Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР

 

Д. Муҳаммад Нуҳ

 

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

ИККИНЧИ ТЎСИҚ

 

ИСРОФ

 

Амал қилувчи кишиларга етадиган ва улар ундан халос бўлишлари, унга қарши ҳимояланишлари зарур бўлган тўсиқлардан яна бири исрофдир.

 

Исроф маъноси:

Исроф сўзи луғатда икки маънога далолат қилади:

1)     Тоат-ибодатдан бошқага (пул-мол ва вақт) сарфлаш;

2)     Ҳаддан ошиш ва исрофгарчиликка йўл қўйиш.

Уламолар истилоҳида эса исроф деганда емак-ичмак, либос, уй-жой каби инсон нафсида ўрнашган ғаризаларни қондиришда ўртачаликдан зиёда бўлиш маъноси кўзда тутилади.

Исрофни келтириб чиқарувчи сабаблар

 

Исрофга элтувчи ва уни келтириб чиқарувчи бир неча сабаблар ва омиллар мавжуд:

1) Унинг ичида ўсиб-улғайиш:

Яъни, баъзан мусулмон киши исрофгар ва тўкин-сочин хонадонда ўсиб-улғайиши оқибатида «қуш уясида кўрганини қилади» деганларидек, ота-она ва катталардан ўрнак олиб, ёшлигидан исрофга одатланган бўлади.

Исломнинг оилавий ҳаётда жуфт танлаш ва эр-хотиннинг ҳар иккиси Аллоҳнинг шариати ва йўлини лозим тутиши зарурлигига чорлаши ва бунга қаттиқ урғу бериши остидаги ҳикматлардан бири мана шу бўлса ажабмас.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ўз ораларингиздаги тул-беваларни ҳамда қул ва чўриларингизни яхшиларини уйлантиринглар. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлу-карами билан бой-беҳожат қилур. Аллоҳ (фазлу-карами) кенг, билувчидир» (Нур: 32).

«То иймонга келмагунларича мушрика аёлларга уйланмангиз! Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан гарчи у сизга ёқса-да,иймонли чўри яхшироқдир. То иймонга келмагунларича мушрик эрларни (қизларингизга) уйламангиз! Шубҳасиз, озод мушрикдан гарчи у сизга ёқса-да, иймонли қул яхшироқдир. Улар (мушриклар) дўзахга чақирадилар. Аллоҳ ўз изни-иродаси билан жаннатга даъват қилади» (Бақара: 221).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Aёл кишигa тўрт нарсадан бири туфайли: бoйлиги, нaсaби, ҳусни ё дини учун уйлaнилaди. Шундaй экaн, сeн диндoрини қўлга киритишга ҳaрaкaт қил, барака топгур». (Муттафақун алайҳ).

 

2) Оғир ҳаётдан сўнг фаровонликнинг келиши:

Баъзан оғир ҳаётдан сўнг фаровонлик ва тўкин-сочин ҳаётнинг, машаққатдан сўнг роҳат-фароғатнинг келиши ҳам исрофгарчиликка сабаб бўлади. Чунки, кўп одамлар бўладики, қийинчилик, маҳрумлик, етишмовчилик билан яшаб турган пайтларида сабр қилиб, ажр истаб Раббиларининг йўлида оғишмай давом этиб турадилар. Яшаш шароитлари ўзгариб, қийин ва танг ҳаётдан осон ва фаровон ҳаётга кўчиб ўтишгач, ўртача ҳаёт кечиришда мувозанат сақлаб туролмайдилар-да, «кўрмаганнинг кўргани қурсин», деганларидек, исрофгарчилик ва ҳаддан ошиш томонга оғиб кетадилар.

Шунинг учун ҳам шариат соҳиби бўлган доно зот дунёнинг оқиб келиши оқибатларидан огоҳлантирган ва ундан керакли миқдордагина олишга тавсия қилган бўлсалар керак.

Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:

«Қасамки, мен сизларга камбағаллик (зараридан) қўрқмайман, балки дунё сизларга худди аввалгиларга мўл-кўл қилингани каби мўл-кўл қилиб қўйилишидан ва сизлар ҳам улардек дунё йиғишда мусобақалашиб, оқибатда бу уларни ҳалок қилгани каби сизларни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман» (Имом Бухорий (8/12) ва Имом Муслим (4/2273, 2274) Амр ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

«Дунё яшнаб турган, ширин нарсадир. Аллоҳ азза ва жалла қандай амал қилишларингизни кўриш учун сизларни унда халифа қилган. Шундай экан, дунёдан эҳтиёт бўлинглар ва аёллардан эҳтиёт бўлинглар! Зеро, Бани Исроилнинг илк фитналаниши аёллар хусусида бўлган эди» (Имом Аҳмад Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 911).

 

3) Исрофгарлар билан улфат ва ҳамсуҳбат бўлиш:

Баъзан исрофгарлар билан улфатлашиш ва кўп бирга бўлиш ҳам кишини исрофга одатлантириб қўяди. Чунки, инсонга кўпинча яқин дўсти ва улфатининг хулқ-атвори кўчиб ўтади. Айниқса, у билан узоқ бирга бўлса ва улфати шахсияти кучли ва таъсир кучига эга одам бўлса, унинг таъсири яна-да яққол кўзга ташланади.

Исломнинг яхши дўст ва улфат танлашга чақириши ва бунинг зарурлигини таъкидлаши остидаги сир шу бўлса ажаб эмас. Биз юқорида футур сабаблари ҳақида сўз юритганимизда бу мавзуга тегишли далилларни ҳам айтиб ўтдик.

 

4) Йўл захирасидан ғофил бўлиш:

Йўл захирасидан ғофил бўлиш ҳам исрофга сабаб бўлади. Яъни, Аллоҳнинг розилиги ва жаннатига олиб борувчи йўл ҳарир пойандозлар, гулу райҳонлар билан тўшалган эмас, аксинча, бу йўл тиканаклар, кўзёшлар, тер ва қонлар устидан ўтиб боради. Бу йўлга юмшоқ ва дабдабали ҳаёт кечириш билан, роҳат-фароғат билан кириб бўлмайди. Бу йўлга сабру матонат ва машаққатларга чидаш билангина кириш мумкин. Йўл захираси шудир. Бу захирадан ғофил бўлиш динга амал қилувчи мусулмон кишини исрофга тушириб қўяди.

Қуръоннинг ушбу йўлнинг табиати ҳақида такрор ва такрор сўз юритишининг сири ҳам шунда бўлса керак:

«Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто пайғамбар ва иймонли кишилар: «Ахир қачон Аллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда) уларга: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг ёрдами яқиндир» деган жавоб бўлган эди» (Бақара: 214).

«(Эй мўминлар), ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким ҳақ йўлда курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини мутлақо билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?!» (Оли Имрон: 142).

Ва бошқа оятлар.

 

5) Хотин ва бола-чақа:

Баъзан кишининг аҳли-аёли ва фарзандлари ҳам унинг исроф йўлига киришига туртки бўлишади. Чунки, аёли ва фарзандларининг исрофга йўл қўйишларига бепарво қараган киши доимий бирга ҳаёт кечириши натижасида кунлар ўтиши билан ўзи ҳам улардан таъсирланиб қолиб, исрофгарлар қаторидан ўрин олади.

Исломнинг диндор ва солиҳ умр йўлдоши танлашга чақириши остидаги ҳикмат – биз юқорида биринчи сабаб ҳақидаги сўзимиз ичида бунга далиллар келтириб ўтдик – шунингдек, аҳли-аёл ва фарзандлар тарбиясига эътибор бериш зарурлигини таъкидлаши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса ажаб эмас.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида бағритош ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан (қўл остингиздагилардан) масъулсиз. Имом (давлат бошлиғи) роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Аёл киши эрининг уйида роъия ва у ўз раиятидан масъулдир. Хизматчи хожасининг мол-мулкида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Хуллас, ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ўз раиятингиздан масъулсиз» (Муттафақун алайҳ).

 

6) Дунё ҳаётининг табиатидан бехабарлик ва шунга қараб ҳаёт кечирмаслик:

Дунё ҳаётининг табиатини яхши билмаслик ва унга мувофиқ ҳаёт кечирмаслик ҳам кишини исрофгарчиликка олиб бориб қўяди. Дунё ҳаётининг табиати шуки, у доимо бир хилда турмайди, бугун бир ҳолатда бўлса эртага бошқача ҳолатга кўчиб туради. Бугун сизга омад кулиб боқса, эртага сиздан юз ўгириб ҳам тураверади. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Токи ибрат бўлсин деб) ва Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз» (Оли Имрон: 140).

Шундай экан, доим дунё борасида эҳтиёткор ва хушёр бўлишимиз, кундалик эҳтиёжимиздан ортиқча молимизни, соғлигимиз ва вақтимизни эртанги кунга асраб қўйишимиз, бошқача айтганда, омад келиб турганда унинг кетишига ҳам ҳозирланиб туришимиз лозим.

Дунё ҳаётининг табиати ана шундай. Бундан ғофил бўлиш кишини исрофга етаклайди.

 

7) Нафс тизгинини бўш қўйиш:

Баъзан нафснинг тизгинини маҳкам тутмаслик ва унга бепарво қараш ҳам исрофга сабаб бўлади. Чунки, инсоний нафс унинг тизгинини маҳкам ушланганда эгилади ва бўйсунади. Аммо, унга бепарво қаралса, қайсарлашиб, шаҳватлар сари интиладиган ва улардан ажралгиси келмайдиган бўлиб қолади. Бинобарин, динга амал қилувчи киши нафсига бепарво қараб, унинг барча истакларини бажо келтираверса, охир-оқибат нафси уни албатта исрофга туширади.

Исломнинг барча нарсадан олдин нафсни ҳисоб-китоб қилиш ва қийнашга буюриши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса ажабмас:

«Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд: 11).

«Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (Ваш-шамс: 9, 10).

«Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).

Аввалига қайтиш

Давомига ўтиш

   ЮқоригаÎ