Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

حضارة العبيد

Қуллар маданияти

Шайх Муҳаммад Ҳассон

Ислом Нури таржимаси

(Давоми)

Учинчи: Ислом ва ягона инсонийлик маданияти

Мусулмон биродарлар! Ислом бутун инсониятни Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида худди тароқ тишлари каби баб-баробар қилиш учун, на ранг, на ирқ, на жинс, на ватан учун таассубчиликни қолдириш учун келди. Ислом одамларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло олдида теппа-тенглигини таъминлаш учун келди.

Илк лаҳзаларидан бошлаб Ислом Аллоҳ таолонинг мана бу ояти билан ягона инсонийлик шиорини баланд кўтарди: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот: 13).

Аллоҳу акбар!! Илк лаҳзалардан бошлаб Ислом мана шу буюк пойдеворни қўйди.

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ва мол-дунёларингизга қарамайди, балки қалбларингизга ва амалларингизга қарайди» (Имом Муслим (№2564), имом Аҳмад (2/285) ривоятлари).

Имом Аҳмад саҳиҳ санад билан, шунингдек Байҳақий «Сунан»ида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташриқ кунларининг ўртаси куни бизларга хутба қилиб: «Эй одамлар, билингки, Парвардигорингиз биттадир, оталарингиз биттадир, арабнинг ажам устидан, ажамнинг араб устидан, қоратанлининг қизилтанли устидан, қизилтанлининг қоратанли устидан ҳеч қандай афзаллиги йўқ, фақат тақвоси билан (афзал бўлиши мумкин)», дедилар. «Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир».

Ранг билан ранг ўртасини, жинс билан жинс ўртасини, ер билан ер ўртасини фарқламайдиган ягона инсонийлик ғоясига асос солган, бировнинг бошқа бировдан афзаллигини фақат тақво ва солиҳ амал билангина ўлчайдиган —Исломдир. «Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот: 13).

Макка фатҳ этилган куни Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам айни шу асосни яна бир бор мустаҳкамладилар. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, ҳасан ҳадис деган, шунингдек Абдулоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ҳам ривоят қилиб, ҳасан, ғариб ҳадис деган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳи куни туриб: «Эй одамлар! Аллоҳ сизлардан жоҳилият такаббурлигини ва ота-боболарни улуғлашни кетказди. Огоҳ бўлингки, инсонлар Одамдан, Одам эса тупроқдан яралган», дедилар, сўнг Аллоҳ таолонинг: «Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот: 13) оятини тиловат қилдилар.

Ислом ҳабаший Билол, ғифорлик Абу Зар, ансорий Муоз, румлик Суҳайб, форслик Салмон, қурайшлик Ҳамза ўртасида тенглик пайдо қилиш учун келди. Насаблар билан фахрланишган пайтда Салмон розияллоҳу анҳу шундай шеър ўқигандилар:

«Менинг отам Исломдир, ўзга отам йўқдир, бас,

Майли, мақтансин улар отам Тамим деб ё Қайс».

Умар розияллоҳу анҳу бу шеърни эшитиб йиғладилар ва баланд овозда Салмоннинг шеърини такрорладилар:

«Менинг отам Исломдир, ўзга отам йўқдир, бас,

Майли, мақтансин улар отам Тамим деб ё Қайс».

Ислом форс Салмонини юксакларга кўтарди, куфр эса аслзода Абу Лаҳабни тубанликка туширди.

Энди сизларга битта савол, Ислом олиб келган мана шу ягона инсонийлик ғоялари худди БМТ инсон ҳуқуқлари декларацияси каби тортмаларда чанг босиб ётишдан бошқа нарсага ярамайдиган оддий бир варақ қоғоз бўлиб қолдими?! Ёки ушбу ғоялар худди Француз революциясининг эркин фикр-ғоялари фақат Франциянинг ўзига чекланиб, унинг мустамлакалари ва бошқа ўлкаларига алоқаси бўлмагани каби, уларни биринчи бор кўтариб чиқилган диёрнинг ўзига – Мадинаи Мунавварага чекланиб қолдими?! Ёки ислом маданияти бу фикр-ғояларни худди Америка Нью Йоркдаги катта майдон ўртасига тиклаган, шаҳарга кириб келаётган киши биринчи унга тўқнаш келадиган Озодлик ҳайкали мисоли ёлғон ва бир пулга қиммат ҳайкаллар тимсолида гавдалантирдими?! Ҳолбуки, Американинг ўзи ўз еридан ташқарига озодликни лаънатлаш, озод, шарафли, покиза инсонларни эзиб-янчиб ташлаш учун чиқиб борди!! Ислом маданияти шундай қилдими?! Аллоҳга қасамки, йўқ!! Тарихни ўқинг, тарих энг яхши гувоҳ! Ислом мазкур асос-ғояларни ҳаёт манҳажига ва одамлар оламида кўриб, эшитиб туриладиган воқеликка айлантириш учун нима қилди?!

Амалий далилларни энг аввал маданиятимиз дарғаси, замонлар ва асрлар оша ўрнак ва намуна бўлиб келаётган раҳбаримиздан, ўзлари кўтариб чиққан ушбу асос ва ғояларни воқеликдаги юксак ва порлоқ ҳаёт манҳажига айлантирган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келтирамиз.

«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: «Ўғирлик қилган Бани Махзумлик бир аёлнинг иши Қурайшни ташвишга солиб қўйди. Улар (унинг қўли кесилишининг олдини олиш мақсадида) мана шу аёлнинг ишини ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб бераркан, дейишди, сўнг бунга фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюклиси Усома ибн Зайднинг журъати етиши мумкин, деган қарорга келишди. Усома розияллоҳу анҳу ўғри аёлнинг гуноҳини сўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилганида, «Сен ҳали Аллоҳ белгилаган ҳад-шаръий жазо хусусида ўртага тушмоқчимисан?!», дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб хутба қилдилар: «Сизлардан аввалгилар ораларидаги бирон обрў-эътиборли шахс ўғирлик қилса индамай, заиф киши ўғирлик қилса, жазога тортганликлари боис ҳалок бўлишди. Аллоҳга қасам-ки, агар Фотима бинт Муҳаммад ўғирлик қилса ҳам, қўлини кесган бўлардим» (Бухорий (№3475), Муслим (№1661) ривоятлари).

Бу ягона инсоний тенгликнинг амалий татбиқидир.

Яна бир мисол: Абу Зар ал-Ғифорий оқтанли, Билол Ҳабаший эса қоратанли ҳабаш эди. Ҳар иккаласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба эдилар. Бир куни ўрталарида гап қочиб, низо кескин тус олди ва Абу Зар Билолни: «Эй қора хотиннинг боласи», деб ҳақорат қилди. Билол ғазабланиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, Абу Зарнинг гапини айтиб берди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ ғазабландилар ва Абу Зарга қараб: «Эй Абу Зар, уни онаси билан ҳақорат қилдингми?! Сен жоҳилият (феъл-атвори) бор киши экансан!», дедилар. Шундан сўнг Абу Зар айтган гапига пушаймон бўлиб, йиғлади.

Қаранг, бу пушаймонлик Абу Зарни нақадар юқори чўққиларга кўтарди! У юзини ерга қўйиб, қасам ичдики, иккинчи юзини Билол оёғи билан албатта босади!! Буни Ислом дейдилар!

Рухсатларингиз билан яна бир воқеани айтиб берай. Кошкийди буни барча араб ҳокимлари эшитса! Амирул муъминийн Умар ибн Хаттоб бир куни тунда Мадинага кириб келган карвонни кўриб, Абдурраҳмон ибн Авфга: «Эй Абдурраҳмон, бу кеча ажрга эга бўлишни истайсизми? Келинг унда, тун бўйи шу карвонга қўриқчилик қиламиз», дедилар!!.

Бутун дунё эшитсин, ёлғончи ғарб маданияти эшитсин бу ягона инсонийлик маданияти намунасини!!

Умар билан Абдурраҳмон шу кечани намоз ўқиб, қўриқчилик қилиб ўтказдилар. Шу орада Умарнинг қулоғига карвон ичида бўлган бир гўдак йиғиси чалинди. Умар йиғи овози келган томонга яқинлашиб, гўдакнинг онасига: «Ҳой, Аллоҳдан қўрқ, болангга қарасанг бўлмайдими?!», дедилар.

Бола йиғиси, дунёда у учун энг яқин кишиси бўлган онасининг бағридаги бола йиғиси ҳокимнинг қалбини ҳаракатга келтирмоқда!! Амирул муъминийннинг, давлат бошлиғининг дили онасининг бағрида ётган гўдак йиғисидан жунбушга келмоқда!! Бомбалар, ракеталар, танклар, ўқ ёмғирлари остидаги эмас, ўз онасининг қучоғидаги бола йиғиси у кишини безовта қилмоқда!  Умар боланинг онасига: «Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара!», дедилар. Сўнг қайтиб бориб, яна намозларига машғул бўлдилар. Бироздан сўнг бола яна йиғлай бошлади. Умар яна аёлга яқинлашиб: «Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара! Назаримда, сен яхши онага ўхшамайсан», дедилар. Шунда ҳалиги аёл Умарни танимасдан: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Бу кеча сен кўп ғашимга тегдинг», деди, сўнг: «Мен боламни мажбуран сутдан айирмоқдаман», деди. «Нега, бунча ошиқмасанг?», сўрадилар Умар. «Чунки, Умар ибн Хаттоб гўдакларга сутдан айрилганидан кейингина нафақа ажратади», жавоб берди аёл. Умар бу сўздан оҳ тортиб юбордилар, кўзларидан дувиллаб ёш оққан ҳолда ортларига бурилдилар. Абдурраҳмон ибн Авф айтадилар: «Шу куни Умарнинг йиғиси зўридан бамдод намозидаги қироатини одамлар англай олмадилар». Аллоҳу акбар!! Салом бериб, намоздан бурилгач, Умар соқолларини тутамлаб, йиғлаган кўйи: «Умарнинг ҳолига вой бўлсин! Қанча мусулмонларнинг болаларини ўлдирдинг экан эй Умар?!», дедилар.

Бутун дунё эшитиб қўйсин, ғарб раҳбарлари эшитиб қўйсин буни!!

Шундан сўнг Умар ибн Хаттоб шундай деб жар солдирдилар: «Гўдакларингизни сутдан айиришга шошилманглар, биз ҳар бир болага туғилган кунидан бошлаб нафақа ажратамиз».

Исломнинг буюклигидир бу, ягона инсонийлик намунасидир бу эй Аллоҳнинг бандалари!

Ҳар қанча фасоҳатли ва ҳар қанча сўзга уста бўлганимда ҳам, Ислом олиб келган ва пойдеворига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам асос солган бу ягона инсонийлик туйғуларини сўз билан ифодалаб беришга кучим етмаса керак эди!

Иккинчи хутба:

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Тўртинчи: Ислом маданияти ҳамда тенги йўқ, танҳо ахлоқлар

Севикли биродарим! Сизга ҳозир Ислом ҳатто урушлар ичра ва жанг майдонларида ҳам ахлоқ бобида ягона бўлган десам, ажаблансангиз керак. Ҳолбуки, қонни кўриш қонни гупиртиради, уруш дилда ҳамият ва интиқом ҳисларини уйғотади. Шунга қарамай, мен айтаманки, Ислом ҳатто урушлар ва жанг майдонларида ҳам ўзининг ахлоқида ягона бўлиб қолди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанг майдонида ётган аёл кишининг жасадини кўриб ғазабланадилар ва саҳобаларни бундай қилишдан қайтарадилар.

Абу Бакр Сиддиқ Усоманинг қўшинини жангга кузатар эканлар, кексаларни, аёлларни, черковларида ибодатига машғул бўлган кишиларни ўлдирмасликка, дарахтларни кесмасликка, мол-ҳолларни ейиш мақсадисиз бўғизламасликка буюрадилар.

Бу Исломнинг ҳатто, урушлар дунёсида ҳам унутмаган намунавий ахлоқларидир.

Тарихда бизнинг пайғамбаримизга қилинганча қувғин ва озорлар бошқа бирон кишига қилинмаган бўлса керак. У зот Маккадалик чоғларида кўп азиятлар чекдилар, бошларига тупроқ сочилди, саждада турганларида елкаларига нажосат ташланди, бўйинларидан қаттиқ бўғилиб, нафаслари чиқмай қолаёзди, диёрларидан қувғин қилиндилар, уйларидан ва мол-мулкларидан маҳрум қилиндилар, асҳоблари ҳам қаттиқ азиятларга дучор бўлишди. Бу ҳам етмагандек, ватанларини ташлаб, Мадинага ҳижрат қилиб кетганларидан кейин ҳам мушриклар у зотни ўз ҳолларига қўйишмади, балки у зотга қарши қилич яланғочлашди. Энди шунча азиятлардан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ этилган кун ғолиб ва музаффар ҳолда турганларида, бутун Макка аҳли у зотнинг олдиларида қўл қовуштириб турганида уларга шундай хитоб қилдилар: «Эй Қурайш жамоаси, мени сизларга нима муомала қилади деб ўйлайсизлар?». Улар: «Яхшилик умид қиламиз, сиз олийжаноб биродарсиз, олийжаноб кишининг ўғлисиз», деб жавоб беришди. «Мен сизларга Юсуфнинг ўз ака-укаларига айтган гапини айтаман: «Бу кун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У зот раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғидир» (Юсуф: 92). Боринглар, барчангиз озодсиз», дедилар. (Илмий омонат юзасидан айтиб қўйишим керак, бу ҳадис заифдир).

Субҳаналлоҳ! Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғоят оғир соатлардаги ахлоқларига қаранг! У зот Тоифда тошбўронга тутилиб, қувғин қилингач ва Тоиф аҳли у зотга инсон инсонга нисбатан қиладиган энг жирканч муомалани қилишгач, у зотга: «Мушрикларга қарши истаган дуонгизни қилинг», дейилганида, зулмга дучор бўлган инсон қалби интиқом туйғулари билан тўлиб-тошадиган ана шундай соатда ҳам у зот нима дедилар?! «Мен лаънат айтувчи бўлиб юборилмадим, балки раҳмат бўлиб юборилдим. Эй Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қилгин, улар билмайдилар», дедилар!! (Имом Муслим (№2599) ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улуғ саҳобалари ҳам ушбу асосларни гўзал суратда татбиқ қилдилар. Бунга тарих гувоҳ! Аллоҳу акбар! Исломий фатҳлар ер юзида кенгайиб бориб, Умар ибн Абдулазиз халифалиги даврида Самарқандга етиб келди. Шунда Самарқанд ҳокими қозикалонга мактуб йўллаб, Самарқанднинг фатҳи ноҳақ бўлганини билдиради. Чунки, мусулмонлар шаҳарга зўрлик билан бостириб киришган, шаҳар аҳлига на жизя тўлашни таклиф қилишган ва на уруш эълон қилишган экан. Қозикалон Умар ибн Абдулазизни бу ҳақда хабардор этиб, элчи юборади. Умар ибн Абдулазизнинг жавоби эса, ислом қўшини зудлик билан шаҳарни ташлаб чиқиб кетсин, деган мазмунда бўлади. Самарқанд аҳли қўшин амирул муъминийн Умарнинг амрлари билан шаҳарни ташлаб чиққанини билгач, ҳаммалари фотиҳ лашкар ҳузурига «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ» деб, шаҳодат калималарини айтиб, чиқиб боради.

Исломий жанглар тарихи нурли тарихдир. Тарихни ўқисинлар, улар асосан воқеаларнинг жонли гувоҳлари томонидан ёзиб қолдирилган.

Сизлар Салоҳуддин Айюбийнинг салибчиларга қарши қандай жанглар олиб борганини яхши биласиз. Бироқ, яна бир нарсани, Салоҳуддин Қуддусни фатҳ қилган куни Исломнинг энг ашаддий душманлари бўлмиш салибчиларга исломий ахлоқнинг амалий намунасини тақдим этганини, у ўзининг ашаддий душмани Ричард Шерюракнинг бетоб эканини, керакли дори-дармонлари йўқлигини эшитиб, уни даволаш учун ўзининг хос табибини ва бунинг учун зарур дори-дармонларни юборганини биласизми?!. Бу қандай ахлоқ намунаси эди?!

Бир насроний аёл тунда фарёд кўтариб, ўзини Салоҳуддиннинг чодирига уради. Фарёди сабабини сўраганида мусулмон қўшини аъзоларидан бири унинг боласини тортиб олганини айтади. Шунда Салоҳуддин лашкарга қандай қилиб бўлмасин, болани онасига зудлик билан қайтаришни амр этади ва то бола онасига қайтарилганига ишонч ҳосил қилмагунча тинчимайди.

Муҳаммад Фотиҳ Константинополни (Исламбулни) фатҳ қилиб, Аё София соборига кирган куни мусулмон бўлмаганларга нисбатан исломий бағрикенглик намуналаридан яна бир гўзал намунани кўрсатиб, ундаги барса насронийларга омонлик берганини биласизми?! Тарих ҳануз бу воқеа қаршисида ҳурмат-эҳтиром билан бош эгади.

Тарихни ўқинг, биз у буюк ва пок зотларнинг, ҳатто жанг майдонларида қилган барча ишларини санаб ўтишга вақтимиз етмайди.

Бешинчи: Ислом маданияти ва ҳайвонларга раҳм-шафқат

Ислом ҳайвонларга раҳм-шафқат кўрсатиш асосларига ҳам Европа ва Америка ҳайвонларга раҳм-шафқат кўрсатиш жамиятлари ҳақида гапира бошлашидан анча илгари асос солганди. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бир аёл бир мушукни ўлгунча қамаб қўйиб, шуни деб азобланди ва шу мушук туфайли дўзахга кирди. Унга ўзи ҳам овқату сув бермади, ердаги ҳашаротлардан егани қўйиб ҳам юбормади». (Бухорий (№3318), Муслим (№2242) ривоятлари).

Бошқа бир саҳиҳ ҳадисда айтилишича: «Чанқоқдан ўлаёзган бир ит қудуқ атрофида айланаётганини кўрган Бани Исроиллик бир фоҳиша аёл оёқ кийимини ечиб, унга сув олиб, итни суғорди. Шу иши сабабли уни мағфират қилинди» (Бухорий (№3467), Муслим (№2245) ривоятлари).

Шундан келиб чиқиб, айтаманки, агар итларга раҳм-шафқат кўрсатиш фоҳишаларнинг гуноҳигаки каффорат бўлган экан, мўмин-мусулмон кишига раҳм-шафқат кўрсатишнинг ажри қанчалар бўлиб кетаркин?!

Аллоҳ таоло бир итни суғориб қўйиши сабабли Бани Исроиллик фоҳишанинг гуноҳини кечирибди!. Ислом ана шундай диндир.

Олтинчи: Омонатлар шодаси

Гапни чўзиб юбормаслик учун бир неча омонатларни санаб ўтаман. Ҳокимларимизнинг бўйнига тақмоқчи бўлганим омонатлар.. Уламоларимизнинг бўйнига тақмоқчи бўлганим омонатлар.. Ер юзининг ҳамма жойидаги муслим ва муслималарнинг бўйинларига осиб қўймоқчи бўлганим омонатлар..

Ҳокимларимиз бўйнида Исломни ва унинг ҳақиқатини етказиш, унга қарши курашмаслик, Аллоҳнинг йўлидан тўсмаслик, бутун дунёга Ислом ҳақиқатларини баён қилиш омонати бордир. Мен мусулмонларнинг ҳокимларини катта-катта йиғинларда фақат экстремизм ва террорчилик ҳақида гапиришларини кўриб, юрагим ачишади. Нима қиласиз ўзингизга ўзингиз тамға ёпиштириб, қўйинг энди бу каби энса қотирар нағмаларни, фурсатдан фойдаланиб оламга Исломнинг ҳақиқатини, Исломнинг буюклигини, Исломнинг адолатини, Исломнинг раҳматини етказиб қолинглар! Айрим мусулмонлар томонидан хато ишлар содир бўлаётган бўлса, ўша хатоларга катталаштирувчи ойналар орқали қараш, шу жамоа бўйнига сиёсий зулм, ижтимоий зулм, ахлоқий истибдод, синфий фасод деган нарсаларни илиб қўйиш керак эмас. Бундай қилиш адолатсиз тақсим бўлур эди. Субҳаналлоҳ!! Бу каби ишлар жаҳон театри саҳнасида ҳар куни ўйналмоқда. Фаластиндаги яҳудий экстремизмига нима дейсиз?! Босниядаги серб экстремизмига нима дейсиз?! Чеченистондаги рус шовинистлари экстремизмига нима дейсиз?! Кашмирдаги сигирпарастлар экстремизмига нима дейсиз?! Ер юзининг у ер, бу еридаги яна бошқа шу каби экстремизмларга нима дейсиз?! Айрим ёшлар томонидан содир бўлаётган баъзи хатоларга катталаштирувчи ойналар орқали қараш ярамайди. Аксинча, биз ўша ёшларга бағримизни очайлик, мухлис уламолар ва содиқ даъватчиларга имконият яратиб берилсин, улар ўша ёшларга ҳақиқатни баён қилсинлар, уларнинг қўлларидан тутиб, Ислом олиб келган улуғворлик, гўзал ахлоқлар, адолат ва раҳмат сари етакласинлар.

Уламолар бўйнига тақиб қўймоқчи бўлганим омонат: Эй умматнинг уламолари! Сизлар ҳидоят машъалаларисиз. Биз унда нифоққа, тилёғламачиликка, ялтоқиликка асло ўрин йўқ бўлган бир даврда яшаб турибмиз. Агар курсилар (креслолар) бирон кишига вафо қилганида эди, сизларга етиб келмаган бўларди. Курсилар кетади, мансаблар ўткинчи. Ҳозирда сизлар Аллоҳнинг дини учун қилишларингиз мумкин бўлган энг катта хизмат ҳокимларга холис насиҳат қилишдир, уларга одоб билан насиҳат қилиш, ётиғи билан ҳақни тушунтириш муносиб бўлади. Ҳа, одоб билан, биз одоб қоидаларидан асло чиқмаслигимиз, раҳбарларнинг ҳурматларини сақлаган ҳолда, юмшоқлик билан имкон қадар ҳақни етказиб қолишимиз даркор.

Мусулмонлар бўйнидаги омонат: Сизлар, эй мусулмонлар, Исломга ўз юриш-туришингиз билан, амалларингиз билан, ахлоқингиз билан гувоҳлик беринг! Қуруқ гаплар етар! На жарангдор хутбалар билан, на таъсирчан маърузалар билан Исломни ҳаётга қайтара оламиз. Эй муслим, эй муслима, бугун фақат сизнинг шу дин йўлидаги саъй-ҳаракатларингизга зарурат бор! Такрор ва такрор нидо қиламан, Исломни воқеликка айлантиринглар! Исломни масжидлар ичидан ҳаётий ишлар ичига олиб ўтинглар! Бутун дунё мусулмонларнинг ўз Исломлари сабабли юксакликка кўтарилганини кўрсин! Чунки, олам Исломга сизларнинг воқеий ҳаётларингиз орқали баҳо беради. Шифокор ўзининг исломига гувоҳлик берсин, муҳандис ўзининг исломига гувоҳлик берсин, олим ўзининг исломига гувоҳлик берсин, ишчи-хизматчи ўзининг исломига гувоҳлик берсин, ўқитувчи ўзининг исломига гувоҳлик берсин, аёл киши ўзининг исломига гувоҳлик берсин, ҳар ким ўзининг иш-амали, ахлоқи, юриш-туриши билан ўзининг исломига гувоҳлик берсин, Ислом ҳаётимизнинг ҳамма соҳасига кириб борсин, ер юзида ҳаракатланувчи воқеликка айланиб қолсин.

◄◄◄ Бошига қайтиш

 

   Юқорига