Ислом Нури

Муслималар учун

 

Ҳомиладорнинг ҳайзи

Аёл киши ҳомиладор бўлгач, аксарият ҳолларда ҳайзи тўхтайди. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аёллар ҳомиладорликни ҳайз тўхтаганидан биладилар».

Агар аёл кўз ёришидан бир оз, яъни 2 ё 3 кун илгари қон кўрса ва оғриқ ҳам бўлса, у нифосдир. Агар кўз ёришидан анча илгари бўлса ёки кўз ёришига яқин бўлса-ю, оғриқ бўлмаса, у нифос эмас. Энди бу ҳолат ҳайз ҳукмлари татбиқ қилинадиган ҳайзми ёки ҳайз ҳукмлари татбиқ қилинмайдиган бошқа қонми? Бунда ҳам аҳли илм орасида ихтилоф бор. Тўғриси шуки, агар қон аёлнинг одатий ҳайзида бўладиган сифатда бўлса, у ҳайздир. Бунга асос - унинг ҳайз бўлишига монеъ бўладиган сабабнинг йўқлигидир. Китоб ва Суннатда ҳомиладорнинг ҳайз кўриши мумкин эмаслиги айтилмаган.

Имом Молик ва Шофеъийнинг мазҳабида ҳам шундай. Шайхулислом Ибн Таймияниг ихтиёри ҳам шу (Ихтиёрот китоби: 30-саҳифа).

Байҳақий Аҳмаддан ривоят қилиб, унинг шу фикрга қайтганини айтган.

Шунга биноан ҳомиладорнинг ҳайзи ҳомиладор эмаснинг ҳайзидек кўрилади, фақат иккита масалада фарқли бўлади:

Биринчиси: Талоқ масаласида.

Ҳомиласиз аёлни ҳайз ҳолатида талоқ қилиш ҳаром, ҳомиладорни ҳайз ҳолатида талоқ қилиш ҳаром эмас. Чунки ҳомиласи йўқ аёлни ҳайзлигида талоқ қилиш Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлига зид: «Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар ва идда сананглар» (Талоқ: 1).

Аммо ҳомиладорни ҳайз ҳолида талоқ қилиш бу оятга зид эмас. Чунки ким ҳомиладорни талоқ қилса иддаси билан талоқ қилган бўлади. Ҳайзми, покми, фарқсиз, иддаси унинг ҳомиласига боғлиқ. Шунинг учун ҳомиладорни жимоъдан кейин талоқ қилиш ҳам ҳаром бўлмайди.

Иккинчиси: Ҳомиладор ҳайз кўрадими, йўқми, унинг иддаси кўз ёриши билангина ниҳоясига етади, Аллоҳ таоло айтганидек: «Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)»  (Талоқ: 4).

 

Учинчи бўлим

Ҳайзнинг фавқулодда ҳолатлари хусусида

 

Ҳайзнинг фавқулодда ҳолатлари турлича:

1)             Кўплик ё камлик. Яъни, масалан, аёлнинг одати олти кун бўлади ва қон еттинчи кун ҳам давом этади. Ёки одати етти кун бўлса, олтинчи кунда пок бўлиб қолади.

2)             Олдин ё кейинлик. Масалан, одати ойнинг охирида бўлгани ҳолда ҳайзни ойнинг аввалида кўради. Ёки одати ойнинг аввалида бўлса, охирида кўриб қолади. Аҳли илмлар бу икки тур ҳукмида ҳар хил фикрлар билдиришган. Тўғрироғи: Аёл қачон қон кўрса у ҳайздир, қачон ундан пок бўлса, одатидан ошиб кетган ёки кам бўлган бўлса ҳам, олдин келган ёки кейин келган бўлса ҳам, барибир ҳайздир. Бунга илгариги бўлимларда далиллар келтирилди. Шариат ҳайзнинг ҳукмларини унинг мавжудлигига боғлаб қўйди. Бу Шофеъийнинг мазҳаби ҳамда шайхулислом Ибн Таймиянинг ихтиёридир. «Муғний» муаллифи буни қувватлаган ва қўшимча қилиб шундай деган: «Агарда одат мазкур усулга кўра эътиборли бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига буни баён қилиб берган бўлардилар ва унинг баёнини кечиктиришлари асло жоиз бўлмасди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ёки бошқа аёлларнинг бунинг баёнига давомий эҳтиёжлари тушгани боис уни баён қилишдан ғафлатда қолишлари мумкин эмас эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайзни мужмал,  истиҳозани эса тафсилоти билан баён қилганлар.»

3)             Сариқлик ё хиралик. Яъни қон худди жароҳат сувига ўхшаган сарғиш бўлади ёки қора ва сариқлик билан аралашган хира рангли бўлади. Агар бу ҳолат ҳайз асносида бўлса ёки ҳайздан пок бўлишига боғлиқ бўлса, у ҳайздир ва унга ҳайзнинг ҳукмлари татбиқ бўлади. Агар пок бўлганидан кейин бўлса у ҳайз эмас. Умму Атийя розияллоҳу анҳонинг сўзига мувофиқ: «Пок бўлганимиздан кейинги сариқлик ва хираликни эътиборга олмас эдик». Бу ҳадисни Абу Довуд саҳиҳ санад билан ривоят қилган. Бухорий ҳам «пок бўлгандан кейин» деган сўзларсиз ривоят қилган, лекин шу ҳадисни «Ҳайздан бошқа кундаги сариқлик ва хиралик» деган бобда келтирган. «Фатҳул Борий»да ушбу ҳадис шарҳида айтилган: «Бу билан Имом Бухорий илгари айтиб ўтилган Оиша розияллоҳу анҳонинг: «оқ суюқликни кўрмагунингизча» ҳадиси билан шу бобда зикр қилинган Умму Атийянинг ҳадиси ўртасини жамланишига ишора қилмоқда. Сабаби, Оишанинг ҳадиси ҳайз кунларидаги сариқлик ва хираликни кўрганликка, Умму Атийянинг айтганлари эса ундан бошқасига маҳмул». Бухорий бу бобдан илгари келтирган Оишанинг ҳадисида ишора қилинган нарса шу эдики, аёллар ҳайзнинг асари қолдими, қолмадими, билиш учун Оиша розияллоҳу анҳо олдига келишар, аёлнинг пахтаси (латтаси)да сариқлик бўлса, Оиша розияллоҳу анҳо: «То оқ суюқликни кўрмагунингларча шошилманглар» дердилар. Оқ суюқлик – ҳайз тўхтаган пайтда бачадондан келадиган оқ сувдир.

4)             Ҳайздаги узилиш. Унда бир кун қон кўради, бир кун тоза ва шунга ўхшаш. Бу ҳам икки ҳолатдан иборат:

Биринчи ҳолат: Аёлда ҳар доим шу ҳолат давомий бўлса, у истиҳоза қони бўлиб, истиҳозанинг ҳукми татбиқ бўлади.

Иккинчи ҳолат: Бу ҳолат аёлда давомий бўлмайди, баъзи вақт қон келиб қолади ва тўла поклик вақти ҳам бўлади. Уламолар — раҳимаҳумуллоҳ — бу поклик хусусида, яъни у поклик бўладими ёки унга ҳайз ҳукмлари жорий қилинадими, деган масалада турли фикрлар билдиришган.

Шофеъий ундан ривоят қилинган икки қавлнинг тўғрироғида: «Ҳайз ҳукмлари жорий қилинади ва ҳайз бўлади» деган. Шайхулислом Ибн Таймийя, «Фоиқ» соҳиби ҳамда Абу Ҳанифанинг мазҳабидаги ихтиёр ҳам шу. Сабаби, бу ерда оқ суюқлик кўринмаяпти. Агар уни поклик дейилса, ундан илгаригиси бир ҳайз, кейингиси алоҳида бир ҳайз бўлиб қоляпти. Бу қавлни ҳеч ким айтмаган, агар айтадиган бўлса, талоқ тушган бўлса, идда ҳайздан покланишга боғлиқ бўлгани учун 5 кунда идда тугаб қолган бўлар эди. Шунингдек, агар уни поклик деб қаралса, ҳар 2 кунда ғусл қилиш машаққати ва бошқа малоллик ҳосил бўлган бўларди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу шариатда ҳараж ва машаққат йўқ.

Ҳанбалия мазҳабидаги машҳур қавл шуки: Қон ҳайз, қоннинг узилиши покликдир, магар поклик билан ҳайзнинг мажмуъи ҳайзнинг энг кўп муддатидан ўтиб кетса, истиҳоза бўлади.

«Муғний» соҳиби айтади: «Нифос ҳақидаги гапда айтиб ўтган ривоятимизга биноан ҳайз орасидаги поклик бир кундан кам бўлса поклик эмас, унинг бир кундан кам бўлишига аҳамият берилмайди. Бу тўғри фикр, иншоaллоҳ. Чунки, қон бир келиб, бир тўхтайди. Ҳар пок бўлганда ғусл қилиш вожиб дейиладиган бўлса, ҳар соатда ғусл қилиш малолдир ва Аллоҳ таолонинг ушбу қавлига зиддир: «Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78). Шунга биноан, қоннинг тўхташи бир кундан кам бўлса ва у одатининг охирига тўғри келиб қолиши ёки оқ суюқликни кўриши каби покликка далолат қиладиган нарса кўрилмаса, у поклик бўлмайди».

«Муғний» соҳибининг бу сўзи икки қавл ўртасидаги мўътадил сўздир. Аллоҳ тўғрисини билувчироқ.

5)             Қондаги қуруқлик. Бунда аёлнинг қони қуриб, қон эмас фақат намликни кўради. Бу агар ҳайз асносида бўлса ёки тоза бўлишига яқин ҳолатда бўлса, ҳайз ҳисобланади. Агар тоза бўлганидан сўнг кўрса, у ҳайз эмас. Чунки у ҳайздан пок бўлгандан кейинги сариқлик ва хиралик бўлгани учун унинг ҳукми шу.

 

Тўртинчи бўлим

Ҳайзнинг ҳукмлари ҳақида

 

Ҳайзнинг йигирмадан зиёд ҳукмлари бўлиб, улардан кўпроқ эҳтиёж тушадиганларини айтиб ўтамиз.

Биринчи: намоз

Ҳайзли аёл фарз бўлсин, нафл бўлсин намоз ўқиши мумкин эмас. Ўқиса ҳам намози намоз бўлмайди. Фақат ҳайзининг аввали ёки охирида тўла бир ракъат намоз ўқий оладиган вақтни топган бўлиши унга ўша намозни вожиб қилади. Яъни, масалан, аёл қуёш ботганидан сўнг бир ракъат намоз ўқиш мумкин бўлган вақт ўтгач ҳайз кўриб қолди. Энди у пок бўлганидан кейин ўша куннинг шом намози қазосини ўқиши вожиб, чунки у ҳайз кўришидан илгари бир ракъат миқдорича вақт бор эди. Ёки бўлмасам, кун чиқишидан бир ракъат миқдоридаги вақт аввал ҳайзидан тоза бўлди. Энди у пок бўлгандан кейин бомдод намозининг қазосини ўқиши вожиб бўлади, чунки у бир ракъатга улгурадиган вақтга етган эди. Агар ҳоиз комил бир ракъатга улгурадиган вақтда тоза бўлмаса, унга у намоз вожиб эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким намознинг бир ракъатига етган бўлса, ўша намозга етибди» (Муттафақун алайҳ).

Бунинг маъноси шуки, ким бир ракъатдан камига етса, у ўша намозга етмаган бўлади.

Бу ерда бир масала туғилади: агар аср намози вақтидан бир ракъатга етса, унга аср намози билан бирга пешин намози ҳам вожиб бўладими? Ёки хуфтон намозининг бир ракъат вақтига етишса, унга шом намози ҳам вожиб бўладими?

Бу масалада уламолар орасида турли фикр бор. Тўғриси шуки, у аёлга фақат етиб келган намози вожиб бўлади. Юқоридаги саволга биноан фақат аср ва хуфтон холос. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига мувофиқки: «Ким қуёш ботишидан илгари асрнинг бир ракъатига етса, дархақиқат асрга етибди» (Муттафақун алайҳ).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам «пешинга ва асрга етибди» демадилар ва пешиннинг вожиблигини айтмадилар. Асл мақсад - зимманинг фориғ бўлишидир. Бу  Абу Ҳанифа ва Моликнинг мазҳаби бўлиб, «Шарҳул-муҳаззаб»да буни улардан ривоят қилинган.

Аммо ҳайз кўрувчи аёл зикр, тасбеҳ, такбир, таҳмид, еб-ичиш ва бошқаларга бисмиллаҳ айтиш, ҳадис ва фиқҳни ўқиш, дуо қилиш, омин дейиш, Қуръон тинглаш каби ишларнинг биронтасидан ман қилинмайди. «Саҳиҳайн» ва бошқаларда собит бўлган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳонинг қучоқларига ҳайзлик ҳолида бош қўйиб Қуръон ўқиганлари айтилган. Яна «Саҳиҳайн»да Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган экан: «Ёш қизлар, келинчаклар ва ҳайзли аёллар икки ҳайит намозига чиқсинлар ва яхшиликка, мўъминларнинг дуоларига ҳозир бўлсинлар. Ҳайзлилар намозгоҳдан четда турсинлар».

Аммо, ҳайзли аёл Қуръони каримни ўқиши масаласига келсак, агар кўз югуртириб ёки дилидан ўтказиб, яъни тил билан айтмасдан ўқиса, зарари йўқ. Масалан: мусҳаф ёки оят ёзилган лавҳни қўйиб, оятларга қараб, дилида ўқийди. Нававий «Муҳаззаб»нинг шарҳида айтади: «Ҳеч бир хилофсиз жоиз». Аммо тил билан ўқишлиги жумҳур уламо фикрига кўра ман қилинган ва жоиз эмас. Бухорий, Ибн Жарир ат-Табарий ва Ибнул Мунзир уни жоиз дедилар. Моликдан, Шофеъийдан ҳам шу ривоят қилингани «Фатҳул Борий»да айтилган, Бухорий Иброҳим ан-Нахаъийни сўзини таълиқ қилиб: «Оятни ўқишлигида ҳеч бир зарар йўқ» деб келтирган.

Шайхулислом Ибн Таймия «Фатово»да айтади: «Ҳоизни Қуръондан ман қилиш асли суннат эмас. Чунки «Ҳоиз ва жунуб Қуръонни ўқимайди» деган ҳадис ҳадисшунос олимлар иттифоқи билан заиф ҳадисдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам аёллар ҳайз кўрардилар, агар уларга намозга ўхшаб Қуръон ўқиш ҳам мумкин бўлмаганда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига баён қилиб берган бўлардилар, уммаҳотул мўъмининлар ўрганиб, таълим берган бўлардилар ва бу одамлар орасида тарқалган бўларди. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундан қайтарганликлари етиб келмаган экан, уни ҳаром қилиб қўйишимиз жоиз эмас. Ўша даврда ҳам ҳайзнинг кўп бўлиши билан бирга ундан қайтармаган эканлар, демак ҳоизнинг Қуръон ўқиши ҳаром бўлмайди».

Аҳли илмнинг бу масаладаги мунозарасини билганимиздан сўнг айтиш мумкинки: Ҳоизга Қуръони Каримни тил билан нутқ қилиб ўқимаслик афзалроқ, магар шунга эҳтиёж бўлган пайтдагина мумкин. Масалан, муаллима бўлса таълим олувчиларга талқин қилиб беришга эҳтиёж бўлади. Ёки таълим олувчи аёл ўқиганини текширтириб олиш учун ўқиб эшиттиришга муҳтож бўлади ва шу каби ҳолатлар.

◄◄◄Бошига қайтиш

Давомига ўтиш►►►

   ЮкоригаÎ