Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

الشيخ محمد حسان

 

في رحاب الدار الآخرة

 

السؤال عن أربع

 

Охират ҳовлиси силсиласи

 

Шайх Муҳаммад Ҳассон

 

Тўрт нарсадан сўралиш

 

 

 

(Давоми)

Учинчи: Молини қаердан топгани ва нималарга сарфлагани ҳақида сўралиши

Мол энг катта неъматлардан биридир. Мол-дунё ва бола-чақа дунё ҳаёти зийнатидир.

Аллоҳ таоло айтади: «Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир» (Каҳф: 46).

Эътибор беринг, ушбу оятда Аллоҳ таоло мол-мулкни бола-чақадан олдин зикр қилди. Мол-мулк зийнатдир, улкан неъматдир. Лекин, бу неъматнинг қадрини молдан бўлган ғоя-мақсадни тўғри англаган кишигина билади. Мол нақадар яхши неъматдир агар унинг жилови солиҳ кишилар қўлида бўлса!!

Мол-мулк неъматдир, унинг қадрини фақат молдан бўлган мақсадни яхши тушунган, молнинг йўқолиб кетувчи соя ва қайтариб олинадиган омонат эканини яхши англаган солиҳ ва тақволи зотлар билади.

Мол-мулк Аллоҳ таоло томонидан сизга ато этилган неъматдир, Аллоҳ таоло сизни у билан зийнатлаган зийнатдир.

Лекин, билиб қўйинг, мана шу мол-мулкнинг ҳаммасидан сўраласиз, қаердан топганингиз ва нима ишларга сарфлаганингиз ҳақида жавоб берасиз. Ҳа, жиддий ўйлаб кўрсангиз, бу жуда оғир савол! Банданинг қалбига қўрқув соладиган ва молни қўлга киритишдан олдин ўз нафсини минглаб марта саволга тутишга мажбур этадиган савол!

Эй ҳаром нарсалар билан савдо қилувчи, мол-дунё йиғишдан бошқа ғами бўлмай, жигарбандларимиз жисмларини тилка-пора қилувчи гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи! Кўзингни оч, эртага бу ҳаром йўллар билан топган молингнинг ҳисобини қандай берасан?! Махфию ошкор барча нарсани билувчи Зот ҳузурида ҳисобга туришдан, молингни қаердан топдинг ва нима ишларга сарф этдинг, деган саволга тутилишдан олдин, шу бугун молингни тозалаб ол!

Мол нақадар яхши неъматдир агар унинг жилови солиҳ кишилар қўлида бўлса!!

Молдан бўлган ғоя-мақсад нималигини, молнинг инсон ҳаётидаги вазифаси нимадан иборат эканини яхши билувчи тақволи мўмин учун мол-дунё улкан неъматдир.

Бинобарин, «Саҳиҳайн»да ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек:

«Фақат икки нарсага ҳасад (яъни ҳавас) қилса бўлади: Аллоҳ таоло бировга мол-давлат берса ва у кеча-кундуз молидан инфоқ-эҳсон қилса. Аллоҳ таоло бировга Қуръон ато этса ва у кеча-ю кундуз Қуръон (ўқиш, унга амал қилиш) билан қоим бўлса!» (Бухорий: №9/65, Муслим: №815).

Имом Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилган, шайх Албоний саҳиҳ санаган, Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

«Уч нарсани қасам билан айтаман ва сизларга битта ҳадис айтиб бераман. Эслаб қолинглар: Банданинг моли садақа туфайли камайиб қолмайди. Бир банда кўрган зулмига сабр қилса, Аллоҳ унинг азизлигини орттиради. Банда агар сўраниш (тиламчилик) эшигини очаркан, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очгай. Энди сизларга битта ҳадис айтиб бераман, эслаб қолинглар: Дунё тўрт нафарникидир. Биринчиси шундай кишики, Аллоҳ таоло унга мол-дунё ва илм берган. Ушбу нарсалар ҳақида у Раббидан тақво қилади, силаи раҳм қилади ва бу нарсалардаги Аллоҳнинг ҳаққини танийди. Бу энг олий мартабадаги кишидир. Иккинчи бир кишига Аллоҳ таоло илм берган, лекин мол-дунё бермаган. У сидқи ният билан айтадики: «Агар менда ҳам мол-дунё бўлганда мен ҳам фалончи сарф қилганидек сарф қилардим.» Бу икки киши ажр борасида тенгдирлар. Учинчиси шундай бир кишики, Аллоҳ таоло унга мол-дунё бергану, илм бермаган. У мол-дунёсини жоҳиллик билан нотўғри тасарруф этади. Моли хусусида Аллоҳдан тақво қилмайди. Моли билан силаи раҳм қилмайди. Молидаги Аллоҳнинг ҳақини танимайди. У энг ёмон манзилатдаги кишидир. Тўртинчиси шундай кишики, Аллоҳ таоло унга илм ҳам, мол-дунё ҳам бермаган. У айтадики: «Агар менда ҳам мол-дунё бўлганда эди, мен ҳам фалончи қандай сарф қилган бўлса шундай сарф қилардим». Унинг ҳоли ниятига қарабдир. Бу иккаласи гуноҳ борасида тенгдирлар» (Термизий: 2326, Аҳмад: 4/230, Ибн Можа: №4228).

Мол қачонки ундан бўлган ғояни биладиган бир солиҳ кишининг қўлига тушсагина неъматга айланади. Ортимизда қолдириб кетадиган молимиз бизнинг молимиз бўлмайди, энди у аллақачон ворисларнинг молига айланган бўлади. «Саҳиҳул Бухорий»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай бирингизга ворисининг моли ўзининг молидан суюмлироқ?», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, ҳаммамизга ҳам ўз моли ворисининг молидан кўра суюмлироқ», деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта, (охирати учун) юбориб қўйгани ўз молидир, ортида қолдиргани эса ворисларининг молидир». (Бухорий: №6442).

«Саҳиҳ Муслим»да Абдуллоҳ ибн Шиххир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бордим, у зот: «Алҳакумут-такасур» сурасини ўқиётган эканлар. Айтдилар: «Одамзот: «молим, молим» дейди. Эй одамзот, сенга молингдан фақат еб-тугатганинг ё кийиб-эскиртирганинг ёки садақа қилиб, (охиратингга) ўткизиб қўйганингдан бошқа бирон нарса борми?!». (Муслим: №).

Шунинг учун ҳам «Сунан ут-Термизий»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Бир қўй сўйилди ва садақа қилинди, фақат курагигина қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қўй гўштидан бирор нарса қолдими?» деб сўрадилар. «Фақат кураги қолди», дедилар. «Курагидан бошқа ҳамма жойи қолибди», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Термизий: №2472, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2544).

Эртага қиёматда, мол-дунё ҳам, фарзандлар ҳам фойда бермайдиган кунда амалларингиз тарозисида фақат садақа қилиб юборган ўша молингиз қолади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадисларига қулоқ солинг. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Аллоҳ пок Зот, фақат покиза нарсаларни қабул қилади, Аллоҳ таоло пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам буюрди: «Эй пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва яхши амаллар қилинглар!» (Муъминун: 51), «Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз покиза нарсалардан енглар» (Бақара: 172). Сўнг у зот узоқ йўл босиб, чангга беланган, қўлларини кўкка чўзиб: «Эй Парвардигорим, эй Парвардигорим!», деб дуо қилаётган, бироқ егани, ичгани, кийгани ҳаром бўлган ва ҳаром билан озиқланган киши ҳақида сўзлаб: «Унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!», дедилар (Муслим: №1015, Термизий: №2992).

Ҳаром еган одамнинг дуоси қандай ижобат бўлсин?! Ҳаром ичган одамнинг дуоси қандай ижобат бўлсин?! Бола-чақасига ҳаром едириб-ичирган одамнинг дуоси қандай ижобат бўлсин?! Ҳозирги пайтда ҳалол-пок емак-ичмак талаб қилиш борасида жуда катта эътиборсизлик кўзга ташланади. Одамларни кўрасизки, қандай қилиб бўлмасин, мол-дунё жамғариш пайида, ҳалолдан топадими, ҳаромданми, ҳатто судхўрлик қилиб топадими, одамларнинг молларини ботил йўл билан қўлга киритиш биланми, фарқсиз, мол йиғса бўлди!! Ваҳоланки, бу дунёдан кетар пайти бир дирҳам ё бир доллар ўзи билан олиб кетолмайди!

Шеър (мазмуни):

Нафс камбағалликдан қўрқиб, оҳ-воҳ қилади,

Ҳолбуки, фақирлик туғёнга етакловчи бойликдан яхшидир.

Нафсларнинг бойлиги борига қаноат қилишдир,

Акс ҳолда ер юзининг ҳамма бойлиги ҳам етмайди.

Қаноатни лозим тут, подшоҳга айланасан

Гарчи тан соғлигидан бошқа ҳеч нарсанг бўлмаса ҳам.

Бутун дунёга подшоҳ бўлган кишини кўр,

Кетар чоғи хушбўйлигу кафандан бошқасини олиб кета олдими?!

Ҳа.. Қиёмат куни банда молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани ҳақида сўралмагунча қадами силжимайди..

 

Тўртинчи: Жисмини нима ишларда қаритгани ҳақида сўралиши

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, қулоқ, кўз, қалб — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур» (Исро: 36).

Қалб ўзида жо бўлган эътиқоддан сўралади. У Аллоҳ ва Расулининг муҳаббати билан тўла бўлганми, мўминларга муҳаббат руҳи билан суғорилганми, шу билан бирга ширкка, мушрикларга, ботил ва унинг аҳлига нисбатан нафратга тўла бўлганми, мана шу ҳақда сўралади.

Қулоқ ўзи эшитган ҳар бир нарса тўғрисида, кўз ўзи кўрган ҳар бир нарса тўғрисида сўроққа тутилади.

Банда Аллоҳ ҳузурида фақат мана шу аъзоларидангина сўралади, деб ўйлайсизми?!

Йўқ.. Ундай эмас.. Бутун жисмидан, баданидаги ҳамма аъзоларидан сўроққа тутилади.

Жисмидаги аъзолари ўзлари воситасида унинг нима қилгани, нима қўйгани, қаерга боргани, нималар дегани, нимани кўргани, нимани эшитгани, нимани яхши кўргани, нимани ёмон кўргани... ҳақида гувоҳлик беради. Қўл-оёғи ва барча аъзолари унга қарши шоҳидлик беришади.

Аллоҳ таоло айтади:

«Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида — уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур» (Ясин: 65).

Аллоҳ таоло айтади:

«Аллоҳнинг душманлари дўзахга (ҳайдалиш учун) тўпланиб, тизилиб турадиган Кунни (эсланг). Энди қачонки улар (дўзахга) келишгач, (ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари ҳақида сўралади, лекин улар ўз қилмишларидан тонишга уринадилар. Шунда) уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарсалари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик беради. Улар териларига «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?», дейишганида, (терилари): «Бизларни барча нарсани сўзлатган зот Аллоҳ сўзлатди, дедилар. Сизларни дастлаб У яратган ва сизлар яна Унинг Ўзигагина қайтарилурсизлар», » (Фуссилат: 19-21).

Бутун баданингиз сизга қарши гувоҳлик беради. Сиз ҳали бу жисмни нима ишлар устида қаритганингиз ҳақида сўроққа тутиласиз. Жисмингизни дунё ва охират ишларида қаритмоқдамисиз ё фақат дунё иши билангинами?!

Инсон жисмини дунё ва охират ишларида қаритса, зарари йўқ. Аммо, агар ўз жисми ва жасадида бўлган Аллоҳнинг ҳаққини, охират ҳаққини зое қилиб туриб, уни фақат дунё ишларида қаритган бўлса, мана шуниси зарар ва ўзи учун ёмон зиёнкорлик бўлади.

Аллоҳ йўлидаги дўстим! Майли, тижорат қилинг, дунёнгизни обод қилинг, бунёдкорлик билан машғул бўлинг, ҳалолдан мол жамғаринг. Лекин, Аллоҳ таборака ва таолонинг ҳаққини ҳам унутманг! Дунёнгиз учун абадий яшайдигандек, охиратингиз учун эса худди эртага ўладигандек амал қилинг. Бу иккисини бирга олиб боришнинг зарари йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳим, мен учун ишларимнинг ҳаммасини саломат сақловчи бўлган динимни, тирикчилигим бўлган дунё ҳаётимни, оқибатим бўладиган охиратимни ислоҳ этгайсан» деб дуо қилардилар (Муслим: №2720).

Бутун умрингизни дунё учун сарфлаб, охиратни эсдан чиқариб қўйманг. Қиёмат куни бўлганида дунёга қайтарилишни истаб қоласиз, қанийди қайтарилсам, фақат охиратим учун амал қилган бўлардим, деб орзу қилиб қоласиз.

Аллоҳ таоло айтади:

«97. Айтинг: «Парвардигорим, мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман.

98. Яна мен Сендан (ё) Парвардигорим, улар менинг ҳузуримга келишларидан паноҳ беришингни сўрайман».

99. Токи қачон улардан (яъни иймонсизлардан ёки иймонни даъво қилиб Аллоҳнинг буйруқларига амал қилмаганлардан) бирига ўлим келганида: «Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар.

100. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» (Муъминун: 97-100).

Шундай экан, шу бугун, ортга қайтишни орзу қиладиган кун келмасдан туриб, дунё ва охират учун амал қилиб қолинг.

Шуни яхши билингки, бир умр охиратни унутиб, фақат дунё учун ишлаб ўтганингизда ҳам дунёдан Аллоҳ тақдир қилгандан ортиқ нарсага эришолмайсиз. Мана бу ҳадисни бир тадаббур қилиб кўринг. Термизий ва бошқалар ривоят қилган, шайх Албоний саҳиҳ санаган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг бойлигини қалбида қилиб қўяди, сочилган ишларини жамлаб қўяди, дунё ўзи истамаган ҳолда унинг ҳузурига келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг фақирлигини икки кўзи ўртасида қилиб қўяди, йиғилган ишларини сочиб ташлайди, дунёдан эса унга Аллоҳ битиб қўйганидан бошқаси келмайди». (Термизий: 2/76, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№949) саҳиҳ санаган).

Севикли дўстим! Ўзингизга бир савол бериб кўринг, жисмингизни дунё ва охират ишларида қаритмоқдамисиз ё фақат дунё ишидами?!

Аллоҳ ва Расулининг тоатида қаритмоқдамисиз ё Аллоҳ ва Расулининг маъсиятидами?!

Ўтган умрингиз ҳақида ўзингизни бир саволга тутинг, жисмингизни Аллоҳ ва Расулининг тоатига бўйсундирдингизми ё Аллоҳ ва Расулининг маъсиятигами?!

Аллоҳ сизга бу жисм неъматини у билан Ўзига осий бўлишингиз учун берганми ё Унга итоат этишингиз учунми?!

Яхши билингки, маъсият дунё ва охиратдаги барча бахтсизликлар, танглик ва балоларнинг сабабидир. Тоат эса дунё ва охиратдаги барча муваффақият, зафар ва яхшиликлар сабабидир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Тоат таъсирида юзда нур, қалбда нур, баданда қувват, ризқда кенг-мўллик, халқлар қалбида муҳаббат ҳосил бўлади Маъсият таъсирида эса юзда қоралик, қалбда зулмат, баданда заифлик, ризқда танглик, халқлар қалбида нафрат ҳосил бўлади».

Бир киши Иброҳим ибн Адҳам ҳузурига келиб:

– Эй Иброҳим! Қандай қилиб Аллоҳ жалла ва алога маъсият қилишни тарк этсам бўлади? – деб сўради.

Иброҳим деди:

– Беш нарсани эсда тут, агар шуларга амал қилсанг, ҳаргиз Аллоҳнинг маъсиятига тушмайсан ва қадаминг тойилса, тезлик билан Аллоҳ жалла ва алога тавба қиласан.

        Майли, айтинг эй Иброҳим – деди киши.

        Биринчиси, агар Аллоҳга маъсият қилмоқчи бўлсанг, Аллоҳ берган ризқдан ема.

        Қандай қилиб, ахир ҳамма ризқ ҳам Аллоҳнинг қўлида-ку?!

        Аллоҳ берган ризқни еб туриб, Аллоҳга осий бўлишни ўзингга муносиб кўрасанми?!

        Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин, эй Иброҳим. Иккинчисини айтинг.

        Иккинчиси, қачон Аллоҳга осийлик қилишни истасанг, Аллоҳнинг мулкига дохил бўлмаган жойга бориб, ўша ерда осий бўл.

        Қандай қилиб, ахир еру осмонлар ҳаммаси Унинг мулки-ку?!

        Мулк эгасига Унинг мулкида туриб осийлик қилишдан уялмайсанми?!

          Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин. Учинчисини айтинг.

        Учинчиси, агар Аллоҳ жалла ва алога маъсият қилмоқчи бўлсанг, Аллоҳ сени кўрмайдиган жойга бориб қил.

        Қандай қилиб, Аллоҳ ҳамма жойда кўриб ва эшитиб туради-ку?!

        Аллоҳ сени кўриб турганини аниқ билиб туриб, Унга осийлик қилишдан уялмайсанми?!

        Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин. Тўртинчисини айтинг.

        Ҳузурингга жон олғувчи фаришта келганида сен унга: «Менга бир соатгина муҳлат бер, токи Аллоҳга тавба қилиб, Унинг тоатига кириб олай», деб айт.

        Қандай қилиб, эй Иброҳим?! Ахир Аллоҳ таоло айтган-ку: «Қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар» (Аъроф: 34), деб!

        Шуни билиб туриб, тавба ва солиҳ амаллар қилишни ортга суришни қандай ўзингга эп кўрасан?!

        Аллоҳ сизни Ўз раҳматига олсин. Бешинчисини айтинг.

        Бешинчиси, жаҳаннам посбонлари сени жаҳаннамга олиб кетиш учун олдингга келганларида, асло улар билан борма!

 Шунда ҳалиги одам қаттиқ йиғлади ва Аллоҳга тоат-ибодат қилишга аҳд берди.

Эй мусулмон! Аллоҳга осий бўлишдан олдин мана шу беш нарсани хаёлингдан ўтказ, билгинки, сен бир заиф инсонсан, қадаминг Аллоҳнинг маъсиятига тойилса, дарҳол тавбани янгилаб ол, унутмагинки, Аллоҳ таоло тавба қилувчиларни ва мудом ўзларини пок тутувчиларни суяди.

Дунё яралибдики, ҳар кеча Аллоҳ азза ва жалла Ўз камоли ва жалолига муносиб кўринишда дунё осмонига тушади ва: «Мен Подшоҳман, Мен Подшоҳман, ким Менга дуо қиладики, ижобат қилсам?! Ким Мендан сўрайдики, унга ато этсам?! Ким Менга истиғфор айтадики, гуноҳини кечирсам?!», дейди ва тонг отгунича мана шу ҳолат давом этади (Бухорий: №1145, Муслим: №758).

Шундай экан, севикли дўстим, Аллоҳга қайтинг, Аллоҳга тавба қилинг, мазкур тўртта саволга жавоб ҳозирлаб олинг ва унутманг: «Қиёмат куни банда тўрт нарсадан – умрини нима билан ўтказгани ҳақида, илмига нима амал қилгани ҳақида, молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани ҳақида ва жисмини қайси ишларда қаритгани ҳақида сўралмагунча қадами силжимайди» (Термизий: №2419, Албоний: Ас-силсилатус-саҳиҳа: №946).

Буюк арш соҳиби бўлган Улуғ Аллоҳдан барчамизнинг хотимамизни чиройли қилишини сўрайман. У бунга қодир Зотдир.

Дуо...

 

2011 йил 4-ноябр

◄◄◄ Бошига қайтиш

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига