Ислом Нури
Жума насиҳатлари
ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР
Д. Муҳаммад Нуҳ
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
БЕШИНЧИ ТЎСИҚ
МАНМАНСИРАШ ва ЎЗИГА БИНО ҚЎЙИШ
(Давоми)
4. Ўзига бино қўйиш ва манмансираш кўринишлари
Ушбу иллатни қуйидаги кўриниш ва белгилари орқали билиб олиш мумкин:
1) Ўзини пок санаш
Яъни, одам давомий равишда ўз нафсини пок санаши ва унга мақтовлар ёғдириши, унинг қадр-қимматини керагидан ортиқча кўтариб юбориши, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларини унутиши ёки ўзини унутгандек тутиши: «Сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! У тақводор бўлган кишиларни жуда яхши билувчидир» (Ван-нажм: 32).
2) Насиҳатга бўйни ёр бермаслик
Яъни, насиҳат қилинса қабул қилгиси келмаслиги ва ҳатто нафратланиши. Ваҳоланки, бир-бирларига насиҳат қилмайдиган ва насиҳатни қабул қилмайдиган қавмларда яхшилик йўқдир.
3) Ўзгаларнинг, айниқса ўз тенгдошларининг айбу камчиликларини эшитишдан роҳатланиш
Бу ҳам манмансираш аломатларидан саналади. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Тенгқурларидан бирининг айбини эшитса хурсанд бўлиш мунофиқлик аломатларидан биридир» (Муҳаммад Аҳмад Рошид, «Ал-аваъиқ»: 53- б).
5. Манманликни даволаш йўллари
Манмансираш ва калондимоғлик сабаблари ва боислари билан танишиб ўтган эканмиз, энди ушбу иллатни даволаш ва унинг олдини олиш йўллари билан танишиб ўтамиз:
1) Инсон доимо ўзининг аслини ва қаердан келганини ўзига эслатиб туриши
Зеро, ҳар қандай калондимоғ инсон ҳам ўзининг қовурғалари орасида олиб юрган бу нафс-жон агар унда илоҳий руҳ бўлмаса ҳеч нарсага арзимаслигини, ўзининг (яъни илк аждодининг) оёқ остидаги оддий бир тупроқдан, кейин эса кўрган одам жирканадиган нопок сувдан яралганини, яна тупроққа қайтарилишини ва ҳидидан халқлар қочадиган бадбўй жасадга айланишини тафаккур қилса, туғилганидан ўлгунига қадар қорнида ифлос чиқинди – ахлатни кўтариб юришини ва вақти-вақти билан уни ташқарига чиқариб турмаса жони роҳат топмаслигини ўйласа, бу нарса унга нафсини тийиб олишига, хато йўлидан қайтиб, манманликдан қутулишига ва қайтиб яна бу иллат тузоғига тушишдан сақланишига жуда катта ёрдам беради.
Салафлардан бирлари бир кимсанинг калондимоғлик билан: «Менинг кимлигимни биласанми?!» деган саволига: «Ҳа, биламан, куни кеча нопок сув эдинг, яқинда бадбўй жасадга айланасан, ҳозир эса ичинг тўла ахлатни кўтариб юрибсан», деб жавоб берган эди.
2) Дунё ва охиратнинг ҳақиқатини ўзига эслатиб туриш
Ҳар қандай манманликка берилган одам ҳам агар дунё охиратнинг экинзори эканини (яъни дунёда қилинган ҳар қандай ҳаракат самараси фақат охиратда кўрилишини), умри ҳар қанча узун бўлмасин, бир кун албатта заволга юз тутишини, охират ҳаётигина боқий ва абадий эканини, фақат охират ҳовлисигина абадий қароргоҳ эканини тафаккур қилса, бу нарса унга ўзининг бу хулқ-атворидан бурилишига, фурсат ўтмасидан ва умри ниҳоясига етмасидан туриб нафсининг эгрилигини тўғрилаб олишига ёрдам беради.
3) Инсон ўзини бошдан-оёқ ўраб олган Аллоҳнинг неъматларини ўз нафсига эслатиши
Аллоҳ таоло айтганидек: «Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар» (Наҳл: 18), «(Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни моддий-маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?!» (Луқмон: 20). Инсон ўзига ушбу неъматларни эслатиши уни ўзининг ожиз ва заифлигини, доим Аллоҳнинг неъматларига муҳтож эканини ҳис қилишига сабаб бўлади ва демакки, манмансираш иллатидан нафсини қутқаришига ва яна қайта унга дучор бўлмаслигига жуда катта ёрдам беради.
4) Ўлимни зикр қилиш, унинг ортидаги манзилларни ва машаққату даҳшатларни тафаккур қилиш
Бу ҳам қалби уйғоқ бўлган ёки сидқидилдан қулоқ тутган кишига калондимоғликдан қутулишига ва унга қарши ҳимоя воситаси пайдо қилишига кафил бўлади.
5) Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг суннатларини кўп ўқиб-ўрганиш
Чунки, бу икки асосий манбада юқорида айтиб ўтилган тўртала воситага боғлиқ қаноатлантирувчи шифо ва чуқур таҳлиллар мавжуддир. Улар билан инсон – агар ўзи чин кўнгилдан истаса – ҳар қандай иллатдан халос бўлиши мумкин.
6) Илм мажлисларида иштирок этиш
Хусусан, нафс иллатлари ва улардан халос бўлиш йўллари ҳақида борувчи суҳбатларда ҳозир бўлиш. Чунки, бу каби суҳбатлар нафснинг тозаланишига ва манманлик касалидан сақланишига катта ёрдам беради.
7) Беморлар, бошларига бало-офат тушган кишилар ва вафот этган кишиларнинг ҳолатларидан бохабар бўлиш
Айниқса, вафот этган кишини ювиш, кафанлаш ва дафн этишда иштирок этиш, вақти-вақти билан қабрларни зиёрат қилиш ва қабр аҳлларининг аҳволлари ва оқибатлари ҳақида фикр юритиш. Бу каби ишлар инсонни ички ҳиссиётларини қўзғотиб, манманлик, кибр каби нафс ва қалб касалликларидан қутулишига ёрдам беради.
8) Ота-оналарнинг ўзлари аввало кибр ва манманлик каби иллатлардан халос бўлишлари ва фарзандларига намуна бўлиб, ўзларидан содир бўлиб келган бу хулқ-атвор хато бўлганини ва улар бу хатоларидан қутулганликларини уларга тушунтиришлари лозим. Шунда фарзанд ҳам улардан ўрнак олиб, бу иллатдан қутулиши ва Аллоҳга тавба қилиши мумкин.
9) Манмансираган ва ўзига бино қўйган кишилар суҳбатидан узилиб, тавозеълик ҳамда ўз ўринларини ва даражаларини яхши билувчи кишилар орасига қўшилиш
Бу ҳам манманликдан қутулиш ва унинг олдини олишга ёрдам беради.
10) Мақташ, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва итоат қилишда шариат одобларига риоя қилиш, ушбу одобларга риоя қилмайдиган ҳар бир кишидан юз ўгириш ва унга қаттиқ танбеҳ бериш зарурлиги
Бунинг ҳам нафсни даволаш ва манманликдан халос қилишда жуда катта таъсири бўлади.
11) Бир муддат то нафснинг эгрилиги тўғриланиб, манманликдан қутулиб, шайтоннинг йўриғидан чиқиб олгунича олдинги қаторлардан ва давранинг тўридан четланиб туриш ҳам муолажани осонлаштиради.
12) Салафларнинг ҳаёт йўлларини давомий ўқиб-ўрганиш, улар мана шундай ҳолатга дучор бўлган пайтларида ўз нафслари билан қандай муомала қилган эканликларини текшириш
Чунки, бу улардан ўрнак олиш ва уларга эргашишга, ушбу иллатни қуритиш ва олдини олишда, нафснинг яна қайта унга қайтиши йўлини тўсишда улар каби ҳаракат қилишга олиб келади.
13) Вақти-вақти билан нафсни унинг кибрини ўлдирадиган ва унга ўзининг кимлигини танитиб қўядиган ўринларга рўпара қилиб туриш
Бу эса аксарият салафлардан содир бўлганидек, киши ўзини обрў-мартабада ўзидан паст бўлган биродарларига хизмат қилишга мажбурлаш, бозордан майда-чуйдасини ўзи харид қилишга тушиш, ўзининг юкларини ўзи кўтариш каби ишлар билан бўлиши мумкин.
Умар розияллоҳу анҳу Шомга келганларида йўлларидан бир кечик (яъни, сувли жой) чиқиб қолганида туяларидан тушиб, оёқ кийимларини ечиб, туяларини етаклаб, кечикдан кечиб ўтдилар. Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ у кишига: «Бугун ерликлар кўзида катта (яъни, номақбул) иш қилдингиз», деганларида, у киши кўкракларига уриб: «Эҳ, шу гап сиздан чиқмаса бўларди, эй Абу Убайда! Сизлар одамларнинг энг хорлари ва ҳақирлари эдингиз, Аллоҳ сизларни Ўз пайғамбари билан азиз қилди. Энди қачонки азизликни ундан (яъни Исломдан) бошқасидан изласангиз, Аллоҳ сизларни хор қилади», дедилар.
Бошқа бир ривоятда: «Ҳазрат Умар Шомга келганларида одамлар у кишининг истиқболига чиқдилар. У киши бир туяга миниб олган эдилар. Шунда: «Бир арғумоққа миниб олсангиз бўларди, Шомнинг энг катта ва обрўли кишилари сизни кутиб олишга чиқишган», дейилди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Менинг сизлар билан ишим йўқ, менинг ишим уёқ билан – шундай деб осмонга ишора қилдилар – қани, туямнинг йўлини очиб қўйинглар», дедилар» (Абу Нуъайм: «Ҳилятул-авлиё» (1/24), Ибн Касир: «Ал-бидая ван-ниҳая» (7/70)).
14) То бу офатдан халос бўлиб олгунига қадар бошқалар уни кузатиб, кўмак бериб ёнида туришлари.
15) Нафсни бирма-бир ҳисоб-китоб қилиш туриш, унинг айбларидан воқиф бўлиш ва ҳали кучайиб кетмасидан туриб уни муолажа қилишга уриниш.
16) Манмансираш ва калондимоғлик ортидан келувчи нохуш асоратларни англаб етиш
Бунинг ҳам ушбу офат ва тўсиқни муолажа қилишда ва ундан сақланишда катта таъсири бўлади.
17) Аллоҳ азза ва жалладан мадад сўраш
Бу эса У зотга дуо-илтижо қилиш, Ундан мадад ва паноҳ тилаш, ушбу иллатдан унинг қўлини тутиб қолишини ва уни бундан поклашини сўраш, яна қайта унга тушиб қолишдан паноҳ тилаш билан бўлади. Зеро, ким Аллоҳдан мадад тиласа, У зот унга албатта мадад беради ва Ўзининг тўғри йўлига йўллаб қўяди.
18) Насаб ва обрў-эътибор қандай бўлишидан қатъий назар, ҳар бир киши ўзининг ҳатти-ҳаракатларига шахсан жавобгар эканини ҳис қилиш
Бунинг ҳам нафсни муолажа қилишда ва уни яна қайта манманлик иллатига дучор бўлиб қолишдан сақлашда катта ёрдами тегади.