Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР

 

Д. Муҳаммад Нуҳ

 

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

УЧИНЧИ ТЎСИҚ

Ш О Ш Қ А Л О Қ Л И К

 

Динга амал қилувчи баъзи кишиларга етадиган ва ундан эҳтиёт бўлишлари ва халос бўлишлари лозим бўлган тўсиқлардан яна бири – шошқалоқликдир.

1. Шошқалоқлик маъноси

У луғатда шошилиш, ошиқиш, интилиш, бир ишнинг тезроқ бўлишини исташ сўзлари билан маънодошдир.

Даъват аҳли истилоҳида эса, мусулмонларнинг бугунги кунда яшаб турган воқеий аҳволини бир лаҳзанинг ўзида, кўз очиб юмгунча бўлган муддат ичида ўзгартириб юборишни исташ ва бунинг оқибатларига назар солмасдан, бу воқеъни ўраб олган вазият ва ҳолатларни тўла тушуниб етмасдан, унинг биринчи навбатда қилиниши керак бўлган босқичларини, ҳаракатнинг услуб ва воситаларини ўрганмасдан  туриб, ҳаракат бошлаб юборишдир. Яъни, одамлар кўзларини бир юмиб очсалар ёки бир кеча уйқуга ётиб, эрталаб турсалар, ҳаётларидаги ҳамма нарса ўзининг табиий ҳолатига қайтиб қолган бўлса, жоҳилият йўлдан олиб ташланган, Ислом байроғи янгидан ҳилпираб турган, ҳар бир инсон ўзининг инсонийлигини топган, фитрат унинг софлигини булғаб турган кирликлардан тамоман тозаланиб қолган бўлса...

2. Исломнинг шошқалоқликка муносабати

Шошқалоқлик, бир нарсага ошиқиш ва интилиш инсоннинг табиатида бор нарса бўлиб, бунга унинг яратувчиси ва ишларини тадбир қилувчиси бўлган Зот ҳам гувоҳлик беради: «Инсон (Аллоҳ таолодан) яхшилик сўраб дуои хайр қилгани каби (гоҳо сиқилган пайтларида) ёмонлик тилаб дуоибад ҳам қилур. Инсон (мана шундай) шошқалоқдир» (Исро: 11), «(Ҳақиқатан) инсон шошқалоқ ҳолда яралгандир» (Анбиё: 37). Бинобарин, Ислом ҳам шошқалоқликка адолат ва инсоф нуқтаи назари билан боқади, уни бирваракайига мақтаб ҳам юбормайди, бира тўла ёмонлаб ҳам юбормайди. Балки, унинг баъзи кўринишларини мақтаб, баъзи кўринишларини танқид қилади.

Мисол учун, асорат ва оқибатлари чуқур билинган, вазият ва шарт-шароитларидан яхши хабардор бўлинган, яхши тайёргарлик ва чиройли тартиб-интизомдан келиб чиққан шошилишни Ислом мақтайди. Қуръони каримда зикр қилинган Мусо алайҳиссаломнинг шошилиши ана шу маънодаги шошилиш бўлса ажаб эмас: «(Бани Исроил қавмидан етмиш нафарини ўзи билан бирга олиб, Тур тоғи томонга кетаётган Мусо йўлда улардан илгарилаб кетади. Шунда Аллоҳ деди): «Қавмингдан мунчалар илгарилаб кетдинг, эй Мусо?!» У айтди: «Улар ана – изимдан келмоқдалар. Мен эса Сен рози бўлишинг учун шошдим, Парвардигорим!» (Тоҳа: 83, 84). Зотан, ҳолат шунга муносиб, фурсат етган, оқибат мақтовли, кўнгил эса тоза ва ёруғ. Шундоқ экан, Мусо нима учун шошилмасин, нима учун илгарилаб кетмасин?!

Оқибатлари ва шарт-шароитлари ҳақида фикр юритилмаган, ҳеч қандай таёргарлик кўрилмаган, фақат ҳиссиёт ва эҳтирослардангина келиб чиққан шошилишни эса қоралайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хаббоб ибн Арат ўзи ва биродарлари йўлиқаётган озор ва тазйиқлардан шикоят қилиб, Раббиларидан ёрдам сўраб дуо қилишларини сўраб у зот ҳузурларига келганида унга айтган қуйидаги сўзларида кўзда тутилган шошқалоқлик мана шу турдаги шошқалоқлик эди: «Сизлардан аввал ўтган умматлардан бир кишини ерга қазилган чоҳга тушириб кўмилар, сўнг аррани олиб келиб, унинг бошига қўйилиб, бошини иккига бўлиб ташланар, бу уни динидан қайтара олмасди. Гўшт ва пайларини суякларига қадар темир тароқ билан таралар, бу уни динидан қайтара олмасди. Аллоҳга қасамки, бу иш (Ислом) албатта камолига етади, ҳатто отлиқ киши Санъодан Хазрамавтгача Аллоҳдан бошқа ва қўйини бўрига олдиришдан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмаган ҳолда сафар қилади. Лекин, сизлар шошилиб кетмоқдасизлар» (Имом Бухорий ривояти: 4/244).

3. Шошқалоқлик кўринишлари

Шошқалоқликнинг бир неча кўринишлари мавжуд. Жумладан:

1)               Шахсларни яхши билмай туриб, қобилият, қудрат ва истеъдодларига ишонч ҳосил қилмай туриб даъват аҳли карвонига қўшиш;

2)               Айрим даъватчиларни тўла пишиб етилмай туриб ва етук шахсият эгасига айланмай туриб юқори мартабаларга кўтариш;

3)               Даъватга ҳеч қандай фойда келтирмайдиган, аксинча зарар етказадиган ноўрин ҳаракатларга қўл уриш.

4. Шошқалоқликнинг асоратлари

Юқорида айтиб ўтилган ва улардан бошқа шошқалоқлик кўринишларининг ўзига хос асорат ва оқибатлари бор:

1) У биринчи тўсиқ ҳақидаги сўзимиз ичида айтиб ўтганимиз каби футурга олиб бориб қўяди. Давом этиб турувчи оз нарса тўхтаб қолувчи кўп нарсадан яхши: «Амалларнинг Аллоҳга энг суюмлиси – оз бўлса-да давомли бўлганидир» (Имом Бухорий ривояти).

2) Баъзан шарафсиз ҳолда ўлишга ҳам олиб бориши мумкин. Яъни, унинг ўлимидан ҳеч қандай самара бўлмайди ва бу билан ҳеч қандай манфаат келмайди. У ҳолда ҳеч ким ҳеч кимга бирон фойда етказолмайдиган кунда Буюк ва Қудратли Зот ҳузурида жавобгар бўлиб қолади. Қуйидаги воқеа сўзимизга амалий далил бўлади:

Йигирманчи асрнинг ўттизинчи йиллари охирлари Мисрдаги исломий ҳаракат энг гуллаб-яшнаган давр бўлиб, у худди кема шамолсиз кунда сокин денгиз бағрини тилиб бораётгани каби барча доиралар ва муҳитлар орасида бир текисда ўзига йўл очиб борар, хоҳ маҳаллий, хоҳ халқаро аренада ўзининг овозига эга бўлиб бораётган эди. Шу орада унинг аъзолари ичидан Аҳмад Рифъат деган одам чиқиб, ҳаракатнинг иш услубларига эътироз билдира ва бошқача йўл тутишга чақира бошлади.

Аввал бошда бунга унча эътибор бермадилар. Чунки, ҳаракатнинг ҳар бир аъзоси унинг ишлари борасида ўзининг танқидий фикрини билдириш ҳаққига эга бўлиб, баҳсу мунозарадан сўнг энг тўғри деб кўрилган таклиф танлаб олинарди. Лекин, бу сафар диққатни жалб қилган ва эътиборни ўзига қаратган нарса шу бўлдики, ҳаш-паш дегунча ҳаракатнинг ёш аъзолари ичида ушбу чақириқларга қулоқ солувчилар ва уни маъқулловчилар пайдо бўлди. Биз ҳозир бунинг сабаблари ҳақида баҳс юритмоқчи эмасмиз. Хуллас, Аҳмад Рифъатнинг эътироз ва талабларини ўрганиш мақсадида йиғилиш ўтказилди. У асосан уч нарсани талаб қилаётган эди:

–  Унинг фикрича, ҳаракат ҳукумат билан муроса йўлини тутаётган ва тилёғламачилик сиёсатини олиб бораётган экан. Аслида у ҳукуматга Қуръони карим ўрнатган қуйидаги ҳақиқат бўйича ёндошиши лозим экан: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44).

–  Унинг фикрича, исломий ҳаракат аёл кишининг очиқ-сочиқ юриши масаласида фақат қуруқ гап ва насиҳатлар билан кифояланиб, бу борада аниқ амалий ишларга ўтмаётган экан. Аслида, ҳаракат аъзолари қўлларида сиёҳ солинган шишалар билан Қоҳира кўчаларида туришлари ва йўлдан ўтиб кетаётган очиқ-сочиқ қиз-жувонларга сиёҳ сочиб, кийимларини сиёҳдоғ қилишлари ва мана шу йўл билан уларни бундай юришдан қайтаришлари лозим экан.

–  Ҳаракатнинг Фаластин мужоҳидларига ёрдам кўрсатиш борасида фақат чақириқлар ва хайрия ёрдамлари жамғариш билан кифояланиши ушбу масалада жуда катта қосирлик бўлиб, жиҳоддан қочиш ва курашдан ўзини четга тортиш саналар экан. Унинг айтишича, ҳаракатнинг барча аъзолари ҳамма ишларини йиғиштириб, мужоҳидлар сафига бориб қўшилишлари шарт экан. Акс ҳолда, мухолифлар қаторига ўтган саналар эканлар.

Йиғилиш иштироқчиларидан баъзилари Аҳмаднинг бу эътирозларига жавоб беришар экан, аввалги икки талаби борасида қуйидагича жавоб бўлди:

–  Ҳукумат қаршисига чиқиш учун аввал қуйидаги икки омилни вужудга келтириш шарт:

а) Халққа у ҳануз бехабар қолаётган исломий ҳақиқатларни англатиш, айниқса, Исломнинг ҳукм ва қонунчиликка бўлган алоқасини улар онгига сингдириш;

б) Ҳаракат халқнинг қўллаб-қувватлашига эришиши ва ўз йўлида дуч келиши мумкин бўлган барча вазиятларда халқнинг дастаклашига ишончи комил бўлиши. Зеро, ҳаракат ҳали мурғак ва заиф бўлгани учун тиргак ва таянчларга муҳтож.

–  Аёллар мавзусига келсак, агар биз Аҳмаднинг бу борадаги таклифини қабул қилсак, бунинг натижаси биринчи кунданоқ ҳаракат аъзолари қўлга олиниб, тергов ва суриштирувга тортилиши, то суд уларни қамоқ ёки жарима жазосига тортгунига қадар улар қамоқда сақланишларидан иборат бўлиши аниқ. Агар мабодо жарима тўлаб қутулишса ва яна қайтиб ўша услубда курашни давом эттиришса, энди уларга бериладиган жазо ҳам кучаяди. Модомики, кийимига сиёҳ доғи чапланган аёл шу кийимининг баҳосини ҳаракат аъзосидан ортиғи билан ундириб олар экан ва кийимига сиёҳ сочган одамни қамоққа тиқиб қўя олар экан, яна ҳудди ўшандай кийим сотиб олиб, ўшандай очиқ-сочиқ ҳолда юришдан уни нима ман қила олади?! Шундай экан, бу услуб билан очиқ-сочиқ юришнинг олдини олиб бўлмайди.

– Фаластин мавзусида эса унга Фаластин муфтиси жаноб Амин ал-Ҳусайний Мисрдаги исломий ҳаракатга ёзган мактубида айтган фикрлар жавоб бўлади, дейилди. Мактубда айтилишича: «Ҳаракатнинг Фаластин муаммоси борасида Мисрда олиб бораётган даъватларини етарлича ва биз учун ғоят зарур бўлган даражада ҳамда бошқаларнинг қўлидан келмаётган иш деб кўрамиз, мужоҳидлар сафига ихтиёрий равишда келиб қўшилувчиларга эса бизнинг эҳтиёжимиз йўқдир».

Бироқ, Аҳмад бу жавоблар билан қаноатланмай, ўз фикрида маҳкам туриб олди ва уни қўллаб-қувватловчилар сони ҳам ортиб борди. Охири аҳвол шу даражага етдики, улар ҳаракат ичида туриб, уялмай-нетмай унинг раҳбарларини очиқдан-очиқ ҳақоратлаб, сўкадиган бўлдилар. Ҳаракат аъзолари улар билан алоқани узишгач, ўзини тамоман четга суриб қўйилган деб ҳисоблаган Аҳмад Фаластинга кетишга, инглиз ва яҳудийларга қарши кураш олиб бораётган мужоҳидлар сафига бориб қўшилишга қарор қилди.

Шунда ҳаракат унга мурувват кўрсатиб, ўз олдига чорлади ва мужоҳидлар сафига бехавотир бориб қўшилиши учун улар билан мунтазам алоқада бўлиб турган Фаластинлик мужоҳидларга ўзлари орқали боғланишини таклиф қилди. Чунки, мужоҳидлар одатда йўлларида дуч келган нотаниш одамлардан шубҳаланиб, уларни жосус санаган ва ўлдириб юборган ҳоллар бўлиб турарди. У бу таклифни рад этди ва ёлғиз ўзи кетишни афзал кўриб, тез орада жўнаб ҳам кетди. Бироқ, кутилганидек, жосус деган гумон билан мужоҳидлар қўлида ўлим топди.

Ушбу ҳикоядан Аллоҳнинг Китобини, Ислом даъвати тарихини ва ҳаётдаги воқеликни саёз тушуниш оқибатида юзага келган ошиқиш ва эҳтиросларга берилишнинг оқибати Аҳмад Рифъатда бўлганидек, гоҳо шарафсиз ўлим топиш ва беҳуда жувонмарг бўлиб кетиш бўлиб қолиши мумкинлиги маълум бўлади.

Чунки, ҳаракат сафларига қўшилишидан олдин унинг на Ислом ҳақида, на Қуръон, на сийрат, на ислом тарихи ҳақида тузукроқ билими бор эди. Исломий мафкура билан қаноатлангач, унга бутун вужуди билан берилиб кетди, йўлдаги белгилар ҳақида тўла тасаввур ва билимга эга бўлмай туриб, кўр-кўрона олға интилди ва натижада ўзи ҳам нобуд бўлди, ҳаракатнинг ҳам парчаланиб кетишига сабаб бўлаёзди.

3) Амалнинг тўхтаб қолиши ёки ҳеч бўлмаганда, ўнлаб йиллар орқага кетиши. Бу деган сўз инсонлар ҳаётининг бузилишда давом этиши, бировларнинг жонлари, моллари ва номусларига тажовуз қилишлар камаймаслиги, йўл узра тўсиқларнинг яна-да кўпайиши демакдир.

5. Шошқалоқлик сабаблари

Шошқалоқлик шундай ёмон асоратлар қолдирар экан, уни муолажа қилиш йўлида дастлабки одим сифатида унга олиб келувчи сабабларни ҳам ўрганиш лозим бўлади. Хўш, шошқалоқликка олиб келувчи сабаблар нималардан иборат? Аслида, унинг бир талай сабаблари бор бўлиб, биз улардан айримларини санаб ўтамиз:

1) Ички туртки:

Баъзан нафс – яъни, ички туртки ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Боиси, ошиқиш ва шошилиш инсон табиатида ўрнашган хусусиятлардандир. Аллоҳ таборака ва таоло айтганидек: «(Ҳақиқатан) инсон шошқалоқ ҳолда яралгандир» (Анбиё: 37), «Инсон (Аллоҳ таолодан) яхшилик сўраб дуои хайр қилгани каби (гоҳо сиқилган пайтларида) ёмонлик тилаб дуоибад ҳам қилур. Инсон (мана шундай) шошқалоқдир» (Исро: 11), «Агар Аллоҳ бу одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам нақд қилса эди, албатта уларнинг ажаллари етган бўлур эди» (Юнус: 11). Агар даъватчи ўзини қўлга олишга ва нафсини ақл жилови билан жиловлашга, унинг ғалаёнларини пасайтиришга ҳаракат қилмаса, нафси албатта уни шошқалоқликка етаклайди.

2) Ғайрат-шижоат ёки иймоний жўшқинлик:

Баъзан ғайрат-шижоат ва иймоний жўшқинлик ҳам шошқалоқликка сабаб бўлиши мумкин. Чунки, иймон кучайиб, қалбга чуқур ўрнашгач, жуда катта тоқат (энергия) пайдо қилади. Агар уни тўғри бошқарилмаса ва керакли томонга йўналтирилмаса, фойдасидан кўра зарари кўп бўлган ишларга бурилиб кетиб қолади.

Аллоҳ таолонинг Макка даврида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва мўминларни чидам ва сабр-матонатга чорлаши остидаги сир ҳам шу бўлса ажаб эмас:

«Ва улар (мушриклар) айтаётган сўзларига (бераётган озорларига) сабр қилинг ҳамда уларни чиройли тарк этинг!» (Муззаммил: 10).

«Бас (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сабр-тоқат қилинг! Шак-шубҳасиз Аллоҳнинг (сизни ва умматларингизни кофир қавм устига ғолиб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар» (Рум: 60).

«Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик. Сизлар (Бизнинг бу синовимизга) сабр қила олурмисизлар? Парвардигорингиз кўриб турувчи бўлган зотдир» (Фурқон: 20).

Ва шу мазмундаги бошқа оятлар.

3) Аср табиати:

Баъзан аср табиати ҳам шошқалоқликка сабаб бўлади. Чунки, биз ғоят тезкор асрда яшаб турибмиз, унда ҳамма нарса жуда катта тезликда ҳаракатланмоқда. Нақлиёт воситалари жуда тез ривожланиб бормоқда. Дунёнинг бу четидаги одам бир неча соатдан кейин қарабсизки, нариги четида бўлиб турибди. Қурилиш соҳасидаги ривожланишлар сабабли бугун янги уйга пойдевор қўйган киши эртага уйига кўчиб кирмоқда. Умуман, инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларига ана шундай тезлик ва шошқинлик кириб борган. Эҳтимол, мана шу омиллар дин ва даъват соҳасида амал қилувчи кишиларни ҳам аср тезлигига мос равишда ҳаракатланиш учун шошилишга ундаётган бўлса ажаб эмас.

4) Душманларнинг воқедаги ҳаракатлари

Баъзан душманларнинг воқеий ҳаётларига назар солиш ҳам шошқалоқликка сабаб бўлиб қолади. Чунки, ҳозирда кундан-кун душманлар исломий ўлкаларни ўз ҳукмронлиги остига олмоқда, ислом оламининг тизгинидан тобора қаттиқроқ тутмоқда, соф исломга амал қилмоқчи бўлган кишиларни таъқибларга олмоқда, уларнинг овозларини ўчиришга уринмоқда. Биргина мисол, Исроил давлатини қуриш куни кеча хаёлот ва орзу эди, бугунга келиб у ислом диёрининг азиз ва қимматбаҳо бўлаги бўлмиш Фаластин устидан ўз ҳукмронлигини ўрнатиб, энди Лубнон ва бошқа араб оламига қараб силжимоқда, яҳудларнинг «Исроил Нилдан Фуротгача» деган орзуларини амалга ошириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Эҳтимол, шу каби омиллар динга амал қилувчи кишиларни хатар яна-да улканлашмай туриб ва ундан халос бўлиш яна-да қийинлашмасдан туриб шошилиш ва ошиқиш лозим деган фикрга ундаётган бўлса.

Аввалига қайтиш

Давомига ўтиш

   ЮқоригаÎ