Ислом Нури

Муслималар учун

 

Иккинчиси: рўза

Ҳоизга фарз бўлсин, нафл бўлсин рўза тутиш ҳаром, тутган тақдирда ҳам рўзаси яроқли бўлмайди, лекин фарзнинг қазосини албатта тутиб беради. Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадисига мувофиқ: «Биз ҳайз кўрардик, шунда рўзанинг қазосини тутишга буюрилардик, намознинг қазосини ўқишга буюрилмас эдик» (Муттафақун алайҳ). Агар аёл рўзадор ҳолида қуёш ботишига бир лаҳза қолган бўлсада ҳайз кўриб қолса, рўзаси бузилади ва фарз рўза бўлса, кейин  қазосини тутиб беради.

Агар ҳайз қонининг ҳаракатини қуёш ботишидан илгари сезса, лекин қуёш ботганидан кейин ташқарига чиқса, унинг рўзаси комил бўлади ва саҳиҳ қавлга кўра бузилмайди. Чунки қон ичкаридалигида унинг муайян ҳукми йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёл киши эркак киши тушида кўрадиган нарсани кўрса, унга ҳам ғусл вожибми?» деб сўралганларида: «Ҳа, агар сувни кўрса» деб жавоб бердилар. Демак, ҳукмни манийни ташқарида кўришга боғлиқ қилдилар, ичида ҳаракатланганини сезишга эмас. Шунга ўхшаш, ҳайзнинг ҳукми ҳам уни ташқарида кўриш билан татбиқ бўлади, олдиндан сезиш билан эмас.

Масалан, агар аёл бомдоддан бир лаҳза кейин пок бўлса ҳам ундан ўша куннинг рўзаси дуруст бўлмайди. Агар бомдоддан бироз илгари тоза бўлса ва рўзага ният қилса, бомдод вақти киргандан кейин ғусл қилса ҳам рўзаси дуруст бўлаверади. Бу худди жунуб киши ғусл қилмаган ҳолида рўзани ният қилса, рўзаси дуруст бўлганига ўхшаш ҳолатдир. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда эҳтилом сабабли эмас, жимоъ сабабли жунуб бўлган ҳолда тонг оттирар, сўнг рўза тутар эдилар».

Учинчи: Байтуллоҳни тавоф қилиш

Ҳоиз Байтуллоҳни фарз бўлсин, нафл бўлсин тавоф қилиши мумкин эмас, агар қилса яроқли бўлмайди. Оиша розияллоҳу анҳо ҳайз кўриб қолганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳожилар қилаётган барча амалларни қилаверинг, лекин то тоза бўлгунингизгача Байтни тавоф қилманг».

Аммо қолган амаллар, яъни Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, Арафотда туриш, Муздалифа ва Минода тунаш, тош отиш каби ҳаж ва умра амалларини бажариш ҳаром эмас. Бинобарин, аёл киши пок ҳолида тавоф қилган бўлса, тавофни қилиб бўлишига ёки саъй асносида ҳайзи келса, бунинг амалларга ҳеч қандай зарари йўқ. Чунки у тавофни пок ҳолатида қилди, саъйни эса ҳозиргина зикр қилганимиздек ҳайз ҳолатда ҳам қилса бўлаверади. Чунки Сафо ва Марва Масжидул Ҳаромдан ташқарида ҳисобланади.

Тўртинчи: Ҳоиздан видолашув тавофининг соқитлиги

Агар аёл ҳаж ва умра амалларини тўла бажарса, сўнг юртига қайтишидан илгари ҳайз кўриб қолса ва жўнаб кетгунича ҳайздан покланмаса, у видолашув тавофисиз жўнаб кетаверади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтдилар: «Одамлар охирги ишлари Байтуллоҳ билан видолашув бўлишига буюрилдилар, фақат ҳоиздан бу нарса енгиллатилди» (Муттафақун алайҳ).

Ҳоиз видолашув учун Масжидул ҳаром эшиги олдига келиши ва дуо қилиши яхши мустаҳаб эмас. Чунки бу амалга Суннатдан далил келмаган. Ибодатлар далилга таянади. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда айтилишича, София розияллоҳу анҳо тавофи ифозадан кейин ҳайз кўриб қолганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай бўлса йўлга чиқаверсин», дедилар (Муттафақун алайҳ), масжид эшиги ёнига келишга буюрмадилар. Агар шундай қилиш диндан бўлганда, албатта айтган бўлардилар.

Аммо ҳаж ва умранинг тавофи аёлдан соқит бўлмайди, балки покланганидан сўнг тавоф қилади.

Бешинчи: Масжидда туриш

Ҳайздаги аёл масжидда туриши ҳаромдир, ҳатто ҳайит намозгоҳида туриши ҳам мумкин эмас. Умму Атийя розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳадисга мувофиқ: «Ҳайит намозгоҳига ўсмир қизлар, келинлар, ҳоизлар чиқади... Ҳоизлар намозгоҳдан четланади» (Муттафақун алайҳ).

Олтинчи: Жимо

Эри унга яқинлик қилиши ҳаром, аёл ҳам унга имкон бериши ҳаром. Аллоҳ таоло айтади: «Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз!» (Бақара: 222).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қўшилишдан бошқа барча нарсани қилаверинглар» (Муслим ривояти).

Мусулмонлар ҳайзли аёлни жимо қилиш ҳаром эканига иттифоқ қилганлар. Бунинг ман қилинганига Аллоҳ таолонинг Китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳамда мусулмонларнинг ижмоълари далолат қилиб тургани ҳолда, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган кишининг бу мункар ишга қўл уриши ҳалол эмас. Ким шундай қилса, Аллоҳ ва Расулига қарши чиққан ва мўъминлардан бошқаларнинг йўлларига эргашиб кетганлардан бўлади.

Имом Нававий «ал-Мажмуъ шарҳул-муҳаззаб»да айтади: «Имом Шофеъий: «Ким бу ишни қилса гуноҳи кабирага қўл урибди», бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар: «Ким ҳоизни жимо қилишни ҳалол санаса, уни кофир деб ҳукм қилинади», деганлар».

Аллоҳга ҳамд бўлсинки, жимосиз ҳам шаҳватни синдирадиган нарсаларга рухсат берилган. Масалан, ўпиш, қучоқлаш, мубошара (жинсий аъзодан бошқа ўринлардан лаззат олиш) – бироқ киндик ва тизза орасидан бирон тўсиқ ортидан фойдаланиш афзал чунки – Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайзлик пайтимда мени изор кийишга буюрар, мен изор кийиб олардим ва мени мубошара қилар эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Еттинчи: Талоқ

Эрга хотинини ҳайзли ҳолида талоқ қилиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар» (Талоқ: 1).

Яъни, талоқ қилингандан кейин маълум бир иддани бошлай оладиган ҳолда бўлсинлар. Зеро, бу ҳомиладорни талоқ қилиш ёки ҳайздан покланганни жимо қилмасдан туриб талоқ қилиш билан бўлади. Ҳайзли аёлни талоқ қилганда эса бу ҳолат вужудга келмайди, чунки ҳайз кунлари иддадан ҳисоб қилинмайди.

Агар ҳайздан покланган аёлни жимоъдан сўнг талоқ қилса, унинг ҳам бошлайдиган иддаси маълум бўлмай қолади. Зеро, бу жимоъдан ҳомиладор бўлган бўлса, ҳомиладорнинг иддасини ўташи ёки ҳомиладор бўлмаган бўлса, ҳайзнинг иддасини ўташи аниқ бўлмайди. Демак, идданинг турига ишонч ҳосил бўлмайдиган ҳолатда талоқ қилиш ҳаром. Ўтган оятда айтилганидек, аёлни ҳайзли ҳолатида талоқ қилиш ҳаромдир. «Саҳиҳайн» ва бошқа ҳадис тўпламларида Ибн Умарнинг ҳадиси собит бўлган: Ибн Умар аёлини ҳайзли ҳолида талоқ қилганида Умар розияллоҳу анҳу буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан ғазабландилар ва: «Унга айтинг, аёлини қайтариб олсин, сўнг ҳайздан тоза бўлгунича кутсин, сўнг кейинги ҳайзни кўради, сўнг тоза бўлади. Шундан кейин агар хоҳласа турмуш қилсин, хоҳламаса жимо қилмай туриб талоқ қилсин. Аллоҳ таоло, аёлларни талоқ қилишга буюрган идда мана шу» дедилар.

Агар киши аёлини ҳайзли ҳолида талоқ қилса, у гуноҳкор бўлади, у Аллоҳга тавба қилиши ва аёлини қайтариб олиши кейин Аллоҳ ва Расулининг буйруқларига мувофиқ шаръий талоқ қилиши керак. Қайтариб олганидан кейин уни талоқ қилган ҳайзидан пок бўлгунича кутади. Кейин иккинчи марта ҳайзли бўлади. Сўнг пок бўлгач, истаса турмуш қилади, истаса жимо қилмасдан туриб талоқ қилади.

Ҳоизни талоқ қилиш ҳаромлигидан учта ҳолат истисно этилади:

1)              Талоқ аёл билан (биринчи бор) холи қолишдан ёки уни жимо қилмасдан олдин бўлса, уни ҳайзли ҳолида талоқ қилишнинг зарари йўқ. Чунки бу идда ўталмайдиган ҳолдир ва бу Аллоҳ таолонинг «уларни иддаларида талоқ қилинглар» (Талоқ: 1) деган буйруғига зид келмайди.

2)              Агар ҳайз ҳомиладорлик пайтида бўлса ҳам талоқнинг зарари йўқ. Бунинг сабаби айтиб ўтилди.

3)              Агар талоқ бир эвазга кўра (яъни, хулъ) бўлса ҳайзли ҳолда талоқ қилишнинг зарари йўқ. Масалан: эр-хотин орасида уруш-жанжал ва иттифоқсизлик бўлса, эр уни талоқ қилиш учун эваз олса, бунда аёл ҳайзли бўлса ҳам жоиз бўлаверади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда айтилади: Собит ибн Қайс ибн Шаммоснинг аёли Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, мен уни хулқи ва динида айбламайман. Лекин, исломда яшаб туриб куфрга тушиб қолишдан қўрқаман» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Унга (маҳр қилиб берган) боғини қайтариб берасанми?» «Ҳа» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг эрига: «Боғни қабул қилиб ол ва уни бир талоқ қил» дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлдан ҳайздами ёки покми сўрамадилар. Чунки бу талоқ аёл киши томонидан ўзини халос қилиш учун сўралган эди. Шунинг учун у қандай ҳолатдалигидан қатъий назар ҳожат учун жоиз бўлди.

«Муғний»да шу ҳадисни ҳайз ҳолида хулънинг (яъни бирон эваз муқобилига талоқ қилишнинг) жоиз эканига далил қилиб келтирилган. Зеро, ҳоизни талоқ қилиш мумкин эмаслиги аёлга идданинг чўзилиб кетишидан келадиган зарар туфайли эди. Хулъда эса аёл ўзи ёқтирмаган  киши билан ёстиқдош бўлиш ва ёмон турмушдан етадиган зарар идданинг чўзилиб кетишидаги зарардан каттароқ бўлгани боис икки зарарнинг каттароғини даф қилиш жоиз бўлди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам талоқ сўраган аёлдан унинг ҳолати ҳақида сўрамадилар.

Аёлнинг ҳайзли ҳолида никоҳлаб олинишида зарар йўқ, чунки асл – ҳалолликдир ва бу ҳолда никоҳ қилишнинг ман этилганига далил йўқ. Лекин эрни ҳайзли келинчак ҳузурига киритишда ҳолатга қаралади, агар жимо қилиб қўйиш хавфи бўлмаса, зарари йўқ. Акс ҳолда ҳаром ишга тушиб қолмаслиги учун то пок бўлгунича кирмаслиги лозим.

Саккизинчи: Талоқ иддасининг ҳайз билан ҳисоб қилиниши

Агар киши аёли билан қўшилганидан ёки у билан ҳолий қолганидан сўнг талоқ қилса, аёл ҳайз кўрувчи бўлса ва ҳомиладор бўлмаса, тўла уч ҳайз муддатда идда сақлаши вожиб. Аллоҳ таоло айтади: «Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида ўзларини кузатадилар» (Бақара: 228).

Агар ҳомиладор бўлса, иддаси то кўз ёригунча бўлади, муддат хоҳ узоқ бўлсин, хоҳ қисқа бўлсин, фарқи йўқ.  Аллоҳ таоло айтади: «Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)» (Талоқ: 4).

Агар ҳайз кўрмайдиган бўлса, яъни ҳали ёш, ҳайз кўриши бошланмаган бўлса ёки ҳайздан қолган катта ёшли бўлса ёки бачадон олиб ташлангани ё бошқа сабаблар туфайли ҳайз кўрмайдиган бўлса, унинг иддаси 3 ойдир: «Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас (билингизки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳали-ҳануз) ҳайз кўрмаган (қизлар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир)». (Талоқ: 4).

Агарда ҳайз кўрадиган аёл бўлса-ю, маълум сабаблар туфайли, масалан, касаллик ёки эмизиш сабабли ҳайзи келмай турган бўлса, то ҳайз келгунча муддат чўзилиб кетса ҳам идда ҳисобида қолаверади. Қачонки сабаби кетса, яъни касалдан тузалгач ёки эмизиш тугагач ҳам ҳайз келмаса, бунда сабаб кетганидан бошлаб тўла бир йил идда сақлайди. Мана шу саҳиҳ қавл бўлиб шаръий қоидаларга тўғри келади. Чунки сабаб кўтарилгач ҳам ҳайз келмаса, у маълум сабабсиз ҳайздан қолган ҳисобланади. Шунинг учун тўла бир йил идда сақлайди. Яъни, ҳомиладорликнинг энг кўп муддатини олиниб, эҳтиёт бобидан 9 ой ва идда учун 3 ой иддада бўлади.

Агар талоқ никоҳдан кейин, тегиниш ва холи қолишдан олдин бўлса, бу ҳолда мутлақо идда йўқ. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга қўл тегизишдан (яқинлашишдан) илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас» (Аҳзоб: 49).

Тўққизинчи: Бачадоннинг ҳомиладан холилигига ҳукм қилиш

Бунинг бир неча ҳолатлари бор, жумладан: Ҳомиласи меросхўр бўлиши мумкин бўлган аёлнинг бирон кишиси ўлди, у аёлнинг эри бор. Эри бу аёлни то ҳайз кўргунича ёки ҳомиласи бор-йўқлиги аниқ бўлгунича жимо қилмайди. Агар ҳомиладорлиги аниқланса, ҳомиланинг мерос қолдирувчининг ўлими пайтида борлиги ва мерос олишига ҳукм қиламиз. Агар ҳайз кўрса, ҳайз сабаб бачадон холи эканига ҳукм қилганимиз учун меросхўр эмаслигига ҳукм қиламиз.

Ўнинчи: Ғуслнинг вожиблиги

Ҳоиз тоза бўлганда бутун баданини ювиб ғусл қилиши фарз. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима бинт Аби Ҳубайшга айтганлар: «Агар ҳайз келса намозни ўқимай тур, агар кетса ғусл қилиб намозни ўқи» (Бухорий ривояти).

Ғуслдаги фарз энг камида бир бор бутун баданини то сочлари остигача ювишдир. Афзали Асмо бинт Шакал Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайздан тоза бўлган аёлнинг ғусли ҳақида сўраганида у зотнинг айтган жавобларидир: «Бирингиз сувини ва сидрини олади ва яхшилаб таҳорат олади кейин бошига сув қуяди ва яхшилаб ишқалайди, токи сочлари остигача етсин, сўнг бутун баданига сув қуяди, сўнг мушк билан хушбўй қилинган бир бўлак матони олиб, шу билан тозаланади» дедилар. Асмо деди: «У билан қандай тозаланади?». Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: таажжубдан «Субҳаналлоҳ» дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо унга: «Уни қон теккан жойларга суртасан», дедилар (Муслим ривояти).

Ўрилган сочни ёзиш шарт эмас, фақат остига сув етмай қолишидан қўрқиладиган даражада қаттиқ ўрилган бўлсагина ёзилади. «Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда айтилишича, Умму Салама розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: «Менинг сочимни ўриб юраман, жанобатдан ғусл қилганда уни ёзаманми?» яна бир ривоятда: «Жанобат ва ҳайз ғуслида» дейилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Йўқ, балки бошингдан уч ҳовуч сув қуйишинг кифоя, сўнг устингдан сув қуйиб ювинасан».

Агар ҳайзли аёл намоз вақти асносида тоза бўлса, намозни ўз вақтида адо қилишга улгуриш учун ювинишга шошилиши лозим. Сафарда бўлса ва олдида сув бўлмаса ёки сув бору ишлатса зарар етишидан қўрқса ёки сув зарар қиладиган касаллиги бўлса, ғусл қилиш ўрнига таяммум қилади, ювинишдан тўсиб турган сабаб кетиши билан ювиниб олади.

Баъзи аёллар намоз вақти асносида тоза бўлган бўлади, лекин ювинишни бошқа вақтга кечиктиради ва ҳозир тўла поклана олмайман, дейди. Бу ҳужжат ҳам, узр ҳам эмас. Чунки у ғуслдаги фарзнинг энг камига чекланиб, намозни ўз вақтида адо қилиши керак. Кейин вақт бемалол бўлганда яхшилаб ювиниб олаверади.

◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

   ЮкоригаÎ