Ислом Нури

Жума насиҳатлари
АЛЛОҲ БАНДАЛАРГА БЕЛГИЛАБ БЕРГАН ҲАҚ-ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАР

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу фазилатлари ва ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида айтилган сўзлар

 

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотига чиққанларида ўринларига Алийни қолдирдилар. Шунда у: «Мени аёллар ва гўдакларга бош қилиб қолдирасизми?!» деган эди: «Сиз менга нисбатан Ҳоруннинг Мусога нисбатан тутган ўрнида бўлишга рози бўлмайсизми?! Фақат (фарқи шуки), мендан кейин бошқа пайғамбар бўлмайди», дедилар[1] (Муттафақун алайҳ).

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар жанги куни арафасида шундай дедилар: «Эртага бу байроқни бир кишига бераманки, Аллоҳ унинг қўлида фатҳ-ғалаба ато этади, у Аллоҳ ва Расулини яхши кўради, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўрадилар». Одамлар тун бўйи байроқни қай биримизга бераркинлар, деб, ҳаяжонланиб тонг оттирдилар. Тонг отгач, ҳаммалари байроқни қўлга киритиш орзусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига етиб боришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Алий ибн Аби Толиб қаерда?», деб сўрадилар. «Унинг кўзи оғрияпти экан, ё Расулуллоҳ», дейишди. «Унга одам юборинглар», дедилар. Уни чақириб келишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг кўзларига туфладилар ва дуо қилган эдилар, кўзлари тузалиб, оғриқдан асар ҳам қолмади. Сўнг байроқни унга бердилар (Муттафақун алайҳ).

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Дон-уруғни ёриб-ундирган ва жонзотга жон бахш этган Зотга қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени фақат мўмин киши яхши кўриши ва мунофиқ кимсагина ёмон кўришини қаттиқ таъкидлаб айтганлар» (Имом Муслим ривояти).

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Мен гувоҳлик бериб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ким Алийни яхши кўрса, мени яхши кўрибди, ким мени яхши кўрса, Аллоҳ азза ва жаллани яхши кўрибди. Ким Алийни ёмон кўрса, мени ёмон кўрибди, ким мени ёмон кўрса, Аллоҳ азза ва жаллани ёмон кўрибди» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1299).

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен кимнинг дўсти бўлсам, Алий ҳам унинг дўстидир. Эй Парвардигор, уни дўст тутган кишини Сен ҳам дўст тутгин, уни душман билган кишини Сен ҳам душман тутгин», дедилар (Насоий, Ҳоким, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1750).

Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳаж сафарларида бирга келаётган эдик, йўлда бир жойга тушиб, жамоат бўлиб намоз ўқишга буюрдилар. Кейин Алийнинг қўлидан тутиб: «Мен мўминларга уларнинг ўзларидан кўра ҳам ҳақлироқ эмасманми?!», дедилар. «Шундай, ҳақлироқсиз», деб жавоб беришди. «Мен ҳар бир мўминга унинг ўзидан кўра ҳам ҳақлироқ эмасманми?!», дедилар. «Шундай, ҳақлисиз», дейишди. «Мен кимнинг мавлоси (дўсти, хожаси) бўлсам, бу ҳам унинг дўстидир. Эй Парвардигор, уни дўст тутган кишини Сен ҳам дўст тутгин, уни душман тутган кишини Сен ҳам душман тутгин», дедилар (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 94).

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Алий мендан, мен эса унданман, у мендан кейин ҳар бир мўминнинг дўстидир» (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2929).

Ҳабаший ибн Жунода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Алий мендан, мен эса Алийданман, менинг номимдан фақат менинг ўзим ёки Алий адо этиши мумкин»[2] (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2931).

Амр ибн Шош розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Алийга озор берса, менга озор берибди», дедилар (Бухорий «Тарих»да, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2295).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Одамлар Алий розияллоҳу анҳудан шикоят қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилдилар. Мен у зотнинг шундай деганларини эшитдимки: «Эй одамлар! Алийдан шикоят қилманглар! Аллоҳга қасамки, у Аллоҳ учун – ёки Аллоҳ йўлида – шикоят қилинишдан яхшироқдир» (Ибн Исҳоқ «Сийрат»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2479).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чиқишларини кутиб ўтиргандик, у зот аёлларидан бирларининг уйидан чиқиб келдилар ва биз у зот билан бирга қўзғолдик. Шунда у кишининг оёқ кийимлари узилиб кетди. Алий уни тикиш учун орқада қолди, биз эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга йўлда давом этдик. Кейин тўхтаб, уни кутиб турдилар, биз ҳам бирга турдик. Шунда дедилар: «Сизлардан бир киши бўладики, у Қуръоннинг таъвили хусусида худди мен унинг танзили (нозил бўлиши) хусусида жанг қилганимдек жанг қилади». Шунда биз (ўша киши мен бўлармиканман, дегандек) у зотга кўз тикдик, ичимизда Абу Бакр ва Умар ҳам бор эди. «Йўқ, (сизлар эмас,) балки у оёқ кийимни ямовчидир», дедилар. Биз бориб, унга бу ҳақда хабар бердик. Бизга у бу ҳақда (илгари ҳам) эшитгандек туюлди[3] (Насоий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2487).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «(Саҳобалардан) биринчи бўлиб намоз ўқиган киши Алий эди»[4] (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2935).

Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумнинг биргаликда фазилатлари ҳақида айтилган сўзлар

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр, Умар, Алий, Усмон, Талҳа ва Зубайр ҳамроҳлигида Ҳиро тоғида эканлар, харсанг тош қимирлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тинчлан, сенинг устингда пайғамбар, ё сиддиқ, ё шаҳид бор, холос», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бир ривоятда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиро тоғида эканларида силкиниш бўлди. Шунда у зот: «Тинчлан, Ҳиро! Сенинг устингда ё пайғамбар, ё сиддиқ, ё шаҳид бор, холос», дедилар, ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Абу Бакр, Умар, Усмон, Алий, Талҳа, Зубайр ва Саъд ибн Аби Ваққос бор эдилар (Имом Муслим ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умматим ичида умматимга энг раҳмли киши Абу Бакр, Аллоҳнинг динида энг қаттиғи-кучлиси Умар, энг ҳаёлиси Усмон, қозиликда моҳирроғи Алий ибн Аби Толиб, Аллоҳнинг Китобини энг яхши ўқийдигани Убай ибн Каъб, ҳалол-ҳаромни энг яхши биладигани Муоз ибн Жабал, мерос илмида моҳирроғи Зайд ибн Собитдир. Билингларки, ҳар бир умматнинг бир омонатдор кишиси бўлади, бу умматнинг омонатдор кишиси Абу Убайда ибнул Жарроҳдир» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 125).

Саид ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн кишининг бири эдилар, «Абу Бакр жаннатда, Умар жаннатда, Усмон жаннатда, Алий жаннатда, Талҳа жаннатда, Зубайр жаннатда, Саъд жаннатда, Абдурраҳмон жаннатда», деган эдилар. (Саид ибн Зайддан:) «Тўққизинчиси ким?» деб сўралган эди: «Мен», деб жавоб берди (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 110).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Мендан кейин (халифа бўлиб) турувчи киши жаннатда, ундан кейин турувчи ҳам жаннатда, учинчи ва тўртинчилари ҳам жаннатда» (Ибн Асокир «Тарих»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2319).

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан сўнг бизларга юзланиб, ғоят таъсирли мавъиза қилдилар, бундан кўзлар ёшланиб, дилларга қўрқув тушди. Шунда: «Ё Расулуллоҳ, бу сўзларингиз гўё видолашувчининг насиҳатига ўхшайди, бизларни нимага тавсия қиласиз?», деб сўрадик. «Сизларни туни ҳам кундузидек ёруғ йўл устида қолдирдим. Мендан сўнг у йўлдан фақат ҳалок бўлувчиларгина адашиб кетишади. Ичларингизда узоқ умр кўрадиган кишилар кўп ихтилофларни кўради. Ўшанда менинг суннатим ва ҳидояту тўғри йўл устида бўлган халифалар суннатидан ўзингиз билган нарсаларни маҳкам тутингиз, уларга тишларингиз билан маҳкам ёпишингиз» дедилар.

Бир ривоятда: «Мендан кейин қаттиқ ихтилофларни кўрасизлар. Шунда менинг суннатимни ва хулафои рошидийнлар суннатини лозим тутингиз, уларга тишларингиз билан ёпишингиз. Динда янги пайдо қилинган ишлардан сақланингиз. Зеро, ҳар бир бидъат залолатдир» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 40, 41).

Абу Довуд ривоятида: «Сизларни Аллоҳдан тақво қилишга ва ҳабаш қул (амир қилинган) бўлса-да қулоқ солишга ва итоат қилишга васият қиламан. Чунки, мендан кейин яшаганларингиз тез орада кўп ихтилофларни кўради. Бас, менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни, қаттиқ) ёпишинглар.  Динда янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир», дедилар[5] (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 3851).

Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумонинг фазилатлари ва ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида айтилган сўзлар

 

Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдимки, елкаларига Ҳасан ибн Алийни миндириб олган эканлар: «Эй Парвардигор! Мен уни яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қачон Ҳасанни кўрсам, кўзимдан дувиллаб ёш қуйилади. Сабаби, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келиб, мени масжидда топдилар ва қўлимдан тутиб, бирга олиб кетдилар. Бирон калима сўзлашмаган ҳолда юриб, Бану Қайнуқоъ бозорига бордик, бироз айлангач, ортга қайтиб, масжидга келдик. Сўнг чордона қуриб ўтирдилар-да: «Кичкинтой (арабчада лукоъ) қани, менга чақир кичкинтойни», дедилар. Ҳасан югурганича келиб, у зотнинг қучоқларига ўзини ташлади, сўнг қўлини у зотнинг соқоллари орасига киритди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғзларини очиб, унинг оғзига қўйдилар, сўнгра: «Эй Парвардигор! Мен уни яхши кўраман, Сен ҳам уни яхши кўргин, уни яхши кўрганларни ҳам яхши кўргин», дедилар (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да, Аҳмад, Ҳоким ривоят қилганлар, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2807).

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ва Ҳасанни қўлларига олиб: «Эй Парвардигор! Мен буларни яхши кўраман, Сен ҳам уларни яхши кўргин», дердилар (Имом Бухорий ривояти).

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайнни кўрсатиб: «Булар менинг ўғилларим, менинг қизимнинг ўғиллари. Эй Парвардигор, мен уларни яхши кўраман, сен ҳам уларни яхши кўргин, уларни яхши кўрганларни ҳам яхши кўргин», дедилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2965).

Яъло ибн Мурра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳусайн мендан, мен унданман, Ҳусайнни яхши кўрганни Аллоҳ яхши кўрсин, Ҳусайннинг ўзи бир умматдир», дедилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2970).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайнни олиб, биттасини бир елкаларига, иккинчисини бир елкаларига кўтарганларича, ҳали унисини, ҳали бунисини ўпган ҳолда чиқиб келдилар ва бизнинг ёнимизга келдилар. Шунда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, сиз буларни жуда яхши кўрасиз-да», деган эди, у зот: «Ким буларни яхши кўрса, мени яхши кўрибди, ким буларни ёмон кўрса, мени ёмон кўрибди», дедилар (Аҳмад, Ҳоким, Баззор ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2895).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида Ҳасан ва Ҳусайн ўйнаб, у зотнинг елкаларига миниб олишди. Шунда мусулмонлар уларни четроққа олиб қўя бошлашди. Намозларини тугатгач: «Қўяверинглар – ота-онам фидо бўлсин – ким мени яхши кўрса, буларни ҳам яхши кўрсин», дедилар (Абу Нуъайм «Ҳиля»да ва бошқалар ривоят қилганлар, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 4002).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидларидир», дедилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2965).

Абу Фохитадан ривоят қилинади, Алий розияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизникига келиб, тунаб қолдилар. Ҳасан ва Ҳусайн ухлаётган эдилар, Ҳасан сув сўраб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сувдон (меш) олдига бориб, ундан косага сув қуя бошладилар. Кейин сув бермоқчи бўлганларида Ҳусайн ҳам ичмоқчи бўлиб сувга интилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бермасдан, аввал Ҳасанга ичирдилар. Шунда Фотима: «Ё Расулуллоҳ, уни кўпроқ яхши кўрасизми, дейман?», деган эди: «Йўқ, у биринчи бўлиб сув сўради, холос», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Фотимага): «Мен, сен, бу иккиси ва мана бу ётган (яъни Алий) қиёмат куни бир жойда бўламиз», дедилар (Таёлисий «Муснад»да ва бошқалар ривоят қилганлар, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3319).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким жаннат аҳлидан бўлган кишини кўришни истаса, Ҳусайн ибн Алийга боқсин», дедилар (Абу Яъло «Муснад»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 4003).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳасан ибн Алийдан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшашроқ бирон киши йўқ эди» (Имом Бухорий ривояти).

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарда, Ҳасан ибн Алий у зотнинг ёнларида эди. Бир одамларга, бир унга қараб туриб, дедилар: «Бу ўғлим саййиддир, шоядки Аллоҳ у сабабли мусулмонлардан улкан икки гуруҳ ўртасини ислоҳ қилса»[6] (Имом Бухорий ривояти).

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кирсам, у зотнинг кўзларидан ёш қуйилаётган экан. «Ё Расулуллоҳ, сизни биронтаси хафа қилдими, нега кўзингиз ёшли?», деб сўрадим. У зот: «Олдимда Жибрил бор эди, бироз аввал кетди. Унинг айтишича, Ҳусайн Фурот соҳилида ўлдирилар экан. У менга: «Унинг тупроғидан сизга ҳидлатайми?» деб сўради. «Ҳа», деган эдим, қўлини узатиб, бир сиқим тупроқ олиб, менга берди. Шундан кўзларимга эгалик қилолмай қолдим», дедилар (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1171).

Абдурраҳмон ибн Аби Нуъаймдан ривоят қилинади: Бир киши Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан чивиннинг (искабтопарнинг) қони ҳақида сўради – бир ривоятда: эҳромдаги киши пашшани ўлдириши мумкинми, деб сўради, – шунда Ибн Умар: «Қайердансан?», деб сўради. У: «Ироқликман», деган эди, Ибн Умар: «Буни қаранглар, мендан чивиннинг қони ҳақида сўраяпти, ваҳоланки ўзлари Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғлини ўлдиришган!! Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бу иккиси – яъни Ҳасан билан Ҳусайн – менинг дунёдаги райҳонларимдир», деганларини эшитганман!», деди[7] (Имом Бухорий ривояти).

Яҳё ибн Саиддан ривоят қилинади: Алий ибн Ҳусайннинг олдида эдик, кўфалик бир қавм келиб қолди. Шунда Алий: «Эй Ироқ аҳли, бизни мусулмон сифатидагина яхши кўринглар. Отамнинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар, мени ўз қадримдан юқори ўринга кўтарманглар! Аллоҳ таоло мени пайғамбар қилишидан аввал банда қилгандир», деганлар[8] (Ҳоким ривоят қилиб, иснодини саҳиҳ санаган, Заҳабий унга қўшилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2550).


 

[1] Бағавий «Шарҳус-сунна»да (14/113) айтади: Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳуни аҳли-оилаларига ўринбосар (бошлиқ) қилиб қолдириб кетаётган пайтларида айтган ўхшатиш бўлиб, уни Мусо алайҳиссалом Тур тоғига кетаётганида Ҳорун алайҳиссаломни ўз ўрнига ўринбосар қилиб қолдирганига ўхшатган эдилар. Бу бошлиқлик у зотнинг ҳаётлик даврларида, муайян вақтга хос бўлганди.

[2] «Менинг номимдан фақат менинг ўзим ёки Алий адо этиши мумкин» деганлари маъноси – битим ва шартномалар тузиш ёки бекор қилиш каби аҳамиятга молик ишларни фақат менинг ўзим ҳал қиламан ёки менинг номимдан Алий буни адо этиши мумкин, деганларидир. Чунки, арабларнинг урфи бўйича, битим ва шартномани фақат уни тузган кишининг ўзигина ёки бўлмасам унинг номидан яқин қариндошларидан бирортасигина бекор қила оларди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу урфни кучда қолдирдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ҳажга амир қилиб юборганларида араблардан биронтаси гап чиқармасин деган мақсадда унинг ортидан Алий розияллоҳу анҳуни ўзларининг «Қасво» номли туяларига миндирган ҳолда юбордилар ва у зотнинг номларидан мусулмонларнинг мусулмон бўлмаганлар билан муносабатларини белгилаб берувчи «Бароат» сурасини ўқиб эшиттиришга уни вакил қилдилар.

[3] Қуръоннинг танзили хусусидаги жангдан мурод – Қуръони каримни Аллоҳнинг каломи экани ва унинг Аллоҳ таоло тарафидан бандаси ва пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган эканини инкор қилувчиларга қарши жанг бўлиб, бу жанг уларни Қуръонга иймон келтиришга ва Қуръон нозил қилинган пайғамбарга иймон келтиришга чорлаш учун бўлганди. Қуръоннинг таъвили хусусида жанг қилишдан мурод эса ўзлари қиблага мансуб бўлганлари ва Қуръонни буткул инкор қилмаганлари ҳолда унинг оятларини бузиб таъвил қиладиган, шу билан ҳаром нарсаларни ҳалол қилиб оладиган кишиларга қарши жанг қилишдир. Қуръонни ана шундай бузиб таъвил қиладиган тоифалардан бўлмиш хаворижлар кофирлар ҳақида айтилган оятларни мўмин-мусулмонлар ҳаққига таъвил қилиб, ҳурматларни поймол қилдилар, ноҳақ қонлар тўкдилар. Мазкур бузуқ таъвиллари устида уларга қарши биринчи жанг қилган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, Алий ибн АбиТолиб розияллоҳу анҳу бўлдилар.

[4] Имом Термизий айтади: «Баъзи аҳли илмлар айтишларича, эркаклардан биринчи бўлиб Абу Бакр Сиддиқ исломни қабул қилган, Алий саккиз яшарли бола пайтида исломни қабул қилган, аёллардан биринчи бўлиб Хадижа мусулмон бўлган.

[5] Ҳидоят ва ҳақ устидаги халифалар (хулафои рошидийн) барча уламолар иттифоқига кўра, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумдир. Ҳадис бир неча маъноларга далолат қилади. Жумладан: а) хулафои рошидийн суннатларини маҳкам тутиш залолату бидъатларга тушиб қолишдан сақлайди; б) хулафои рошидийндан битталарининг сўз ёки ишлари – Китобу Суннатдан насс (очиқ далил) бўлмаган ёки Китобу Суннат далилига хилоф бўлмаган ўринларда – қабул қилиш лозим бўлган ҳужжат саналади ва хилоф ўринларида улардан бошқаларнинг сўзларига илтифот қилинмайди. Энди агар тўртала халифа ўртасида уларнинг айрим ижтиҳод ва сўзларида хилоф бўлган бўлса ва улардан бирининг сўзи кучлироқ эканига аниқ далил бўлмаса, шу ҳолда улардан қай бирларининг сўзлари олинади, деб сўралса, айтамизки, уларнинг сўзлари бир-бирига қарама-қарши келиб, ўрталарини келиштириш имкони бўлмаган ва Китобу Суннатдан улардан бирларининг сўзини қувватлайдиган далил келмаган ҳолда уларнинг сўзлари халифаликдаги тартибларига қараб, аввало Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг сўзлари, кейин Умар розияллоҳу анҳунинг сўзлари, кейин Усмон розияллоҳу анҳунинг сўзлари, кейин Алий розияллоҳу анҳунинг сўзлари олинади. Абу Бакрнинг сўзларини Умар, Усмон ва Алийнинг сўзларидан муқаддам қўйилади. Умарнинг сўзларини Усмон ва Алийнинг сўзларидан муқаддам қўйилади. Усмоннинг сўзларини Алийнинг сўзларидан муқаддам қўйилади — Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин. Олим киши далилларни қувватлашда ушбу тартибга риоя қилиши, фатво беришда шу нарсага аҳамият бериши лозим бўлади.

[6] Мусулмонларнинг бу улкан икки гуруҳи – Муовия розияллоҳу анҳу ва унинг тарафдорлари бўлган саҳобалар билан Алий розияллоҳу анҳу ва унга тарафдор бўлган саҳобалар эди. Улар ўртасида юз берган келишмовчилик ва низолар ҳам, уларнинг сабаблари ҳам маълум. Ҳасан розияллоҳу анҳу билан Аллоҳ таоло ушбу икки улкан гуруҳ ўртасини ислоҳ қилади ва у Муовия розияллоҳу анҳуга халифа деб байъат бериши билан ўртадаги низо бартараф бўлади.

Ҳадис бир неча маъноларни ўз ичига олган. Жумладан: а) Ҳар иккала гуруҳ ўртада кечган низо ва келишмовчиликлардан қатъий назар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнин гувоҳликлари билан, мусулмондирлар. Шундай экан, ушбу низога аралашган саҳобалардан биронтасининг мусулмонлиги ёки адолати борасида шубҳага солувчи баҳсларга киришиш жоиз эмас. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари уларнинг ҳар иккисини мусулмонлар гуруҳи деб атаганлар; б) Ҳасан ва Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасида эришилган сулҳ ва у олиб келган натижалар, шу жумладан Муовиянинг мусулмонларга халифа этилиши муборак сулҳдир, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни муборакли санаганлар ва умматлари учун рози бўлганлар. Чунки, Ҳасан розияллоҳу анҳу – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек – Аллоҳ таоло у билан мусулмонларнинг икки улкан гуруҳи ўртасини ислоҳ қиладиган саййиддир. У Муовияни халифа сифатида тан олиб, унга байъат берди ва шу билан мусулмонлар ўртасидаги низо ва тўқнашувларни бартараф этди. Сафлар бирлашиб, ташқи душман ва хорижий хавф-хатарлар йўли тўсилди. Бироқ, рофизий шиъалар Ҳасан розияллоҳу анҳудан интиқом олишди. Улар у кишини ўзларининг маъсум (гуноҳдан пок) ўн икки имомларидан бири деб эътироф этсалар-да, уни жазолашди, унинг ўғилларини ва зурриётини имомат ва  вилоятликдан маҳрум қилишди, имоматни ва ўн икки имомни фақат Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг зурриётигагина чеклашди. Ундан ташқари, улар ўзларининг ширкка ботган диний маросимларида, Ҳусайн ва унинг авлодига тутадиган мотамларида ёқаларини йиртиб, юзларига уриб, бошларини ханжар билан тилиб, дод-фарёд кўтаришгани ҳолда Ҳасан ва унинг авлодини эсларига ҳам олиб қўйишмайди. Ҳасан билан Ҳусайн ва уларнинг авлодлари ўртасини бундай очиқ ажратишларига сабаб ва далил сўралса, уларда на саҳиҳ нақл ва на соғлом ақлга мувофиқ важ топилади. Ёлғон сўзлаш, ёлғонни рост деб ишониш, ислом ва мусулмонлар тарихига адоватдан бошқа ҳеч нарса топмайсиз уларда.

[7] Райҳон – арабча сўз бўлиб, роҳатбахш деган маънони англатади. Яъни, у иккиси менинг кўнглимга роҳат бахш этадиган, уларни кўриш билан кўзим қувониб, дилим шодликка тўладиган фарзандларимдир, дедилар.

Ибн Умарнинг Ироқликка берган жавоби бир неча мазмунларни ўз ичига олган. Жумладан: инжиқлик билан, майда-чуйда нарсалар ҳақида, фойдасиз, на ажр ва на азобга сабаб бўлмайдиган нарсалар ҳақида сўрашдан қайтариш, катта гуноҳларни қилиб турган ҳолда майда гуноҳлардан парҳез қилишга уринишдан танбеҳ бериш. Бунга мисол тариқасида келтириш мумкинки, гоҳи одам бўладики, ўзи намоз ўқимайди, тавҳид ҳақида калимаи шаҳодатни тили билан айтиб қўйишдан бошқа нарсани билмайди, ҳаёти бошдан-оёқ ҳаром-ҳариш амаллар билан тўлган, яна шу ҳолида бозорларда ҳар бир озиқ-овқат маҳсулоти олдида тўхтаб, сотувчисини саволга кўмиб ташлайди, бунга ҳаром модда аралашганми, йўқми, ҳайвондан олинадиган желатин қўшилганми, йўқми, агар қўшилган бўлса қай турдаги ва қайси ҳайвондан олингани қўшилган, каби саволлар билан бошини қотиради. Гўёки, динида шу каби – аслида қўшимча масалалардан бўлган – майда-чуйда нарсаларни таҳқиқ қилишдан бошқа иши қолмагандек!

[8] Алий ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳумо ишора қилган бу маъно жуда муҳим. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байти (хонадон аҳли)га бўлган муҳаббатда ғулув кетиб, уларни кўкларга кўтариш, уларни пайғамбарлик ва ҳатто илоҳлик даражасига чиқариб қўйиш шариатга мувофиқ муҳаббат бўлмайдики, рофизий шиъалар аҳли байтга нисбатан муҳаббат даъвоси билан ана шундай кўринишларини изҳор қилишади. Бу худди насоролар Ийсо алайҳиссаломни кўкларга кўтариб мақташлари ва у кишини худолик даражасига чиқариб қўйишларига ўхшайди. Бу эса Аллоҳ ва Расули бизларга буюрган шаръий муҳаббатга зиддир. «Бизни ислом муҳаббати билан (мусулмон сифатида) яхши кўринглар» деган сўзлари маъноси – Ислом вожиб қилган ва мўмин-мусулмонлар ўртасида ҳукм суришини истаган муҳаббат билан яхши кўринглар, демакдир. Бундай муҳаббатда маҳбубнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қадри эътироф этилиши билан бир қаторда унга бўлган муҳаббатда ҳаддан ошиш, ғулув ва жафо бўлмайди. Бизларни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтларини ва асҳобларини Ислом буюрганидек севишга муваффақ қилиб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

◄◄◄Бошига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ