Ислом Нури

 

Жума насихатлари 

 

Жаннатга элтувчи амаллар

 

Бисмиллахир рохманир рохийм

 

Аллох Таъолога хамду санолар, У Буюк Зотнинг Пайгамбари хазрати Мухаммад ва ахли байтларига, сахобаларига хамда тобеийнларига дуруду салавотлар бўлсин!

Кейин...

Абу Хурайра разияллоху анхудан ривоят килинади: У зот айтадилар: «(Бир кун) Росулуллох соллаллоху алайхи ва саллам (сахобаларга савол килиб): ″Бугун кайси бирингиз рўзадор бўлиб тонг оттирди?″ — дедилар. Абу Бакр разияллоху анху: ″Мен″, — дедилар.

— ″Бугун кайси бирингиз жанозага эргашди? (яъни, жаноза маросимига иштирок этди?)″ — дедилар. Абу Бакр разияллоху анху: ″Мен″, — дедилар.

— ″Бугун кайси бирингиз камбагал – бечорани таомлантирди?″ — дедилар. Абу Бакр разияллоху анху: ″Мен″,— дедилар.

— ″Бугун кайси бирингиз касал кўргани борди?″ — дедилар. Абу Бакр разияллоху анху: ″Мен″ — дедилар. Шунда, Росулуллох соллаллоху алайхи ва саллам: ″Кайси бир кишида мана шу амаллар жамланса, албатта у жаннатга киради″ — дедилар». (Имом Муслим ривояти)

Бу ўзида гўзал хислатларни жамлаган буюк бир хадисдир. Хадиси шарифда баён килинган мана шу гўзал хислатларга эга бўлган шахс (Аллохнинг мархамати билан) албатта жаннатга киради. Жаннатга элтувчи бу гўзал хислат (амал)лар Аллох Таъоло осон килган кишиларга осондир. Инсон нафсини жиловласа бас, бу каби нафснинг каршисига амал килишнинг натижаси жаннатдир. Жаннат эса, Аллох Таъолонинг моли. ″Огох бўлинсин! Аллохнинг моли кимматбаходир! Огох бўлинсинки, Аллохнинг моли жаннатдир!

Шундай экан, эй азиз биродарлар! Рахмон Таъолонинг кимматбахо моли жаннатни харид килиш учун саъй-харакат килайлик!

Дўстлар! Нафл рўза, жанозага катнашиш, бечора – камбагални таомлантириш ва касал кўриш каби солих амаллар буюк фазл сохиби бўлмиш Аллох Таъолонинг биз муъмин бандаларига бўлган фазли карамидандир. Юкоридаги хадиси шарифда айтиб ўтилганидек, кайси бир мусулмон шахс, ушбу улуг амалларни бир кун ичида амалга оширса, у шубхасиз жаннатга киради.

Мухтарам ўкувчи! Инша-Аллоху Таъоло, биз ушбу сухбатимизда, мана шу тўрт хислат; рўза, жаноза, камбагал–бечорани таомлантириш, касал кўриш хакида алохида-алохида тўхталиб, уларнинг фазилати хакида сўз юритмокчимиз.

 

Биринчи: Рўза.

Абу Хурайра розияллоху анхудан ривоят килинган хадисда Росулуллох соллаллоху алайхи ва саллам айтадилар:

«Аллох азза ва жалла айтди: ″Одам фарзандининг барча амали музоаф этилади (яъни, савобини зиёда этиб, кўпайтирилади) – килинган биттагина солих амал ўн баробардан етти юз баробаргача музоаф этилади. Магар рўза (ундай эмас). У Мен учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман, (чунки, бандам) Мен учун шахватини, таомини тарк этади. Рўзадорга икки шодлик бор: бир шодлик ифтор пайтида, яна бири Парвардигорига учраган пайтда. Унинг огзидаги (рўза сабабли пайдо бўладиган) хид Аллох Таъоло наздида мушк-анбар хидидан кўра хушбўйрокдир». (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Абдуллох ибн Амр ибн ал-Ос розияллоху анхумодан ривоят килинган хадисда Росуллох соллаллоху алайхи ва саллам айтадилар:

«Рўза ва Куръон киёмат куни бандани шафоат килади. Рўза айтади: ″Эй Роббим! Мен бу (банданг)ни кундузлари таоми ва шахватидан ман килдим. Энди мени унга шафоатчи килгин!″. Куръон айтади: ″Мен уни тунлари уйкудан кўйдим (яъни, тунлар мени тиловат килиб уйкудан колган) менинг унга килган шафоатимни кабул килгин (Эй Роббим)!″. Росулуллох соллаллоху алайхи ва саллам айтадилар: ″Иккисига хам шафоатга рухсат берилади». (Имом Ахмад ривоятлари)

Абу Саид ал-Худрийдан ривоят килинган хадисда Росулуллох соллаллоху алайхи ва саллам айтадилар:

«Кайси бир банда Аллох йўлида (яъни, холис Аллох Таъоло учун) бир кун рўза тутса, Аллох Таъоло шубхасиз, манашу кун баробарига унинг юзини дўзахдан етмиш хариф (яъни, етмиш йиллик масофа) йироклаштиради». (Муттафакун алайх)

Сахл ибн Саъд розияллоху анхудан ривоят килинган хадисда Росулуллох соллаллоху алайхи ва саллам дедилар:

«Жаннатда бир эшик бор, уни ″Раййон″ дейилади. Киёмат куни ана шу эшикдан факатгина рўзадорлар киришади, улардан бошка биров (бу эшикдан) кирмайди. Рўзадорлар каерда деб нидо килинади, улар ўринларидан турадилар улардан бошка биров (бу эшикдан) кирмайди. Улар киришгач (бу эшик) ёпилади ундан бошка биров кирмайди». (Муттафакун алайх)

Каранг дўстим?! Аллох Субханаху ва Таъоло ушбу солих амал бўлмиш рўзанинг ажру-савобини Ўзим бераман деб ваъда килди. Ушбу ибодат накадар буюк ибодат эканлиги ва унга бериладиган ажру-савобнинг на кадар улканлиги хакида сира сўраманг! Бу Аллох Таъолонинг мўъмин бандаларига ато этган буюк фазли-карамидир! Аллох Таъоло ″Рўзанинг мукофотини Ўзим бераман″ — деди.

Рўзанинг фазилатлари жуда кўп бўлиб, улардан:

1 – Рўза дўзахдан калкон.

2 – Рўза шахватни жиловловчи омил.

3 – У жаннатга элтувчи йўл.

4 – У рўзадорни киёмат куни ўз шафоатига олади.

5 – Рўза гунохларнинг магфират этилишига сабаб ва уларга каффорат хамдир.

6 – Рўза банданинг икки дунёда бахт-саодат топмогига  сабаб бўладиган омиллардандир.

7 – Рўзадор огзида пайдо бўладиган хид Аллох Таъоло наздида мушки-анбардан хам кўра хушбўйрок.

8 – Рўзадорлар то ифтор килгунларига кадар Фаришталар уларнинг гунохларига магфират тилаб, дуо килиб турадилар.

 

Иккинчиси жанозага эргашишнинг фазилати:

Ибтидо интихо билан, учрашув айрилиг билан тугамоги ва тирик жонзотнинг бир кун келиб вафот топмоги бўлиши мукаррар, инкор этиб бўлмайдиган хакикатдир. Аллох Таъоло айтади: «Хар бир жон ўлимни тотгувчидир». (Оли Имрон: 185) Ўлим барча тирик жонзотнинг нихоясидир. Инсон ўлимдан кейин бу дунёда килган амаллари кошига, хакикий манзилига равона бўлади. Шундай экан, ″Доно ўзини ўзи тергаган, ўлимдан кейинги холат учун амал килган кишидир ″. Ушбу хикмат Росул соллаллоху алайхи ва салламнинг муборак сўзларидир.

Аллох Таъоло айтади: «Бас, ким (хаётида) зарра мисколича яхшилик килса, (Киёмат Куни) ўшани кўрур. Ким зарра мисколича ёмонлик килса уни хам кўрур!» (Залзала: 7, 8)

Мусулмон кишининг хукукларидан бири вафот топганидан кейин унинг жанозасида хозир бўлишдир (яъни, бу тирикларнинг вазифаси).

Абу Хурайра розияллоху анху ривоят килган хадисда Росулуллох соллаллоху алайхи ва саллам айтадилар:

«Мусулмоннинг (бошка) мусулмон (биродари) устидаги хакки олтидир:

1 – Унга учрашганингда салом бер!

2 – Сени (зиёфат учун) чакирса, унга ижобат эт!

3 – Сендан насихат сўраса, унга (холис) насихат кил! (яъни, унга холис маслахат бер!)

4 – Атса уриб, «алхамду лиллах» деса, сен унга (жавобан) «ярхамукаллох» де!

5 – Агар тоби кочиб касал бўлса, уни кўришга боргин!

6 – Агар вафот топса, ун(инг жанозаси)га эргаш! (яъни, унинг жанозасида иштирок эт!). (Муслим ривоятлари)

Яна Абу Хурайра розияллоху анхудан ривоят килинган хадисда Росулуллох соллаллоху алайхи ва саллам айтадилар:

«Кимки, иймон билан, савоб умидида мусулмоннинг жанозасига унга намоз ўкилиб, дафн килингунга кадар катнашса, икки кийрот савоб билан кайтади. Хар бир кийротнинг микдори Ухуд тогичадир. Жаноза намозини ўкиб, дафндан аввал кайтса, унинг савоби бир кийротга тенгдир». (Бухорий ривоятлари)

Хурматли ўкувчи! Мана ўзингиз гувох бўлганингиздек Аллох Субханаху ва Таъоло мусулмоннинг хаккини шу даражада эътиборга олдики, хатто унинг ўлганидан кейин хам колган мусулмонлар устиларида хакки бор эканлигини баён килди. Улар ана шу хакни адо этишларига таргиб этиб, уни бажаришга саъй-харакат килган мусулмонга ажри азийм ваъда килди.

Давоми бор.

Ислом Нури тахририяти тайёрлади

◄◄◄Бошига кайтиш

Давомига ўтиш►►►

   ЮкоригаÎ