Душанба 20 Май 2024 | 12 Зулқаъда 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Булутлардан ўзмиш ҳимматлар/давоми

3904 марта кўрилган

(Давоми)

Хатиб: Холид ар-Рошид
Таржимон: Муҳаммад Ҳабибуллоҳ

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Аллоҳга интилиш ҳиммат ошишига сабаб бўлади

Аллоҳнинг китобига яқин бўлиш ҳимматни оширади. Саҳобаларни Қуръон тарбиялаган эди. Бугун биз Қуръондан қанчалик узоқ эканимиз ёлғиз Аллоҳга аён. Дин душманлари бизни мусиқа, телевизор ва ҳар хил каналлар билан алдаб қўйдилар. Уларнинг мақсадлари бизни устуворлигимиз ва қувватимиз манбаидан тўсиш. Бу манбамиз ҳақида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: "Мен сизларга шундай нарсани қолдираяпманки, агар сизлар уни маҳкам ушласанглар, мендан кейин ҳаргиз адашмайсизлар; Аллоҳнинг китоби ва менинг суннатим."

Жазоир мустамлака қилинди. Мустамлака Жазоир аҳолисининг устидан ўнлаб йиллар мобайнида қора булут каби соя солиб келди. Ваниҳоят душманлар ўзларини бу диёрлар ва унинг аҳолисига тўлиқ ҳукмрон бўлдик, — деб ўйлаган бир вақтда, бирдан эркаклару аёллар ҳатто ёш болалар қўлларига Қуръонни баланд кўтариб, кўчаларни тўлдириб: "Биз ҳаёт эканмиз, жиҳод қилишга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилганмиз," – деб айтиб чиқдилар. Улар бу кучни қаердан олдилар? Уларга бу руҳ қаердан келди? Қуръондан келди. Агар биз Аллоҳ таборака ва таолонинг китобига қайтсак, бизнинг кучимиз ҳам, руҳимиз ҳам қайтиб келади.

Душманларнинг бугунги кундаги энг асосий мақсадлари бизни "Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб, уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду-сано эгаси томонидан нозил қилинган" бу азиз китобдан узоқлаштириш. Жаннат тўғрисидаги оятларни ўқинг, дўзах тўғрисидаги оятларни ўқинг-чи, қани ҳиммат кучаймас эканми?! Ушбу оятни яхшилаб тааммул қилиб кўринг: "Магар Аллоҳнинг покиза бандалари бордирки; Ана ўшалар учун маълум ризқ; (ҳар турли) мевалар бўлур. Ва улар ноз-неъмат боғларида сўрилар устида бир-бирларига рўбарў ўтирган ҳолларида ҳурмат-иззат кўрувчидирлар. Уларга оқар чашмадан ичувчилар учун лаззат бўлган оппоқ (шароб) косалари айлантириб турилурки, у (шароб)да маст қилувчи – ақлдан оздирувчи нарса бўлмас ва улар ундан маст бўлмаслар. Яна уларнинг олдиларида кўзларини (бегоналарга қарашдан) тиювчи, гўё яшириб қўйилган (оппоқ) тухумдек (заҳаланмаган) оҳу кўзлар бўлур. Бас улар (яъни аҳли жаннат) бир-бирларига қараб савол-жавоб қилурлар. (Шундай суҳбатларнинг бирида) улардан бири дсди: «Менинг бир дўстим бор эди. У (менга) «Ростдан ҳам сен (ўлганимиздан сўнг яна қайта тирилишимизни) тасдиқ этувчиларданмисан? Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айланиб кетган вақтимизда ҳақиқатан ҳам (қайта тирилтирилиб) жазолангучимизми?» дер эди. (Сўзловчи ҳаёти дунёда охиратни инкор қилган дўсти ҳақидаги ҳикояни тугатгач, жаннатдаги биродарларига): Сизлар (ҳам мен билан бирга ўша дўстимнинг дўзахдаги ҳоли нима бўлганига) қаровчимисизлар?» деди. Сўнг ўзи қараб уни дўзахнинг ўртасида кўргач; деди: «Аллоҳ номига қасамки, дарҳақиқат сен мени ҳам ҳалок қилаёзган эдинг. Агар Парвардигоримнинг неъмати (яъни ҳидояти) бўлмаса эди, албатта мен (сен билан бирга дўзахга) ҳозир қилинувчилардан бўлур эдим. (Қани менга айтгин-чи) бизлар фақат биринчи ўлимимиздан бошқа ўлувчи эмас эканмизми?! (Бир марта ўлганимиздан сўнг тирилиб) азобланувчи эмас эканмизми? Албатта мана шу (аҳли жаннат етадиган неъматлар) улуғ бахтнинг ўзидир. Бас, амал қилувчилар мана шундай (мангу бахт саодат) учун амал қилсинлар! Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки заққум дарахтими? Ҳақиқатан Биз уни (яъни Заққум дарахтини) золим кимсалар учун фитна қилиб қўйдик.

И з о ҳ. Дўзахда Заққум дарахти бўлиши ҳақида сўзланганида кофирлар «Дўзахда қандай қилиб дарахт ўссин, ахир дўзахнинг ўти уни куйдириб юбормайдими?» деганлар. Шунинг учун юқоридаги оятда кофирлар Аллоҳ таолонинг қудратига шак келтирганлари учун у дарахт тўғрисида зикр қилинганида, ақллари бовар қилмай фитнага дучор бўлишлари уқтирилди.

Дарҳақиқат у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир. Унинг мевалари (хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар (шундай экан унинг мазасини сўрамай қўявер). Бас улар (яъни дўзахилар) албатта ундан еб, қоринларини тўлдирувчидирлар. Сўнгра албатта уларга (Заққум меваларининг) устига аралаштирилган қайноқ сувдан мажбуран ичирилур. Сўнгра уларни яна дўзах азобига қайтарилур (яъни қайноқ сув уларнинг бутун ички аъзоларини куйдириб битганидан сўнг, энди дўзах ўти уларнинг баданларини куйдирур). Албатта улар ўзларининг ота-боболарини йўлдан озган ҳолда топдилар. Энди ўзлари ҳам уларнинг изларидан чопмоқдалар."

Бундай оятлар ҳимматни оширмаса, унда ҳимматни нима оширади?! Агар нафслар жаннатга муштоқ бўлмаса, унда нимага муштоқ?! Агар нафс дўзахдан қочмаса, бундай оятларни тинглаганида нима қилади?! Ҳимматни жаннат ва дўзах оятлари олий қилади.

Салафлар сийратини ўқиш ҳимматни оширади

Ҳиммат — салафи солиҳларнинг сийратини ўқиш билан олий бўлади. Мен сенга уларнинг кучлилари ёки соғломлари ҳақида эмас, узрли бўлган касаллари ҳақида айтиб бераман. Уларнинг бу узрлари Аллоҳ таборака ва таолонинг розилигига етишларига монеълик қилмаган. Абдуллоҳ Ибн Умму Мактум кўзи ожиз, узрли киши эди, лекин у қалби билан нурни кўра олди. У пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: "Уйим узоқда, йўлда эса зараркунанда ҳашоратлар кўп, мени масжидга етаклаб келадиганим йўқ," – деди. У учун уйида намоз ўқишига барча шаръий сабаблар муҳайё эди. Лекин пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

— Азонни эшитасизми?

— Ҳа.

— Унда мен сиз учун узрни кўрмаяпман.

Шундан кейин у бу кўзи ожиз одам жамоат намозидан бирор марта қолмади ва бирор марта бомдод намозига ҳам ухлаб қолмади. Нега кўзи кўрадиган кишилар ухлаб қоладилар?! Куч-қуввати бор кишилар нима учун жамоат намозига чиқмайдилар?! Нимага соғлом кишилар дангасалик қиладилар?! Кўзи ожиз бўла туриб азонга лаббай, дер эди. У киши эмас, қасамки, қулоғи эшитиб, кўзи кўра туриб Аллоҳнинг буйруқларини бажармаган киши ҳақиқий кўрдир. Аллоҳга қасамки, одамлар Аллоҳнинг тўғри йўлини йўл тутганларини кўра туриб, уларни у йўлдан тўсган киши ҳақиқий кўрдир. Бу кўзи ожиз саҳобийнинг ҳиммати фақат беш вақт намозни ўз вақтида адо қилишга чекланиб қолган деб ўйлаябсизми? Осмонлар ва ер раббига қасамки, ундай эмас. Умар разияллоҳу анҳу Шом юртларига чиқиш учун қўшин ҳозирлаганида у киши ҳам уруш кийимларини кийиб, ҳозирланиб чиқди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу у кишига қарата: "Эй Ибн Умму Муктум, қаерга отландингиз? Ахир Аллоҳ сизнинг узрингизни қабул қилганку. Аллоҳ таоло: "(Жиҳодга чиқмай қолишдан) кўзи ожиз кишига хараж-танглик йўқдир." – демаганми?" — деди. Шунда у олий ҳиммат билан жавоб берди:

— Мени шаҳид бўлишдан қайтарасизми, эй Ибн Хаттоб?

— Душманга нима ҳам қила олардингиз?

— Мусулмонларнинг сонини кўпайтириб тураман.

У қўшин билан бирга чиқди. Қўшин саф тортганида – мен орқа сафда тураман, мени камон ўқи ва найзалардан ҳимоя қилинглар, – демади. Аксинча, ўзиниг олий ҳиммати ва содиқ нияти билан жанг ўртасида турди ва: "Мен бугун сизларга байроқни кўтариб тураман," – деди. Байроқни кўтариш масъулияти қанчалигини биласизми? Байроқни ботирларгина кўтаради, байроқни кўтаришга яроқли кишиларгина кўтаради. Бу байроққа нима ёзилганини биласизми? Унга "Ла Илаҳа Иллаллоҳ" – деб ёзилган. Кўзи ожиз саҳобий туриб: "Мен сизларга байроқни кўтариб бераман," – деди. Кўр у эмас, Аллоҳга қасамки, сен билан мен кўрмиз.

Олий ҳимматли кишилар ҳаётларининг қийматини билганлари учун уни Аллоҳ таборака ва таолонинг йўлида сарфлаганлар. У "Ла Илаҳа Иллаллоҳ" байроғини жанг майдонида кўтариб турар экан, бунинг баҳоси қиммат эканини ҳам яхши билар эди. У байроқни йиқитиш учун душманлар тарафидан ўзининг асосий нишон эканини билар эди. Байроқ унинг қўлидан тушмади. Чунки у олий ҳимматли эди. Шу кун қуёш ботиши билан жанг ниҳоясига етди. Улар Ибн Умму Мактумни изладилар. Қарасалар, у киши табассум ила байроқни бағрига босиб, жон берган экан. Ўша куни Аллоҳ таоло мусулмонларга улкан нусратни берди.

Бу одам нима учун чиққан эди? Мана шу "Ла Илаҳа Иллаллоҳ" байроғини олий қилиш учун чиққан эди. У қиёмат куни қандай ҳолатда қайта тирилади? У саноғини Аллоҳдан бошқаси билмайдиган тумонат кишилар ичида шу байроқни кўтариб қайта тирилади. Аллоҳ ҳаққи, менга айтингларчи, Аллоҳ таоло бутун халойиқни тўплайдиган ўша кунда бу байроқни кўтарган кишилар қанча бўлади? Бу байроқ учун яшаганлар қанча? Бу байроқ йўлида ўзларини фидо қилганлар қанча?

Аллоҳим бизни ҳам улар жумласидан ва улар билан бирга қил! Аллоҳим бизга Ислом билан нусрат бер ва ислом нусратига бизни сабабчи қилгин, ё Роббал оламин! Аллоҳ таоло менга ҳам, сизларга ҳам Қуръондан фойда олишни насиб қилсин. Ундаги оятлар ва ҳикматли эслатмалардан фойдалантирсин. (Ушбу сўзларни айтар эканман, Аллоҳ таолодан мени ҳам сизларни ҳам барча гуноҳларимизни кечиришини сўрайман! Сизлар ҳам Аллоҳга истиғфор айтинглар! Зеро у зот кечиримли ва раҳмли зотдир.)

Йўргакда теккан — кафанда кетар

Аллоҳнинг берган яхшиликларига ҳамд бўлсин. Бизни тўғри йўлга бошлагани учун шукрлар бўлсин. Аллоҳнинг ёлғиз ўзидан бошқа илоҳ йўқ эканига у зотни улуғлаб гувоҳлик бераман. У зотнинг шериги йўқ. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотнинг бандаси ва у зотнинг розилигига чақирувчи элчиси эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳим у зотга, у кишининг аҳлига, саҳобалари ҳамда ёру биродарларига саловат ва саломларинг бўлсин.

Аммо баъд....

Азизларим, мен ўзимга ҳам сизларга ҳам Аллоҳдан тақво қилишни насиҳат қиламан. Аллоҳдан қўрқинглар, эй Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳга қайтадиган кундан қўрқинглар!

Билингки, ким бир нарсага ёшлигида одатланса, қариганда ҳам ўшандек қолади. Ким ёшлигида тоат-ибодатда бўлса, қариганида ҳам тоат-ибодатда бўлади, ибодатда вафот этади ва Аллоҳнинг изни ила ибодат қилган ҳолида қайта тирилади. Зеро, амалларнинг охиргиси эътибор қилинади.

Мен сизларга Аллоҳнинг тоатида тарбия топган бир одам ҳақида сўзлаб бераман. У одам ёшлигини, балки бутун умрини Аллоҳнинг розилигига биғишлаган. Ўлимига қадар ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини Аллоҳ таолонинг розилиги учун сарфлаган. Тўққиз-ўн ёшидан бошлаб азонга муҳаббати бўлган, азон айтишни севган. У ёшлик чоғида гоҳ-гоҳида масжид муаззинидан азон айтишга изн сўраб турар ва муаззин ўрнига азон айтар эди. Ўн икки-ўн уч ёшларга етганида масжид муаззини азон айта олмай қолди ва бу болакай ёши кичик бўлишига қарамасдан азонга муҳаббати бўлгани боис муаззин қилиб тайинланди. Ёшлигиданоқ мунтазам азон айтди, масжидга муҳаббат қўйиб, азон айтиб, ҳар куни "Аллоҳу Акбар. Аллоҳу Акбар." – деб такрорлаб ёшлигини ўтказди. Кексайгунига қадар азонни тарк қилмади.

Аллоҳ ҳаққи менга айтингларчи, у давомий азон айтар экан, неча марта такбираи таҳримага етишди экан? Қанча вақт азон билан иқомат орасида Аллоҳга дуо қилиб, ёлворди экан? Қанча вақт Қуръон ўқиб ўтирди экан? Қанча вақт жаннат боғларида ўтирди экан?

Ота бўлди, лекин азонни қолдирмади. Мол-дунёси ва болаларнинг тарбияси уни азон айтишига, "Ла Илаҳа Иллаллоҳ" ва "Аллоҳу Акбар" дейишига тўсқинлик қилмади. Қари чол бўлганида ҳам бу ишини қолдирмади. Одамлар унинг азонига қараб оғиз очиб, оғиз ёпардилар. Чунки у азонга энг қаттиқ қизиққан ва энг вақтида айтадиган киши эди.

Иликларидан мадор кетиб, юриши оғирлашган қария бўлганда ҳам масжидга боришни ва азон айтишни қолдирмади. Фарзандлари ҳам унинг соясида ва қарамоғида тарбия топиб, оталари каби масжидга муҳаббат қўйиб улғайдилар. Зеро, қуш инида кўрганини қилади.

Узоқ йиллардан кейин бу одамнинг оиласи ва болалари у киши тарбия топган, униб-ўсган ва ҳаётини ўткзган масжидидан узоққа кўчиб ўтдилар шу боис беш вақт намозга бориб-келиб азон айтиш қийинлашиб қолди. Шунда бу одам фарзандларига: "Мени бомдод намозида масжидга олиб бориб, хуфтондан кейин олиб келинглар," – деди. Узоқ йиллар шу ҳолатда давом этди. Бомдоддан хуфтонгача Аллоҳнинг уйида Қуръон ўқиб, зикр қилиб, Аллоҳ таборака ва таолонинг уйига хизмат қилиб ўтирди.

Касаллиги оғирлашгани туфайли уйда ўтириб қолди ва узрли кишилар сирасига кирди. Ҳар қачон азонни эшитса йиғлар ва неча маротаба "Аллоҳу Акбар" ва "Ла Илаҳа Иллаллоҳ" деганини эслар эди.

Кунларнинг бирида пешин намози бўлганида бу киши ўзини енгил ҳис қилди ва болаларидан уни масжидга олиб боришларини илтимос қилди. Ғусл қилди, хушбўйланди, энг яхши кийимларини кийди ва масжидга барвақт, азон айтилишидан олдин борди. Муаззиндан азон айтишга изн сўраб, изн олди. Узоқ узилишдан кейин яна азон айтди. У гўзал кунларда неча маротаба бу абадий чақириқни айтганини эслаб, йиғлаб-йиғлаб, "Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар... Ла Илаҳа Иллаллоҳ" – деб азон айтди.

Азон кетидан азон дуосини ҳам айтиб бўлгач, Аллоҳ учун икки ракъат намоз ўқиш мақсадида бироз ортга тисарилди. Намозни бошлаб, рукуъ қилди, сажда қилди ва шу унинг охирги саждаси бўлди. У саждадан бошини кўтармади. Парвардигорининг ҳузурига Унга сажда қилган ҳолда йўл олди. Азонни севиб яшади ва азонни айтиб бўлиб дунёдан ўтди. Шу йўлда ўсиб улғайиб, шу йўлда кексайиб, шу йўлда жон берди.

У азонни, намозни, масжидни, Қуръонни, дуони, тасбеҳни, такбирни ва таҳлилни севар эди. Мен билан сиз нимани севамиз? Улар Аллоҳни севгандилар, Аллоҳ ҳам уларни севди. Улар Аллоҳ розилиги йўлида жонларини бердилар, эвазига Аллоҳ таоло уларнинг оқибатларини гўзал қилди. Зеро, олий ҳимматлар ва содиқ ниятлар билан нимани истасангиз шунга етасиз.

Эй йигит, амал қилиб қол! Сенинг куч-қувватинг бор. Эй қария, амал қилиб қолинг, сизнинг вақтингиз кам. Умрлар бизга номаълум, ажаллар эса белгиланган. Тез кунда ҳаммамиз экканимизни ўрамиз. Ҳимматингиз сизни ё жаннатнинг юқори даражаларига, ё жаҳаннамнинг тубига олиб боради.

Аллоҳдан олий ҳиммат ва розилигига етишга ёрдам сўранглар. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Мен дуоларнинг энг гўзали ва энг фойдалисини ўйлаб кўриб, у — Аллоҳнинг розилигига етишга ёрдам сўраш эканини билдим." Шундай экан эртаю кеч "اللهم أعني على ذكرك وشكرك وحسن عبادتك." "Аллоҳим сени зикр қилишга, сенга шукр қилишга ва сенга гўзал ибодат ибодат қилишга менга ўзинг ёрдам бер," – деб такрор-такрор дуо қилинг.

Аллоҳим, бизнинг нафсларимизга тақвосини бергин ва уларни ўзинг покла. Зеро, сен уларни энг яхши покловчисан.

Аллоҳим, бизга иймонни суюкли қил ва уни қалбимизга гўзал қилиб кўрсат! Бизга куфр, фисқ ва осийликни ёмон қилиб кўрсат. Ё раб, бизни тўғри йўлдагилардан қил.

Аллоҳим, бизга ҳақни ҳақ қилиб кўрсат ва унга эргашишни насиб айла. Ботилни бизга ноҳақ қилиб кўрсат ва ундан сақланишни насиб айла.

Аллоҳим, бизни ички ва ташқи, барча фитналардан ўзинг сақла.

p