Ислом Нури

Муслималар учун

 

Бешинчи бўлим

Истиҳоза ва унинг ҳукмлари ҳақида

Истиҳоза – аёл кишида ҳеч тўхтамайдиган ёки оз муддат, бир-икки кун тўхтаб, яна давом этадиган қондир.

Биринчи ҳолат – яъни ҳеч тўхтамайдиган, ойлаб, ҳатто йиллаб давом этадиган истиҳозага далил «Саҳиҳ Бухорий»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисдир: «Фотима бинт Аби Ҳубайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Ё Расулуллоҳ, мен ҳеч пок бўлмайман» деди. Бир ривоятда: «Истиҳоза бўлиб, пок бўлмайман» деди.

Иккинчи, яъни қон кам тўхтайдиган ҳолатга далил: Ҳамна бинт Жаҳш Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен қаттиқ истиҳоза бўламан» деди (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ривоятлари).

 

Мустаҳозанинг ҳолатлари:

Мустаҳоза – яъни узлуксиз қон кўрадиган аёлнинг учта ҳолати бор:

1)                 Истиҳозалигидан илгариги маълум ҳайз кунларининг бўлиши. Ўша кунлари келганда унга ҳайзнинг ҳукмлари татбиқ бўлади, бошқа кунларда эса истиҳоза ҳисобланиб, унга мустаҳозанинг ҳукмлари татбиқ этилади. Бунга мисол: Бир аёл ҳар ойнинг бошида 6 кун ҳайз кўрарди, сўнг давомий қон кўрадиган мустаҳоза бўлиб қолди. Ҳар ойнинг бошидан 6 кунни унинг ҳайзи деб белгиланади, қолган кунлар истиҳозага ҳисоб қилинади. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда айтилади: Фотима бинт Ҳубайш: «Ё Расулуллоҳ, мен мустаҳозаман, тоза бўлмайман, намоз ўқимайманми?» деб сўради. «Йўқ, бу томирдан (келувчи қондир), илгари ҳайз кўрадиган кунларинг миқдорида намоз ўқима, сўнг ювиниб намоз ўқийвер» дедилар (Бухорий ривояти). «Саҳиҳ Муслим»да Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳабиба бинти Жаҳшга: «Истиҳозадан аввал ҳайзинг сени неча кун намоздан тўсган бўлса, шунча кун кутиб тур, сўнг ювиниб ўқийвер» дедилар. Шунга кўра, ҳайз кунлари маълум бўлган мустаҳоза ўша кунлари миқдорида ўтиради, сўнг ювиниб намозини ўқийверади, кейинги қонга парво қилмайди.

2)                 Истиҳоза бўлишидан илгари маълум ҳайз кунларининг бўлмаслиги, яъни аввал бошидаёқ биринчи кўрган қони истиҳоза бўлиб давом этиши. Бу аёл келаётган қоннинг ўзгаришига қараб амал қилади. Қоннинг қоралиги ё ғализлиги ё ҳидига қараб, уни ҳайз қони деб эътибор қилинади ва унга ҳайзнинг ҳукмлари татбиқ этилади ва бундан бошқа ҳолатда истиҳозага ҳисоб қилиниб, истиҳозанинг ҳукмлари татбиқ бўлади. Бунга мисол: Бир аёл биринчи бор қон кўргандаёқ давомий қон кўрди, лекин ойнинг 10 кунида қорароқ, қолган кунларда эса қизилроқ ёки 10 кун қўйиқроқ, қолганида оддий ёки 10 кун ҳидли, қолганида ҳидсиз қон кўрди. Ўша ғализроқ ё қорароқ ё ҳидлироқ кунларни ҳайз деб олади, қолган кунларни истиҳоза ҳисоблайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Фотима бинти Аби Ҳубайшга айтган сўзларига мувофиқ: «Агар ҳайз қони бўлса, у қорароқлигидан билинади. Агар шундай бўлса намоздан тийилиб тур, бошқача бўлса таҳорат олиб намоз ўқи. Чунки у томир(дан келган қондир)» (Абу Довуд, Насоий ривоятлари). Ушбу ҳадиснинг санади ва матни баҳсталаб бўлса-да, аҳли илмлар шунга амал қилганлар. Мустаҳозанинг ҳайз кунларини белгилашда аксар аёлларнинг одатини эътиборга олишдан кўра мазкур ҳадисга чеклаш яхшироқдир.

3)                 Маълум бир ҳайз кунларининг бўлмаслиги ва қонда аниқ фарқ ҳам билинмаслиги. Яъни қон кўришни бошлаганидан қони бир хил кўринишда ёки турли сифатларда-ю, лекин у сифатлар билан қонни ҳайз деб белгилаб бўлмайди. Бундай ҳолатда аксар аёлларнинг одатига амал қилади. Яъни, қон кўрган муддатининг биринчи кунидан бошлаб 6 ёки 7 кунни ҳайз деб, қолган кунлар истиҳоза деб ҳисоб қилинади. Бунга мисол: Қон кўришни ойнинг бешинчи кунида бошланди ва давомий бўлди, уни ҳайз эканини ажратадиган ранги ё бошқа сифати йўқ. Бу аёл ҳар ойнинг бешинчи кунидан бошлаб 6 ёки 7 кунни ҳайз деб белгилайди. Ҳамна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо деди: «Ё Расулуллоҳ, мен жуда қаттиқ ва кўп истиҳоза бўламан. Бу мени намоз ва рўзадан тўсади. Шу ҳақда нима дейсиз?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сенга матони (яъни пахтани) қандай ишлатишни айтиб бераман. Уни фаржга қўясан, шу қонни тўхтатади». У: «Бу ундан кўра кўпроқ» деди. «Бу шайтоннинг зарбасидир. Аллоҳ таоло (унинг қайси бири тўғри эканини) билган 6 ёки 7 кунни ҳайз деб олгин, сўнг ювингин. Тоза бўлганингга ва покланганингга аниқ ишонч ҳосил қилсанг, (6 кун бўлса) 24 ё ( 7 кун бўлса) 23 кун намоз ўқи ва рўза тут» (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ривоятлари.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг 6 ё 7 кун деган сўзлари ихтиёр бериш учун эмас, балки ижтиҳод учун эди. Яъни, аёл хилқатда ўзига ўхшаш ёки ёш жиҳатидан ўзига яқин, ўзининг ҳолатига ўхшашроқ бўлган аёлларга, шунингдек қонининг ҳайзга ўхшайдиган ҳолатига ва шу кабиларга қарайди, 6 кун бўлишига яқинроқ деб билса 6 кунни, 7 кун бўлишига яқинроқ билса 7 кунни ҳайз деб олади.

4)                 Мустаҳозага ўхшаб кетадиган аёлнинг ҳоли

Гоҳо аёлнинг фаржидан қон келиб туришига олиб келадиган сабаблар вужудга келиб қолади. Масалан, бачадонида ёки ундан қуйироқ қисмларда жарроҳлик амалиёти қилиш каби ҳолат. Бу икки турли:

Биринчи тур: Бачадонни бутунлай олиб ташлаш ёки қон келмайдиган қилиб тўсиб юбориш амалиёти қилингач, ҳайз кўрмаслиги аниқ бўлган аёлга истиҳоза ҳукмлари татбиқ бўлмайди. Ундай аёлнинг ҳукми ҳайздан поклангандан кейин сариқ ёки хира ранглик суюқлик ё рутубат кўрган аёл ҳукмида бўлади. Бу ҳолда намоз, рўзани тарк қилмайди, жимоъдан қайтарилмайди ва бу қон учун ғусл вожиб бўлмайди. Лекин намоз пайтида қонни ювиш ва қонни тўсиш учун фаржга бирон матони тутиб олиш лозим бўлади. Сўнг намозга таҳорат қилади, таҳоратни намоз вақти кирганидан сўнггина олади. Агар нафл намозлар ўқимоқчи бўлса ўқиш олдидан таҳорат қилади.

Иккинчи тур: Жарроҳлик амалиётидан кейин ҳайз кўрмай қолиши маълум бўлмаса, балки ҳайз кўриши мумкин бўлса, унинг ҳукми мустаҳозанинг ҳукмидек бўлади. Бунга айтиб ўтганимиз Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Фотима бинти Аби Ҳубайшга айтган сўзлари далил бўлади: «Балки бу томир (қони), ҳайз эмас. Агар ҳайз муддати келса намоз ўқимай тур». «Агар ҳайз муддати келса» деган сўзларидан маълум бўладики, ҳайзи келиб кетиб туриши мумкин бўлган аёлга мустаҳоза деб ҳукм қилинади. Аммо кимнинг ҳайзи келиши мумкин бўлмаса, унинг қони ҳар қандай ҳолатда томир қонидир.

 

Истиҳозанинг ҳукмлари

Қон қачон ҳайз, қачон истиҳоза бўлади, қачон унга ҳайз ҳукмлари татбиқ этилади-ю, қачон истиҳоза ҳукмлари татбиқ этилади, буларнинг барчасини юқорида билиб ўтдик.

Ҳайзнинг муҳим ҳукмлари ҳам айтиб ўтилди.

Истиҳозанинг ҳукмлари ҳудди покликнинг ҳукмлари кабидир. Ҳайздан пок аёллар билан мустаҳоза орасида фақат қуйидаги фарқлар мавжуд:

1)              Ҳар намозда таҳорат қилиш вожиблиги. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Фотима бинти Аби Ҳубайшга: «Сўнг ҳар намозга таҳорат қил» деган сўзлари далил бўлади (Бухорий ривояти). Бунинг маъноси ҳар бир намозга унинг вақти киргандан сўнг таҳорат қилади. Нафл намозларга эса ўқишни ирода қилган пайтда таҳорат қилади.

2)              Қондан тозаланиш. Таҳорат қилишдан аввал қон теккан ўринларни ювади ва қонни тутиб туриш учун фаржга пахта ёки бирон шунга мосланган боғлама қўйиб олади. Бунинг далили юқорида ўтган ҳадислар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога дедилар: «Сенга матони (яъни пахтани) қандай ишлатишни айтиб бераман. Уни фаржга қўясан, шу қонни тўхтатади». У: «Бу ундан кўра кўпроқ» деди. «Бирон хос кийим кийгин» дедилар. У: «Бу ундан кўра кўпроқ» деди. «Устидан бирон қалин нарсани маҳкамлаб ол» дедилар». Шундан кейин ҳам қон чиқадиган бўлса, зарари йўқ. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима бинти Аби Ҳубайшга шундай дедилар: «Ҳайз кунларинг миқдорида намоз ўқимай тур, сўнгра ғусл қилгин ва ҳар бир намозга таҳорат ол, кейин намоз ўқийвер гарчи қон бўйрага томса ҳам» (Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари).

3)              Жимоъ. Уламолар унинг жоизли хусусида турли фикрлар билдиришган. Тўғрироғи унинг мутлақ жоизлигидир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида кўплаб, яъни ўнлаб аёллар мустаҳоза бўлганлар. Аллоҳ ва Расули уларни жимоъдан қайтармаган. Балки Аллоҳнинг Каломида: «Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз» (Бақара: 222) дейилган. Бу оят бундан бошқаларда аёллардан четланмасликка далилдир. Чунки бу аёлларга намоз жоиз, жимоъ эса  намоздан анча енгил. Мустаҳозанинг жимосини ҳоизнинг жимосига қиёслаш тўғри эмас. Чунки жимоъни ҳаром дегувчилар ҳам ҳайз билан истиҳозани бир хил демайдилар. Шундай экан, фарқли нарсаларни бир-бирига қиёслаш нотўғри.

◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

   ЮкоригаÎ