Ислом Нури
Китоблар
ТАҲОВИЙ АҚИДАСИ МАТНИГА МУХТАСАР ИЗОҲЛАР
Шайх Доктор Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон Ислом Нури таржимаси
163. وبِعَذابِ الْقَبْرِ لِمَنْ كانَ لَهُ أهْلاً، وسُؤالِ مُنْكَرٍ ونَكِيرٍ في قَبْرِهِ عَنْ رَبِّهِ ودِينِه ونَبِيّه، علَى ما جاءَتْ بِهِ الأخْبارُ عَنْ رسولِ اللهِ صلّى الله عليه وسلّم، وعَنِ الصّحابةِ رِضْوانُ اللهِ عَلَيْهِم .
163. Қабр азобига лойиқ бандалар учун қабрда азоб борлигига ҳамда ҳар бир киши қабрида Мункар ва Накир исмли фаришталар тарафидан Рабби, дини ва пайғамбари ҳақида сўроқ қилинишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромлардан ривоят қилинган хабарлар асосида иймон келтирамиз.
Шайхулислом «Ал-ақидатул-восития» китобида айтишларича, ўлимдан кейинги ҳар бир иш, яъни қабрдаги азоб ёки роҳат, қайта тирилиш, дунёда қилинган амалларни кўрсатилиши, ҳисоб-китоб, мезон, амаллар саҳифаларининг берилиши, жаннат ва дўзах, буларнинг ҳаммаси охират кунига бўлган иймон ичига кириб кетади. Ким булардан биронтасини инкор қилса, охират кунига иймон келтирган бўлмайди.
охират куни ва унда бўлиб ўтувчи ишлар ғайб ишларидан бўлиб, биз бунга ақл ва фикрларимиз билан киришмаймиз, фақат Китобу Суннатда келган хабарларга суянамиз, булар ҳақида далилсиз бирон гап айтмаймиз.
Қабр дунё билан охират ўртасидаги барзах – тўсиқдир: «Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» (Мўминун: 100).
Қабр – кутиш бекатидир, у ердан одамлар қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб сари йўл оладилар. Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: Ҳовлилар учтадир:
Биринчи: Дунё ҳовлиси. У амал қилиш, яхшилик ё ёмонликлар касб қилиш ўрнидир.
Иккинчи: Барзах ҳовлиси. У вақтинчалик жой бўлиб, уни сўнгги манзил дейдиганлар хато қилади.
Учинчи: Абадий қарор топиш ҳовлиси. У ё жаннат, ё дўзах бўлади: «Албатта охиратгина (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир» (Ғофир: 39).
Ҳадисда айтилганидек, маййит қабрига қўйилиб дафн қилингач, одамлар ортига қайтаётганларида, ҳАлий уларнинг оёқ товушлари тинмай туриб, унинг руҳи жасадига қайтарилади. Бу Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган барзаҳдаги ҳаётдир, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар ишга қодир Зот! Руҳи жасадига қайтарилгач ва қайта ҳаёт бахш этилгач, унинг ҳузурига иккита фаришта кириб келиб, ундан учта савол сўрайди: «Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?»[1] агар тўғри жавоб беролса, нажот топади ва қабри жаннат боғларидан бир боғчага айланади, сўнгра қиёмат куни жаннат аҳлидан бўлади. Агар жавоб беролмаса, унинг қабри дўзах чоҳларидан бир чоҳга айланади, қабри уни қаттиқ қисади, ҳатто қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Унисининг қабри эса кўзи етган жойгача кенгайтириб қўйилади, унга жаннатдан дарича очиб қўйилади, ундан жаннатнинг салқин шабада ва ифорлари келиб туради. Бунисининг қабрини қовурғалари киришиб кетадиган даражада торайтириб қўйилади, сўнг унга дўзаҳдан дарича очилиб, унинг иссиғи ва заҳарли ҳавоси келиб туради. Аллоҳ асрасин!
Аллоҳ таоло мўминларни у билан собитқадам қиладиган тўғри жавоб: «Роббим Аллоҳ, диним Ислом, пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам» демоқликдир: «Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур» (Иброҳим: 27).
Бу (яъни, Аллоҳ таоло иймон калимаси билан собитқадам қилиши) эса Аллоҳ ва Расулига бўлган иймон сабабли ҳосил бўлади, ёдлаб олиш ёки билиб олишнинг ўзи кифоя қилмайди. Кимда иймон бўлмаса, унинг тили жавобдан тутилади. Дунёдалик пайтида тилида иймон, дилида эса куфрни яширган мунофиқ ҳам жавобга қодир бўлмайди ва: «Ҳааҳ, ҳааҳ, билмайман, одамлар бир нарса дейишаётганини эшитиб, мен ҳам шуни айтганман», дейди. Шунда уни темир гурзи билан шундай уриладики, дод-фарёдини инсондан бошқа барча жонзот эшитади. Агар инсон эшитса, беҳуш бўлиб қоларди: «Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур» (Иброҳим: 27).
164. والْقَبْرُ رَوْضَةٌ مِنْ رِياضِ الْجَنَّةِ، أَوْ حُفْرَةٌ مِنْ حُفَرِ النِّيرانِ.
164. Қабр жаннат боғларидан бир боғ ёки дўзах чоҳларидан бир чоҳдир.
Кимдир айтиши мумкинки, маййит тупроққа айланиб кетса, тупроқ қандай қилиб азоб чекиши мумкин?
Биз унга айтамизки, Аллоҳ таоло уни тупроқ ҳолида ҳам азоблашга қодир, У тупроқни у учун чўғга айлантириб қўйишга қодир.
Яна кимдир айтиши мумкинки, ҳамма одам ҳам дафн қилинмайди-ку, айримлар денгизга ташлаб юборилади, айримларни йиртқичлар еб кетган бўлади, унга қандай азоб етади? Айтамизки: Ҳа, унга қаерда бўлмасин азоб етади, иккала фаришта албатта унга келади. Бунга иймон келтириш ғайбга бўлган иймоннинг бир қисмидир, Аллоҳ ва Расулининг хабарига иймон келтиришдир. Ким бунга иймон келтирмаса, ақли ва фикрига суянса, қаттиқ адашади.
Қабрда азоб ё роҳат бўлишига Китобу Суннатдан далиллар бор. Уламолар айтишадики, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадислар мутавотирлик даражасига етган. Ким мутавотир хабар билан келган ишни ёлғон санаса, кофир бўлади.
Муътазилалар ва ҳозирги асрда уларнинг йўлини тутган айрим тоифалар қабрда бўладиган ишларга иймон келтиришмайди, чунки улар ақлоний (яъни ақлни нақлдан устун қўювчилар) бўлиб, ишларга ақл тарозисига кўра баҳо беришади. Улар шаръий далилларини зонний (гумонли) санашади, ақлий далил эса улар наздида яқиний (ишончли) саналади.
Қабр азобига далиллардан бири Аллоҳ азза ва жалланинг Фиръавн қавми ҳақидаги оятидир: «(У азоб бир) оловдирки, улар эртаю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир: 46). Яъни, уларга эртаю кеч кўндаланг қилинадиган бу азоб қабрда бўлади.
«Албатта золим-кофир бўлган кимсалар учун бундан (Қиёмат Кунидан) илгари ҳам азоб-уқубат(лар) бордир, лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар!» (Ват-тур: 47). Муфассирлар «Бундан илгари ҳам азоб бордир» деган азобдан мурод қабр азобидир, деганлар. Баъзилар: «Бундан мурод дунёда бўладиган ўлдирилиш, асир олиниш, жизя (ўлпон) тўлаш каби азоблар» дейишган. Оят ҳар икки маънони ўз ичига олади.
«Албатта Биз улар ўз (куфру исёнларидан) қайтишлари учун уларга улуғ азобдан илгари яқин азобни тотдирурмиз» (Сажда: 21) Яқин азоб – қабр азоби, улуғ азоб эса қиёмат кунидаги азобдир.
Қабр азобини исбот қилувчи ҳадислар мутавотир даражасига етган. Жумладан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка ёки Мадина деворларидан бир девор ёнидан ўтаётиб қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитдилар ва: «Бу иккиси азобланаяпти ва (лекин одамлар наздида) катта гуноҳ (саналадиган иш) туфайли азобланишаётгани йўқ» дедилар. Кейин: «Йўқ, (уларнинг қилган ишлари катта гуноҳдир) улардан бири бавлидан (сийдигидан) сақланмас эди, иккинчиси чақимчилик қилиб юрарди» дедилар».[2]
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт нарсадан паноҳ тилашга буюрган ҳадисларида айтганлар: «Парвардигоро! Мен Сендан дўзах азобидан, қабр азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ҳамда масиҳи Дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман».[3]
Бундан бошқа далиллар ҳам кўп.
Баъзи одамлар ибрат ва насиҳатланишга сабаб бўладиган қабр азобидан баъзи бир нарсаларга шоҳид бўлган ҳоллари ҳам бўлади.
Ҳофиз Ибн Ражаб «Аҳвалул-қубур ва аҳвалу аҳлиҳа ила явмин-нушур» (Қабрдаги даҳшатлар ва қабр эгаларининг қайта тирилиш кунигача аҳволлари) номли китобида кўп ажойиб ҳолатларни баён қилган, Ибнул Қаййим «Руҳ» китобида қизиқарли воқеаларни зикр қилган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромлардан ривоят қилинган хабарлар асосида иймон келтирамиз» дейилди. Чунки, қабрда бўладиган роҳат ёки азоб ҳолатлари ғайб ишлари жумласидан бўлиб, бундай нарсаларни фақат далил билан исботлаймиз ва далилларни инкор қилмаймиз. Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби шудир.
165. ونُؤْمِنُ بِالْبَعْثِ وَجَزاءِ الأعْمالِ يَوْمَ الْقِيامَةِ، وَالْعَرْضِ والْحِسابِ، وقِراءَةِ الْكِتابِ، والثَّوابِ والْعِقابِ، والصِّراطِ والْمِيزانِ.
165. Қиёмат кунида қайта тирилиш, амаллар учун мукофот берилиши, рўпара қилиниш, (амалларнинг) ҳисоб-китоб қилиниши, номаи-аъмолларнинг ўқилиши, савоб ва жазо (берилиши), (жаҳаннам устига тортилган кўприк бўлмиш) Сирот, (бандаларнинг яхши ва ёмон амаллари тортиладиган) тарози – барчаси ҳақ эканлигига иймон келтирамиз.
Барзах ҳаётидан сўнг одамлар қабрларидан тирилиб чиқадилар. Қабрлар жасадларни ўзи бағрида сақлаб турган бўлади. Қайта тирилиш куни Аллоҳ таоло бу жисмларни аввалда қандай яратган бўлса шундай, бирон нуқсонсиз, қайта яратади: «..биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилувчидирмиз» (Анбиё: 104).
У аввал қандай бўлган бўлса худди ўша ҳолига қайтади, яъни кимдир биров ўзи таниган бир кишининг ёнидан ўтса: «бу фалончи-ку», дейдиган даражада бўлади. Сўнг Аллоҳ таоло Исрофил алайҳис-саломга буюради, у сурни иккинчи бор чалади, шунда руҳлар жасадларга қараб учади.
Маҳшар – халойиқлар йиғиладиган жой бўлиб, Аллоҳ таоло аввалгилару охиргиларни қайта тирилгач, бир жойга йиғади. Аллоҳ таоло ҳар ишга қодир. Қайта тирилишга иймон келтириш, ҳадисда келганидек, иймоннинг олтита рукнидан биридир.
Мушрик ва худосизлар ўз ақлларига суяниб, қайта тирилишни инкор қилишди, «Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилувчимизми, аввалги ота-боболаримиз ҳам-а?!» (Воқеа: 47, 48) дейишди. Аллоҳ таоло уларнинг бундай инкорларини Қуръоннинг бир неча жойида келтирган, масалан, «У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди» (Ёсин: 78).
Аллоҳ таоло қайта тирилишнинг ҳақлигига ақлий далилларни ҳам зикр қилган: «У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш — тирилтириш) У зотга жуда осондир» (Рум: 27).
Буни фақат мисол тариқасида келтирган, холос. Аслида, арзимас бир томчи сувдан яратган зот уларни тупроқдан яна қайта яратишга ва аввал қандай бўлган бўлсалар ўша ҳолга қайтаришга қодир бўлмайдими?! «Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?! Ахир у (бачадонга) тўқиладиган манийдан бир (ҳақир) нутфа эмасмиди?! Сўнгра лаҳта қон бўлди. Бас, (Аллоҳ уни) яратиб, расо (инсон) қилди. Сўнг ундан эркак ва аёл жуфтларини (пайдо) қилди. Ана шу (Аллоҳ) ўликларни тирилтиришга қодир эмасми?! (Албатта Аллоҳ бунга қодирдир)!» (Қиёмат: 36-40).
Қайта тирилишга далиллардан яна бири – сувсизликдан қақраган, биронта гиёҳ унмай ётган дашт ердирки, Аллоҳ таоло унга ёмғир ёғдиргач, саноқли кунлар ичида у кўкаламзор ерга айланади.
Ўлик ерни тирилтира олган зот инсонни қайта тирилтиришга қодир бўлмайдими?! Бу ақлга ҳам тўғри келадиган, кўз билан кўриб турилган нарсадир:
«Ўлик-қуруқ ер улар учун (қайта тирилиш ҳақ эканига) бир оят-аломатдир – Биз уни (сув билан) тирилтирдик» ва ундан (турли) дон-дунни ундириб чиқардик » (Ёсин: 33).
«(Қайта тирилиш ҳақ эканлигининг яна бир далили ушбудир) — сиз(лар) бу ерни қуруқ-ўлик ҳолида кўрурсиз. Энди қачонки Биз унинг устидан ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли-туман гўзал (наботот) жуфтларини ундирур» (Ҳаж: 5).
Қайта тирилишга яна бир далил – агар Аллоҳ таоло одамларни қайта тирилтирмаса ва жазо ва мукофотларини бермаса эди, уларни абас ва беҳуда яратган бўлиб қоларди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бирон ишни беҳуда қилишдан пок зотдир: «Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?! (Ундоқ эмас)! Зотан Ҳақ Подшоҳ - Аллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) юксакдир» (Мўминун: 115, 116).
Ҳаёти дунёда умрини тоат-ибодатда ўтказган киши ўлса-ю, қайта тирилмаса?! Бир умр ерда бузғунчилик ва фаҳш ишлар билан умргузаронлик қилган кофир кимса ҳам ўлса-ю, қайта тирилмаса?! Ахир бу Аллоҳнинг ҳикматига тўғри келмайди-ку!
«Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?!» (Жосия: 21).
«Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?» (Қалам: 35, 36).
«Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас кофир бўлган кимсалар учун дўзаҳдан иборат ҳалокат бўлгай! Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! Ёки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўямизми?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)» (Сод: 27, 28).
Баъзан мўмин киши дунёда роҳат кўрмай, фақат меҳнат-машаққат ичида ўтади. У ҳам амалининг мукофотини кўрмаса?! Кофир эса роҳат-фароғатда яшаб, бузғунчиликлар билан ҳаёт кечириб, у ҳам амалига яраша жазо кўрмаса?! Бу Аллоҳ таолонинг ҳикматига муносиб иш бўлмайди.
Амалларнинг жазо ва мукофотига бу дунёда эришилмайди, балки охират диёрида етилади.
«Рўпара қилиниш»дан мақсад – Аллоҳ таолога рўпара қилинишдир: «Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар» (Ал-ҳаққа: 18), «Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз» (Каҳф: 48). Яъни, улар Аллоҳ азза ва жаллага ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолларида рўпара қилинадилар.
Амалларнинг ҳисоб қилиниши – мўминларга нисбатан уларни яхши ва ёмон амалларига иқрор қилдириш маъносида бўлади. Кофирларнинг яхши ва ёмон амалларини ўлчаш деган нарса бўлмайди, уларга нисбатан ҳисоб-китоб фақат ёмонлик ва гуноҳларига иқрор қилдириш маъносида бўлади, чунки уларда савобли амалнинг ўзи бўлмайди.
Мўминлардан баъзилари ҳисоб-китобсиз жаннатга кирадилар, баъзилари осон-енгил ҳисоб билан ҳисоб қилинади, баъзиларга эса ҳисоб тўла қилинади. Ҳадисда айтилади: «Ким тўла-тўкис ҳисобга тортилса, азобга дучор бўлади».[4]
Номаи аъмоллар – дунёда қилинган амаллар ёзилган саҳифалар бўлиб, қиёмат куни ҳар бир кишига амаллари саҳифаси берилади, унда ҳамма ишлари ёзилган бўлади:
«(Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлгай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф: 49).
«Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амАлий икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз. (Ва унга дейилур:) «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир» (Исро: 13, 14).
«Бас, энди ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у: «Мана менинг китобимни ўқинглар. Дарҳақиқат мен ҳисоб-китобимга (яъни охиратдаги ажр-мукофотга) рўбарў бўлишимни билган эдим», дер. Сўнг у кўнгилли ҳаётда, мевалари (аҳли жаннат учун) яқин бўлган юксак жаннатда бўлур» (Ал-ҳаққа: 19-23).
«Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, у дер: «Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса эди! Ва мен ҳисоб-китобим (яъни оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди! Эҳ қанийди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатувчи-узувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди! Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!» (Ал-ҳаққа: 25-29).
Бу саҳифаларнинг ўнгдан ё чапдан берилишидир.
Савоб ва жазо – яхшиликларга бериладиган ажру мукофотлар ва ёмонликларга бериладиган азоб-уқубатлардир.
Сирот – жаҳаннам устига тиқилган кўприк бўлиб, қиличдан ўткир, қилдан ингичка, чўғдан иссиқдир. Одамлар унинг устидан ҳар ким амалига қараб ўтади. Кимдир яшиндек, кимдир шамолдек елиб, кимдир учқур отдек чопиб, кимдир туядек лўқиллаб, кимдир югуриб, кимдир юриб, кимдир судралиб ўтади, баъзиларни эса кўприкнинг икки чеккасидаги чангаклар тутиб қолиб, жаҳаннамга улоқтиради. Бу ғайб ишларидан бўлиб, унга инсоннинг ақли етмайди. Ҳамма шу кўприк устидан ўтади: «Сизлардан ҳар бирингиз унга тушувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз» (Марям: 71, 72).
Амаллар тарозида тортилади. Кимнинг яхшиликлари оғир келса, нажот топади. Ёмонликлари яхшиликларидан оғир келган одам зиёнкорга айланади: «(Амалларни) тўғри тортиш ўша Куни бўлур. Бас, кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топувчилардир. Кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил бўлса, бас, улар (Бизнинг оятларимизни инкор қилиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир» (Аъроф: 8, 9).
Амалларнинг тортилиши ва тарози бир неча оятларда зикр қилинган. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг адолатидан бўлиб, У ҳеч кимга зулм қилмайди. Тарози ҳақиқий бўлиб, унинг икки палласи бўлади. Яхшиликлар бир палласига, ёмонликлар иккинчи палласига қўйилади. Кимнинг яхшиликлари оғир келса, нажот топади, кимнинг ёмонликлари оғир келса, зиёнкор бўлади: «Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар ҳардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).
166. اَلْجَنَّةُ و النّار مَخْلوقَتَانِ، لا تَفْنِيانِ أَبَدًا و لا تَبِيدانِ
166. Жаннат билан дўзах яратиб қўйилган ва асло йўқ бўлиб кетмайди.
Жаннат тақводорлар ҳовлиси, дўзах эса жиноятчилар ҳовлисидир. Аллоҳ таоло жаннат ҳақида: «тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган» (Оли Имрон: 133), дўзах ҳақида: «кофирлар учун тайёрлаб қўйилган» (Бақара: 24) деб зикр қилган. Иккаласи ҳам абадийлик ҳовлиси, сўнгги манзил ва қарорланиш ўрнидир.
Жаннат ва дўзаъ яратиб қўйилган ва ҳозирда мавжуд. Бу аҳли сунна вал-жамоанинг мазҳабидир. Аллоҳ таоло: «тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган» (Оли Имрон: 133), «кофирлар учун тайёрлаб қўйилган» (Бақара: 24) деб ўтган замон феъли шаклида зикр қилди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, тўсатдан гумбурлаган товуш эшитилди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биласизларми, бу нима?», дедилар. Биз: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дедик. «Бу – бундан етмиш йил олдин дўзахга ташланган тош эди. У ҳозиргача дўзахга тушиб борарди, энди тубига етди», дедилар.[5] Бу ҳам дўзахнинг яратиб қўйилган эканига далил бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаҳаннамнинг икки нафаси бўлади. Қишдаги нафаси сизлар билган энг қаттиқ совуқдир, ёздаги нафаси сизлар билган энг қаттиқ иссиқдир», деганлар.[6]
У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Ҳарорат кучайганида намозни (яъни пешинни) салқинлатиб ўқинглар, чунки ҳароратнинг кучайиши жаҳаннамнинг нафасидандир».[7]
Шунингдек, мўминнинг қабрига жаннатдан дарича очиб қўйилади, кофирнинг қабрига дўзаҳдан дарича очиб қўйилади. Бу ҳам жаннат ва дўзахнинг бор эканига далил бўлади. Адашган тоифалар буни инкор қилишади ва «жаннат ва дўзах қиёмат куни яратилади» дейишади.
167. فَإِنَّ اللهَ تَعالَى خَلَقَ الْجَنَّةَ والنّارَ قَبْلَ الْخَلْقِ، وَخَلَقَ لَهُما أَهْلاً
167. Аллоҳ Таоло жаннат билан дўзахни бошқа маҳлуқотларидан олдин яратди ва ҳар иккиси учун (муносиб) бандаларни ҳам яратди.
Аллоҳ таоло жаннатга ҳам ўзига муносиб кишиларни яратиб қўйган, дўзахга ҳам ўзига лойиқ кишиларни яратиб қўйган. Ҳар ким амалига яраша жазо ва мукофотга эришади.
168. فَمَنْ شاءَ مِنْهُمْ إِلَى الْجَنَّةِ فَضْلاً مِنْهُ، وَ مَنْ شاءَ مِنْهُمْ إِلَى النّارِ عَدْلاً مِنْهُ
168. Бандаларидан кимни Аллоҳ жаннатий бўлишини ирода қилган бўлса, бу Унинг фазли-карами туфайлидир. Кимнинг дўзахий бўлишини истаган бўлса, бу Унинг адли тақозосидир.
Жаннатга амал билан эришиб бўлмайди. Амал бир сабаб холос. Аслида жаннатга фақат Аллоҳнинг фазли билангина эришилади. Одамзот ҳарчанд кўп ва хўп солиҳ амаллар қилган бўлмасин, бу жаннат муқобилида тўлов бўлишга арзимайди. Солиҳ амаллар жаннатга киришга сабабдир: «(Фаришталар уларга:) қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз», дерлар» (Наҳл: 32).
Дўзахга тушиш ҳам куфр сабаблидир. Бу ҳам Аллоҳнинг адолати тақозоси бўлиб, У зот бировни зулм билан эмас, амАлий сабабли дўзахга туширади.
169. وَكُلٌّ يَعْمَلُ لِمَا قَدْ فُرِغَ لَهُ، وَ صائِرٌ إلَى ما خُلِقَ لَهُ.
169. Ҳар бир инсон ўзи учун азалдан ҳал этиб қўйилган нарса (жаннат ёки дўзах) учун амал қилади ва нима учун яратилган бўлса, ўша сари боради.
Саодат аҳлидан бўлса, саодат аҳлининг амалини қилади, шақоват (бадбахтлик) аҳлидан бўлса, шақоват аҳлининг амалини қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Амал қилаверинглар! Зеро, ҳар бир киши нима учун яратилган бўлса, шунгагина муяссар этиб қўйилади», деганлар.[8]
Аллоҳ таоло айтади: «Шак-шубҳасиз сизларнинг саъйу ҳаракатларингиз ҳилма-ҳилдир. Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) адо этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида ҳайр-саҳоват кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 4-10).
Демак, амалларингиз сизга ҳакам бўлади. Агар яхши бўлса, сиз осон йўлга муяссар қилинасиз, ёмон бўлса, оғир йўлга йўлланасиз.
170. وَالْخَيْرُ وَالشَّرُّ مُقَدَّرانِ عَلَى الْعِبادِ.
170. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бандаларга (азалдан) тақдир қилингандир.
Бу ҳақдаги баҳс қадарга иймон келтириш бобида ўтди. Қадарга иймон келтириш иймоннинг олти рукнидан биридир. Ҳадисда келганидек: «Иймон - Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ва охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшиси-ю ёмонига (барчаси Аллоҳ тарафидан эканига) иймон келтиришинг»[9].
Муаллиф бу иборани ҳадис маъносидан олганлар.
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг тақдири биландир. Борлиқда бирон нарса У зотнинг қазо ва қадарисиз амалга ошмайди. Бунга иймон келтириш шартдир.
Аллоҳ азза ва жалла яхшилик ва ёмонликни ҳикмат учун яратган: «Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам имтиҳон қилурмиз. (Кейин) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар» (Анбиё: 35). Бу билан иймон, тавҳид, Аллоҳга бўйсуниш аҳли билан куфр, ширк ва бединлик аҳли ўртаси ажралади. Агар яхшилик бўлмаса эди, ажралиш ҳам бўлмас эди.
Аллоҳ таоло яхшиликни яхши кўради, уни яратади ва тақдир қилади. Ёмонликни эса ёмон кўради, бироқ уни ҳам ҳикмат учун, синов ва имтиҳон учун яратади. Агар ёмонлик бўлмасайди, куфр ҳам, пайғамбарларга адоват ҳам бўлмасди. Агар яхшилик бўлмасайди, жиҳод, амру маъруф, наҳий мункар, дўстлашиш ва душманлашиш бўлмасди, одамлар ўртасида тафовут ҳам бўлмасди.
Эътироз бўлиши мумкинки: «Аллоҳ таоло ширкни ва куфрни ёмон кўради-ку, қандай қилиб уни тақдир қилади?» Айтамизки: Уни ҳикмат учун, одамлар ўртасидаги тафовут зоҳир бўлиши учун яратган: «Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. У нопокни покдан ажратади. Аллоҳ сизларни ғайб илмидан хабардор қилмади» (Оли Имрон: 179). Биз тоат-ибодатли кишининг осий кимсадан фарқини фақат амаллари орқАлий биламиз, амаллар саодат аҳли билан шақоват аҳли ўртасини ажратиб туради.
171. وَالاِسْتِطاعَةُ الَّتِي يَجِبُ بِها الْفِعْلُ، مِنْ نَحْوِ التَّوْفِيقِ الَّذِي [لا يَجُوزُ أَنْ] يُوصَفَ الْمَخْلوقُ بِهِ – [ تَـكُونُ] مَعَ الْفِعْلِ، وَأَمَّا الاِسْتِطاعَةُ مِنْ جِهَةِ الصِّحَّةِ وَالْوُسْعِ، وَالتَّمَكُّنِ وَسَلامَةِ الآلاتِ – فَهِيَ قَبْلَ الْفِعْلِ، وَبِها يَتَعَلَّقُ الْخِطابُ، وَهُوَ كَما قالَ تَعالَى: ) لاَ يُكَلِّفُ اللهُ نَفْساً إلاَّ وُسْعَهَا ( البقرة: 286.
171. Бирор ишнинг амалга оширилиши учун зарур бўлган (ҳақиқий) қодирлик – масалан, Аллоҳнинг бандани бир ишни амалга оширишга муваффақ қилиб қўйиши ўша иш амалга ошаётган пайтда вужудга келади (ва банда бундан масъул эмасдир). Аммо соғлиқ, тоқат-имконият, асбоб-ускуналар каби банда тарафидан бўладиган қодирлик эса ўша амалдан олдин мавжуд бўлади. Шариатнинг хитоблари ана шу иккинчи қудратга тааллуқли бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ бирон кимсага унинг тоқатидан ортиқ бўлган нарсани юкламайди» (Бақара: 286).
Инсон тарафидан бўладиган қодирлик икки қисм бўлади:
Биринчиси: диний мажбурият, буйруқ ва қайтариқ унга тааллуқли бўладиган қодирлик.
Иккинчиси: Инсон у билан бир иш-феълни қила олишга тайёрлиги.
Биринчи қодирликнинг маъноси – куч-қувват, яъни инсонда бир ишни қилишга куч ва имконият бўлишидир. Диний мажбуриятлар мана шу қодирликка тааллуқлидир. Имконият ва қудрати бўлмаган инсонга шаръий мажбуриятлар юкланмайди. Масалан, мажнун ва гўдак болага буйруқ ва қайтариқ йўқдир. Лекин ёш бола етти ёшга етганида унда қодирлик пайдо бўлади, шу боис тарбия, ибодатга ўрганиш ва чиникиш юзасидан уни намозга буюрилади. Балогатга етганидан кейингина мукаллафга айланади. Бу қодирлик ишни қилишдан олдин мавжуд бўлиши шарт бўлган туридир.
Иккинчи қодирлик – у билан бир амални ижро қилиш ва бажариш ҳосил бўладиган қодирликдир. Бу қодирлик феъл билан бирга, ўша иш амалга ошаётган пайтда бўлади. Масалан, ҳажда ҳар икки қодирлик бор. Аллоҳ таоло айтади: «Йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир» (Оли Имрон: 97). Бу – имкониятга эга бўлиш қодирлигидир. Ҳаж йўлига қодир бўлган одамга, яъни йўл озуқаси ва улови бўлган кишига фарз бўлади. Шу нарсаларга эга бўлган одамга ҳаж фарз бўлади, чунки унда имконият вужудга келган бўлади. Бу – ишни бажаришдан олдин бўлиши шарт қилинган қодирликдир. Иш билан бирга ҳосил бўладиган қодирлик – яъни ҳажни адо этиш – оғир касал ёки ўта қари одамда бу қудрат бўлмаслиги мумкин. Бундай одам ижро этиш ва адо қилиш қодирлигига эга бўлмайди, лекин мукаллаф бўлиш қодирлигига эгадир. Шу боис унинг зиммасида ҳаж фарзлиги қолаверади.
Яна масалан, намоз вақти кириши мукаллафга намозни вожиб қилади, адо этиш эса унинг имкониятига қараб бўлади. Бемор одам тик туриб намоз ўқийди, қодир бўлмаса ўтириб ўқийди, унга ҳам қодир бўлмаса, ёнбошлаб ўқийди. Намоз ҳар қандай ҳолда ҳам фарз, чунки у одамда мана шу қодирлик мавжуд. Бу – феълдан олдинги қодирликдир. Аммо феъл билан бирга бўладиган қодирлик баъзан мутлақо бўлмаслиги, баъзан бор бўлса-да, тўла бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолларда унга имконияти даражасида фарз бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» (Тағобун: 16), «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286).
Демак, икки қодирлик ўртасидаги фарқ шуки, биринчисига хитоб (шаръий мажбуриятлар) тааллуқ топади, иккинчисига ижро ва адо қилиш тааллуқ топади.
172. وَأَفْعَالُ الْعِبادِ [هِيَ] خَلْقُ اللهِ، وَكَسْبٌ مِنَ الْعِبادِ.
172. Бандаларнинг амалларини Аллоҳ яратади, бандалар эса (ўша амалларни) касб қиладилар.
Бу масала атрофида тортишувлар, адашиш ва тойилишлар содир бўлган. Яъни, бандаларнинг иш-амалларини Аллоҳ яратадими ёки уларни бандаларнинг ўзлари яратадиларми?
Бир тоифа, яъни жабрийлар ва жаҳмиялар айтишларича, банда мажбур, содир бўлаётган амалларга унинг даҳли, яъни инон-ихтиёри йўқ. Уларни фақат Аллоҳ азза ва жалланинг ўзи яратади. Масалан, адо этаётган намозини ҳам ўз ихтиёрисиз адо этади, у бунга мажбур. Бу тоифалар Аллоҳнинг қудратини исботлашда ғулув кетдилар. Уларнинг бу сўзлари очиқ залолат бўлиб, унинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло бандаларига зулм қилади ва уларни ўз ихтиёрларисиз бажарган амаллари учун азоблайди. Бандага бошқа биров қилган иш учун азоб беради, бошқа биров қилган иш учун савоб беради.
Иккинчи тоифа, яъни муътазилаларнинг сўзлари тамоман бунинг акси бўлиб, улар: иш-амаллар банданинг мутлақ иродаси ва истак-хоҳиши самарасидир, уларга Аллоҳ аралашмайди, банда ўз феълини ўзи яратади, дейишади. Бу тоифа банданинг қудратини исбот қилишда ғулув кетди. Уларнинг бу гапларидан, Аллоҳ таоло ожиз, яратиш ва пайдо қилишда бошқалар Унга шерик бўлади, деган гап келиб чиқади. Бу эса айни мажусийларнинг сўзидир. Шунинг учун муътазилалар «бу умматнинг мажусийлари» деб ном олишган.[10] Мажусийлар: «Борлиқнинг иккита яратувчиси бор, бири яхшиликларни яратувчиси, иккинчиси ёмонликларни яратувчиси» дейишади. Муътазилалар уларга қўшимча қилиб: «Ҳар ким ўзининг феълини ўзи яратади» дейишди.
Аҳли сунна вал-жамоа Китоб ва Суннат ёруғлигидаги ўрта йўлни ушлаганлар. Улар айтадилар: Бандаларнинг феъллари уларнинг истак-иродалари билан бўлади ва уларни Аллоҳ азза ва жалла яратади: «Сизларни ҳам, қилаётган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган» (Соффат: 96), «Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир. У барча нарсанинг устида вақил-ҳомийдир» (Зумар: 62), «Сизларга осмону заминдан ризқу-рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратувчи борми?!» (Фотир: 3). Аллоҳ таоло танҳо Ўзи яратади ва тақдир қилади. Банданинг ҳам истак-хоҳиши, иродаси бор, у феълини ўзи бажаради. Масжидга ҳам ўз ихтиёри билан боради, кино-театрга ҳам ўз ихтиёри билан боради, чунки бунинг учун унда қудрат бор. Аллоҳ таоло кимга куч-қудрат бермаган бўлса, уни Ўзи маъзур санаган. Масалан, мажнун ёки мажбурланган одамда инон-ихтиёр ҳам, қасд ҳам бўлмайди. Кимнинг инон-ихтиёри ва қасди ўзида бўлса, у иш-амалини ўзига ўзи ихтиёр қилади. Жазо ёки мукофотни ҳам ўзининг амалига биноан олади, Аллоҳ азза ва жалла қилган иш учун эмас.
Аллоҳ таоло: «Иймон келтирган кишилар» (Бақара: 62, Нисо: 59), «Кофир бўлган кимсалар» (Оли Имрон: 116) деб, иймон ва куфр келтиришни инсонларнинг ўзларига нисбат берди, «Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59), «Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат қилса» (Нур: 52) деб, феълларни бандаларнинг ўзларига нисбатлади.
Банданинг ўз истак-иродаси ва қасди бўлишига Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ҳам далил бўлади: «(Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас)» (Инсон: 30). Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг истак-хоҳиши борлигини, бандасининг ҳам истак-хоҳиши борлигини исботлади ва банданинг истак-хоҳишини Ўзининг истак-хоҳиши остига киритди.
«Тўғри йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун» (Таквир: 28) оятида жабрияларга раддия бор, «фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина» (Инсон: 30) оятида қадарияларга раддия бор.
173. وَلَمْ يُكَلِّفْهُمُ اللهُ تَعالَى إِلاَّ ما يُطِيقُونَ
173. Аллоҳ Таоло бандаларга тоқатлари етадиган нарсаларнигина буюргандир.
Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» (Бақара: 286).
«Парвардигоро, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама!» (Бақара: 286).
«Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185).
Аллоҳ таоло бандаларига уларнинг тоқатлари етмайдиган нарсаларни юкламайди. Фақат айрим ҳолларда жазо ва уқубат учунгина юклаши мумкин, Бану Исроилга золимликлари ва саркашлари сабабли юклагани каби: «Яҳудий бўлган кимсаларнинг золимликлари ва кўп кишиларни Аллоҳ йўлидан-тўсганлари сабабли, яна ман этилган бўлсалар-да, судхўрлик қилганлари ва одамларнинг молларини ноҳақ еганлари сабабли уларга олдин ҳалол қилинган нарсаларни ҳаром қилиб қўйдик» (Нисо: 160, 161). Аллоҳ таоло уларга жазо сифатида зиммаларига тоқатларидан ташқари нарсаларни юклади. Шунинг учун дуода келадики: «Парвардигоро, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг буйинларига қўйган юкингни юклама!» (Бақара: 286).
Аллоҳ таоло фазлу марҳамати ва меҳрибонлиги туфайли бандаларига уларнинг тоқатлари етмайдиган нарсаларни юкламайди: «Албатта, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир» (Бақара: 143).
174. وَلا يُطِيقُونَ إلاَّ ما كَلَّفَهُمْ.
174. Улар ҳам Аллоҳ буюрганидан ортиғига қодир бўлолмайдилар.
Аслида, улар Аллоҳ таоло буюрганидан ортиғига ҳам қодир бўладилар, бироқ Аллоҳ таоло уларга енгиллик бўлишини истайди, оғирлик бўлишини истамайди. Шу боис улардан машаққатни кетказди ва енгил динни машруъ қилиб, ўртачадан ортиқча амаллардан қайтарди. Инсон учун туни бўйи намоз ўқиш жоиз эмас, бир умр турмуш қурмай ўтиш мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Рўза тутаман, тутмасдан ҳам юраман. Аёлларга уйланаман. Кимда-ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас».[11] Аллоҳ таоло уларга оғир келадиган ишларни юкламайди. Агар юклаганида, унга қодир бўлган бўлишарди. Бироқ, У уларга қийинчилик ва машаққатни хоҳламайди.
175. وَهُوَ تَفْسِيرُ: لا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلاَّ بِاللهِ, نَقُولُ: لا حِيلَةَ لأَحَدٍ، [وَلا تَحَوُّلَ لأَحَدٍ] وَلا حَرَكَةَ لأَحَدٍ عَنْ مَعْصِيَةِ اللهِ إلا بِمَعُونَةِ اللهِ، وَلا قُوَّةَ لأَحَدٍ عَلَى إِقامَةِ طاعَةِ اللهِ وَالثَّباتِ عَلَيْها إلا بِتَوْفِيقِ اللهِ.
175. «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» калимасининг маъноси шудир. Биз бу ҳақда шундай деймиз: Аллоҳга маъсият қилишдан ҳеч ким ўзича на ҳийла билан, на бирор ҳаракат билан қутула олади. Фақат Аллоҳ ёрдами билангина бунга эришиш мумкин. Шунингдек, Аллоҳга итоат этиш ва тоат-ибодатда бардавом бўлиш учун ҳам Аллоҳ Таоло тавфиқидан бошқа қувват йўқдир.
«Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ» - яъни, бир ҳолдан бошқасига айланишингиз фақат Аллоҳнинг мадади билан бўлади, сизда бор бўлган қувват фақат Аллоҳнинг қувватидан, яъни У зот ато этган қувватдир. Ушбу калималарда куч-қувват Аллоҳдан эканига таслим бўлиш ва банданинг куч-қудратдан мосуво эканига иқрор бўлиш бордир. Бундай эътиқод эгаси ўзининг куч-қудрати билан мақтанмайди, балки уни Аллоҳ тарафидан деб билади, Аллоҳдан ёрдам ва мадад тилайди. Аллоҳ таоло унга тоат-ибодатида, маъсиятдан тоат томон, куфрдан Ислом сари эврилишида ёрдам беради. Барча нарса Аллоҳнинг куч-қудрати билан ҳосил бўлади. Агар у сизни ўз куч-қувватингизга топшириб қўйса, сиз ҳеч нарсага қодир бўлмас эдингиз. Тирикчилик, пул-мол топиш илинжида ҳаракат қилиш ҳам худди шундай, сиздан ҳаракат, тавфиқ ва баракат эса Аллоҳ азза ва жалла томонидан бўлади.
176. وَكُلُّ شَيْءٍ يَجْرِي بِمَشِيئَةِ اللهِ تَعالَى وَعِلْمِهِ وَقَضائِهِ وَقَدَرِهِ .
176. Ҳар бир нарса Аллоҳ Таолонинг хоҳиши, илми, қазо ва қадари билан амалга ошади.
Унинг мулкида ҳеч нарса Унинг илми ва тақдирисиз содир бўлмайди: «Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина хоҳларсизлар» (Таквир: 29). Аллоҳ ҳукм қилган, тақдир қилган, лавҳул-маҳфузга ёзиб қўйган нарсагина бўлади, борлиқда юз бераётган барча ҳодисалар фақат Аллоҳ таолонинг қазоси ва қадари билан бўлади.
177. غَلَبَتْ مَشِيئَتُهُ الْمَشِيئاتِ كُلَّهَا.
177. Аллоҳнинг хоҳиши барча хоҳишлардан устундир.
Аллоҳ таоло айтади: «Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина хоҳларсизлар» (Таквир: 29). Бандада ҳам хоҳиш бўлади, бироқ у Аллоҳнинг хоҳиши остига доҳилдир, банда Аллоҳнинг хоҳишисиз бирон нарсани хоҳлашга қодир бўлмайди.
178. وَغَلَبَ قَضاؤُهُ الْحِيَلَ كُلَّهَا .
178. Унинг қазо ва қадари эса ҳамма ҳийла-тадбирлар устидан ғолибдир.
Аллоҳ таоло агар бир ишни тақдир қилмаган бўлса, сиз ҳар қанча сабабларини қилманг, сабаблар фойда бермайди ва ўша иш амалга ошмайди. Аллоҳ сизга фойдани тақдир қилмаган бўлса, ҳарчанд кўп ишларни қилманг, улардан заррача фойда етмайди. Шундай экан, сиз сабабларни қилишга таклиф этилгансиз, тавфиқ эса Аллоҳ таолодандир.
179. يَفْعَلُ مَا يَشاءُ وَهُوَ غَيْرُ ظالِمٍ أَبَداً، تَقَدَّسَ عَنْ كُلِّ سُوءٍ وَحَيْنٍ، وَتَنَـزَّهَ عَنْ كُلِّ عَيْبٍ وَشَيْنٍ
179. У (ҳеч кимга) асло зулм қилмаган ҳолида Ўзи хоҳлаган ишини қилади. У ҳар қандай ёмонлик ва ҳалокатдан олийдир, барча айбу-нуқсонлардан покдир.
Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган ишни, у хоҳ яхши иш, хоҳ ёмон иш бўлсин, хоҳ неъмат, хоҳ азоб бўлсин, бандаларига зулм қилмаган ҳолда қилади. Чунки, у ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди. Зулм қилмаган ҳолда неъмат ва тавфиқни унга лойиқ бўлган кишиларга беради, нолойиқ бўлган кишини тоат-ибодат ва тавфиқдан маҳрум қилади. Тоатли, солиҳ бандасига азоб бермайди, осий кимсага ажру савоб бермайди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло зотида комил, исму сифатларида комил, феъллари ва яратишида комилдир.
180. )لا يُسْأَلُ عَمَّا يَفْعَلُ وَهُمْ يُسْأَلُونَ( الأنبياء:23.
180. «У қилаётган иши ҳақида сўралмайди, бандалар эса сўраладилар» (Анбиё: 23).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қиладиган иши ҳақида ҳеч ким олдида масъул эмас, У барча нарсани ҳикмат билан қилади ва ўз ўринга қўяди. Бандалар эса қиладиган ишларидан сўраладилар, чунки улар хатога йўл қўядилар ва ишларни ўз ўрнидан бошқа ўринга ҳам қўядилар. Бу борада ҳолиқ билан маҳлуқ ўртасида фарқ бор. Аллоҳ таолонинг иш-феълларида бирон халаллик содир бўлмайди. Бандада эса зулм, ҳасад, кибр бор, унинг ўз тасарруфларида хатога йўл қўйишига олиб келадиган ишлари бўлади.
181. وَفِي دُعاءِ الأَحْيَاءِ وَصَدَقَاتِهِمْ مَنْفَعَةٌ لِلأَمْواتِ.
181. Тирикларнинг дуо ва садақаларида маййитлар учун фойда бордир.
Аслида бу фиқҳий масала бўлса-да, унинг ақидага ҳам тааллуқи бор.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Инсон вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта амали(дан савоб келиб туради): садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан».[12]
Демак, банданинг вафоти билан унинг амаллари тўхтайди. Фақат садақаи жория, яъни масжид, мактаб-мадраса каби мусулмонларга фойдаси етиб турадиган бирон нарса қуриб кетган бўлса, то фойдаланиб туриларкан, ажри ҳам давомий бориб туради.
Ёки фиқҳ, ақида каби илмлардан дарс берган, шоғирдлар чиқарган бўлса, ўша таълимининг ажри бориб туради. Одамларга фойдаси тегадиган китоблар ёзган бўлса, унинг ҳам ажри бориб туради. Чунки, бу ҳам илмидан фойдалантириш жумласига киради.
Ёки ўзини пок тутиш учун ва солиҳ фарзанд талабида уйланган бўлса, солиҳ фарзанд бунёдга келган бўлса, бу ҳам унинг касби натижаси саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кишининг энг покиза емиши касби ортидан топган (ризқ)идир. Фарзанди ҳам кишининг касбидандир».[13] Солиҳ фарзанди вафотидан кейин унинг ҳаққига дуо қилади ва бу дуо унга етиб туради.
Мана шу масаладан бошқаси ихтилофли саналади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас)» (Нажм: 39). Оят мазмунига кўра, бировнинг амалининг бошқа бировга фойдаси тегмайди, фақат унинг ўзи сабаб бўлган амал бундан мустасно. Бир тоифа уламолар мана шу оятдан келиб чиқиб: «Инсонга ўз амалидан бошқа нарса мутлақо фойда бермайди» дейишади. Лекин, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитга бошқаларнинг дуо, истиғфор каби амалларидан ҳам фойда етиб туришини айтганлар. «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин» (Ҳашр: 10), «Ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад: 19) оятлари маййитлар ҳаққига мағфират сўраб дуо қилишни ҳам ўзи ичига олади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга агар улар бирон биродарларини дафн қилсалар, қабри устида туриб, унга истиғфор айтишга ва сабот сўраб дуо қилишга буюрганлар.[14]
Қилинган садақанинг ҳам маййитга фойдаси етади. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, онаси вафот этганини, агар сўзлаган бўлганида садақага буюрган бўлишини айтиб: «Унинг номидан садақа қилсам бўладими?» деб сўраганида: «Ҳа», деб жавоб берганлар.[15]
Шунингдек, ҳажнинг ҳам бошқаларга манфаати етади. Бу ҳақда далиллар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг «Шубрума номидан» деб эҳром боғлаётганини эшитиб, «Шубрума ким?» деб сўрадилар. У акаси ё бир яқини эканини айтганида: «Ўзинг ҳаж қилганмисан?», дедилар. «Йўқ», деди. «Аввал ўзингга ҳаж қил, кейин Шубрумага қиласан», дедилар.[16] Шунингдек, бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан онаси номидан ҳаж қилиш ҳақида сўраб: «Онам бўйнида ҳаж фарзлиги бўлган ҳолда вафот этди, мен унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?» деб сўраганида: «Ҳа, онанг номидан ҳаж қилавер» деганлар.[17] Демак, бу ишлар – дуо, истиғфор, садақа, ҳаж ва умра бошқалар тарафидан қилинганда маййитга манфаати етади ва «Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас)» (Нажм: 39) оятини бу хослаб қўяди.
Бир тоифа бу ҳақда ғулув кетиб: «Маййитга тирикларнинг ҳамма амалидан манфаат етади» дейди ва қорилар ёллаб, маййит учун хатми қуръонлар қилдиришади. Бундай ишларнинг ўликка ҳам, тирикка ҳам фойдаси тегмайди. Қори қироати учун ҳақ олса, унга савоб бўлмайди. Иккинчи тарафдан, бу иш бидъат, унга ҳеч қандай далил йўқ. Субҳаналлоҳ! Агар қорига бериладиган пулни садақа қилиб чиқарганида суннатга эргашган бўлар ва маййитга фойда етказган бўларди. Аммо, энди бидъат қилгани учун ўликка ҳам, тирикка ҳам манфаати етмайди ва бу суннатни тарк қилиши оқибатидир.
[1] Аҳмад (4/287, 295), Абу Довуд (4753), Ҳоким (1/37-40) ривоятлари.
[2] Бухорий (218) ва Муслим (292) ривоятлари.
[3] Термизий (3613) ривоят қилиб, «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган.
[4] Бухорий (6536) ва Муслим (2876) ривоятлари.
[5] Бухорий (538) ва Муслим (616) ривоятлари
[6] Бухорий (537) ва Муслим (617) ривоятлари
[7] Бухорий (538) ва Муслим (616) ривоятлари
[8] Бухорий (1362) ва Муслим (2647) ривоятлари
[9] Бухорий (50) ва Муслим (10) ривоятлари.
[10] Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қадариялар бу умматнинг мажусийларидир, улар касал бўлсалар кўргани борманглар, ўлсалар жанозаларида иштирок этманглар» Абу Довуд (4691) ривояти.
[11] Бухорий (5063) ва Муслим (1401) ривоятлари.
[12] Муслим (1631) ривояти).
[13] Абу Довуд (3528), Термизий (1362) ривоятлари, Термизий: «ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган.
[14] Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биродарингизга истиғфор айтингиз ва унга сабот сўраб дуо қилингиз, чунки у ҳозир сўроқ-саволга тутилади» (Абу Довуд (3221), Ҳоким (1/370) ривоятлари, Ҳоким: «Бу ҳадис иснод шартига кўра саҳиҳ, лекин икковлари (яъни, Бухорий ва Муслим) келтирмаганлар», деган.
[15] Бухорий (2760) ва Муслим (1004) ривоятлари.
[16] Абу Довуд (1811), Ибн Можа (2903), Ибн Хузайма (3039) ривоятлари.
[17] Бухорий (1852) ривояти.
◄◄◄Аввалига қайтиш