Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР

 

Д. Муҳаммад Нуҳ

 

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

ТЎРТИНЧИ ТЎСИҚ

УЗЛАТ ёки ЯККАНИШИНЛИК

(Давоми) 

 

3. Узлат ёки ўзини четга тортишнинг асоратлари

 

Узлат ёки ўзини четлатишнинг амал қилувчиларга ҳам, исломий амалнинг ўзига ҳам зарарли асоратлари ва нохуш оқибатлари бор. Қуйида улар ҳақида сўз юритамиз:

Амал қилувчиларга кўрсатадиган асоратлари

1) Ўз шахсиятларининг белги ва қирраларини билмасликлари

Инсоннинг заковати ҳар қанча кучли ва зеҳни ҳар қанча ўткир бўлмасин, ёлғиз ўзи ўз шахсиятининг қирраларини ва белгиларини чуқур билолмайди. Бунинг учун албатта, бошқаларнинг ёрдами керак бўлади. Мисол учун, инсон ўзининг шахсиятида худбинлик ва ўзини яхши кўришлик иллати борми, ёки бошқаларни афзал билиш ва ўзгаларга мададкор бўлиш хислатлари жойлашганми эканини қачонки одамлар орасида яшаса ва улар билан аралашиб юрса, шундагина билиб олади. Чунки, улар ичидаги эҳтиёжманд кишиларни кўрса, кейин ўз нафси ҳақида фикр юритиб, у қотиб кетмоқдами, бахиллик ва хасислиги ортиб бордими ёки кўнгли юмшаб, саховат қилиб, уларга инфоқ-эҳсон қилдими, шуни текшириб кўрса, ҳаммаси маълум бўлади. Агар дили қаттиқлигича қолган бўлса, унда худбинлик бор бўлади, кўнгли юмшаб, хайр-саховат қилиш истаги пайдо бўлганини топса, ўзида бошқаларни афзал билиш ва ўзгаларга мададкор бўлиш хислатлари жойлашган эканини билиб олади. Ёки бўлмаса, ўз шахсиятида ҳалимлик ва сабр-қаноат ўрнашганми ё шошқалоқлик ва беақлликми, буни ҳам қачонки одамлар билан аралашса ва ҳар хил табақадаги инсонлар билан тўқнаш келса, уларнинг тилларининг аччиқлигига ҳалимлик билан жавоб бера олаяптими – агар шундай бўлса, ҳалим ва сабр-тоқат эгаси бўлган бўлади – ёки уларнинг қўполликларига ундан-да ўтказиб қўполлик билан жавоб қилаяптими – агар шундай бўлса, беақл ва шошқалоқ бўлади – шунда билиб олади.

Шунингдек, инсон ўзидаги шижоатни ёки қўрқоқлик ва бўшангликни ҳам жамоатни лозим тутганда ва бирон хато ишни қилган одамни кўрганда, унга нисбатан кўнглида қандай ҳислар уйғонганини текшириб кўриш билангина билиб олади. Яъни, ўша хато қилган одамга: «Сиз хато гапирдингиз, ҳақиқат мана бундай, яхшилик сиз айтган нарсадан бошқада» деб айта оладими – агар айта олса, шижоатли бўлади – ёки айтишга қийналиб, сукутни афзал биладими – бу ҳолда ўзининг қўрқоқ ва журъатсиз эканини билиб олади.

Шунингдек, инсон ўз шахсиятида бўлган ростгўйлик ёки ёлғончилик, омонатдорлик ёки хиёнаткорлик, тартиблилик ёки пала-партишлик каби хулқ-атворларни ҳам фақат жамоат ичида яшаб кўрганида ва кўпчилик билан муомала қилганида ёки бошқалар унга молу жонларини ва обрў-номусларини омонат қўйганда ёки улар билан бирон ишга ваъдалашганда ёки уларга бирон ишга аҳд берганида, ўзини текшириб кўриш билангина билиб олиши мумкин. Хўш, уларга ҳаққу рост сўзлаяптими, агар шундай бўлса ростгўйлиги маълум бўлади. Ёки уларни алдаяптими, у ҳолда ёлғончи бўлади. Уларнинг жону молларини, обрў-номусларини асраяптими, агар шундай бўлса омонатдор бўлади. Ёки уларга тажовуз ва хиёнат қилаяптими, у ҳолда хиёнаткор бўлади. Аҳдига риоя қилаяптими, ваъдасига вафо қилаяптими, агар шундай бўлса, тартиб-интизомли бўлган бўлади. Ёки аҳдига бепарволик кўрсатиб, ваъдасига хилоф қилаяптими, у ҳолда пала-партиш инсонлиги маълум бўлади.

Мусулмон киши узлатда ёки танҳоликда яшаса, унинг шахсияти ўзи учун қоронғи бўлиб қолаверади, бу эса унинг учун айни зиёндир. Чунки, кўпинча, яхшилик қилаяпман деган гумонда ёмонлик қилиб қўйиши ёки ёмонлик деб ўйлаб яхшиликни тарк қилиб қўйиши мумкин. «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўрувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар (кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли — яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!» (Каҳф: 103, 104).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мўмин мўминнинг ойнасидир...» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4110) деган сўзларидан ҳамда Умар розияллоҳу анҳунинг: «Айбларимизни бизга ҳадя этасиз» (Ибн Қудома, Мухтасар минҳажил-қосидийн: 171-бет) деган сўзларидан тушунилган маъно шу бўлса ажаб эмас.

Яъни, мусулмон киши ўз шахсиятининг мукаммал ёки нуқсонли, кучли ёки заиф қирраларини билиб олишига, мукаммаллик ва кучли қирраларини ўстиришига, заиф ва нуқсонли қирраларини кучайтиришига асосан жамоат ёрдам беради, усиз мусулмон киши кўр-кўрона ва ҳидоятдан узоқ ҳолда ҳаёт кечиришига тўғри келади.

2) Қўлларидан тутиб, айбларини тузатишларига ёрдам берадиган ёрдамчидан маҳрум бўлишлари

Инсон баъзида ўз айбларидан воқиф бўлиши мумкин, бироқ кўпинча иродаси заифлиги ва азму қарори кучсизлиги туфайли бир ўзи уларни тузатиш ва тўғрилашдан ожизлик қилади. Бунинг учун у ўз нафсига қарши ёрдамланадиган бир ёрдамчига муҳтож бўлади. Узлат ва ёлғизликни ихтиёр этган киши мана шу ёрдамчидан маҳрум бўлади ва гуноҳу маъсиятларга ботганича қолиб кетиши мумкин.

«Мўмин мўминнинг ойнасидир, мўмин мўминнинг биродаридир, унинг тирикчилиги ўтмай қолишининг олдини олади ва ортидан уни ўз ҳифзу-ҳимоясига олади» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4110)», бир ривоятда: «Мўмин мўминнинг ойнасидир, унда бир айбни кўрса, тўғрилаб қўяди» ҳадисидан ҳамда «Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, унга унутганини эслатадиган ва эсида бўлган нарсасида ёрдам берадиган солиҳ дўстни ато қилади» (Ас-силсилатус-саҳиҳа: 431) ҳадисидан кўзда тутилган маъно ҳам шу бўлса ажабмас.

3) Куч ва имкониятларидан тўла фойдаланмаслик

Бу эса уларнинг шахсиятига путур етказишидан ташқари, уларни шайтоннинг ўлжасига айлантириб қўяди-да, у уларни васваса қилиб, адаштираверади. Чунки, инсон жасад, ақл ва руҳдан ташкил топган, бошқача айтганда, модда ва руҳдан ташкил топган. Руҳ гўёки ёнма-ён ва қарама-қарши жойлашган ингичка, ипсимон ғаризалар (табиатлар) энергияси билан таъминланган бўлиб, улардан ҳар икки ғариза нафсда ёнма-ён жойлашган бўлади ва ҳар иккиси бир вақтнинг ўзида икки томонга қараб йўналган бўлади. Қўрқув ва умид, муҳаббат ва нафрат, воқеъга қараш ва хаёлотга берилиш, ҳиссий куч-тоқат ва маънавий куч-тоқат, ҳислар (яъни сезги аъзолари) идрок қилган нарсага ишониш ва ҳислар идрок қилмайдиган нарсага ишониш, индивидуаллик (яъни, шахсни жамоатдан юқори қўйиш) ва жамоавийлик, салбийлик ва ижобийлик ва ҳоказо ғаризалар кўриб турганингиздек, ёнма-ён ва қарама-қарши жойлашган. Бироқ, шунга қарамай, уларнинг ҳар бири инсон вужудининг ҳаёт билан боғланишида ўзига хос вазифаси – ролини адо этади, худди ҳар томонга қоқиб қўйилган қозиқлар каби инсоний вужудни ҳамма томонидан тортиб туради, шу билан бирга унинг уфқини ва ҳаётий фаолият майдонини кенгайтириб туради. Натижада инсон битта доирага ва битта чегарага чекланиб қолмайди. Инсон ҳаётида мувозанат ва такомиллашув вужудга келиши учун мазкур ғаризаларнинг барчасига ўз ҳаққини ошиқча ҳам, кам ҳам қилмаган ҳолда бериш зарур бўлади.

Жамоат мусулмон кишининг барча куч-тоқатларини ишга солиб турадиган ва барча ғаризалар бир вақтнинг ўзида баробар ва ёнма-ён ишлашига имкон яратиб берадиган ягона ўриндир. Шундагина баркамол ва мувозанатли, ҳар қандай эгриликдан холи ва шайтоннинг найранг ва иғволаридан ҳимояланган шахсият вужудга келади.

Мусулмон киши жамоатдан ажралиб, узлат ва ёлғизликни ихтиёр қилган ҳолатда ўз-ўзидан унинг айрим куч-тоқат ва имкониятлари ишламай қолади. Натижада, унинг шахсиятида халаллик ва издан чиқиш пайдо бўлади. Унда пайдо бўлган бўшлиқдан инсон ва жин шайтонлари уни адаштириш ва йўлдан оздириш учун фойдаланиб қолишга уринади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас: «Бўлинишдан сақланингиз ва жамоатни лозим тутингиз! Зеро, шайтон бир киши билан бирга, икки кишидан узоқроқдир. Кимда-ким жаннатнинг ўртасидан жой истаса, жамоатни лозим тутсин!» (Имом Термизий «Сунан»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган: 9/10).

 

4) Йўлларига тўғоноқ бўладиган ҳар қандай тўсиқ ва қийинчиликларни енгиб ўтишга ёрдам берадиган билим ва тажриба жамғармасининг кўпаймаслиги

Чунки, Аллоҳнинг динига амал қилиш тиканлар билан тўла ва хатарлар билан ўралган йўл демакдир. Закий ва хушёр мусулмон киши мазкур хатарларни енгиб ўтишга ва тиканлардан қутулишга имкон берадиган билим ва тажрибаларни ўзида жамғариб олган бўлади.

Бу ҳаётда эса мусулмон киши билим ва тажриба ҳосил қилиши учун одамлар ичида яшаш ва уларга аралашишдан кўра қулайроқ ўрин йўқдир.

Амал қилувчи мусулмон ўзини жамоатдан узоқлаштирган ва узлатни ихтиёр қилган пайтида мана шу яхшиликлардан ва билим-тажрибалардан маҳрум бўлади ва бир умр дунёқараши тор ва оёғи остидан нарини кўролмайдиган бўлиб, энг оддий муаммоларга ҳам қандай юзланиш кераклигини билмайдиган ҳолда яшаб ўтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларидан келиб чиқадиган маъно ҳам шунга далолат қилса ажабмас: «Яхши суҳбатдош билан ёмон суҳбатдошнинг мисоли мушк сотувчи (аттор) билан  (темирчининг) босқонига дам урувчига ўхшайди. Мушк сотувчи ё мушкидан сизга ҳадя қилади ё ундан сотиб оласиз ё ҳеч бўлмаса ундан хушбўй атр ҳидини топасиз. Босқонга дам урувчи эса ё кийимингизни куйдиради ё эса ундан бадбўй ҳид топасиз» (Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

 

5) Дилларига умидсизлик ҳукмрон бўлиши

Бу эса охир-оқибат уларни футурга олиб боради. Чунки, Аллоҳнинг динига амал қилувчи мусулмон кишига, хусусан ҳозирги асрда, вақти-вақти билан шайтон келиб, қуйидаги саволларни кўнглига ташлайди:

«На илож, ислом умматининг ичида ҳам, ташида ҳам Аллоҳнинг душманлари тўлиб ётган бўлса?! Улар ислом оламининг бўғзидан маҳкам тутиб олишган бўлса, маккор режалари, ифлос услублари бўлса?!»

Одамларга аралашиб, жамоат ичида амал қилиб юрган мусулмон киши ўзининг бу майдонда ёлғиз эмаслигини, бошқалар ҳам у билан бирга айни йўлда бирга бораётганини, уларнинг душманга юзланишга ва душманнинг макр-ҳийла ва режаларини барбод қилишга ёрдам берадиган имконият ва услублари борлиги билан ушбу саволларни даф қилишга қодир бўлади. Аммо, жамоатдан четланган ва ёлғиз амал қилиб юрувчи бўлса, ушбу саволлар қайта-қайта миясини чулғаб олаверади ва уларга жўяли жавоб топишга қийналади. Охир-оқибат дилига умидсизлик ин қуриб, футурга дучор бўлади ва кўп ҳолларда (Аллоҳ сақласин) Аллоҳнинг динига амал қилишни тўхтатиб ҳам қўяди.

 

6) Ажру савоб жамғармаларининг камлиги

Чунки, одамлар билан бирга, жамоатга аралашиб юрган киши ўз олдида ажру савоблар ҳосил қилиш учун жуда катта имкониятлар ва кенг майдонлар топади. Ўзи фойдаланадиган ёки бировларни фойдалантирадиган илм мажлисларида иштирок этиши, бемор кишиларни бориб кўриш ва биродарларни зиёрат қилиш, бирон неъматни табриклаш, мусибатга таъзия изҳор қилиш орқали дўстлик ришталарини мустаҳкамлаши мумкин, одамларни яхшиликка йўллаши, уларнинг ҳожатларини барор қилиш ёки шавкатларини кучайтириш учун мадад қўлини чўзиши мумкин ва ҳоказо.

Ёлғиз ва жамоатдан четланиб яшайдиган киши эса мана шу майдонларнинг ҳаммасидан маҳрум бўлади ва демакки, ажру савоблари жамғармаси кўпаймайди.

 

7) Ўз ҳаётларида Аллоҳнинг динини барпо қилишга ҳаливери қодир бўлмасликлари

Чунки, ботил ер юзини ёмонлик ва фасод ўчоғига айлантириш мақсадидаги ҳаракатидан бир лаҳза ҳам тинмайди. Қачонки, ҳақ аҳли майдондан қочса ёки амал майдонида бўлиниб-сочилиб кетса, ҳар ким ўзи ёлғиз амал қилишни афзал кўрса, Аллоҳнинг динига амал қилувчи мусулмон киши салмоқли бирон ишни қилишга ё бирон вазифани адо этишга ҳаливери қодир бўлмайди.

Юқорида узлат сабаблари ҳақидаги сўзларимиз ичида келтирган насслар (ояту ҳадислар) ишора қилган маъно ҳам шу бўлса керак, аслида:

«Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз, ер фасодга дучор бўлади» (Бақара: 251).

«Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди. Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир» (Ҳаж: 40).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳнинг белгилаб қўйган чегараларида турувчи киши билан уларни бузиб кирувчи кишининг мисоли кемада қуръа билан жойлашиб, баъзилари юқори қисмига, баъзилари қуйи қисмига ўрнашган кишилар мисоли кабидир. Қуйи қисмидагилар агар сув олмоқчи бўлсалар юқоридагиларни оралаб ўтар эдилар. Шунда улар: «Биз ўзимизга тегишли жойдан тешиб олсак-да, юқоридагиларга озор етказмасак», дейишди. Агар уларни қилмоқчи бўлган ишларига тек қўйиб қўйилса ҳаммалари ҳалок бўлишади. Агар қўлларидан ушлаб қолишса ҳаммалари нажот топишади» «Имом Бухорий Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

 

8) Одамлардан четланиш ва жамоатдан ажралиш билан ўзларини гуноҳга ва Аллоҳнинг азобига дучор қилишлари

Мусулмон киши Аллоҳнинг ғазабига қандай тоқат қила олади, Унинг азобини қандай кўтара олади?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларидан кўзда тутилган маъно-мазмун ҳам шу бўлса ажабмас: «Ким (имом-бошлиққа) итоатдан чиқиб ва жамоатдан ажралиб ўлса, жоҳилият ўлимидек ўлим топади» (Имом Муслим Абдуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).

Бу айтиб ўтилганлар жамоатдан четланиш ва ёлғизликни афзал кўришнинг динга амал қилувчиларга кўрсатадиган асоратлари бўлиб, бир сўз билан айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари маъносидан олингандир: «Ким жамоатдан бир қарич ажралса, бўйнидан ислом бўйинбоғини ечиб ташлабди» (Имом Бухорий ривояти).

Гўё бу сўзлари билан айтмоқчи бўладиларки, кимда-ким иттифоқ қилинган бир ишда жамоатдан чиқса ва ундан ажралса, ўзини ҳалокатга ва зое бўлишга маҳкум этибди. Чунки, бундай кишининг юқорида биз санаб ўтган ишларга ёки ҳеч бўлмаганда уларнинг айримларига тушиб қолишидан хотиржам бўлинмайди. Бўйнида бўйинбоғи бўлган чорва ҳайвони йўқолиб қолиш ва ҳалокатга дучор бўлишдан сақланиб тургани каби мўмин кишини ҳам жамоат ана шундай хатарлардан сақланиб туришига сабаб бўлади.

Аввалига қайтиш

Давомига ўтиш

    ЮқоригаÎ