Ислом Нури

Муслималар учун

 

Аёллар учун табиий қонлар ҳақида рисола

 

Муаллиф Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин

Арабчадан Солиҳа Толиб ўгирган

 

Биринчи бўлим:

Ҳайз ва унинг ҳикмати;

Иккинчи бўлим:

Ҳайз кўриш даври ва унинг муддати;

Учинчи   бўлим:

Ҳайзнинг фавқулодда ҳолатлари;

Тўртинчи бўлим:

Ҳайзнинг ҳукмлари;

Бешинчи бўлим:

Истиҳоза ва унинг ҳукмлари;

Олтинчи бўлим:

Нифос ва унинг ҳукмлари;

Еттинчи бўлим:      Ҳайзни тўхтатадиган ёки келтирадиган, ҳомиладорликнинг олдини оладиган ёки ҳомилани туширадиган дориларни ишлатиш ҳақида.

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, Ундан мадад сўраймиз, У зотга мақтовлар ва истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи йўқ, У адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Сўнг...

Аёлларга хос бўлган – ҳайз, истиҳоза, нифос қонлари масаласи изоҳталаб бўлган ҳамда ҳукмларини ўрганишга ва бу хусусдаги уламолар сўзларининг тўғрисини хатосидан ажратиб олишга муҳтож бўлган муҳим масалалардан ҳисобланади. Улар ўртасини таққослаш, саҳиҳ ва заифини ажратиб олиш учун эса албатта Китобу Суннатда келган нарсаларга эътимод қилиш лозим бўлади.

1)    Чунки Китоб ва Суннат Аллоҳ таоло бандаларига юклаган ва уларни қилиш билан бандалик вазифасини ўтайдиган ҳукмлари улар устига барпо бўладиган энг асосий икки манбаъдир.

2)    Китобу Суннатга суянишликда қалб хотиржамлиги, дил шодлиги, кўнгил хушлиги ва масъулиятдан холи бўлиш бор.

3)    Китобу Суннатдан бошқасидан ҳужжат талаб қилинади лекин уни ҳужжат қилинмайди. Чунки фақат Аллоҳ таолонинг каломи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ҳужжат бўлади. Шунингдек, аҳли илмлардан бўлган саҳобанинг сўзи ҳам Китобу Суннатга зид келмаслиги ва бошқа саҳобанинг сўзи унга зид келмаслиги шарти билан ҳужжат бўла олади. Агар Китобу Суннатда саҳобийнинг сўзига зид келадиган нарса бўлса, албатта Китобу Суннат сўзини олиш вожиб бўлади. Агар бир саҳобийнинг сўзи бошқасининг сўзига зид келаётган бўлса, икки сўз ўртасини солиштириш ва улардан афзалроқ бўлганини олиш вожиб. Аллоҳ таоло айтади: «Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).

Ушбу мўжаз рисола мазкур қонларнинг изоҳ ва ҳукмларига бағишланади ва у қуйидаги бўлимлардан иборат:

Биринчи бўлим:

Ҳайз ва унинг ҳикмати;

Иккинчи бўлим:

Ҳайз кўриш даври ва унинг муддати;

Учинчи   бўлим:

Ҳайзнинг фавқулодда ҳолатлари;

Тўртинчи бўлим:

Ҳайзнинг ҳукмлари;

Бешинчи бўлим:

Истиҳоза ва унинг ҳукмлари;

Олтинчи бўлим:

Нифос ва унинг ҳукмлари;

Еттинчи бўлим:      Ҳайзни тўхтатадиган ёки келтирадиган, ҳомиладорликнинг олдини оладиган ёки ҳомилани туширадиган дориларни ишлатиш ҳақида.

 

Биринчи бўлим

Ҳайз ва унинг ҳикмати

 

Ҳайз луғатда «оқиш» ва «қуйилиш» маъносида бўлиб, шаръий истилоҳда маълум вақтларда, бирон сабабсиз, аёл кишидан табиати тақозосига кўра келадиган қонга айтилади.

У табиий қон бўлиб, унинг касаллик, жароҳат, бола туғиш ё ташлаш каби сабаблари бўлмайди. Табиий қон бўлгани учун ҳам у ҳар бир аёлнинг ҳолати, шароити ва муҳитига қараб турлича бўлади ҳамда аёллар бу борада ўзаро аниқ тафовут билан фарқланадилар.

Ҳайздаги ҳикмат шуки, она қорнида вужудга келувчи ҳомила ташқи оламдагилар озиқланадиган йўл билан озиқлана олмайди, энг меҳрибон кишиси ҳам унга бирон озуқа етказиб бера олмайди. Шу боис Аллоҳ таоло аёл кишида қон ажралмаларини қилдики, у билан ҳомила онанинг қорнида ейиш-ичиш ва ҳазм қилишга эҳтиёж сезмаган ҳолда озиқланади, киндик йўли орқали қон ҳомиланинг томирларига сизиб киради ва у шу билан озиқланади. Энг гўзал яратувчи (яъни йўқдан бор қилувчи бўлмиш) Аллоҳ нақадар буюкдир!

Ҳайзнинг ҳикмати шу бўлиб, шунинг учун аёл киши ҳомиладор бўлганида ҳайз келиши тўхтайди, фақат нодир ҳолатларгина бундан мустасно. Шунингдек, эмизикли аёлларнинг ҳайз кўрадигани кам бўлади. Хусусан эмизиш даврининг бошларида ҳайз кўрмайди.
 

Иккинчи бўлим

Ҳайз кўриш даври ва унинг муддати

 

Бу бўлимда икки нарса ҳақида сўз боради.

Биринчи: Ҳайз кўриш бошланадиган ёш. У кўпроқ 12-15 ёш орасида бўлади. Амммо аёл ўзининг ҳолати, шароити, муҳитига қараб бу ёшдан аввал ҳам ёки кейин ҳам ҳайз кўриши мумкин.

Уламолар раҳимаҳумуллоҳ аёлнинг ҳайзи келадиган муайян ёш борми ва ундан олдин ва кейин келадиган қонни ҳайз эмас, фосид қон деб белгилайдиган ҳад борми? деган масалада ихтилоф қилганлар.

Доримий бу ихтилофларни санаб ўтгандан сўнг шундай дейди: «Менимча, буларнинг ҳаммаси хато. Чунки буларнинг ҳаммаси қоннинг келишига боғлиқ. У қайси ҳолат ва қайси ёшда келишидан қатъий назар уни ҳайз дейиш лозим. Валлоҳу аълам».

Доримий айтган мана шу гап тўғри. Шайхулислом Ибн Таймия ҳам шу фикрни танлаган. Аёл қачон ҳайз кўрса - гарчи 9 ёшга етмаган ёки 50 ёшдан ўтган бўлса ҳам - у ҳайз кўрган ҳисоб қилинаверади. Бунинг сабаби шуки, ҳайз ҳукмларини Аллоҳ ва Расули вужудга келишга боғлиқ қилдилар ва бунинг учун муайян ёшни белгилаб бермадилар. Демак, бу масалада ҳукмлар унга боғлиқ бўлган мавжудликка қайтиш вожиб. Муайян ёшга чеклаш Китоб ёки Суннатдан далил келтиришга эҳтиёж сезади, ҳолбуки улардан далил йўқ.

Иккинчи: Ҳайзнинг муддати, яъни неча кунлиги ҳақида.

Бу масалада ҳам олимлар 6 ёки 7 та ихтилофи сўз айтганлар.

Ибнул Мунзир айтади: «Ҳайзнинг энг ками ёки энг кўпи учун кунлар белгиланмайди».

Бу сўз ҳам Доримийнинг юқоридаги сўзига ўхшайди ва шайхулислом Ибн Таймиянинг ихтиёри ҳам шудир.

Бу тўғри, чунки бунга Қуръон, Суннат ва қиёс ҳужжат бўлади.

Биринчи ҳужжат: Аллоҳ таолонинг сўзи: «Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз!» (Бақара: 222).

Аллоҳ таоло таъқиқнинг ниҳоясини покликка боғлади, уни бир кеча-кундуз, 3 кун ёки 15 кун қилмади. Ҳукмни ҳайзнинг бор ёки йўқлигига боғлаб қўйди. Демак, қачон ҳайз мавжуд бўлса ҳукм собит ва қачон ундан пок бўлса унинг ҳукмлари зойилдир.

Иккинчи ҳужжат: Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида собит бўлган ҳадис: Оиша розияллоҳу анҳо умрада эканида ҳайз кўриб қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ҳожилар қилаётган амалларни сиз ҳам қилаверинг, фақат то пок бўлгунингизга қадар Байтуллоҳни тавоф қилмай туринг» дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Қурбонлик куни бўлганда пок бўлдим».

«Саҳиҳ Бухорий»да келтирилишича, Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Кутиб туринг, агар пок бўлсангиз Танъимга (яъни эҳромга кириладиган ўрин, Макка ҳарамининг ташқарисига) чиқинг» дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам монеълик ниҳоясини покликка боғладилар ва ниҳояни муайян вақтга белгиламадилар. Бу эса ҳукмнинг ҳайзни бор-йўқлигига тааллуқли бўлаётганига ҳужжат бўлади.

Учинчи ҳужжат: Бу масала хусусида сўз юритган фақиҳлар айтган тафсилот ва ўлчовлар на Аллоҳ таолонинг китоби ва на  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатида уни баён қилишга қаттиқ эҳтиёж бўлишига қарамасдан мавжуд эмас. Агарда уларни тушуниш ва уларга амал қилиш бандаларга вожиб бўлганда эди, ҳайзга тааллуқи бор бўлган намоз, рўза, никоҳ, талоқ, мерос каби ҳукмлар ғоят муҳим бўлгани учун Аллоҳ ва Расули ушбуларнинг тафсилотларини икир-чикиригача ҳар бир кишига тушунарли ва аниқ-равшан қилиб берган бўлар эди. Худди Аллоҳ ва расули намозларнинг сони, вақтлари, рукуъ ва сужудларини баён қилгандек, закотни; моллари, нисоблари миқдори, кимларга берилишини, рўзани: унинг муддати ва вақтини баён қилганидек, ҳаж ва ундан бошқа амалларни, ҳатто ейиш-ичиш, ухлаш, жимоъ, мажлис, уйга кириш-чиқиш, қазои ҳожат одоблари ва ҳаттоки ҳожатда нечта кесак билан покланишгача, хуллас у билан бандалари учун неъматини тўла ва динини комил қилиб берган нарсалари жумласидан бўлган ишларнинг каттаю кичигини баён қилиб берганидек баён қилиб берган бўлар эди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни Қуръонни нозил қилдик» (Нахл: 89).

«(Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки ўзидан аввалги нарсаларни (яъни самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китобдир)» (Юсуф: 111).

Демак, Аллоҳ таолонинг Китобида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларида фуқаҳолар келтирган тафсилот ва ўлчовлар йўқ экан, ҳайз масаласида уларга суянилмайди, балки шаръий ҳукмлар унинг бор-йўқлигига боғлиқ қилиб қўйилган «ҳайз» атамасиниг ўзига суянилади.

Бу далил, яъни Китобу Суннатда ҳукмнинг айтилмаганлиги унинг эътибори йўқ  эканига далилдир. Ушбу далилни билиш сизга бу ва бундан бошқа масалаларда фойда беради. Чунки шаръий ҳукмлар фақат Аллоҳнинг Китоби ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ёки маълум ижмоъ ёки саҳиҳ қиёсдан келтирилган далил билангина собит бўлади. Шайхулислом Ибн Таймия ўзининг бир қоидасида айтган: «Шунингдек, "ҳайз" атамасига Аллоҳ таоло Китобу Суннатда бир қанча ҳукмларни боғлади ва унинг ози ёки кўпи ва икки ҳайз орасидаги покликни муайян муддатга чекламади. Ҳолбуки умматнинг бунга қаттиқ эҳтиёжи бор эди. Луғат оз ёки кўп миқдор ўртасини (унисини у ҳил бунисини бу ҳил ном ила номлаш билан) фарқламайди, бас, кимки уни маълум миқдорга чекласа, Китоб ва Суннатга зид иш тутибди»[1].

Тўртинчи ҳужжат: Саҳиҳ қиёс. Яъни, Аллоҳ таоло ҳайзнинг кўнгилсиз-нопок эканини иллат-сабаб қилиб кўрсатди. Демак, қачон ҳайз мавжуд бўлса, нопоклик ҳам мавжуд ва унинг биринчи куни билан ўнинчи куни орасида ёки бешинчи куни билан ўн еттинчи куни орасида фарқ йўқ. Ҳайзми ҳайз, нопокликми нопоклик.

Иллат ҳар иккала кунда ҳам баб-баробар мавжуд. Шундай экан, иллатда баробар бўлган икки кун ўртасини ҳукмда ажратиш қандай тўғри бўлсин?! Бу саҳиҳ қиёсга хилоф эмасми?! Бу икки кунни иллатда баробар бўлгани учун ҳукмда ҳам баробар қилиш саҳиҳ қиёс бўлмайдими?!

Бешинчи ҳужжат: Муддатни чекловчиларнинг сўзлари турлича ва беқарор экани. Бу эса ушбу масалада унга суяниладиган ҳужжатнинг йўқлигига далолат қилади. Булар тўғри ҳам, хато ҳам бўлиши мумкин бўлган ижтиҳодий ҳукмлар бўлиб, улардан бири бошқасидан кўра эргашишга лойиқроқ эмас. Ихтилоф пайтида фақат Қуръон ва Суннатга қайтиш лозим бўлади.

Ҳайзнинг кўп ё озига чеклов йўқ деган сўзнинг кучли ва рожиҳ сўз экани маълум бўлди. Шундай экан, аёл жароҳат ёки бошқа бирон сабабсиз табиий қон кўрса, бу унинг ёшидан ва қон кўрган кунлари сонидан қатъий назар ҳайз қонидир. Агар қон аёлда тўхтовсиз ва давомий бўлса ёки тўхтаганда ҳам бир ой давомида бир-икки кунгина тўхтайдиган бўлса, у истиҳоза бўлади. Иншоаллоҳ, истиҳозанинг баёни ва ҳукмлари ҳақида ҳам маълумот берилади.

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Асл-асос шуки, бачадондан келадиган қон то унинг истиҳоза эканига аниқлик кирмагунича ҳайз деб ҳисоб қилинади».

Яна айтади: «Қон келар экан, агар унинг томир ёки жароҳат қони экани билинмаса, у ҳайздир».

Бу сўз ҳужжат томонидан олиб қараганда кучли сўздир. Шунингдек у чекловчилар айтган сўзга нисбатан фаҳм-идрокка яқинроқ, амал ва татбиққа ҳам қулайроқ. Шундай бўлгач, бу Ислом дини руҳига ва унинг енгиллик ва қулайликка қурилган қоидасига мувофиқ бўлгани учун ҳам қабул қилишга лойиқроқ. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта, дин енгилдир. Кимда-ким уни (ўзи учун) оғирлаштирса, дин уни албатта мағлуб қилгай. Шундай экан, (амалда) ўртача бўлинглар, (имкон қадар мукаммалликка) яқинлашинглар, (ажр-савоблар билан) хушнуд бўлинглар» (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари шундай эдики; у кишига икки ишдан бирини танлаш керак бўлса, модомики унда гуноҳ бўлмаса енгилроғини танлардилар.


[1] "Шариат уларга ҳукмларни боғлаган исмлар"  рисоласидан, 35-бет.

 

Давомига ўтиш►►►

   ЮкоригаÎ