Ислом Нури
Араб тилини ўрганамиз
ЖАНОҲ УТ-ТОЛИБ
( АРАБ ТИЛИ САРФ ФАНИДАН ДАРСЛИК )
РАҲМАТУЛЛОҲ РАСУЛЖОН ЎҒЛИ
27 - ДАРС الـدرس الـسـابـع و الـعـشـرون
ИСМИ ОЛАТ
Бир ишни бажаришда ишлатиладиган қурол ва асбоб номи исми олат дейилади. Исми олат қурол ёрдамида қилинадиган мутаъаддий феъллардангина ва сулосий мужарраддангина ясалади. У кўпроқ уч хил вазнда учрайди:
1. مِـفْـعَـلٌ
مِبْرَدٌ - эгов, مِقَصٌّ - қайчи, مِحْوَرٌ - (нарса) ўқи, مِقْلًى - това
2. مِـفْـعَـلَـةٌ
مِكْنَسَةٌ - супурги, مِجَنَّةٌ - қалқон, مِرْوَحَةٌ - елпиғич, مِصْفَاةٌ - сузгич
Бу икки вазндаги исмлар مَـفَـاعِـلُ вазнида жамъ қилинади:
مِسْطَرٌ - مَسَاطِرُ , مِحَشٌّ - مَحَاشُّ , مِقْلًى - مَقَالٍ , مِلْعَقَةٌ - مَلاعِقُ , مِظَلَّةٌ - مَظَالُّ , مِبْرَاةٌ - مَبَارٍ
3. مِـفْـعَـالٌ
مِصْبَاحٌ - чироқ, مِعْيَارٌ - ўлчов, (مِوْزَانٌ) مِيزَانٌ - тарози, (مِئْزَابٌ) مِيزَابٌ - тарнов
Бу вазндаги исми олатлар жамъи مَـفَـاعِـيـلُ вазнида бўлади:
مِفْتَاحٌ - مَفَاتِيحُ , مِقْيَاسٌ - مَقَايِيسُ , مِيزَانٌ - مَوَازِينُ
Музоъафлар кўпроқ аввалги икки вазнда ва ноқислар иккинчи вазнда келган.
79 - машқ. Қуйидаги исми олатларнинг феълини аниқланг ва маъносини луғатлардан топинг.
مِطْرَقَةٌ , مِنْشَفَةٌ , مِنْشَارٌ , مِنْجَلٌ , مِرْوَدٌ , مِسْمَعٌ , مِغْطَسٌ , مِرْقَاةٌ , مِشْرَطٌ , مِئْذَنَةٌ , مِهْبَطٌ , مِحْرَابٌ , مِدْفَأَةٌ , مِذْيَاعٌ , مِكْوَاةٌ , مِشْكَاةٌ
ҚЎШИМЧА ДАРС الـتـذيـيـل
Исми олат вазнлари
مِفْعَالٌ вазни иш асбобларининг катта ҳажмдагисини англатади ва مِفْعَلٌ вазни эса кичик асбобни билдиради: مِفْتَاحٌ - катта калит, مِفْتَحٌ - кичик калит
Бундан ташқари, баъзи исми олатлар مُفْعُلٌ ва مًفْعُلَةٌ вазнларида ҳам келган:
مُنْخُلٌ - элак, مُكْحُلَةٌ - сурмадон, مُدُقٌّ - келича сопи, مُدْهُنٌ - ёғлиқ
Ҳозирги араб тилида янги замонавий қурол ва асбоблар оти فَـعَّـالَـةٌ вазнида ясалади:
دَرّاجَةٌ - велосипед, سَيَّارَةٌ - автомобил, دَبَّابَةٌ - танк, جَرَّارَةٌ - трактор,
غَوَّاصَةٌ - сувости кемаси, ثَلاَّجَةٌ - музлатгич, دَوَّاسَةٌ - педал, زَلاَّجَةٌ - чанғи.
МУСТАҚИЛ ЎҚИШ УЧУН لـلـمـطـالـعـة
Баъзи вазнларнинг хусусиятлари
فُـعَـالٌ
Бу вазнда бўлган сўзлар кўпинча қичқириш ва маъраш маъноларини англатади:
جُؤَارٌ - туя бўкириши, خُؤَارٌ - мол маъраши, ثُغَاءٌ - қўй баъраши, مُوَاءٌ - миёвлаш,
بُكَاءٌ , صُرَاخٌ , دُعَاءٌ , اُحَاحٌ , جُشَاءٌ , هُتَافٌ каби.
فُـعَـالَـةٌ
Бир ишни қилишдан ҳосил бўлган чиқинди ва қолдиқ нарсалар маъносини англатади:
قَرْضٌ (қирқмоқ) - قُرَاضَةٌ (қиринди), بَرْيٌ (йўнмоқ) - بُرَايَةٌ (пайраха),
قَمٌّ (супурмоқ) - قُمَامَةٌ (супуринди), نَخْلٌ (эламоқ) - نُخَالَةٌ (кепак).
فِـعَـالَـةٌ
Ўралган ёки бирор нарсани ўраб оладиган нарсалар оти فِعَالَةٌ вазнида ясалади:
عِمَامَةٌ - салла, غِشَاوَةٌ - парда, قِلاَدَةٌ - тақинчоқ, мунчоқ, عِلاَقَةٌ - белбоғ, қиличбоғ,
عِصَابَةٌ - салла, гуруҳ, жамоат, عِلاَوَةٌ - қўшимча юк.
◄◄◄Аввалига қайтиш