборилса, рўзани бузади. Аммо қасд ва иродасиз оғзига келгач ютиб юборса бунинг зарари йўқ. (Фатава аллажна аддаима).

Сув тозаланадиган жойларда ишловчилар сувнинг буғидан нафас олсалар бу уларнинг рўзаларига зарар қилмайди. Беҳожат таомдан тотиб кўриш, унда рўзанинг очилиш хавфи бўлгани учун макруҳдир. Ҳожатли ҳолатларга онанинг боласига овқат чайнаб бериши киради, агар у бундан бошқа иложини топмаса. Яна овқатни пишганини билиш учун ундан тотиб кўриш ва бирор нарсани сотиб олаётганда ундан тотиб кўриш (албатта тотилган нарсани туфлаб юборилади) бу Ибн Аббос  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. «Сирка ёки сотиб олмоқчи бўлган нарсадан тотиб кўришнинг зарари йўқ» (Ирваул ғалил).

54) Рўзадорга кун бўйи, ҳўл бўлса ҳам мисвок тутиши суннат. Рўзадор мисвок ишлатганда унинг аччиқ таъмини оғзида топса ва уни ютиб юборса ҳамда у мисвокни оғзидан чиқарса, унда сўлагидан бўлса сўнгра уни яна оғзига солса ва  сўлагини ютса, унинг рўзаси бузилмайди. (Алфатава ассаъдийя). Унда эрийдиган моддаси бўлган яшил мисвак ёки лимон ва ялпиз таъми кўшилган мисваклардан сақланиш керак. Оғзида қолган мисвак қипикларини туфлаб ташласин, агар уларни беқасд ютиб юборса зарари йўқ.

55) Агар рўзадорга жароҳат етса, бурни қонаса ёки оғзига фавқулодда сув ёки бензин кетса, рўзаси бузилмайди. Агар унинг оғзига фавқулодда чанг, тутун  ёки пашша кирса ҳам рўзаси бузилмайди. Сўлак, тупук, уннинг элаган пайтдаги чанги ёки кўча чанги каби, киши беихтиёр ютиб юбориши мумкин бўлган нарсалар рўзани бузмайди. Агар тупугини оғзида тўпласа кейин уни қасддан ютиб юборса ҳам рўзаси бузилмайди. Агар кўз ёши димоққа етиб борса, сочига ёки мўйлабига ёғ ёки хина чапласа ва унинг таъмини димоғида ҳис қилса, рўзаси очилмайди. Хина, сурма ва ёғ қўйиш рўзани бузмайди. (Мажмуул фатава). Терини юмшатадиган ва яхшилайдиган кремлар ҳам шу кабидир. Шунингдек хушбўйлик ҳидлаш, атир суриш ва хушбўй ёғларни суриш рўзани бузмайди. Тутатиладиган хушбўйлардан чуқур нафас олиб ҳидламаслик шарти билан фойдаланиш мумкин.

Кундузи тиш пастасидан фойдаланмаган яхши, чунки унинг кучли сингиш хусусияти бор. (Мажалису шаҳри рамазон).

56) Эҳтиёт нуқтайи назаридан рўзадор ҳижома қилдирмагани яхши. Бу жуда ихтилофли масала. Ибн Таймийя қон олувчи эмас қон олдирувчининг рўзаси очилади деган қавлни ихтиёр қилган.

57) Чекиш рўзани бузади ва бу рўзани очиш учун узрли сабаб ҳисобланмайди. Маъсият қандай қилиб узр ҳисобланиши мумкин?!

58) Салқинланиш мақсадида сувга тушиш ёки нам латтага ўраниш рўзани бузмайди. Чанқоқ ёки иссиқ сабабли бошидан сув қуйиши мумкин, оғзига сув кириб рўзаси очилиб кетиш эҳтимоли бўлгани учун чўмилиш макруҳ. Агар кишининг хизмат амали сувга шўнғиш бўлса ёки сувга шўнғишни талаб қилса, оғзига сув кириб кетишидан саломат бўлса, у ҳолда зарари йўқ.

59) Агар киши ҳали субҳ бўлгани йўқ деб еб ичса ёки жинсий алоқа қилсаю, кейин аллақачан субҳ кирганидан хабар топса, ҳеч  қандай зарари бўлмайди. Чунки, оятда очиқ равшан қилиб, бу нарсаларни то субҳ кирганига ишонч ҳосил қилгунича давом эттиришга рухсат берилган. Ибн Аббосдан саҳиҳ иснод билан: «Аллоҳ  субҳ кирганига ҳеч қандай шубҳангиз қолмагунича еб ичишингизга рухсат берган» (Абдурраззоқ ривояти). Ибн Таймийя ҳам шу қавлни танлаган.

60) Агар киши Қуёш аллақачан ботиб бўлган деб ўйлаб, Қуёш ботишидан олдин рўзасини очиб қўйса, кўпчилик уламоларнинг сўзларига кўра бу куннинг рўзасининг қазосини тутиб беради. Бунга далил: аниқ нарса шубҳа билан зойил бўлмайди. Ибн Таймийя бу ҳолатда қазо тутиб беришга ҳожат йўқ деган.

61) Агар субҳ кирсаю кишининг оғзида овқат ёки ичимлик бўлса, кўпчилик уламоларнинг сўзларига кўра у оғзидагини туфлаб юборади ва унинг рўзаси бузилмайди. Рўзадор эсида йўқ еб-ичиб қўйса ва дарҳол оғзидагини туфлаб ташлашлиги юқоридаги ҳукм билан бир хилдир.

 

Аёлларга хос ҳукмлар

62) Ҳайз кўриш ёшига етган ёш қиз айтишга уялиб (ўзини хали ҳам балоғатга етмагандек қилиб кўрсатиб) рўза тутмаса, тавба қилиши ва ўтказиб юборган кунлари учун рўза тутиб бериши шарт. Бунга қўшимча қилиб, рўза тутмаганининг каффорати сифатида ҳар бир куни учун бир мискинни тўйдиради. Агар буларни қилиб улгурмасидан илгари жорий йилнинг рамазони бошланиб қолса, унинг ҳолати ҳайз ҳолатида эканини айтишга уялиб рўза тутаверган ва кейин қазосини тутмаган аёл кабидир. Агар у ўтган рамазонларда неча кун қолдирганини аниқ билмаса, қолдирган кунлари тугаганига шубҳаси қолмагунича рўза тутсин. Ҳар бир кун учун кечикканлик каффоратини берсин. Имкониятига қараб, агар хоҳласа каффоратни жамлаб, хоҳласа кундалик берсин.

63) Аёл рамазондан бошқа пайтларда, агар эри ёнида бўлса, эрининг рухсатисиз рўза тутмайди. Агар эри сафарда бўлса, хоҳиш ўзида.

64) Ҳайз кўраётган аёл одатда аёлларда ҳайзнинг тугаганига далолат қиладиган оқ шилимшиқни кўрса, (бу ҳайз тугагандан кейин бачадон сурадиган оқ сувдир) кечаси рўза тутишни ният қилиб рўза тутади. Агар у пок бўлганига далолат қиладиган аломатни кўрмаса, фаржига бир бўлак пахта ёки шу каби нарсани  киргизиб кўради. Агар у тоза чиқса рўза тутади, агар ҳайз қони қайтадан кела бошласа, рўзасини очади. Одат кунларида бўлса, тўхтагандан кейин яна оз бўлсада қон келса ёки кудра-тўқ жигар ранг шилимшиқ бўлса ҳам рўзасини бузади. (Фатава аллажна аддаима).

Агар қон то шом намозигача узилиб турса, агар у аввалги кечада ният қилиб бугуннинг рўзасини тутган бўлса, рўзаси яроқлидир. Агар аёл киши ҳайз қонининг чиқиш ҳаракатини сезсаю қон Қуёш ботганидан кейин ташқарига чиқса, унинг бу кунда тутган рўзаси яроқлидир.

Агар аёлнинг ҳайз ёки нифос қони кечаси тўхтаса ва у рўза тутишга ният қилса, аммо ғусл қилишидан олдин субҳ кириб қолса, барча олимлар фикрига кўра, унинг рўзаси яроқлидир.

65) Агар аёл эртага ҳайз муддати бошланишини билса ҳам, ниятида ва рўза тутишда давом этсин ва қонни аниқ кўрмагунича рўзасини бузмасин.

66) Ҳайз ҳолатидаги аёл қонни тўхтатувчи бирон-бир дори қўлламасдан, Аллоҳ таолонинг ёзганига рози бўлиб, табиий ҳолатида туриши унинг учун яхшидир. Аллоҳ таоло ҳайз пайтида улар рўза тутмаслиги ва кейин тўлидириб қўйишларини қубул қилган, у ҳам шуни қабул қилсин. Уммул муъминийн ва салафларнинг аёллари шундай қилганлар. (Фатава аллажна аддаима) Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, қонни тўхтатиш учун қўлланиладиган дориларнинг зарарлари тиббий далиллар билан исботланган. Шундай нарсалардан фойдаланишлари натижасида кўплаб аёллар тартибсиз ҳайз кўришга мубтало бўлганлар.

Агар биронта аёл ҳайзни тўхтатувчи доридан фойдаланиб унинг натижасида ҳайз қони келмаган бўлса ва рўза тутган бўлса унинг рўзаси яроқлидир.

67) Истиҳоза (ҳайз қонидан бошқа, бачадондан келиб турадиган қон) нинг рўзага таъсири йўқ.

68) Агар ҳомиладор аёлнинг ҳомиласи тушиб кетса, агар у тўла ривожланган бўлса ёки унда қўл ёки бошнинг шакли кўринган бўлса, унинг қони нифос ҳисобланади. Аммо ҳомиласи тушсаю унда ҳали одам шакли пайдо бўлмаган лахта қон ёки бир парча гўшт бўлса, унинг қони истиҳоза ҳисобланади ва у агар қодир бўлса рўза тутади ёки рўза тута олмаса кейин қазосини тутиб беради. (Фатава аллажна аддаима) Бачадони ювилгандан кейин қони тўхтаса, рўза тутсин. (Араб ўлкаларида туғишдан кейинла бачадонни дорили сувда ювилади шунинг учун нифос қони узоқ давом этмайди, жуда тез тўхтайди) Уламолар ҳомила 80 кунлик бўлгандан кейин унга инсон шакли кира бошлайди деганлар.

Агар аёл 40 кун тўлмасдан олдин нифосдан покланса, рўза тутади ва намоз ўқиш учун ғусл қилади. (Ал Муғний) Агар 40 кун ичида яна қайта қон келса, рўза тутишдан тийилсин. Чунки, бу нифос қонидир. Қирқ кундан кейин ҳам қон тўхтамаса жумҳур уламолар: бу истиҳоза қони деб эътибор қилинади ва аёл рўзани бошлайди, ғусл қилиб намозларини ўқийди деганлар. Бироқ бу кунлар унинг одатдаги ҳайз кунларига тўғри келса, бу кунлар ҳайз деб эътибор қилинади. (Фатава аллажна аддаима)

Эмизикли аёл кундузи рўза тутган бўлса ва кечқурун қон томчиларини кўрса, кундузи пок бўлгани учун унинг рўзаси яроқлидир.

69) Ҳомиладор ва эмизикли аёл бемор кабидир. Шунинг учун улар ўзларига ёки болаларига бирон зарар етиб қолишидан қўрқишларидан қатъий назар уларга рўза тутмасликлари жоиз, кейин фақат қазосини тутиб берадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Аллоҳ таоло мусофирга намознинг ярмини ва рўзанинг ҳаммасини бекор қилди. Ҳомиладор ва эмизикли аёлга рўзани бекор қилди» дедилар. (Термизий ривояти. Ҳасан ҳадис). (Ҳадисдаги «бекор қилди» деганидан мутлақ маъно тушунилмасин, мазкурларнинг ҳаммаси қолдирган рўзаларининг қазосини  тутиб берадилар Ислом Нури) Агар ҳомиладор аёл рўза тутса ва қон кўрса, унинг рўзаси яроқлидир. Бунинг рўзага таъсири йўқ. (Фатава аллажна аддаима)

70) Рўза тутиши фарз бўлган аёл ихтиёрий равишда эри билан рамазоннинг кундузида жинсий алоқа қилса, эрига қўлланиладиган ҳукм унга ҳам қўлланилади. Агар эри уни мажбурласа ва у эрини қўлидан келганича қайтарса, у каффорат тўламайди. Ибн Ақил роҳимаҳуллоҳ рамазон кунида ухлаб ётган хотинини жимо қилган киши масаласида: «аёли каффорат тўламайди» — деди. Эҳтиёт шарт аёл ана шу куннинг қазосини тутиб кўяди. Шайхул ислом Ибн Таймийя  роҳимаҳуллоҳ бу унинг рўзасига ҳеч қандай зарар етказмайди деган.

Эрининг ўзини тутиб тура олмаслигини билган аёл рамазон кунларида ўзини эридан узоқроқ тутсин ва пардоз қилмасин.

Аёл рамазон ойида ўтказиб юборган рўзасини эрига билдирмасдан ҳам қазосини тутса бўлаверади. Чунки, фарз рўзаларда аёл эридан рухсат олиши шарт эмас. У фарз рўза тутишни бошласа шаръий узр сабаблигина рўзасини бузиши мумкин. Ўтказиб юборган кунларининг қазосини тутаётган аёлга эри рўзасини бузишга буйруқ бериши мумкин эмас. У билан жинсий алоқа қилиш ҳам мумкин эмас, бу ҳолатда аёлнинг эрига итоат қилиши жоиз эмас. (Фатава аллажна аддаима)

Аммо нафл рўзани эри ҳозир бўла туриб, унинг рухсатисиз тутмайди. Чунки, Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч бир аёл эри ҳозир бўла туриб, эрининг рухсатисиз рўза тутмасин» — деганлар. (Имом Бухорий ривояти).

 

Рўзага оид масалалар хусусида Аллоҳ таоло қодир қилганича ёзганларим мана шу бўлди. Аллоҳ таолодан Унинг зикрини қилишимизда унга шукр этиб, ибодат қилишимизда бизга ёрдам беришини, рамазонни Унинг мағфирати билан тугатишимизни ва бизни дўзахдан сақлашини сўрайман!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, аҳли оилаларига ва асҳобларига Аллоҳ таолонинг салоти ва саломи ва раҳмати бўлсин!

Мазкур рисолани ёзган, таржима қилган, кўчирган ва сизларга етиб бориши йўлида арзимас хизматлар қилган биродарларингиз хаққига дуойи хайр қилишингиздан умидвормиз.  Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.

Сўзимизнинг сўнггида Аллоҳга ҳамдлар айтиб қоламиз.  

◄◄◄Бошига кайтиш

Мундарижа

 

 ЮкоригаÎ