Ислом Нури
Жума насиҳатлари
ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР
Д. Муҳаммад Нуҳ
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
ТЎРТИНЧИ ТЎСИҚ
УЗЛАТ ёки ЯККАНИШИНЛИК
(Давоми)
Исломий амалга қолдирадиган асоратлари
1) Исломий амалга зарба етишининг ва издан чиқишининг, ҳеч бўлмаганда унинг ортга сурилишининг осонлашиши
Амал қилувчиларнинг тарқоқлиги ва ўзаро ҳамкорлик қилмасликлари натижасида бирон самара кўриниши учун жуда кўп тер тўкилишига, кўп ҳаракатлар ва узоқ вақтларга муҳтож бўлинади. Аллоҳнинг душманлари «Парчалаб юбориб ҳукмронлик қил» шиори остида мусулмонларни бўлиб ташлашга уринишлари ортидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас.
Исломнинг бирдамликка ва бўлиниб кетмасликка чақириғи остидаги сир ҳам шу бўлса керак:
«Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103).
«Аллоҳ ҳамда Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур» (Анфол: 46).
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2).
2) Илоҳий мадад ва ёрдамдан маҳрум бўлиш
Чунки, исломий амалнинг куч ва имкониятлари ҳар қанча мўл-кўл бўлмасин, доимо Аллоҳнинг мадади ва қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлиб қолаверади. Аллоҳ таоло Ўзининг мадади ва қўллаб-қувватлашини фақат ўзаро ҳамкор ва елкама-елка бўлиб фаолият кўрсатувчи жамоага беришни ваъда қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳнинг қўли жамоат билан бирга» (Имом Термизий ривояти).
Бу маҳрумлик ортидан бало ва синовлар келгудек бўлса, у ўзаро ҳамкор бўлиб амал қилувчиларга раҳмат ва баракага, амалдан тўхтаб қолган ёки тарқоқ ҳолда амал қилаётганларга азобга айланади:
«Аллоҳ йўлида ўлдирилган зотларнинг амалларини ҳаргиз зое кеткизмас. Уларни (жаннат йўлига) ҳидоят қилур ва ишларини ўнглар. Уларни (Аллоҳнинг) Ўзи уларга танитган жаннатга киритур» (Муҳаммад: 4-6).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло бир қавмга азоб туширса, азоб уларнинг ҳаммасига етади, сўнгра улар ўз амалларига биноан тирилтириладилар» (Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).
4. Узлатдан қутулиш ва сақланиш йўли
Модомики, узлатнинг сабаб ва асоратларидан воқиф бўлган эканмиз, энди ундан қутулиш ва сақланиш йўлларини билиб олишимиз осон кечади:
1) Узлатга тарғиб қилувчи шаръий далиллар билан одамлар билан аралашишга ва жамоатни лозим тутишга чорловчи шаръий далиллар орасидаги боғлиқлик ва алоқани яхши билиб олиш
Чунки, бу тарздаги тушунча мусулмон кишини – агар азмида содиқ бўлса – узлат ҳаётидан суғуриб олиб, жамоат бағрига қайтаришга кафилдир. Зотан, жамоат билан бўлиш асл-асос, узлат эса динни ва ҳаётни сақлаб қолиш учун муҳтож бўлинадиган зарурий, фавқулоддаги ҳолатдир.
2) Баъзи салафларни узлат ва хилватга етаклаган шароит ва сабабларни тўла тушуниб олиш
Чунки, мана шундай тўла тушунчага эга бўлиш бизни бу хусусда уларга эргашишдан – хусусан, уларнинг узлатга чекинишлари ортидан зарар келмаганини билганимиздан сўнг – тўхтатиб қолади. Зеро, у пайтлар Ислом давлати мавжуд, байроғи баланд кўтарилган, диннинг ҳаммаси Аллоҳга холис эди. Аммо, бизнинг узлатимиз ортидан жуда катта зарарлар келиши мумкин. Чунки, ҳозирда Ислом давлати мавжуд эмас, Аллоҳнинг душманлари бўғзимизга чанг солиб турибди, уларнинг Аллоҳ йўлига тўғаноқ бўлишлари тобора авжига чиқиб бормоқда, мана шундай ҳолатда биз ер юзига Аллоҳнинг ҳукмронлигини қайтариш учун ўзаро бирлашган ва бир-бирига ёрдам берувчи жуда катта жамоатга ва улкан куч-ҳаракатларга жуда ҳам муҳтожмиз.
3) Исломнинг шахс ва жамоат ўртасини мувофиқлаштиришдаги манҳажи (йўли)дан яхши хабардор бўлиш
Чунки, бу нарса мусулмон кишини ўз шахсиятини тўла сақлаб қолгани ҳолда жамоат бағрига киришиб кетишига кафил бўлади.
4) Ибодат ҳақида тўғри тушунчага эга бўлиш
Бу ҳам вақтни тоат-ибодатдан бошқа нарсага сарфланаётгани ҳақидаги хаёлларни қувишга ва узлатни тарк этиб, жамоатни лозим тутишга ва одамлар билан аралашишга ёрдам беради.
5) Нафсга қарши курашиш ва доим унинг жиловидан маҳкам тутиш
Тоинки, унга хоҳиш-ҳаволар ҳукмрон бўлиб олмасин ва шаҳватлар қулига айланиб қолмасин. Акс ҳолда, бу нарса уни узлатга, жамоат ва одамлар билан аралашиш масъулиятларидан қочишга ундайди.
6) Ёмонлик авж олган ва фасод тарқалган пайтларда мусулмон кишининг вазифаси нимадан иборат бўлишини тушуниб олиш
Бу ҳам амал қилувчи кишининг узлатидан чиқишига ва жамоатга қўшилишига, ёмонлик илдизини қуритиш ва фасодни бартараф этиш ёки ҳеч бўлмаганда уларни камайтириш йўлида машаққатларни енгиб ўтишига жуда катта ёрдам беради.
7) Аллоҳ азза ва жаллага қаттиқ ялиниб-ёлвориш ва Ундан чин кўнгилдан мадад тилаш, чунки Аллоҳ Ўзидан ёрдам сўраганларга албатта ёрдам беради
«Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар. Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар» (Бақара: 186).
8) Узлат йўлини тутган ва ёлғизликни ўз ҳаёт йўлларига айлантириб олган кишилар суҳбатидан қутулиш ва амал қилувчилар сафига қўшилиш
Бунинг ҳам узлатни тарк этишда жуда катта ёрдам тегади.
9) Аллоҳнинг динига амал қилувчи жамоат ва уюшмаларнинг ҳақиқатидан тўла воқиф бўлиш
Бу ҳам мусулмон кишини охир-оқибат узлат ҳаётини тарк этишга ҳамда яхшиликлар устида бўлган ва ҳақ билан турувчи кишилар билан бирга бўлишга олиб келади.
10) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илк даврларда Ислом давлатини мустаҳкамлашда тутган йўлларидан воқиф бўлиш
Бу ҳам мусулмон кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб ва узотдан ўрнак олиб, узлатдан қутулишига ва жамоатга қўшилишига ёрдам беради:
«(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21).
11) Аллоҳнинг кофир ва мунофиқлардан иборат душманлари Исломга қарши НАТО (Шимолий Атлантика блоки), Коллектив Хавфсизлик шартномаси каби ҳарбий иттифоқ ва блоклар шаклида, Халқаро Европа бозори каби тижорий ва иқтисодий бирлашмалар шаклида, Европарламент каби сиёсий ташкилотлар шаклида, Европа иттифоқи ва АҚШ каби давлатлар ва штатлар бирлашмаси шаклида бирлашиб, елкама-елка туриб уруш олиб бораётганларини англаб етиш
Аллоҳнинг душманлари ботил устида бўлиб ва бир-бирлари билан катта-катта келишмовчиликлари бўлгани ҳолда Исломга қарши ана шундай ҳамкорлик билан курашаётган бўлсалар, биз мусулмонлар ҳақ устида бўла туриб ва ўрталаримизда катта келишмовчилик йўқ бўла туриб, уларга қарши айни услубда, бирлашиб, тарқоқ бўлмаган ҳолда юзланишимиз лозим бўлмайдими?! «Кофир бўлган кимсалар бир-бирларига хамкордирлар. Агар сизлар шундай қилмасангиз, ерда фитна ва катта фасод бўлур» (Анфол: 73).
12) Атрофимизда мавжуд бўлган ва бизни ўраб турган мавжудотларнинг ҳаёти ҳақида фикр юритиш
Бу ҳақда фикр юритиш ҳам сиз билан бизни охир оқибат шундай хулоса қилишга олиб келадики, ушбу мавжудотларнинг ҳеч бири бир-биридан ажралиб, ёлғизликда ҳаёт кечиролмайди. Балки, ҳаётдаги вазифаларини адо этиш учун биргалашиб, бир-бирига ёрдам бериб кун кечиришади. Мисол учун, қуёш системасини олинг, барча тирик жонзотларга нур ва иссиқлик етказиб бериш учун ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қилади. Ёки бўлмаса, асаларилар жамоасини кўринг, ин қуриш, уни тозалаш ва ҳимоя қилишда, гуллардан шира йиғишда ва кейин уни қайта ишлаб, одамлар учун шифобахш бўлган соф асал ишлаб чиқаришда ўзаро аҳилликда ва бир-бири билан ҳамкор бўлиб ҳаракат қиладилар. Чумолилар жамоаси ва бошқа махлуқотлар ҳақида ҳам шунга яқин гапни айтиш мумкин. Ақлсиз махлуқотларнинг аҳволи шу бўлса, Аллоҳ таоло томонидан ақл неъмати ато этилган, эркинлик ва хоҳиш-ирода берилган ҳамда ушбу коинотнинг гултожи ва саййиди қилинган биз Одам фарзандлари албатта, ҳамжиҳат ва ҳамкор бўлиб ҳаракат қилмоғимиз лозим. Мана шу тарзда фикр юритиш мусулмон кишини узлат ҳаётини тарк этишига ва жамоат билан, одамлар орасида ҳаёт кечиришига олиб келади.
13) Юқорида биз айтиб ўтган узлат ва ёлғизликдан келиб чиқувчи асоратларнинг ҳақиқатидан воқиф бўлиш
Бу ҳам қалби уйғоқ бўлган ёки сидқидилдан қулоқ тутган кишини мазкур асоратларга тушиб қолишдан сақланиши учун жамоат орасида яшаш ва одамлар билан аралашиш сари етаклайди.