Ислом Нури

Муслималар учун

 

Олтинчи бўлим

Нифос ва унинг ҳукми ҳақида

Нифос – туғиш сабабли бачадондан келадиган қон бўлиб, у туғишдан 2-3 кун аввал тўлғоқ билан ё кўз ёриш пайти ёки ундан кейин келади.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Тўлғоқ тутган пайтда келган қон нифосдир, у икки-уч кунга боғлиқ эмас, унинг белгиси тўлғоқ. Акс ҳолда у нифос бўлмайди».

Уламолар унинг муддати ҳақида турли фикрлар билдиришган. Шайхулислом Ибн Таймия «Шариат соҳиби ҳукмларни боғлиқ қилган исмлар» рисоласида айтади: «Нифос кунларининг оз-кўпига чегара йўқ. Мабодо аёл киши 40, 60 ёки 70 кундан кўпроқ қон кўриб, сўнг қони тўхтаса, у нифосдир. Лекин давом этаверса у фасод қондир. Шу пайтда ҳадисларда келган аксар муддат ҳисобланган 40 кунни чегара қилиб олинади».

Демак, шунга кўра агар қони 40 кундан ошиб кетса ва унинг шу муддатдан кейин тўхташ одати бўлса ёки тўхташга яқинлик аломатлари кўриниб қолса, тўхтагунича кутиб туради. Агар ундай бўлмаса 40 кун тўлгач ювинади. Чунки 40 кун нифоснинг аксар муддатидир. Мабодо шу кунда унинг ҳайз даври бошланиб қолса ҳайзи тугагунича кутади. Шундан сўнг тўхтаса, мана шу унинг одати деб эътибор қилинади ва кейинги сафарларда шунга мувофиқ иш тутади. Агар қон келиши давом этаверса, у мустаҳоза саналиб, мустаҳозанинг ҳукмларига амал қилади.

Агар қон 40 кундан олдин тўхтаса, у покланган ҳисобланади. Ғусл қилиб намоз ўқийди, рўза тутади, эри у билан жимоъ қилаверади. Бироқ  бир кундан озроқ муддатда қони тўхтаса унинг ҳукми йўқ. «Муғний»да шундай дейилган.

Аёл кишидан инсон шаклини олган ҳомила тушсагина нифос ҳукми татбиқ бўлади. Агар ҳомила илк ойларда тушган бўлса ва унда одам шакли аниқ билинмаган бўлса, у қон нифос қони эмас, балки томир қони бўлиб, ҳукми мустаҳозанинг ҳукми кабидир. Одам шакли аниқ билинадиган муддатнинг энг ками ҳомила бошлангандан 80 кун ва кўпроғи 90 кундан кейин бўлади.

Нифоснинг ҳукмлари

Нифоснинг ҳукмлари худди ҳайзнинг ҳукмлари билан бир хил бўлиб фақат қуйидагиларда фарқ қилади:

1)                 Иддада. Талоқ нифосга боғлиқ бўлмайди. Чунки туғишдан илгариги талоқнинг иддаси туғиш биланоқ тугайди, нифоснинг тугаши билан эмас. Туғишдан кейинги талоқда эса илгари айтиб ўтилганидек ҳайзнинг келиши кутилади.

2)                 Ийло муддатида. Бунда ҳайз кунлари ҳисобга олинади, нифос кунлари ҳисобга олинмайди. Ийло – киши аёлини ҳеч қачон жимоъ қилмасликка ёки тўрт ойдан зиёд жимоъ қилмасликка қасам ичишидир. Агар эр қасам ичса ва аёл жимоъни талаб қилса унга қасамидан бошлаб тўрт ой муддат берилади. Шу муддат тугаса жимоъга мажбур қилинади ёки аёлнинг талаби билан ажрашиб кетишга мажбур қилинади. Агар аёл шу муддат ичида нифос кўриб қолса, нифос кунлари эрнинг қасами муддатига ҳисоб қилинмайди. Ҳайзда эса аксинча, унинг кунлари эрга ҳисоб қилинади.

3)                 Балоғатга етишда. Бу ҳайз билан эътиборга олинади, нифос билан эмас. Чунки аёл ҳайз кўрмасдан илгари ҳомиладор бўлиши мумкин эмас. Демак, балоғатга етиш ҳомиладорликдан илгариги келган ҳайз қони билан эътиборга олинади.

4)                 Ҳайзда агар одатдан илгари пок бўлса, эрига жимоъси жоиз, макруҳ эмас. Аммо нифосда 40 кундан илгари пок бўлса эрига жимоъси макруҳлиги (Ҳанбалий) мазҳабда машҳур. Тўғрироғи, жимоъ қилиш макруҳ эмас. Уламолар жумҳури ҳам макруҳ эмас деганлар. Чунки “макруҳ” шаръий ҳукм бўлиб, шаръий далилга муҳтож бўлади. Бу масалада имом Аҳмад Усмон ибн Абул Осдан келтирган ривоятдан бошқа ҳеч нарса келмаган. Аёли унга 40 кундан илгари яқинлашганида: «Менга яқинлашма» деган эди. Бу макруҳликни тақозо қилмайди. Чунки Абул Ос унинг пок бўлганига ишонч ҳосил қилмаганидан эҳтиёт юзасидан хавф қилган бўлиши мумкин ёки жимоъ сабаб қон қўзғалиб кетишидан ташвиш қилган бўлиши мумкин. Ёки бошқа сабаблар бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ билувчироқ.

5)                 Нифос қонининг қирқ кундан аввал қайтиб келиши. Нифос бўлиши мумкин бўлган муддатда қайтадиган бўлса, нифос, акс ҳолда ҳайз, аммо давом этаверса истиҳоза ҳисобланади. Бу Муғнийда имом Моликдан нақл қилинган ривоятга яқиндир, у шундай дейди: “Нифос қони тўхтаганидан кейин 2-3 кундан кейин қайтадан қон кўрадиган бўлса нифос, муддат ундан кўпроқ бўлса ҳайздир.”

 

Еттинчи фасл

Ҳайзни келтирадиган ёки тўсадиган ва ҳомилани туширадиган ёки олдини оладиган нарсаларни ишлатиш ҳақида

Аёлнинг ҳайзни тўсадиган нарсани ишлатиши икки шарт билан жоиз:

1)               Ўзига зарар етиши хавфи бўлмаслиги керак. Агар зарар етишини билса ишлатиши жоиз бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Ва ўзингизни ҳалокатга ташламанг!» (Бақара: 195), «Ўзингизни ўлдирмангиз!» (Нисо: 29).

2)               Агар бу эрга тааллуқли бўлса, эрнинг рухсати билан бўлиши лозим. Яъни агар аёл нафақаси эр зиммасига вожиб бўладиган иддада ўтирган бўлса, муддатни чўзиш ва нафақасини ошириш учун ҳайзни тўсадиган нарсани ишлатиши эрнинг рухсатисиз мумкин эмас. Шунингдек, ҳайзни тўсадиган нарса ҳомилани ҳам тўсиши аниқ бўлса, бунда ҳам эрнинг рухсати зарур. Жоизлиги собит бўлган тақдирда ҳам бундай нарсаларни фақат зарурат бўлгандагина ишлатиш афзал. Чунки табиийликдан узоқлашиш саломатликнинг бузилишига олиб келиши мумкин.

Ҳайзни келтирадиган нарсаларни ишлатиш ҳам икки шарт билан жоиз:

1)              Фарзни адо қилмаслик учун қилинган ҳийла бўлмаслиги лозим. Масалан, Рамазонга яқин қолганда рўза тутмаслик ва намоз ўқимаслик учун ёки шунга ўхшаш сабаблар учун.

2)              Бу эрнинг рухсати билан бўлиши керак. Чунки ҳайз кўриши эрининг ундан тўла фойдаланишига монеълик қилади. Эрнинг ҳаққига моне бўладиган нарсани фақат унинг розилиги билангина ишлатиш жоиз. Агар талоқ қилинган бўлса ва талоғи ражъий бўлган ҳолда бу иши билан эридан уни қайтариб олиш ҳаққи бекор бўлишини тезлатган бўлиб қолади.

Ҳомилани олдини оладиган нарсаларни ишлатиш ҳам икки турга бўлинади:

1)                  Давомий равишда тўсиш жоиз эмас. Чунки бу ҳомиладорликни тўсади натижада эса насл камаяди. Бу шариат соҳибининг Ислом Умматини кўпайтиришдаги мақсадига хилофдир. Шунингдек, аёлнинг болалари бирин-кетин ўлиб, фарзандсиз ўзи ёлғиз қолмаслигига кафолат йўқ.

2)                  Вақтинча тўсиб туриш. Масалан, аёл тез ҳомиладор бўлиб қоладиган бўлса ва бу унга оғирлик қилса, ҳомиладорликни ҳар икки йилда бир бўладиган қилиб тартиблаши мумкин. Фақат бунда эрнинг рухсати шарт ҳамда ўзига зарар етмаслиги керак. Далил шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида саҳобалар аёллари ҳомиладор бўлмаслиги учун улардан азл қилишар ва бундан қайтарилмаганлар. Азл – жимоъ пайтида манийни ташқарига тўкишдир.

Ҳомилани туширадиган нарсаларни ишлатиш ҳам икки турга бўлинади:

1)               Туширишдан мақсад – йўқ қилиш бўлса. Бу агар ҳомилага руҳ (жон) киритилгандан сўнг бўлса, шубҳасиз, ҳаром. Чунки бу бир жонни ноҳақ ўлдириш ва бир инсонни йўқ қилиш бўлиб, Китобу Суннат ва мусулмонлар ижмоси (иттифоқи) билан ҳаромдир. Агар руҳ киритилишидан илгари бўлса, унинг жоизлиги ҳақида олимлар турли фикрлар билдирганлар. Айримлари мумкин, айримлари мумкин эмас деганлар, баъзилари ҳали алақа бўлмаган бўлса яъни, 40 кунликдан ўтмаган бўлса жоиз деса, баъзилари инсон хилқати аниқ бўлмаган бўлса жоиз дейдилар. Яхшиси зарур ҳолатлардагина туширишдир. Масалан: она ҳомилани кўтара олмайдиган касал ёки шунга ўхшаш ҳолатда бўлса. Шунда ҳам инсон шакли аниқ бўлмаган бўлса жоиз бўлади. Аниқ бўлиб қолган бўлса жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

2)               Туширишдан мақсад – йўқ қилиш бўлмаслиги. Ҳомиладорлик муддати охирлаб қолганда кўз ёришига яқинлашиб қолганда тушириш жоиз. Бунда ҳам албатта она ва болага зарар етмаслиги шарт. Ҳамда жарроҳлик амалиётига эҳтиёж тушмаслиги керак. Агар амалиёт ўтказишга эҳтиёж тушса, унда 4 ҳолат бор:

1)              Она ҳам, бола ҳам тирик бўлган ҳолда амалиёт фақат зарурат пайтидагина жоиз бўлади. Чунки жисм бандага омонат, унга хавф соладиган ишни қилмаслик керак. Кўпинча жарроҳлик амалиётида зарар йўқ дейилади-да, бироқ кейин зарари кўринади.

2)              Она ҳам, бола ҳам ўлик бўлган ҳолда болани чиқариб олиш учун амалиёт қилиш бефойда бўлгани учун жоиз эмас.

3)              Она тирик, бола ўлик бўлган ҳолда уни чиқариб олиш учун жарроҳлик амалиёти ўтказиш жоиз. Агар онага зарар етиши хавфи бўлса, жоиз эмас. Аксарият ҳолларда агар ҳомила она қорнида ўлган бўлса, — Аллоҳ билади-ю — амалиётсиз чиқмайди. Ҳомиланинг она қорнида узоқ туриб қолиши кейинги ҳомиладорликдан тўсиб қўяди. Бу аёлнинг ўзига ҳам жабр бўлади. Агар собиқ эрдан иддада бўлса, ҳомила сабабли иддаси чўзилиб эрсиз қолади.

4)              Она ўлик, бола тирик бўлган ҳолда боланинг яшаб кетишига умид бўлмаса, жарроҳлик амалиёти қилинмагани маъқул. Агар яшаб кетишига умид бўлса ва бир қисми чиққан бўлса, ёки чиқмаган бўлса ҳам қолганини чиқариб олиш учун она қорнини ёриш мумкин. Баъзи олимлар ҳомилани чиқариб олиш учун она қорнини ёриш мумкин эмас, чунки бу мусла бўлади, дейишади. Аммо тўғрироқ фикр шуки, ҳомила она қорнини ёришсиз чиқмайдиган бўлса, уни албатта ёрилади. Бу Ибн Ҳубайранинг «Инсоф» номли китобида айтган фикридир. Мен айтаманки, хусусан бизнинг бу давримизда жарроҳлик амалиёти мусла эмас. Чунки қорин ёрилиб, сўнг қайта тикилади. Қолаверса, тирикнинг ҳурмати ўликнинг ҳурматидан каттароқдир. Бир бегуноҳ норасидани ҳалокатдан қутқариш вожиб, валлоҳу аълам.

 

Эслатма: Илгари айтилганидек, ҳомилани тушириш жоиз бўлган ҳолатларда ҳомила эгасидан, яъни эрдан рухсат бўлиши шарт.

Шу ўринда ёзишни мақсад қилганимиз бу муҳим мавзу ниҳоясига етди. Биз масалаларнинг аслларига ва ўзгармас томонларига чекландик. Лекин унинг тармоқларига, майда-чуйда бўлакларига ва аёлларда бўладиган ҳолатларга киришсак, у гўё соҳили кўринмас денгиздир. Аммо ақлли одам тармоқларни аслларга, жузъиётларни куллиётларга ва ўзгармас қонунларга қайтара олади, нарсаларни ўзига ўхшашларига қиёслай олади.

 

Насиҳат

Муфтий - фатво берувчи киши ёдда тутмоғи керак-ки, у Аллоҳ билан халқлар ўртасида пайғамбарлар олиб келган нарсаларни етказиш ва баён қилишда воситачи, у Қуръон ва Суннатдаги илмларни етказишдан масъул. Зеро, банда бу икки асосни тушуниб, уларга амал қилишга мукаллафдир. Қуръон ва Суннатга хилоф бўлган ҳар бир сўз хато бўлиб, гарчи унинг айтувчиси хатоси кечириладиган мужтаҳид бўлса ҳам унга амал қилиш асло жоиз эмас, зотан у ижтиҳодига яраша ажр олаверади, аммо унинг хатосини билган олим киши уни қабул қилиши жоиз эмас.

Муфтий ниятини Аллоҳ таолога холис қилиши, юз бераётган ҳар бир воқеа-ҳодисаларда Унга суяниши ва собитлик, тавфиқ ва тўғриликни сўраши лозим.

У асосий эътиборини Қуръон ва Суннатга қаратиши, уларни ўқиб-изланиши ва Қуръон ва Суннатни тушунишда аҳли илмларнинг сўзларидан фойдаланиши керак. Кўпинча қандайдир бир масала ўртага чиқса, инсон қодир бўлганича аҳли илмларнинг бу ҳақдаги сўзларини излайди, лекин кўнгил хотиржам бўладиган ҳукмни, гоҳида эса ўша масалани зикр қилган бирон ўринни топа олмайди. Шундай ҳолларда Қуръон ва Суннатга мурожаат қилса, унинг ҳукми аниқ бўлиб ойдинлашади. Бу унинг ихлоси, илми ва фаҳмига қараб бўлади, албатта.

Муфтий чигал масаланинг ҳукмини чиқаришга шошилмаслиги керак. Шошилишда қанча ҳукмларни чиқариб қўйиб, сўнг чуқурроқ текширгач, иш ойдинлашади ва у хато қилганини англаб етади ва бундан пушаймон бўлади. Кўпинча берган фатвоси одамлар ичида ёйилиб кетганидан уни тузатишга қодир бўлмай қолади.

Агар одамлар муфтийни шошилмаслигини, фикрида мустаҳкамлигини билишса, унинг сўзига ишонадилар ва уни эътиборли санайдилар. Агар шошқалоқлигини кўрсалар, шошқалоқ кўп хато қилувчи бўлганидан улар унинг фатволарига ишонмайдилар. Натижада у шошқалоқлиги билан, хатоси билан ўзини ҳам, бошқани ҳам ўзида бўлган илм ва тўғри масалалардан маҳрум қилади.

Аллоҳ таолодан бизни ва барча мусулмон биродарларимизни Ўзининг Тўғри йўлига ҳидоят қилишини сўраймиз ва Ўз инояти билан бизни бошқаришини, Ўз риояти билан бизни тойилишлардан сақлашини сўраймиз. У буюк саховат эгасидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг оила ва асҳобларига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин. Унинг неъмати билан яхши амаллар тамомига етадиган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Ушбу рисола Аллоҳга муҳтож банда Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин қалами билан 14 Шаъбон 1392- ҳижрий сана жума чошгоҳида ниҳоясига етди.

◄◄◄Бошига қайтиш

 

   ЮкоригаÎ