Ислом Нури

Жума насиҳатлари
АЛЛОҲ БАНДАЛАРГА БЕЛГИЛАБ БЕРГАН ҲАҚ-ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАР

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

Ансорлар розияллоҳу анҳумнинг фазилатлари ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида

 

Аллоҳ таоло айтади:

«Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суядилар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймайдилар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қиладилар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, ана ўшалар нажот топувчи зотлардир» (Ҳашр: 9).

«Ҳақиқатан Аллоҳ пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳнинг диллари (ғазотдаги машаққат ва ташналик сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни, пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта, У зот мўминларга марҳаматли, меҳрибондир»[1] (Тавба: 117).

 

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ансорларни фақат мўмин кишигина яхши кўради, уларни фақат мунофиқ кимсагина ёмон кўради. Ким уларни яхши кўрса, Аллоҳ уни яхши кўради, ким уларни ёмон кўрса, Аллоҳ уни ёмон кўради» (Муттафақун алайҳ).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ансорларни яхши кўриш иймон аломати, ансорларни ёмон кўриш мунофиқлик аломатидир» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳга ва охират кунига иймони бўлган одам ансорларни ёмон кўрмайди»[2] (Имом Муслим ривояти).

Ҳорис ибн Зиёд ас-Соидий ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, қай бир киши то Аллоҳ таборака ва таолога йўлиққунига қадар ансорларни яхши кўрса, Аллоҳ таборака ва таолога Унинг муҳаббатига эришган ҳолда йўлиқади. Қай бир киши то Аллоҳ таборака ва таолога йўлиққунига қадар ансорларни ёмон кўрса, Аллоҳ таборака ва таолога Унинг ғазабига дучор бўлган ҳолда йўлиқади» (Аҳмад, Табароний ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1672).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам никоҳ тўйидан келаётган ёш болалар ва аёлларни кўриб, ўринларидан турдилар ва: «Аллоҳ ҳаққи, сизлар – яъни ансорлар – менга энг суюмли одамларсиз, Аллоҳ ҳаққи, сизлар менга энг суюмли одамларсиз», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Хандақ жанги куни ансорлар айтардилар:

«Муҳаммадга бердик аҳду паймонимиз

Жиҳод учун то борки танда жонимиз».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга жавобан дердилар:

«Худоё, чин ҳаёт фақат охират

Муҳожир, ансорни этгайсан иззат». (Муттафақун алайҳ).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир аёл ансорлардан икки хонадон ўртасига тушадими ёки ота-онаси бағригами, у учун зарарсиз (яъни фарқсиз)дир»[3] (Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3434).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Бакр ва Аббос розияллоҳу анҳумо ансорлардан бир жамоаси ёнидан ўтдилар, улар йиғлашарди. (Аббос) улардан йиғилари сабабини сўраганида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биз билан бирга ўтиришлари эсимизга тушди», дейишди. Шунда у Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб, бу ҳақда у зотга хабар берди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (оғриқдан) бошларини боғлаб олган ҳолда чиқиб келдилар ва минбарга кўтарилдилар, бу у зотнинг охирги бор минбарга кўтарилишлари эди. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, сўнг дедилар: «Сизларни ансорларга яхшилик қилишга васият қиламан, чунки улар менинг энг яқин ва сирдош кишиларимдир. Улар ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этдилар, энди оладиган ҳақ-ҳуқуқлари қолди. Шундай экан, уларнинг яхшилик қилувчиларидан (яхшиликларини) қабул қилиб, ёмонлик қилувчиларини (нг ёмонликларини) кечиринглар»[4] (Имом Бухорий ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ансорлар менинг хос ва сирдош кишиларимдир. Одамлар кўпайиб борадилар, улар эса камайиб боришади. Сизлар уларнинг яхшисидан (яхшилигини) қабул қилиб, ёмонидан (хатоларини) кечиринглар»[5] (Муттафақун алайҳ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар кўпаядилар, ансорлар эса камаядилар, ҳатто таомнинг тузига ўхшаб қоладилар. Кимки, бировга фойда ёки зарар етказа оладиган бирон ишга волий (раҳбар) бўлса, уларнинг (яъни, ансорларнинг) яхшиларидан (яхшилигини) қабул қилсин ва ёмонларидан (ёмонлигини) кечирсин!», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар ансорлар бир водий ёки дарани йўл тутсалар, мен албатта ансорлар водийсини йўл тутган бўлардим. Агар ҳижрат бўлмасайди, албатта ансорлардан бири бўлган бўлардим» (Имом Бухорий ривояти).

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбар узра ансорларга шундай деганларини эшитганман: «Огоҳ бўлингиз, бошқа одамлар менинг ташқи кийимим бўлса, ансорлар ички кийимим (яъни энг яқин ва хос кишиларим)дир. Агар одамлар бир водийни йўл тутсалар ва ансорлар бир дарани йўл тутишса, мен албатта ансорларнинг дарасига юрган бўлардим. Агар ҳижрат бўлмасайди, албатта ансорлардан бири бўлардим. Кимки ансорларнинг ишига волий бўлса, уларнинг яхшиларидан қабул қилиб, ёмонларини кечирсин. Ким уларни хафа қилса, мана бу иккиси ўртасидагини хафа қилган бўлади», деб ўзларига ишора қилдилар. (Ҳоким ва Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 917).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқиб, дедилар: «Огоҳ бўлингиз, ҳар бир кишининг ортида қоладиган мероси ва яқинлари бўлади, менинг меросим ва хос кишиларим ансорлардир, улар хусусида менинг ҳаққимни сақланглар!»[6] (Табароний «Ал-муъжам ул-авсат»да ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3560).

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Парвардигор! Ансорларни, ансорларнинг фарзандларини, ансорлар фарзандларининг фарзандларини Ўзинг мағфират этгин!» (Имом Муслим ривояти).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй Парвардигор! Ансорларни, ансорларнинг фарзандларини, ансорлар фарзандларининг фарзандларини, ансорларнинг аёлларини Ўзинг мағфират эт!» (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 3058).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Иситма Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: «Мени ўзингизга энг яқин бўлган аҳлингизга юборинг», деганида у зот уни ансорларга юбордилар. Иситма олти кеча-кундуз ансорлар ичида қолиб, уларни анча қийнаб қўйди. Шунда у зот уларни кўргани бордилар, улар иситмадан шикоят қилишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳовлима-ҳовли, уйма-уй юриб уларга офият сўраб дуо қилдилар. Ортларига қайтаётганларида бир аёл у зотнинг орқаларидан эргашиб: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен ҳам ансорларданман, менинг отам ҳам ансорлардан, менга ҳам ансорларга дуо қилганингиздек дуо қилинг», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Истасанг, Аллоҳдан сенга офият беришини сўраб дуо қиламан, истасанг, сабр қилиб жаннатга кирасан», дедилар. Аёл: «Йўқ, сабр қиламан, жаннатни гаровга қўёлмайман», деди[7] (Саҳиҳул адабил муфрад: 387).

Тўрт хулафои рошидин – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумнинг фазилатлари ва ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида

Абу Бакр Сиддиқ[8] – Абдуллоҳ ибн Усмон розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ва ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида айтилган баъзи сўзлар

 

Аллоҳ таоло айтади:

«Агар сизлар унга (яъни, пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз (Аллоҳнинг Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ғамгин бўлма, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир», дер экан, Аллоҳ унга хотиржамлик туширди» (Тавба: 40).

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ғорда эканмиз, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Улардан биронтаси оёқлари остига қараса (эгилса), бизни албатта кўради», дедим. Шунда у зот: «Учинчилари Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима гумондасиз, эй Абу Бакр?!», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрга: «Сиз менинг ҳавз (кавсар)даги ҳамроҳим ва ғордаги ҳамроҳимсиз», дедилар[9] (Термизий ривоят қилиб: «Ҳасан, ғариб, саҳиҳ ҳадис», деган).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта, одамлар ичида Абу Бакрдан кўра менга ўзининг суҳбати ва молида марҳаматлироқ бўлган бирон киши йўқдир. Агар Раббимдан бошқа бировни халил қилганимда эди, албатта Абу Бакрни халил қилган бўлардим. Лекин Ислом дўст-биродарлиги кифоядир. Ушбу масжиддаги Абу Бакрнинг дарчасидан бошқа барча дарчаларни беркитиб ташлансин!» (Муттафақун алайҳ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар умматим ичидан бирон кишини халил қилсайдим, албатта Абу Бакрни халил қилган бўлардим. Лекин, у биродарим ва соҳибимдир» (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар бирон кишини халил қилмоқчи бўлсам, албатта Абу Бакрни халил қилган бўлардим. Лекин, у дўстим ва соҳибимдир. Аллоҳ таоло сизларнинг соҳибингизни (яъни каминани) Ўзига халил қилган», дедилар[10] (Имом Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бизга бирон кишининг моли Абу Бакрнинг моли етказганча манфаат етказмаган» (Ибн Роҳавайҳ «Муснад»да ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2717).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Менга Абу Бакрдан кўра марҳамати улуғроқ киши йўқдир, у жонию молини менга бахш этди, қизини менга никоҳлаб берди» (Табароний ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2214).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир киши бизга марҳамат қилган бўлса, биз албатта уни мукофотладик, ёлғиз Абу Бакр бундан мустасно. Зеро, у бизга қиёмат куни Аллоҳнинг Ўзи мукофотини берадиган марҳаматлар қилди. Менга бирон кишининг моли Абу Бакрнинг молича манфаат етказолгани йўқ. Агар бирон кишини халил қилмоқчи бўлсам, албатта Абу Бакрни халил қилган бўлардим. Огоҳ бўлингиз, сизларнинг соҳибингиз (яъни камина) Аллоҳнинг халилидир»[11] (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2894).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб келган Абу Бакрга хитобан: «Сиз Аллоҳнинг дўзахдан атиқи-озод бандасисиз», дедилар, шу кундан эътиборан у «Атиқ» (озод) деб номланди (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2905).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам садақа қилишга буюрдилар, бу менинг олдимда бир қанча мол бор пайтга тўғри келди. Шунда мен: «Бирон кун бўлсин Абу Бакрдан ўзиб кетолмаган бўлсамда, шу бугун ўзиб кетаман», дедим-да, молимнинг ярмини олиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳли-оилангизга бирон нарса қолдирдингизми?» деб сўрагандилар: «Яна шунча мол қолдирдим», дедим. Абу Бакр эса бор молини олиб келибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Эй Абу Бакр, аҳли-оилангизга нима қолдирдингиз?», дегандилар, у: «Уларга Аллоҳ ва Расулини қолдирдим», деб жавоб берди. Шунда мен: «Ундан ҳеч қачон ўзиб кетолмас эканман», дедим (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: 2902).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ичларингизда ким бугун рўза тутди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. «Ичларингизда ким бугун жанозада қатнашди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. «Ичларингизда ким бугун бир мискинни тўйдирди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. «Ичларингизда ким бугун бир беморни бориб кўрди?», деб сўрадилар. Абу Бакр: «Мен», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ушбу ишлар қай бир кишида жамланса, у албатта жаннатга киради», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, бир хусусда сўзлашди. У зот унга яна қайта келишини тайинладилар. Шунда у: «Ё Расулуллоҳ, агар келсам-у, сизни топмасам-чи?», деб, гўё у зотнинг вафотларига ишора қилган эди: «Агар мени топмасанг, Абу Бакрга бор», дедилар[12] (Муттафақун алайҳ).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам касалликларида: «Абу Бакрга айтинглар, одамларга имом бўлиб намоз ўқисин», дедилар. Шунда мен: «Абу Бакр агар сизнинг ўрнингизда турса, йиғидан одамларга (қироатни) эшиттиролмайди. Умарга буюринг, у имом бўлиб ўқиб берсин», дедим. У зот яна: «Абу Бакрга айтинглар, одамларга имом бўлиб намоз ўқисин», дедилар. Ҳафсага ҳам: «Абу Бакр агар сизнинг ўрнингизда турса, йиғидан одамларга (қироатни) эшиттиролмайди. Умарга буюринг, у имом бўлиб ўқиб берсин» деб Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтинг», дедим. Ҳафса мен айтган гапни айтган эди, Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз аёллар Юсуф (қиссасидаги) аёлларнинг нақд ўзисиз. Абу Бакрга айтинглар, одамларга имом бўлиб намоз ўқисин», дедилар. Шунда Ҳафса Оишага: «Сиздан ҳеч яхшилик кўрмас эканман-да», деди[13] (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Зумъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғирлашиб қолган кунлардан бири мен бир неча мусулмонлар билан у кишининг олдиларида эдик, Билол у зотни намозга чақириб келиб қолди. Шунда у зот: «Бирон кишига айтинглар, имом бўлиб намоз ўқисин», дедилар. Шунда чиқиб қарасам одамлар ичида Умар бор экан, Абу Бакр кўринмади. Мен: «Эй Умар, туринг, сиз имомликка ўтинг», дедим. Умар олдинга ўтиб, намоз бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг овозини эшитгач – Умар баланд овозли киши эди – : «Абу Бакр қани?! Бунга Аллоҳ ҳам, мусулмонлар ҳам рози бўлмайди, бунга Аллоҳ ҳам, мусулмонлар ҳам рози бўлмайди!», деб хитоб қилдилар. Сўнг Абу Бакрга одам юбордилар, у Умар ҳалиги намозини ўқиб бўлганидан сўнг етиб келиб, (қайтадан) одамларга имом бўлиб намоз ўқиди[14] (Саҳиҳ сунан Абу Довуд: 3895).

Бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарнинг овозини эшитгач, бошларини ҳужраларидан чиқардилар ва ғазаб билан: «Йўқ, йўқ, йўқ! Одамларга Ибн Аби Қуҳофа имом бўлиб намоз ўқисин!», дедилар» (Саҳиҳ сунан Абу Довуд: 3896).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бетобликларида менга: «Отанг Абу Бакрни ва акангни менга чақир, бир хат ёзиб берай, чунки бирон киши умидвор бўлиб қолишидан ва кимдир: «Мен лойиқроқман» деб қолишидан қўрқаяпман. Аллоҳ ва мўминлар Абу Бакрдан бошқасига рози бўлмайдилар», дегандилар (Имом Муслим ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғирлашиб қолгач, Абдурраҳмон ибн Абу Бакрга: «Менга бир куракми, лавҳ(тахтача)ми келтиринг, Абу Бакр учун тортишувга ўрин қолдирмайдиган бир битик битиб берай», дедилар. Абдурраҳмон ўрнидан турмоқчи бўлаётганида у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Абу Бакр! Аллоҳ ва мўминлар сизнинг устингизда ихтилоф қилинишига рози бўлмайдилар», дедилар[15] (Аҳмад ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 690).

Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Йўқ, балки сизга байъат берамиз. Зотан сиз бизнинг саййидимиз, энг яхшимиз ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг суюмли бўлган кишимизсиз», дегандилар (Имом Бухорий ривояти).


 

[1] Оятда айтилган оғир соатдан мурод – Табук ғазоти бўлиб, унда барча оғирликлар: от-улов етишмаслиги (уч кишига битта туя тўғри келган), озиқ-овқат танқислиги, сувсизлик машаққати жамланган эди. Ушбу ғазотда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўттиз минг асҳоби ҳамроҳ бўлганди. Ибн Касир тафсирида айтади: «Мужоҳид ва бошқалар айтишича, бу оят Табук ғазоти ҳақида нозил бўлган. Улар бу ғазотга ғоят қийин ва машаққатли пайтда, қурғоқчилик йилида, жазирама иссиқ, озиқ-овқат ва сув танқислиги ҳолатида чиқишган эди. Қатода айтади: Улар Табук жанги йилида ғоят оғир машаққат ичида, жазирама алангаси остида Шомга йўл олишган, жуда қаттиқ қийинчиликларга дучор бўлишганди. Айтишларича, икки киши битта хурмони бўлиб ейишган, айримлар эса битта хурмони қўлма-қўл қилишиб, биттаси уни шимиб, устидан сув ичар, кейин иккинчиси шимиб, устидан сув ичар эканлар».

«Улардан бир гуруҳнинг диллари тойилаёзганидан кейин» нинг маъноси, ушбу ғазотда бошларига тушган машаққатларнинг оғирлиги сабабли баъзилари Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида жанг қилишни ташлаб, қайтиб кетиш фикрига тушиб қолгандилар, кўнгиллари роҳат-истироҳатга мойил бўлганди. Лекин, Аллоҳ таоло уларни собитқадам қилди, куч-қувват ато этди, ўта оғир ва  мисли кўрилмаган даражадаги машаққатли ушбу ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида туриш ва юришни давом эттиришга муваффақ қилди. Айримларининг дилларида мазкур оғир шароитлар остида пайдо бўлган бу тойилиш кўнгилдаги туйғу бўйича қолиб, амалга ошишга етиб бормади. Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу марҳамати билан уларни саботли қилди ва тавбаларини мақбул айлади. Бағавий тафсирида айтади: «Ибн Аббос айтадики, Аллоҳ таоло кимнинг тавбасини мақбул айлаган бўлса, уни асло азобламайди».

Юқоридаги оятдан олинадиган шоҳид (ушбу мавзуга алоқадор ўрни) шуки, ушбу ғазот энг кўп сонли саҳобалар қатнашган ғазот бўлиб, уларнинг саноғи ўттиз мингдан ортиқ эди. Ана шунча саҳобанинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг: «Ҳақиқатан Аллоҳ пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди...» ояти остига дохилдирлар, Парвардигори олам кимнинг тавбасини қабул қилган бўлса, уни асло азобга гирифтор қилмайди ва борар жойи жаннат бўлади.

Ўз-ўзидан савол туғилади: Саҳобаи киромнинг душманлари бўлган бадбахт рофизийлар мазкур ояти каримага нима дейишаркин, уни қандай қилиб таҳриф ва таъвил қилишаркин?!

[2] Ҳадисда айтилган иймондан ажралиш ҳақидаги гапдан мурод мутлақ иймондан ажралиш бўлиб, ансорларни ёмон кўрган одам уларни диндаги мустаҳкамликлари, Аллоҳнинг динига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нусрат (ёрдам) беришлари сабабли ёмон кўради. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, бундай одамнинг кофирлиги, мунофиқлиги ва диндан чиққан эканига шак-шубҳа йўқдир. Нифоқ ҳақида айтилган гап ҳам айни шундай, ўз эгасини диндан чиқарувчи катта нифоқ ҳақида айтилгандир.

[3] Ҳадисда ансорлар эга бўлган улкан омонатдорлик сифатига очиқ ишора бор. Яъни, аёл киши ўз ота-онаси бағрида қандай хотиржам ва хавф-хатардан холи бўлса, ансорлар маҳалласига келиб тушганда  ва ансорлар ичида ҳам худди шундай омонликда бўлади, ўзини худди ўз уйи ва ота-онаси бағридагидек ҳис қилади.

[4] «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биз билан бирга ўтиришлари эсимизга тушди» дейиш билан улар у зотнинг оғир бетоб эканларини ва вафот этиб кетгудек бўлсалар у зот билан бирга ўтириш ва у зот тарафларидан ўзларига бўлган фазлу марҳамат ва меҳрибонликлардан айрилиб қолишларини, у зотдан сўнг уларнинг фазлини билмайдиган ва қадрларига етмайдиган бирон киши келиб қолишидан қўрқишларини кўзда тутгандилар. Ушбу маънони бошқа бир саҳиҳ ривоят изоҳлаб берадики: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кириб: «Ансорлар эркагу аёллари масжидда йиғлаб ўтиришибди» дейилди. «Нега йиғлашади?», деб сўрадилар у зот. «Сизнинг вафот этишингиздан қўрқиб» дейишди...».

«Улар ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этдилар, энди оладиган ҳақ-ҳуқуқлари қолди» деган сўзлари маъноси шуки, улар ўз зиммаларига лозим бўлган нусрат, жиҳод ва фидокорликни адо этдилар, энди сизларнинг зиммангизда уларга нисбатан шукрларини адо этиш ва фазлларини билиш каби ҳақлари қолди. Уларнинг яхшиларидан яхшиликларини қабул қилиб, ёмонларидан ёмонликларини кечириш уларнинг аввалда қилган яхшиликларига яхшилик билан жавоб бериш жумласига киради. Ҳадис йўлланмасига кўра, аввалда Аллоҳ йўлидаги жиҳод ва ва синов-имтиҳонлардан ўтган кишининг хатоларини тушунишга уриниш ва имкон қадар уларни кечириш керак бўлади.

[5] Ансорлар камайиб боришади, деган сўзларининг маъноси шуки, асосан улар жиҳод, фидокорлик ва шаҳидлик эгалари бўлишади, хатарлар кучайган оғир дамларда улар энг олдинги сафларда бўлиб, бошқалар уларнинг панасига ўтишади. Бундай ҳолдаги кишилар - Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин - шубҳасиз, камайиб борадилар.

[6] «Улар хусусида менинг ҳаққимни сақланглар», деган сўзларидан мурод, ансорларнинг устингизда бўлган ҳақларига риоя қилиш ва уларнинг ҳақларини адо қилиш билан менинг сизларнинг устингизда бўлган ҳақларимни сақланглар, ким ансорларнинг ҳаққини зое қилса, менинг ҳақларимни зое қилган бўлади, деганидир.

[7] Одатда, биров бировга эҳтиёжи тушиб турган пайтда унга ёқимли бўлган ном ва унвони билан, унинг кўнглини эритадиган сўзлар билан хитоб қилиб, кейин ўз ҳожатини баён қилади. Ушбу ансория аёл ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансорларни қадрлашларини, ансорларга нисбатан у зотнинг кўнгилларида бўлган меҳр-муҳаббатни яхши билгани боис у зотдан дуо сўрашдан аввал ўзининг ансорлардан эканини, отаси ҳам ансорлардан эканини айтиш орқали у зотнинг илтифотларига сазовор бўлиш ва диққатларини тортишни қасд қилди.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам унинг сўровини ижобат қилиб, икки яхшиликдан бирини танлашни таклиф қилдилар.

«Йўқ, сабр қиламан, жаннатни гаровга қўёлмайман» нинг маъноси:

Ўзимни хатарга қўйиб жаннатни гаровга қўймайман. Мен билмайманки, агар сиздан тузалиб кетишимни дуо қилишингизни сўрасам, тузалиб кетсам кейин жаннат аҳлидан бўламанми ёки йўқ. Яхшиси сабр қилишим билан ваъда қилинган нақд жаннатни кафолатлайман.

«Мени ўзингизга энг яқин бўлган аҳлингизга юборинг» дегани – хос ва суюкли кишиларингизга юборинг, деган маънодадир. Чунки, иситма ажр умидида унга сабр қилган кишининг гуноҳларини худди темирчининг босқони темирнинг зангини тозалаганидек тозалаб, ювиб кетадиган синов-имтиҳондир. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уммул Мусайябнинг олдига кириб: «Нима бўлди сизга эй Уммул Мусайяб, титраяпсиз?», деганларида у: «Қуриб кетгур иситманинг дастидан», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иситмани сўкманг, у одамзотнинг хато ва гуноҳларини худди босқон темирнинг зангини кетказганидек кетказади», дедилар (Имом Муслим ривояти).

[8] Бу киши Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилиб турган даврда у зотнинг ҳар бир сўзларини рост деб, тасдиқлаганликлари ва унга сидқидил иймон келтирганликлари сабабли «Сиддиқ» лақабини олганлар, дўзахдан озод этилганликларидан «Атиқ» (озод этилган) деб аталганлар.

[9] Яъни, сиз менга ғорда ҳамроҳ бўлганингиз каби қиёмат куни ҳавз устида ҳам ҳамроҳим бўласиз, деган маънодадир.

[10] Халиллик - муҳаббатнинг энг олий ва комил даражасидир. Ушбу ҳадисда паст даражадаги киши ўзидан юқорида бўлган кишини халил – суюкли дўст аташи жоизлиги кўринади. Ваҳоланки, юқори даражали киши ўзидан пастдагини халил аташи мумкин эмас, фақат нас (оят ё ҳадис) билан собит бўлган бўлса дуруст, Аллоҳ таоло Иброҳим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламларни халил қилганидек. Бинобарин, киши: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам халилим» дейиши жоиз, бироқ: «Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халилиман» дейиши жоиз эмас. Саҳобаларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни халил тутишлари собит бўлган, бироқ Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз саҳобаларини ва улардан бошқа мўминларни халил қилишлари собит бўлмаган, балки фақат саҳобалик, муҳаббат ва дўст-биродарлик собит бўлган.

Замондош хатиблардан айримлари тилида кенг тарқалган хато иборалардан бири шуки, хутба ичида намозхонларга: «Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳбоби (яъни, у зотнинг муҳаббатларига сазовор бўлганлар)», деб хитоб қилади, ваҳоланки масжидда ўтирган кишилар ичида фақат жумъа намозига келиб, ундан бошқа намозни ўқимайдиган кишилар ҳам бўлади. Бу сўзи билан у гўёки ғайбни билганлик, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уни ва унинг олдидаги намозхонларни яхши кўришларини билганлик даъвосини қилган бўлади. Маълум бир кишиларга муҳаббатнинг бу турини кафолатлаш уларга жаннатни кафолатлашдек бўлиб қолади. Бундай қилиш эса жоиз эмас. Чунки, бу ўзи билмаган нарсани гапириш бўлади.

[11] Эҳтиёж, машаққат ва йўқчилик пайтларида озгина нарсани Аллоҳ йўлида сарф қилиш – ажр жиҳатидан – мўл-кўлчилик, кенгчилик ва эҳтиёжсизлик ҳолатида катта-катта бойликлар сарф қилишдан ортиқ бўлса бўладики, кам бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бир дирҳам юз минг дирҳамдан ўзиб кетди» (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: 2367) деган сўзлари маъноси шундай пайтда тушунарли бўлади.

[12] Аёлни у зот вафотларидан кейин бирон ҳожати бўлса Абу Бакр ҳузурига боришга буюришлари, шунингдек ўзларидан сўнг одамларга Абу Бакр – бошқаси эмас – имом бўлиб намоз ўқиб беришига буюришлари Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ўзларидан кейин халифаликка ихтиёр қилганлари белгиси эди. Зотан, намоз динимизда тавҳиддан кейинги энг катта рукн саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга динлари устида халифа қилиб танлаган киши уларнинг дунё ишларида халифа қилинишга албатта лойиқроқ эди. Ушбу маъно қуйироқда яна-да очиқроқ иборалар билан ифода этилади.

[13] Оиша розияллоҳу анҳони оталари Абу Бакр розияллоҳу анҳу учун узр баён қилишга ундаган сабаблардан бири – у кишининг йиғилари тезлигидан орқадагиларга қироатни эшиттиролмай қолишлари мумкинлигидан ташқари, оталаридан ҳараж ва ноқулайликни кўтаришни ҳам истаган эдилар. Чунки, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бирон киши ортида намоз ўқишга одатланмагандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бировни у кишининг ўринларида кўриш ҳамма учун жуда оғир ҳолат эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги бетоблик кунларида баъзан Абу Бакрнинг ёнларида, у киши одамларга имом бўлган ҳолларида намоз ўқиган, Абу Бакр орқага тисарилмоқчи бўлганларида у зот: «Жойингиздан қимирламанг» ишорасини қилган, бу билан ўзларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг имом бўлишига қарор қилганликларини, саҳобалари ҳам у зотдан кейин ўринларида бошқа имомни кўришга одатланишлари ва уни имом-раҳбар сифатида қабул қилишлари лозимлигига ишора қилган эдилар.

[14] Абу Бакр имом бўлмаганлари сабабли саҳобалар намозни яна қайта ўқишлари аввалги намознинг бекор бўлганига далолат қилади. Чунки, фарз намози икки қайта ўқилмайди. Яна бу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг намозга хос бўлган имоматда ҳам, одамларга раҳбар бўлиш маъносидаги имоматда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари бўлишларига яққол далолат қиларди.

[15] Имомат ва халифалик мавзусига алоқадор бўлган бу ва бундан олдинги ҳадислардан келиб чиқиб, айта оламизки, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифаликлари насс (очиқ шаръий далил) билан, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аниқ-ошкор амрлари билан бўлган, баъзилар айтишгани каби ишора йўли билан эмас!

◄◄◄Бошига қайтиш

Мундарижа

Кейингига ўтиш►►►

 ЮқоригаÎ