Ислом Нури
Жума насиҳатлари
ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР
Д. Муҳаммад Нуҳ
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
ИККИНЧИ ТЎСИҚ
ИСРОФ
(Давоми)
7) Эртага Аллоҳ таоло олдида сўроққа тутилиш:
Исрофнинг асорат ва оқибатларидан яна бири – эртага, қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида сўралишдир: «Сўнгра ана ўша Кунда албатта (ҳаёти-дунёда сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида масъул бўлурсизлар» (Такосур: 8).
Аллоҳ таоло ҳузурида сўроқ-саволга ва ҳисоб-китобга тутилишнинг ўзи азобга дучор бўлиш демакдир. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким (Аллоҳ ҳузурида) ҳисобга тортилса, у азобга дучор бўлади.» Мен дедим: «Аллоҳ таоло: «Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ: 8) демаганми?!» У зот дедилар: «У (амалларни) бир кўндаланг қилишлик холос. Ким тўла-тўкис ҳисоб қилинса хонавайрон бўлади» (Имом Бухорий ривояти).
8) Ҳаром касб қилишга мажбур бўлиб қолиш:
Исрофга берилишнинг асорат ва оқибатларидан яна бири шуки, исрофгар одам омад қўлидан кетиб, иши ўнгидан келмай қолганда ўзи ўрганиб қолган дабдабали ҳаётдан воз кечолмай, ўша ҳаётининг талабларига жавоб бериш мақсадида – Аллоҳ кўрсатмасин – ҳаром касб қилишга ҳам мажбур бўлиб қолади. Ҳолбуки, Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилганидек: «Ҳаромдан униб-ўсган эт жаннатга кирмайди, ҳаромдан унган ҳар бир эт дўзахга лойиқдир» (Аҳмад, Доримий, Байҳақий ривоятлари).
9) Шайтонлар билан дўст тутиниш:
Аллоҳ таоло айтади:
«Исроф қилувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Парвардигорига бутунлай кофир бўлгандир» (Исро: 27).
Шайтонлар билан дўстлашиш дегани уларнинг ҳизбига, яъни гуруҳига қўшилиш демакдир. Бу эса аниқ зиёнкорлик ва очиқ адашишдир: «Огоҳ бўлингизким, албатта шайтон хизби (бўлган кимсаларгина) зиён кўрувчилардир» (Мужодала: 19).
10) Аллоҳнинг муҳаббатидан маҳрум бўлиш:
Исрофнинг ёмон асоратларидан яна бири – Аллоҳнинг муҳаббатидан маҳрум бўлиб қолишдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, У исроф қилувчиларни севмас» (Анъом: 141, Аъроф: 31).
Исрофгарликнинг исломий амалга қолдирадиган ёмон асоратлари қуйидагиларда кўринади:
Исломий амални тўхтатиб қўйиш ёки ҳеч бўлмаганда бир неча ўн йиллар орқага суриш. Чунки, мусулмонларнинг Аллоҳ душманларига юзланадиган иймон отлиқ ягона қуролларига исроф, ҳаддан ошиш, дабдаба ва роҳат-фароғат қаттиқ таъсир кўрсатади.
Санаб ўтганларимиз исрофнинг исломий амалга ва амал қилувчиларга қолдирадиган ёмон асорат ва оқибатлари эди. Юқорида футур сабаблари ҳақидаги сўзларимиз ичида ушбу асоратларни ўз ичига олувчи оят, ҳадис ва салафларнинг сўзларидан намуналар келтириб ўтдик.
4. Исрофни муолажа этиш йўллари
Исрофнинг сабаб ва боислари, асорат ва оқибатларини, санаб ўтганимиздан сўнг энди уни муолажа этиш йўлларини зикр қиламиз:
1) Исрофдан келиб чиқувчи асоратлар ва оқибатлар ҳақида фикр юритиш. Чунки, бундай қилиш олдиндан ишларнинг тадоригини кўриш ва вақт ўтмасдан туриб исрофдан халос бўлиш имконини беради.
2) Нафсга ҳушёр бўлиш. Бу эса уни истак-хоҳиши ва чақириқларидан айириш билан ҳамда тунлари намоз ўқиш, нафл рўзалар тутиш, садақалар бериш, яёв юриш, оғир юклар кўтариш каби оғир ва машаққатли ишларга одатлантириш билан бўлади.
3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ва сийратларини давомий ўқиб-ўрганиш. Чунки, у зотнинг сийратлари исрофдан огоҳлантириш билан, нафсга қарши кураш олиб бориш, содда ва фақирона ҳаёт кечириш билан тўладир.
У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин битта ичакка ейди, кофир эса еттита ичакка ейди».
Бир ривоятда: «У зот ҳузурларида бир кофир киши меҳмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан бир қўйни соғиб сутини олиб келинди. У ҳалигини ичди. Кейин яна бир қўйнинг сутини олиб келинди. Уни ҳам ичди. Кейин яна бир қўйнинг сутини ичди. Хуллас, шундай қилиб у еттита қўйнинг сутини ичди. Эртаси тонг отгач, у мусулмонликни қабул қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар, бир қўйнинг сутини соғиб келинди. У ҳалиги сутни ичди. Кейин яна бир қўйнинг сутини олиб келинган эди, уни охиригача ичолмади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин битта ичакка ичади, кофир эса еттита ичакка ичади», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Яна бир ҳадисларида айтганлар: «Одамзот қориндан кўра ёмонроқ бирор идишни тўлдирмади. Одам боласига белини тик тутадиган бир неча луқмалар кифоя. Жуда бўлмаса, (қориннинг) учдан бири таомига, учдан бири ичимлигига, учдан бири нафасига (бўлсин)» (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари, (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2265).
Уммул муъминийн Оиша розияллоҳу анҳо жиянлари Урва ибн Зубайрга айтишларича: «Биз ҳилолни (янги ойни) кузатардик, икки ой ўтиб кетарди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадонларида қозон осилмас эди». Урва: «Унда нима билан тирикчилик қилардинглар?», деб сўраганида: «Хурмо ва сув билан. Ундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансор қўшнилари у зотга сут чиқариб туришар, ўша сутдан биз ҳам ичардик», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшаклари теридан бўлиб, ичига хурмо пўстлоқлари солинган эди» (Имом Бухорий ривояти). (Хурмонинг пўстлоғи бўлмайди. Унинг танаси катта бўла бошлагач попук-томирсимон нарса билан қопланади. Маълум муддат ўтгач ана шу попуксимон нарса қурийди ва ундан турли мақсадларда фойдаланилади. ИНТ изоҳи)
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларидан тортиб то вафот этгунларига қадар у зотнинг хонадон аҳли уч кун пайдар-пай таомга тўйган эмас» (Имом Бухорий ва Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим! Муҳаммаднинг хонадони аҳлини қут (очликдан тўсишга кифоя қиларлик таом) билан ризқлантиргин», деб дуо қилардилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
Аллоҳнинг динига амал қилувчи мусулмон киши мана шу каби ҳисларини чархлайдиган ва туйғуларини жунбушга келтирадиган ҳолатлардан воқиф бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини кўз олдида тутиб, жаннатда бирга бўлиш умидида у зотдан ўрнак олишга ва у зотга эргашишга ҳаракат қилади.
«Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар — пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир. Бу Аллоҳ томонидан бўлган фазлу-марҳаматдир. Аллоҳнинг ўзи етарли билувчидир» (Нисо: 69, 70).
4) Бу умматнинг салафлари бўлган мужоҳид саҳобалар ва амалли олимлар сийратларидан бохабар бўлиш. Зотан, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, фақирона ҳаёт кечириб ўтганлар, ғамлари дунё бўлмаган, дунёни фақат охиратга олиб борувчи бир йўл ва кўприк сифатида кўрганлар. Умар ибн Хаттоб ўғли Абдуллоҳнинг – розияллоҳу анҳумо – олдига кирганида унинг олдида бир бўлак гўшт турганини кўриб: «Бу қандай гўшт?», деб сўради. «Егим келган эди», деган эди: «Егинг келган нарсани еяверасанми?! Ҳар бир егиси келган нарсани еявериши кишининг исрофгарлигига кифоя қилади», деди. (Кандеҳлавий «Ҳаётус-саҳоба»да (2/284, 285) келтириб: «Абдурраззоқ, Аҳмад, Ибн Асокир Ҳасандан ривоят қилганлар», деган).
Салмон Форсий Абу Бакр Сиддиқ – розияллоҳу анҳумо – ҳузурига ўлим тўшагида ётган пайтида келиб: «Менга васият қилинг, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси», деди. Шунда Абу Бакр: «Аллоҳ сизларга дунёни очиб ташлайди. Шунда ҳар ким фақат ўзига кифоя қиларли нарсанигина олсин», дедилар. (Кандеҳлавий «Ҳаётус-саҳоба»да (2/287) келтириб: «Дайнурий Ҳасандан ривоят қилган», деган).
Саъд ибн Аби Ваққос Кўфада туриб Умар ибн Хаттобдан – розияллоҳу анҳумо – ўзи учун бир тураржой қуришга рухсат сўраб мактуб юборганида унга шундай жавоб келган экан: «Қурган уйинг қуёшдан сақлайдиган ва ёмғирдан пана қиладиган бўлса кифоя, зеро дунё вақтинчалик ҳовлидир» (Кандеҳлавий «Ҳаётус-саҳоба»да (2/286) келтириб: «Ибн Абид-Дуня ва Дайнурий Суфён ибн Уяйнадан ривоят қилган», деган).
Маймун (ибн Меҳрон) айтади: «Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг фарзандларидан бири изори йиртилиб қолганини айтиб, у кишидан бир изор олиб беришини сўраганида: «Изорингдан йиртиб, ўша ерига ямоқ қилиб ол», деди. Йигитчага бу гапи ёқмаганини кўргач: «Қуриб кетгур! Аллоҳдан қўрқ, Аллоҳ берган дунёни қоринларига ва устиларига сарфлайдиган кишилардан бўлма», деди.
Динга амал қилувчи мусулмон киши шу каби хабарлардан воқиф бўлганида ичидан титроқ келиб, ўшандай зотлардан ўрнак олиш истаги туғилади, нажот топувчи кишилардан бўлай деб, исроф ва ортиқча ҳашамларни тарк қилиб, оддий ва фақирона ҳаёт кечиришга уринади.
5) Исрофгарлар суҳбатидан узилиш, дунёни ортга улоқтириб, жону моллар исроф қилинмайдиган ва Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилинадиган улуғ исломий ҳаётга ўзларини бахш этган ва бу йўлда ўзларига етган мусибатларга парво қилмаган олийҳиммат зотлар даврасига интилиш. Зеро, шундай қилиш исроф ва дабдабанинг барча кўринишларига барҳам бериб, бизларни яна қайта исрофга тушишдан асрайди ва мужоҳидлар карвонига қўшилишимизга ёрдам беради.
6) Аҳли аёл ва фарзандларни баркамол шахс сифатида тарбиялашга ҳаракат қилиш. Бу ҳам дабдаба ва енгил ҳаёт кўринишларига барҳам бериб, ҳаётнинг машаққатли сўқмоқларига дуч келганда қоқилмасликка ва Раббимиз ҳузурига борганда абадий роҳат-фароғатга эришишимизга ёрдам беради.
7) Умуман башарият ва хусусан мусулмонлар яшаб турган ҳаёт воқелиги ҳақида тинимсиз фикр юритиш ҳам исроф кўринишларининг олдини олишга ёрдам беради ва кишини дунё лаззатларига берилиб кетишдан асрайди.
8) Ўлим ҳақида ва ўлимдан сўнг келувчи қийинчилик ва даҳшатлар ҳақида фикр юритиш ҳам исроф кўринишларидан қутулишга ёрдам беради ва яна қайта унга тушиб қолишдан асрайди.
9) Йўлнинг табиатини ва унда учрайдиган меҳнат-машаққатларни ёдда тутиш, охират йўлининг озуқаси исроф ва дабдабали ҳаёт билан эмас, балки оддий ва содда ҳаёт кечириш билан бўлишини унутмаслик. Бунинг ҳам исрофнинг олдини олишда, нафсга қарши кураш олиб бориш ва тўсиқларни енгиб ўтишда катта ёрдами бўлади.