Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР

 

Д. Муҳаммад Нуҳ

 

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Биринчи тўсиқ

Футур етиши

(давоми)

Асоратлари:

Амалга футур етишнинг амал қилувчининг ўзига ҳам, исломий амалга ҳам зарарли ва ҳалокатли асоратлари бўлади.

Амал қилувчига етадиган асоратларидан бири – ҳеч бўлмаганда – унинг тоат-ибодатлари жамғармасининг камайишидир. Бундай кишига сусайиб, ялқовланиб турган ҳолатида ўлим етиб қолиши хавфи ҳам борки, у ҳолда Аллоҳ ҳузурига нуқсонли ҳолатда бориб қолади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида айтардилар:

«Парвардигоро! Мен Сендан ташвишу ғамдан, ожизликдан, ялқовликдан, бахилликдан, қўрқоқликдан, қарзнинг оғирлигидан ва кишиларнинг ғолиб бўлиб кетишидан паноҳ беришингни сўрайман» (Имом Бухорий ривояти).

«Парвардигоро! Умримнинг охирини энг яхши дамларим қилгин. Парвардигоро! Амалларим хотимасини Ўзингнинг розилигингга мувофиқ қилгин. Парвардигоро! Сенга йўлиқадиган кунимни кунларимнинг энг яхшиси қилгин» (Ҳайсамий «Мажмаъуз-завоид»да Анас розияллоҳу анҳу ривояти билан келтириб: «Табароний «Авсат»да ривоят қилган, исноди дуруст», деган).

Умматга берган хушхабарларидан бири шундай бўлганди: «Аллоҳ бир бандага яхшилик истаса, уни ишга солиб қўяди», дедилар. «Қандай ишга солади?», деб сўралганда: «Солиҳ амалга муваффақ қилиб қўяди-да, сўнг шунинг устида жонини олади», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Умматга васиятларидан бирида: «Бир банда одамлар аҳли жаннатнинг амали деб биладиган ишларни қилиб юради. Ваҳоланки ўзи аниқ дўзах аҳлидан бўлади. Бир банда одамлар дўзах аҳлининг амалидан деб биладиган ишларни қилиб юради. Ваҳоланки ўзи жаннат аҳлидан бўлади. Амаллар фақат хотимасига қараб ўлчанади», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Яна айтганлар: «Бир амал қилувчининг амалидан то у нима билан хотима топишини кўрмасдан аввал ажабланманглар» (Имом Аҳмад ривояти).

Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу сўзлардан қаттиқ таъсирланганидан ўлими яқинлашган соатлар бетоб бўлиб ётган ҳолда йиғлаган ва: «Ўлимим менга амалдан сусайган ҳолимда етганига, жиҳодда бўлган ҳолимда етмаганига йиғламоқдаман», деган эди (Ибнул Асир: «Ан-ниҳая фий ғарийбил-ҳадис»).

Исломий амалга етадиган асоратларидан бири – йўлнинг узайиб кетиши, тўлов ва қурбонларнинг кўпайиб кетишидир. Чунки, Аллоҳ таолонинг ердаги қонунияти шундайки, У ялқовларга, ғофил ва амалдан узилиб қолганларга нусрат ва ғалаба бермайди, Ўз нусратини амалда мустаҳкам бўлган амал қилувчиларга ва мужоҳидларга туширади:

«Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса, шак-шубҳасиз - Биз (улар каби) чиройли амаллар қилган кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз» (Каҳф: 30).

«Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир» (Наҳл: 128).

«Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).

Муолажа қилиш йўллари:

 

Амалга футур етиш биз юқорида санаб ўтган асорат ва хатарларга олиб келгани боис ундан сақланиш ва покланиш лозим бўлади. Динга амал қилувчилар ундан қуйидаги воситалар билан сақланишлари ва тозаланишлари мумкин:

1) Катта-ю кичик гуноҳу маъсиятлардан узоқлашиш. Чунки, гуноҳлар дилларни куйдирадиган ва Аллоҳнинг ғазабига дучор қиладиган ўтдир. Парвардигорининг ғазабига дучор бўлган кимса жуда қаттиқ зиёнкорга айланади: «Менинг ғазабим кимнинг устига тушар экан, у муҳаққақ ҳалок бўлур» (Тоҳа: 81).

2) Зикр, дуо, илтижо, истиғфор, Қуръон ўқиш, чошгоҳ намози ва тунги намозлар ўқиш, хусусан саҳар пайти муножот қилиш каби кундалик амалларда бардавом бўлиш. Чунки, бундай амаллар иймонни чархлайди, дилларга қувват ва ҳаракат бахш этади, ҳимматларни юксалтиради, азму-қарорларни кучайтиради. Аллоҳ таоло айтади:

«У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган, ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган Зотдир» (Фурқон: 62).

«Эй (кийимларига) ўралиб олган зот, кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг! Фақат озгина унинг (кечанииг) ярмида (ухлаб ором олинг) ёки (уйқуни кечанинг) ярмидан ҳам бир оз камайтиринг, ёхуд унга (бир оз) зиёда қилинг (яъни кечанинг ярмидан кўпроғида ухлаб, истироҳат қилинг) ва Қуръонни тартил билан (яъни дона-дона тажвид билан) тиловат қилинг! Зеро, Биз сизга оғир Сўзни Қуръонни туширажакмиз» (Муззаммил: 1-5).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким тунда ўқийдиган ҳизбидан (яъни, намоз ёки Қуръондан бўлган вазифасидан) ёки унинг бир қисмидан ухлаб қолган бўлса ва кейин уни бамдод билан пешин намозлари оралиғида ўқиб қўйса, унга тунда ўқигандек ажр ёзилади» (Имом Муслим ривояти).

3) Афзал вақтларни ғанимат билиш ва уларни тоатлар билан ўтказишга ҳаракат қилиш. Чунки, бу ҳам қалбларни жонлантириб, иродаларни чиниқтиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «...(амалда) ўртача бўлинглар, (имкон қадар мукаммалликка) яқинлашинглар, (бериладиган ажр-савоблар билан) хушнуд бўлинглар, эртаю кеч ва туннинг бир қисмида (ибодатлар ила) мададланинглар-куч-қувват олинглар» (Имом Бухорий ривояти).

4) Аллоҳнинг динида ғулув кетиш ва уни қийинлаштиришдан сақланиш. Чунки, бу ҳам кишини малолланишдан сақлаб, амалда баравом бўлишига ёрдам беради.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир бўйралари бўлиб, тунда уни тўсиб олиб, намоз ўқирдилар, кундузи эса ёзиб қўярдилар. Одамлар ҳам у зотнинг намозларига эргашиб намоз ўқийдиган бўлдилар. Бир кеча тўпланиб турганларида уларга: «Эй одамлар! Тоқатингиз етганича амал қилинглар! Чунки, то сизлар (амал қилишдан) малолланмагунча Аллоҳ (ажр-савоб беришдан) малолланмайди. Амалларнинг Аллоҳга энг суюмли бўлгани – ўзи оз бўлса-да, давомли бўлганидир» дедилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли-оилалари бир амални қилсалар, пухта қилардилар» (Имом Муслим ривояти).

Бироқ, шуни унутмаслик керакки, ғулув кетиш ва қийинлаштиришдан сақланиш дегани амални тарк қилиб қўйиш ва бепарво ташлаб қўйиш дегани ҳам эмас. Балки, ўртачалик билан, суннатга эргашган ҳолда, одатий амалларни қилиб бориш, маъносидадир.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Эй Абдуллоҳ, фалончига ўхшаган бўлмагин. У тунги намозга турарди, турмай қўйди», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, уни тарк этинглар. Нимагаки буюрган бўлсам, уни имкон қадар бажаринглар» (Муттафақун алайҳ).

5) Ўзни жамоат ичига сингдириб юбориш, ҳар қандай ҳолда ҳам жамоатдан ажралмаслик ва ундан воз кечмаслик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жамоат раҳмат, ундан ажралиш эса азобдир» (Имом Аҳмад ривояти).

Яна айтганлар: «Аллоҳнинг қўли жамоат билан бирга» (Имом Термизий ривояти).

Алий розияллоҳу анҳу айтганлар: «Жамоатнинг лойқалиги ёлғиз кишининг тиниқлигидан яхши».

6) Аллоҳнинг борлиқда ва инсоннинг ўзида яратиб қўйган қонуниятларидан огоҳ бўлиш. Аллоҳ таоло айтади: «Бас сиз ҳаргиз Аллоҳ суннати-қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва ҳаргиз Аллоҳ суннатининг айланганини кўрмассиз» (Фотир: 43).

Яъни, мазкур қонуниятга кўра, аввало, инсон куч сарфлаши, ғайрат кўрсатиши лозим: «Агар Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлур (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди, лекин У зот сизларнинг айримларингизни айримларингиз билан имтиҳон қилиш учун (сизларни жангга буюрди)» (Муҳаммад: 4).

Шунингдек, амалда босқичма-босқич кўтарилиб бориши керак. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Қуръондан энг аввал жаннат ва дўзах зикр этилган суралар нозил бўлганди. Одамлар Исломга интила бошлагач, ҳалол ва ҳаромнинг баёни нозил бўлди. Агар бошдаёқ: «Маст қилувчи ичимлик ичманглар, зино қилманглар», деган буйруқлар нозил бўлса эди, одамлар: «Ичкиликни ҳам, зинони ҳам асло ташламаймиз», деган бўлишарди» (Имом Бухорий ривояти).

Хулафои рошидиннинг бешинчилари ҳисобланмиш Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу ҳаётни тўрт халифанинг давридагидек ҳолатга қайтаришга қасд қилгандилар. Бироқ, аввал яхшироқ ўрнашиб олиш ва жиловни маҳкамроқ тутиб олиш учун хиёл фурсат тўхтаб турганларида Абдулмалик исмли тақволи, жасорати ва шижоати ичига сиғмаётган ўғли отасининг ноҳақлик ва зулм қолдиқларини йўқотишга шошилмаётганидан тоқатсизланиб, отасини тезроқ бу ишга киришишга ундаганида, доно отанинг жавоби шундай бўлганди: «Эй ўғлим, шошқалоқлик қилма! Мен одамларнинг ҳаммасини бирданига ҳаққа мажбурласам, улар бош тортиб қолишларидан ва бунинг оқибатида фитна келиб чиқишидан қўрқаман...» (Шотибий: «Ал-мувофақот»).

7) Илк бошиданоқ йўлдаги тўсиқлардан воқиф бўлиш, уларга юзланишга ва олдини олишга тайёр бўлиш, шу билан амалга футур етишига ўрин қолдирмаслик.

8) Амал қилишда бирламчи ишларга риоя қилиш ва муҳимроқ ишни муқаддам қўйиш, иккиламчи ишларга ва жузъий масалаларга берилиб кетмаслик.

9) Аллоҳнинг солиҳ, мужоҳид бандаларига ёндошиш. Зеро, уларнинг дилларининг поклиги, кўнгилларининг зиёси ва руҳларининг нури кишини ўзига асир этиб, ҳимматларни ҳаракатга келтиради, иродаларни мустаҳкамлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу маънода марҳамат қилганлар: «Сизларга одамларнинг энг яхшиси кимлигини айтиб берайми?» «Ҳа, айтиб беринг, ё Расулуллоҳ», дейишганда: «Уни кўриш билан Аллоҳ азза ва жалла ёдингизга тушадиган киши», дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

10) Баданга роҳат ва емак-ичмакдан бўлган ҳаққини бериш ва бунда ўртачаликни лозим тутиш. Бу ҳам жисмнинг фаолиятини яхшилаб, унга ҳаётий қувватини қайтариб беради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кунлардан бирида масжидга кириб, икки устун орасига тортилган арқонни кўрдилар ва: «Бу қандай арқон?» деб сўрадилар. «Бу Зайнабнинг арқони, толиқиб қолганида шунга осилиб олади», дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ечиб ташланглар. Сизлардан бирингиз тетик ҳолида намоз ўқисин. Толиқса, ухлаб олсин», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бирортангиз намоз ўқиётганида мудраб қолса ухлаб олсин, токи ундан уйқу кетсин. Чунки, бировингиз мудраган ҳолда намоз ўқиса билмайдики, истиғфор айтаман деб ўзини сўкиб қўяр» (Муттафақун алайҳ).

11) Аҳли-аёл билан ҳазил-ҳузул қилиш, бола-чақани ўйнатиш, сув ҳавзаларига, тоғларга, саҳро ёки далаларга сафар уюштириб, ҳордиқ чиқариш ва жисмга ҳам, мияга ҳам дам бериш. Бу ҳам малолликни кетказиб, ялқовликка барҳам беради ва мусулмон кишини тетиклаштириб, ғайрат билан амалда давом этишига ёрдам беради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг котибларидан бири бўлмиш Ҳанзала ал-Усайдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Бакр розияллоҳу анҳу мен билан кўришиб: «Қалайсиз, эй Ҳанзала?» деган эди, мен: «Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», дедим. Абу Бакр: «Субҳаналлоҳ, нима деяпсиз?!», деди. Мен айтдим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида бўлганимизда у зот бизга дўзах ва жаннатни эслатиб, гўё кўз олдимизга олиб келиб қўядилар. Ҳузурларидан чиққач, бола-чақа ва тирикчилигимиз билан овора бўлиб, кўп нарсани унутамиз», дедим. Абу Бакр: «Аллоҳга қасамки, биз ҳам худди шундай ҳолатга йўлиқамиз», деди. Сўнг Абу Бакр билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бордик. Мен: «Ё Расулуллоҳ, Ҳанзала мунофиқ бўлиб қолди», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нима бўлди?», деб сўрадилар. Мен дедим: «Ё Расулуллоҳ, сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда бизга дўзах ва жаннатни эслатиб, гўё кўз олдимизга олиб келиб қўясиз. Ҳузурингиздан чиққач, бола-чақа ва тирикчилигимиз билан овора бўлиб, кўп нарсани унутамиз». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар доим менинг ҳузуримдаги ҳолатларингизда бўлганингизда эди, фаришталар тўшакларингизда ҳам, юрган йўлларингизда ҳам сизлар билан қўл бериб кўришадиган бўлиб қолар эди. Лекин, эй Ҳанзала, гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ бўлинг», (яъни, бир муддат ибодатда бўлсангиз, бир муддат жисмингизга роҳат беринг)  дедилар уч бор (Имом Муслим ривояти).

12) Сийрат, тарих ва таржимаи ҳоллар ҳақида битилган китобларни давомий мутолаа қилиб туриш. Бундай китоблар кучли азму қарор ва содиқ ирода эгалари бўлган амалли мужоҳид зотларнинг хабарлари билан тўла бўлиб, улар ўқиган кишининг қалбига таъсир кўрсатиб, улардан ибрат ва ўрнак олиш истагини уйғотади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир» (Юсуф: 111).

Мисол учун, мусулмон киши Умар ибн Абдулазиз ҳақида ўқиркан, унинг бомдод намозидан сўнг то кун чиққунча бўлган вақт ичида кўзидан уйқусини қувиб, ҳовлида айланиб, ўзига-ўзи қуйидаги байтни қайтариб юрганини ўқиганда, ҳис-туйғулари жунбушга келиб, ўзини боамал мужоҳидлар карвони сафига қўшишга ҳаракат қилиб қолади: (шеър мазмуни)

Қандай қилиб ухлайди кўз роҳатга чўмиб,

Борар жойин то аниқ билмайин туриб.

13) Ўлимни ва унинг ортидан келувчи қабрдаги савол-жавоб, қабр зулмати ва ёлғизлиги, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб ва ҳоказолар ҳақида фикр юритиш. Бу ҳам нафсни уйқусидан уйғотади, мудроқлигини ҳайдайди, ғафлатини кетказади, шу билан инсон яна тетиклашиб, амалда давом этади. Ўлимни эслаб туришнинг энг яхши йўли – ҳеч бўлмаса ҳафтада бир марта – қабристонга бориш ва қабрларни зиёрат қилиб, уларнинг ҳолидан ибрат олишдир. Имом Муслим Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилаверинг». Имом Термизий ривоятида: «Чунки у сизларга охиратни эслатади», деб қўшиб қўйилган.

Ибн Саммок ал-Воиз ўз уйида бир қабр қазиб олган экан. Ҳар қачон нафси ғалаён қилиб, амалида сусайиш пайдо бўлганида ўша қабрга тушиб, худди ўликка ўхшаб ётиб олар, сўнг ҳақиқатан ўлиб, қабрга қўйилгач бўладиган савол-жавобларни кўз олдига келтирар, солиҳ амалларининг камлигини кўргач, дод-фарёд қилиб, ёрдам сўрар, «Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб ортга қайтаришни тиларди. Узоқ мадад тилаш ва ёрдам талаб қилишлардан сўнг ўзига ўзи жавоб бериб: «Эй Ибн Саммок, мана сенга яна бир фурсат берилди», дер, сўнг қабрдан чиқиб, амалга жидду-жаҳд қилиб қоларди.

14) Жаннат ва дўзахни, уларда бўлган неъматлар ва азобларни эсга олиш. Бу ҳам кўздан уйқуни қочириб, пасайиб қолган ҳимматларни ва сусайиб кетган азму-қарорларни яна қайта ҳаракатга келтиради. Ривоят қилишларича, Ибн Ҳарам ибн Ҳайён баъзан тунлари ташқарига чиқиб, баланд овозда: «Ажабо, жаннат талаб қилган кишининг кўзига қандай уйқу келаркин, дўзахдан қочиш истагида бўлган одам қандай қилиб ухлаб ётаркин?!», деб баланд овозда қичқираркан. Сўнг ушбу оятни ўқиркан: «У қиш­лоқларнинг аҳли бало қазойимиз тунда, ухлаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржам бўлиб қолдиларми?» (Аъроф: 97). (Ибн Ражаб: «Ат-тахвиф бин-нар»).

15) Илм мажлисларида ҳозир бўлиш. Зеро, илм қалбларни тирилтиради. Баъзан амалли олимнинг бир оғиз сўзи кишига таъсир қилиб, унга тўла бир йил, ва ҳатто бир умрлик ғайрат бахш этиши мумкин. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур» (Фотир: 28), «Айтинг: «Парвардигорим, илмимни янада зиёда қилгин»» (Тоҳа: 114).

16) Динни тўлалигича ва мукаммал суратда ушлаш, унинг бир қисмига амал қилиб, бошқасини тарк қилмаслик. Чунки, бу бир умр амалда давомийликни таъминлайди.

17) Нафсни тергаш ва доим ҳисоб-китоб қилиб туриш. Бу нарса кишига унинг айбларини ҳали катталашмасидан туриб кўрсатиб қўяди ва уларни муолажа қилиши осон бўлади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳашр: 18).

Аввалига қайтиш

Давомига ўтиш

   ЮқоригаÎ