Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР

 

Д. Муҳаммад Нуҳ

 

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли-оиласи ва асҳобларига, шунингдек то қиёмат уларга эргашган ва уларнинг даъватига чорлаган кишиларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

 

Динга амал қилувчи ва динларини Аллоҳ учун фитналардан олиб қочувчи кишилар ҳар бир ишнинг олдини олишлари ва ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлишлари, сусаймасликлари, нажот карвонидан қолиб кетмасликлари ва узилиб қолмасликлари учун уларга йўл белгиларини кўрсатиб бериш – Аллоҳга даъват ва унинг динини ер юзида мустаҳкамлаш учун бўлган амал майдонида энг зарурий ишлардандир.

Динга амал қилувчи кишилардан баъзиларига етиши мумкин бўлган, айрим ҳолларда уларга амалий равишда етадиган ва уларни амалдан тўхтатиб қўядиган баъзи тўсиқлар борки, биз бу ўринда ўша тўсиқлардан баъзиларини таҳлил қилиб, сабаб ва натижаларини ҳамда уларни муолажа қилиш йўлларини баён қилиб бериш истагида қўлга қалам олдик. Аллоҳ Ўзи муваффақ қилсин.

 

Биринчи тўсиқ

Футур етиши

 

Маъноси:

Луғатда فتور – футур икки маънога ишлатилади:

1)     давом этиб турган ҳаракатнинг узилиши ва тўхтаб қолиши;

2)     фаол ҳаракатнинг сусайиши, секинлашуви, ялқовланиши маъносида.

 

Истилоҳда эса, амал қилувчи кишиларга баъзан етиши мумкин бўлган, айрим ҳолларда эса амалий равишда етадиган касаллик маъносидадир. Унинг энг қуйиси ялқовлик, сусайиш ва секинлашув, юқориси эса доимий фаолият ва давомий ҳаракатнинг бутунлай тўхташи ва тиниб қолишидир.

Аллоҳ таоло малоикалар ҳақида айтади: «Осмонлар ва ердаги бор жонзот Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳни) поклайдилар» (Анбиё: 19, 20).

Яъни, улар давомий ибодатдадирлар, Аллоҳ таолони У зотга нолойиқ бўлган нарсалардан поклайдилар, намоз ўқийдилар, кеча-ю кундуз, тинимсиз Аллоҳни зикр қиладилар, бундан заррача малолланмайдилар ва заифлашмайдилар.

Сабаблари:

Футур нафсга қуйидаги сабаблардан бирон сабаб туфайли етади:

1) Динда ғулув кетиш ва қаттиқлик қилиш, яъни тоатга қаттиқ берилиб, баданни роҳат ва дам олишдан бўлган ҳаққидан маҳрум қилиш.

Чунки бундай қилиш уни заифлик ва малолланишга, охир-оқибатда эса амални тарк қилиш ва бутунлай тўхтатиб қўйишга олиб келади. Айрим ҳолларда эса ўзи юрган йўлдан бутунлай бошқа йўлга юриб кетишига ҳам олиб келади ва амал қилувчи киши ифротдан тафритга (яъни ўта қаттиқ фаолиятдан бутунлай сустлик тарафига), жонбозлик билан ҳаракат қилишдан бепарволик ва лоқайдликка ўтиб қолади. Бу табиийдир. Чунки, инсоннинг тоқату имконияти чекланган. Агар ундан тажовуз қилса, чарчоқ ва малолланиш етиши оқибатида ялқовланиб қолиши ёки бутунлай амалдан тўхтаб қолиши мумкин. Исломнинг ибодат ва амалларда ғулув кетиш ва ҳаддан ошишдан қайтариши остидаги ҳикмат шу бўлса ажаб эмас. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Динда ғулув кетишдан сақланинглар! Сизлардан илгаригилар динда ғулув кетиш сабаблигина ҳалок бўлишган» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1283).

«Мутанаттиъ (яъни, динда чуқур кетувчи, керакли-кераксиз нарсалар устида баҳс юритувчи инжиқ) кимсалар ҳалок бўлдилар!», деб уч марта қайтарганлар (Имом Муслим ривояти).

«Ўзингизни қаттиқ (тоат-ибодат билан) қийнамангиз! Дарҳақиқат, сизлардан илгари ўтганлар ўзларини қаттиқ қийнаш сабабли ҳалок бўлиб кетишди, уларнинг қолган-қутганларини черковларда ва монастирларда топасизлар» (Бухорий «Ат-тарихул-кабир»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3124).

«Албатта, дин енгилдир. Кимда-ким уни (ўзи учун) оғирлаштирса, дин уни албатта мағлуб қилади» (Имом Бухорий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Уч киши Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хонадонига келиб, пайғамбаримизнинг ибодатлари ҳақида сўрадилар. Уларга Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларини айтиб берилганида, гўёки улар зикр қилинган амалларни кам санагандек бўлдилар ва: «Биз қаерда-ю, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар? У зотнинг аввалги-ю, кейинги гуноҳлари кечирилган бўлса?» дедилар. Уларнинг бири: «Мен тоабад тунларни намоз билан ўтказаман», деди. Иккинчиси: «Мен умрбод кундузлари рўзадор бўлиб, оғзимни очмайман», деди. Учинчиси эса: «Мен аёллардан узлат қиламан ва ҳеч ҳам уйланмайман», деди. (Бу гаплардан хабар топгач) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келдилар ва: «Шундай-шундай гапларни айтганлар сизларми?! Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, албатта мен сизлардан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ ва тақволироғингизман! Лекин, мен рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга уйланаман. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас»,  дедилар (Муттафақун алайҳ).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурига кирдилар, шунда унинг олдида бир аёл бор эди. У зот: «Ким бу аёл?» деб сўрадилар. «Фалончи» деб, унинг кўп намоз ўқишини айтганида: «Қўй бу гапни, қурбингиз етадиган ишларни қилинглар. Аллоҳга қасамки, то сизлар (амал қилишдан) малолланмагунча Аллоҳ (ажр-савоб беришдан) малолланмайди. Дин (амаллари)нинг Аллоҳга энг суюмли бўлгани – эгаси унда давомли бўлганидир» дедилар (Имом Бухорий ривояти).

«Ҳар бир ишнинг фаол боcқичи бўлади, шунингдек ҳар бир фаолликнинг cуcайиш даври ҳам бўлади, кимнинг cуcайиши (менинг) cуннатимга мувофиқ бўлcа, зафарга эришади, кимнинг cуcайиши бундан бошқа тарафга бўлса, ҳалок бўлади» (Имом Аҳмад ривояти).

2) Мубоҳ нарсалар истеъмолида исроф ва ҳаддан ошиш.

Чунки, бундай қилиш инсонни семириб, жисми оғирлашишига ва нафс шаҳватларининг ғолиб келишига олиб келади. Бунинг оқибатида ҳаракатсизлик, ялқовлик ва бўшашиш, баъзан эса бутунлай амалдан тўхтаб қолиш келиб чиқади. Аллоҳ ва Расули исрофдан қайтаришларидаги сир ва ҳикмат шу бўлса ажаб эмас.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни тоза либосда бўлингиз) ҳамда (хоҳлаганингизча) еб-ичаверинглар, фақат исроф қилманглар. Зотан, У исроф қилувчи кимсаларни севмас» (Аъроф: 31).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамзот қориндан кўра ёмонроқ бирор идишни тўлдирмади. Одам боласига белини тик тутадиган бир неча луқмалар кифоя. Жуда бўлмаса, (қориннинг) учдан бири таомига, учдан бири ичимлигига, учдан бири нафасига (бўлсин)» (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари, (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2265).

Умматнинг салафлари мубоҳ нарсаларга берилиб кетиш ва исрофгарчилик ўз эгасини қандай оқибатларга олиб келишини яхши англаганлар ва шунинг учун ундан огоҳлантирганлар.

Уммул муъминийн Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Бу умматда пайғамбаридан сўнг юз берган биринчи бало – тўқлик бўлди. Одамларнинг қоринлари тўйгач, баданларини ёғ босди, натижада қалблари заифлашиб, шаҳватлари жунбушга келди» (Мунзирий «Ат-тарғиб ват-тарҳиб»да келтирган).

Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Емак-ичмакка берилиб кетишдан сақланингиз! Чунки, бундай қилиш жасадни бузади, касалликлар келтириб чиқаради, кишини намоздан ялқовлантириб қўяди. Еб-ичишда ўртача бўлинглар! Чунки, бу жасадга ҳам фойда, исрофдан ҳам узоқ ишдир. Зотан, Аллоҳ таоло семиз олимни[1] ёмон кўради. Киши то шаҳватини динидан афзал кўрадиган бўлмагунича ҳалок бўлмайди» (Алуоуддин «Канзул уммол»да келтирган).

Абу Салмон ад-Дороний айтади: «Қорни тўйган одамга олтита офат-зиён етади: муножот қилиш лаззатидан бебаҳралик, халқларга меҳр-шафқат кўргазишдан маҳрум бўлиш (чунки, тўқ одам ҳаммани ўзига ўхшаган тўқ деб ўйлайди), ибодатга ялқовлик, шаҳватларнинг зиёда бўлиши, бошқа мўминлар масжидлар атрофида айланишса, тўқлар ҳожатхоналар атрофида айланишади» (Имом Ғазолий «Иҳёу улумид-дин»да келтирган).

3) Жамоатдан ажралиш, узлат ва ёлғизликни хуш кўриш.

Чунки, йўл узоқ ва машаққатли, тўсиқлар бисёр. Мусулмон киши жамоат билан бирга бўлса, мудом тетиклашиб, янгиланиб, иродаси бақувват, азму қарори содиқ бўлиб боради. Аммо агар жамоатдан ажралса ва ёлғизликни хуш кўрса, фаоллигини оширадиган, иродасини кучлантирадиган, ҳимматини ўстирадиган ва Раббини унга эслатиб турадиган кишилари бўлмаганидан ялқовланиш ва малолланишга дучор бўлади. Бунинг натижаси ўлароқ, бира тўла йўлдан чиқиб кетмаса-да, анча сустлашиб кетади.

Исломнинг жамоатни лозим тутишга чақириши ва бунга қаттиқ аҳамият бериши, жамоатдан ажралганларни қаттиқ огоҳлантириши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса ажаб эмас. Аллоҳ таоло айтади:

«Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103).

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2).

«Аллоҳ ҳамда Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур» (Анфол: 46).

«Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир» (Оли Имрон: 105).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Жамоатни лозим тутинглар, бўлинишдан сақланинглар! Зеро, шайтон бир киши билан бирга, икки кишидан узоқроқдир. Ким жаннатнинг ўртасидан жой истаса, жамоатни лозим тутсин!» (Имом Термизий ривояти).

«Сизларни қулоқ солиш ва итоат қилишга, ҳижратга, жиҳодга ва жамоатга буюраман. Чунки жамоатдан бир қарич бўлса ҳам чиқиб, шу ҳолда ўлган одам фақат жоҳилият ўлими билан ўлади» (Имом Аҳмад ривояти).

«Ким жамоатдан бир қарич ажралса, бўйнидан ислом бўйинбоғини ечиб ташлабди» (Имом Бухорий ривояти).

«Одамларга аралашиб юрадиган ва уларнинг озорларига сабр қиладиган киши одамларга аралашмайдиган, уларнинг озорларига сабр қилмайдиган кишидан яхшидир» (Имом Муслим ривояти).

Умматнинг салафлари буни яхши билганлари боис жамоатни маҳкам ушлаганлар ва унга тарғиб қилганлар.

Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Жамоатнинг лойқалиги ёлғиз кишининг тиниқлигидан яхши».

Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар:

Жамоат бўлмасак улоқиб, кезиб

Юрардик кучлилар кучсизни эзиб.

4) Ўлимни ва охиратни кам эсга олиш.

Бу ҳам ироданинг бўшашишига, азму қарорнинг заифлашувига, ҳаракат ва фаолиятнинг сусайишига, баъзан эса бутунлай тўхтаб қолишига олиб келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалда қабрларни зиёрат қилишдан қайтариб, кейин яна унга рухсат беришлари остидаги ҳикмат ҳам балки шудир. У зот айтганлар:

«Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилаверинг. Чунки, бунда ибрат бор» (Имом Термизий ривояти).

Бир ривоятда: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилаверинг. Чунки бундай қилиш дунёдан совутади ва охиратни эслатади».

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлимни ва умрнинг ниҳояси яқинлигини кўп эслашга буюрганлар:

«Эй одамлар! Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар», дедилар. Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, биз Аллоҳ таолодан ҳаё қиламиз», деди. «Ким Аллоҳдан ҳаё қилса, ажалини кўз олдига келтирмаган ҳолда бирон кечани ўтказмасин, қорнини ва унга киритаётган нарсаларини, бошини ва ундаги аъзоларини (ҳармдан) сақласин, ўлимни ва (қабрда) чиришини эсласин, дунё зийнатини тарк этсин!», дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).

5) Кундалик амалларга бепарво бўлиш.

Масалан, тунги суҳбат ва улфатчиликлар сабабли фарз намоздан ухлаб қолиш, баъзи суннат намозларга бепарво бўлиш, тунги намоз–таҳажжудни ё зуҳо–чошгоҳ намозини ё Қуръон тиловатини ё зикрни ё дуони ё истиғфорни тарк қилиш, ёки масжидга ва жамоат намозига узрсиз бормай қўйиш каби ишларки, буларнинг ҳаммаси учун ўзига яраша уқубат-жазолар бордир. Бу уқубатларнинг энг ками – сусткашлик ва эринчоқлик сабабли ёки узилиш ва тўхтаб қолиш сабабли амалига футур етишидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида шу каби ишларга ишора қилиб айтганлар: «Сизлардан бирингиз ухлаган пайтида шайтон унинг боши орқасига учта тугун тугиб қўяди, ҳар бир тугунга (дам) уриб: «Ҳали тун узоқ, ухлайвер» дейди. Агар уйғонса ва Аллоҳни зикр қилса, битта тугун ечилади. Таҳорат қилса, яна бир тугун ечилади. Намоз ўқиса, яна бир тугун ечилади ва у одам тетик, дили равшан бўлиб тонг оттиради. Аксинча бўлса, ялқов ва дили хира бўлиб тонг оттиради» (Муттафақун алайҳ).

6) Ҳаром ёки шубҳали емак-ичмак билан ҳалқумни булғаш.

Бу эса ё кундалик касб-ҳунар ва тирикчилик сабабларига бепарво бўлиш ёки шубҳали ишлар билан муомала қилиш ё бундан бошқа сабаблар билан ҳам бўлиши мумкин. Бунинг ҳам ўзига яраша жазоси бўлиб, дунёдаги энг кам жазоси – дили қорайиб, тоат-ибодатларга бепарво бўлиб қолиши ёки ҳеч бўлмаганда ялқовланиб, ибодатнинг лаззатини ва муножотнинг ҳаловатини топа олмай қолишидир.

Исломнинг ҳалол ризқ касб қилишга чақириши, ҳаром ва шубҳали нарсадан узоқлашишга тарғиб қилиши остидаги ҳикматлардан бири шу бўлса ажаб эмас.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй одамлар, Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара: 168).

«Бас, (эй мўминлар), Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар ва агар Аллоҳга ибодат этувчи бўлсангизлар, У зотнинг неъматларига шукр қилинглар!» (Наҳл: 114).

«(Юборган барча пайғамбарларимизга шундай дедик:) «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар! Албатта Мен қилаётган амалларингизни билувчидирман»» (Мўминун: 51).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Ҳаромдан униб-ўсган эт жаннатга кирмайди, ҳаромдан унган ҳар бир эт дўзахга лойиқдир» (Аҳмад, Доримий, Байҳақий ривоятлари).

«Ҳалол аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Ким ўзига шубҳали бўлган гуноҳдан сақланса, очиқ-равшан гуноҳни албатта тарк қилади. Ким ўзига шубҳали бўлган гуноҳга журъат қилса, очиқ-равшан гуноҳга ҳам қўл уриши мумкин. Маъсиятлар Аллоҳнинг ер юзидаги тақиқланган “ўтлоғи”дир. Ким тақиқланган ўтлоқ атрофида чорвасини боқса, унинг ичига ҳам кириб кетиши мумкин» (Муттафақун алайҳ).

«Ўзингни шубҳалантирган нарсани тарк қилиб, шубҳали бўлмаганига бурил» (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларни мана шу нарса устида амалий равишда тарбиялаганлар. Бир марта йўлда ётган бир дона хурмони кўрганларида уни олиб емаганлар ва: «Агар бу хурмо садақа хурмоларидан бўлиши мумкинлигидан қўрқмаганимда, уни олиб еган бўлардим», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Умматнинг салафлари мана шу йўлни маҳкам тутган эдилар. Улар ҳаётларига тааллуқли бўлган емак-ичмак, кийим-кечак, от-улов каби нарсалардан ҳар бирини яхшилаб текшириб кўриб, шундан сўнггина ишлатардилар. Агар уларга заррача шубҳа аралашган бўлса тарк қилишар, бу нарсалар уларни ҳаромга олиб бориб қўйишидан ва бунинг оқибатида қалблари бузилиб, амалдан маҳрум бўлиб қолишдан ёки амаллари мақбул бўлмай қолишидан қўрқардилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Абу Бакрнинг бир ғуломи унга хирож бериб турарди, Абу Бакр унинг хирожидан ердилар. У бир куни бир нима келтирди, Абу Бакр ундан едилар. Ғулом унга: «Бунинг нималигини биласизми?» деди. «Нима эди?» дедилар. «Жоҳилият пайтида бир одамга фолбинлик қилган эдим, аслида фолбинликни яхши билмас, бироқ уни алдаган эдим, ўшанинг ҳаққини энди берди, бу еганингиз ўшандан эди», деди. Шунда Абу Бакр қўлларини оғизларига киритиб, еган барча нарсаларини қусиб юбордилар (Имом Бухорий ривояти).

7) Диннинг фақат бир тарафига амал қилишга чекланиб қолиш.

Мисол учун, диққат-эътиборни фақат ақидага қаратиб, ундан бошқа барча нарсани ҳисобдан чиқариш ёки ибодатларга қаттиқ берилиб, ундан бошқа томонларга эътибор бермаслик ёхуд хайрия ва ижтимоий ёрдам каби ишлар билан чекланиб қолиб, бошқа ишлардан кўз юмишга ўхшаганки, бундай қилувчи кишилар вақти келиб, албатта малолланиш ва сусайишга дучор бўлишади. Бундай бўлиши табиий. Чунки, Аллоҳнинг дини ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олишни кўзда тутган бўлиб, кимдир унинг бир қисмигагина амал қилишга чекланса, гўё тўлақонли ҳаёт кечириш ўрнига ҳаётнинг бир қисминигина яшаб ўтгандек бўлади. Кейин ўзи яшаб турган шу бир қисмининг ҳам чўққисига етгач, энди буёғига нима қилиш керак, деган савол пайдо бўлади ва бу саволга жавоб топилмагач, ожизлик ва ялқовлик каби бирон футур етишига дучор бўлади. Аллоҳнинг динини бус-бутунича, бўлакларга бўлмасдан ушлашга чақириш остидаги сирлардан бири шу бўлса ажаб эмас: «Эй мўминлар, тўла ҳолдаги исломга кирингиз! (Яъни, исломнинг баъзи ҳукмларига амал қилиб, баъзиларига амал қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз)! Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара: 208). Яъни, иймоннинг барча тармоқларига, Исломнинг барча қонунларига амал қилинглар. Шайтоннинг ортидан эргашманглар. Чунки, у сизларни буғзу адоватга бошлайди ва Аллоҳнинг манҳажидан бутунлай ёки қисман буриб юборади, натижада сизларга футур ва зоелик етади...

8) Аллоҳнинг борлиқ ва ҳаётдаги қонуниятларидан ғофил бўлиш.

Аллоҳнинг динига амал қилувчилар орасида бир турли одамлар борки, жамиятни тўлалигича – тушунчалари, ҳис-туйғулари, урф-одатлари, ахлоқи, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий тартиб-қоидалари билан бирга, бир кундаёқ, ҳақиқатдан кўра хаёлийликка яқинроқ бўлган услуб ва воситалар орқали ўзгартириб юборишни истайдилар. Уларда шижоат ва журъат етарлича топилади, ҳар қанча қурбонлар берилишини-да кўп санамайдилар, ўлим уларга бостириб келаётган ёки улар ўлимга тик бораётган бўлсалар-да парво қилмайдилар. Ниятлари Аллоҳ учун бўлса, мақсадлари Аллоҳнинг калимасини олий қилиш бўлса бас, натижа қандай бўлишининг улар учун аҳамияти йўқ, Аллоҳнинг борлиқ ва ҳаёт учун тузиб қўйган қонуниятлари билан ҳисоблашмайдилар, амални босқичма-босқич олиб бориш зарурлигини, ғалаба аввало тақво билан, қолаверса куч-қудрат воситасида ҳосил бўлишини, ҳар бир нарсанинг белгилаб қўйилган муҳлати борлигини, ундан олдин ҳам, кейин ҳам бўлмаслигини тан олгилари келмайди. Хаёлот оламидан Ер воқеълигига тушганларидан сўнг ўзлари истаган ва орзу қилган, унинг учун амал қилган иш бўлавермагач, амалларига футур етиб, ялқовлик ва сусайишга дучор бўладилар. Айрим ҳолларда эса бутунлай қўл силтаб, ҳамма ишни йиғиштириб қўядилар.

9) Юкнинг оғирлиги, вазифаларнинг кўплиги ва амал қилувчиларнинг етишмаслиги важидан жасаднинг ҳақларини эсдан чиқариш.

Аллоҳнинг динига амал қилувчи баъзи кишилар бўладики, қўлларида бўлган барча имконият, куч-тоқат ва вақтларини динга хизмат қилиш йўлида сарфлайдилар, жисмларига бироз бўлса-да роҳат ва дам беришни истамайдилар. Бундай кишилар юкнинг оғирлиги, вазифаларнинг кўплиги ва амал қилувчиларнинг етишмаслиги туфайли маъзур саналсалар-да, вақти келиб, малолланиб қолишлари ва амалларига футур етиши хавфидан холи эмаслар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қанча узрли сабаблар бўлмасин, баданнинг ҳаққини адо қилишга буюришлари остидаги сир шу бўлса ажаб эмас. У зот айтадилар: «Сизда Роббингизнинг ҳаққи бор, сизда ўз нафсингизнинг ҳаққи бор ва сизда аёлингизнинг ҳам ҳаққи бор. Барча ҳақдорга ўз ҳаққини адо қилинг». Бир ривоятда: «Сизда жасадингизнинг ҳам ҳаққи бор, сизда кўзингизнинг ҳам ҳаққи бор, сизда аёлингизнинг ҳам ҳаққи бор..» (Имом Бухорий ривояти).

10) Йўлдаги тўсиқлар билан юзма-юз келишга тайёр бўлмаслик.

Динга амал қилувчи баъзи кишилар ҳам бўладики, йўлларида дуч келадиган ғовларни бартараф этишга тайёр бўлмаган ҳолда йўлга киришади. Яъни, хотин, бола-чақа ташвиши, дунё келиши, синовлар ва балоларга дучор бўлиш каби йўлида учрайдиган тўсиқларга олдиндан тайёр бўлмайди. Йўлда давом этиб турган пайтида шу каби тўсиқлардан бирига тўқнашгач, унга юзланиш ва тадоригини кўришга ожизлик қилиб қолиши натижасида сусайиб ёки тўхтаб қолиб, амалига футур етиб қолади.

Қуръони каримнинг йўлдаги тўсиқлардан қайта-қайта огоҳлантиришининг сири ҳам шу бўлса керак. Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, албатта жуфтларингиз ва болаларингиздан сиз­лар учун душман бўлганлари ҳам бордир. Бас, улардан эҳтиёт бўлинглар! Агар сизлар уларни афв этсанглар, кечириб юборсанглар ва мағфират қилсанглар, у ҳолда албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир. (Тағобун: 14)

И з о ҳ. Ривоят қилинишича, Макка аҳлидан бир гуруҳ кишилар Исломни қабул қилишиб, сўнгра пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига — Мадинаи мунавварага ҳижрат қилмоқчи бўлганларида уларнинг динсиз бўлган хотин ва бола-чақалари бу ниятларидан тўсишиб: «Исломга кирганларингизга сабр қилдик, аммо бизларни ташлаб ҳижрат қилишларингизга чидай олмаймиз», дейишган экан. Шунда улар бу гапга кўнишиб Маккада қолишган ва орадан анча замон ўтиб, Мадинага келганларида эса бу ердаги мусулмонлар диний билимларни пухта эгаллаб олганларини кўришиб, илгари ўзларининг йўлларини тўсган хотин, бола-чақаларидан ўч олмоқчи бўлганларида юқоридаги оят нозил бўлгандир. Муфассирлар айтишларича, ушбу ояти карима Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилишдан тўсадиган хотинлар ва болаларнинг сўзларига кирадиган барча кишилар учун танбеҳдир.

«Сизларнинг мол-мулкларингиз ва бола-чақаларингиз фақат бир фитна-имтиҳондир, холос. Улуғ ажр-мукофот эса ёлгиз Аллоҳнинг ҳузуридадир» (Тағобун: 14, 15).

«Билингизки, албатта мол-дунёларингиз ва бола-чақангиз фақат бир фитна-алдовдир, холос» (Анфол: 28).

«Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас» (Оли Имрон: 179).

«Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 2, 3).

«Ал­батта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз» (Муҳаммад: 31).

11) Иродаси кучсиз ва ҳиммати паст кишилар билан улфат бўлиш.

Динга амал қилувчи киши гоҳо донғи кетган ва шуҳрати ёйилган баъзи кишилар билан бирга бўлиб қолади. Уларга яқинлашиб, ички аҳволлари билан танишгач, овозаси оламга кетгани билан ичи бўм-бўш ноғорасифат, амалга бепарво эканликларини кўради. Улар билан давомий бирга бўлиши натижасида унга ҳам ўшаларнинг ялқовлик ва сустликлари юқади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дўст ва улфат танлаш зарурати ҳақида таъкидлашларининг сири ҳам шу бўлса ажаб эмас. У зот айтадилар:

«Киши ўз дўстининг динидадир. Шундай экан, ҳар бирингиз ким билан дўстлашаётганини текшириб боқсин» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилган).

«Яхши суҳбатдош билан ёмон суҳбатдошнинг мисоли мушк сотувчи (аттор) билан  (темирчининг) босқонига дам урувчига ўхшайди. Мушк сотувчи ё мушкидан сизга ҳадя қилади ё ундан сотиб оласиз ё ҳеч бўлмаса ундан хушбўй атр ҳидини топасиз. Босқонга дам урувчи эса ё кийимингизни куйдиради ё эса ундан бадбўй ҳид топасиз» (Муттафақун алайҳ).

12) Амални хоҳ шахсий, хоҳ жамоавий даражада тартибга қўйиб олмаслик.

Баъзи амал қилувчи кишилар бўладики, хоҳ якка тартибда бўлсин, хоҳ жамаот шаклида бўлсин, Аллоҳнинг дини йўлидаги амални тартибли бўлмаган суратда, ҳеч қандай манҳаж ва низомсиз, яъни хуши келган пайт кўнгли истаган амални қилишга одатланишган бўлади. Оқибатда иккиламчи ва унча муҳим бўлмаган ишларни муқаддам ўринга қўйиб, энг асосий ва Аллоҳнинг динига нусрат келтириши жиҳатидан энг зарурий бўлган ишларни орқага суришади. Бу эса йўлнинг узайиб кетишига, тўловлар ва қурбонларнинг кўпайишига олиб келади ва кўп ҳолларда Аллоҳ ўзи сақлаб қолмаса, амалга футур етишига олиб келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Муоз ибн Жабални Яманга жўнатаётган пайтда қилган васиятлари остидаги сир ҳам ана шунда эди. У зот айтгандилар: «Сиз аҳли китоблардан бўлган бир қавмга бормоқдасиз. Етиб боргач, уларни «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришга чақиринг, агар бунда сизга итоат қилсалар Аллоҳ таоло уларга бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганини айтинг, агар бунда ҳам итоат қилсалар Аллоҳ уларга бойларидан олиниб, камбағалларига бериладиган садақа (закот)ни фарз қилганини айтинг, агар бунда ҳам сизга итоат қилсалар молларининг яхшиларини закот қилиб олишдан сақланинг, мазлумнинг дуосидан қўрқинг, чунки у билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ бўлмайди» (Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадис амални маълум манҳаж асосида, дақиқ тартиб билан қилиш лозимлигига асосий қоида бўлиб хизмат қилади.

13) Гуноҳу маъсиятларга, айниқса бепарволик оқибатида кичик гуноҳларга аралашиб қолиш.

Бундай қилиш албатта, амал қилувчининг амалига футур етишига олиб келади. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шуро: 30).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу маънода марҳамат қилганлар:

«Кичик гуноҳлардан cақланинглар, чунки улар кимда йиғилиб қолcа, албатта уни ҳалок қилади». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам чўлда, кимcаcиз бир ерда дам олиш учун тўхтаган бир қавмнинг ишини шундай гуноҳларга зарбулмаcал қилиб: «Уларга бирон егулик тайёрлаш вақти келганида, униcи битта, буниcи битта чўп олиб келиб, шу алфозда бир тўп ўтин йиғиб қўйишди ва йиққан ўтинларини ёқиб, унда ўз овқатларини пишириб олишди», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

«Банда бир гуноҳни қилса, унинг қалбида битта қора доғ пайдо бўлади. Агар ундан тийилиб, истиғфор айтса ва тавба қилса, қалби тозаланади. Агар яна гуноҳ қилишга қайтса, доғ кўпайиб, бутун қалбини қоплаб олади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида айтилган қоплаб олишдирки: «Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилувчи бўлган гуноҳлари (занги) қоплаб олган!» (Мутоффифун: 14). (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2654).

Амалларга футур етказувчи сабаблар асосан мана шулардан иборатдир.


[1]  - Семизлик ҳаммага ярашмайди, олимга ярашмаслиги авлороқдир. (Ислом Нури изоҳи).

 

 

Давомига ўтиш

   ЮқоригаÎ