Ислом Нури
Жума насиҳатлари
ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР
Д. Муҳаммад Нуҳ
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
УЧИНЧИ ТЎСИҚ
Ш О Ш Қ А Л О Қ Л И К
(Давоми)
11) Аллоҳнинг борлиқдаги, нафсдаги ва қонунчиликдаги қонуниятларидан бехабарлик:
Баъзан Аллоҳ таолонинг борлиқдаги, инсон нафсидаги ва қонун яратишдаги суннатларидан – яъни қонуниятларидан бехабарлик ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади.
Сабаби:
Аллоҳнинг бу борлиқдаги қонуниятларидан бири шуки, У осмонлар ва ерни 6 кунда яратди. Инсонни ҳамда ҳайвонот ва набототни босқичма-босқич яратди. Ваҳоланки, У буларнинг ҳаммасини биргина «Бўл!» сўзи билан яратиб қўйишга қодир эди: «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ясин: 82).
Аллоҳ таолонинг инсон нафсида ўрнатган қонуниятларидан бири шуки, токи нафс ичкари томондан муолажа қилинмагунича ва фидокорлик, молу жонни сарфлаш ва инфоқ қилишнинг қиймати ва фойдасини билмагунича ўзини фидо ҳам қилмайди, молини ҳам сарфламайди, бировга инъом-эҳсон ҳам қилмайди. «Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (Ваш-шамс: 9, 10). Бу эса осонлик билан бўлмайди, бунинг учун куч-ғайрат, вақт ва таклифотлар сарфлаш лозим бўлади.
Аллоҳ таолонинг қонунчиликдаги қонуниятларидан бири шуки, У маст қилувчи ичимликни бир неча босқичда ҳаром қилди, судхўрликни ҳам шундай қилди. Энди агар динга амал қилувчи киши ёки даъват соҳиби ушбу қонуниятларни унутса ёки улардан ғофил бўлса, шошқалоқликка йўл қўйиши мумкин. Аммо, бу қоидалар унинг кўз олдида турса, зеҳни ва дилидан ўрин олса, шошмасдан, ошиқмасдан, вазминлик билан ҳаракат қилади, ўз ҳаракатларини назорат қила олади.
12) Мусулмон киши кўзлаши лозим бўлган ғояни унутиш:
Баъзан мусулмон киши кўз олдида тутиши ва унга қараб интилиши лозим бўлган ғояни унутиб қўйиш ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Мусулмон киши асосан Аллолҳнинг розилигини кўзлаб ҳаракат қилади. Бу эса имкон қадар ва ихлос билан Унинг манҳажини лозим тутиш, бу борада сусткашлик қилмаслик ва то ҳаёт экан, шу йўлда собитқадамлик билан туриш билангина рўёбга чиқади: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110), «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» (Тағобун: 16).
Мусулмон киши қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида мана шу нарсалардан сўралади, нажот топиши ёки топмаслиги мана шуларга боғлиқ бўлади. Ҳаракатлари ортидан эришган ёки эришолмаган натижалари ҳақида сўралмайди. Чунки, натижалар Аллоҳнинг қўлида, ўзи истаган пайтда истаганидек кўринишда ато этади.
Динга амал қилувчи ва даъватчи киши бу ҳақиқатни унутса, шубҳасиз, шошқалоқликка гирифтор бўлади.
13) Аллоҳнинг осийларга ва ёлғон сановчиларга бўлган қонуниятидан ғофил бўлиш:
Баъзан Аллоҳ таолонинг осийларга ва Унинг динини ёлғон сановчиларга бўлган суннати-қонуниятини унутиб қўйиш ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Зеро, Аллоҳнинг бундай кишиларга нисбатан суннати – муҳлат бериш ва шошилмасликдир:
«(Ҳозирча) уларга муҳлат бериб қўяман. Албатта, Менинг «макрим» қаттиқдир» (Аъроф: 183).
«Мен (гуноҳларини кўпайтиришлари учун) уларга муҳлат бериб, (умрларини узун қилиб) қўяман. Дарвоқе, Менинг «макрим» жуда қаттиқдир!» (Қалам: 45).
«Парвардигорингиз мағфиратли, меҳр-шафқат соҳибидир. Агар уларни (кофирларни) қилган гуноҳлари билан ушлаганида, уларга азобни нақд қилган бўлур эди. Йўқ, улар учун ваъда қилинган бир вақт (Қиёмат) борки, (у вақтда Аллоҳдан) ўзга бирон пуштипаноҳ топа олмаслар» (Каҳф: 58).
Улар борасидаги суннатларидан яна бири шуки, уларни азоб билан ушлаганида ҳеч қачон қочиб қутулиша олмайди:
«Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши — азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд: 102).
«Кофир бўлган кимсалар асло ўзларини (Аллоҳдан) ўзган (қочиб қутулган) деб ҳисоб қилмасинлар, улар (Аллоҳни) ожиз қила олмаслар» (Анфол: 58).
Аллоҳнинг улар борасидаги суннатларидан яна бири шуки, Унинг кунлари бизнинг кунларимиздек эмас:
«Улар сиздан (истеҳзо билан Аллоҳ ваъда этган) нақд азобни талаб қиладилар. Ҳолбуки Аллоҳ Ўз ваъдасига ҳаргиз хилоф қилмас. Дарвоқе, Парвардигорингиз наздидаги бир кун(лик азоб) сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йилга баробардир» (Ҳаж: 47).
Динга амал қилувчи киши ёки даъват кишиси ушбу қонуниятларни унутса, душманлар бундан ҳам кучайиб, ишларнинг тизгинини ўз қўлларига олмасларидан туриб, уларни тезроқ даф қилиш керак, деб шошқалоқликка йўл қўйишади, кейин эса душманларни йўлдан олиб ташлаш яна ҳам қийинлашади.
14) Шошқалоқ ва бесабр кишиларга қўшилиб қолиш:
Баъзан шошқалоқ ва бесабр кишилар суҳбатидан баҳраманд бўлиш ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Чунки, қозонга яқин юрсанг қораси юқади. Ҳадисда айтилганидек: «Киши ўзининг дўстининг динидадир» (Абу Довуд, Термизий ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган). Мусулмон киши дўст ва улфатни тўғри танлай билмаса, шубҳасиз, унинг ҳар бир ҳаракат ва фикрларидан таъсирланиб қолади – хусусан, ўша улфати таъсирини ўтказа оладиган кишилардан бўлса – ва бунинг натижасида баъзан шошқалоқликка йўл қўяди. Исломнинг дўст ва биродар танлашга яхши аҳамият қаратиш лозимлигига чақириши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Биз мана шунга далолат қилувчи бир қанча ҳадисларни футур ҳақидаги сўзларимиз орасида келтириб ўтдик.
Бу айтиб ўтганларимиз кишини шошқалоқликка тушириб қўядиган айрим сабаблардир.
6. Шошқалоқликни муолажа қилиш йўллари
Модомики, шошқалоқликка олиб борувчи сабаблардан воқиф бўлган эканмиз, энди уни муолажа этиш йўлларини билиб олишимиз осон кечади:
1) Шошқалоқликнинг асорат ва оқибатлари ҳақида фикр юритиш. Чунки, бундай қилиш нафсни тинчлантиради ва сабр-бардошли бўлишга ундайди.
2) Аллоҳнинг Китобини кўп ўқиб-ўрганиш. Чунки, бу бизни Аллоҳнинг борлиқ, инсон ва қонунчиликдаги, шунингдек, осийлар ва ёлғон сановчиларга нисбатан суннатлари-қонуниятларидан хабардор қилади. Ушбу қонуниятлардан бохабар бўлиш қалбни тинчлантиради ва сабр-бардошли бўлишга ёрдам беради. Аллоҳ таоло айтади:
«(Ҳақиқатан) инсон шошқалоқ ҳолда яралгандир. Яқинда Мен сизларга Ўз оят-аломатларимни кўргазурман (яъни Менга осий бўлган кимсаларни қандай азоблашимни кўрурсизлар). Бас, Мени шоштирмангиз» (Анбиё: 37).
«Ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб тақволи кишилар учун раҳбар-йўлбошчидир» (Бақара: 2).
«Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур» (Исро: 9).
3) Пайғамбаримизнинг суннат ва сийратларини давомий равишда ўқиб, ўрганиб туриш. Чунки, бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларидан ўтказган машаққат ва озорлар миқдорини ва у зот уларга қандай сабру таҳаммул кўрсатганларини ва шошқалоқлик қилмаганларини, охир-оқибат у зот ва олиб келган йўллари зафар қозонганини билиб олишимизга ёрдам беради.
Маълумки, бу нарсалардан воқиф бўлиш мусулмон кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб ва у зотдан намуна олиб, ўз ҳатти-ҳаракатларини назорат эта оладиган қилиб қўяди. «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21).
4) Тарих ва салафлар таржимаи ҳоллари ҳақидаги китобларни мутолаа қилиш ҳам даъват соҳиблари ва салафи солиҳларнинг ботилга қарши кураш услубларидан бохабар қилади, уларнинг мақсадга эришиш йўлида қандай сабр-тоқат билан ҳаракат олиб борганликлари ҳақида маълумотлар беради. Бу ўз навбатида уларга эргашиш ва улардан намуна ва ўрнак олишга чорлайди.
Юқорида, футурни муолажа қилиш йўллари ҳақидаги суҳбатимизда Умар ибн Абдулазиз билан ўғли ўртасида бўлиб ўтган воқеани келтириб ўтдик.
5) Ушбу йўлга аввалроқ қадам қўйган, билим ва тажриба эгалари бўлган кишиларнинг йўриқ ва тажрибалари соясида иш олиб бориш. Чунки, бундай қилиш динга амал қилувчи кишиларнинг қадамларини ўринли ва ҳисоб-китобли бўлишига ҳамда ортиқча меҳнат, вақт ва моддий таклифотларни тежаб қолишига ёрдам беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу нарсага диққатни тортиб, марҳамат қилганларки: «Мўмин киши битта тешикдан (яъни, газанданинг инидан) икки бор чақилишига йўл қўймайди» (Имом Бухорий (8/38) ва Имом Муслим (4/2295) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
6) Ҳаётнинг ҳамма жабҳаларини қамраб оладиган ҳамда амал қилувчи кишининг қўлидан тутиб, бир босқичдан иккинчи босқичга олиб ўтадиган, унинг барча истакларини қондира оладиган, саволларига жавоб бера оладиган ва савиясини юксалтира оладиган аниқ-равшан манҳаж ва программа бўйича иш олиб бориш.
7) Душманларнинг услуб ва режаларини чуқур англай билиш. Чунки, бу нарса амал қилувчи кишини ишларнинг оқибатларига назар солишга, шошилмай, вазминлик билан иш юритишга, билим ва ҳикмат билан ҳаракат олиб боришга ундайди.
8) Душманларнинг ислом оламига қилаётган хуружларидан ва уни ўз чангали остида тутишга уринишидан қўрқмаслик ва ваҳимага тушмаслик. Чунки, бу бир неча лаҳзалар ичида заволга юз тутиши мумкин бўлган ишдир ва бу Аллоҳ таолога ҳеч қийин эмасдир:
«Сизни кофирларнинг шаҳарларда кезишлари алдаб қўймасин! (Бу елиб-югуриш, ғолибона кезишлар) озгина матодир. Сўнгра жойлари жаҳаннам бўлгай! Нақадар ёмон жой у!» (Оли Имрон: 196, 197).
«Кофир бўлган ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ йўлидан тўсган кимсаларнинг амалларини (Аллоҳ) зое кетказур» (Муҳаммад: 1).
«Албатта, кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфлайдилар-у, сўнгра уша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар. Кофир бўлган кимсалар Аллоҳ нопокни покдан (кофирни мўминдан) ажратиши ва нопок кимсаларнинг ҳаммаларини устма-уст тахлаб, жаҳаннамга солиши учун тўпланурлар. Ана ўшалар зиён кўргувчилардир» (Анфол: 36, 37).
Бироқ, бунинг битта шарти бор. Яъни, биз ўзимизда, ён-атрофимизда ва қўл остимизда бўлган ҳамма нарсаларга бор имкониятимизни ишга солиб, Исломни барпо қилишимиз лозим:
«Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида қадамларингизни собит-барқарор қилур» (Муҳаммад: 7).
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларни хавфу-хатарларидан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир» (Нур: 55).
9) Нафс билан курашиш ва уни сабр-тоқатли бўлишга ўргатиш. Чунки, ҳар бир нарсага фақат ҳаракат билан эришилади. Ким сабр қилишга ҳаракат қилса, Аллоҳ уни сабрли қилиб қўяди. Мардликка фақат шу билан эришиш мумкин.
10) Мусулмон киши бу ҳаётда ўз олдига қўйиши лозим бўлган ғоя ва мақсаддан огоҳ бўлиши ҳам уни шошқалоқликдан тўсади, ишларнинг дебочаларини мустаҳкамлашга ва натижаларга ошиқмасликка ундайди.
11) Мусулмон кишининг мункар ишларга ва уларни ўзгартириш услубларига бўлган муносабатидан огоҳ бўлиш. Чунки, бу унга йўл белгиларини кўрсатиб беради ва шошқалоқликдан тўсади.