Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР

 

Д. Муҳаммад Нуҳ

 

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

ТЎРТИНЧИ ТЎСИҚ

УЗЛАТ ёки ЯККАНИШИНЛИК

(Давоми) 

 

6) Ёмонлик ва фасод тарқалганини важ қилиб, узр баён қилиш ва шу билан бирга ёмонлик ва фасод ёйилган пайтда мусулмон кишининг вазифаси нималардан иборат бўлишини билмаслик.

Ёмонлик ва фасод тарқалган пайтда мусулмон киши нима қилиши кераклигини билмагани ҳолда ёмонлик ва фасод тарқалди деган узрни важ қилиш ҳам динга амал қилувчи кишини узлат қилишига сабаб бўлади. Аслида, бундай ҳолларда мусулмон кишининг вазифаси имкони борича ва қўлидан келганича ёмонликка қарши курашиш бўлмоғи, дард-иллат қаттиқ ўрнашиб кетган ва воситалар ожиз қолиб, фитналаниш хавфи пайдо бўлгандагина узлатга чекиниш бўлмоғи лозим. Зиммасидаги вазифасини тушуниб етмаган мусулмон биринчи лаҳзаларданоқ узлатга ва жамоатдан ажралишга қараб чопиб қолади. Ер юзи эса ёмонлик ва фасод ўчоғига айланиб бораверади. Аллоҳ таоло айтади:

«Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз, ер фасодга дучор бўлади» (Бақара: 251).

«Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди» (Ҳаж: 40).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳнинг белгилаб қўйган чегараларида турувчи киши билан уларни бузиб кирувчи кишининг мисоли кемада қуръа билан жойлашиб, баъзилари юқори қисмига, баъзилари қуйи қисмига ўрнашган кишилар мисоли кабидир. Қуйи қисмидагилар агар сув олмоқчи бўлсалар юқоридагиларни оралаб ўтар эдилар. Шунда улар: «Биз ўзимизга тегишли жойдан тешиб олсак-да, юқоридагиларга озор етказмасак», дейишди. Агар уларни қилмоқчи бўлган ишларига тек қўйиб қўйилса ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар қўлларидан ушлаб қолишса ҳаммалари нажот топишади» «Имом Бухорий Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

 

7) Тарихлар оша Аллоҳнинг динига амал қилувчилар дучор бўлган ва йўлиқаётган синовлар ва меҳнат-машаққатлардан бохабар бўлиш, бироқ ўша зотларнинг бу меҳнат-машаққатларга муносабатларидан ғафлатда қолиш ҳам динга амал қилувчи кишининг узлатга чекинишига сабаб бўлиши мумкин. Уларнинг бундай ҳолатларга нисбатан кўзқарашлари – синову имтиҳонларга дучор қилиш Аллоҳнинг даъватлар борасидаги қонуниятидир, деб ишониш, сўнгра камчиликларини эътироф қилиш ва Аллоҳдан қадамларини собит қилишини ва уларга нусрат ато этишини илтижо қилиб сўрашдан иборат эди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларнинг илтижоларини қабул қилиб, қадамларини собит қилар ва уларга Ўз нусратини туширар эди: «Қанчадан-қанча пайғамбарлар ўтганки, улар билан биргаликда (издошларидан) кўплаб жамоалар жанг қилганлар. Ҳамда Аллоҳ йўлида ўзларига етган машаққатлар сабабли сусткашлик — заифлик қилмаганлар ва (душманларига) бўйин эгмаганлар. Аллоҳ мана шундай сабр қилувчиларни севади. Уларнинг айтган гаплари фақат шундан иборат эди: «Парвардигоро, гуноҳларимизни ва ишларимиздаги хатоларимизни мағфират айла, қадамларимизни собит қил ва бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!» Бас, Аллоҳ уларга ҳам бу дунё савобини (ғалаба ва мол-давлатни) ва ҳам охиратдаги гўзал ажрни (жаннатни) ато қилди. Аллоҳ чиройли амал қилувчиларни севади» (Оли Имрон: 146-148).

Ҳа, динга амал қилувчи киши тарихлар оша келаётган бу синов ва машаққатлардан бохабар бўлгани ҳолда бошларига имтиҳон келган у зотларнинг бу меҳнат-машаққатларга бўлган муносабатларидан ғофил бўлса, балолар қаршисида қўрқув ва хавотирларга дучор бўлади, улардан чиқиш йўлларини излашга тушади. Шунда шайтон унга бундан қутулишнинг ягона йўли узлатга чекиниш ва жамоатдан ажралиш эканини уқтиради. Бу унинг нафсига ҳам ёқиб тушади-да, секин ўзини четга тортишга мойил бўлади.

 

8) Узлат йўлини тутган ва ёлғизликни танлаган мусулмонлар билан улфат ва ҳамсуҳбат бўлиш ҳам динга амал қилувчи кишини узлатга элтиши мумкин. Чунки, киши ўз атрофидагилардан яхшигина таъсирланади. Айниқса, улфати ва ҳамсуҳбати таъсир ўтказувчи қобилят эгаси бўлса, унинг таъсирига осонгина тушиб қолиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Киши ўз дўстининг динидадир. Шундай экан, ҳар бирингиз ким билан дўстлашаётганини текшириб боқсин» (Имом Абу Довуд ва имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

 

9) Аллоҳнинг динига амал қилувчи жамоат ва ташкилотларнинг кўплиги.

Баъзан Аллоҳнинг динига амал қилувчи жамоат ва ташкилотларнинг кўплиги ҳам динга амал қилувчи мусулмон кишини гангитиши, бу жамоатларнинг қайси бири билан ишлаш ва қайси биридан узоқлашишни билмай ўйланиб қолишига, охир-оқибат эса уларнинг барчасидан четланишга қарор қилишига олиб келиши мумкин. Хусусан, бу жамоат ва уюшмаларнинг ҳақиқатини билмаса. Аслида, бу жамоат ва уюшмаларнинг ҳаммасида ҳам озми-кўпми яхшилик бор. Баъзиларида озроқ, баъзиларида кўпроқ, баъзиларида тўла яхшиликлар мавжуд. Фақат уларни яхшироқ таниши ва мақсадларини, иш услубларини дурустроқ ўрганиши, ана шундан кейингина тўла яхшилик устида бўлган жамоа билан бирга кетиши лозим бўлади. У жамоанинг асосий хусусиятлари қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:

·        Мақсади Аллоҳнинг шариатини татбиқ қилиш, ер юзидаги манҳажи: «Ҳукм фақат Аллоҳникидир» (Юсуф: 40), «Улар ўртасида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг» (Моида: 49).

·        Айтаётган ҳар бир сўзи, қилаётган ҳар бир амали билан фақат Аллоҳнинг розилигини мақсад қилиши: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйсинувчиларнинг аввали пешқадамиман» (Анъом: 162, 163).

·        Аллоҳ ва Расули йўлидаги дўстликдан бошқа ҳар қандай дўстликдан воз кечиш ва Аллоҳнинг йўлини маҳкам тутган мўминларнигина дўст тутиш: «Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир. Кимки Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг гуруҳигина ғолиб бўлувчидир» (Моида: 55, 56).

·        Исломни тушунишда ўта ғулувга ҳам кетмай, ўта саёз ва юзаки ҳам бўлмай, ўрта ва мўътадил ҳолда бўлиш, унинг ҳаммасига, мисвокдан тортиб жиҳодгача амал қилиш: «Эй мўминлар, тўла ҳолдаги исломга кирингиз! (Яъни, исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз)! Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара: 208).

·        Ўзининг дастлабки қадамлариданоқ барча яхши хислатларни ўзида жамловчи ва барча ёмонликлардан бош тортувчи, Аллоҳнинг мадади ва қўллаб-қувватлашига муносиб мусулмон шахсиятини пайдо қилишга уриниши: «Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд: 11), «Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (Вал-лайл: 9, 10).

·        Мана шундай мусулмон шахсиятни вужудга келтиришда бутун жамиятни ва ҳатто бутун дунёни ўз ичига олувчи кенг қамровли ҳаракат олиб бориши: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати-жаннатига етакловчи) қилиб юбордик» (Анбиё: 107).

·        Мана шу мусулмон шахсиятлар ўртасида мустаҳкам алоқа тиклашга, уларни гарчи танлари бошқа-бошқа бўлса-да, битта фикр, битта қалб, битта руҳ ва бир хил ҳис-туйғулар билан яшайдиган қилишга ҳаракат қилиш: «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103).

·        Воқеъни англаш ва уни давомий ўрганиш асосига қурилган онгли ва пухта тартибдан келиб чиқиши ва мана шу тушунча ва ўрганишлар асосида ҳаракат қилиши: «Айтинг: (Хоҳлаган) амални қилинглар. Бас, Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турар ва яқинда ғайбу шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор нарсаларнинг барчасини) билувчи зотга қайтарилурсизлар. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур» (Тавба: 105), «Иймон келтирмайдиган кимсаларга айтинг: «Ўзларингиз билган амалларингизни қилаверингиз, биз ҳам ўз амалимизни қилувчимиз»» (Ҳуд: 121).

·        Бирламчи ишларга эътибор қаратиши, имкони бўлмаган ва қўли калталик қилган пайтларда баъзи усулларни (яъни, асосий ишларни) бошқасидан муқаддам қилиши, усулларни фуруълардан (яъни, бирламчи ишларни иккиламчи ишлардан), фарзларни нафллардан, иттифоқ қилинган ишларни ихтилофли ишлардан муқаддам қўйиши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Каъбанинг ичи ва ташида бўлган бут-санамларни вайрон қилишдан олдин инсонларнинг дилларида ўрнашган бут-санамларни вайрон қилишга ҳаракат қилганлар.

·        Иттифоқ қилинган усул-асослар борасида бепарволик қилмаслиги, ихтилофли фаръий масалалар хусусида (унинг ҳам далили бордир, ижтиҳоди шунга олиб келгандир, дейиш каби) узрлар истаб, барча амал қилувчилар ўртасида таъовун (ўзаро ёдам) эшигини очиши.

·        Ҳар бир шахснинг қўлидан ушлаб, бир поғонадан иккинчисига, бир босқичдан иккинчисига олиб ўтадиган, унинг қизиқишларини қондирадиган, саволларига жавоб берадиган, савиясини юксалтирадиган манҳажи-программаси бўлиши.

·        Йўлдаги қийинчилик ва машаққатларга сабру матонати зоҳир бўлган, қўрқитувлар қаршисида мустаҳкам тура олган, меҳнат-машаққатларни чидам билан босиб ўтган ва шу билан барча амал қилувчилар учун раҳбар ва йўлбошчи бўлишга муносиб бўлган бўлиши: «Ал­батта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз» (Муҳаммад: 31).

·        Амал майдонида анча-мунча тер тўккан, билим ва тажрибага эга бўлган бўлиши агар шундай бўлса, ўз сафида бораётганларнинг кучларини, вақтларини ва пул-молларини тежайди.

·        Оғир-вазминлик ва мулоҳазакорлик билан иш кўриши, шошқалоқ бўлмаслиги: «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ҳам (ўтган) пайғамбарлар орасидаги сабот-матонат эгалари сабр қилганларидек (мушрикларнинг озор-азиятларига) сабр қилинг ва уларга (тушадиган азоб)ни шоштирманг» (Аҳқоф: 35).

·        Ишни тартибга солиб турадиган ва ҳамма нарсани ўз ўрнига қўя биладиган кишиларнинг бошқарувида бўлиши.

·        Бошлиқ бўлиб турган кишилар фикрини – модомики маъруф-яхши бўлса – олиниши.

·        Ўртада холис насиҳатлашув – насиҳатнинг барча шартлари ва одоблари билан – бўлиши, насиҳатни қабул қилиш ва унга рози бўлиш.

·        Ходимларни ўта диққат ва омонат билан танлай билиши, ёмонлик қасдида пойлаб турганларга имкон бермаслик: «Кофирлар сизлар қурол-яроғ ва асбоб-анжомларингиздан ғафлатда бўлган пайтингизда устингизга бирданига ҳамла қилишни истайдилар» (Нисо: 102).

·        Ҳаққа эргашиши, бидъат чиқармаслиги: «Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун холис ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига мувофиқ қилсин)» (Каҳф: 110).

 

10) Узлат ва ўзини четга тортишнинг хоҳ амал қилувчиларга, хоҳ исломий амалга қолдирадиган нохуш асоратларидан ғофил бўлиш ҳам динга амал қилувчи кишини узлатга чекинишига сабаб бўлиб қолади. Биз бу асоратлар ҳақида қуйида сўз юритамиз. Зеро, ким бирон ишнинг ортидан келувчи зарарли асоратларини билмаса, ўша ишга қадам қўйиши тайиндир.

Аввалига қайтиш

Давомига ўтиш

   ЮқоригаÎ