Ислом Нури
Жума насиҳатлари
ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР
Д. Муҳаммад Нуҳ
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
БЕШИНЧИ ТЎСИҚ
МАНМАНСИРАШ ва ЎЗИГА БИНО ҚЎЙИШ
Динда амал қилувчи баъзи кишиларга етадиган ва нафсларини ундан қутултириш ва даволашга, ундан эҳтиёт бўлиш ва сақланишга ҳаракат қилишлари лозим бўлган тўсиқлардан яна бири – манмансираш ва ўзига бино қўйиш (الإعجاب بالنفس) дир. Ушбу тўсиқнинг белгилари ва ўлчовлари зеҳнимизда яхшироқ шаклланиши учун уни қуйидаги қисмларга бўлиб ўрганамиз:
1. Манмансираш ва ўзига бино қўйишнинг (الإعجاب بالنفس ) луғавий ва истилоҳий маъноси.
Ушбу ибора луғатда икки хил маънода қўлланилади:
а) Яхши санамоқ, маъқул келмоқ, ёқтирмоқ, ҳайратга солмоқ.
Қуйидаги ояти карималарда мазкур калима ушбу маъноларда келган:
«Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан — гарчи у сизга ёқса-да,— иймонли чўри яхшироқдир» (Бақара: 221).
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сизни қизиқтирса ҳам, нопок нарса пок нарсага баробар бўлмас» (Моида: 100).
«(У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр)» (Ҳадид: 20).
б) Манмансираш, кеккайиш, ғурурланиш, кибрланиш, ўзидан кетиш.
Қуйидаги оятда бу калима шу маънода келган:
«Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади» (Тавба: 25).
Даъват аҳли истилоҳида эса бир кишининг ўзи томонидан бировларнинг ҳаққига тажовуз қилиш ёки бировларни камситишсиз содир бўлган сўз ёки ишлардан – хоҳ яхши, хоҳ ёмон, хоҳ мақтовли, хоҳ айбли сўз ва ишлар бўлсин – хузурланиши ва хурсанд бўлиши маъносини англатади. Агар бошқаларнинг сўз ва ишларини камситиш ва паст санаш билан улар ҳаққига тажовуз ёки зулм қилган бўлса, унинг бу иши ғурурланиш ва ўзига бино қўйиш дейилади. Агар бошқаларнинг шахсиятларини ерга уриш ва ўзини улардан юқори кўриш билан улар ҳаққига тажовуз қилган бўлса, бу ишни кибрланиш ва кеккайиш дейилади (Мухтасар минҳаж ал-қосидийн: 247, 248-с).
2. Манмансираш ва ўзига бино қўйишга олиб борувчи сабаблар
1) Унинг ичида ўсиб-улғайиш
Яъни, баъзан инсон болалигидан мақтовни яхши кўрадиган ва ўзини ҳақ бўлса ҳам, ноҳақ бўлса ҳам бошқалардан баланд тутишни истайдиган, насиҳат ва йўл-йўриққа кўнмайдиган ота-она орасида ёки улардан бирининг таъсири остида ўсади-да, бу нарса унинг хулқ-атворига ўрнашиб қолади. Вақт ўтиши билан бу нарса унинг шахсиятига айланиб қолади, Аллоҳ сақлаган кишиларгина бундан мустасно. Биз иккинчи тўсиқ – «Исроф» тўғрисидаги гапларимиз орасида айтиб ўтганимиздек, Исломнинг ота-онани Аллоҳнинг манҳажини маҳкам тутишга қаттиқ тарғиб қилиши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Чунки, фақат Аллоҳнинг манҳажигина ота-онани ҳар қандай эгриликдан ҳимоя қилади ва шу билангина улар фарзандларига намуна бўлишга арзийдилар.
2) Одамни юзига мақташ ва уни кўкларга кўтариш ҳамда бу ҳақдаги шаръий одобларга риоя қилмаслик
Баъзан бировни юзига мақташ ва уни кўкларга кўтариш ҳамда бу ҳақдаги шаръий одобларга риоя қилмаслик ҳам ўша кишининг ўзига бино қўйишига ва манмансирашига сабаб бўлиб қолади. Чунки, бир тоифа одам бўладики, юзига мақталса ва лаганбардорлик қилинса, бунда мақтов ва ҳамду-санолар айтиш хусусида айтилган шаръий одобларга риоя қилинмаса, жоҳиллиги туфайли шайтоннинг фитна тўрига чулғаниб қолади ва ушбу мақтовларга ўзимдан бошқа ҳеч кимда йўқ бўлган қобилият ва талантим сабабли эришдим, деб ўйлаб қолади. Бора-бора ушбу фикр унинг дилига қаттиқ ўрнашиб қолади ва – Аллоҳ сақласин – манмансирашга олиб бориб қўяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бировни юзига мақташ ва тасанноларга кўмиб ташлашдан қайтаришлари ва мақташ керак бўлганда ҳам бу ҳақдаги шаръий одоблар доирасида мақташ кераклигини таъкидлашлари остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас.
(Мақтов ва мадҳ айтишга тааллуқли шаръий одоблар, уламоларнинг Китобу Суннатдан истинбот қилишларича, уч турлидир: 1) мақтовда ҳаддан ошиб кетмаслик; 2) мақтов ҳақ билан бўлиши ва унга ботил-ёлғон аралашмаслиги; 3) мақтов сабабли фитнага ва манмансирашга тушиб қолиш хавфи бўлмаган одамга нисбатан бўлиши. Мазкур одоблар доирасида бўлганида мақтов жоиз ва ҳатто унинг ортидан яхшилик қилишга ёки уни яна ҳам зиёда қилишга ва унда давомли бўлишга ёки ундан ўрнак олишга тарғиб каби манфаат бўлган ҳолларда бу мустаҳаб-яхши амал саналади. (Имом Нававий, «Ал-минҳаж шарҳ саҳиҳ Муслим ибн Ҳажжож: 18/126)).
Абу Маъмардан ривоят қилинади: Бир киши туриб, амирлардан бири шаънига мақтов айтаётган эди, Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳу унинг юзига тупроқ соча бошлади ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни маддоҳлар юзига тупроқ сочишга буюрганлар», деди. (Муслим, Ҳоким, Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-адабил-муфрад: 258).
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бир киши бир кишини мақтади. Шунда у зот: «Шўринг қурғур, биродарингнинг бўйнини уздинг, шўринг қурғур, биродарингнинг бўйнини уздинг», деб бир неча марта такрорладилар. Сўнгра: «Қай бирингизга биродарини мақташлиги лозим бўлиб қолса, ундан мана шу (мақтовли сифатлар) ни ҳақиқатан билса: «Фалончини шундай деб ҳисоблайман – Аллоҳ Ўзи ҳисоб қилувчисидир – бирон кишини Аллоҳга покламайман (яъни пок деб гувоҳлик беролмайман), шундай-шундай бўлса керак деб ўйлайман», десин», дедилар (Муттафақун алайҳ).
3) Кеккайган ва ўзига бино қўйган одамлар суҳбатини лозим тутиш
Баъзан кеккайган ва ўзига бино қўйган одамлар суҳбатини лозим тутиш ва улар билан кўп бирга бўлиш ҳам манмансирашга сабаб бўлади.
Чунки, инсон кўпинча яқин дўсти ва улфатининг хулқ-атворидан таъсирланади ва сезиб-сезмай унинг хулқ-атворини ўзига юқтириб олади. Айниқса, улфати таъсир ўтказувчи одам бўлса, ўзи эса ғўр ва улфатининг характеридан ғофил бўлса, у томонидан ўзига нима талқин қилинса, ҳаммасини қабул қилаверади. Агар улфати манманлик касалига йўлиққан одам бўлса, бу ҳам манмансираш касалига дучор бўлади.
Исломнинг яхши дўст ва яхши улфат танлашга чақириши ва бунинг зарурлигини таъкидлаши остидаги сир шу бўлса ажаб эмас. Биз юқорида футур сабаблари ҳақида сўз юритганимизда бу мавзуга тегишли далилларни ҳам айтиб ўтдик.
4) Неъматга эга бўлиб туриб, унга шу неъматни инъом этган зотни унутиш
Баъзан неъматга эга бўла туриб, шу неъматни инъом этган зотни унутиб қўйиш ҳам манмансирашга сабаб бўлади. Динга амал қилувчи айрим кишилар бўладики, Аллоҳ таоло уларга мол-давлатми, илмми, куч-қувватми, обрўми ё бошқа бирон неъмат то этган бўлса, ўша неъмат устида туриб, уни ато этган зотни унутишади, қўлларида бўлган неъматлар чақмоғи таъсирида кўзлари қамашиб, ушбу неъматнинг ҳақиқий эгасини кўролмай қоладилар, нафслари ушбу неъматларга улар фақат ўз қобилиятлари ва лаёқатлари туфайли эришганларини уқтиради, нафслари гапига кириб улар ҳам Қорунга ўхшаб: «Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир» (Қасас: 78) дейдиган бўлиб қолишади. Мана шу гап уларга маҳкам ўрнашиб олади ва ўз муроду мақсадларига етган бўлишиб, қўлларидаги нарсалар билан мафтун бўлиб, калондимоғликка ва манмансирашга йўлиқадилар.
Исломнинг ҳар қандай неъматнинг асл манбаи фақат Аллоҳ азза ва жалла эканини қайта-қайта таъкидлашининг сири ҳам шунда бўлса ажабмас:
«Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Аллоҳдандир» (Наҳл: 53).
«Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарса билмаган ҳолингизда чиқарди ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди» (Наҳл: 78).
«(Эй инсонлар), Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (яъни моддий-маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?!» (Луқмон: 20).
«Эй инсонлар, сизларга Аллоҳ ато этган сон-саноқсиз неъматни эслангиз! Сизларга осмону заминдан ризқу-рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратувчи борми?! Ҳеч бир (ҳақ) илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина ҳақдир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!» (Фотир: 3).
Ундан ташқари Ислом мусулмон кишини ҳар тонг ва оқшом Раббига 3 бор қуйидаги зикрлар билан мурожаат қилишга таълим берган:
«Эй Парвардигор! Менга ёки бандаларингдан бирига (эрталаб) етган неъмат фақат Сен тарафдандир. (Агар кеч кирса: (кечда) етган, дейди). Сенинг ҳеч қандай шеригинг йўқ. Ва ҳамд ҳам, шукроналар ҳам Сенгадир» (Имом Абу Довуд «Сунан»да (4/318) Абдуллоҳ ибн Ғанном ал-Баёзий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур зикрни ўқигач: «Ким буни тонг пайтида ўқиса, шу кунининг шукрини адо қилган бўлади, ким оқшом пайтида ўқиса, ўша тунининг шукрини адо этган бўлади», дедилар. Буср ибн Жаҳҳош ал-Қураший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни кафтларига туфлаб, унга кўрсаткич бармоқларини қўйдилар ва айтдилар: «Аллоҳ таоло айтади: Эй одамзот, сен мени қандай қилиб ожиз қолдира олардинг, ҳолбуки Мен сени мана бу каби нарсадан яратдим, Мен қадди-қоматингни расо қилиб қўйгач, иккита бурдага (кийимга) ўралиб (гердайиб) юрдинг, ернинг ҳам сендан шикоят-оғриқи бор, (мол-дунёни) жамғардинг, (закоту садақотини) бермадинг, жон ҳалқумга етган пайтда: «садақа қиламан» дейсан, садақа қилиш вақти аллақачон ўтган бўлади!» (Ибн Можа, Ҳоким, Аҳмад ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1143).
5) Тобланиб етилмай ва тарбияси комил бўлмай туриб бошқарув ва раҳбарлик мансабига ўтириш
Баъзан киши тобланиб етилмай ва тарбияси комил бўлмай туриб бошқарув ва раҳбарлик мансабига ўтириб қолиши ҳам манмансираш ва калондимоғликка сабаб бўлиб қолади. Чунки, баъзан исломий амалнинг вазиятидан келиб чиқиб, баъзи амал қилувчи кишилар ҳали суяклари амалда қотмай туриб ва шахсиятлари баркамол бўлмай туриб раҳбарлик мансабига тайинланиб қоладилар. Шунда дарҳол шайтон етиб келади ва уларнинг дилига ўзлари эгаллаб турган бу лавозим ва мансабга фақат ўзларида бўлган лаёқат туфайлигина эришганларини уқтиради. Охир-оқибат улар шайтоннинг макр тўрига ўралиб қолишади ва бу гапни ҳақиқат деб тасаввур қилиб қолишади ва нафсларини ўзига лойиқ бўлганидан юқорироқ ўринга кўтариб қўйишади. Бу эса, табиий, манманлик ва калондимоғликка олиб келади.
Исломнинг фиқҳга – яъни, динни яхши англаш ва тушунишга – чорлаши ва бу фиқҳнинг раҳбарлик ва бошқарув мансабларига ўрнашишдан олдин бўлиши лозимлигига чорлаши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Аллоҳ таоло айтади:
«Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан сақланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!» (Тавба: 122).
«У Ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали билим) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди». Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар (Бақара: 269).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (олим) қилиб қўяди» (Муттафақун алайҳ, Муовия ибн Абу Суфёндан ривоят қилинган).
Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пешвога айланмасдан туриб фақиҳ (динда олим) бўлиб олингиз!». Яъни, масъулиятли раҳбарлик ишига ўрнашиб қолмасдан туриб, раҳбарлик масъулиятини ва унда бўлган тўсиқларни чуқур ҳис қиладиган илмни эгаллаб олинглар, шунда уларни енгиб ўтасизлар.
6) Инсон ўзининг ҳақиқатини билмаслиги ёки ундан ғофил бўлиши
Баъзан инсон ўзининг ҳақиқатидан ғофиллиги ёки уни билмаслиги ҳам уни манманликка олиб бориб қўяди. Чунки, инсон ўзининг кимлигини билмаса, ўзининг келиб чиқиши сийдик йўлидан чиққан нопок бир сувдан эканини, нуқсон ва камчилик доимо табиатидан холи эмаслигини, қорнида ахлатни кўтариб юришини, охири яна қайтиб тупроққа қўйилишини, мурдаси бутун тирик жон борки жирканадиган бадбўй жасадга айланишини унутса ёки бундан ғофил бўлса, табиийки, дилига манманлик ўрнайди ва шайтон бу нарсани кучайтиради.
Қуръон ва Суннатнинг инсон нафси моҳияти ва ҳақиқати, унинг бошланиш ва ниҳояланиш нуқтаси ҳақида такрор-такрор сўзлаши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Аллоҳ таоло айтади:
«У барча нарсани чиройли қилиб яратган зотдир. У инсонни (яъни Одамни) даставвал лойдан яратди. Сўнгра унинг насли авлодини ҳақир бир сувдан иборат бўлган нутфадан пайдо қилди (Сажда: 7, 8).
«Ахир Биз сизларни бир ҳақир сувдан яратмадикми?!» (Вал-мурсалот: 20).
«Сўнгра унга ўлим бериб, қабрга киритди» (Абаса: 21