Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

القصاص

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Қасос

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Аллоҳнинг тавфиқи билан «Охират ҳовлиси» силсиласидан сизлар билан бугунги суҳбатимиз ўн олтинчи суҳбат бўлади.

Ёдингизда бўлса, бундан аввалги учта суҳбатимизда ҳисоб майдонида, Аллоҳ таоло ҳузурида туриш мавзусида сўз юритган, қиёмат куни Аллоҳ таоло бандаларини унинг асосида ҳисоб қиладиган адолат мезонлари ҳақида сўзлаб ўтган, сўнгра биринчи бўлиб ҳисобга чорланадиган уммат билан, биринчи бўлиб ажрим қилинадиган кишилар билан, биринчи бўлиб у ҳақда ҳисобга тортиладиган амал билан танишиб ўтган эдик. Аллоҳ жалла ва ало Ўзига тааллуқли бўлган ҳақ-ҳуқуқлар борасида бандаларни ҳисобга тортганидан сўнг энди мазолим девонларини (яъни халқлари ўртасидаги ўзаро зулмларни кўриб чиқадиган маҳкамалар) ўрнатишга изн беради, унда қасос ва ҳақларни ўз эгаларига олиб бериш ишлари бўлиб ўтади. Аллоҳнинг изни билан бугунги суҳбатимиз мана шу мавзуда бўлади.

Вақтдан унумли фойдаланиш учун суҳбатимизни қуйидаги бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

Биринчи: Жониворлар ўртасидаги қасос.

Иккинчи: Бандалар ўртасидаги қасос.

Учинчи: Қон ҳурмати.

Тўртинчи: Мўминлар ўртасидаги қасос.

Суҳбатимизга диққат-эътибор қаратишингизни сўрайман. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизу бизни сўзларни эшитиб, яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

 

Биринчи: Жониворлар ўртасидаги қасос

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни ҳақ-ҳуқуқларни ўз эгаларига албатта адо қиласизлар».

Бир ривоятда: «Қиёмат куни ҳақ-ҳуқуқларни ўз эгаларига албатта адо қиласизлар, ҳатто шохсиз қўйга шохли қўйдан ҳам ўч олиб берилади» (Муслим: №2582, Термизий: №2422).

«Муснад Аҳмад»да саҳиҳ санад билан Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир-бири билан сузишаётган икки қўчқорни кўриб, Абу Зарга: «Булар нимага сузишаётганини биласизми?», дедилар. «Йўқ», дегач, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Лекин, Аллоҳ билади ва қиёмат куни шу иккиси ўртасида ҳам ҳукм қилади» (Аҳмад: №21330).

Мусулмон биродарлар! Тилсиз жониворларни ҳам қиёмат куни тирилтирилиб, бир-биридан қасос олиб берилиши ҳақидаги сўзни биз ҳақ деб эътиқод қиламиз.

Жумҳур аҳли суннанинг мазҳаби шудир. Жониворлар ўртасида қасос олиб берилиши ақлга тўғри келмайди, деган даъво билан бу бобда келган саҳиҳ ҳадисларни рад қилиш тўғри бўлмайди.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтишларича, шариатда бир лафз келган бўлса-ю, уни зоҳирича қабул қилишдан тўсувчи бирор шаръий ва ақлий монеъ бўлмаса, уни зоҳирича олиш вожиб бўлади. Шундай экан, мазкур ҳукмни, яъни тилсиз жониворлар ўртасида қасос олиб берилиши ҳукмини рад қилиш учун бу ҳадисларни таъвил қилиш мутлақо дуруст эмасдир. Агар айтилсаки, қўйнинг ақли йўқ, у мукаллаф эмас, қандай қилиб қиёмат куни ундан қасос олинади?

Бунга жавоб Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидир:

«Зотан, Парвардигорингиз фақат Ўзи истаган ишни қилувчи зотдир!» (Ҳуд: 107).

«У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар» (Анбиё: 23).

Бандалар шуни яхши билишлари керакки, Аллоҳ ҳузурида ҳақ-ҳуқуқлар зое бўлмайди. Агар тилсиз жониворлар ва ақлсиз ҳайвонлар ўртасидаги ҳолат шу бўладиган бўлса, ақл эгалари бўлган инсонлар ўртасидаги қасос олиниши ҳолатлари ҳақида нима дейиш мумкин?!

Аллоҳ таоло ҳайвоннинг ҳайвондан ҳаққини олиб берса, бандаларнинг ҳақларини, хусусан Ўзига иймон келтирган мўминларнинг ҳақларини қандай олиб бермасин?!

 

Иккинчи: Қиёмат куни бандалар ўртасидаги қасос

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Биров ўйламасинки, бировни уриш бўлсин, сўкиш бўлсин, ҳақорат бўлсин, туҳмат бўлсин, бировнинг ҳаққини ейиш бўлсин, етимнинг молини ноҳақ ейиш бўлсин, бировни масхара ё ғийбат қилиш бўлсин, чақимчилик қилиш бўлсин, бировнинг обрўсини тўкиш бўлсин, хуллас бандаларга ўтказган қандай бир зулми жазосиз қолса!!

Йўқ, йўқ!! Асло ундай бўлмайди! Зулм қиёмат куни ўз эгасига зулматлар келтиради.

Эй мансабига алданиб, курсисига мағрур бўлиб, куч-қудратига суяниб, заиф-мискинларга зулм қилаётган кимса! Унутма, Аллоҳ жалла ва ало энг Қудратли Зот!! Яхши билиб ол, У эртага, қиёматда мазлумлар ҳаққини золимлардан ундириб беради! Бинобарин, барча турдаги зулмдан қўлингни торт! Зеро, зулм қиёмат куни зулматларга айланади.

Шеър (мазмуни):

Зулм қилма қудратли бўлсанг-да ҳар чоқ,

Зулмнинг охири бўлар надомат.

Ухларсан, лек мазлум кўзлари уйғоқ,

Дуосин эшитар ухламас Бир Зот.

 

«Саҳиҳайн»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида унга бир неча қимматли насиҳатлар қилдилар. Васиятлари ичида жумладан, шундай дегандилар: «Мазлумнинг дуосидан қўрқинг, чунки у билан Аллоҳ ўртасида тўсиқ бўлмайди» (Бухорий: №4347, Муслим: №19).

Огоҳ бўлингиз, мазлумнинг дуоси Аллоҳ ҳузурига тўппа-тўғри, ҳеч қандай тўсиқсиз кўтарилади. Бинобарин, «Саҳиҳайн»да  Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло золимни маълум вақт қўйиб қўяди. Токи (бир куни) уни (азоб билан) ушлаганида, қутилиб чиқиб кета олмайди», дедилар, сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд: 102) (Бухорий: №4686, Муслим: №3583).

Баъзан золим кимса Аллоҳнинг бандаларига зулм қилиб, ўз зулми билан йиллаб мағрурланиб юради. Аллоҳ унга муҳлат беради, уни Ўз ҳилми билан ўраб, яширади. Бироқ, золим ўз зулми ва тажовузида тобора чуқурлашиб бораверади ва бу бечора Аллоҳ ўзига муҳлат бераётганини, уни беэътибор ташлаб қўймаганини тушунмайди.

Қани зўравонлар?! Қани Кисролар?! Қани Қайсарлар?! Қани Фиръавнлар?! Қани тоғутлар?! Қани золимлар, қани зулмда уларга эргашганлар?! Фиръавн қани, Ҳомон қани, Қорун қани??!!

 

Шеър (мазмуни):

Ўз қудратлари билан дунёни тиз чўктирганлар қани?!

Халқлар хотирасида улар фақат зулм ва туғён билан сақланиб қолди.

Ўлим куч-қудрат эгасини қудрати сабабли аяб ўтирдими?!

Ёки султонни салтанати ундан қутқариб қолдими?!

Йўқ, борлиқни йўқдан бор қилган Зотга қасамки,

Ҳамма фанога юз тутгай, инсон ҳам, жин ҳам.

 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни зулмнинг ёмон оқибатидан огоҳлантирганлар. Ибн Можа, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Абу Яъло Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳасан ҳадисда айтилишича, Фатҳ йилида Ҳабашистон муҳожирлари қайтиб келганларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга: «Ҳабашистонда кўрганларингиз қизиқ нарсалар ҳақида бизга айтиб бермайсизларми?», дедилар. Шунда улар ичидаги бир йигит деди: «Хўп, ё Расулуллоҳ! Бир куни ўтирган эдик, уларнинг роҳибаларидан бир роҳиба кампир бошида бир катта кўзада сув билан ўзларидан бўлган бир бир йигитнинг ёнидан ўтиб қолди. Шунда ҳалиги йигит кампирнинг елкасидан ушлаб, итариб юборди. Кампир чўккалаб қолди, бошидан кўзаси тушиб, синиб кетди. Шундан сўнг у ўрнидан туриб, йигитга қараб деди: «Яқинда биласан, эй ғаддор! Аллоҳ курсийни қўйганида, аввалгилару охиргиларни жамлаганида, қўл ва оёқлар қилган ишлари ҳақида сўзлаб берганида, эртага Унинг ҳузурида сен билан менинг ишим нима бўлишини билиб оласан!». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тўғри айтибди, тўғри айтибди. Зўравонларидан заифларига ҳақларини олиб берилмайдиган умматни Аллоҳ қандай покласин?!», дедилар (Ибн Можа (№4010) ривояти, Албоний ҳасан санаган).

Ҳа, Парвардигоримга қасамки, зўравонларидан заифларига ҳақларини олиб бермайдиган умматни Аллоҳ қандай покласин?! Ҳа, Парвардигоримга қасамки, инсонларнинг ҳурматлари эҳтиром этилмайдиган, номуслар ва насл-насаблар поклиги сақланмайдиган халқларни Аллоҳ қандай покласин?! Ораларида қонлар тўкиладиган, покиза инсонлар туҳматга учраб, золим кимсалар оппоқ бўлиб қолаверадиган умматни Аллоҳ қандай покласин?!

Бундай бузуқ ахлоқли уммат дунёда емирилишга, охиратда эса унинг золим кимсалари дўзахга маҳкумдир.

Эй мусулмонлар! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам зулмнинг қиёмат кунидаги оқибатидан огоҳлантирганлар ва золимларни охиратга қолдирмай, шу дунёнинг ўзида зулмларидан қутулиб олишга чақирганлар.

«Саҳиҳул Бухорий»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимнинг зиммасида биродарининг обрў-номусига нисбатан қилган зулм ё (моли ё жонига қилган зулм каби бошқа) бирон нарса бўлса, шу бугун, динор ва дирҳам бўлмайдиган кун келишидан олдин ундан қутулиб олсин. (У кунда) агар унинг солиҳ амали бўлса, зулми миқдорича ундан олинади, агар савоблари бўлмаса, биродарининг гуноҳларидан олиниб, унга юкланади» (Бухорий: №2449, Термизий: №2421).

Эй Аллоҳнинг бандалари! Золим бу дунёда у ёки бу йўл билан қутулиб кетиши мумкиндир, бироқ, қиёмат куни асло қутулиб кетолмайди. Бирон киши бўйнида бировга нисбатан қилган зулми билан бирга жаннатга кириши амри маҳолдир. Зулм қилган одам ҳатто агар иймон ва тавҳид аҳлидан бўлса ҳам, ҳисоб майдонида, адолатли маҳкамада Аллоҳ таоло уни зулмидан тозаламасдан туриб, жаннатга киритмайди.

Бас, шундай экан, кимнинг зиммасида бировга нисбатан зулм бўлса, шу бугун, Одил Подшоҳ ҳузурида туришидан олдин ундан қутулиб олсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни асҳобларидан: «Муфлис (қашшоқ, сариқ чақасиз ]банкрот бўлган[ киши) деб кимни айтилишини биласизларми?» деб сўрадилар. «Бизнингча, муфлис – на дирҳами, на бирон матоси бўлмаган одам» деб жавоб беришди. «Умматим ичидаги муфлис шундай одамки, қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келади, бироқ кимнидир сўккан, кимгадир туҳмат қилган, кимнингдир молини еган, кимнидир қонини тўккан, кимнидир урган ҳолда келади. Шунда савобларидан унга, бунга олиб берилади, савоблари зиммасидаги ҳақлардан қутулишга етмаса, уларнинг гуноҳларидан олиниб, бунга юкланади, сўнг дўзахга отилади», дедилар (Муслим: №2581, Термизий: №2420, Саҳиҳул-жомиъ: №87).

Ўзинг сақлагайсан, Парвардигорим!!

Тасаввур қилинг.. Маҳшаргоҳ, тиқилинчдан нафаслар қайтиб кетгудек.. Қуёш бош устига яқин келтирилган ва этдан ўтиб, суякларни ҳам эритиб юборгудек иссиқ оташ.. Унинг устига, жаҳаннамни олиб келинган, унинг етмиш минг тизгини бўлиб, уларнинг ҳар биридан етмиш минг фаришта тортиб, олиб келган.. Жаҳаннам Жаббор таолонинг ғазаби ифодаси ўлароқ, ғазабдан ўкирган ва алангаси кўкка ўрлаган.. Чунки, Парвардигор таоло ҳеч қачон у кунгидек ғазаб қилмаган, кейин ҳам ҳеч қачон у кунгидек ғазаб қилмас..

Ана шундай оғир ва даҳшатли ҳолат ичида ҳалиги золим ҳам турибди.. Ўта хор ва синиқ, қаттиқ қўрқув ичида, кўзлари қотиб қолган, ўнгга ҳам, сўлга ҳам, юқорига ҳам, пастга ҳам қарай олмайди, даҳшатдан кўз фақат тўғрига қараб қотиб қолган.. Юрак кўкрак қафасидан чиқиб, бўғизга қадалиб қолган.. Шу лаҳзаларда, ана шунча мусибат орасида, ўшанча оғир машаққат ичида тураркан, тўсатдан ўзини бир тўп одамлар ўраб олаётганини кўради.. Қизиқ, ким бўлди булар?!

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига