Жума насихатлари 

 

Аламларга бурканган неъмат

 

Мутаржим Бобур Ахмад

 

Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин ва У барча нарсага қодирдир. Пайғамбаримизга саловат ва саломлар бўлсин.

 

Бу рисолани  ёзишимдан мақсад, Аллоҳга ва унинг Расулига ва омма мусулмонларнинг йўлига чақириш, насиҳатдир.

 

Баъзи дардманд инсонларнинг беморлик, касаллик фойдаларидан хабарсиз бўлган ҳолларида: «Эй Роббим, менга раҳминг келсачи?!» деб нола қилишаётганларини эшитдим. Асарларда келадики, Аллоҳ айтаркан: «Раҳматим туфайли ато этаётган нарсамдан, яна қандай раҳм қиламан?» Шунингдек, баъзи рак каби оғир,  бедаво дардга чалинганларни умидсизликка тушиб қолганлари, айримлари сабрлари заифлашиб, жазавалари ортиб, нолишлари зиёдалашиб кетаётгани ва Шайтон васваса қилиб, ўтган камчиликлари, гуноҳларини ёдларига келтириб, уларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилаётгани, тушкунликка тушириб қўяётгани ҳақидаги кўнгилсиз ҳолатларни эшитдим ва кўрдим. Лекин у «…ўзаро шивир-шивирлари фақат шайтон томонидан бўлиб, иймон келтирган зотлар (у сабабли) ғамгин бўлишлари учундир» (Мужодала 10) . Аслида эса, токи бемор, тавҳидда мустаҳкам туриб, машаққат чекса ҳам, намозларда қоим бўлар экан, унга хавф-хатар йўқдир. Энди, кимки жони ғарғарага келмасдан олдин тавба қилиб олар экан, ҳатто катта гуноҳлар содир қилиб қўйган бўлса ҳам, Аллоҳ унинг тавбасини албатта қабул қилгувчидир. Аҳлиссунна эътиқодида, барча тавҳидда вафот қилганларни, яъни Аллоҳни якка билиб кетган инсонларни куфрда вафот этмаган деб умид қилинади. Ҳадисда келадики: Пайғамбар дедилар: «Умматимдан кимки, Аллоҳга ширк келтирмаган ҳолда вафот этса жаннатга киради.» Абу Зар разияллоҳу анҳу шунда сўрадилар: «Зино қилган бўлса ҳамми, ўғрилик қилган бўлса ҳамми?» Пайғамбар: «Ҳа, зино қилган бўла ҳам, ўғрилик қилган бўлса ҳам» деб жавоб бердилар. Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Аллоҳдан фақат яхши гумонда бўлган ҳолингизда вафот қилингиз» деб марҳамат қилдилар. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло дейди: «Мен бандамни гумонидаман, яъни бандам Мен ҳақимда қандай гумон қилса шундайдирман.»  Мўмин киши балолар қанчалик шидатли бўлмасин сабр қилиши лозим. Албатта қийинчиликдан сўнг, осонлик бордир ва дунё азоби охират азобидан  енгилроқдир. Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз ўлим тўшагида ётган бир йигитни зиёрат қилдилар ва сўрадилар: «Ўзингни қандоқ ҳис этаяпсан?» Йигит: «Аллоҳнинг раҳматидан умидворман ва гуноҳларимдан қўрқаяпман, ё Расулуллоҳ!» деди. Шунда  Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «қайси банданинг қалбида мана шу ўринда, шу икки нарса жам бўлар экан, Аллоҳ унга умид қилаётган нарсасини ато этиб, қўрқаётган нарсасидан хотиржам қилади»,- деб марҳамат қилдилар.  Лекин сиз бу ҳадисни ҳужжат қилиб, амалларга сусткаш бўлиб қолманг. Ўлим тўсатдан келиб қолиши мумкин. Умуман олганда, мўмин Аллоҳнинг қазосига рози бўлиб, сабр қилиб яшар экан, агар ҳаёти давом этса ажру-савобларга эга бўлади, вафот этадиган бўлса, Аллоҳнинг раҳматига эришади. Пайғамбар марҳамат қилиб: «ўлим-мўминга туҳфадир» деганлар. (Табароний ривояти, санади яхши).  Энди юқорида саналган нарсалардан тўғри фикрга келган бўлсангиз, инсонга касаллик етиши туфайли ҳам руҳ, ҳам баданга етадиган улкан фойдалар ва манфаатларни сизга баён қилишга киришамиз. Тафсилотларга киришишдан олдин, муқаддимада тўхтаб ўтамиз.

 

Муқаддима

   Аллоҳ таоло ниманики яратган бўлса, у яратган нарсасида мусибатланган  ёки мусибатдан саломат бўлган кишиларнинг ҳар бири учун неъмат бордир. Ҳатто кофирларнинг жаҳаннамда азобланиши ҳам бир неъматдир. Албатта бу, бошқа бандалар ҳаққи учун азобланаётган ҳолатларидадир. Бир қавмга етадиган мусибат бошқа қавм учун кўп фойдалардир. Агар Аллоҳ таоло азоб ва аламларни яратмаганда эди, неъмату-марҳаматларга эришганлар, у неъматларни қадрини билмаган ва кўпгина ато этилган яхшиликларнинг қадрига етмаган бўлишар эди. Бу ўринда, Аллоҳ кўпгина қарама-қаршиликларни яратдики, улар сабабли неъматлар қадри англанади. Агар тун бўлмаганда кундузнинг қадри билинмас, агар касаллик бўлмаганда соғлик-саломатликнинг қадри сезилмас, фақирлик бўлмаганда бойликнинг нафи кўринмас, дўзах бўлмаганда жаннат қадри англанмас эди. Аҳли жаннатнинг сурури, дўзах аҳлининг аламлари ҳақида тафаккур қилишган чоғларида зиёдалашиб кетади. Шунинг учун ҳам жаннат аҳлига дўзах аҳлининг азобланишларини кўрсатиб турилишини неъмат деб санаса ҳам бўлади.  Лекин, банда, даф қилишга қодир бўлган балоларга сабр қилиб ўтиришга эмас, балки, ўша балоларни кетказиш учун ҳаракат қилишга буюрилган. Ҳадисда келадики, «Кучи етмайдиган нарсани кўтариб олиб, ўзини хорлаш мўминга хос эмасдир» . Ҳал қилиш ва аритиш имкони бўлмаган аламга қилинган сабргина мақтовга лойиқдир. Шунингдек, неъматларнинг баъзилари кишига бало ҳам бўлиши мумкин. Киши ҳаёти давомида неъматлар ва балоларга рўбарў қилинади. Қанчалар балою мусибатлар борки, у инсонга неъмат сифатида етади. Баъзида банда учун фақирлик ва касаллик неъмат бўлиши мумкин. Чунки у инсон агар соғлом бўлса ва мол-дунёси ортса, ношукрлик қилиши ва туғёнга кетиши мумкин. «Агар Аллоҳ (барча) бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилса, албатта улар Ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлар эдилар.» (Шуро 27). Баъзи инсонлар борки, иймон ва ҳусну хулқни истисно қилганда, барча неъматлар улар учун балодир. Унинг акси эса, яъни мусибатлар уларга неъматдир. Айтайлик, маърифат ва камолот неъматдир. Гоҳида эса, унинг йўқлиги инсонга фойда бўлади. Масалан, бир кишики, унга қарши одамларнинг пинҳона ғаламислиги, ёмонлиги бор. Агар унга парда кўтарилиб, у булардан воқиф бўлса, унинг ғаму-қайғуси ортиб кетади. Қанча-қанча неъматлар борки, инсон уларга ҳарис бўлиб, интилиб ҳаракат қилади, аслида эса у нарса унинг ҳалокати бўлади. Ўзи аламлар ва касалликлар бўлсада, руҳлар ва баданларга даво бўлган ва инсонга комиллик ато этадиган нарсалар бу оламда кўпдир. Албатта яратувчиси ва вужудга келтирувчиси бўлган Зот бандасига касаллик беради ва албатта шифо ҳам ато қилади, балолантиради ва албатта офият насиб қилади, ўлдиради ва албатта қайта ҳаёт беради.   Аллоҳ таоло қанчалаб ато этган улкан лаззатларини турли хил кўнгилсизлик, мусибатлар ичра яшириб қўйганки, улар лаззатларга эришиш йўлида кўприк бўлғусидир.  Шунинг учун ҳам донолар айтишганки, «неъматга неъмат билан етилмайди, роҳатга роҳат билан ноил бўлинмайди». Аслида аламлар ва машаққатлар улкан неъматлардир. Чунки улар фароғатлар сабабидир. Масалан, агар аёл ҳомиладор бўлиш, фарзанд туғишнинг аламига қарайдиган бўлса, турмушга чиқмайди, оила қурмайди. Лекин аёл учун она бўлиш туйғусининг лаззати у аламлардан неча-неча марталаб улкандир. Аксинча, агар аёл фарзанд кўрмаётган бўлса, она бўлиш илинжида табибларга қатнашини қўймайди.

 

Фойдалар

   Юқоридагиларни батафсил тушуниб олган бўлсак, энди касалликларнинг фойдалари, хайрли томонлари ҳақида сўзимизни давом эттирамиз. Бу манфаатлар юздан ортиқ бўлиб, қуйида мухтасар баён қиламиз:

1. Касалликнинг фойдаларидан: нафснинг ислоҳ бўлиши ва ёмонликдан покланишидир.

«(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса-гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур». (Шуро 30). Агар бандага мусибат етса, у : «Бу ўзи қаердан келиб қолди? Ким бу дардни менинг бошимга солди?» демасин. Мусибат гуноҳ туфайлигина етур ва бунда хушхабар ва огоҳлантириш бордир. Тузукроқ уйлаб қарасак, дунё мусибатлари гуноҳларимиз учун тортаётган уқубатларимиз, холос. Бир ҳадисларида Пайғамбаримиз: «Мўмин кишига аҳлида, молида, фарзандларида балою-офатлар устма-уст кела бошлайдики, шулар туфайли гуноҳлари кечирилганидан, Аллоҳга ҳеч қандай хатоси қолмаган ҳолда рўбарў бўлади»,- дедилар. Агар бандада  ўйламаган, эсидан чиқарган гуноҳлари бўлса, Аллоҳ у сабабли ғам-қайғу ёки касаллик билан балолайди. Бу яна шунга ишоратки, дунёнинг бир соат аччиқлигини кўтариш алами охиратдаги абадий аламни кўтаришдан афзалроқ. Салафларимиз айтишган экан: «Агар дунё мусибатлари бўлмаганда эди, қиёматга ҳеч вақосиз (яъни ҳеч қандай савобларсиз) борган  бўлар эдик».

 

2. Касаллик фойдаларидан: охиратда, кишига етган касалликдан кўра бир неча баробар лаззат ва сурурни келтириши. Чунки дунё аччиқлиги охират халоватидир, бунинг акси эса аксидир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз: «Дунё мўмин учун зиндон, кофир учун жаннатдир» деб марҳамат қилганлар. Яна марҳамат қилиб: «Ўлим мўминга туҳфадир» дедилар. (Ибн Аби Дунё ривояти, санади ҳасан). Агар бандага касаллик ёки мусибат етса ва у Аллоҳга ҳамд айтса, у умид қилаётган савобни устига, унга жаннатда «ҳамд уйи» деб аталган бир уй бино қилинади. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: Пайғамбаримиз дедилар: «Одамлар қиёматда бало аҳлига берилаётган савобни кўрганларида, дунёда терилари қайчилар билан қиймаланган бўлишини орзу қилиб қоладилар»  (Термизий ривояти)

 

3. Касаллик фойдаларидан: Аллоҳнинг беморга яқин бўлиши. Бу эса хос яқинликдир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло дейди: «Эй Одам боласи! Фалончи бандам касал бўлди, кўргани бормадинг, агар борганингда  уни ҳузурида Мени топган  бўлардинг»

 (Абу Ҳурайрадан Муслим ривояти)

 

4. Касаллик фойдаларидан: У билан банданинг сабри билинади.

 Айтганларидек: «Агар имтиҳонлар бўлмаганда эди, сабрнинг фазли зоҳир бўлмаган бўлар эди». Агар инсон сабрга эришса, у кўп яхшиликларга эришибди. Агар йўқотса, у ҳолда барча яхшиликларни йўқотибди. Аллоҳ таоло банданинг сабрини ва иймонини имтиҳон қилади, шунда ёки тилла ҳосил бўлади ёки чиқинди. Анас разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  дедилар: «Албатта мукофотнинг  катталиги, балонинг катталиги биландир. Агар Аллоҳ бир қавмни яхши кўрса, уларни балолантириб қўяди. Кимки рози бўлса,  унга ҳам  розилик, кимки ғазаб қилса,  унга ғазаб насиб бўлади».  Агар Аллоҳ бир бандасини яхши кўриб қолса,  унинг ғамини зиёдалаштириб қўяди. Агар ғазаб қилса, унинг дунёсини кенгайтириб қўяди, хусусан, банда динини зое қилса. Банда мусибатларга иймон ва сабот ила сабр қилса, у сабрлилар девонига ёзиб қўйилади. Агар ундан розилик ҳосил бўлса, уни рози бўлганлар девонига ёзиб қўйилади.  Бандадан  ҳамд ва шукр ҳосил бўлар экан, Аллоҳ  тақдир қилган барча қазолар унинг учун хайрли бўлиб қолаверади. Суҳайб разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам  дедилар: «Мўминнинг барча ишлари хайрли эканига хайрон қоламан. Агар унга хурсандлик етса шукр қилади. Бу унинг учун хайрлидир. Агар мусибат етса сабр қилади ва бу ҳам у учун хайрлидир. Бу фақат мўмингагина хос.  Аллоҳнинг  мусулмон учун белгилайдиган ҳар бир тақдири хайрлидир.»   (Муслим ривояти), бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : «Мўмин ҳар бир иши учун ажрланади» дедилар (Аҳмад ривояти). Мўмин киши Аллоҳнинг тақдири ила етган барча мусибатларга кўниши, рози бўлиши керак. Аллоҳим! Бизни ато қилсанг шукр қиладиган, гуноҳ қилса Сенга истиғфор айтадиган, агар мусибат етса сабр қиладиган бандаларингдан қилгин.

5. Касаллик фойдаларидан ва Аллоҳнинг бандасига тўкис ато этадиган неъматларидан: Аллоҳ бандасига зарар ва қаттиқликларини нозил этиши сабаби,  бандасини Ўз  даргоҳига илтижо қилишга, паноҳига қочишга, тавҳидига суянишга ва қалбини динини холис қилган ҳолида Роббисига дуо  қилишга  ундайди.

 

Балолар юбориб, дуога ундайдиган, неъматлар ато қилиб, шукрга чақирадиган зот қандай ҳам Пок! Тобеинлардан Ваҳб ибни Мунаббиҳ айтган эканлар: «Балолар, аслида дуоларни юзага чиқариш учун тушади» Аллоҳ таоло шундай дейди: «Қачонки Биз инсонга (неъмат-давлат) инъом қилсак, у (Бизга шукр қилишдан) юз ўгирар ва ўз томонига кетар (яъни, Бизни унутар). Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса, у узундан-узоқ дуо-илтижо эгасидир». (Фуссилат 51).   Мусибат етиши натижасида  бандада таваккул, тазарру, ихлос билан дуо қилиш каби иймони ва ишончини зиёда қиладиган ишлар ҳосил бўлади.  Яна касалликнинг кетишидан ҳам кўра фойдаси улканроқ бўлган, инобат-Аллоҳга қайтиш, иймон халовати ва уни тотиш лаззати каби ҳолатлар ҳам, шу мусибат туфайли юзага келади.   Аллоҳгагина динни холис қилган ҳолида ибодат қиладиган тавҳид аҳли уларга етаётган мусибатларга сабр қилишади, дарров сеҳргар ёки фолбинга югуриб боришмайди, ширк аҳлига ўхшаб қабристонларга бориб, азиз авлиёларнинг қабрларидан мадад сўрашмайди. Балки касаллик ёки муҳтожлик етса, ёлғиз Аллоҳдан ёрдам сўрайдилар, агар паноҳ тилашса, ёлғиз Аллоҳдангина паноҳ тилайдилар. Бу каби якка Аллоҳдангина мадад кутиш намунаси Айюб алайҳиссаломнинг ҳаётларида яққол кўринади: «Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: «(Парвардигорим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилгувчиларнинг Раҳмлироғидирсан», деб илтижо қилган пайтини (эсланг)!»  (Анбиё 83).  Айюб Пайғамбарнинг балою-мусибатларини ўйлаб кўринг, бор мол-мулклари, фарзандларидан ажралдилар, ўзлари оғир дардга йўлиқдилар. Бу аламларнинг улканлигига қарамай, у зот эртаю-кеч Аллоҳга ҳамд айтар, эртаю-кеч Аллоҳдан бу имтиҳонлар учун рози бўлар эдилар.  Чунки, у киши барча ишлар Аллоҳнинг қўлида эканини билар, дарду аламлари ҳақида ҳеч кимга шикоят қилмас эдилар. Ниҳоят Роббиларига сидқ ила нидо қилдилар: «Эй Роббим мени бало ушлади, ўзинг раҳм қилувчиларнинг Раҳмлироғисан». Шунда   Аллоҳ таоло балони кўтарди ва у зотни мақтаб, шундай деди: «Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилгувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир.

 Ҳақиқатан, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтгувчидир.   (Сод 44)

Давоми►►►