Ислом Нури
Жума насиҳатлари АЛЛОҲ БАНДАЛАРГА БЕЛГИЛАБ БЕРГАН ҲАҚ-ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАР
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Умар ибн Хаттоб ал-Форуқ розияллоҳу анҳунинг фазилат ва ҳақ-ҳуқуқлари хусусида
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Парвардигор, мана бу икки кишидан – Абу Жаҳл ёки Умар ибн Хаттобдан - қайси бири Ўзингга суюмлироқ бўлса, Исломни у билан азиз қилгин» деганларида улардан Аллоҳга суюмлироғи Умар бўлиб чиққандилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2907).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Парвардигор, Исломни хоссатан Умар ибн Хаттоб билан азиз қилгин», деб дуо қилдилар (Ибн Ҳиббон ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3225).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар Исломга кирганидан бошлаб биз доим азиз бўлдик» (Имом Бухорий ривояти).
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар мендан кейин пайғамбар бўлса, Умар ибн Хаттоб бўларди»[1] (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2909).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло ҳақни Умарнинг тилида ва қалбида қилиб қўйган». Ибн Умар айтади: «Қачон одамларда бир муаммоли иш юзага келиб, унда ўз фикрларини баён қилишган ва Умар ҳам ўз фикрини айтган бўлса, Умарнинг сўзларига мувофиқ Қуръон ояти нозил бўлганди» (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2908).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Умар дедилар: «Аллоҳга 3 нарсада мувофиқ келдим ёки Раббим менга 3 нарсада мувофиқ бўлди: «Ё Расулуллоҳ, Мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олсак эди», дедим, шунда «Мақоми Иброҳимни намозгоҳ қилиб олинглар» (Бақара: 125) ояти нозил бўлди. «Ё Расулуллоҳ, ҳузурингизга яхши ҳам, ёмон ҳам киради, аёлларингизга ҳижобланишларини буюрсангиз эди», дедим, шунда ҳижоб ояти нозил бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари рашк қилиб у зотга қарши бирикишганда мен уларга: «Ё бу ишдан тийиласизлар, ё эса Аллоҳ ўз Расулига албатта сизлардан кўра яхшироқ жуфтларни алмаштириб беради» дедим, улардан бирларига борганимда ҳатто у: «Эй Умар, аёлларига Расулуллоҳнинг ўзлари насиҳат қилолмайдилармики, сиз уларга насиҳат қиласиз?!» деди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло: «Эҳтимол Парвардигори — агар у сизларни талоқ қилса — унга сизлардан яхшироқ жуфтларни муслима, мўмина (Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига) итоат этувчи тавба-тазарру қилувчи, обида, рўзадор жувон ва қизларни алмаштириб берар» (Таҳрим: 5) оятини нозил қилди» (Муттафақун алайҳ).
Бир ривоятда: «Агар у сизларни талоқ қилса, шоядки, Парвардигори унга сизлардан кўра яхшироқ жуфтларни алмаштириб берар» деган эдим, ушбу оят[2] нозил бўлди»[3] (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан илгариги умматлар ичида ҳақни сўзлашга илҳомлантирилган кишилар бўлган. Агар менинг умматимда ҳам шундай одам бўлса, у Умардир» (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бир ривоятида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлардан олдин ўтган Бану Исроил ичида пайғамбар бўлмаган ҳолларида тилларига ҳақ сўз жо қилинган кишилар бўлганди. Агар менинг умматимдан ҳам шундай киши бўлса, у Умардир» (Имом Бухорий ривояти).
Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Ибн Хаттоб, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, қачон шайтон сизнинг йўлингиздан чиқиб қолса, албатта бошқа йўлга юриб кетади» (Муттафақун алайҳ).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен инсу-жин шайтонларининг Умардан қочиб кетаётганларини кўраман» (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2914).
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ғазотдан қайтганларида қоратанли жория келиб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ сизни саломат қайтарса, олдингизда дуф (доира, чилдирма) чалиб, куйлайман деб назр қилган эдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар назр қилган бўлсанг, майли чалақол, бўлмаса йўқ», дедилар. Шунда у чала бошлади. Абу Бакр кириб келган эди, чалаверди. Алий кириб келган эди, чалаверди. Кейин Усмон кириб келди, унда ҳам чалишда давом этди. Сўнг Умар кириб келган эди, чилдирмасини ерга ташлаб, устига ўтириб олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шайтон сиздан аниқ қўрқади, эй Умар! Мен ўтирганимда бу жория дуф чалишни бошлади, Абу Бакр кирганида чалишда давом этди, Алий кирганида чалишда давом этди, Усмон кирганида чалишда давом этди, сиз кирганингизда эса дуфини улоқтирди, эй Умар», дедилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2913).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тушимда менга бир қадаҳ сут олиб келинди. Қониб ичдим, ҳатто қонишлик тирноқларимгача сизиб бораётганини кўриб турардим. Сўнг ортганини Умар ибн Хаттобга бердим». Саҳобалар: «Буни нимага таъвил қилдингиз, ё Расулуллоҳ» дейишган эди: «Илмга» дедилар (Муттафақун алайҳ).
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уйқуда эканимда (туш) кўрдимки, одамлар менга кўрсатилдилар. Устларида кўйлаклари бўлиб, баъзилариники кўкракларига тушган, баъзилариники ундан пастроқда эди. Менга Умар ибн Хаттоб рўпара қилинди, у устидаги кўйлакни (узунлигидан) судраб юрарди» дедилар. «Буни нимага таъвил қилдингиз, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашган эди: «Динга» деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тушимда кўрдимки, бир қудуқ ёнида эканман, унинг устида бир челак бор экан. Шунда мен қудуқдан Аллоҳ хоҳлаганича сув тортдим, кейин челакни Ибн Аби Қуҳофа (Абу Бакр) олиб, ундан бир-икки челак сув тортди, унинг тортишида бироз заифлик бор эди, Аллоҳ уни Ўзи кечиргай. Кейин у катта челакка айланиб қолди ва уни Умар ибн Хаттоб қўлига олди. Мен Умар ибн Хаттобнинг тортишидек сув тортадиган биронта ҳам полвонни кўрмаганман, ҳатто одамлар (сув мўллигидан қудуқ атрофига чорва моллари учун) қўралар қуриб олишди»[4] (Муттафақун алайҳ).
Имом Муслим ривоятида: «Кейин Ибн Хаттоб келиб, челакни ундан олди, сув тортишда ундан кўра кучлироқ бирон кишини кўрмадим, ҳатто одамлар (сувга қониб) қайтиб кетишди, ҳовуз эса лиммо-лим турарди».
Бир ривоятда: «Сўнг Умар сув тортиш учун келди, шунда у катта челакка айланди. Мен Умардек ҳаракат қила оладиган биронта ҳам маҳоратли кишини кўрмадим, ҳатто одамлар қондилар ва қўралар қуриб олдилар (Муттафақун алайҳ).
Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумонинг биргаликдаги фазилатлари ҳақида айтилган сўзлар
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида эдим, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо кўриниб қолишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Бу иккаласи пайғамбарлардан ташқари жаннат аҳлидан бўлган аввалгилару кейингилар оқсоқолларининг саййидларидир, буни ўзларига айтманг, эй Алий», дедилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2897).
Ибн Можа ривоятида: «Модомики ҳаёт эканлар, уларга буни айтманг, эй Алий», дедилар (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 78).
Абдуллоҳ ибн Ҳантоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумони кўриб: «Улар қулоқ ва кўздирлар», дедилар[5] (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2899).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Абу Бакр ва Умарнинг бу диндаги ўрни қулоқ ва кўзнинг бошдаги ўрнига ўхшайди» (Табароний, Хатиб «Тариху Бағдод»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 815).
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Олий даража эгаларини улардан пастроқда бўлганлар худди самонинг узоқ бурчидаги юлдузни кўриш мумкин бўлганидек кўриб турадилар, Абу Бакр ва Умар ўша (олий даража эгалари)дан ва бунга улар ҳақлидирлар» (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 79).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир киши сигирини ҳайдаб бораркан, уни миниб олиб, урди. Шунда сигир: «Биз бунинг учун яратилмаганмиз, ер ҳайдаш учун яратилганмиз», деди». Одамлар — яъни пайғамбаримизни тинглаётганлар: «Субҳаналлоҳ, сигир гапирса-я!», дейишганди, у зот: «Бунга мен ишонаман, Абу Бакр ва Умар ишонади», дедилар, — ўша пайтда у икковлари у ерда йўқ эди. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларида давом этдилар:) «Бир киши қўй боқиб юрганида бир бўри ҳужум қилиб, битта қўйни тортиб кетган эди, у бўрининг ортидан қувиб бориб, қўйни ундан қутқариб олгандек бўлди. Шунда бўри: «Бунику мендан қутқариб олдинг, даҳшатли кунда (қиёмат куни), уларга мендан бошқа қаровчи бўлмаган кунда ким уларга қараркин?!», деди». Одамлар: «Субҳаналлоҳ, бўри гапирса-я!», дейишганди, у зот: «Бунга мен ишонаман, Абу Бакр ва Умар ишонади», дедилар, ўша пайтда у икковлари у ерда йўқ эди (Муттафақун алайҳ).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Умар розияллоҳу анҳу тобутга солиниб, тобут ердан кўтарилишидан олдин одамлар унинг атрофида дуо ва жаноза ўқиб туришган эди, мен ҳам улар ичида эдим, тўсатдан биров елкамга қўлини қўйди. Қарасам, Алий ибн Аби Толиб экан. У Умарга Аллоҳнинг раҳматини сўради, сўнг деди: «Ортингиздан ўзингизга ўхшаган, мен Аллоҳга унинг амалидек амал билан йўлиқишни истайдиган ҳеч кимни қолдирмадингиз. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни иккала биродарингиз билан албатта бирга қилади, деб ўйлардим (шундай бўлди ҳам), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мен, Абу Бакр ва Умар бордик, мен Абу Бакр ва Умар кирдик, мен, Абу Бакр ва Умар чиқдик», деганларини кўп эшитганман» (Муттафақун алайҳ).
Бир ривоятда: «Мен, Абу Бакр ва Умар бўлдик, мен, Абу Бакр ва Умар қилдик, мен, Абу Бакр ва Умар кетдик» (Муттафақун алайҳ).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мендан кейинги икки кишига: Абу Бакр ва Умарга эргашинглар!», дедилар[6] (Ибн Можа ва Термизий ривояти, Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2895).
Бир ривоятда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларнинг орангизда қанча қолишимни билмайман. Шундай экан, ортимдан иккалаларига эргашинглар», деб Абу Бакр ва Умарга ишора қилдилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2896).
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Сизга энг суюмли инсон ким?» деб сўрадим. «Оиша», деб жавоб бердилар. «Эркаклардан-чи?», деб сўрадим. «Унинг отаси», деб жавоб бердилар. «Ундан кейин-чи?», деб сўрадим. «Умар ибн Хаттоб», дедилар. Сўнг бир неча кишиларни санадилар, шундан сўнг мени энг охирига қўйишларидан қўрқиб жим бўлдим (Муттафақун алайҳ).
Муҳаммад ибн Ҳанафиядан ривоят қилинади: Мен отам (Алий ибн Аби Толиб)дан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин энг яхши одам ким?» деб сўрадим. «Абу Бакр», деб жавоб берди. «Ундан кейин ким?» деб сўрадим. «Умар» деб жавоб берди. Ундан кейин Усмон дейишидан қўрқиб: «Кейин сизми?» деб сўраган эдим: «Мен мусулмонлардан оддий бир кишиман, холос», деб жавоб берди[7] (Имом Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Саламадан ривоят қилинади: Мен Алий розияллоҳу анҳунинг: «Одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин энг яхшилари Абу Бакр ва Умардир» деганларини эшитганман (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 86).
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Алийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин одамларнинг энг афзали деб билардим – шундай деб у ҳадисни зикр қилди – айтдимки: «Йўқ, эй амирул муъминийн, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин мусулмонлардан бирон кишини сиздан афзал деб билмайман». Шунда у: «Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин энг афзал бўлган кишини айтиб берайми?» деди. «Ҳа», деган эдим: «Абу Бакр», деди. Сўнг: «Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва Абу Бакрдан кейин энг афзал бўлган кишини айтиб берайми?» деди. «Ҳа», деган эдим: «Умар», деди[8] (Аҳмад «Муснад»да келтирган, шайх Аҳмад Шокир тахрижда саҳиҳ санаган: 1054).
Абдуллоҳ ибн Шақиқдан ривоят қилинади: Мен Оиша розияллоҳу анҳодан: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан қайси бирлари у зотга энг суюмли эди?» деб сўрадим. «Абу Бакр», деб жавоб берди. «Ундан кейин-чи?» деб сўрадим. «Умар» деб жавоб берди. «Кейин-чи?» деб сўрадим. «Абу Убайда ибн Жарроҳ», деб жавоб берди. «Ундан кейин-чи?» деб сўраган эдим, айтмади (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2958).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Абу Бакр қандаям яхши одам, Умар қандаям яхши одам, Абу Убайда ибн Жарроҳ қандаям яхши одам», дедилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2959).
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ва ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида айтилган сўзлар
Амр ал-Қураший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Рума қудуғини қаздирса, унинг мукофоти жаннатдир», деганларида Усмон уни қаздирди, «Ким машаққат (яъни Табук жанги) лашкарини ҳозирласа, унинг мукофоти жаннатдир», деганларида Усмон уни ҳозирлади (Имом Бухорий ривояти).
Абдурраҳмон ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам машаққат (жанги) лашкарини жангга ҳозирлаётганларида Усмон розияллоҳу анҳу енги ичида минг динор олиб келиб, у зотнинг қўйинларига тўкди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдики, уларни айлантириб туриб икки бор такрорлаб: «Шу бугундан кейин Усмонга нима (гуноҳ) қилмасин, зарари йўқдир», дедилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2920).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Усмон жаннатдадир», дедилар (Ибн Асокир ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1435).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда сонларини ёки болдирларини очиб ётгандилар, Абу Бакр киришга изн сўради, ўша ҳолда эканларича изн бердилар ва у билан гаплашдилар. Кейин Умар киришга изн сўради, унга ҳам ўша ҳолда эканларича изн бердилар ва гаплашдилар. Кейин Усмон киришга изн сўраган эди, ўтириб, кийимларини тўғрилаб олдилар. Шундан сўнг Усмон кириб, гаплашди. Чиқиб кетишгач, мен: «Абу Бакр кирган эди, қўзғолмадингиз, парво ҳам қилмадингиз. Кейин Умар кирган эди, унга ҳам ўрнингиздан қўзғолиб, парво қилмадингиз. Усмон кирганида эса қўзғолиб, кийимларингизни тўғрилаб олдингиз», деган эдим, у зот: «Фаришталар ҳам уяладиган кишидан мен қандай уялмай?!», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бир ривоятда: «Усмон уятчан одам, агар шу ҳолимда киришига изн берсам менга эҳтиёжини етказолмайди, деб қўрқдим», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида гапириб, унинг яқинлигини айтдилар. Шунда бошини ўраб олган бир одам ўтиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мана бу одам ўша куни ҳидоятда бўлади», дедилар. Мен сакраб туриб, Усмоннинг (яъни ҳалиги одамнинг) билакларидан тутдим, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга юзланиб: «Шуми?», десам: «Шу», дедилар[9] (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 89).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Усмон, Аллоҳ сизга бир кўйлак кийдирса керак. Агар уни ечиб беришингизни хоҳласалар, уларга ечиб берманг!», дедилар[10] (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2923).
Ибн Можа ривоятида: «Эй Усмон, бир кун келиб Аллоҳ сизни бу ишга волий қилса, шунда мунофиқлар Аллоҳнинг Ўзи кийдирган кўйлагингизни ечиб олмоқчи бўлишса, уни ечманг!», деб уч бор такрорладилар (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 90).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам беморликларида: «Ҳузуримда асҳобларимдан биронтаси бўлсайди», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, Абу Бакрни чақириб берайликми?», десак, индамадилар. «Умарни чақириб берайликми?», десак ҳам индамадилар. «Усмонни чақириб берайликми?», деган эдик: «Ҳа», дедилар. Усмон келгач, у билан ёлғиз қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга сўзлар, Усмоннинг юзи ўзгариб борарди.
Қайс айтади: Менга Усмоннинг мавлоси (озод қилган қули) Абу Саҳла деди: Усмон ибн Аффон ҳовли(сини ўраб олиб, уни ўлдирмоқчи бўлишган) куни: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга бир аҳд бергандилар, мен ўша аҳдга қараб бормоқдаман», деди (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: 91).
Имом Термизий ривоятида: Абу Саҳла деди: Усмон ибн Аффон ҳовли(сига ошиб кириб, уни ўлдиришган) куни менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга бир аҳд бергандилар, мен ўша аҳдда сабр-матонат билан турибман», деди (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2928).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида гапириб: «Бу одам ўша фитнада мазлум бўлиб ўлдирилади», деб Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни кўрсатгандилар[11] (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2925).
Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумнинг биргаликдаги фазилатлари ҳақида айтилган сўзлар
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум ҳамроҳликларида Уҳудга чиққанларида тоғда бир силкиниш бўлди. Шунда у зот оёқларини ерга уриб: «Тинчлан, Уҳуд! Устингда пайғамбар, сиддиқ ва иккита шаҳид турибди», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида Абу Бакрга ҳеч кимни тенг кўрмасдик, сўнг Умарга, сўнг Усмонга (бошқаларни тенг кўрмасдик, улардан) сўнг бошқа саҳобаларни бир-биридан афзал санамасдик»[12] (Имом Бухорий ривояти).
Абу Довуд ривоятида: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларида: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин у зот умматларининг энг афзал кишиси Абу Бакр, сўнг Умар, сўнг Усмон», дердик» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 3871).
Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадаги хурмозор боғлардан бири ичида ёнбошлаган кўйларича қўлларидаги чўп билан сувни лойга аралаштириб ўтирган эдилар, биров эшик қоқиб қолди. У зот: «Очинг ва унга жаннат хушхабарини беринг», дедилар. Қарасам, Абу Бакр экан. Унга эшикни очдим ва жаннат хушхабарини бердим. Кейин яна бир киши эшик қоқди. У зот: «Очинг ва унга жаннат хушхабарини беринг», дедилар. Бориб қарасам, Умар экан. Унга эшикни очдим ва жаннат хушхабарини бердим. Кейин яна биров эшик қоқди. У зот туриб ўтирдилар ва: «Очинг ва унга бошига тушадиган бало-мусибат ортидан жаннат бўлиши билан хушхабар беринг», дедилар. Бориб қарасам, Усмон ибн Аффон экан. Унга эшикни очдим ва жаннат хушхабарини бердим ва у зотнинг сўзларини айтдим. Шунда у: «Парвардигор, Ўзингдан сабр тилайман, Аллоҳ Ўзи мададкордир», деди[13] (Муттафақун алайҳ).
[1] Бироқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бошқа пайғамбар келмайди. Кимда-ким у зотдан кейин пайғамбарлик даъво қилса ёки шундай даъво қилган кимсани тасдиқласа, кофир бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсани ёлғон санаган бўлади.
[2] «Таҳрим» сураси, 5-оят.
[3] «Раббим менга уч нарсада мувофиқ бўлди» деган сўздан учдан ортиқ нарсада мувофиқ келмагани келиб чиқмайди. Чунки, у кишига бундан бошқа ишларда ҳам Аллоҳ таолонинг мувофақати нозил бўлган. Масалан, мунофиқларга жаноза намози ўқиш ва улар ҳаққига истиғфор айтиш хусусидаги фикрига мувофиқ: «Улардан биронтаси ўлса, зинҳор унинг (жаноза) намозини ўқиманг ва қабри устига ҳам бориб турманг!» (Тавба: 84) ояти нозил бўлган, шунингдек унинг Бадр жангида асир тушган мушриклар хусусидаги фикрига мувофиқ Аллоҳ таоло: «Бирон пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунича, асир олиш жоиз эмас эди. (Эй мўминлар), сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз. Аллоҳ эса охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир» (Анфол: 67) оятини нозил қилган.
[4] Бу Умарнинг халифалик даврларида у кишининг адолатидан одамлар кўп фойдаланишларидан киноя (ишора) эди.
Имом Нававий ҳадис шарҳида айтади: «Уламоларнинг айтишларича, ушбу туш Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг халифалик даврларида бўлиб ўтадиган ишлар, бу икковларининг гўзал сийратлари ва одамларнинг улардан фойдаланишларининг очиқ мисоли-намунасидир. Буларнинг ҳаммаси Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, у зотнинг баракалари ва суҳбатлари таъсиридан бўлганди. Зотан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишнинг боши ва эгаси эдилар, у зот ишни мукаммал адо этдилар, Исломнинг асос-пойдеворларини ўрнатдилар, унинг усулу фуруъларини баён қилиб бердилар, одамлар Аллоҳинг динига гуруҳ-гуруҳ бўлиб кириб келишди. Аллоҳ таоло: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим» оятини нозил қилди, сўнг у зот вафот этдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу икки йилу бир неча ой халифалик қилдилар, «бир ё икки челак» деган сўзларидан мурод шу эди. У кишининг халифалик даврларида муртадларга қарши жанг бўлиб, уларни бартараф этилди, Ислом кенгайиб борди. У кишининг вафотларидан кейин Умар розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар, у кишининг замонларида Ислом кўп ўлкаларга ёйилди, Исломнинг ҳукмлари мисли кўрилмаган даражада татбиқ этилди. Қудуқнинг таъбири мусулмонларнинг ишлари бўлиб, ундаги сувдан мурод уларнинг ҳаётлари ва салоҳиятларидир. Уларнинг амирларини суғорувчига ўхшатилди, уларга сув етказиб беришлари эса ишларини чиройли бошқаришлари эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақларида «унинг сув тортишида бироз заифлик бор эди» дейишлари билан Абу Бакрнинг фазилатини пастлатиш ва Умарнинг фазилатини ундан кўтариш тушунилмайди. Балки, бу фақат уларнинг халифалик муддатлари ҳақида, Умарнинг халифалик даври узоқроқ бўлгани, унинг даврида Ислом кўпроқ ўлкаларга тарқалгани, ғалабалар, ўлжа ва мол-дунёлар кўп бўлгани учун ундан одамлар кўпроқ фойдаланишлари ҳақида хабар бериш эди, холос. «Аллоҳ уни кечиргай» деган сўзлари Абу Бакрни камситиш ёки унинг гуноҳига ишора бўлмай, шунчаки, мусулмонлар ўз сўзларини қувватлаш учун ишлатадиган бир иборадир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда келганидек, бу мусулмонлар истеъмол қиладиган иборалардан бўлиб: «Фалон ишни қилгин, Аллоҳ сени мағфират қилсин» дейишарди.
[5] Бундан мурод уларнинг Аллоҳнинг динида ва ислом уммати ичида тутган ўринлари худди кўз ва қулоқнинг инсон жисмида тутган ўрнига ўхшатишдир. Буни кейинги ҳадис яна ҳам очиқ ифодалаб беради.
[6] Бу ва шу маънодаги бошқа ҳадислардан келиб чиқиб айтамизки, ихтилофли масалада Китобу Суннатдан рожиҳ (кучли) далил бўлмаган ёки далиллар тенг келиб қолган ҳолда Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг сўзларини ёки улардан бирларининг сўзини бошқа саҳобалар сўзларидан – улар ҳар қанча кўп бўлмасинлар – кучли ва қувватли деб кўрилиши лозим. Яна айтамизки, қайсидир бир ижтиҳодий масалада агар Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо ихтилоф қилган бўлсалар, у ҳолда Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг сўзлари қувватли деб кўрилади. Биз салафийликни ана шундай тушунамиз ва шундай тушунмоғимиз даркор, фатволар чиқаришда ҳам мазкур усулга риоя қилиниши лозим.
[7] Бу Алий розияллоҳу анҳунинг икки улуғ зот – Абу Бакр ва Умар ҳақларидаги гувоҳликларидир. «Мен мусулмонлардан оддий бир кишиман» деган сўзлари у кишининг тавозеълари нақадар кучли ва нафсларига нечоғли ғолиб зот бўлганликларига далолат қилади. Ваҳоланки, ҳазрат Алий розияллоҳу анҳунинг Исломда тутган ўринлари барча-барчага маълум ва равшан бўлиб, уни фақат золим кимсагина инкор қилиши мумкин. Қуйироқда бу ҳақдаги ҳадис ҳам келтирилади, иншоаллоҳ. У кишининг мазкур сўзларидан амирлик ва раисликка рофизий шиъалар даъво қилаётгани каби ҳарис эмасликлари ҳам маълум бўладики, улар даъвосича у киши биринчи халифаликка даъвогар, амирлик ва халифаликка ҳарис бўлган-у, у кишидан олдинги халифалар у кишининг ҳақларини зўрлик ва зулм билан тортиб олган эмишлар. Рофизийлар ҳали-ҳануз мана шундай сафсаталар билан машғул бўлиб, умматни парчалашга ва мусулмонлар ўртасига гина-адоват уруғини сочишга қаттиқ ҳаракат қилиб юришади.
[8] «Ҳадисни зикр қилди» деган иборадан қайси ҳадис кўзда тутилгани айтилмади. Эҳтимол, у саҳобаларнинг бир-бирларидан афзалликлари ҳақидаги ҳадис бўлса керак. Чунки, Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳунинг саволидан ва Алий розияллоҳу анҳунинг жавобидан ана шу маъно зоҳир бўлади.
[9] Ҳадисда ишора қилинган фитнадан мурод – хаворижларнинг халифалик хусусида Усмон розияллоҳу анҳуга қарши низо қўзғотишлари эди. Бу ва кейинги ҳадис Усмон розияллоҳу анҳунинг мусулмонларга халифа қилинишларига ва у кишининг халифаликлари рошид ва ҳақ эканига, хусуматчилари билан бўлган ихтилофда ҳақ у киши томонида ва у кишига қарши чиққанлар фитнакор ва адашган кимсалар эканига далил бўлади.
[10] Кўйлакдан мурод – Усмон розияллоҳу анҳу эга бўладиган халифаликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон розияллоҳу анҳуга халифаликдан бўшамасликка ва у кишини халифаликдан бўшатишга уринадиган ва Аллоҳ унга кийдириб қўйган кўйлакни ечиб олишга ҳаракат қиладиган хусуматчи хаворижлар фойдасига халифаликдан воз кечмасликка буюрдилар. Ибн Можа ривоят қилган кейинги ҳадис ҳам шу маънони таъкидлайди.
[11] Дарҳақиқат, Усмон розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг Китобини тиловат қилиб турган ҳолида, саксон бир ёшида мазлум ва шаҳид бўлиб ўлдирилди.
[12] Саҳобаларни бир-бирларидан афзал санашда саҳобаларнинг ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг борлик пайтларида қилганларидан ортиқ даражада чуқур кетмаслик, улар исботлаган нарсани исботлаш ва тийилишган нарсадан тийилиш, барча саҳобаларга Аллоҳнинг розилигини сўраш суннат, ҳаққа эргашиш ва энг тўғри ишдир.
[13] Бошига тушадиган бало-имтиҳондан мурод – хаворижлар ва Абдуллоҳ ибн Сабаънинг тобеълари у кишининг ҳовлиларига девор ошиб тушиб, ўзларини қатл қилишган кундаги мусибатдир.