Якшанба 28 Апрель 2024 | 19 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

«Ҳиснул муслим» шарҳи (5): зикр ва дуога тегишли одоблар (1)

3049 марта кўрилган

Иккинчиси: зикр ва дуога тегишли одоблар

Зикр ва дуо қилишнинг шариатимизда кўрсатилган одоблари, фарз бўлган шартлари бор. Ким шуларга риоя қилса, дуоси ва зикри қабул бўлади. Ким ушбу одобларда айтиладиган шартларга амал қилиб юрса, иншааллоҳ сўраган нарсаси берилади. Ким ушбу одобларда камчиликка йўл қўйса, уч нарсага лойиқ бўлади: Аллоҳнинг ғазабига, Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишга, маҳрумликка. Булардан Аллоҳ таоло сақласин!

Қуйида зикр ва дуо қилишнинг одоблари ва шартларини айтиб ўтаман:

1) Пайғамбарлар, авлиёлар ва солиҳларнинг ҳаётини ўқиб ўрганиш. Улар Рабларидан бирон эҳтиёжларини раво қилишини сўрашни исташса, аввал Раблари олдида (намозда) тик туриб, қўлларини ёйиб, кўз ёшларини яноқларига оқизишар, гуноҳларига тавба қилиб, гуноҳ ишлардан айрилишар, қалбларидаги қўрқинчларини уйғотиб, ўзларини хокисор ва бечораҳол тутар эдилар.

Сўнг Аллоҳ таолога мақтовлар айтиб, У зотни айбу нуқсонлардан поклар, улуғлар, Унга лойиқ мақтовлар айтир эдилар. Сўнг дуо қилишга киришардилар.

Масалан, Иброҳим Халилуллоҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолодан ўз эҳтиёжларини раво қилишини ва неъматларини ёғдиришини сўрамоқчи бўлганида дастлаб Аллоҳ таолога мақтов айтиш билан дуосини бошлаб деди: “У мени яратгандир, бас Ўзи мени ҳидоят қилур. Унинг Ўзигина менга егулик ва ичимлигимни берур. Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо берур. У мени ўлдирур, сўнгра (қиёмат кунида қайта) тирилтирур. У жазо (қиёмат) кунида менинг хато-гунохларимни мағфират этишини умид қиладиган Зотдир[1].

У дуосининг бошида Аллоҳ таолога бешта мақтов айтди: яратувчи ва тўғри йўлга бошловчи, егулик ва ичимлик (ризқ) берувчи, дардларга шифо берувчи, тирилтирувчи ва ўлдирувчи ҳамда кечирувчи.

Сўнг бешта эҳтиёжини сўраб деди: “Парвардигорим, менга ҳикмат-илм ато этгин ва мени солиҳ (бандаларинг) қаторига қўшгин. Яна мен учун кейин келувчи одамлар ўртасида рост мақтовлар қилгин. Яна мени ноз-неъматлар боғи (яъни жаннат) ворисларидан қилгин. Отамни ҳам мағфират қилгин. У шубҳасиз адашганлардан бўлди. Ва (барча жонзот) қайта тириладиган Кунда мени шарманда қилмагин[2].

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло у сўраган нарсасининг биттасидан бошқа ҳаммасини берди. Биринчиси ҳақида: “Дарҳақиқат, Иброҳимнинг авлодига китоб ва ҳикмат (пайғамбарлик) бердик[3], деди.

Мени солиҳ (бандаларинг) қаторига қўшгин”, дея сўраган иккинчи тилагини: “Дарҳақиқат, охиратда у солиҳлардан[4], дея ижобат қилди.

Бошқа умматлар уни яхши сўзлар билан эслаб, унга мақтовлар айтиши ҳақида сўраганига: “Ва кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик[5], деб жавоб берди.

Яна мени ноз-неъматлар боғининг (жаннатнинг) ворисларидан қилгин”, деб сўраганига: “Аллоҳнинг раҳмати ва барокати сизларга бўлсин, Иброҳимнинг аҳли-оиласи[6], деб ушбу тилагини ҳам рўёбга чиқарди.

Иброҳим алайҳиссалом отасини кечиришини сўраганига: “У (отаси) Аллоҳнинг душмани экани ойдин бўлгач, ундан воз кечди[7] дея баён қилди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла Ислом умматига Фотиҳа сурасини нозил қилиб, мазкур услубда дуо қилиш шарафига муяссар этди. Зеро, “Сенгагина ибодат қиламиз”, деган оятгача бўлган барча оятлар Аллоҳ таолога ҳамду сано ва мақтовлардан иборат бўлса, ундан кейинги оятлар дуолардир.

Мусо алайҳиссалом ҳам дуосини Аллоҳга мақтов айтиш билан бошлаб деди: “Сен бизнинг суянчиғимизсан бизларни кечиргин ва раҳм айлагин[8].

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган “Шафоат” ҳақидаги ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қиёмат аросатида бутун одамзот пайғамбарлардан Аллоҳ таоло ҳузурида (уларнинг ҳолатларини енгиллатишини сўраб) шафоат қилишларини сўрайди. Ҳар бир пайғамбар дунёда қилган хатосини эслаб: “Мендан бошқа одамга боринглар”, дейди. Шунда мен дейман: “Мен шафоат сўрайман”. Сўнг Раббимдан изн сўрайман. Раббимни кўрган пайтим саждага йиқиламан ва Аллоҳ хоҳлаганча шу кўйи тураман. Сўнг Аллоҳ таоло айтади: “Бошингни кўтар, сўра, берилади, сўзла қулоқ осилади, шафоат сўра, шафоат қилинади”. Шунда Аллоҳ мени У зотга айтадиган мақтовларга илоҳламтиради ва улар билан У зотга мақтовлар айтаман[9].

Бир ривоятда: “Раббимга У менга ўргатадиган сўзлар билан У зотга мақтовлар айтаман”, дейилган.

Қаранг, шафоат сўрашдан олдин Аллоҳга ҳамдлар ва мақтовлар айтишлари ҳақида хабар бердилар.

Фазола ибн Убайд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини намозда Аллоҳни улуғлайдиган сўзларни айтмай (мақтамай) ва Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтмай дуо қилаётганини эшитиб қолиб, дедилар: “Бу киши шошилди”. Сўнг уни чақирдилар ва унга ёки бошқа бир саҳобага: “Биронтангиз намоз ўқиса, Раббини улуғлаш ва Унга мақтовлар айтиш билан бошласин, сўнг Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловат айтсин, сўнг хоҳлаган нарсасини сўраб дуо қилаверсин”, дедилар”[10].

2) Дуо ва зикрни чин қалбдан, умид қилиб, қўрқиб, ўзини хокисор тутиб, хушуъ билан қилиш. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтади: “Дарҳақиқат улар (яъни пайғамбарлар) яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қўрқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар[11]. Яъни савобимизни истаб (хоҳлаб) ва азобимиздан қўрқиб, деган маънони англатади.

3) Қатъият билан, жиддий ва иккинланмай дуо қилиш ва дуода Аллоҳга: “Хоҳласанг сўраганимни бер”, деб айтмаслик. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Дуо қилаётганда: “Аллоҳим, хоҳласанг мени раҳм қил”, деб айтмасин. Балки қатъият билан сўрасин. Зеро, Аллоҳ таолони мажбурловчи йўқ[12].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Биронтангиз дуо қилса, жиддий сўрасин ва: “Аллоҳим, истасанг бер”, деб айтмасин. Чунки У зотни мажбурловчи йўқ[13].

Бир ривоятда: “Аллоҳ бандасига берган бирон нарсаси У зотга қийин ёки оғир келмайди[14]. Икки ривоятнинг маъноси бир.

Яъни Аллоҳ таолони ҳеч ким бандаси сўраган нарсани беришга мажбурлай олмайди. Истаса беради, истамаса, бермайди.

4) Дуо ижобат бўлмаётгандек кўринса-да, Аллоҳ таолодан дуоси қабул бўлишини қаттиқ умид қилиш, У зотнинг марҳаматидан ноумид бўлмаслик. Сўраган эҳтиёжим ижобат бўлмаяпти, деб шошилмасиги керак. Зеро, ҳар бир нарсанинг ўз вақти соати бор. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Биронтангиз модомики: “Дуо қилдим, лекин дуойим қабул бўлмади”, дея шошилмас экан, дуоси қабул бўлади[15].

5) Аллоҳдан ўзингизга нимани сўрасангиз қолган мўмин-мусулмонларга ҳам шуни сўрашингиз. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтади: “Ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг![16].

6) Зуннун (Юнус) алайҳиссалом каби дуони Аллоҳ таолони ёлғиз илоҳ эканини эътироф этиш билан бошлаш. У шундай дуо қилган эди: “Сендан бошқа ҳақ илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат мен (ўз жонимга) зулм қилувчилардан бўлиб қолдим[17].

У Аллоҳни ёлғиз илоҳ эканини эътироф этиб, сўнг У зотни айбу нуқсон ва зулмдан поклаб, сўнг ўзи жонига зулм қилиб қўйганини ва жазога лойиқ эканини эътироф этиб дуо қилди. Аллоҳ таоло унинг дуосига жавобан: “Унинг дуосини қабул қилдик ва ғам-ташвишидан қутқардик”, деди[18].

  1. Шуаро сураси, 78-82-оятлар.

  2. Шуаро сураси, 83-87-оятлар.

  3. Нисо сурси, 54-оят.

  4. Бақара сураси, 130-оят.

  5. Соффат сураси, 108-оят.

  6. Ҳуд сураси, 73-оят.

  7. Тавба сураси, 114-оят.

  8. Аъроф сураси, 155-оят.

  9. Бухорий, 7510 ва Муслим, 193. (М).

  10. Абу Довуд, 1481 ва Термизий, 3475. Албоний саҳиҳ деган. (М).

  11. Анбиё сураси, 90-оят.

  12. Бухорий, 6339 ва Муслим, 2679. (М).

  13. Бухорий, 6338 ва Муслим, 2678. (М).

  14. Муслим, 2679. (М).

  15. Бухорий, 6340 ва Муслим, 2735. (М).

  16. Муҳаммад сураси, 19-оят.

  17. Анбиё сураси, 88-оят.

  18. Анбиё сураси, 89-оят.