Ислом Нури

Жума насиҳатлари
АЛЛОҲ БАНДАЛАРГА БЕЛГИЛАБ БЕРГАН ҲАҚ-ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАР

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

Уммул-муъминийн (мўминлар онаси) Оиша розияллоҳу анҳонинг фазилатлари ва ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида айтилган сўзлар

 

Аллоҳ таоло айтади:

«Шак-шубҳасиз бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир. Улардан (яъни бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ(га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улкан азоб бордир.

И з о ҳ. Ушбу оятда мазкур бўлган «бўҳтон»нинг тарихи бундайдир: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан бирга бир ғазотдан қайтар эканлар, Мадинага яқинлашиб қолганларида қоронғу кечада аскарларга бир оз ором олиш учун рухсат берадилар. Шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ғазотга чиққан жуфти ҳалоллари Оиша - (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ҳожат учун чиқиб, аскарлардан анча узоққа кетиб қолади ва қайтиб келганида карвон жилиб кетганини кўради. Шу пайт одатда карвон ортидан қолган нарсаларни йиғиб юриш учун тайинланган бир саҳоба келиб қолиб, Оишани кўриб танийди ва уни туяга миндириб, ўзи яёв ҳолда карвоннинг ортидан етказиб боради. Буни кўрган айрим мунофиқ кимсалар Оишани бадном қилишиб турли миш-мишлар тарқатадилар. Бу миш-мишларни эшитган пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, Оиша ҳам, Абу Бакр Сиддиқ ҳам ва бошқа мусулмонлар ҳам ниҳоятда изтиробда қоладилар. Орадан тўла бир ой вақт ўтгандан сўнггина пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга юқорида мазкур бўлган ва қуйида зикр қилинадиган оятлар нозил бўлиб, Оишанинг поклиги аниқланади ва бу миш-миш бўҳтон эканлиги ошкор бўлади ҳамда бўҳтончиларнинг ҳар бири учун қилган гуноҳига яраша жазо берилиши, уларнинг каттаси бўлган мунофиқ учун эса охиратда улкан азоб борлиги ҳақида хабар берилади. Аллоҳ таоло бу можарони мўминлар учун ёмонлик эмас, балки яхшилик, Оишанинг Каломуллоҳ гувоҳлигида оқланиши деб атайди.

(Эй мўминлар), сизлар (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда, мўмин ва мўминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: «Бу очиқ бўҳтон-ку!» десалар бўлмасмиди?!

Улар (яъни Оишани бандом қилмоқчи бўлганлар ўз даъволарига) тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Энди агар гувоҳ келтира олмасалар, у ҳолда Аллоҳ наздида улар ёлғончидирлар.

Агар сизларга дунё ва охиратда Аллоҳнинг фазлу-марҳамати бўлмаса эди, албатта сизларни тинмай сўзлаган нарса — бўҳтонларингиз сабабли улкан азоб ушлаган бўлур эди.

Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки у Аллоҳ наздида катта (гуноҳдир).

Уни эшитган пайтингизда: «Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!» десангизлар бўлмасмиди?!

Агар мўмин бўлсангизлар, ҳаргиз унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни Аллоҳ сизларга панд-насиҳат қилур» (Нур: 11-17)[1].

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни: «Эй Оиш, Жибрил сизга салом айтаяпти», дедилар. Шунда мен: «Унга ҳам Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин, сиз мен кўрмаган нарсаларни кўра оласиз», дедим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга (Муттафақун алайҳ).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Оишанинг бошқа аёллардан фазли худди сариднинг бошқа таомлардан афзаллигига ўхшайди», деганларини эшитганман[2] (Муттафақун алайҳ).

 Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: Одамлар Оишанинг навбати куни ҳадяларини олиб келишга қасд қилишар ва бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг розиликларини топишни исташарди. (Оиша) айтади: «Бир куни дугоналарим (яъни кундошларим) Умму Салама ҳузурига тўпланишиб: «Эй Умму Салама, Аллоҳга қасамки, одамлар ҳадяларини Оишанинг кунида олиб келишга уринишади. Биз ҳам Оиша истаганидек яхшиликни истаймиз. Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтинг, одамларга у кишига ҳадяларини қаерда бўлсалар ҳам ёки кимнинг навбатида бўлсалар ҳам олиб келаверишларини айтсинлар», дейишди. Умму Салама буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтди. (Умму Салама) айтади: «Шунда у зот мендан юзларини ўгирдилар. Қайтиб келганларида яна айтган эдим, яна юз ўгирдилар. Учинчи марта айтганимда: «Эй Умму Салама, Оиша ҳақида менинг кўнглимни оғритманг. Аллоҳга қасамки, ичларингизда ундан бошқа биронта аёлнинг кўрпаси ичида эканимда менга ваҳий нозил бўлмаган», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Имом Муслим ривоятида: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотимани у Зотнинг ҳузурига йўлладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг жойимда ётган ҳолларида Фотима киришга изн сўради, унга изн бердилар.

Фотима: «Ё Расулуллоҳ, аёлларингиз мени сизнинг ҳузурингизга юборишди, улар Абу Қуҳофанинг қизи хусусида сиздан адолат истайдилар», деди. Мен индамадим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Эй қизим, мен яхши кўрган нарсани яхши кўрмайсизми?!», дедилар.

У: «Албатта, яхши кўраман», деди.

    «Ундай бўлса, буни сиз ҳам яхши кўринг», дедилар.

Фотима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари олдига қайтиб бориб, ўрталарида бўлиб ўтган гапни айтиб берди, сўзининг охирида: «Аллоҳга қасамки, қайтиб Оиша хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга гапирмайман», деди.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб: «Ё Расулуллоҳ, Сизга энг суюкли одам ким?» деб сўраган эдим: «Оиша», деб жавоб бердилар. «Эркаклардан-чи?», деган эдим: «Унинг отаси», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотимани зикр қилдилар, мен гапирган эдим: «Дунёда ҳам, охиратда ҳам жуфтим бўлишга рози эмасмисан?!», дедилар. «Ҳа, Аллоҳга қасамки, розиман», дедим. Шунда: «Сен менинг дунёю охиратдаги жуфтимсан», дедилар (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3011).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Менга сенинг жаннатдаги жуфтим эканинг кўрсатилиши менга ўлимни енгиллаштиради», дедилар (Ҳусайн Марвазий «Завоидуз-зуҳд»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2867).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Жибрил унинг яшил рангли ипак кийимдаги суратини келтириб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бу сизнинг дунёю охиратдаги жуфтингиздир», деган эканлар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 3041).

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касалликларида аёллари (уйлари)да айланарканлар, Оишанинг уйида бўлишни истаб: «Эртага кимникидаман? Эртага кимникидаман?», дердилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Менинг куним бўлгач, хотиржам тортдилар» (Муттафақун алайҳ).

Имом Муслим ривоятида: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бугун қаердаман? Эртага қаерда бўламан?», деб Оишанинг кунига интиқ бўлиб сўрай бошладилар. (Оиша) айтади: «Менинг куним бўлгач, Аллоҳ таоло у зотни менинг бағримга бош қўйган ҳолларида қабзи руҳ қилди».

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биз асҳобларига бирор ҳадис иштибоҳли (яхши тушунарсиз) бўлиб қолиб, Оишадан сўрасак, албатта у бизга бунинг жавобини айтиб берарди[3] (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 3044).

Абу Салама ибн Абдурраҳмондан ривоят қилинади: Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурига кирганимда у менга деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга айтардилар: «Мендан кейин сизларнинг ишларингиз (нима бўлиши, кимга қолиши) мени ташвишлантиради, сизларга фақат сабрли кишиларгина сабр қила олади – бир ривоятда: мендан кейин сизларга фақат сабрли кишиларгина меҳр-мурувватли бўладилар –». Кейин (Оиша) деди: «Аллоҳ сенинг отангни жаннат чашмаларидан суғорсин, Абдурраҳмон ибн Авф бир марта уларга ҳадя келтирган ва у (ҳадя) қирқ мингга сотилган эди» (Ҳоким ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1594).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларнинг яхшиларингиз мендан кейин менинг аҳлимга яхшилик қилувчиларингиздир», дедилар[4] (Баззор ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1845).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни хуш кайфиятда кўриб: «Ё Расулуллоҳ, мени дуо қилинг», деган эдим: «Эй Парвардигор! Оишанинг ўтган-у кейинги, махфию ошкор қилган гуноҳларини мағфират қилгин», деб дуо қилдилар (Баззор «Муснад»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2254).

Пайғамбарликдан бошлаб дастлабки уч авлоднинг фазилатлари ва уларнинг кейинги авлодлар зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқлари

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умматимнинг яхшилари мен билан яшаганлар, кейин улардан сўнг келадиганлар, кейин улардан сўнг келадиганлардир. Кейин ортингиздан шундай бир қавмлар келадики, гувоҳлик сўралмаса ҳам гувоҳлик беришади, хиёнат қилишади ва уларга омонат қўйилмайди, назр қилишади ва вафо қилишмайди, уларда семириш зоҳир бўлади»[5] (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамларнинг энг яхшиси менинг асрим[6] аҳли, сўнг улардан кейингилар, сўнг улардан кейингилардир. Сўнгра бир қавм келадики, улардан бирининг гувоҳлиги қасамидан ўзади, қасами гувоҳлигидан ўзади»[7] (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Умматимнинг энг яхшилари мен пайғамбар қилиб юборилган аср аҳли, сўнг улардан кейингилар – Аллоҳ билади, учинчисини ҳам айтдиларми, йўқми – сўнгра бир қавм келадики, семизликни хуш кўришади, гувоҳлик талаб қилинмасидан туриб гувоҳлик беришади» (Имом Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Одамларнинг яхшиси кимлар?», деб сўраган эди: «Менинг асримдагилар, кейин иккинчи, кейин учинчи (аср аҳллари)», деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамларнинг энг яхшилари мен бор бўлган аср аҳли, сўнг улардан кейин келувчилар, сўнг улардан кейин келувчилардир. Кейин бир қавмлар пайдо бўладики, уларда семизлик тарқалади, гувоҳлик сўралмасдан гувоҳлик беришади, бозорларида шовқин-сурон ҳукм суради» (Баззор ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3431).

Жобир ибн Самурадан ривоят қилинади: Бизга Умар ибн Хатоб розияллоҳу анҳу Жобияда (ҳовуз номи) хутба қилиб, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди ману шу жойда туриб бизга айтган эдилар: «Асҳобларим хусусида, сўнг улардан кейигилар, сўнг улардан кейингилар хусусида менинг ҳаққимни сақланглар! Ундан сўнг ёлғон ёйилади, бир киши гувоҳлик сўралмасидан гувоҳлик берадиган, қасам ичиш талаб қилинмасдан қасам ичадиган бўлади»[8] (Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1116).

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Асҳобларимнинг ҳурматларини ўрнига қўйинглар! Улар сизларнинг энг яхшиларингиздир. Сўнг улардан кейин келувчилар, сўнг улардан кейин келувчилар (ҳурматларига риоя қилинглар). Улардан кейин ёлғон зоҳир бўлади, ҳатто киши қасам талаб қилинмасидан қасам ичади, гувоҳлик сўралмасидан гувоҳлик беради» (Насоий, Аҳмад, Ҳоким ривоятлари, Албоний «Мишкотул-масобиҳ» таҳқиқида саҳиҳ санаган: 6003).

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мени кўрганларга Тубо (жаннат) бўлсин, мени кўрганларни кўрганларга ва мени кўрганларни кўрганларни кўрган ва менга иймон келтирганларга Тубо (жаннат) бўлсин» (Ҳоким ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1254).

Восила ибн ал-Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Модомики, орангизда мени кўрган ва менга саҳоба бўлган кишилар бор экан, яхшиликда бардавом бўласизлар. Аллоҳга қасамки, модомики, орангизда мени кўрганларни кўрган ва менга саҳоба бўлганларга саҳоба бўлган кишилар бор экан, яхшиликда давом этаверасизлар. Аллоҳга қасамки, модомики, орангизда мени кўрганларни кўрганларни кўрган ва менга саҳоба бўлганларга саҳоба бўлганларга саҳоба бўлган кишилар бор экан, яхшиликда бардавом бўлаверасизлар»[9] (Абу Бакр ибн Аби Шайба «Мусаннаф»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3283).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сизлар эшитмоқдасизлар, сизлардан ҳам эшитилади, сизлардан эшитганлардан ҳам эшитилади»[10] (Саҳиҳ сунан Абу Довуд: 3107).

 

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига салавоту саломлар йўлласин.

 

* * * * *


 

[1] Ушбу оятлар уммул-муъминийн Оиша розияллоҳу анҳога нисбатан мунофиқлар томонидан тўқиб чиқарилган ва айрим мусулмонлар ҳам унга аралашиб қолган туҳмат воқеасида у кишининг бу туҳматдан поклигини эълон қилиб тушгандир. Аллоҳ таоло: «Агар мўмин бўлсангизлар, ҳаргиз унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни Аллоҳ сизларга панд-насиҳат қилур» деган бўлишига қарамай, рофизий шиъалар саркашлик ва қайсарлик билан, адоват ва душманлик қабилида ҳозиргача бундан кўра ҳам каттароқ туҳматларни қилиб келишади, шунча нарса билан яна ўзларини мусулмон ҳам санашади!

[2] Сарид – араблар севиб тановул қиладиган таом бўлиб, гўштни узоқ қайнатиб пиширилганидан сўнг уни суви билан нон тўғралган катта идишга қуйилади ва тановул қилинади.

[3] Ҳадисдан маълум бўладики, агар аёл киши эркакларда мавжуд бўлмаган илм эгаси бўлса, эркаклар ундан шаръий илмни ўрганишлари мумкин.

[4] Ҳадисда келган яхшиликдан мурод - хоҳ моддий, хоҳ маънавий бўлсин, мутлақ яхшиликдир. Уларни дўст тутиш, уларга Аллоҳнинг розилигини сўраш, фақат яхшилик билан тилга олиш ҳам шу яхшилик жумласига киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтлари қаторига шак-шубҳасиз, биринчи навбатда у зотнинг аёллари ҳам кирадилар.

[5] «Умматимнинг яхшилари мен билан яшаганлар, кейин улардан сўнг келадиганлар, кейин улардан сўнг келадиганлар» нинг маъноси: умматимнинг энг яхшилари саҳобалар, улардан сўнг тобеинлар, улардан сўнг тобеут-тобеинлар, демакдир. Яхшилик деганда дин, илм, тушунча ва дин аҳкомларига амал қилишда барқарор бўлиш яхшиликлари тушунилади. «Гувоҳлик сўралмаса ҳам гувоҳлик беришади» дегани маъноси – гувоҳлик бериш лойиқ бўлган ўринлар билан гувоҳликдан тийилиш лозим бўлган ўринларни фарқига боришмайди, биров улардан гувоҳлик талаб қилмаса ҳам гувоҳлик беришаверади, демакдир. Уларда семизлик зоҳир бўлиши сабаби – анвои хил емак-ичмакларга ружу қўйишлари оқибатида семириб кетишади.

[6]  Аср – ҳар юз йилга ёки бир қавлга кўра, бир авлод умрига истеъмол қилинади.

[7] Яъни, динига бепарво ва эътиборсиз бўлгани учун қасам ичишга ҳам, гувоҳлик беришга ҳам ошиқиб кетишаверади. Айниқса, бизнинг замонимизда маҳкамалар эшиги олдида ёлғон гувоҳ беришликни ўзига касб ва тирикчилик манбаи қилиб олган кимсалар ўралашиб юришади ва гувоҳлик талаб қилганларга ўз гувоҳликларини пуллашади. Аслида, бир иш устида гувоҳлик бериш жуда ҳам жиддий иш бўлиб, гувоҳлик берувчи киши қўлини Қуръони каримга қўйиб, фақат рост гапиришга ва ўзи гувоҳ бўлган нарсани айтишга қасам ичади.

[8] «Асҳобларим хусусида менинг ҳаққимни сақланглар», деган сўзларидан мурод, асҳобларимнинг устингизда бўлган ҳақларига риоя қилиш ва ҳақларини адо қилиш билан менинг сизларнинг устингизда бўлган ҳақларимни сақланглар, ким уларнинг ҳаққини зое қилса, менинг ҳақларимни зое қилган бўлади, деганидир. Сўнг ҳақларни риоя қилиш мана шу ҳадисда айтилганидек тартибда бўлиши, саҳобалардан сўнг тобеинлар, улардан сўнг тобеут-тобеинлар ҳақларига риоя қилиш лозим бўлади. Улардан сўнг ёлғон сўзлаш ва хиёнаткорлик ёйилади, омонат йўқолади, ҳатто «фалон қавмда омонатли бир одам бор экан», дейдиган бўлинади.

[9] «Яхшиликда давом этаверасизлар» деган сўзларидан мурод – нубувват даврига яқин бўлган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, одамлар бузилса уларни тузатадиган уламолар борлиги туфайли динларингизда давом этасизлар, демакдир. Сўнгра, учинчи асрдан, яъни тобеут-тобеинлар асридан сўнг амру маъруф, наҳий мункар ва ислоҳчилик вазифасини аввалги асрлар уламоларидек ҳақиқий адо этадиган уламолар йўқлигидан ёлғонлар авж олади, бидъат ва ҳавои-хоҳишларга эргашиш ёйилади.

 Мазкур ҳадислар мажмуи тақозосига кўра айтамизки, салафи солиҳ илмда ҳам, тушунчада ҳам, манҳажда ҳам, эътиқодда ҳам халафдан (яъни кейингилардан) мустаҳкамроқ ва (нуқсондан) саломатроқдирлар. Баъзи аҳли бидъат ва аҳли раъйлар айтаётгани каби «салафлар йўли саломатроқ, халафлар йўли эса мустаҳкамроқ» эмас!

Ушбу ҳадислар яна бизларга салафи солиҳнинг сўзларини улар яшаб ўтган мазкур уч аср тартибига кўра бошқаларнинг сўзларидан муқаддам қўйишни лозим қилади. Яъни, биз биринчи аср уламоларининг сўз ва тушунчаларини иккинчи аср уламоларининг сўз ва тушунчаларидан муқаддам қўйишимиз, иккинчи аср уламоларининг сўз ва тушунчаларини учинчи аср уламоларининг сўз ва тушунчаларидан муқаддам қўйишимиз, учинчи асрда яшаб ўтган уламоларнинг сўз ва тушунчаларини эса кейинги аср ва даврлар уламоларининг сўз ва тушунчаларидан муқаддам қўйишимиз лозим. Бу сўз, албатта, Китобу Суннатдан бўлган, улардан бирларининг сўзларини бошқаларининг сўзларидан қувватли санашимизга имкон берувчи насс (очиқ далил)лар бўлмаган ҳолатга тегишли. Аммо, саҳиҳ ва сариҳ далил турганда, ундан юз ўгириб, бошқа бировнинг сўзига – у салаф бўладими, халаф бўладими, ким бўлишидан қатъий назар – юз буриш асло жоиз бўлмайди.

[10] Ушбу ҳадис бир неча мазмун ва маъноларга далолат қилади. Жумладан: а) илм санад билан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борувчи саҳиҳ иснод-ровийлар силсиласи воситасида олинади; б) санад ҳадисни эшитган киши уни айтиб берган кишидан бевосита эшитиши билан собит бўлади; в) саҳобалар розияллоҳу анҳум Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кейинги авлодлар ўртасини боғловчи ҳалқадирлар, агар шу ҳалқа йўқ бўлса ёки тушириб қолдирилса – рофизий шиъалар даъватчилари қилгани каби – уммат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан уланишдан ва саҳиҳ илм билан боғланишдан маҳрум бўлади; г) саҳобаларнинг ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаган, бироқ, саҳобаларга саҳоба бўлмиш тобеинлар адолатининг собит бўлиши ва бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «улар эшитадилар ва ўзларидан кейингиларга эшиттирадилар» деб гувоҳлик беришлари. Бу гувоҳлик Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан уларга илмни ўзларидан кейингиларга етказишга ижозат мақомидадир.

◄◄◄Бошига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ