Ислом Нури
Араб тилини ўрганамиз
ЖАНОҲ УТ-ТОЛИБ
( АРАБ ТИЛИ САРФ ФАНИДАН ДАРСЛИК )
РАҲМАТУЛЛОҲ РАСУЛЖОН ЎҒЛИ
5 - ДАРС ا لـد ر س الخـامـس
ЛОЗИМ ВА МУТАЪАДДИЙ
Бир ҳолат ёки иш-ҳаракат бажарувчида пайдо бўлиб, бошқа нарсага таъсир этмаса, қилувчининг ўзидагина кўриниш берса феъли лозим - ўтиимсиз феъл деб аталади. Масалан: نَامَ الْوَلِيدُ - “бола ухлади” жумласидаги ухламоқ феиъли болада пайдо бўлиб, бошқага ўтмайдиган ва бўлакка дахлсиз феълдир.
Агар бажарувчидан содир бўлган ишнинг асари бошқа нарсада кўринса, феъл бўлак нарсага таъсир этса феъли мутаъаддий - ўтимли феъл дейилади. Масалан: قَطَعَ الْخادِمُ الْخُبْزَ - “хизматчи нонни кесди” жумласида кесиш иши хизматчидан содир бўлиб, бизга нонда кўринади. Кесиш ишини вужудга келтириш учун кесувчи зарур бўлгани каби кесиладиган нарсасиз ҳам бу ишни тасаввур қилиб бўлмайди. Хизматчи кесди дейилганда, нимани кесди экан деган савол туғилади ва бундан сўнг اَلْخُبْزَ ёки اَللَّحْمَ деса керак деб кутамиз.
Феълнинг ўтимсиз ёки ўтимлилиги маъносидан билинади. Лозим - ўтимсиз феълдан кейин ким ёки нима деган савол туғилади. Мутаъаддий - ўтимли феълдан кейин эса ким тарафидан бажарилгани айтилса ҳам, яна кимни ёки нимани деб сўрашга мажбур бўламиз.
12-машқ. Қуйидаги феълларни лозим ва мутаъаддийга айириб, икки стун қилиб ёзинг:
كَتَبَ قَعَدَ لفَهِمَ طَبَخَ نَامَ اَكَلَ وَجَدَ جَاءَ اِسْتَيْقَظَ رَكَضَ رَأَى شَرِبَ حَفِظَ عَطِشَ أَحَبَّ ضَحِكَ مَشَى بَرَى سَمِعَ اِحْتَرَمَ كَنَسَ نَشَّفَ كَانَ قَمَطَ خَاطَ قَدَّمَ نَزَلَ مَكَثَ اِنْصَرَفَ غَرِقَ .
ҚЎШИМЧА ДАРС الـتـذيـيـل
ТАЪДИЯ ВА МУТОВАЪА
Ўтимсиз феълни ўтимлига ёки аксинча, ўтимли феълни ўтимсизга айлантириш мумкин. Масалан: ўзбек тилида “ухлади” феълидан орага “т” қўшиб “ухлатди” ўтимли феъли ясалади. Шунингдек, “кўрди” ўтимлисидан “кўринди” ўтимсиз феълини ясаш мумкин.
Араб тилида лозим феълларни мутаъаддийга айлантириш учун:
1. Сулосий мужарраддан лозим феъллар олдига ҳамзаи қатъийя қўшилади. М: وَصَلَ (етди) - أَوْصَلَ (етказди), ذَهَبَ (кетди) - أَذْهَبَ (кетказди), خَرَجَ (чиқди) - أَخْرَجَ (чиқарди).
2. ~ки феълнинг айни бўлган ҳарфнинг ўзидан қўшилади. М: وَسِخَ (ифлос бўлди) - وَسَّخَ (ифлос қилди), قَدِمَ (келди) - قَدَّمَ (келтирди).
3. Феълга ўзгартиш киритмасдан, қилинмишга بِ кўмакчиси қўшилади: قَعَدَ (ўтирди) - قَعَدَ بِهِ الْفَقْرُ (уни камбағаллик ўтиргизди).
Лозимни мутаъаддийга айлантириш таъдия дейилади. Мутаъаддий феълни лозимга айлантиришни мутоваъа дейилади. Чунончи, جَمَعَ (тўплади) Õ اِجْتَمَعَ (тўпланди), كَسَرَ (синдирди) Õ اِنْكَسَرَ (синди).
МУСТАҚИЛ ЎҚИШ УЧУН لـلـمـطـالـعـة
Мутаъаддий феъллар уч хил бўлади:
1. Бир қилинмишга ўтувчи: أَحْضَرْتُ الدَّرْسَ (дарсни тайёрладим), كَتَبْنَا الْخَطَّ (хатни ёздик) каби.
2. Иккита қилинмишга ўтувчи:
а) أْعْطَيْتُ كَرِيماً كُرّاساً (Каримга дафтар бердим), سَاَلْنَا فَرِيدًا قَلَمًا (Фариддан қалам сўрадик), هَلْ كَسَوْتَ وَلِيدًا قَمِيصًا (болага кўйлак кийдирдингми$), مَنَعَ الْبَخِيلُ سَائِلاً دِرْهَمًا (бахил гадойдан тангани қизғонди).
б) عَلِمْتُ الْعُلَمَاءَ خِيَارَ النَّاسِ (олимларни одамларнинг сараси деб билдим), اَظُنُّ سَعِيدًا مُجْتَهِدًا (Саидни тиришқоқ ўқувчи деб ўйлайман).
3. Учта қилинмишга ўтувчи: أَعْلَمْتُ حَكِيمًا جَمِيعَ الْعُلُومِ نَافِعًا (Ҳакимга: “ҳамма илмлар фойдалидир” деб уқтирдим).
Лозим феъллар икки хил бўлади:
1. Феъл - бажарувчи тарафидан вужудга келган бошқа нарсага дахлсиз бир ҳаракатдан иборат. دَخَلَ الْمُعَلِّمُ , قَامَ التِّلْمِيذُ , قَعَدَ عَلَى الْكُرْسِيِّ каби.
2. Феъл - бажарувчида ўз ихтиёрисиз пайдо бўлган бир ҳолатдан ёки ўзгармас сифатдан иборат. حَسُنَ وَجْهُهُ (юзи гўзаллашди), كَثُرَ الأَوْلادُ (бола-чақалар кўпайди), عَطِشَ الْوالِدُ (ота чанқади) каби.
◄◄◄Аввалига қайтиш