Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР

 

Д. Муҳаммад Нуҳ

 

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

ИККИНЧИ ТЎСИҚ

 

ИСРОФ

(давоми)

8) Қиёмат кунининг оғирликлари ва даҳшатларидан ғофил бўлиш:

 

Баъзан қиёмат кунининг қаттиқлиги ва даҳшатли аҳволларидан ғофил бўлиш ҳам исрофга сабаб бўлади. Ҳолбуки, қиёмат кунида юз берувчи даҳшатли ҳолатларнинг васф қилиб беришдан тил, тасвирлаб беришдан қалам ожиздир. Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбарининг ҳадисларида бу кун тўғрисида келган оят-ҳадислар ўзи кифоя. Ким уларни тафаккур қилиб, ўзига панд-насиҳат олса, ҳаётини дунё ноз-неъматларига берилмаган ҳолда ўтказади. Бундан ғофил бўлган киши эса исроф ва ҳаддан ошишга, балки ундан ҳам узоқроқ нарсаларга дучор бўлиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Раббиларидан давомий қўрқишларига ва дунё ноз-неъматларига берилмаганликларига асосий сабаблардан бири ҳам шу бўлса керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Эй уммати Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, мен билган нарсани билганингизда, кам кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз!» (Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ҳамда Абу Ҳурайра ва Анас розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Бир ривоятда: «Ва аёллар билан тўшакларда лаззатланиб ётмаган бўлардингиз».

9) Бутун инсоният ва хоссатан мусулмонлар бошдан кечираётган ҳаёт воқелигини унутиш:

 

Баъзан башарият умумий суратда, мусулмонлар хос суратда бошдан ўтказаётган воқеликни унутиш ҳам исроф ва ҳаддан ошишга сабаб бўлади. Зеро, башарият бугун жар ёқасига келиб қолган, оёғи остидаги ер бир силкиниб, ўша жарга қулаб тушиши ва ҳалокатга дучор бўлиши хавфи остида яшамоқда. Мусулмонлар эса жуда ачинарли хорлик ва хўрлик ҳолига дучор бўлганлар. Мана шу воқеликдан кўз юмиб, туйғулари ўлик ва ҳиссиз ҳолда яшаб турган инсон албатта, исроф ва ҳаддан ошишга мубтало бўлиб, дунё зеб-зийнатларига берилиб кетиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилишларидан олдин ҳам, кейин ҳам башариятнинг аҳволидан қаттиқ ғам-ғуссага ботиб, кўп маҳзун бўлганликлари, ва ҳатто Парвардигорлари тарафидан итоб ва маломатга сазовор бўлганликларининг сири ҳам шунда бўлса ажабмас:

«(Эй Муҳаммад), агар улар ушбу сўзга – Қуръонга иймон келтирмасалар, эҳтимол сиз уларнинг ортидан, афсус-надомат билан ўзингизни ҳалок қилурсиз (бундоқ қилиш сизга нораводир)» (Каҳф: 6).

«(Эй Муҳаммад), эҳтимол сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилувчидирсиз. (Ундоқ қилманг!)» (Шуъаро: 3).

«Бас (Эй Муҳаммад), жонингиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ҳасрат-надоматлар чекиб кетмасин. Албатта Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини билувчидир» (Фотир: 8). 

10) Исрофдан келиб чиқувчи асоратлардан ғофил бўлиш:

 

Исрофнинг асоратларидан ғофил бўлиш ҳам исрофга сабаб бўлиши мумкин. Зотан, исрофнинг зарарли асоратлари ва ҳалокатли оқибатлари мавжудки, биз уларни бироз қуйироқда зикр қиламиз.

Инсон табиатидан маълумки, кўпинча бирон ишнинг асорат ва оқибатларини ёдда тутиши уни ўша ишга қўл уришига ёки ундан тийилишига сабаб бўлади. Аммо, агар асоратларидан ғофил бўлса, унинг иш-амалларига халаллик ва беқарорлик етади, нолойиқ ва кераксиз ишларга киришиб, керакли ишларга бепарво бўлади.

Бинобарин, динга амал қилувчи мусулмон киши агар исроф ортидан келувчи асоратлардан ғофил бўлса, исрофга нишон бўлишдан омонликда бўлмайди.

Исломнинг кўплаб ҳукмлар остидаги ҳикматларни ва улардан кўзда тутилган мақсадларни зикр қилишга қаттиқ эътибор қаратиши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас.

 

3. Исрофнинг асоратлари

 

Исрофнинг исломий амалга ва амал қилувчиларга зарарли асоратлари ва ҳалокатли оқибатлари бор. Қуйида улардан баъзиларини айтиб ўтамиз.

Амал қилувчиларга етадиган асорат ва оқибатлари:

1) Баданга дарду иллат етиши:

Исрофнинг зарарли асоратларидан бири – у баданга иллат-дард етишига сабаб бўлади. Чунки, инсоннинг жисми бир талай илоҳий қонун-қоидалар билан маҳкумки, улардан тажовуз қилиш, яъни ошириб юбориш ё камайтириш уни ҳар хил касалликларга дучор қилади. Дардга чалиниши эса кишини унга юклатилган вазифаларни адо этишдан тўсади. 

2) Дилнинг қотиши:

Исрофнинг зарарли оқибатларидан яна бири – дилнинг қотишидир. Зеро, очлик ва кам таомлилик билан қалб юмшайди ва мулойим тортади. Тўқлик ва кўп ейиш эса инсоннинг дилини қотириб, тошбағир қилиб қўяди. Аллоҳнинг қонунияти ана шундай:

«Бас сиз ҳаргиз Аллоҳ суннати-қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва ҳаргиз Аллоҳ суннатининг айланганини кўрмассиз» (Фотир: 43). Тошбағирлилик эса ўз эгасини тоат-ибодат ва яхшиликлардан тўсади. Бундай кишиларнинг ҳолига вой: «Бас диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган (яъни Аллоҳни эслашни тарк қилган) кимсаларга ҳалокат бўлгай!» (Зумар: 22). Гарчи ўзини мажбурлаб, яхшилик ва тоатларни адо этишга ҳаракат қилса ҳам, барибир бу ишлари ортидан лаззат ва ҳаловат топмайди. Аксинча, машаққат тортгани ва қийналгани қолади: «... айрим (тунги намозларда) қоим бўлувчилар борки, уларга бедорликдан бошқа ҳеч нарса йўқдир» (Имом Ибн Можа ривояти).

3) Фикрнинг ўтмаслашиши:

Исроф ортидан келувчи асоратлардан яна бири – фикрнинг ўтмаслашувидир. Чунки, фикрнинг ўткир ёки ўтмас бўлиши бир неча омилларга боғлиқ бўлиб, улардан бири қориндир. Яъни, қорин оч бўлганда инсоннинг фикри жуда тез ва тиниқ ишлайди, қорин тўйгач, фикр ҳам ўтмаслашиб қолади. Қадимда айтилгани каби: «Қорин тўйгач, зеҳн уйқуга кетади».

Фикр ўтмаслашувга маҳкум бўлган кун – мусулмон киши илму ҳикматдан маҳрум бўлган кун, демакдир. У кунда инсон ўзини бошқа махлуқотлардан имтиёзли этиб турган энг катта хусусиятидан айрилади. 

4) Ёмонлик ва гуноҳга қўл уриш истагини жунбушга келтириши:

Исрофнинг ортидан келувчи ёмон асоратлардан яна бири – унинг гуноҳ ва ёмонликлар қилиш истагини жунбушга келтиришидир. Чунки, исрофга берилиш нафсда каттагина қувват пайдо қилади. Бу қувват ўз навбатида нафс тубида ўрнашган яширин истак-ғаризаларни уйғотади. Ана шунда амал қилувчи мўминнинг гуноҳу маъсиятга тушиб қолмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқдир, Аллоҳ сақлаган кишиларгина бундан мустасно.

Исломнинг уйланишга қодир бўлмаган кишини рўза тутишга буюриши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй йигитлар жамоаси, қай бирингиз уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Чунки (уйланиш) кўзни номаҳрамга тикишдан, авратни ҳаромдан (зинодан) сақлайди. Ким қодир бўлмаса, рўза тутсин! Чунки, рўза унга (ҳаромга тушиб қолишидан) қалқондир» (Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).  

5) Қийинчилик ва машаққатлар олдида енгилиш:

Исрофнинг нохуш асоратларидан яна бири – қийинчилик ва машаққат соатларида енгилиб қолишдир. Чунки, исрофга берилган киши ҳаётини дабдаба ва мўл-кўлчиликда ўтказгани ва қийинчилик кўрмагани боис меҳнат-машаққатга дуч келганда довдираб, ўтириб қолади ва Аллоҳнинг мадади ва қўллаб-қувватлашига ноил бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло ўз нафси билан курашган ва бу курашда содиқ бўлган мухлис кишиларнигина қўллаб-қувватлайди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида рози бўлди. Бас, У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди» (Фатҳ: 18). 

6) Бировлар ҳолига бепарволик билан қараш ва риоя қилмаслик:

Исрофнинг асоратларидан яна бири – бошқалар ҳолига лоқайдлик билан қарайдиган ва бировларни риоя қилмайдиган бўлиб қолишдир. Чунки, ҳаётда меҳнат-машаққат кўрган ва қийинчилик тортган инсонларгина бировларнинг аҳволини риоя қилади, уларни тушунишга ҳаракат қилади. Айтишларича, Юсуф алайҳиссалом Миср хазиналарининг калитлари қўлларида бўла туриб, тўйиб овқат емас эканлар. Бунинг сабабини сўралганда: «Қорним тўйиб қолса, очларни унутиб қўяман деб қўрқаман», деб жавоб берган эканлар.

Исрофга берилган киши ҳар томонлама неъматлар ичида бўлганидан бошқалар ҳақида фикр юритиш ва қайғуриш эсига ҳам келмайди.

Аввалига қайтиш

Давомига ўтиш

   ЮқоригаÎ