Ислом Нури
Араб тилини ўрганамиз
ЖАНОҲ УТ-ТОЛИБ
( АРАБ ТИЛИ САРФ ФАНИДАН ДАРСЛИК )
РАҲМАТУЛЛОҲ РАСУЛЖОН ЎҒЛИ
МАХСУС ДАРС الـد ر س الـخـا ص
1. Ифъол боби
Феъллар бир неча мақсадда ифъол бобига кўчирилади:
1. Ўтимсиз лозим феълларни ўтимли феълга айлантириш учун: ذَهَبَ -َ (кетди) أَذْهَبَ (кетказди).
Фақат битта қилинмишга ўтувчи феъл ифъол бобига кўчирилса, иккита қилинмишга ўтувчи феълга айланади:
لَبِسَ فريدٌ قَميصًا (Фарид кўйлак кийди) - أَلْبَسَ فَريدًا قَميصًا (Фаридга кўйлак кийгизди).
Аслида икки қилинмишга ўтувчи феъл бўлса, ифъол бобига кўчирилиши билан уч қилинмишга ўтувчи феълга айланади:
عَلِمَ سَعْدًا عالِمًا (Саъдни олим деб билди) - أَعْلَمَ فَريدًا سَعدًا عالِمًا (Фаридга Саъдни олим деб тушунтирди).
2. Феълдан тушунилган вақт-пайтга кирувчининг кирганини, ўша вақтда бўлганини ифодалайди: أَصْبَحَ الْمَريضُ (касал тонг палласига етди), أَمْسَى الْمُسَافِرُ (сайёҳ кечга етди).
3. Бир жойни кўзлаш, бирор шаҳарга боришни қасд қилиш маъносини ифодалайди: أَعْرَقَ (Ироққа боришни қасд қилди), أَمْصَرَ (Миср тарафга жўнади).
4. Асли феълдан тушунилган сифатга қилувчининг эга бўлганини англатади: أَطْفَلَتْ فاطِمَةُ (Фотима болали бўлди), أَلْحَمَ زيدٌ (Зайд гўштдор бўлди).
5. Қилинмишни бир сифат ва ҳолатда топганини билдиради: أَبْخَلْتُ محمودًا (Маҳмудни бахил деб топдим, бахил эканини билиб олдим), أَحْمَدْتُ كريمًا (Каримни мақтовга муносиб деб топдим).
6. Бир нарсанинг вақти етганини ифодалайди: أَحْصَدَ الزَّرْعُ (экинни йиғиштириш вақти етди).
7. Феълдан тушунилган ҳолат ёки сифатнинг йўқ қилинганини, кетказилганини англатади: أَشْكَيْتُ صالِحًا (Солиҳнинг касали(шаквоси)ни йўқотдим).
2. Тафъил боби
Феълни тафъил бобида келтиришдан қуйидаги мақсадлардан бири кўзда тутилади:
1. Лозим феълни мутаъаддийга айлантириш учун:
فَرِحَ (хурсанд бўлди) - فَرَّحَ (хурсанд қилди).
2. Бир ишни қайта-қайта, кўп марта қилинганини ифодалаш учун:
قَطَعَ (кесди) - قَطَّعَ (қиймалади).
Кўп такрорланиш ва қайта-қайта бажарилиш ифодаси асли феълга, феъл бажарувчисига ёки қилинмишга тегишли бўлиши мумкин:
طُفْتُ (айландим) - طَوَّفْتُ (кўп айландим), ماتَ (ўлди) - مَوَّتَتِ الإِبِلُ (кўп туялар ўлди), غَلَقْتُ (беркитдим) - غَلَّقْتُ الأَبْوابَ (кўп эшикларни беркитдим).
3. Қилинмишнинг феълдан тушунилган сифатга мансублигини ифодалайди:
جَهَّلْتُ ذا وَجْهَيْنِ (иккиюзламачини жаҳолатга мансуб деб билдим), كَفَّرْتُ بوذِيًّا (буддистни куфрга нисбат бердим).
4. Феълдан тушунилган сифатнинг йўқ қилинганини англатади:
قَشَّرْتُ الْعُودَ (ёғочни арчдим, қишрини-пўстини кетказдим).
5. Феъл бажарувчиси феълдан тушунилган нарсага ўхшаб қолгани тушунилади:
قَوَّسَ الشَّيْخُ (чол эгилди, қадди камон (қавс) бўлди).
6. Исмдан феъл ясаш учун: خَيَّمَ الْقَوْمُ (чодир (хайма) тикдилар).
7. Бир жойни қасд қилганини ва бир тарафга қараб жўнаганини англатади:
شَرَّقَ (шарққа қараб жўнади), غَرَّبَ (ғарбга қараб жўнади), كَوَّفَ (Кўфа шаҳрига кетди), فَوَّزَ (саҳро тарафга йўл олди).
3. Муфоъала боби.
1. Феъл қилувчи ва қилинмишнинг ўзаро иштирокида бажарилганлигини ифодалайди: ضًارَبَ سَعِيدٌ مَحْمُودًا (Саид Маҳмуд билан уришди). Бу жумладан Саид Маҳмудни урганлигини тушуниш билан бирга Маҳмуд ҳам Саидни урганини тушунамиз.
Лозим феъллардан мушоракат маъносини ифодалаш учун муфоъала бобига кўчирилган феъллар муғолаба - яъни, баслашиш ва мусобақа қилиш мазмунига ҳам далолат қилади, муғолаба ва мусобақа натижаси бўлган ғалаба феъли сулосий мужарраднинг 2 - فَعَلَ يَفْعُلُ бобидан келади:
كاثَرْتُ زَيْدًا فَكَثَرْتُهُ (Зайд билан (молда ёки илмда) кўплик талашдим-да, ундан кўплик қилдим), فاضَلْتُ سَعِيدًا فَفَضَلْتُهُ (Саид билан афзаллик талашдим-да, афзаллик қилдим). Қилинмиш кўпликда мағлуб бўлгани учун ундан олинган исми мафъул - مَكْثُورٌ кўп эмас, оз маъносида бўлади.
2. فَعَّلَ каби бир ишни кўп марта, қайта-қайта қилинганини англатади:
ضَاعَفَ اللهُ اَجْرَهُ (Оллоҳ ажрини кўп зиёда қилсин) - ضَعَّفَ каби.
3. فَعَلَ дан фарқсиз, маънавий ифодасиз бўлиши мумкин:
قَتَلَ = قَاتَلَ (ўлдирди), سَفَرَ = سَافَرَ (сафарга чиқди).
4. Инфиъол боби
Сулосий мужаррадда мутаъаддий бўлган феълни лозим феълга айлантириш учун инфиъол бобига кўчирилади: كَسَرَ (синдирди) - اِنْكَسَرَ (синди).
Бу бобда куч ёки бир асбоб ёрдамида бажариладиган феъллар келади. Шунинг учун “билди” маъносидаги عَلِمَ феълидан “маълум бўлди” маъносидаги اِنْعَلَمَ феъли ясаб бўлмайди.
5. Ифтиъол боби
1. Сулосий мужарраддаги мутаъаддий феълни лозимга айлантиради:
جَمَعَ (тўплади) - اِجْتَمَعَ (тўпланди).
2. Исмдан феъл ясаш учун: خُبْزٌ (нон) - اِخْتَبَزَ (нон қилди).
3. Феълни кўп аҳамият бериб, жидду-жаҳд билан бажарилганлигини англатади:
كَسَبَ (ҳосил қилди) - اِكْتَسَبَ (уриниб юриб қилди).
6. Тафаъъул боби
1. Тафъил бобидаги мутаъаддий феълни лозимга айлантириш учун тафаъъул бобига кўчирилади: كَسَّرَ (парчалади) - تَكَسَّرَ (парчаланди).
Тафъил бобида икки қилинмишга ўтувчи феъл бўлса, бу бобга ўтиш билан фақат бир қилинмишга ўтувчи феълга айланади:
عَلَّمْتُ التِّلْميذَ الْقِراءَةَ (ўқувчига ўқишни ўргатдим) - هذا التِّلْميذُ تَعَلَّمَ الْقِراءَةَ (бу ўқувчи ўқишни ўрганди).
2. Қилувчи қўлидан келмайдиган ишга уринганини ва ўзида асли бўлмаган ахлоқни ҳосил қилишга тиришганини ифодалайди:
تَكَرَّمَ (карамли бўлишга уринди), تَشَجَّعَ (шижоатли бўлишга тиришди).
3. Асли феълдан тушунилган ҳолатдан ўзини сақлаганлиги тушунилади:
تَهَجَّدَ (уйқу ( هجود )дан сақланди), تَأَثَّمَ (гуноҳ ( إثم )дан сақланди).
4. Бир ҳолатдан бошқа ҳолатга тушиб қолиш маъносида: تَأَيَّمَ (бева ( أَيْم ) бўлиб қолди).
5. Исмдан феъл ясаш учун: تَوَسَّدَ التُّرابَ (ўзига тупроқни болиш ( وِسادة ) қилди).
7. Тафоъул боби
1. Бир иш кўпчилик ўртасида ўзаро бажарилганлигини ифодалайди:
تَصَالَحَ الْقَوْمُ (одамлар ўзаро сулҳ қилишдилар).
2. Муфоъала бобидаги мутаъаддий феълни лозимга айлантириш учун:
باعَدْتُ زَيْدًا (Зайдни узоқлаштирдим) - تَباعَدَ (узоқлашди).
3. Ўзида йўқ сифат ва ҳолатни бор қилиб кўрсатиш маъносида:
تَمارَضَ (ўзини касалга солди), تَجاهَلَ (ўзини билмаган қилиб кўрсатди).
8. Ифъилол боби
1. Феъл эгасининг бир сифатга кирганига далолат қилиш учун:
اِحْمَرَّ الْبُسْرُ ((хурмонинг) ғўра(си) қизарди).
2. Асли феълдан тушунилган сифатни кучайтириш учун:
اِسْوَدَّ اللَّيلُ (кеча қоп-қоронғу бўлди).
9. Ифъийлол боби
Бу боб ҳам феълдан тушунилган сифатни кучайтириш учун ясалади.
Бу бобда бир сифат ортиқча даражада ва аста-секин ҳосил бўлгани тушунилади:
اِحْمارَّ (қип-қизариб кетди).
Бу икки бобда кўпроқ рангларга ва айбли сифатларга далолат қилган феъллар келади.
10. Истифъол боби
1. Бир иш-ҳаракатнинг бажарилиши талаб қилинганини ифодалайди:
نَطَقَ (гапирди) - اِسْتَنْطَقَ (гапириб беришни талаб қилди).
2. Қилинмишнинг бир сифатга эга эканини ақлан топганини ёки бир сифатга эга деб ўйлаганини англатади:
اِسْتَعْظَمَ الأَمْرَ (бу иш жуда буюк иш деб ўйлади).
3. Қилувчи феълдан тушунилган ҳолатга кўчганини билдиради:
اِسْتَحْجرَ الطِّينُ (лой тошга айланди).
4. Мутаъаддий феълни лозимга айлантириш учун:
أَيْقَظَ (уйғотди) - اِسْتَيْقَظَ (уйғонди).
МУСТАҚИЛ ЎҚИШ УЧУН لـلـمـطـالـعـة
Мулҳақлар
Сулосий мазийднинг 7-дарсда кўрсатиб ўтилган 12 бобидан ташқари рубоъийларга ўхшатиб ясалган бошқа 13 боби ҳам бор. Улар рубоъийларга мулҳақ (илова) деб аталади.
دَحْرَجَ га мулҳақ
1. فَعْلَلَ = شَمْلَلَ (тезлади)
2. فَوْعَلَ = حَوْقَلَ (кучсизланди)
3. فَيْعَلَ = بَيْطَرَ (даволади)
4. فَعْوَلَ = جَهْوَرَ (зоҳир бўлди)
5. فَعْنَلَ = قَلْنَسَ (телпак кийди)
6. فَعْلى = قَلْسى (телпак кийгизди)
تَدَحْرَجَ га мулҳақ
1. تَفَعْلَلَ = تَجَلْبَبَ (паранжи ёпинди)
2. تَفَوْعَلَ = تَجَوْرَبَ (пайпоқ кийди)
3. تَفَيْعَلَ = تَشَيْطَنَ (фосиқлик қилди)
4. تَفَعْوَلَ = تَرَهْوَكَ (ҳазмли бўлди)
5. تَمَفْعَلَ = تَمَسْكَنَ (камбағал бўлиб қолди)
اِحْرَنْجَمَ га мулҳақ
1. اِفْعَنْلَلَ = اِقْعَنْسَسَ (ортга чекинди)
2. اِفْعَنْلَى = اِسْلَنْقَى (чалқанча ётди)
Рубоъий فَعْلَلَ билан рубоъийга мулҳақ бўлган فَعْلَلَ ўртасидаги фарқ шундан иборатки, рубоъийда аслий ҳарфлардан бири бўлган тўртинчи ҳарф учинчидан бошқача ҳарф бўлиши керак, рубоъийга мулҳақ бўлган شَمْلَلَ каби сулосий мазийдларда эса فَعْلَلَ га ҳамвазн бўлиши учун учинчи ҳарфнинг худди ўзидан яна битта қўшилган: جَلَبَ - تَجَلْبَبَ , قَعَسَ - اِقْعَنْسَسَ каби.
◄◄◄Аввалига қайтиш