Жума насихатлари 

Аламларга бурканган неъмат (Давоми | Бошига кайтиш)

6. Касалликнинг фойдаларидан: банда томонидан тааббуд-қулчиликнинг турли кўринишларини зоҳир бўлиши.

 

Аллоҳ таоло қалбларга убудиятнинг турли кўринишларини жо қилган. Қанчадан-қанча бало ва аламлар, бандаларнинг тўғри йўлга–истиқоматга тушиб олишларига ва Аллоҳ сари юриб, залолатдан узоқ бўлишларига сабаб бўлган. Кўплаб одамлар фақат соғликларини йўқотишгандан кейингина Аллоҳ томон юзланишган, динларига қизиқиб, намозларини бошлаганлар. Демак, бу касалликлар, улар учун улкан бир неъмат бўлган. Шундай эмасми? Лекин «Одамлар орасида Аллоҳга бир четда (яъни, сидқидилдан эмас, тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Бас, агар унга (диндор бўлгани шарофатидан) яхшилик етса, ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирон фитна-бахтсизлик етса, (диндан) юз ўгириб кетур. У дунё-ю охиратда зиён кўрур». (Хаж 11). Бу шунга далолат қиладики, ибодат бандага хотиржамлик кунларида фарз бўлганидек машаққатли кунларида ҳам  фарздир. У ёқтирмаган ҳолатда ҳам, унга ёққан ўринда ҳам фарз. Кўпгина инсонлар ибодатни фақат яхши кунларида, саломат пайтларидагина адо этишади. Қийинчиликка йўлиқсалар тарк қиладилар. Мана бу ўринда бандаларнинг мартабалари тафовут қилади. Шунга қараб, уларнинг Аллоҳ наздидаги манзилатлари–ўринлари белгиланади. Агар жаннат аҳлидан бўлса, унга келаётган кўнгилсизликларга қарамай, ҳидоят йўлида давом этиб бораверади ва дунёдан мусаффо, пок ҳолида чиқади.  Ривоят қилишадики, Урва ибн Зубайр гангрена-суяк чириши касалига йўлиқиб, табиблар оёғини кесишадиган бўлганда, айтган экан: «Аллоҳим мени етти ўғлим бор эди, биттасини олиб, олтитасини қолдирдинг. Тўрт  мучам бут эди,  биттасини олиб, учтасини қолдирасан. Сен нимаики мусибат берсанг,  аниқки офият ҳам  берасан, нимаики олсанг аниқки, албатта эваз берасан» Амалиёт тугагач эса, кесилган оёқни қўлларига олиб кўрарканлар, дедилар: «Албатта Аллоҳ биладики, мен сен билан бирорта ҳам маъсият бўлган ўринга бормадим» дедилар, сўнгра мадиналик шоир Маън ибн Авснинг қўйидаги байтларини ўқидилар:

 

Шубҳали нарсаларга чўзмадим ҳеч қўлимни,

Оёқларим фахшдан тўсиб қўйди йўлимни.

 

Қулоғу кўзларим ҳеч бузуқликни хушламас,

Фикр ҳамда ҳаёлим  ифлосликка бошламас.

 

Менга келган мусибат фақат менга етибми?

Аввал ўтган салафлар ҳеч мусибат кўрмабми?

 

7. Касаллик фойдаларидан яна бири, Аллоҳ таоло бандасини  кибр, ўзига бино қўйиш, мақтанчоқлик каби  ёмон сифатларини ундан аритиш учун касаллик бериб, бандасини у иллатлардан поклайди.

 

Агар банда ўзининг эски ҳолатида давом этаверса, ҳаддан ошади, туғёнга кетади, қаердан келиб, қаерга кетаётганини ҳам унутиб қўяди. Аллоҳ таоло унга касалликлар, дардлар ва офатлар каби мусибатларни ҳукмрон қилиб қўяди. Банда хоҳламасада, Аллоҳ касал қилади, ёқтирмасада, мажбурлаб очлик беради. Инсон ўзига на фойда ва на зиён, на ўлим ва на ҳаёт бера олади. Баъзида инсон бир нарсани билишни хоҳлайди, лекин, Аллоҳ уни билдирмайди. Бир нарсани эслаб қолишга ҳаракат қилади, лекин Аллоҳ уни унуттиради. Баъзида бир нарсани истайди, лекин у нарса унинг фожеаси бўлиши мумкин, бир нарсани ёмон кўради, у нарса унинг ҳаёти бўлиши мумкин. Инсон кеча-кундуз бирор лаҳзасида ҳам хотиржам бўлмасинки, ҳар дакиқада Аллоҳ унга ато қилган кўриш ва эшитиш неъматидан маҳрум қилиб қўйиши, ақлини кетказиб қўйиши, роҳатланиб, баҳраманд бўлиб турган дунёсини тортиб қўйишга қодирдир. Ожизгина инсонча ўзини ҳеч нарса билан ҳимоя қила олмайди. Ўзини бир таниб олсинчи,  ундан ҳам ҳақирроқ  ким бор?! Шундай экан, нодонлиги сабабли Аллоҳга ва унинг яратган халқига мутакаббирлик қилишга ҳақлимикан? Баъзи инсонларга Аллоҳ фазли ила бойлик ато этса, ўзини беҳожат сеза бошлайди. Бахиллиги ортиб, манмансираши зиёдалашиб кетади ва мутакаббирлик доимий сифати бўлиб қолади. Шунда Аллоҳ таоло унга касалликлар ва офатларни жўнатиб қўяди. Ким бўлишидан қатъий назар бемор кишини қалби синиқ, кўнгли яримта бўлади.  Бу кўнгил синиқлиги унда дард ва касалликдан вужудга келади. Инсонда бу мусибат туфайли тазарру ва бўйсуниш, ҳокисорлик юзага келади, Аллоҳга қурбати ортади. Бу касалликнинг катта фойдаларидандир. Аллоҳ: «Мен ҳокисорлар билан биргаман» дейди. Бу ерда уч тоифанинг дуосини ижобат бўлиш сири бордир. Бу тоифалар мазлум, мусофир ва рўзадордир. Булардан ҳар бирининг қалбида синиқлик бордир. Мусофир   ғурбатга ўзига бир яқини йўқлигидан кўнгли синиқ, рўзадор очлик машаққатидан, мазлум зулмдан, касал одам  дарддан кўнгли синиқдир. Аллоҳ бандасига яхшиликни ирода этса, унинг дардига даво бериб, уни ҳалокатли мусибатдан фориғ қилиб, офият, саломатлик ато қилади.

 

 Бу касалликлар унга парҳез, сақланишдир. Балою-офатлар бериб марҳамат кўрсатган, неъмат бериб, балолаган Зот қандай ҳам улуғдир.

 

8. Касаллик манфаатларидан бири, бандани енгилликка интизор бўлиши, роҳатга  эришишни кутишидир.

 

Нажотни кутиш ибодатларнинг афзалидандир. Бу банда қалбини ёлғиз Аллоҳга боғлайдиган ишдир. Бу мусибатлар ва дардлар аҳлига малҳам ва юпанчдир. Хусусан, бемор, инсонлар тарафидан шифо топиш умиди узилиб, нажоти кесилган чоғда, ёлғиз Аллоҳдан нажот илинжида бўлиб қолади ва: «Эй Роббим! Касалимга Сендан ўзга шифо истайдиганим ҳеч ким қолмади!» деб нола қилади. Ана шунда Аллоҳнинг изни ила шифо ҳосил бўлади. У ҳожатлар сўраладиган энг улкан сабаблардандир. Зикр қилишадики, бир бемор, табиблар унинг дардига шифо топиш иложсиз, дейишгани ҳақида хабар топади. Бемор рак-саратон касали билан оғриган эди. Аллоҳ уни саҳарларда дуога, илтижога илҳом қилди. Дуоларни сабаб қилиб, бироздан сўнг шифо нозил этди. Бу-нажот билан қаттиқ қийинчилик бир-бирига яқин, боғлиқ  эканининг латиф сирларидандир. Банда одамлардан батамом умидини узиб, ёлғиз Аллоҳнинг ўзидан мадад, ёрдам кутади ва шунда Аллоҳдан ёрдам келади. Убудиятнинг бу кўриниши фақатгина шундай шиддатли аламдан сўнггина ҳосил бўлиши мумкин. «Ҳар қачон ўша Пайғамбарларимиз ноумид бўлиб: «Бизлар ёлғончи қилиндик-Пайғамбар эканимизга ишонмадилар», деб ўйлай бошлаганларида, уларга Бизнинг мададимиз-ғалабамиз  келиб, биз хоҳлаган кишиларга нажот берилар эди».   (Юсуф 110)  

 

9. Касаллик фойдаларидан: Агар банда хотиржамлик кунларида ибодат ва Аллоҳ маърифати йўлида бўлар экан, Аллоҳ таоло бандага, беморлик етган дамларида ҳам унга солиҳ амалларни номаи аъмолига битиб, сақлаб қўяди. Бу Аллоҳнинг карами ва фазилатидир.

 

Бу гуноҳларнинг каффорат қилиб юборишдан-да юқори турувчи марҳаматдир. Банда хушида бўлмаса ҳам, ёки ақли кетиб қолса ҳам,  токи Аллоҳнинг ҳидоятида бўлар экан, унинг ҳаққига ҳасанотлар ёзилиши давом этаверади. Аллоҳни хотиржамлик, осойишталик кунларингизда зикр қилишингиз, ёд қилишингиз, Аллоҳ ҳам сизни оғир мусибатли кунларингизда зикр этишига сабабдир. Гарчи инсон оғир касал бўлиб, ҳатто, ақли-хуши кетиб қолса ҳам, унга маъсият эмас, худди фаровонлик кунларида яхши амаллар қилгани каби яхшиликлар битилгусидир. Абдуллоҳ ибни Умар розиялоҳу анҳумо ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  дедилар: «Одамлардан кимки танасига бир касал етиб, мусибатланар экан, Аллоҳ азза ва жалла унга қўриқчи бўлган малоикаларига шундай буюрар экан: «Бандам учун, худди у соғ кунларида хайрли амаллар қилгани каби кеча-ю кундуз яхшиликларни ёзинглар».  (Имом Аҳмад ўз «Муснад»ларида келтирганлар)

 

10. Касаллик фойдаларидан: Банда жаннатдаги манзиллардан амаллари билан ета олмайдиган даражага, Аллоҳ унинг танасига дард бериб, мусибатлаш билан, ўша манзилга етказади.

 

Ибни Ҳиббон ўз саҳиҳларида Абу Ҳурайрадан ушбу ҳадисни ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  дедилар: «Киши учун Аллоҳ ҳузурида манзилати, ўрни бўлади. Банда унга амаллари билан эриша олмайди. Ҳаёти давомида, Аллоҳ уни у ёқтирмаган балою-мусибатлар ила балолантириб боради ва оқибатда, уни жаннатдаги манзилига эриштиради, етказади». Салом ибн Мутиъ шундай дер эканлар: «Аллоҳим, Сен солиҳ бандаларингни юксак даражаларингга уларга мусибатлар юбориш билан етказар экансан, мени ўша манзилга офиятинг ила етказгин».

 

11. Касаллик фойдаларидан: Банда, сиҳат-саломатлиги улкан неъмат эканлигини билиши.

 

Агар инсон офият ичра улғайса, балоланган инсон бошидан кечирадиган аламларни билмасдан ҳаёт кечиради ва ўзидаги соғлик неъматини ҳис этмайди. Қачонки банда мусибатга йўлиқса, аввалги саломатлик ҳолатига қайтишни ва Аллоҳ таоло уни офият, сиҳат-саломатлик ила неъматлашини орзу қилади. Касаллик бўлмаса, соғликнинг қадри билинмайди, тун бўлмаса кундузнинг қадри сезилмайди. Бу қарама-қаршиликлар бўлмаса кўплаб неъматлар, марҳаматлар танилмасди. Ҳар қандай касал ҳам, агар атрофига қараса, ўзиданда  оғирроқ касалга мубтало бўлган касалларни кўриши мумкин. Бас, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ҳар қандай манаман деган бой ҳам, мундоқ ён-верига қараса, ўзидан анча бойроқ кишиларни топади. Ҳар қандай ўзини фақир санайдиган инсон ҳам, ўзидан-да фақирроқ минглаб кишиларни кўриши мумкин. Албатта, касалликда кўплаб манфаатлар ва фойдалар бордирки, инсон уларни билишдан ғофилдир. «Шоядки, сизлар ёмон кўрган нарса сизлар учун хайрлидир.» (Бақара-216)

 Банда бало-мусибатга йўлиққан инсонни кўрган чоғида: «Сени балолаган (синов берган) нарсадан мени соғлом этган Аллоҳга ҳамд бўлсин» дейди. Аллоҳ уни ҳамд айтгани туфайли балодан саломат сақлайди. Мусибат етган инсон эса сабр қилар экан, улкан ажру-савобга эришади.

 

Шуниси таажжубланарлики, банда агар дунёсига боқса, ўзидан юқоридагига қарайди. Динига боқадиган бўлса-чи, у ҳолда, ўзидан пастроққа қарайди ва уни:«Биз динда бошқалардан кўра афзалроқмиз» деяётганини эшитасиз. Лекин ушбу сўзларини дунёси хусусида айтмайди. Кимки касаллликлар аламини тортиб кўрар экан, тан-сихатни қийматини билади. Ривоят қилишадики, Фузайл ибни Иёзнинг кичик ёшли қизлари бор эди. Кунлардан бири, қизнинг кафтига бир яра чиқди. Фузайл ундан: «қизим, кафтинг тузукми?» деб сўради. Шунда қиз: «Раҳмат, отажон яхшиман. Аллоҳга қасамки, гарчи Аллоҳ мени танамни оз қисмига дард берган бўлса-да, жисмимни кўп қисмига офият ато этгандир. Кафтимга касаллик берди, қолган аъзоларимни эса  соғ қолдирди. Бунинг учун Аллоҳга ҳамд бўлсин» деб жавоб берди.

 

12. Касаллик фойдаларидан: Касаллик, бандага Роббиси тарафидан ато этилган эҳсон ва раҳматдир.

 

Аллоҳ бандани азоблаш учун эмас, балки унга раҳм қилиш учун яратгандир. «Агар шукр қилсангизлар ва иймонли бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Ахир Аллоҳ (бандаларининг тоат-ибодатларига савоб ато этиш билан) Шукр қилувчи ва Билгувчи бўлган Зот-ку?!» (Нисо-147)

 

Лекин инсонларнинг кўпчилиги, Аллоҳнинг ҳикматидан жоҳилдирлар. Масалан, ота касал боласига мажбурлаб дори ичираётганда, боланинг инжиқлик қилиб йиғлаётганини кўриб, онаси: «Ахир унга раҳмингиз келса-чи?!» деб маломат қилади. Гарчи бу ишни ота болани яхши кўрганидан, унга раҳми келганидан қилаётган бўлса ҳам. Олий мисоллар эса Аллоҳникидир. Банда ўзига етган мусибат учун Роббисини айбламасинда, балки ато этмиш эҳсони учун У Зотга ҳамд айтсин. Шоир айтганидек:

 

Балким сенинг машаққатинг ортида ҳамдга лойиқ неъмат бордир,

 

Ахир баъзида баданлар касалликлар билан ҳам шифо топажак-ку?!

 

13. Касаллик фойдаларидан: У кўпгина бошқа касалликлардан саломат бўлишга сабабдир.

 

Аламлар бўлмаса эди, офиятлар ҳосил бўлмас эди. Бу нарсалар касалликлардаги улкан бир ишдир.  Булардан, масалан, иситма касаллиги. Ундаги бадан учун манфаатларни қанчалик улканлигини Аллоҳнинг ўзигина билади. Иситма танадан организм учун кераксиз чиқитларни ҳайдаши ва баъзи бир зарарли моддаларни чиқариши билан бирга усиз ана шу касалликдан шифо ҳосил бўлмайди. Баъзи бир тажрибали шифокорларни айтишича, кўпгина касалликлар сабабидан юзага келадиган иситма, бемор учун офият, тузалиш башоратидир. Ўша ҳолатда беморнинг иссиғи чиқиши  ва ҳароратининг кўтарилиши унинг учун дори қабул қилишданда фойдалироқдир. Иситма сабабли тузаладиган касалликлардан офтальмия деб номланадиган кўз касаллиги, фалажлик ва юзни тортишиб, фалаж бўлиб қолиши кабилардир. Иситма касалликларга шифо бўлишидан ҳам кўра каттароқ фойдаси, у гуноҳларга каффорат бўладиган энг афзал касалликдир. Муслим Жаброндан ривоят қиладики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам  бир куни Умми Соибнинг ҳузурига кирдилар ва: «Сизга нима қилди?» деб сўрадилар. У аёл: «Иситма, ундан қийналиб кетдим» деб жавоб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Иситмани ёмонламанг, у одам боласининг хатоларини худди, босқон темирнинг устидаги зангини кетказганидек кетказади» дедилар. Имом Аҳмад саҳиҳ санад билан Ибн Умардан ушбу ҳадисни ривоят қиладилар: «Бир кунлик иситма бир йиллик гуноҳларга каффоратдир». Имом Аҳмад ва Насоий Абу Саид разиялоҳу анхудан ривоят қиладилар: «Кунларнинг бирида бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: «Ё Расулуллоҳ биз учун касалликларда нима бор? Расулуллоҳ: «Каффорат бор» дедилар. Шу суҳбатда иштирок этаётган Убай ибн Каъб сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ оз миқдорда бўлса ҳамми?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Бир тикан киришидан бошлаб ундан юқоригача» деб жавоб бердилар. Шунда Убай ўз ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан ҳаж, умра, жиҳод ва жамоат намозидан тўсмайдиган доимий иситмани сўради. Ровий айтадиларки, Убай ўзига шу дуони қилганидан кейин, унинг қўлини ушлаган киши уни ҳамиша иситма ҳолида топарди. Бу ҳол то унинг вафотигача давом этди.

Лекин ўзига етаётган балоларга нисбатан Аллоҳ таоло ҳозирлаб қўйган мукофотларни тасаввур қилса, боши узра турган балонинг кетмаслигини орзу қилади.

 

14. Касаллик фойдаларидан: Аллоҳнинг бандани огоҳликка чақириши, қўрқитишидир.

 «Мана Биз уларни азоб-очарчилик билан ушладик. Улар эса на Парвардигорга бўйин эгдилар ва на тавба-тазарруъ қилдилар.» (Мўминун-76)

Бошқа оятда эса:«Шояд (куфрдан иймонга) қайтсалар, деб биз уларни (турли) азоб билан ушладик.» (Зухруф-48). Аллоҳ бандага нимаики мусибат бермасин, уни Роббисига қайтиши учун, азобдан огоҳланиши ва қўрқиши учунгина беради. Имом Абу Довуд Омир разияллоҳу анхудан ушбу ҳадисни ривоят қиладилар: «Агар мўминга бир касаллик етиб, сўнгра ундан шифо топса, бу унга ўтган гуноҳларига каффорат,  келажак ҳаёти учун эса, бир мавъиза, огоҳлантириш бўлади.  Мунофиқ  эса касаллик етиб, сўнгра шифо топса, бир туяга ўхшайдики, эгаси уни боғлаб қўйди кейин эса ечиб юборди. У туя нима учун боғлаб қўйишди-ю, нима учун ечиб юборишди, англамайди».

 

15. Касалик манфаатларидан: Касаллик етиши сабабли бандада шукр қилиш юзага чиқади.

 

Биринчидан, агар банда саломатликдан сўнг дардга мубтало бўлса, бутун қалби билан  офиятга муштоқ бўлади. Иккинчидан, дуо деб аталмиш Аллоҳнинг тортиқларига мушарраф бўлади. Чунки тақдирни фақат дуогина ўзгартириши мумкин. Мўмин Аллоҳга дуо қилишда давомий бўлиши ва жоҳил инсон каби: «Етар дуо қилганим, аҳволимни кўриб турибди!!!» демасин.  Аллоҳ бандани дуо қилишга амр этган, агар банда дуо-илтижо қилмас экан, Аллоҳ ундан ғазаб қилади. Аллоҳнинг бандага баъзида офият бериб, баъзида эса касаллик бериши  унга шу неъматни қадрини англатиш учундир. Қачонки Роббиси уни касаллик, фақирлик ва хавф торлигидан хотиржамлик, офият ва  бойлик кенглигига кўчирар экан, маърифати даражасига қараб, банданинг сурури ва Роббисига бўлган муҳаббати зиёда бўлади. Энди унинг аҳволи офият ва бойлик ичра яшаб, бошқаларнинг ҳолини сезмайдиган ёш бола каби бўлмайди. 

 

16. Касаллик фойдаларидан:  Банда ўзининг ожизлиги ва Аллоҳга муҳтожлигини англашидир.

 

Еру-осмон аҳли ҳаммаси доимо Аллоҳга муҳтождирлар. Улар фақирдирлар, Аллоҳ эса бой-беҳожатдир. Агар Аллоҳ бандасига ушбу касалликларни бериб қўймаса, банда ўзини унутиб қўяди. Ким бўлишидан катъий назар, касал бўлар экан, Аллоҳга муҳтожлигини ҳис этади. Балки, сиз ушбу далилларни ўқиб: «Дунёда етадиган балолар неъматларданда фойдали экан, демак, Аллоҳдан бало сўраш лозим эканда?» дейишингиз мумкин. Биз сизга айтамизки, йўқ ундай эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Тоиф аҳли ўз шаҳарларидан тошбўрон қилиб қувишганида, дуо қилган эдилар: «Агар ушбу етган мусибат менга Сенинг ғазабингдан бўлмаса, мен бунга парво қилмасман. Лекин офият ато қилишинг мен учун ёқимлироқдир».  Яна ривоят қилишадики, Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дуо ўргатишни сўраганларида, Пайғамбаримиз: «Аллоҳдан авф ва офият тилагин. Албатта У ҳеч кимга қатъий иймон-ишончдан кейин офиятдан кўра афзал неъмат ато этмади». Ҳасан айтган эканлар: «Ёмонликлардан холи яхшилик, бу-шукри бўлган офиятдир». Қанчалаб неъмат ато этилган инсонлар борки, уларда шукр қилиш йўқдир. Бу нарсалар далилларсиз ҳам очиқ-ойдиндир.

 

Аллоҳдан дунёда биз учун тамомий неъматлар ато этишини ва биздан балоларни кетказишини сўрашлигимиз даркор. Лекин банда мусибатланиб қолса,  у ҳолда сабр ва Аллоҳнинг қазо-тақдирига рози бўлиши лозим.  Рисоламни шу билан тугатаманки; касаллик жазо, уқубат эмас, балки неъматдир. Касалликда бир неча хил лаззатлар бор. Улардан:

 

1. Касал киши бурканиб турадиган ғамхўрлик,  яқин кишилари ва қариндошлари тарафидан кўмилиб турадигани яхши кўриш, муҳаббат лаззати.

 

2. Касал киши Аллоҳга мухлис бўлиб, музтар ҳолатда туриб,  илтижо қилаётган соатида топадиган улкан лаззати.

 

3. Тўшакка михланиб, касал бўлиб ётган қийинчилик лаҳзалари ўтиб, офият дамлари келганда, касаллик интиҳосига етганда, дуолар, илтижолар ва нолалар ижобат этилганда Аллоҳдан миннатдорлик, розилик, хурсандлик лаззати. Касал ёки бечораҳол одамни зоҳирига қараб ҳукм қилмаслик керак. Балки, ҳароб девор ортида ажойиб қаср ёки баҳайбат эшик ортида ҳароба кулба бўлиши мумкин.

 

4. Мукаммал тенглик лаззати. У ҳаёт қонунидир. Касаллик бой билан фақир ўртасини ажратмайди. Агар касаллик фақат фақирлик ёки муҳтожлик сабабли яхши тўйиб овқатланмасликдан бўлганда эди, касаллигу-дардлар фақат фақирлар олдида  тўхтаган бўлар ва бадавлатлар эса бундан халос бўлишган бўлар эди. Лекин касаллик, ҳақир билан обрўлини фарқламайди. Унинг учун барча инсонлар тенгдирлар.

 

Ушбу рисолани ниҳоясига етказар эканмиз, Аллоҳга ҳамду сано айтамиз. У Зотдан улкан лутфу карамини, дунё ва охиратда гўзал сатр ила бизни айбу нуқсонларимизни беркитишини сўраймиз. Яна Аллоҳдан неъматларини завол топиб, тугаб қолишидан, офиятини кетиб қолишидан, тўсатдан келиб қоладиган иқобидан ва жамики ғазабларидан паноҳ тилаймиз.

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад ва ул зотнинг оила аъзоларига саловот ва саломлар бўлсин. 

 

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ ва барокатуҳ. 

   ЮкоригаÎ