Ислом Нури
Араб тилини ўрганамиз
ЖАНОҲ УТ-ТОЛИБ
( АРАБ ТИЛИ САРФ ФАНИДАН ДАРСЛИК )
РАҲМАТУЛЛОҲ РАСУЛЖОН ЎҒЛИ
6 - ДАРС الـد ر س الـسـاد س
ФЕЪЛ БИНОЛАРИ
Феъллар аслий ҳарфларининг сони ва зоида ҳарфлар қўшилган ёки қўшилмаганлиги эътибори билан тўрт босқичга ажратилади:
1. Сулосий мужаррад (қўшимчасиз учлик) رَكِبَ , صَرَفَ каби.
2. Сулосий мазийд (қўшимчали учлик) اِرْتَكَبَ , اِنْصَرَفَ каби.
3. Рубоъий мужаррад (қўшимчасиз тўртлик) دَحْرَجَ , طَمْأَنَ каби.
4. Рубоъий мазийд (қўшимчали тўртлик) تَدَحْرَجَ , اِطْمَأَنَّ каби.
Сулосий мужаррад
Сулосий мужаррад мозий ва музореъда айнларининг ҳаракатлари турли бўлишига кўра олти боб бўлади:
боб
мозий
музореъ
амр
мисоллар
масдари маъноси
1
فَعَلَ
يَفْعِلُ
اِفْعِلْ
ضَرَبَ
يَضْرِبُ
اِضْرِبْ
урмоқ
2
فَعَلَ
يَفْعُلُ
اُفْعُلْ
نَصَرَ
يَنْصُرُ
اُنْصُرْ
ёрдам бермоқ
3
فَعَلَ
يَفعَلُ
اِفْعَلْ
مَنَعَ
يَمْنَعُ
اِمْنَعْ
қайтармоқ
4
فَعِلَ
يَفْعَلُ
اِفْعَلْ
سَمِعَ
يَسْمَعُ
اِسْمَعْ
эшитмоқ
5
فَعِلَ
يَفْعِلُ
اِفْعِلْ
نَعِمَ
يَنْعِمُ
اِنْعِمْ
юмшоқ бўлмоқ
6
فَعُلَ
يَفْعُلُ
اُفْعُلْ
شَرُفَ
يَشْرُفُ
اُشْرُفْ
шарафли бўлмоқ
Аввалги уч бобнинг мозийсининг айни фатҳали, музореъларининг айни касра, замма ва фатҳалар билан фарқланади. Тўртинчи ва бешинчи бобларда мозийнинг айни касрали, музореъларида фатҳа ва касра билан ажралади. Олтинчи боб эса мозийда ҳам, музореъда ҳам феълнинг айни заммали бўлиши билан ажралиб туради.
Бу олти боб тартиби қуйидаги байтда ёдда сақлашни осонлаштириш учун жамланган:
Фатҳа касра, фатҳа замма, фатҳатони,
Касра фатҳа, касра касра, замматони.
Луғат китобларида ҳар бир феълнинг қайси бобданлиги, айни қандай ҳаракат билан айтилиши кўрсатиб ўтилади.
13 - машқ. Қуйидаги феълларнинг қайси бобдан келишини луғат китоблардан топиб, мозий, музореъ ва амрларда туслаб беринг
سقط (тушмоқ), سأل (сўрамоқ), سرق (ўғирламоқ), مدح (мақтамоқ), قبح (хунук бўлмоқ) زمن (шол бўлмоқ).
ҚЎШИМЧА ДАРС الـتـذيـيـل
Сулосий мужаррад масдарлари
Сулосий мужаррад биносидаги феълларнинг масдарлари умумий бир вазнда келган эмас, шунинг учун юқорида ҳар бир бобнинг масдари вазнини ўз ўрнида кўрсатиб ўтмадик. Сулосий мужаррад феълларининг масдарлари 40тагача вазнда бўлиши кузатилган.
Ҳар бир феълнинг масдарини аниқлаш учун луғат китобларига мурожаат қилинади ва ёдда сақланади. Лекин, мозийси فَعَلَ бўлган аввалги уч бобда лозим феълларнинг масдарлари кўпинча فُعُولٌ вазнида келиши кузатилган: جَلَسَ - جُلُوسٌ (ўтирмоқ), دَخَلَ - دُخُولٌ (кирмоқ), نَهَضَ - نُهُوضٌ (турмоқ).
4 - فَعِلَ - يَفْعَلُ бобида эса лозим феълларнинг масдари кўпинча فَعَلٌ вазнида келади: فَرِح َ - فَرَحٌ (шодланмоқ), عَطِشَ - عَطَشٌ (чанқамоқ).
Бу тўрт бобда мутаъаддий феълларнинг масдари аксар فَعْلٌ вазнида келади: رَفَدَ - رَفْدٌ (бермоқ), رَفَضَ - رَفْضٌ (ташламоқ), خَبَأَ - خَبْءٌ (яширмоқ), حَمِدَ - حَمْدٌ (мақтамоқ).
6 - فَعُلَ يَفْعُلُ бобининг масдари кўпинча فُعُولَةٌ ёки فَعَالَةٌ вазнларида бўлади: سَهُلَ - سُهُولَةٌ (осонлашмоқ), نَظُفَ - نَظَافَةٌ (тоза бўлмоқ).
Касб-ҳунар ва хулқ-одатга далолат қилган феъллар масдари кўпинча فِعَالَةٌ вазнида келади: زِرَاعَةٌ (деҳқончилик қилмоқ), تِجَارَةٌ (савдогарчилик қилмоқ), حِيَاكَةٌ (тўқувчилик қилмоқ), خِيَانَةٌ (хоинлик қилмоқ), فِرَاسَةٌ (фаросатли бўлмоқ).
Овоз ва қичқириққа далолат қилган феъллар масдари فُعَالٌ ва فَعِيلٌ вазнларида келади: صُرَاخٌ (қичқирмоқ), بُكَاءٌ (додламоқ), زَئِيرٌ (бўкирмоқ), أَنِينٌ (инграмоқ).
Бетўхтов ва тинимсиз ҳаракатга далолат қилган феъллар масдари فَعَلانٌ ва فَعَلٌ вазнларида келади: غَلَيَانٌ (қайнамоқ), نَزَوانٌ (ирғимоқ), هَرَبٌ (қочмоқ), طَلَبٌ (қидирмоқ).
14 - машқ. Қуйидаги феълларни ёд олинг ва туслаб беринг:
ثَقُلَ - ثَقالَةٌ (оғир бўлмоқ), رَفَعَ - رَفْعٌ (кўтармоқ), خَدَعَ - خَدْعٌ (алдамоқ), رَعِنَ - رُعُونَةٌ (ақлсиз бўлмоқ), خَرِسَ - خَرَسٌ (гунг бўлмоқ), زَمَرَ - زَمِيرٌ (най чалмоқ), طارَ - طَيَرانٌ (учмоқ), دَبَرَ - دُبُورٌ (ўтмоқ).
МУСТАҚИЛ ЎҚИШ УЧУН لـلـمـطـالـعـة
1. Янги учраган феълнинг бу олти бобнинг қайси бириданлигини аниқлаш учун луғат китобларига мурожаат қилиш керак. Шундай бўлса-да, ҳар бир боб баъзи бир белгиси билан бошқа боблардан ажратиб олиш имкониятини беради:
а) 3 - فَعَلَ يَفْعَلُ бобидаги феълларнинг айни ёки ломи бўғиз ҳарфлари( ء ه ع ح غ خ ) дан бўлиши керак: جَعَلَ - جَعْلٌ (қилмоқ), خَضَعَ - خُضُوعٌ (эгилмоқ).
б) Айни ва ломи бир хил ҳарф бўлган феъл агар лозим феъл бўлса биринчи бобдан, мутаъаддий феъл бўлса иккинчи бобдан келади: فَرَّ - فِرار ٌ (қочмоқ), رَدَّ - رَدٌّ (қайтармоқ).
ж) 6 - فَعُلَ يَفْعُلُ бобида келган феъллар нарсада ўз ихтиёрисиз вужудга келган табиий сифатларга ва туғма белгиларга далолат қилади: حَسُنَ - حُسْنٌ (чиройли бўлмоқ), صَغُرَ - صِغَرٌ (кичик бўлмоқ). Шунинг учун бу бобдаги барча феъллар ўтимсиз - лозим феъллардир. Аввалги беш бобда эса ўтимли ва ўтимсиз феъллар кела олади.
д) Хафалик, шодлик, касаллик ва муваффақиятсизлик маъносидаги феъллар ва шунингдек рангларга ва айбли сифатларга далолат қилган феъллар 4 - فَعِلَ يَفْعَلُ бобида келади: تَرِحَ - تَرَحٌ (хафа бўлмоқ), جَذِلَ - جَذَلٌ (шодланмоқ), سَقِمَ - سَقَمٌ (касал бўлмоқ), خَضِرَ - خَضَرٌ (ям-яшил бўлмоқ), عَرِجَ - عَرَجٌ (чўлоқ бўлмоқ), عَجِمَ - عَجَمٌ (дудуқ бўлмоқ).
ҳ) 5 - فَعِلَ يَفْعِلُ бобида жуда оз, саноқли феъллар бор. Луғатшунослар берган маълумотларга қараганда, бу бобда фақат қуйидаги феълларгина келган:
حَسِبَ يَئِسَ نَعِمَ يَبِسَ وَمِقَ وَفِقَ وَثِقَ وَرِعَ وَرِمَ وَلِهَ وَرِيَ وَلِيَ .
2. а) Баъзи феъллар мужарраднинг икки бобида истеъмол қилинади: بَذَلَ -ُِ- بَذْلٌ (бермоқ), حَمِقَ - ва حَمُقَ - حُمْقٌ (ахмоқ бўлмоқ).
б) Баъзи феъллар уч бобда ҳам келиши мумкин: جَنَحَ -َ-ِ-ُ جُنُوحٌ (мойил бўлмоқ), شَمَلَ -ِ-ُ ва شَمِلَ -َ شُمُولٌ (умумлашмоқ).
ж) Баъзи феъллар мужарраднинг бир бобида бир маънода бўлса, бошқа бобида бошқа бир маънони ифодалайди: قَصَرَ -ِ قَصْرٌ (тўхтатмоқ), قَصَرَ -ُ قُصُورٌ (ожизлик қилмоқ), قَصُرَ -ُ قِصَرٌ (қисқа бўлмоқ).
д) Баъзи феъллар сулосий мужарраднинг бир бобида лозим бўлса, бошқа бобида мутаъаддий бўлиб келади: حَزَنَ -ُ حُزْنٌ (хафа қилмоқ), حَزِنَ -َ حَزَنٌ (хафа бўлмоқ), خَفَى -ِ خُفِيٌّ (яширмоқ), خَفِيَ -َ خَفَاءٌ (яширин бўлмоқ).
◄◄◄Аввалига қайтиш