Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР

 

Д. Муҳаммад Нуҳ

 

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

ТЎРТИНЧИ ТЎСИҚ

УЗЛАТ ёки ЯККАНИШИНЛИК

 

Динга амал қилувчи кишилардан айримлари дучор бўладиган ва ундан имкон қадар қутулишга  ҳаракат қилишлари лозим бўлган тўсиқлардан яна бири – узлат ва якканишинлик, яъни ёлғизланиб олишдир. Ушбу тўсиқнинг белгилари ва ўлчовлари зеҳнимизда яхшироқ шаклланиши учун уни қуйидаги қисмларга бўлиб ўрганамиз:

1. Узлат маъноси

Узлат ва якканишинлик луғатда ўзини четга тортиш ва узоқлашиш маъносини англатади. Даъват аҳли истилоҳида эса узлат деганда жамоавий ҳаётдан узоқлашиш ва ўзини ёлғизлатиш маъносида тушунилади. Яъни, амал қилувчи киши фақат ўзидагина Исломни шакллантириш билан чекланиб, бошқалар билан иши бўлмаслиги, бошқаларнинг зое бўлиши ва ҳалокат сари боришига парво қилмаслиги ёхуд ўзида Исломни шакллантириши ва бошқаларда ҳам шакллантиришга уриниши, бироқ майдондаги бошқа амал қилувчилар билан ўзаро ёрдамлашувсиз ва қўллаб-қувватлашувсиз, фақат ёлғиз ўзининг кучи билан ҳаракат қилишидир.

2. Узлат ёки якканишинлик (хилватнишинлик) сабаблари

Узлат ёки якканишинликка олиб келувчи бир неча сабаблар мавжуд:

1) Узлатга тарғиб қилувчи шаръий далил-ҳужжатларни маҳкам ушлаб олиш ва ушбу далилларнинг жамоавий ҳаётга чақирувчи бошқа далил-ҳужжатларга нисбатан ўрнини тушуниб етмаслик.

Дарҳақиқат, узлат ва ёлғизланишни мадҳ этувчи ва унга тарғиб қилувчи нусус (оят ва ҳадисдан бўлган очиқ далил-ҳужжат)лар мавжуд. Мисол учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Яқин кунларда мусулмоннинг энг яхши моли – динини фитналардан олиб қочиб, тоғларнинг тепаларига ва ёмғирли ўринларга ҳайдаб чиқиб кетадиган қўйлари бўлиб қолади» (Имом Бухорий Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 1/11, 9/66).

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Энг афзал одам ким?», деб сўраганида: «Аллоҳ таоло йўлида жони ва моли билан жиҳод қилувчи киши», деб жавоб бердилар. «Ундан кейин ким?», деб сўради. «Тоғ дараларидан бирида Аллоҳга ибодат қилиб турувчи ва одамлардан ёмонлигини тиювчи мўмин», дедилар (Муттафақун алайҳ, Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).

Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшиликлар ҳақида сўрашар, мен эса ўзимга ёмонликлар етишидан қўрққанимдан ёмонликлар ҳақида сўрардим.

- «Ё Расулуллоҳ, биз жоҳилият ва ёмонлик ичра эдик, Аллоҳ бизга бу яхшиликни (яъни, иймон ва исломни) берди. Энди шу яхшиликдан кейин бирон ёмонлик бўладими?».

- «Ҳа».

- «У ёмонликдан кейин яна яхшилик бўладими?»

- «Ҳа, бироқ унда хиралик бўлади».

- Хиралиги нима?»

- Менинг йўлимдан бошқасига йўллайдиган қавм (бўлади), уларнинг яхши ишларини ҳам, ёмон ишларини ҳам кўрасиз».

- «Бу яхшиликдан кейин яна ёмонлик бўладими?».

- «Ҳа, жаҳаннам дарвозаларига чорловчилар (бўлади), ким уларнинг чақириғини қабул қилса, унга улоқтирадилар».

- «Ё Расулуллоҳ, бизга уларнинг белгиларини айтиб беринг».

- «Улар бизнинг қавмимиздан, бизнинг тилимизда гапиришади».

- «Ўша нарса менга етса, нима қилишга буюрасиз?».

- «Мусулмонлар жамоатини ва имомини (раҳбарини) маҳкам тутинг».

- «Агар уларнинг жамоати ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?».

- «Дарахтнинг танасини тишлаб бўлса-да, у фирқаларнинг ҳаммасидан четланинг, то ўлгунча мана шу ҳолатда қолинг» (Муттафақун алайҳ).

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай деганлар: «Одамлар учун энг яхши бўлган ҳаёт кечириш йўлларидан бири шуки, бир киши Аллоҳ йўлида отининг тизгинидан маҳкам тутиб, эгарга ўрнашиб олиб, қаерда жангга чақириқ янграса ёки урушнинг даҳшатли хабари эшитилса, қатл ва шаҳидлик орзусида ўша ерга учиб боради. Ёки бир киши тоғлардан бирининг устида ё водийлардан бирида қўйини боқиб, то ўлим келгунича намоз ўқиб, рўза тутиб, Раббига ибодат қилиб, одамларга фақат яхшилиги етиб ҳаёт кечиради» (Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 3/1503, 1504, (1889-ҳ)).

Шунингдек, жамоат байроғи остида бирлашишга ва жамоат ичида ҳаёт кечиришга чақирувчи шаръий далил-ҳужжатлар ҳам талайгина. Аллоҳ таоло айтади:

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2).

«Ва барчангиз Аллоҳнинг арқони (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва бўлинманлар!» (Оли Имрон: 103).

«Албатта Аллоҳ Ўзининг йўлида гўё туташ бинолардек бир сафга тизилган ҳолларида жиҳод қиладиган зотларни севар» (Саф: 4).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Бўлинишдан сақланингиз ва жамоатни лозим тутингиз! Зеро, шайтон бир киши билан бирга, икки кишидан узоқроқдир. Кимда-ким жаннатнинг ўртасидан жой истаса, жамоатни лозим тутсин!» (Имом Термизий «Сунан»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган: 9/10).

«Мен сизларни Аллоҳ менга буюрган беш нарсага: жамоатга, қулоқ солишга, итоат қилишга, ҳижратга ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга буюраман. Зеро, ким жамоатдан бир қарич чиқса, то яна унга қайтиб келгунича Ислом бўйинбоғини бўйнидан ечибди», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, намоз ўқиса ҳам, рўза тутса ҳамми?», деб сўрадилар. «Рўза тутса ҳам, намоз ўқиса ҳам, ўзини мусулмонман деб даъво қилса ҳам!», дедилар (Имом Аҳмад «Муснад»да Ал-Ҳорис ал-Ашъарийдан ривоят қилган: 4/202).

«Аллоҳнинг қўли жамоат билан бирга» (Имом Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Аввалда келтирилган узлатга тарғиб қилувчи далил-ҳужжатлар билан кифояланиб, уларнинг жамоатни лозим тутишга ва жамоат доирасида яшашга чақирувчи бошқа далил-ҳужжатларга бўлган алоқасини унутган ёки ўзини билмасликка олган киши, шубҳасиз, узлат ва якканишинликка гирифтор бўлади.

 

2) Баъзи салафлар ҳаётидан маълум бўлган узлат ва одамлардан чекиниш кўринишларини маҳкам ушлаб олиб, уларни бунга олиб келган вазият ва шароитлардан ғофил бўлиш.

Чунки, баъзи салафларни жамоатга аралашишдан ва улар билан бирга бўлишдан кўра узлатни афзал кўришларига олиб келган сабаб – баъзан ислоҳ қилиш ва ўзгартириш воситаларининг ҳаммасини ишлатиб кўрганлари, шундан кейин ҳам қавмларининг куфрда маҳкам қолаверишлари бўлган. Қуръони каримда Аллоҳнинг пайғамбари Иброҳим алайҳиссалом тилидан келтирилганидек: «Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиздан ҳам четланурман ва (ёлғиз) Парвардигоримга илтижо қилурман» (Марям: 48). Яъни, у киши динига фитна етишидан қўрқиб, улардан қочдилар ва узлатга чекиндилар.

Ёки бўлмасам, Абу Зар, Ибн Умар ва бошқа бир қанча саҳобалар фитна авжига чиққан даврлари мусулмонлар жамоатидан узлатга чекиниб, ёлғиз яшашни афзал кўрдилар. Уларни бундай қилишга мажбур қилган нарса – ким ҳақ, ким ноҳақлиги аниқ билинмаган ҳолда қўлларини Аллоҳ азза ва жалла пок санаган покиза қонлар билан булғашни истамасликлари бўлди.

Дорул ҳижра (Мадина) имоми Имом Молик ибн Анас ҳаётларининг охирини одамлардан узоқда, узлатга чекиниб ўтказдилар. Узрлари – мусулмонларнинг қонларини сақлаб қолиш мақсадида ўзларини ҳукумат билан тўқнашишдан четга олдилар.

Мазкур улуғ зотларнинг узлатлари ҳақида ўқиган, бироқ уларни бунга олиб келган вазият ва шароитларни унутган кишининг дилида уларга эргашиш ва улардан ўрнак олиш, ёки ҳеч бўлмаганда уларга ўхшаш истаги туғилади-да, узлатни оқлайдиган ва унга чорлайдиган ҳеч қандай сабаб бўлмаса ҳам, жамоат муҳитидан узоқ узлат ҳаётига чекинади.

 

3) Жамоат ҳаёти доимо унга мансуб бўлган кишининг шахсиятини бекор қилади ва унинг шахсиятига кучли таъсир ўтказади деб ҳисоблаш ҳамда Исломнинг шахс ва жамоат ўртасини мувофиқлаштиришдаги манҳажидан кўз юмиш.

Гоҳида узлатга чорловчи нарса баъзи амал қилувчи кишиларнинг жамоат билан бирга ҳаёт кечиришим ва жамоатга мансублигим менинг шахсиятимни йўққа чиқаради, менинг шахсиятим жамоат соясида қолиб кетиб, етаклама одамга айланиб қоламан ва одамлар яхши бўлсалар мен ҳам яхши, ёмон бўлсалар мен ҳам ёмон бўлиб юраверадиган бўлиб қоламан, деган гумони бўлади. Ваҳоланки, у Исломнинг шахс ва жамият ўртасини мувофиқлаштирувчи манҳажидан ғафлатда бўлади. Чунки, бу манҳаж шахсни жамоат орасида бўлишга ва унинг сояси билан сояланишга чақириши билан бир қаторда уни ўзидан содир бўлувчи ҳар бир тасарруфга жавобгар эканини таъкидлайди. Унга айтадики:

«Ҳеч бир кўтарувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас» (Анъом: 164).

«Ҳар бир жон ўзи (ҳаёти-дунёда) касб қилган амали сабабли (дўзахда) ушланувчидир» (Муддассир: 38).

«Биров биров томонидан ҳеч нарса ўтай олмайдиган, ҳеч кимдан оқлов қабул қилинмайдиган ва (гуноҳлари учун) эваз ҳам олинмайдиган ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар!» (Бақара: 48, 123).

«Балки (У Кунда) инсон гарчи ўз узр-баҳоналарини (ўртага) ташласа келтирса-да, — (унинг барча аъзолари) ўзининг зиёнига гувоҳлик берувчидир!» (Қиёмат: 14).

«(Қиёмат кунида) ҳеч бир кўтарувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас, Агар оғир гуноҳ эгаси бўлган жон (бировни) ўз юки-гуноҳига (яъни гуноҳининг бир қисмини кўтаришга) чорласа, (гарчи чорланувчи) яқин қариндоши бўлса-да, у (гуноҳдан) бирон нарса кўтарилмас (яъни у кунда ҳар ким ўз амали билан машғул бўлиб, ота болага, ака укага қарашга имкон топмас)» (Фотир: 18).

Ҳар бир шахс жамоатдаги ҳар бир кишига – ҳар қанча мартабаси улуғ ва лавозими юқори бўлса ҳам – насиҳатни барча шартлари ва одоблари билан адо қилиши лозим:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дин - насиҳат (холислик)дир». «Ким учун, ё Расулуллоҳ?», деб сўрадик биз. «Аллоҳ учун, Унинг китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун», деб жавоб бердилар (Муслим, Насоий, Абу Довуд Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мўмин мўминнинг ойнасидир, мўмин мўминнинг биродаридир, унинг тирикчилиги ўтмай қолишининг олдини олади ва ортидан уни ўз ҳифзу-ҳимоясига олади» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4110). Бир ривоятда: «Мўмин мўминнинг ойнасидир, унда бир айбни кўрса, тўғрилаб қўяди».

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга яшаганлар, мўминлар бир-бирлари билан бирга яшашган. Бироқ, улардан бирон кишининг на шахсияти жамоат ичида эриб кетди ва на ўзлиги йўқолиб битди. Аксинча, уларда ўзаро насиҳат, маслаҳатлашув, амри маъруф ва наҳий мункар яққол кўриниб турарди. Улардан бирларининг ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга: «Агар сизда эгрилик кўрсак, қиличларимиз билан тўғрилаймиз», деб айтганини ўқимаган одам бўлмаса керак.

Ушбу чақириқ сабабли мусулмон кишининг нафсида белгилари ва чек-чегаралари аниқ-равшан кўриниб, ажралиб турувчи ички бир ўзлик вужудга келади.

Ҳалигидек гумон қилиш ва ғафлатда қолиш эса, шак-шубҳасиз, динга амал қилувчи кишини узлатга чекинтириб қўяди ва у энг хатарли тўсиқлардан бирига дучор бўлади.

 

4) Жамоатга аралашиш ва одамлар ичида яшаш масъулиятларидан ғафлатда қолиш.

Баъзан жамоат ичида бўлиш ва одамлар орасида яшаб, фаолият олиб боришнинг масъулият ва мажбуриятларидан хабарсизлик ҳам кишини жамоатдан четланишга олиб келади. Чунки, бу мажбуриятлар табиатан жуда улкан ва инсоннинг ҳаётини бошидан охиригача қамраб олади. Ва кўпинча, улар нафс хоҳишларига зид келади. Динга амал қилувчи киши агар шунга эътибор бермаса, нафсини тарбиялаш ва тозалашдан, нафсига қарши курашишдан ғофил бўлади ва унга ҳавойи нафс ва истак-майллари ҳукмрон бўлиб олади. Кунлар ўтиши билан заифлашиб, зиммасидаги мажбуриятларини бажаришга ожизлик қилиб қолади ва бу ҳолатдан чиқиш йўлини излаб, охири ўз олдида узлат ва якканишиндан бошқа йўлни кўрмайди.

 

5) Одамлар билан аралашиш кишини ибодатга машғул бўлишдан тўсади деб ўйлаш ва ибодатнинг ҳақиқий маъносини англамаслик.

Баъзан одамлар билан аралашиб юриш одамни намоз, рўза, Қуръон тиловати, зикр, дуо, истиғфор, тафаккур қилиш каби ибодатларга вақт ажратишдан машғул қилиб қўяди, деб ўйлаш ҳам кишини узлатга ва ёлғизликка олиб боради. Ваҳоланки, бундай ўйлаш ибодатнинг ҳақиқий ва тўғри маъносини билмасликдан келиб чиқади. Чунки, ибодатнинг саҳиҳ маъноси шайхулислом Ибн Таймия раҳмаҳуллоҳ айтганларидек:

«У Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган зоҳирий ва ботиний сўз ва амалларнинг барчасини ўзига жамловчи исмдир. Намоз, закот, рўза ва ҳаж ибодатдир. Дуо, истиғфор, зикр, Қуръон тиловати ибодатдир. Ростгўйлик, омонатдорлик, ота-онага яхшилик қилиш, қариндошлар билан алоқа қилиш ибодатдир. Аҳдларга вафо қилиш ибодатдир. Яхшиликка даъват қилиш, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш, кофир ва мунофиқларга қарши жиҳод қилиш ибодатдир. Қўни-қўшни, етим-мискин, мусофир ва хизматчига яхшилик қилиш, заифларга мурувват қилиш, жониворларга шафқатли бўлиш ибодатдир. Шунингдек, Аллоҳ ва Расулини севиш, Аллоҳдан қўрқиш, Унга қайтиш ва бўйсуниш, динни Аллоҳга холис қилиш, Унинг ҳукмига сабр қилиш, қазосига рози бўлиш, Унга таваккул қилиш, Унинг раҳматидан умидвор ва азобидан хавфда бўлиш ва шу каби ишларнинг барчаси ибодатдир...»

Қуръони карим ва суннати набавия ҳам шайхулислом айтган ушбу фикрларни тасдиқлайди.

Ундан ташқари, одамлар билан аралашиш мусулмон кишини фарзу вожибларни адо этиш ё нафл ибодатлар билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш ё илм ўқиш ё бирон масалани таҳқиқ қилиш ё Қуръон ўқиш ё зикр ва тафаккур қилиш ё ўзини сарҳисоб қилиш каби ишлар учун ўзи билан ўзи ёлғиз қоладиган алоҳида вақти бўлишидан тўсмайди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг: «Узлатдан ҳам ўз улушингизни олинглар», деган сўзларининг маъноси ҳам шудир, аслида.

Бинобарин, ибодатнинг тўғри маъносини яхши англамаслик ва уни фақат намозу рўза каби ишларга чеклаб тушуниш ҳамда жамоавий ҳаёт кишини мана шундай ибодатлар учун фориғ бўлишдан бутунлай тўсиб қўяди деб ўйлашлик, шак-шубҳасиз, амал қилувчи кишини узлат ва якканишинликка тушириб қўяди.

Аввалига қайтиш

Давомига ўтиш

   ЮқоригаÎ