Ислом Нури

 

Китоблар

 

(Давоми)

Мусофирларга хос ҳукмлар

(16) Мусофир маълум шартларга кўра рўзасини очиши (яъни, рўза тутмаслиги) жоиздир. Унинг сафари масофа жиҳатидан ёки урфга кўра сафар деб қабул қилинадиган (бу борада олимлар турли хил қарашдалар) бўлиши ва шаҳар (ёки кишлоқ) дан ва унга улашган уйлардан чиқиши лозим. Кўпчилик олимлар: «Мусофир шаҳар чегарасидан ўтмагунича рўзасини  очмасин. Чунки, у ҳали шаҳар ичида «муқим» ва шу ерда «ҳозир бўлганлардандир» — дейишган. Аллоҳ таоло шундай буюрган: «... Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса рўза тутсин...» (Бақара: 185). Киши юртидан чиқмагунича мусофир ҳисобланмайди. У ўз шаҳри ичида бўлса, муқим ҳисобланади. Шунинг учун рўзасини очиши ва намозларини қаср қилиб ўқиши жоиз эмас. Кўпчилик олимлар агар киши гуноҳ-маъсият мақсадида сафар қилаётган бўлса, унинг учун бу сафар ҳисобланмайди деганлар.

(17) Ислом Умматининг ижмосига кўра мусофир сафарда рўза тутишга қодир ва имконияти бемалол бўлса ҳам, рўза тутиш унга оғирлик қиладими ёки қилмайдими, енгил сафарда ва унга хизмат қиладиган кишилар бўлса ҳам, рўза тутмаслиги ва намозни қаср қилиб ўқиши мумкин. (Мажмуул фатава).

(18) Бир киши Рамазонда сафар қилишга ният қилса, то сафар қилмагунича рўзасини очмасин (рўза тутишни тарк қилмай турсин). Чунки, бирор сабаб билан сафар қила олмай қолиши мумкин.

Мусофир ўзи яшайдиган шаҳар (қишлоқнинг) уйларидан чиқмагунича рўзасини очмасин. Шаҳар (қишлоқ) нинг уйларидан чиққанидан кейин очиши мумкин. Агар у учоқ (самолёт) да учаётган бўлса, учоқ кўтарилиб шаҳарининг уйларидан чиқса ёки тайёрагоҳ шаҳарнинг ташқарисида бўлса тайёрагоҳга етгач рўзасини очиши мумкин.

(19) Агар Қуёш ботса ва ерда эканида рўзасини очса, кейин учоқда Қуёшни кўрса ҳам, ейиш-ичишдан тўхтамайди. Чунки, у шу куннинг рўзасини тўлиқ тамомлади, тугатилган ибодатни қайтариб бўлмайди. Агар учоқ Қуёш ботишидан олдин кўратилса ва сафар асносида шу куннинг рўзасини етказишни хоҳласа, ҳавода эканида қаерда бўлишидан қатъий назар Қуёш ботишини кутиши керак. Учувчи рўзани очиш мақсадида, Қуёш кўринмайдиган даражада пастлаши мумкин эмас. Чунки, бу ҳийладир. Аммо жиддий бир сабаб туфайли учоқни пастлатса ва натижада Қуёшнинг доира шакли кўринмай қолса, у ҳолда рўзадор рўзасини очиши мумкин. (Шайх ибн Боз фатволаридан).

(20) Кўпчилик олимлар фикрига кўра, киши бир жойга сафар қилса ва у ерда 4 кундан кўп муддат туришни ният қилса, рўза тутиши керак. Шунинг учун агар киши хорижга (ёки узоқроқ шаҳарга) ўқиш учун борса, жумҳур уламолар, тўрт мазҳаб имомлари ҳам шулар жумласидан — у ўша ерлик ҳисобланади ва рўза тутади, намозларини тўлиқ ўқийди.

Агар мусофир бошқа бир шаҳардан ўтса ва у ерда 4 кундан ортиқ турадиган бўлса, унинг ҳукми муқим (ерлик)лардан ҳисобланади. (Ибн Боз «Фатава аддаъва»).

(21) Бир киши муқимлик ҳолатида рўза тутган бўлса ва ўша куни сафарга чиқса, рўзасини очиши жоиз. Чунки, Аллоҳ таоло мутлақ сафарни рўза тутмаслик учун рухсат қилган: «... Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади...» (Бақара: 185).

(22) Мусулмонларга хизмат қиладиган хат ташувчи (такси ҳайдовчилар, учувчилар, ҳаво йўли ишчилари) каби сафарга кўп чиқувчи киши ҳам рўзасини очиши жоиз, кейин қазосини тутиб беради (яъни сафар вақтида рўза тутмаслиги мумкин). Қуруқликда яшайдиган уй-жойи бўлган денгизчи ҳам шу кабидир. Аммо хотин ва бошқа барча эҳтиёжлари ўзи билан бирга бўлган, лекин доимий сафарда бўлган денгизчи сафар рухсатларидан фойдаланмайди. Рўзасини вақтида тутади ва намозларини тўла ўқийди. Агар бадавийлар (кўчманчи саҳроийлар) ўзларининг қишда яшайдиган жойларидан ёзда яшайдиган жойларига кўчсалар, ёки аксинча бўлса, кўчиш давомида рўза тутмай туришлари ва намозларни қисқартиришлари мумкин. Аммо қишлик ёки ёзлик жойларига етиб келишгач рўзаларини тутадилар ва намозларини тўла ўқийдилар. (Ибн Таймийя «Мажмуул фатава»).

(23) Агар мусофир кундузи манзилига етиб келса, ейиш-ичишдан тўхташи ёки тўхтамаслиги тўғрисида олимлар турли сўзларни айтганлар. Аммо эҳтиётлиси шу ойнинг ҳурматидан еб-ичишдан тўхташлигидир. У шу кунда еб-ичишдан тўхтаган бўлса ҳам шу куннниг рўзасини бошқадан тутиб беради.

(24) Агар киши рамазонни бир шаҳарда бошлаган бўлса, кейин у ердаги одамлар ундан олдин ёки кейин рўза тутишни бошлаган бошқа шаҳарга сафар қилса, унинг ҳукми ана шу шаҳар аҳлининг ҳукмидадир. Улар билан бирга рўза тутади ва улар билан оғзини очади, гарчи у ўттиз кундан ортиқ рўза тутса ҳам. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳамма қатори рўза тутиб, ҳамма қатори рўзани очинглар (тугатинглар)» (Термизий ривояти) — деб марҳамат қилганлар. Агар унинг рўзаси 29 кундан кам бўлиб қолса, ҳайитдан кейин саноқни тўлдириб тутиб кўяди. Чунки, ҳижрий ой 29 кундан кам бўлмайди. (Ибн Боз «фатава ассиям»).

 

Касалга хос ҳукмлар

(25) Киши хасталик ҳолатида рўза тутмаслиги жоиздир. Бунга қуйидаги оят асос бўлади: «... Ва ким хаста ёки мусофир бўлса у ҳолда (рўза тута олмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтган) тутади...» (Бақара: 185).

Аммо йўтал, бош оғриғи каби енгил касалликлар рўза тутмасликка сабаб бўла олмайди. Агар рўза тутса, касаллигини яна ҳам ёмонлаштириши ёки тузалишининг орқага сурилиши тиббий исботланса, киши ўз тажрибаси ёки одатидан буни билса ёки бунга гумони ғолиб бўлса рўзасини очиши жоиз. Ҳатто бундай ҳолатда унинг рўза тутиши макруҳдир. Агар киши касал бўлса, ўша кечаси эртага рўза тутишни ният қилмасин, гарчи эрталабгача тузалиб қолиш эҳтимоли бўлса ҳам. Чунки, ҳисобга ҳозирги ҳолат олинади.

(26) Агар рўза кишининг ҳушидан кетишига сабаб бўлса, рўзасини очсин ва кейин ўтказиб юборган кунларининг саноғини тўлдириб, тутиб қўйсин. (Мажмуул фатава). Агар киши кундузи ҳушидан кетса ва шомдан олдин ёки кейин ўзига келса, эрталаб рўза тутган бўлса, унинг рўзаси яроқли ҳисобланади. Агар у бомдоддан шомгача ҳушидан кетса, кўпчилик уламолар олдида унинг рўзаси яроқсиздир. Кўпчилик уламолар олдида қанча муддат ҳушидан кетган бўлишидан қатъий назар, ҳушидан кетган киши кейинчалик ўша кунлар учун бошқа рўза тутиб бериши фарз. (Алмуғний маъа ашшарҳил кабир). Баъзи олимлар ҳушидан кетган ёки унга фойдали бўлиши учун уйқу дори ичирилган ёки наркоз берилган киши натижада ҳушидан кетиб қолса, агар унинг беҳушлиги уч кун бўлса, ухлаб қолган кишига қиёсланиб, рўзасининг қазосини тутади. Агар уч кундан ортиқ бехуш бўлса, мажнунга қиёсланиб, рўзасининг қазосини тутмайди. (Шайх Ибн Бознинг фатоволаридан).

(27) Агар киши кучли очликни ёки қаттиқ чанқоқни ҳис қилса ва шу сабабли ўлиб қолишдан ёки бирон аъзосига тузалмайдиган даражада зарар етиб қолишидан қўрқса ва бу шунчаки гумон эмас, балки шундай бўлишига аниқ ишонса, у рўзасини очиши мумкин. Кейин қазосини тутиб беради. Чунки, жонни сақлаб қолиш фарздир. Аммо киши эҳтимолли қийинчилик, чарчаш ёки баъзи касалликларни орттириб олишдан қўрқкани учун рўзасини очиши мумкин эмас. Жисмоний куч талаб қилувчи ишларда ишловчи кишилар рўзаларини очишлари мумкин эмас ва улар ҳар куни кечқурун эртага рўза тутишни ният қилсинлар. Агар улар кун мобайнида ишларини тўхтата олмасалар ёки бирор зарар етиб қолишидан қўрқсалар ёки рўзасини очишига сабаб бўладиган жиддий машаққатга рўбарў келсалар, ўша машаққатни бартараф қилиш учун етадиган миқдорда ейишлари мумкин. Сўнг то Қуёш ботгунга қадар ейиш-ичишдан тийиладилар ва кейинчалик ўша куннинг рўзасини бошқа тутиб беришлари шартдир. Метал эритиш ва шу каби жойларда ишловчи кишилар ўз иш вақтларини кечки сменага ўзгартирсинлар ёки рамазон ойи кирганда таътилга чиқсинлар. Ойликсиз бўлса ҳам, таътил олсинлар. Агар иложи бўлмаса, у ҳолда диний ва дунёвий бурчларни бемалол адо эта оладиган бошқа жойлардан иш изласинлар: «Кимки  Аллоҳдан қўрқса У Зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур.» (Талоқ: 2,3).

Талабаларнинг имтиҳонлари рамазонда рўзаларини очиш учун узрли сабаб эмас. Ота-она имтиҳон пайти рўза тутма, деса ҳам уларга итоат қилинмайди. Чунки, яратувчига осий бўлиб қолинадиган ўринларда бандаларга итоат қилинмайди. (Фатава аллажнатид даима).

(28) Соғайишига умид қилаётган хаста киши яхши бўлиб кетгунигача кутсин, кейин ўтган кунларининг қазосини тутиб тўла қилиб кўйсин. Унга ҳар кун ҳисобидан бир мискинни тўйидириб қўйиш жоиз эмас. Тузалмайдиган касалга дучор бўлган бемор, рўза тута олмайдиган кекса кишилар рўзанинг ҳар бир кунидан ярим соъ маҳаллий таом билан бир мискинни тўйдириши керак (мас: гуруч, буғдой). (Ярим соъ бир ярим килога тенгдир). У бунинг ҳаммасини жамлаб ойнинг охирги кунида мискинларга едириши ёки ҳар куни бир мискинни тўйидириш билан адо этиши мумкин. Оятга кўра бу фидя мискинга пул шаклида эмас, овқат шаклида берилиши керак. (Фатава аллажна аддаима). Бу ишни агар ўзи қила олмаса, бирорта ишончли киши ёки ташкилотга унинг номидан таом олиб мискинларга тарқатиши учун пулни берса бўлади.

Рамазонда рўза тутмаган бемор, тузалгач ўтган кунлари учун рўза тутиб беришни кутиб турган бўлса, кейин унинг касали тузалмас эканлиги аён бўлиб қолса, у ҳар бир кунидан бир мискинни тўйдиради. (Ибн Усаймин фатволаридан).

Соғайишини кутиб турган киши вафот этса, унинг ва меросхўрларининг зиммасида ҳеч қандай қарз қолмайди. Кишининг касали тузалмас бўлса, ва шунинг учун у рўза тутмасдан ўтказиб юборган рўзаларининг ўрнига мискин тўйдирган бўлса, кейин тиббиёт илмининг ривожланиши натижасида унинг давоси топилиб соғайиб кетса, унга ўтган кунларидан бирон нарса лозим бўлмайди. Чунки, у ўша вақтида қилиши керак бўлган нарсани қилган. (Фатава аллажна аддаима).

(29) Агар касал соғайиб ўтказиб юборган кунлари учун рўза тута оладиган ҳолга келса, аммо тутиб беришдан олдин вафот этса, унинг молидан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун бир мискинга таом чиқарилади. Агар қариндошларидан бирортаси унинг номидан рўза тутиб беришни хоҳласа, бу бўлади (мумкин). Чунки, бу ҳақда саҳиҳайнда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда ким рўзадан қарзи бўлган ҳолида вафот этса унинг учун валийси (меросхўри) рўза тутиб берсин» деб марҳамат қилганлар. (Фатава аллажна аддаима).

 

Кекса ва қариялар

(30) Кучдан қолган қария ва кундан-кун заифлашиб бораётган кексаларга рўза тутиш машаққатли бўлса, улар учун рўза тутмасликлари жоиз. Ибн Аббос  розияллоҳу анҳумо қуйидаги: «...(кексалиги ёки заифлиги сабабли) рўза тутишга қийналадиган кишилар бир мискин-бечоранинг бир кунлик таоми миқдорида эваз тўлашлари лозим» (Бақара: 184) ояти ҳақида: «Бу оят бекор (мансух) қилинмаган. Бу рўза тута олмайдиган кекса чол ва қари кампирдир, уларнинг ҳар бири ҳар куни бир мискинни тўйдирсин» дер эди. (Имом Бухорий ривояти).

Кексалиги туфайли  заифлашиб, нарсаларнинг фарқига бормай қолган киши ва на унинг оиласи бирор нарса қилиши (яъни ўрнига рўза тутиш ёки мискинни тўйдириши) фарз эмас. Чунки, ундан жавобгарлик соқит бўлган. Агар у баъзан нарсаларнинг фарқига етиб, баъзан фарқига етмаса, унинг нарсаларининг фарқига етган вақтида рўза тутиши фарз, фарқлай олмайдиган пайтида фарз эмас. (Мажалису шаҳри рамазон).

(31) Душман билан жанг қилаётган ёки душман юртларини қуршаб олган кишиларнинг рўза тутишлари жангда заифлашиб қолишларига сабаб бўлса, ҳатто сафарда бўлмасалар ҳам рўзаларини очишлари мумкин. Агар жангдан олдин рўзаларини очиш керак бўлиб қолса, очишлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жанг олдидан асҳобларига рўзаларини очишлари тўғрисида: «Эрталаб душманларингиз билан учрашасизлар, рўза тутмасаларинг бақувватроқ бўласизлар. Шунинг учун (эртага) рўза тутманглар» — дедилар. (Имом Муслим ривояти). Ибн Таймийя ҳам шу қавлни ихтиёр қилганлар ва шом аҳлига мўғил-татарлар ҳужум қилганда улар шаҳар ичида бўлишларига қарамай шу фатвони берганлар.

(32) Агар киши касаллик каби кўриниб турган сабабларга кўра рўза тутмаётган бўлса, очиқ-ошкор еб-ичишида ҳеч қандай ёмонлик йўқ. Бироқ, ҳайз каби яширин сабаб туфайли рўза тутмаётган бўлса, турли гап-сўзларга сабаб бўлиб қолмаслиги учун махфий еб-ичиши яхшироқ.

◄◄◄Бошига кайтиш

Мундарижа

Давомига ўтиш►►►

 ЮкоригаÎ