Ислом Нури
Жума насиҳатлари
ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР
Д. Муҳаммад Нуҳ
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
УЧИНЧИ ТЎСИҚ
Ш О Ш Қ А Л О Қ Л И К
(Давоми)
5) Душманларнинг услубларини билмаслик
Баъзан душманларнинг кураш услубларини яхши билмаслик ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Чунки, Аллоҳнинг душманлари ислом олами ичига чуқурроқ кириб бориш ва уни имкон қадар ўз чангали остида тутиш учун турли-туман ва саноқсиз услубларни қўллашади. Булар ичида энг хатарли саналган услубларидан бири шуки, улар мусулмонлар ичидан зоҳирда исломни эълон қилиб, дилларида куфр, адоват ва залолат мустаҳкам ўрнашган кимсаларни чиқариб қўйишади. Макрнинг бундай услуби уммат ичига қутқу солишда қўл келади, умматни ёмонлик ва ботилга қарши курашдан, уни йўлдан олиб ташлаш учун оммавий равишда ҳаракат қилишдан тўсади. Бундай кимсалар ҳар қандай йўллар билан оммани ўзларига қаратишга ва ўз сафларига тортишга ҳаракат қилишади. Аллоҳнинг душманлари узоқ давр мобайнида Исломга қарши қайта-қайта очиқ кураш олиб боришгач, бу услуб билан бир нарсага эришиб бўлмаслигини, аксинча, бу билан айрим динига бепарво ва лоқайд мусулмонларни ҳам уйғотиб қўйишини ва уларга қарши курашга етаклашини тушуниб етишгач, энди курашнинг мана бундай услубларига ўтишди.
Бу ва шунга ўхшаш бошқа услубларни яхши билмаслик ҳам кишини шошқалоқликка етакловчи сабаблардан бўлиб қолади.
6) Мункар ишларнинг авж олиши ва уларни ўзгартириш услубини билмаслик:
Гоҳо мункар-ношаръий ишларнинг кенг авж олиши ва уларни ўзгартириш услубларини билмаслик ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Зеро, ҳозирда инсон қаёққа қарамасин, мункар билан тўлиб-тошганини кўради. Мусулмон кишининг вазифаси – мункарни кўрганда уни ўзгартиришга ва йўқотишга ҳаракат қилиши керак, бунда шак-шубҳа йўқ. Акс ҳолда, ер юзини ёмонлик ва фасод қоплаб олади.
Аллоҳ таоло айтади:
«Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз, ер фасодга дучор бўлади» (Бақара: 251).
«Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир» (Ҳаж: 40).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (ўзгартирсин), унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан (ёмон кўрсин), мана шу иймоннинг энг заифидир» (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
«Аллоҳнинг белгилаб қўйган чегараларида турувчи киши билан уларни бузиб кирувчи кишининг мисоли кемада қуръа билан жойлашиб, баъзилари юқори қисмига, баъзилари қуйи қисмига ўрнашган кишилар мисоли кабидир. Қуйи қисмидагилар агар сув олмоқчи бўлсалар юқоридагиларни оралаб ўтар эдилар. Шунда улар: «Биз ўзимизга тегишли жой (паст)дан тешиб олсак-да, юқоридагиларга озор етказмасак», дейишди. Агар уларни қилмоқчи бўлган ишларига тек қўйиб қўйишса ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар уларни тўхтатиб қолишса ҳаммалари нажот топишади» (Имом Бухорий Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Лекин, ҳамма мункарни ҳам дарҳол ва зудлик билан ўзгартириш вожиб бўлавермайди. Уни ўзгартиришда ўзидан кўра ҳам каттароқ мункарга олиб келиб қўймаслиги шарт қилинади. Агар каттароқ мункарга олиб келиб қўйиши мумкин бўлса, уни қалб билан ёмон кўришга чекланган ва ундан узилган ҳолда, ўзгартиришдан тўхталиб туриш лозим бўлади ва уни йўқотишнинг энг яхши ва муваффақиятли усулларини қидириш ва имкони бўлиши билан уни ўзгартиришга чин азму қарор билан туриш керак бўлади.
Суннат ва сийратдан бунга кўплаб шоҳид ва далиллар келтириш мумкин:
Мисол учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганларида Каъба ичи ҳам, чор атрофи ҳам бутлар билан тўла эди. Шундай бўлгани ҳолда, уларни тамомила йўқотишга орадан 21 йил ўтгач, фақат саккизинчи ҳижрийда, Макка фатҳи кунигина амалий қадам қўйдилар. Чунки, у зот аввал бутларга сиғиниш ва уларнинг ҳурматини қалблардан ўчирмай туриб, агар уларни биринчи кунданоқ синдиришга тушсалар, мушриклар уларга яна-да қаттиқроқ ёпишишини ва яна-да кўпроқ зеб беришини, маъсият ундан-да кучайиб, зарар яна-да каттароқ бўлишини яхши билардилар. Шунинг учун ҳам уларни ўз ҳолича қолдириб, инсонларни тарбия қилиш, қалбларни тозалаш ва дилларни оқартиришга саъй-ҳаракат бошладилар. Бу ишни комил адо этганларидан кейингина Маккани фатҳ этдилар ва «Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир» (Исро: 81) оятини ўқиган ҳолларида бутларни парчалаб ташладилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммул муъминийн Оиша розияллоҳу анҳога қилган ушбу хитоблари ҳам сўзимизнинг ёрқин далилидир:
«Кўрдингизми, қавмингиз Каъбани бино қилганида Иброҳим (алайҳиссалом) қўйган пойдеворга етказишмаган?!», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ, уни бошқатдан Иброҳим (алайҳиссалом) пойдеворига қайтарсангиз бўлмайдими?», деб сўрадилар. «Қавмингиз куфрдан яқингинада чиққан бўлмаганида эди, шундай қилган бўлардим», дедилар (Имом Бухорий (2/179) ва Имом Муслим (2/969) ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда Каъбани янгилаш ва уни Иброҳим алайҳиссалом қўйган пойдевор асосида қайта қуришдан тўхталишларига сабаб – бу иш аввалгисидан ҳам каттароқ мункарга, яъни ажралиш ва бўлинишга сабаб бўлишидан қўрққан эдилар. Бу бошқа ривоятда яна ҳам очиқроқ кўринади: «Агар қавмингиз жоҳилиятдан яқингинада чиққан бўлмаганида эди, шундай қилган бўлардим, уларнинг қалблари буни инкор қилишидан (яъни, қабул қилмаслигидан) қўрқаман».
Мусулмон киши бир мункарни йўқотишга уриниш ундан кўра каттароқ бошқа мункарни олиб келиши мумкин бўлган ҳолларда дили билан ўша мункарни ёмон кўрган ва ундан алоқасини узган ҳолда, уни ўзгартиришнинг яхшироқ ва безарар йўлини қидириб, қулай фурсат келиши билан ҳеч қандай сусткашлик ва бепарволик қилмасдан уни албатта ўзгартиришга азм қилган ҳолда ҳозирча сукут сақлаб туриши билан гуноҳкор бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286).
«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-эҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлур» (Тағобун: 16).
Динга амал қилувчи киши ёки даъват соҳиби мункарни ўзгартириш ва кетказиш услубини билмаса, мункарни зудлик билан кетказиш лозим, агар шундай қилмасам гуноҳкор бўламан, деган фикрда шошқалоқликка йўл қўйиб қўйиши мумкин.
7) Машаққатларни ва йўл оғирликларини кўтаришдан ожизлик:
Баъзан машаққатларни ва йўлдаги оғирликларни кўтаришдан ожизлик қилиш ҳам шошқалоқликка сабаб бўлиши мумкин. Чунки, баъзи амал қилувчи кишилар бўладики, оз вақт талаб қиладиган муайян бир амални адо қилишга журъати ва ғайрат-шижоати бўлади, гарчи бу иш уни ўлимга олиб борса ҳам. Аммо, узоқ вақт давом этадиган амалларни қилишда йўлдаги оғирликларни кўтаришга чидам ва тоқати етмайди – ваҳоланки, бир умр сабр, матонат, чидам, тоқат, жидду-жаҳд кўрсатиш билан яшаб ўтиш ҳақиқий эрларнинг сифатларидан саналади – шунинг учун машаққат ва қийинчиликлардан четланиб ўтиш учун доим ўзини четга олишга шошилаётганини кўрасиз.
Замонамиздаги исломий ҳаракатлар оғирликларни кўтаришга сабри чидамаган, шошқалоқлик сабабли йўқ бўлиб кетган мана шундай турдаги кишиларни ҳам кўрди, Аллоҳнинг йўлида ўнлаб йиллар озор чекса ҳам, номувофиқ шароитларга, номуносиб фурсатларга, мақтовсиз оқибатларга сабр-таҳаммул кўрсатиб, ажру савоб умидида амалда давом этган кишиларга ҳам шоҳид бўлди. Охир оқибат Аллоҳ таоло уларга тавфиқ ато этиб, қадамларини собит қилди.
8) Оқибатларини яхшироқ ўрганмай туриб айрим ишларга ёки айрим воситаларга қўл уриш:
Баъзан Аллоҳнинг душманлари зўравонликни яна-да кучайтириши, фитнани авж олдириб юбориши ва шиддатли реакция кўрсатиши каби оқибатлар ҳақида чуқурроқ фикр юритмай туриб, муқаддима ва воситаларга эга бўлиш, масалан, одам сонининг кўплиги ва асбоб-анжомларнинг етарлигига ишониб қолиш ҳам шошқалоқлик билан айрим ишларга қўл уришга олиб келади.
Исломнинг имомлар (яъни, мусулмон раҳбарлар) модомики, очиқ куфрга ва исломдан ошкора юз ўгиришгача етиб бормаган бўлсалар, уларнинг жавру зулмига сабр қилишга буюриши остидаги сир ҳам мана шу бўлса ажабмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
«Амирининг бирон нарсасини ёқтирмаган одам унга сабр қилсин. Чунки жамоатдан бир қарич бўлса ҳам чиқиб, шу ҳолда ўлган одам фақат жоҳилият ўлими билан ўлади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни чақирдилар, биз у зотга байъат бердик. Биздан байъат олган ишлар ичида яхши кўрган ишларимизда ҳам, ёмон кўрган ишларимизда ҳам, қийинчилик пайтларда ҳам, енгилчилик пайтларда ҳам, ҳақ-ҳуқуқларимизни ман қилганида ҳам (амирларга) қулоқ солиб, итоат қилиш, иш эгалари (амирлар) билан низолашмаслик бор эди, «Фақат сизларда Аллоҳ тарафидан далил-ҳужжат бўлган очиқ куфрни кўрсангизлар (уларга итоат қилмаслик мумкин)», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Ҳатто, очиқ куфр кўринганда ҳам, қачонки фитнадан хотиржам бўлинган, қудрат ва имкониятлар тўла бўлган ҳолдагина уларга қарши чиқилади. Бу эса уларга тил ва дил билан қарши туришдан ман қилмайди.
Имом Нававий Убода розияллоҳу анҳу ривоят қилган бу ҳадис шарҳида айтадилар:
«Ҳадис маъноси – иш эгалари, яъни раҳбарлар билан раҳбарликлари хусусида низолашманглар, фақатгина улардан исломнинг асосий қоидалари деб билинган ишларда очиқ куфрни кўрсангизлар, шундагина инкор қилинглар ва қаерда бўлмангиз, фақат ҳақни айтинглар. Аммо, уларга қарши кўтарилиш ва жанг қилиш – гарчи улар фосиқ ва золим бўлсалар ҳам – мусулмонлар ижмоъси бўйича ҳаромдир».
Ибн ат-Тийн Довудийдан нақл қилади: «Жавр-зулм хусусида уламолар фикри шуки, бошлиқни фитна ва зулмсиз бўшатиш имкони бўлса, бўшатиш вожиб, акс ҳолда сабр қилиш вожибдир» (Ибн Ҳажар: Фатҳул Борий: 8/13).
9) Бутун куч-тоқатни банд қиладиган манҳаж ва барномажнинг бўлмаслиги:
Баъзан инсоннинг куч-тоқатларини (энергиясини) бўшатиб турадиган ва унинг ғайрат-иштиёқи ва жўшқинлигини ўзига тортиб оладиган программаларнинг бўлмаслигидан ҳам шошқалоқлик пайдо бўлади.
Исломнинг мусулмон кишини кундалик, ҳафталик, ойлик, йиллик амаллар режаси билан тўла қамраб олгани, агар мана шуларни бир текис бажариб борса, барча дақиқалари унумли ва ҳаракатлари самарадор бўлишини уқтириши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас.
Ислом — дин пешволарини мусулмонларнинг ҳаётларини жиддий, самарали ҳамда зарар ва ёмонликдан холи бўлган ишлар билан тўлдирадиган режаларни ишлаб чиқиш учун барча куч-тоқатларини сарфлашга қаттиқ чақириши, акс ҳолда улар жаннатдан маҳрум бўлишлари билан огоҳлантириши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қай бир амир мусулмонлар ишига бош бўлса-ю, кейин улар ҳақларида саъй-ҳаракат қилмаса ва холис бўлмаса, улар билан бирга жаннатга кирмайди» (Имом Бухорий ва имом Муслим Маъқал ибн Ясордан ривоят қилганлар).
10) Билим ва тажриба эгаларидан узоқда бўлиб амал қилиш:
Баъзан билимдон ва тажрибали кишилардан узоқда турган ҳолда амал қилиш ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Зотан, инсон бу ҳаёт ҳақида ҳеч қандай билими бўлмаган ҳолда дунёга келади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарса билмаган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди» (Наҳл: 78).
Шундан сўнг Аллоҳ таоло ато этган қулоқ, кўз ва диллар воситасида билим олишни бошлайди. Билим фақат китоблар воситасидагина ҳосил бўлмайди, балки тажриба ва кўп шуғулланиш орқали ҳам юзага келади. Онгли амал қилувчи киши ўзидан аввалгиларнинг билим ва тажрибаларидан унумли фойдаланиб, ўзининг вақти, қуч-ҳаракати ва моддий харажатларини тежаб қолади. Аммо, бировларнинг билим ва тажрибасидан фойдаланишга ғурури йўл қўймаса ва ўзи мустақил равишда, билимдон ва тажрибали инсонлардан узоқда иш бошласа, албатта хатоларга йўл қўйиши мумкин, шошқалоқлик ҳам ушбу хатолардан бири бўлиб қолиши аниқ.
Ислом уламоларни, шунингдек, улуғ ёшли, фозил кишиларни ҳурмат қилишга тавсия қилиши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қавмга Аллоҳнинг Китобини кўпроқ ёдлаб-ўрганган киши имом бўлади. Агар Қуръонда тенг бўлсалар, суннатни билувчироғи имом бўлади. Агар суннатда ҳам баробар бўлсалар, олдинроқ ҳижрат қилгани имом бўлади. Ҳижратда ҳам баробар бўлсалар, исломга олдинроқ киргани имом бўлади. Биров бошқа кишига унинг ҳукми остидаги ерда имом бўлмасин, унинг уйидаги ҳурматли ўринга унинг изнисиз ўтирмасин» (Имом Муслим Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 1/465).