Пайшанба 18 Январь 2018 | 1 Жумадул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аёлнинг юзини ўраши қаттиқлик ва енгиллик ўртасида

347 марта кўрилган

Аёлнинг юзини ўраши қаттиқлик ва енгиллик ўртасида

Ҳижоб фарз бўлгандан кейинги ҳадислар ва уламоларнинг сўзларига қараган одам мўминларнинг аёллари, саҳобиялар, тобеиялар ва Исломнинг биринчи асри аёллари тўла ўранган бўлганларини топади. Улар бутун баданларини, ҳатто юзларини ҳам ўраганлар ҳамда бунга ибодат ва дин деб қараганлар. Улардан айримлари ҳижобнинг фарзларини бажарганларидан кейин унинг фазилатларини бажаришга бел боғлаганлар ва ўз уйларида бўлган ҳолларида ўраниш ажрини олишни умид қилганлар. Ибн Аббосдан ривоят қилинган, у деди: «Умму Салама фазилатга эришиш учун уйида ҳам устидан ёпинчиғини олиб қўймас эди.[1]»

Вақт ўтиб Ислом ери кенгайди. Ўзларининг чуқур ўрнашган эски урф-одатлари билан бирга арабу ажамлар Ислом динига кирдилар. Ислом уламолари ва фотиҳлар уларга тавҳид (яккахудолик) ва дин асосларини таълим бериш билан банд эдилар. Улар динни етказишни босқичма-босқич олиб боришар, то асосни қурмагунларича тармоқни қурмас эдилар. (Аввал бирламчи масалани баён қилишар кейин унинг тармоқ(иккиламчи)ларига ўтишарди.)

Бугунги кундаги ОАВ нинг кучайиши ва уларга хиёнатчи қўллар эга бўлиши ортидан, улар фазилатни четлатиб, разолатни ривожлантира бошладилар, натижада мусулмон оламининг аксарида очиқ-сочиқлик кенг тарқалди. Янги авлод кўзларини очиб бир ҳолатни кўрдилар ва унга кўникдилар. Сўнгра ҳадисларга, ўтган олимларнинг сўзларига ва Исломнинг илк давридаги мўминлар аёлларининг тутумларига қарадилар. Икки давр ўратисдаги узоқлик боис аввалгиларнинг тутумларини оғир санадилар.

Шу пайтда оят ва ҳадисларни мана бу мозийдан узоқлашган даврга мослаштиришни хоҳлайдиган, руҳан мағлубиятга учраган фиқҳий мадрасалар пайдо бўлди. Улар мусулмонлар ва уларнинг дини ўртасидаги жарликни яқинлаштирмоқчи бўлиб, воқеликни Исломга эмас, Исломни бугунги воқеликка мослаш билан шуғулландилар. Улардан айримларининг ниятлари яхши бўлиши мумкин. Бу мадрасалар Исломни воқеликка мослаштиришда турли йўлларни тутди. Бироқ, уларнинг ҳаммаси воқеликни қувватлайдиган сўзларни излаб-топишда бир хил йўл тутишди. Бу сўзлар носих ё мансух, ом ё хос, мутлақ ё муқайяд, саҳиҳ ё заиф, марфуъ ё мавқуф бўлишидан қатъий назар, энг муҳими воқеликни қувватлайдиган бўлса кифоя! Улар фиқҳ китоблари қолиб, сийрат ва тарих китобларини ҳам текшириб чиқадилар. Уларнинг барча фикри-зикри воқеликка мос тушадиган нарсани излаш билан банд. Мужмал сўзни топиб олсалар қувониб кетадилар, муҳкам (аниқ-тиниқ) сўздан кўз юмадилар!!

Гўёки улар аёлларнинг авратлари кийимлар билан тўсилиши ўрнига — кўнгиллар хотиржам бўлиши учун — уларни нусуслар (оят-ҳадис ва олимларнинг сўзлари) билан тўсишни хоҳламоқдалар. Мен улар ичида аёл киши болдирини очиши мумкинлигига Аллоҳ таоло Сабаъ маликаси ҳақида Намл: 44 да «ва икки болдирини очди», деб айтган сўзини далил қилаётган кимсани ҳам кўрдим! Воқелик аслиятдан қанча узоқлашса, улар ҳам сўзларни шунчалик кўпроқ кесишади.

Ҳақни халқларга яқинлаштириш ва ундаги тадрижийликда пайғамбарлар тутган йўл билан мана бу мағлуб бўлган мадрасанинг тутган йўли ўртасини фарқлаш зарур. Агар одамлар ҳақдан узоқлашган юртда бўлишса, уларни ҳақнинг асосларига даъват қилиш ва ботилнинг майда тармоқларидан олдин унинг асосларидан огоҳлантириш керак бўлади. Ҳар бир катта гуноҳнинг ўз жинсидан бўлган кичкина гуноҳлар бўлади. Бу энг катта гуноҳ ҳисобланмиш куфрда ҳам мавжуд. Ароқ маст қилувчи ва бўшаштирувчи бўлгани учун ҳаром қилинган. Агар у бирон юртда кенг тарқалган бўлса, аввало унинг ўзидан огоҳлантирилади ва токи бу асл қарор топгунига қадар унинг жинсидан бўлган кичик гуноҳлар; сигарет каби нарсалардан кўз юмиб турилади. Асл қарор топгач, унинг тармоқларига ўтилади.

Шунингдек, агар бирор юртда зино тарқалган бўлса, уларни зинодан қайтарилади ва қалблар унинг ҳаромлигига кўникиб олгунига қадар унинг воситаларидан кўз юмилади. Кейин секин-асталик билан воситаларни мақсадга яқинлигига қараб тартиблаб, уларни бартараф қилишга киришилади. Зинонинг энг яқин воситаси хилват-бегона эркак ва аёл ёлғиз қолиши бўлиб, бу масалада қаттиқ турилади. Ундан кейинги ўринда ишхона ва таълим муассасаларидаги аралашиш туради, ва ҳоказо. Воситалардан кўз юмиш, уларга рухсат бериш дегани эмас.

Юртларнинг фарқ қилиши, ўраниш ва ҳижобланишдаги тадрижийлик

Агар бирон юрт яланғочликка мубтало бўлган бўлса, муслималар назар авратидан олдин сатр авратини беркитишга ва ундан қуйи бўлган ишларга буюриладилар, токи уларнинг диллари бунга кўникиб олсин. Шу зайлда асли мустаҳкам ўрнашмаган нарсанинг иккинчи даражали қисмига буюрилмайди.

Юртлар Исломга яқин ва узоқлигида фарқ қилгани боис, уларда ишнинг бошланиши ҳам фарқ қилади. Ҳар бир юртнинг яхшиликка не қадар яқин-узоқлигига қараб иш бошланади ва яхшиликдан қаерга етган бўлса, ўша ердан бошлаб юқорига қараб даъват қилинади.

Бир замонда бўлишига қарамай бир юртда мақтаганингизни бошқа юртда айблашингиз мумкин. Икки юртдан бирида беҳаёлик, иккинчисида эса иболилик ҳукм сураётган бўлса, биринчи юртдаги беҳаёларча кийинган аёл бошини ёпиб, юзини очиқ қолдирса ҳам мақтайсиз. Иккинчи юртдаги иболи аёл бошини ўраб, юзини очиқ қолдирган бўлса, уни айблайсиз. Биринчи аёл тўла яхшиликка эришмаган бўлса-да, ҳаққа яқинлашгани учун мақталади. Иккинчи аёл тўла ёмонликка етмаган бўлса-да, яхшиликдан узоқлашгани учун айбланади. Иқбол қилувчининг кўнглини ошно қилинади, юз ўгириб кетувчини огоҳлантирилади. Ароқ ичувчи ва сигарет чекувчи одам фақат ароқ ичишни ташласа, мақталади. Ароқ ичмайдиган ва сигарет чекмайдиган одам фақат сигарет чекиб қўйса, айбланади. Гарчи ҳар икки одамнинг мақталган ва айбланган вақтда қилган иши бир (сигарет чекиш) бўлса ҳам, буниси яхшиликка томон келаётгани учун мақташга лойиқ бўлди, анависи яхшиликдан узоқлашаётгани учун айбланишга лойиқ бўлди. Кесишув (учрашув) нуқтаси бир бўлса-да, яхшиликка иқбол қилувчи ундан юз ўгириб кетувчи эмас. Улардан ҳар бирига «Қаердан келди ва қаерга кетмоқда?» эканини эътиборга олмасдан, фақат ташқи кўринишга қараб баҳо бериш хато.

Агар иккиламчи ишлар бирламчиларидан тўсадиган бўлса, иккиламчиларини айтмай турилади, улар билан одамларни динларининг бирламчи ишларидан тўсиш ярамайди. Қачонки, одамлар бирламчи ишларга кўникиб олишса, иккиламчи ишларни қабул қилишади ва уларга бўйсунишади. Агар улар кўникиб олмаган бўлсалар, иккиламчи ишлар уларни янада кўпроқ қайтаради. Ибн Саъд «Табақотда» ривоят қилган; Умар ибн Абдулазиз халифа эканида Хуросондаги волийси Жарроҳ ибн Абдуллоҳ Ҳакамийга жизя аҳлини Исломга даъват қилишга буюриб мактуб йўллайди: “Агар улар Исломга кирсалар, улардан исломларини қабул қилиб, улардан жизяни бекор қилишга ва улар ҳам худди мусулмонлардек муомала қилинишига буюради.” Хуросон зодагонларидан бири Жарроҳга деди: Қасам Аллоҳгаки, уларни Исломга қизиқтираётган нарса, улардан жизянинг бекор қилиниши, уларни хатна қилишга буюриб, синаб кўрмайсизми? Мен уларни хатна билан Исломдан қайтарайми?! Агар улар Исломга кирсалар ва Исломлари гўзал бўлса, уларнинг ўзлари покликка шошилиб қоладилар, деб жавоб берди Жарроҳ.[2]

Унинг қўлида тўрт мингга яқин одам Исломга кирган.

Ҳижоб ҳақидаги мужмал ҳадислар

Дин асослари ва фаръларига тааллуқли боблардан бирортаси очиқ-ойдин ва муҳкам (тушунарли) оят-ҳадисларга зоҳирида тескари кўринадиган муташобиҳ (мужмал) оят ва ҳадислардан холи эмас. Бу асл-асосларда жоиз бўларкан, фаръларда бўлиши авлороқдир. Баъзи ёзувчилар аёлнинг либоси ва ҳижобига тегишли бобларда очиқ-ойдин ва муҳкам ҳадисларга тескари бўлган ҳадисларни келтиришади. Улар ичида саҳиҳи ҳам, заифи ҳам бор. Улардан айримлари агар ўз ўрнига қўйилса ва у билан ом (умумий маънодагиси) бекор қилинмаса, изланувчи учун тўғри ҳукм кўринган бўларди. Бироқ, кўплаб зонний ҳадислар қатъий ҳадисларни, муташобиҳ ҳадислар муҳкам ҳадисларнинг ҳукмини бекор қилишда ишлатилди.

Ўша ҳадислардан ҳижобга тегишлилари қуйидагилар:

Биринчи: Асмо бинт Абу Бакрнинг қиссаси.

Бу Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадис; Асмо бинт Абу Бакр Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кирди, унинг эгнида юпқа кийим бор эди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам ундан юз ўгириб: «Эй Асмо! Агар аёл киши ҳайз ёшига етса, ундан мана бу, мана бу нарсалардан бошқаси кўриниши яхши эмас», дедилар ва юз-кафтларига ишора қилдилар[3].

Бу ҳадисни Саид ибн Бишр Қатодадан, у Холид ибн Дурайкдан у эса Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган.

Абу Довуд ва Абу Ҳотим Холид ибн Дурайк Оишадан эшитмаган дейишган[4].

Саид ибн Башир ал-Аздий тилида тўғрисўз бўлса-да, ёдда сақлаши заиф. Уни Аҳмад, Ибул Мадиний, Абу Довуд ва Насоий заиф санаганлар[5]. Ибн Маин у ҳақда: «Ҳеч нарса эмас»[6], деган. Ибн Нумайр ва Сожийга кўра унинг Қатодан ривоят қиладиган мункар ҳадислари бор.[7]

Саид ибн Башир бу ҳадисни Қатодадан ёлғиз ўзи ривоят қилган ҳамда ривоятда тараддудланган; бир марта Холид ибн Дурайк орқали Оиша розияллоҳу анҳодан қилса, бошқа сафар Холид ибн Дурайк орқали Умму Саламадан қилади.[8]

Айни ҳадис ривоятида Саидга хилоф қилинган. Унга Ҳишом Дастувоий хилоф қилган. У Қатоданинг энг ишончли шогирдларидан бўлиб, бу ҳадисни Қатодадан мурсал ҳолда ривоят қилган. «Агар қиз бола ҳайз кўрса, унинг фақат юзи ва икки қўли билагигача кўринса бўлади», Абу Довуд «Маросилда» ривоят қилган.[9]

Маъмар Қатодан айни ҳадисни ривоят қилишда Ҳишомга мувофиқ бўлди ва “Менга Набий соллалоҳу алайҳи ва салламдан етиб келдики..., деб юқоридаги ҳадиснинг маъносини зикр қилди. Буни Абдурраззоқ, ундан эса Табарий ривоят қилди[10].

Бу ҳадиснинг бошқа ривоят силсиласи ҳам бор. Уни Табароний ва Байҳақий Ибн Лаҳийъадан ривоят қилганлар. Ибн Лаҳийъа Иёз ибн Абдуллоҳдан, у Иброҳим ибн Убайд ибн Рифоа ал-Ансорийни отасидан (Иброҳим ибн Убайднинг гумонича) отаси Асмо бинт Умайсдан хабар бераётганини эшитган экан: Асмо деди: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам Оиша бинт Абу Бакр олдига кирдилар... деб, юқоридагига ўхшаш ривоятни қилдилар.[11]

Ибн Лаҳийъа «ҳадиси заиф» одам[12], унинг шайхи Иёз ҳам заиф, уни Ибн Маин заиф санаган[13]. Бухорий у ҳақда: «ҳадиси мункар», деганлар[14]. Убайд ибн Рифоа оз ҳадис ривоят қилгани боис у ҳақда айтилган тилга олишга яроқли сўз йўқ.

Бу каби санад-ровийлар силсиласи бошқасини қувватлаши у ёқда турсин, ўз оёғи устида ҳам туролмайди.

Ҳадиснинг ўхшамайдиган томонларидан бири Асмо бинт Абу Бакр Оишадан ёши катта. Шунингдек, у бегона эркаклар олдида юзи ва икки кафтини ўраш билан танилгани Фотима бинт Мунзир орқали саҳиҳ санад билан келган, у деди: «Биз Асмо бинт Абу Бакр билан бирга эҳромдалик ҳолимизда юзларимизни рўмол билан тўсардик»[15].

Унинг биринчи ҳадиси бегоналар эмас, балки ўз ҳузурига кириб-чиқиб турадиган оила аъзолари ва маҳрамлари ҳақида бўлиши мумкин. Зеро, унинг бегоналар олдида сатрланиши ишончли ривоятда келган, шундай экан бундан бошқа маънога йўйилмайди.

Иккинчи ҳадис: Хасъамийялик аёлнинг ҳадиси

Бу ҳадисни икки шайх Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар, у деди: Фазл Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам билан мингашиб олганди. Хасъамдан бир аёл келди (бошқа ривоятда: гўзал, дейилган), Фазл унга, у эса Фазлга қарай бошлади, (бошқа ривоятда: унинг ҳусни уни ўзига ром қилди, дейилган) Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам Фазлнинг юзини бошқа томонга буриб қўя бошладилар. Аёл деди: Ҳаж фарз бўлганда отамнинг ёши улғайиб қолганди, у туяда ўрнашиб ўтиролмайди, унинг номидан ҳаж қилайми? “Ҳа”, деб жавоб бердилар. Бу Ҳажжатул вадоъда бўлганди.[16]

Бу ҳадисдаги тушунарсиз бўлган жиҳатларни бир неча кўринишда баён қиламиз:

Биринчи: Хасъамийя чўри бўлгани, уни ҳажда Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам кўриб, кейин унга уйлансалар, деган мақсадда кўрсатилгани саҳиҳ ривоятда келган. Фазл ибн Аббосдан келган ривоятда, у деди: «Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам билан бирга мингашиб олган эдим. Бир аъробий киши чиройли қизи билан бирга бўлиб, унга уйланишларини умид қилиб, қизни Расулуллоҳга намоиш қила бошлади. Мен ҳам унга аланглаб қарай бошладим, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам эса, бошимдан тутиб бошқа томонга буриб қўярдилар. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам то Жамратул ақабага тош отгунларича талбия айтдилар», Абу Яъло саҳиҳ санад билан ривоят қилган.[17]

Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам ҳажда совчилик қилишдан қайтарганлар[18]. Шунга кўра кўрсатиш ҳам, кўриш ҳам мумкин эмас. Агар у жория бўлган бўлса ва бу билан кўпинча назарда тутиладиган чўри маъноси мақсад қилинган бўлса, Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам чўрини озод қилиб кейин уйланадилар. У Зот Софийя ва Мория Қибтияга шундай қилганлар.

Иккинчи: Хасъамийя ёш жория бўлгани ҳақида Термизийда Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан саҳиҳ ривоят келган[19], Таҳовий ҳам Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан саҳиҳ санад билан ривоят қилган[20]. Ёш жория деган васф одатда озод аёлларга эмас, чўриларга нисбатан қўлланади. Чўри, озод аёл каби ҳижобга ва юзни ўрашга буюрилган эмас. Имом Бухорий «Саҳиҳ»ларида шунга ишора қилганлар ва ўша ҳадисни назар аврати сиёқида келтирганлар ҳамда шу маънода боб қўйганлар. Бу ҳадисдан олдин Атонинг сўзини келтирганлар: «Ато Маккада сотилаётган чўриларга қарашни сотиб олмоқчи бўлмаган кишилар учун кариҳ кўрган», ундан кейин Хасъамийянинг ҳадисини келтирганлар[21].

Чўрининг жория деб номланишига сабаб у хонадон аҳлининг хизматида чопқиллаб бориб-келади. Шунингдек, кема ҳам Қуръонда жория деб номланган: Аллоҳ таоло деди: «Дарвоқе, Биз сув туғёнга тушган вақтида сизларни (Нуҳ пайғамбар ясаган) кемада кўтардик.» (Ал-Ҳаққо: 11), «Денгиз-дарёлардаги тоғлар янглиғ сузиб юрган кемалар ҳам Унинг (қудрати илоҳиясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир.» (Шўро: 32) ва «Денгиздаги тоғлар каби баланд кўтарилган қатновчи кемалар ҳам ёлғиз У зотникидир.» (Ар-Роҳман: 24) Зеро, бу кемалар одамларнинг хизматида, уларнинг ўзларини ва юкларини кўтариб юради.

Араблар ҳур-озод ёш қизни ҳам жория деб атайдилар. Бироқ, Хасъамийялик аёлнинг ҳадисида, ёш жория деди. Озод аёл учун бу икки васфнинг жамланиши кам учрайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларида топилмаслиги ҳам мумкин. Саҳоба ва тобеинлар ҳам бу васфни камдан-кам қўллайдилар. «Жория» сўзини якка ҳолида ишлатилганда ундан чўри тушунилади. Ҳадис ва ривоятларда ғолибо шу маъно назарда тутилиши билан бирга, бу кенг тарқалган. Бундан бошқасига далил ва аломат бўлсагина ўтилади. Масалан, бўҳтон ҳодисасида бўлгани каби озод аёллиги аниқ бўлган Оиша розияллоҳу анҳо ҳақида унинг ёш эканига ишора қилиш учун жория сўзи ишлатилган[22]. Чўрига “жория” сўзини ишлатиш учун сиёқ ва аломатга эҳтиёж йўқ, чунки жориянинг асли чўридир. Сиёқ ва аломатга бу аслдан чиқариш ва озод аёлни назарда тутиш учунгина эҳтиёж бўлади.

Учинчи: Аёл асира бўлгани боис қабилага нисбатланиши жиҳатидан бўлса-да, чўри бўлаверади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққизинчи ҳижрий санада саҳобаларидан бир гуруҳини Хасъам қабиласига юборганлар. Улар эркак ва аёллардан иборат асирларни олиб келганлар. Ибн Саъд «Табақот»да 9-ҳижрий сана сафар ойида Турабага яқин бўлган Биша томондаги Хасъам қабиласига Қутба ибн Омир қўмондонлигидаги гуруҳ борганини зикр қилгач, деган: «Қутба ибн Омир — Хасъам қабиласидан — ўлдирганларини ўлдирган ва қўй-эчкиларни ҳамда аёлларни Мадинага ҳайдаб олиб келган.[23]» иқтибос тугади.

Гоҳида қул ва чўри аъроблардан бўлиши мумкин. Чунки, саҳрода бўлган одам гарчи ажамлардан бўлса-да, ҳурларига ҳам, қулларига ҳам аъробий деб айтилаверади.

Тўртинчи: Бу ҳадисни аввалги уч асрда яшаб ўтган олимлардан бирортаси озод аёл юзини очиш масаласига далил қилиб келтирганини билмайман. Балки, уни аёлнинг очишига эмас, эркакнинг қарашига боғлиқ ҳукмда келтирадилар. Чунки, юзни ўраш ҳукми озод аёлга хос, қарашнинг ҳаромлиги ҳурга ҳам, чўрига ҳам баробар тегишли.

Хасъамийя бобосининг ҳажи ҳақида фатво сўраши, у чўри бўлатуриб, отаси ёки бобоси ҳур бўлишида қарама-қаршилик йўқ. Қуллик ҳар бир одамнинг ўзига тегишли ҳукм. Гоҳида ўғил ҳур, ота эса қул бўлиши мумкин. Ана шунда ўғил отасига марҳамат кўрсатиб, уни озод қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Фарзанд отасининг ҳаққини фақат уни қул ҳолида топиши, уни сотиб олиб озод қилиб юбориши билангина адо эта олади.» Муслим ривояти.[24]

Қул ҳурнинг номидан, ёш бола балоғатга етган одамнинг номидан ҳаж қилиши уламолар иттифоқи билан яроқлидир. Фақат улар бу — фарз ҳажга ўтишида ихтилоф қилганлар. Ўта заифлашиб қолган қария зиммасида ҳаж фаризаси йўқ, чунки у унинг ожизлиги туфайли соқит бўлган. Агар унинг номидан ҳаж қилинса, у учун ажр бўлади. Айрим олимлар қул ҳурнинг ўрнига ҳаж бадал қилса бўлади ва бу унинг номидан кифоя қилади, деганлар. Ҳаж бадал қилувчи ҳур бўлишини шарт қилмаганлар.

Учинчи: Субайъа Асламийянинг ҳадиси

Субайъа бинт Ҳорис Саъд ибн Хавланинг хотини бўлган. У Ҳажжатул вадоъда вафот этганда, Субайъа ҳомиладор эди. Унинг вафотидан ҳеч қанча ўтмай кўзи ёриди. Нифосидан пок бўлгач, совчилар учун ясаниб олди. Унинг олдига Абу Санобил кириб, унга деди: Сени совчилар учун ясаниб олганингни кўряпман, эрга тегмоқчимисан?! Қасам Аллоҳгаки, то тўрт ойу ўн кун ўтмас экан, эрга тегмайсан! Субайъа айтади: У менга шундай дегач, кечки пайт кийимларимни кийиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдим ва Ул зотдан шу ҳақда сўрадим. Ул зот, мен боламни туққан пайтимда совчилар учун ҳалол бўлганим ҳақида фатво бердилар ва агар истасам турмушга чиқишимга буюрдилар. Ҳадисни имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.[25]

Бу ҳадисдаги тушунарсиз бўлган жиҳатларни бир неча кўринишда баён қиламиз:

Биринчи: Бирорта ҳадисда у аёл юзини очиб турган экани айтилмаган. Балки, Абу Санобил унинг зийнатини кўрган ва уни иддада деб гумон қилгани боис унга танбеҳ берган. Эрдан тул қолиб идда сақлаётган аёл қўлига хина қўйиш, кўзига сурма қўйишдан қайтарилган, ҳолбуки кўздаги сурма ниқоб таққан аёлдан ҳам кўриниб қолади. Заъфаронга бўялган кийим кийишдан ҳам қайтарилган. Имом Молик каби айрим имомлар тилла тақинчоқлар, ҳаттоки тилла узук тақишдан ҳам ман қилганлар. Бу зийнатларнинг ҳаммаси кўриниб туради, буларни кўриш учун юз очиқ бўлиши шарт эмас. Муташобиҳлар (ундан турли маъно тушинилиши мумкин бўлган нарсалар) уларнинг устига аҳкомлар бино қилинадиган асос-пойдеворлар бўлиши ва ундан кўра маъноси очиқроқ ва мустаҳкамроқ нарсаларни (нг ҳукмини ё маъносини) йўқ қилувчи бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло муҳкам оятда кампирни бегона эркаклар олдида зийнатланишдан қайтарди: «Хотинлардан (ўтириб) кексайиб қолган, эрга тегишни ўйламайдиганлари бирон зеб-зийнат билан ясанмаган ҳолларида кийимларини (яъни, ёпинчиқларини) олиб қўйишларида уларга гуноҳ йўқдир.» (Нур: 60) Маъноси эҳтимолли бўлган далил билан ёш, ҳур аёл учун зийнат қандай жоиз бўлсин! Ёш аёл юзидаги зийнатлари билан бегона эркакларга кўриниши мумкинлигини на бир саҳоба ва на тобеин айтган.

Иккинчи: Субайъа Асламийянинг эри ҳур эмас, қул бўлган. Сийрат илми имомлари у ҳақда қул бўлганини айтганлар; Ибн Исҳоқ, Ибн Ҳишом, Воқидий, Ибн Ҳиббон, Ибн Абдулбар, Балозурий, Абул Фараж ибнул Жавзий, Муҳаммад ибн Ҳабиб ва Ибнул Асир шу жумладан[26]. Бироқ, улар унинг асли қаерлик экани; Калб қабиласиданми ё Мазҳиж қабиласиданми, ёки Форсларнинг мавлолариданми эканида ихтилоф қилганлар. Агар улардан айримлари уни Бану Омирга нисбатлашган бўлсалар, одатда мавло вало жиҳатидан ўша қавмга нисбатланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қавмнинг мавлоси (озод қилган ё қилмаган қуллари) улардан», деганлар[27]. Саъд ибн Хавла аввалдан мавло бўлиб, — Балозурий «Ансобул ашроф» китобида зикр қилганидек[28] — онаси Саъд ибн Сарҳнинг мавлоси эди. Шунинг учун «Саҳиҳ»да Субайъадан: «У Бану Омир қабиласидаги Саъд ибн Хавланинг остида бўлгани»[29], келган. Бу ғолибо ҳурлар ва аслий насаблиларга эмас, мавло ва иттифоқдошларга айтилади. Ғолибо ҳур одам ҳақида: «Фалон қабиладан», деб, мавло ва иттифоқдошга эса, ғолибо «Фалон қабиладаги», деб айтилади.

Аслида Субайъийя ал-Асламийя эри каби мавлодир. Унинг Асламга нисбатланиши эри Саъднинг Бану Омирга нисбатланиши кабидир. Араблар ҳур аёлларни қулларга турмушга бермайдилар, бу уларнинг одатларидан эмас. Бу аслиятдан чиқиш нодир иш бўлиб, уни аслиятдан чиқарадиган далилга муҳтож. Ҳур аёл ўз эри - гарчи озод қилинган бўлса-да - мавлолардан бўлишини оғир санарди. Ҳолбуки бу шариатда мумкин. Бунинг тасдиғи ўлароқ қуйидаги қиссани келтиришимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари ва озод қилган қуллари Зайд ибн Ҳориса Зайнаб бинт Жаҳшга совчи қўймоқчи бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўртага қўйганда, айтган эканлар: «У қабул қилмайди, деб ўйлайман, чунки у бундан кўра насаби улуғроқ». Яна бир ривоятда Зайнаб шундай деган: «Мен ундан насл-насаб жиҳатдан яхшироқман».[30]

Учинчидан: Унинг чўри эканини қуйидагилар қувватлайди:

а) Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан иддасидан чиқса ўзларига билдириб қўйишини талаб қилдилар. Унинг ишини валийсига ёки аҳлига топширмадилар, токи у ўзининг уларга нисбатан мартабасини кўрсин. (Аслида валий бундай ишларда ўзи тасарруф қилаверади. Тарж)

б) Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари уни никоҳлаб қўйганлар. Саҳиҳ Бухорийда келган: «Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам никоҳлаб қўйдилар».[31] Ҳур аёлларда бундан бўлмайди, одатда ҳур аёлни ўзининг уйидагилари никоҳлаб берадилар. Чўрини эгаларидан бошқалар ҳам никоҳлаб қўйишлари мумкин. Масалан, унинг хожаси аёл киши бўлса, ёки у бир нечта эркаклар ўртасида мерос каби йўл билан муштарак бўлган бўлса, уни ҳоким эрга беради.

в) Абу Санобил унинг олдига кирди. Чўрига хилоф ўлароқ ҳур аёлнинг олдига кирилмайди. Бунга далил «Саҳиҳайн»да келган Уқба ибн Омирнинг ҳадиси, унда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёлларнинг олдиларига киришдан сақланинглар!», дедилар.[32]

Тўртинчи: Абу Санобил унинг олдига кириши ва унга уйланмоқчи бўлиб уни кўриши рухсат этилган иш. Бухорийда келган ривоятга кўра: «Абу Санобил унга совчи қўйганлардан бири эди»[33]. Талоқ ёки ўлим туфайли байнуна кубро талоқ бўлган аёл иддасида экан, келажакда унга уйланмоқчи бўлган киши уни кўриши жоиз. Лекин у иддасидан чиқмагунича унга совчи ҳам қўйилмайди, у билан турмуш қуришга ваъдалишмайди ҳам.

Бешинчи: Абу Санобилнинг Субайъанинг олдига кириши «Саҳиҳ»да келганига кўра, унинг ҳужрасида бўлган, у зийнати билан кўчага чиққан эмасди.

Эр вафоти туфайли идда ўтирган аёлнинг иддасида ҳайзнинг эътибори йўқ экани далил ва ижмоъ билан собит[34]. Ҳур аёл учун ҳам, чўри учун ҳам идда ой билан ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари Субайъага ҳур ё чўри аёлларнинг идда ойларини тушунтирганлари собит эмас, балки унга иддаси туғиш билан тугашини тушунтирганлар. Ҳадислардаги унга айтилган сўзлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари эмас.

Уламолар чўри ҳам, ҳур аёл каби агар эри вафот этса, ҳомиласини туққунига қадар идда сақлашига иттифоқ қилганлар. Агар ҳомиладор бўлмаса, уламолар жумҳури чўрининг иддаси ҳур аёл иддасининг ярми эканини айтганлар. Ибн Сийрин ва Макҳул каби айрим салаф уламолари, — Аҳмад бу уларнинг сўзи эканини айтган — бир жамоа зоҳирийларнинг ҳам сўзи; чўрининг иддаси ҳур аёлники кабидир.[35]

Молик, Рабиа, Аҳмад – бир ривоятда – Мужоҳид, Ҳасан ва Умар ибн Абдулазиз ой ҳисоби билан идда сақлайдиган чўрини ҳур аёл каби уч ой ўтиради, деганлар[36].

Агар ҳур аёл ва чўри ҳомиладор бўлса, туғиши билан иддаси тугашида уламолар ихтилоф қилмаганлар.

Уммул валаднинг саййиди ва эри баравар вафот қилса-ю қайси бири аввал вафот қилганини билмаса, ҳур аёл каби тўрт ойу ўн кун идда ўтиради. Бу сўзни бир қанча моликий олимлар ва бошқалар айтган.[37]

Тўртинчи: Чаккаси доғ аёлнинг ҳадиси

Бу Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ҳадиси бўлиб, унда деди: Ҳайит куни намозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлдим. Хутбадан олдин, азон ва иқоматсиз намозни бошладилар, кейин Билолга суянганча (унинг елкасига қўлларини қўйиб) туриб, Аллоҳдан тақво қилишга буюрдилар, Унга тоат қилишга ундадилар ва одамларга ваъз айтиб, уларга эслатмалар бердилар. Сўнгра аёллар томонга кетдилар, етиб боргач уларга ҳам ваъз айтиб, эслатмалар бердилар. Жумладан: «Садақа беринглар! Сизларнинг кўпингиз жаҳаннам ўтинидир», дедилар. Шунда аёллар ўртасидан икки чаккаси доғ бўлиб қорайиб қолган бир аёл турди ва: Нима учун, эй Расулуллоҳ?- деб сўради. Ул зот: «Чунки сизлар кўп шикоят қиласизлар ва эрингизга ношукрчилик қиласизлар», дедилар. Жобир айтади: Улар тақинчоқларидан садақа қила бошладилар. Билолнинг этагига сирға ва узукларидан ташлашар эди.[38]

Бу ҳадисдаги тушунарсиз бўлган жиҳатларни бир неча жиҳатдан баён қиламиз:

Биринчи: Мазкур аёл ёш, ҳур аёл, деб қатъий айтилмайди. Ҳадиснинг зоҳирига кўра у ёши катта аёллардан ёки чўри. Чаккаси доғ ёки қора дейилди. Ғолибо бу нарса қуёш тиғига кўп чиққани боис ёши катталарда ва чўриларда бўлади. Чаккаси доғ аёлнинг ҳадиси Саҳиҳ Бухорийдаги ҳадиснинг ўхшашидир. Умму Салама розияллоҳу анҳо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Саламанинг уйида юзида доғ бўлган бир жорияни кўрдилар ва: «Бунга руқя қилиб қўйинглар»[39] (ўқиб, дам солиб қўинглар), дедилар. Унинг юзи очиқ бўлиши уни ҳур қилиб қўймайди. У жория бўлганди.

Иккинчи: Чакканинг доғ бўлиши гўзал, ёш аёлда эмас, ёши катта кекса аёлларда бўлишини Аҳмад ва Насоийнинг ривоятида келган нарса ҳам қувватлайди. Ровий айтади: «Аёлларнинг кўримсизи, икки чаккаси доғ»[40], яъни аёлларнинг қадри пастроғи. Шунингдек Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилган Авф ибн Молик Ашжаийнинг ҳадиси ҳам қувватлайди. У деди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен ва икки чаккаси доғ аёл қиёмат куни шу иккиси каби – ўрта ва кўрсаткич бармоқларига ишора қилдилар – бўлади. Бу аёл бева қолган, насабли ва гўзал бўлишига қарамай ўзини етимларига бағишлаган, токи улар уйли-жойли бўлиб чиқиб кетишган ёки вафот этишган».[41]

Жобир «Аёлларнинг кўримсизи» деган сўзини, у қараганларни фитналайдиган аёллардан эмас эканини билдириш учун айтган.

Учинчи: Ҳадиснинг ҳамма ривоятларида аёл юзининг васфи келмаган, балки бу васфни фақат Абдулмалик Атодан, у Жобирдан ривоят қилган.[42] Бу ҳадисни Ибн Журайж Атодан, у Жобирдан ривоят қилган ва у аёлнинг васфини тилга олмаган. Бу қисса бир гуруҳ саҳобалардан нақл қилинган бўлиб, уни Ибн Масъуд, Ибн Умар, Ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва Абу Саид розияллоҳу анҳум ривоят қилганлар ва аёлнинг юзи очиқ эканини айтмаганлар. Шунинг учун ҳадисдаги бу сўзни шоз-ёт, деб айтилган. Ҳадис шу васф билан саҳиҳ ривоятда келган бўлса-да, у аёл қарими, чўрими ё ҳурми билинган эмас. Пухта ҳадисларда кифоя, бошқа ривоятлардан беҳожат қилиш ва ҳужжат бор. Муташобиҳотлар билан пухта ҳадисларга ҳукм қилинмайди. Валлоҳу аълам.

Шу билан рисоладан кўзланган мақсад ниҳоясига етди. Бундан мақсад далилларни ва фуқаҳоларнинг сўзларини келтириш ва жамлаш бўлмаган. Агар буни мақсад қилинадиган бўлса, унинг ниҳояси ва чеки йўқдир. Муродимиз жойлари ўзгартиб юборилган далил ва сўзларни ўз ўринларига қатариб қўйиш, муташобиҳларидан муҳкамларини ажратиб баён қилиш эди. Айрим далиллар бор эдики, уламолар у далилларнинг сиёқини ва бошқасига нисбатан бўлган далолатининг қай даражада эканини яхши билишар эди. Охирги замонга келиб бу далиллар қўзғатилди ва уларга ўзлари кўтаролмайдиган маънолар юклатилди. Уларни ўз бобларида асл-асос қилиб олинди ва улардан динни янгилайдиган нарсалар ясалди. Бу сўзлар ўтган замонда на айтилган ва на амал қилинган, номаълум, келгинди сўзлардир.

Валлоҳу аъламу ва аҳкаму. Аллоҳ таоло ҳидоят ва тўғриликка муваффақ қилувчи. Аллоҳ пайғамбаримизга, оила ва асҳобларига салавот ва саломлар йўлласин.

Таржима 18-Рабиул аввал 1439 ҳижрий 2017 йил 7-декабр эрталаб соат 06:55 да ниҳосига етди.



[1] «Жомиул усул» (10/647).

[2] Ибн Саъд «Табақотул кубро» (7/375) да ривоят қилган.

[3] Абу Довуд (4104) да ривоят қилган ва: «Бу мурсал, Холид ибн Дурайк Оишага етишмаган», деган.

[4] Ибн Аби Ҳотим «Илал» (1463)га қаранг.

[5] «Суолоту Муҳаммад ибн Усмон ибн Аби Шайба» (223), «Ал-илал ва маърифатур рижаал ривоятул Марвазий ва ғойриҳи» (495), «Суолоту Ожуррий» (682/Ал-Баставий), «аз-Зуафо вал матрукийн» Насоий (282) ва «Жарҳ ва таъдил» (1/35, 143 ва 4/6-7)га қаранг.

[6] «Тарих Ибн Маин ривояту ад-Дурий» (4/94)га қаранг.

[7] «Жарҳ ва таъдил» (1/321, 322 ва 4/7) ва «Икмалу таҳзибил камаал» (5/264) га қаранг.

[8] Ибн Адий «Ал-Комил» (3/373)га қаранг.

[9] Абу Довуд «Маросил» (424)да ривоят қилган.

[10] Абдурраззоқ «Тафсир»ида (2/56), у орқали Ибн Жарир «Тафсир»ида (17/259) да келтирган.

[11] Табароний «Кабир»да (24/142, 143 378-рақам), «Авсат»да (8394) ва Байҳақий «Сунан ал-кубро»да (7/86)да ривоят қилган. Байҳақий: «Санади заиф», деган.

[12] «Таҳзибул камол» (15/487-502)га қаранг.

[13] «Таҳзибут таҳзиб» (3/353)га қаранг.

[14] «аз-Зуафаул кабир» (3/350)га қаранг.

[15] Молик «Муваттоъда» (1/328) ва Исҳоқ ибн Роҳуя «Муснадида» (2255) ривоят қилган.

[16] Бухорий (1513, 1854, 1855, 4399 ва 6228)да ва Муслим (1334)да ривоят қилган.

[17] Абу Яъло «Муснад»ида (6731)да ривоят қилган.

[18] «Саҳиҳ Муслим» (1409) Усмон ибн Аффон ҳадиси.

[19] Термизий (885) ривоят қилган.

[20] Таҳовий «Шарҳу Мушкилил осор» (2540) да ривоят қилган.

[21] «Саҳиҳ ал-Бухорий» (8/50, 51) га қаранг.

[22] «Саҳиҳул Бухорий» (2637, 2661, 4141, 4750 ва 7369), «Саҳиҳ Муслим» (1211, 2770)га қаранг.

[23] «Табақотул кубро» (2/148)га қаранг.

[24] Муслим (1510) рақамли ҳадисда Абу Ҳурайрадан ривоят қилган.

[25] Бухорий (3990) ва Муслим (1484)да ривоят қилганлар.

[26] «Сийрату Ибн Исҳоқ» (157-бет), «Сийрату Ибн Ҳишом» (1/329, 369 ва 658), «Мағозий ал-Воқидий» (1/156), «ас-Сиқот» (1/189 ва 3/151), «ал-Истийъоб» (284-бет), «Аносбул ашроф» (1/222), «Талқийҳу аҳлил асар» (143-бет), «ал-Муҳаббар» (276 ва 288-бетлар) ва «Усдул ғоба» (2/191, 192)га қаранг.

[27] Абу Довуд (1650), Термизий (657) ва Насоий (2612)да Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлолари Абу Рофиъдан ривоят қилганлар.

[28] «Ансобул ашроф» (1/222).

[29] «Саҳиҳул Бухорий» (3990).

[30] Ибн Жарир ривояти (20/272).

[31] «Саҳиҳул Бухорий» (4909).

[32] Бухорий (5232) ва Муслим (2172) да ривоят қилган.

[33] «Саҳиҳул Бухорий» (4909).

[34] «ал-Мубдиъ» (7/75, 76)га қаранг.

[35] «ал-Муҳалло» (10/308) ва «ал-Мубдиъ» (7/76)га қаранг.

[36] «Мудаввана» (2/8, 9) ва «ал-Мубдиъ» (7/83, 84)га қаранг.

[37] «Мудаввана» (2/17) ва «ал-Ум» (6/555)га қаранг.

[38] Бухорий (958, 961 ва 978) ва Муслим (885/4) ривоятлари.

[39] Бухорий (5739) ривоят қилган.

[40] Аҳмад (3/318 14420-рақам) ва Насоий (1575)да ривоят қилган.

[41] Аҳмад (6/29 24006-рақам) ва Абу Довуд (5149)да ривоят қилган.

[42] Муслим (885/4) рақам билан ривоят қилган.