Ислом Нури

 

Китоблар

 

Рўзага оид 70 масала

 

 

Муаллиф: Муҳаммад Солиҳ ал Мунажжид

 

Таржимон: Абдуллоҳ Абдурраҳмон

 

Мундарижа

 

Мундарижа

1 Рўзага оид ҳукмлар
2 Рўзанинг фазилати
3 Рўзанинг фойдалари
4 Рўза одоби ва суннати
5 Улуғ ой мобайнида нималар қилиш лозим?
6 Рўзага оид баъзи ҳукмлар
7 Рамазоннинг кириб келганини қандай биламиз?
8 Рўза тутиш кимларга фарз
9 Мусофирларга хос ҳукмлар
10 Касалга хос ҳукмлар
11 Кекса ва қариялар
12 Рўза учун қачон ният қилади
13 Саҳарлик ва ифтор
14 Рўзани бузадиган амаллар
15 Аёлларга хос ҳукмлар

 

 

Муқаддима

Барча ҳамд Аллоҳникидир! Биз У зотга  ҳамдлар айтамиз, Ундан мадад тилаймиз, истиғфорлар сўраймиз! Нафсларимиз ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ беришини ўтинамиз. Зеро, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган инсонни ҳеч ким йўлдан адаштира олмас ва У адаштирган кимсани энди ҳеч ким ҳидоятга етаклай олмайди.  Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман, У Ёлғиз ва шериксиз Зотдир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир. У зотга аҳли-оилаларига ва уларга гўзал амаллар билан Қиёматга қадар эргашган барча мўминларга Аллоҳнинг кўпдан кўп салоту саломлари бўлсин.

Аммо баъд...

Аллоҳ таоло Ўз бандаларига маълум яхшилик кунларини раҳмат қилиб берди. Бу кунларда уларнинг солиҳ амаллари бир неча баробарга кўпаяди, гуноҳлари кечирилади, даражалари зиёда бўлиб, қалблари Ўз хожаларига кўпроқ яқинлашади. Инсонлар ўзларини поклаб саодатга эришадилар ёки ўзларини булғаб, ғафлатда қолиб барчасини бой берадилар. Аллоҳ таоло бандаларини фақат Ўзига ибодат қилишлари учунгина яратди.

«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваззориёт: 56).

Энг улуғ ибодатлардан бири Аллоҳ таолонинг фарзи — рамазон рўзасидир.

«...тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди...» (Бақара: 183).

Аллоҳ таоло бандаларини рўза тутишга чақирди:

«...Агар билсангиз, рўза тутишларингиз ўзингиз учун яхшироқдир» (Бақара: 185).

Бандаларини рўзани фарз этгани учун Аллоҳга шукр қилишларига йўллади:

«... ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлангиз. Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185).

Аллоҳ таоло бандалари учун рўзани севимли ва осон қилиб қўйди. Шунинг учун рўза одамларнинг кундалик ишларига ва ҳаракатларига ҳеч қандай халақит бермайди. «... саноқли кунларда...» (Бақара: 184).

Аллоҳ таоло бандаларига раҳм қилиб уларни қийинчилик ва зарарлардан йироқ этди.

«... Энди сизлардан бирор киши хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда тутади...» (Бақара: 184).

Демак, ушбу муборак ойда мўминларнинг қалблари Раҳмон роббиларига қайтишидан, тақво ва умид билан тўлиб-тошишидан ҳамда улуғ ғалаба яъни жаннатни қўлга киритишларини мақсад қилишларини ажабланмаса ҳам бўлади.

Бу ибодатнинг даражаси жуда улуғ бўлгани учун унга тегишли бўлган ҳукмларни ўрганиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун мусулмон киши рўзага оид қилиши керак бўлган фарз, четланиши керак бўлган қайтариқ ва улардан четланаман деб, ўзини ўзи қийнамаслиги учун рухсат берилган амалларни ўрганиб чиқмоғи лозим.

Бу китобча рўзага оид асосий ҳукмларни, рўза одоби ва суннатларини ўз ичига олади.

Рўзанинг таърифи

(1) «Сиём» араб тилида «тийилиш» деган маънони англатади. Ислом истилоҳида эса рўза тутишга ният қилингандан сўнг субҳдан то Қуёш ботгунигача рўзани бузадиган нарсалардан тийилиш тушунилади.

 

Рўзага оид ҳукмлар

(2) Ушбу Уммат Қуръон ва суннатдаги далилларга асосланган ҳолда рамазон ойида рўза тутишнинг фарз эканига иттифоқ қилган.

«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди...» (Бақара:183).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ислом беш асос устига қурилган...» — деб марҳамат қилган ҳадисларида ана ўша асослардан бири рамазон ойида рўза тутиш эканини таъкидлаганлар. (Имом Бухорий ривояти) Бирор киши рамазон ойида узрсиз рўзасини бузса ёки вақтидан олдин очса, улкан гуноҳ кабира қилган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрган тушларини тасвирлаб: «... бир тоққа етганимизда, турли (шовқинли) овозларни эшитдим. «Бу қанақа овозлар?» — деб сўрадим. Улар: «Бу жаҳаннам аҳлининг дод-фарёдлари» — дедилар. Кейин мен (бошқа бир жойга) олиб борилдим ва (у ерда) оёқларидан осиб қўйилган, оғизлари йиртилган ва оғизларидан қонлар оқиб турган одамларни кўрдим. «Булар кимлар?» — деб сўрадим. Улар: «Улар маълум (белгиланган) вақтдан (яъни ифтордан) олдин рўзаларини очган кишилардир» — дедилар» (Саҳиҳут тарғиб).

Имом Заҳабий   роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Мусулмонлар ўртасида бирон киши рамазон рўзасини ҳеч қандай сабабсиз тутмаса, у фоҳишабоз ва ароқхўрлардан ҳам ёмонроқдир деган нарса кенг тарқалган ва унинг мусулмон эканидан шубҳа қилишган. Бундай кимсага нисбатан қўпол ва ғайридин киши сифатида муомала қилишган».

Шайхул Ислом Ибн Таймийя  роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бирор киши рамазон ойида рўза тутмаса ва бунинг ҳаромлигини билиб туриб (рамазон ойида рўза тутмасликни) ҳалол деса, уни ўлдиринглар. Агар буни ахлоқсизлик билан (аммо ҳаром эканига ишониб) қилса, (яъни рўза тутмаса) у ҳолда уни рўза тутмаётгани учун жазоланглар». (Мажмуъул фатава). 

Рўзанинг фазилати

(3) Рўзанинг фойдалари шаксиз улкандир. Саҳиҳ ҳадисда Аллоҳ таоло рўза тутишни фақат Ўзи учун танлади, унинг ажрини ҳам Ўзи беради ва ҳад-ҳисобсиз кўпайтиради — дейилди. Аллоҳ таоло ҳадис қудусийда шундай дейди: «Фақат рўза мен учундир ва унга ажрни Ўзим бераман» (Имом Бухорий ривояти).

«Рўзанинг тенги йўқ» (Насоий ривояти).

«Рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди (ижобатсиз қолмайди)» (Имом Бухорий ривояти).

«Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: Бири оғзини очганда (ифтор вақтида) ва иккинчиси (Қиёмат кунида) раббига рўбарў бўлганда» (Имом Муслим ривояти).

«Қиёмат кунида рўза ўз эгасини шафоат қилади ва: «Эй раббим, кун бўйи унинг таомланишига, жинсий хоҳишларини қондиришига тўсқинлик қилдим. Шунинг учун уни шафоат қилишимга рухсат бер» — дейди.» (Имом Аҳмад ривояти, Ҳайсамий «Ал Мажмаъ»да иснодини ҳасан деган, Саҳиҳут тарғиб).

«Аллоҳ олдида рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид, мушкнинг бўйидан хушбўйроқдир» (Имом Муслим ривояти).

«Рўза қалқондир ва у кишини олов (дўзах) дан омонда сақловчи кучли ҳимоячидир»  (Имом Аҳмад ривояти, саҳиҳут тарғиб).

«Бир киши Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса,  Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқлаштиради» (Имом Муслим ривояти).

«Бир киши Аллоҳ юзининг умидида бир кун рўза тутса, агар ўша куни ҳаётининг сўнгги куни бўлса, у жаннатга киради»  (Имом Аҳмад ривояти, саҳиҳут тарғиб).

«Жаннатда «Райён» деб аталувчи бир дарвоза бор. Шу дарвозадан рўза тутувчи кишилар киради. Улардан бошқа ҳеч ким бу ердан кира олмайди. Уларнинг ҳаммалари кириб бўлгандан сўнг дарвоза ёпилади ва ҳеч ким у ердан киритилмайди» (Имом Бухорий ривояти).

Рамазон рўзаси Ислом асосларидан биридир. Қуръон мана шу ойда нозил бўлган ва бу ойда минг ойдан афзал бўлган бир кеча бор. «Рамазон бошланганда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади» (Имом Бухорий ривояти).

«Рамазонда тутилган рўза ўн ойлик рўзага тенгдир»  (Имом Аҳмад ривояти).

«Бир киши рамазон рўзасини иймон билан ва ажрини умид қилиб тутса ўтган барча гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ривояти).

«Ҳар (куни) ифтор вақтида, Аллоҳ таоло дўзахдан озод қилиш учун одамларни танлаб олади»  (Имом Аҳмад ривояти).

 

Рўзанинг фойдалари

(4) Рўзада кўплаб ҳикмат ва фойдалар бўлиб уларнинг ҳаммаси тақво доирасида бўлади. Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди...» (Бақара: 183).

Демак, киши (рамазонда) Аллоҳ таолонинг розилигини умид қилиб ва жазосидан қўрқиб ҳалол нарсалардан тийилса, ҳаром нарсалардан тийилиши жуда осон бўлади.

Кишининг қорни оч бўлса, унинг бошқа аъзолари очлик ва шаҳватдан фориғ бўлади. Агар унинг қорни тўқ бўлса тили, кўзи, қўли ва жинсий  аъзолари очлик сезади. Рўза шайтонни енгишга ёрдам беради. Яъни хоҳишларни бошқаради ва аъзоларни ҳимоя қилади.

Киши очликнинг оғриқларини ҳис қилганда мискинларнинг аҳволини яхшироқ тушунади. Шундан кейин уларга нисбатан ачиниш ҳисси уйғонади. Чунки, мискин бечоралар ҳақида эшитиш улар чекаётган азиятларга шерик бўлиш дегани эмас. Бу худди уловдаги киши пиёда юришнинг азобини пиёда юриб кўрмагунича билмагани кабидир.

Рўза кишининг иродасини нафс шаҳватларидан ва гуноҳлардан четланишга чиниқтиради.  Шу билан бирга рўза кишини тартибли ва ўз вақтида иш юритишга ўргатади.

Рўза мусулмонларнинг бирлигини яққол кўрсатади. Бутун уммат бир вақтда рўза тутади ва  бир вақтда оғиз очадилар.

Рўза бошқаларни Исломга чақириш учун катта имконият ҳамдир. Бу ойда кўп одамлар масжидларга борадилар. Буларнинг ичида биринчи марта келувчилар ёки анчадан буён келмай қўйиб рўза шарофати билан келаётганлар бўлади. Энг муҳими қалблар очиқ бўлади. Шунинг учун бу имкониятни ғанимат билиб, бу ойни хушмуомалалик билан даъват қилиш, таълим бериш ва солиҳ амалларни биргалашиб қилиш билан ўтказишмиз керак. Даъватчи бошқалар билан қаттиқ ишлаб ўзини эсдан чиқариб қўймасин, шам бошқаларни йўлини ёритиб, ўзини тугатгани каби.

 

Рўза одоби ва суннати

(5) Барчамиз то бомдодга азон чақирилмагунича еб-ичиб саҳарлик қилишнинг мумкинлигига шак-шубҳасиз ишонамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор» — деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ривояти). «Саҳарлик — баракадир. (Яъни  саҳарликда барака бор). Ва у (бизни) аҳли китоблардан ажратиб туради. Мусулмон учун энг яхши саҳарлик, бу хурмодир». (Абу Довуд ривояти).

Ифторни орқага сурмангиз, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар ифторларини кечга қолдирмасалар, (бузилмасдан) мудом яхшилик узра қоладилар» — деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Киши рўзасини қуйида Анас  розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда тасвирлаганидек очиши афзалдир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзаларини намоз (шом) дан олдин рутаб-ҳўл хурмо билан очардилар. Агар рутаб топилмаса, қуритилган хурмо ердилар. Агар қуритилган хурмо ҳам бўлмаса,  икки-уч ҳўплам сув ичардилар» (Термизий ва бошқалар. Термизий «ғариб ҳасан ҳадис» деган. Албоний «ал Ирваъ»да саҳиҳ деган).

Ифтордан кейин қилинадиган зикр (дуо) тўғрисида Ибн Умар  розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзаларини очганларидан кейин: «Заҳабаз-замау, вабталлатил уру-у-қу ва сабатал ажру ин ша Аллоҳ» «Чанқоқ кетди, томирлар ҳўлланди ва ин ша  Аллоҳ ажр собит бўлди» — дер эдилар. (Абу Довуд ривояти, Дора Қутний Ҳасан деган).

Гуноҳлардан четланинг, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирортангиз рўза тутса, гуноҳ иш қилмасин...» — деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда-ким ёлғон гапиришдан тўхтамаса ва ёлғонга биноан амал қилса, Аллоҳга унинг еб-ичишдан тийилишининг кераги йўқ» — деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Рўзадор ғийбат, сўкиниш, ёлғон каби барча ҳаром амаллардан тийилмаса, унинг савоблари йўққа чиқиши мумкин. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «... У киши очликдан бошқа нарсага эга бўлмайди» — деганлар. (Ибн Можа ривояти, Саҳиҳут тарғиб).

Савобларни йўқ қилиб, гуноҳларни кўпайтирадиган ёмон ишларга қуйидагиларни ҳам киритишимиз мумкин:

Бугун кўп рўзадор кишилар ўз вақтларини ҳаёсиз ва лағвга тўла кўрсатувлар, томошалар, сериаллар, мусиқали томошалар, кинолар ва спорт мусобақаларини томоша қилиш, лағв давраларида ўтириш, бирон бир мақсадсиз кўчаларда ёки бошқа жойларда тентираб юриш билан ўтказадилар. Айримлар эса, таҳажжуд, зикр, ибодат ойи бўлган ушбу улуғ ойни очликни ҳис қилмасликлари учун кундузи билан ухлаб ўтказадилар. Бу билан улар намозларни қазо қиладилар ва намозларни жамоат билан ўқиш имкониятларини қўлдан чиқарадилар. Кейин эса кечани турли кўнгил очар нарсалар ва шаҳватларини қондириш билан ўтказадилар. Ҳатто баъзилар бу ойни ғазаб билан кутиб олади. Чунки, улар бу ойда роҳатларини йўқотадилар. Баъзилар эса Рамазон ойида атайин таътил олиб, кофир мамлакатларга сафар қилиб, кўнгил очиб келади. Ҳатто масжидлар ҳам бундай ёмонликлардан холи эмас. Аёллар бўяниб ва атирлар суриб олганини кўрасиз. Баъзи одамлар эса бу ойни — эҳтиёжлари бўлмаса ҳам — тиланчилик мавсуми қилиб олади. Баъзилар эса вақтларини бозор ва дўқонларни айланиш билан ўтказади.

Бирортанинг ғазабланишига йўл кўйманг. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирор киши рўзадор билан уришса, ёки ҳоқорат қилса, у «мен рўзадорман, мен рўзадорман» — десин» — деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Бунинг бир сабаби (рўзадор эканини) ўзи эслаши бўлса, бошқа бир сабаби душманига эслатишдир. Аммо ҳозир рўзадорларнинг ҳатти-ҳаракатларига қараган киши анча фарқли нарсаларни кўради.

Кўп еманг, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Одам боласининг ошқозонидан кўра ёмонроқ тўлдирадиган идиши йўқ» — деб марҳамат қилганлар. (Термизий ривояти, Ҳасан саҳиҳ ҳадис деганлар). Оқил ейиш учун яшамайди, балки, яшаш учун ейди. Энг яхши таом бу осон тайёр бўладиган таомдир. Аммо баъзи одамлар турли туман таомларни ейишдан завқланадилар. Улар анвои таомлар тайёрлашга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун уй бекалари ва хизматкорлар бутун вақтларини таом тайёрлаш билан ўтказади ва бу уларни ибодат қилишдан машғул этади. Баъзилар рамазон ойида таом тайёрлашга бошқа вақтлардагига қараганда кўпроқ вақт ва пул сарфлайдилар. Турли хил таомларни тайёрлаб олганларидан кейин очкўзлар каби ейдилар ва чанқоқ касалига гирифтор бўлган туя каби ичадилар ва бу ой улар учун ҳазм қилиш, семириш ва гастрит касаллигини орттириб олиш ойи бўлади. Ошқозонларини тўлдириб олганларидан сўнг, таровиҳ намозига турганларида намоз ўқигилари келмасдан хоҳишсиз ўқийдилар ва баъзилари аввалги икки ракаатдан кейиноқ чиқиб кетади.

Илмни тарқатиш, пулни беришда ўзининг обрўси ёки жисмоний кучи билан бошқаларга яхшилик қилишда астойдил бўлиш. Бухорий ва Муслимда Ибн Аббос  розияллоҳу анҳумодан шундай ҳадис ривоят қилинган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Яхшилик қилишда) одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жибрил алайҳис салом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар. Жибрил алайҳис салом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан рамазоннинг ҳар кечаси учрашарди ва у билан Қуръонни дарс қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшилик қилишдаги сахийликлари эсаётган шамолдан ҳам тез эди».  (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Одамлар қандай қилиб сахийликни бахилликка алмашадилар-а! Улар амалларини кўнгилдагидек қилмайдилар ва бошқаларга ёмон муомала қилиб буларнинг барчаси учун рўзани узр қилиб кўрсатадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, рўзани мискинларни тўйдириш билан боғлаш жаннатга элтгучи сабаблардан биридир: «Жаннатда ташқарисидан ичкарисини ва ичкарисидан ташқарисини кўриш мумкин бўлган уйлар бор. Аллоҳ таоло бу уйларни мискинларга таом едирувчилар, мулойим гапирувчилар, узлуксиз (давомий) рўза тутувчилар ва кечаси бошқалар ухлаётган вақтда намоз ўқувчилар учун тайёрлаб қўйган». (Аҳмад ибн Ҳузайма ривояти, Албоний иснодини Ҳасан деган). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай марҳамат қилганлар: «Кимда-ким рўзадорга ифтор қилиб берса, рўзадорнинг савобидан заррача камайтирилмаган ҳолда рўзадор эга бўлганчалик савобга эга бўлади». (Имом Термизий ривояти, саҳиҳут тарғиб).  Шайхул Ислом ибн Таймийя: «Бу ҳадисда, рўзадорни тўйгунича таомлантириш назарда тутилган» — деганлар. (Ихтиёротул фиқҳийя 109-бет).

Салафлар ифторларини бечора-мискинлар билан  баҳам кўришни ўзларига одат қилиб олганлар. Улардан Абдуллоҳ ибн Умар, Молик ибн Динор, Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа улуғ имомларни санаб ўтишимиз мумкин. Абдуллоҳ ибн Умар бир етим ёки мискин бўлмаса, ифтор қилмас эдилар.

 

Улуғ ой мобайнида нималар қилиш лозим?

Киши ўзини ва муҳитини ибодатга тайёрлаши, тавбага ва Аллоҳ таолога қайтишга шошилиши, ойнинг кириб келганидан хурсанд бўлиши, чиройли рўза тутиши, таровеҳ намозларини ўқиётганда Аллоҳ таолодан қўрқиши, ойнинг ўртасидаги ўн кунлигига келиб ўзида чарчоқни ҳис қилмаслиги, лайлатул Қадрни топишга ҳаракат қилиши, бир неча марта қуръонни ўқиб ўтказиши, ўқиётганда маъноларини тушунишга ва йиғлашга ҳаракат қилиши керак. Рамазон ойида қилинган умра савоби ҳаж савоби билан тенгдир ва бу муқаддас ойда берилган эҳсон-садақаларга бир неча баробар кўп ажрлар берилади. Рамазон ойида масжидда эътикоф ўтириш суннати муаккададир.

Рамазоннинг бошида одамлар ой кириб келгани билан бир-бирларини табриклашлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига рамазоннинг кириб келаётгани хушхабарини берар эдилар ва уларни солиҳ амалларга рағбатлантирардилар. Абу Ҳурайра  розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазон — раҳмат ойи келмокда. (Бу ойда рўзани)  Аллоҳ сизларга фарз қилди. (Бу ой) мобайнида жаннат эшиклари очилади ва дўзах эшиклари қулфланади ва  шайтонлар кишанланади. (Бу ойда) минг ойдан афзал бўлган бир кеча бор. Кимда-ким унинг яхшилигидан маҳрум бўлса, у шаксиз маҳрум кишидир» — деб марҳамат қилганлар». (Насоий ривояти, саҳиҳут тарғиб).

 

Рўзага оид баъзи ҳукмлар

(6) Рўзалардан пайдар-пай тутилиши фарз бўлганлари бор улар: Рамазон рўзаси, бир кишини билмасдан ўлдириб қўйгани учун каффорат рўзаси,  хотинини зиҳор[1] қилгани учун тутиб бериладиган рўза,  рамазоннинг кундузида жинсий алоқа қилгани учун тутиб бериладиган рўза ва бир неча кун пайдар-пай рўза тутишни назр қилган бўлса, шу назрига вафо қилиб тутиладиган рўза.

Пайдар-пай тутиш лозим бўлмаган рўзалар ҳам бор. Улар: рамазон кунларидан ўтказиб юборган кишининг рўзаси, ҳажда қурбонлик қилишга қодир бўлмаган кишининг ўн кун рўза тутиб бериши, «каффоратул ямин» «қасам каффорати учун» тутиладиган рўза, эҳромда таъқиқланган ишлардан бирини қилгани учун (жазо) рўзаси (бу рожиҳ қавлларда), кетма-кетликни ният қилмаган бўлса назр рўзаси ҳам.

(7) Ихтиёрий (нафл) рўзалар фарз рўзаларнинг камини тўлдиради. Нафл рўзаларга қуйидагиларни мисол келтириш мумкин: Ошуро (Муҳаррамнинг: афзали 9 ва 10 ёки 10 ва 11 ва ёки фақат 10 куни) нинг рўзаси, Арафа кунининг рўзаси, Айёмул Бийз (ойдин кечалар, яъни ҳижрий ойларнинг 13, 14, 15- кунлари) да тутиладиган рўза, шаввол ойида тутиладиган 6 кун рўза, ва Муҳаррам ва Шаъбон ойларида кўпроқ рўза тутиш.

(8) Жума куннинг ўзида рўза тутишдан қайтарилган. (Имом Бухорий ривояти). Шанба куни ҳам фарздан бошқа рўзани тутиб бўлмайди. (Имом Термизий ривояти). Бу ерда ҳеч қандай сабабсиз хослаб олиш назарда тутилган. Ҳар куни рўза тутиш, икки ёки ундан кўп кун ифтор қилмай ўткарма рўза тутиш ҳам жоиз эмас.

Икки ҳайит кунида, ташриқ кунлари яъни, Зулҳижжанинг 11, 12, 13- кунлари рўза тутиш ҳаромдир. Чунки, бу кунлар ейиш-ичиш ва Аллоҳ таолони зикр қилиш кунларидир. Аммо (Ташриқ кунлари) қурбонлик қилишга қодир бўлмаган (ҳожи) киши Минода рўза тутиши мумкин.

 

Рамазоннинг кириб келганини қандай биламиз?

(9) Рамазон янги ой кўриниши ёки Шаъбон ойи тўлиқ ўттиз кун бўлиши билан бошланади. Кишига янги ойни кўриши билан ёки ишонарли манбалардан эшитиши билан рўза тутиш фарз бўлади.

Ҳисоб-китоблардан фойдаланиб рамазоннинг бошланишини белгилаш бидъатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифлари бунга очиқ далилдир: «Ойни кўриб рўза тутинглар ва ойни кўриб оғизни очинглар» (Имом Термизий ривояти, Ҳасан ҳадис деган). Агар балоғат ёшидаги, ақли жойида, омонатли ва кўзи яхши кўрадиган бир мусулмон янги ойни ўз кўзи билан кўрганини айтса унинг хабари олинади ва рўза тутиш бошланади.

 

Рўза тутиш кимларга фарз

(10) Рўза балоғатга етган, ақли жойида, муқим (сафарда бўлмаган), рўза тутишга қодир ва рўза тутишга ҳайз, нифос каби тўсиқлари бўлмаган барча мусулмон ва муслималарга фарздир.

Инсонда қуйидаги уч ҳолат топилса, у балоғатга етган ҳисобланади: (а) Тушида ёки бошқа ҳолатда маний келса (эҳтилом бўлса); (б) Жинсий аъзо атрофида дағал жунлар чиқса; (в) (бу аломатлар зоҳир бўлмасада) 15 ёшга тўлса. Аёлларда «ҳайз» деб номланувчи тўртинчи ҳолат ҳам бор. Қиз бола 10 ёшга тўлмаган бўлсада агар ҳайз кўрса, унга рўза тутиш фарз бўлади.

(10) Болалар етти ёшга кирганда -кучлари етса- уларга рўза тутишни ўргатиш лозим. Баъзи олимлар 10 ёшли бола рўза тутмаса, худди намозда бўлгани каби уриш керак дейишган. Бола тутган рўзаси учун ажр олади. Ота-онаси ҳам уни тўғри тарбиялаганлари ва яхшиликка бошлаганлари учун ажрланадилар. Рубаййиъ бинт Муаввиз  розияллоҳу анҳо Ошуро рўзаси фарз бўлгандаги ҳолат ҳақида шундай дейди: «Биз болаларимизга рўза туттирар эдик. Уларга жундан ўйинчоқ ясаб берар эдик. Агар биронтаси «овқат» — деб йиғлай бошласа, ифтор пайтигача ўйнаб, овуниб туриши учун ўша ўйинчоқни берар эдик» (Имом Бухорий ривояти). Баъзилар боласига рўзани ўргатиш муҳим эканини ўйламайдилар. Бола рўза тутишга қизиқиши ва бунга унинг қурби ҳам етиши мумкин, аммо «меҳрибон» ота-оналари унга «ачиниб» рухсат бермайдилар. Улар болалар учун ҳақиқий меҳрибонлик, уларни рўза тутишга ўргатиб бориш эканини билишмайди. Аллоҳ таоло шундай буюради: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида бағритош  ва қаттиққўл,  Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсанигина қиладиган фаришталар турур» (Тахрим: 6). Қиз бола балоғатга етиши билан унинг рўза тутишига эътибор қилиш керак. Кўпинча, улар ҳайз кўрганини айтишдан уяладиларда рўза тутаверадилар кейин эса у кунларни қазосини тутмайдилар.

(12) Агар кофир рамазон ойида Исломни қабул қилса, боланинг балоғатга етгани билинса, ақлдан озган одам ҳушига келса, рамазоннинг қолган кунларида уларнинг ҳаммаси ейиш-ичишдан тийилсинлар. Чунки, улар рўза тутиш фарз бўлганлар қаторига қўшилдилар, аммо ўтказиб юборган кунлари учун бошқа вақт қазосини тутиб бермайдилар. Чунки, у пайтда уларга рўза фарз эмас эди.

(13) Мажнун амалларига жавоб бермайди (яъни, унинг амаллари амал дафтарига ёзиб борилмайди), аммо у маълум вақтларда ақлдан озса ва бошқа вақтларда хушида бўлса, унга ақли жойида бўлган вақт мобайнида рўза тутиши лозим ва мажнунлик даврида лозим эмас. Агар у кундуз куни мажнун бўлиб қолса, бу унинг рўзасини бузмайди. Бу гўёки касаллик ёки бошқа бир сабабли хушидан кетиши кабидир. Чунки, у ақли жойидалигида рўза тутишни ният қилган. (Ибн Усаймин «Мажалису шаҳри рамазон» 28-бет). Тутқаноқ тутадиган кишининг ҳукми ҳам шу кабидир.

(14) Агар одам рамазонда вафот этса, у ёки меросхўрлари зиммасида бирор адо этиш шарт бўлган нарса йўқ.

(15) Агар киши рамазон рўзасининг фарзлигини, кундузи ейиш-ичишнинг ёки жинсий алоқа қилишнинг ҳаром эканини билмаса, унга ўхшаганлар ҳақиқатда маъзур тутиладиган жоҳил бўлса, кўпчилик олимлар фикрига кўра у маъзурдир. Булар Исломни янги қабул қилган, дорул-ҳарб (Кофир мамлакати)да яшаган ва кофирлар ичида ўсган каби кишилардир. Аммо мусулмонлар ичида бўлган ва сўраб суриштиришга ёки билишга имкони бўлган киши  маъзур ҳисобланмайди..


[1] - Зиҳор арабча «аз-заҳр» «бел» маъносидаги сўздан олинган бўлиб, бирор киши хотинига сенинг белинг онамнинг белидек деб, хотинини онасига ўхшатиш. Айнан белни зикр қилишнинг сабаби хотинни от-уловларга ўхшатишдир. Уларни минилганда устига яъни белига минилади. Хотин ҳам эрнинг уловидир, уни уловга ўхшатиш эса аёл жимоъда эрнинг тагида бўлгани учундир. Зиҳор талоқ эмас, балки у хотинни ўзига ҳаром қилишдир. Эр то каффорат бермагунича хотинига яқинлашмайди. Каффорат бериши билан хотини унга ҳалол бўлади. Каффорати ушбу тартиб бўйича уларнинг бирини қилиш билан бўлади: 1- Қул озод қилиш. 2- икки ой пайдар-пай рўза тутиш. 3- 60 та мискиннинг қорнини тўйдириш. Ислом Нури

 

Давомига ўтиш►►►

 ЮкоригаÎ