Ислом Нури

 

Китоблар 

 

 

6. Нима сабабдан калимага ишониш керак?

            Диндош биродарлар! Нега бизлар калимага ишонишимиз керак ва у бизларга нима манфаат келтиради? Бу муҳим саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Бизлар нима қилсак ҳам маълум мақсад, ё бир манфаатни кўзлаб қиламиз. Бизлар ҳеч бир ишни мақсадсиз ва эҳтиёжсиз қилмаймиз. Нега бизлар сув ичамиз? Чунки у чанқоқни қондиради. Агар сизлар тўсатдан, сув сизнинг чанқоғингизни қондирмаслигини аниқласангиз, у ҳолда келаси сафар ўз вақтингизни сув ичишга сарф қилмайсиз. Нега сизлар таомланасизлар? Ўз-ўзидан маълумки, очликни кетказиб, қувватингизни тиклаш учун. Агар таом сизларнинг талабингизни қондирмаса, у ҳолда табиийки, сиз буни бефойда амал деб ҳисоблар эдингиз. Нега сизлар касал бўлсангиз дори истеъмол қиласиз? Чунки сиз касалликдан шифо топишни истайсиз. Агар дорилар ёрдам бермаса, сиз уларни истеъмол қилишни тарк этасиз. Нима сабабдан сизлар ўз ерингизни шудгор қилиш учун бунчалик кўп меҳнат қиласиз? Буғдой, мева-чева ва сабзавотларини етиштириш учун. Агар бу уринишлардан кейин ҳеч нарса униб чиқмаса, сиз ўзингизни ерни ҳайдаш, кўчат экиш каби дала ишлари билан қийнамайсиз. Шундай қилиб сизлар, доимо маълум мақсад билан иш қиласиз. Агар бу мақсадингизга етсангиз, бу меҳнатингиз самаралидир, акс ҳолда бесамара, бефойда бўлади.

 

Охиратдаги бахт-саодат

            Бу нарсаларни эсдан чиқармай туриб, келинг бир ўйлаб кўрайлик: нега калимани айтишимиз керак? Жавоб табиий, кофирни мусулмондан ажратувчи чизиқ тортиш учун. Лекин бу ажратишнинг моҳияти нимада? Бу, кофирлар иккита кўзга эгаю, мусулмонлар эса тўрттага деганими? Ёки кофирлар битта, мусулмонлар эса икки бошга эга деганими? Сизлар албатта йўқ дейсиз.  Бу, кофир ва мусулмонлар ҳаётининг натижалари орасида фарқ бўлиши кераклигини билдиради. Кофирлар ҳаётининг натижаси-муваффақиятсизликдир. Улар дунёю охиратда Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлиб, бутунлай расво бўлишади ва шу вақтнинг ўзида мусулмонларни гўзал оқибат кутади. Улар Роббиларини рози қилишади ва бахт-саодатга эришишади.

 

Дунё ва охират

            Энди эса менга айтингчи: Дунё ва охират нима дегани ўзи? Охират диёрида мағлубиятга учрашлик нима дегани? Муваффақиятга эришиб, охиратда бахтли бўлиш нимани билдиради? Биринчи савол ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жавоб берганлар, -«Бу дунё охиратнинг экинзоридир».

            Бу дунё ва охират икки алоҳида-алоҳида нарса эмас, балки яхлит узлуксиз жараёндир. Ушбу жараён бу дунёда бошланиб, охиратда тугайди. Уларнинг орасидаги боғланиш худди ернинг шудгори ва ҳосил йиғими кабидир. Сизлар ерни ҳайдайсиз, уруғ экасиз, суғорасиз ва то ҳосил етилгунча экинзорни парвариш қиласиз. Олинган ҳосил билан бир йил ҳаёт кечарасиз.

            Ўз-ўзидан маълумки, сизлар нима эксангиз шуни йиғиб оласиз. Агар буғдой эксангиз, буғдойгина ўсиб чиқади. Агар тиканак эксангиз, тиканак ўсиб чиқади, холос. Агар ҳеч нима экмасангиз, ҳеч нима ўсиб чиқмайди. Сизлар ерни ҳайдаш, экин экиш, суғориш ва экинни парвариш қилиш вақтида қандай хатоларга йўл қўйган бўлсангиз, улар ҳосил йиғими вақтида ўзини  кўрсатади. Аммо агар сиз барча тадбирларни тўғри, ўз ўрнида қилган бўлсангиз, бунга ҳосил йиғими вақтида тўла мукофот оласиз.

            Бу дунё ва охиратнинг орасидаги мутаносиблик ҳам, худди шундай. Бу дунё ишлов бериладиган ерга ўхшайди. Инсон дунёга  меҳнат қилиб, охрати учун ҳосил етиштириш мақсадида юборилган. Бу вазифа учун унга маълум муддат, туғулишдан то ўлишигача вақт берилган. У ниманики эккан бўлса, ўлимидан кейин йиғиштириб олади ва бу ҳосил унга охиратга захира бўлади. Агар сизлар бу дунё экинзорига яхши уруғ сепиб, суғориб уни бутун ҳаётингиз давомида парвариш қилган бўлсангиз, у ҳолда охират диёрида ўз меҳнатингиз самарасини гўзал боғлар шаклида топасиз. Сиз бутун ҳаётингиз давомида ғайрат билан парвариш қилиб етиштирган боғларингиз ҳосилида бахтиёр ҳаёт кечиришингиз мумкин. Сизлар ундан кейин тиришиб меҳнат қилмайсиз. Мана шу- жаннат, муваффақият ва охиратдаги мукофотдир.

            Бунинг зидди ўлароқ, агар сиз тиканак экиб, бутун умрингиз давомида аччиқ ва заҳарли мевалар ўстирсангиз, охират диёрида ҳам худди шундай ҳосилни йиғиштириб оласиз. Сизларга яхши уруғ экиш учун яна бир бор имконият барилмайди ва сизлар шу ёмон захира билан кун кечиришга мажбур бўласиз. Сизлар ўзингиз ўстирган тиканли ўриндиқларда ётиб, меҳнатингиз самараси бўлган аччиқ ва заҳарли меваларни ейишга мажбур бўласиз. Мана бу- охиратдаги муваффақиятсизлик ва ҳалокатдир.

 

У дунёдаги муваффақият

            Мен тасвирлаб беришга уринган охират диёри ҳаётининг моҳияти, Қуръон ва ҳадисларда ифодаланган. Инсоннинг ўлимидан кейинги муваффақият ёки ҳалокат,  унинг дунё ҳаётидаги билим ва амаллари тўғри ёки нотўғри бўлганлигига боғлиқдир.

            Юқорида айтиб ўтилган нарсалардан, охиратдаги кофир ва мусулмонларнинг ўртасидаги фарқ, уларнинг бу дунёдаги ҳаётлари орасидаги фарқга боғлиқ эканлиги келиб чиқади. Агар бу дунёда мусулмон ва кофирларнинг билим ва амалларида фарқ бўлмаганда, охиратдаги уларнинг ҳолатлари орасида ҳам фарқ бўлмас эди.

            Мусулмонларнинг билимлари ва феъл- атворлари худди кофирларникидек бўлишини тасаввур қилиб бўлмайди.

Калиманинг асл мақсади

            Биз аввал айтганимиздек Калимайи Тоййибани такрорлашдан мақсад, инсонларни кофир ва мусулмонга ажратишдир. Энди эса, бу дунё ва охират     ҳаётининг моҳиятини муҳокама қилиб, ўз жавобимизни аниқлаштиришимиз керак. Энди сизлар калиманинг асосий мақсади, инсон у дунёда бахт-саодатга эришмоғи учун дунё ҳаётида инсонларнинг мафкура ва амалларини тўғри шакллантириш учун керак экан деб, айтсангиз керак. Бу калима бизларга ҳосилини охиратда йиғиб оладиган боғни ўстиришни ўргатади. Агар бизлар калимага ишонмасак охират диёрида унинг ҳосилини йиғиб оладиган бу боғни қандай қилиб ўстирамиз? Ва бизлар калима сўзларини, ўз қарашларимизни ўзгартирмай талаффуз қилсак ва бизнинг амалларимиз кофирларникидек ўзгармай қолаверса, натижа ҳам худди, калимани айтмаган каби ўзгаришсиз қолаверади.

            Ундай бўлса, ўз фикр ва амалларимизни ислоҳ қилмай калимани айтиш бесамара, бефойда эканлигига мен билан қўшилсангиз керак. Чунки у ҳолда, бизнинг тақдиримиз кофирларнинг тақдиридан фарқ қилиши учун бирон-бир сабаб топилмайди. Калимани оддий айтиш билан, биз Роб таолони   ҳеч нимага мажбур, қарздор қилиб қўймаймиз.

            Агар сизлар боғ ўстиришни ўрганмай, бунинг ўрнига бутун ҳаётингиз давомида ерга тиканак экиб юрган бўлсангиз, у ҳолда охират диёрида гуллаб яшнаган, ҳосилдор боғга меросхўр бўлишни умид қилмасангиз  ҳам бўлади.

            Мана бу оддий мисол сизга, бир ишни қилсангизу, қилмасангиз натижа бир хил бўлса, бу ишни қилиш бефойда эканлигини кўрсатиб беради. Агар дорини истеъмол қилгандан кейин, беморнинг аҳволи яхшиланмаса бу дори, дори эмас. Худди шундай, калимани айтган кишининг дунёқараши ва амаллари уни айтмаган кишиникидек ўзгармай қолаверса, у ҳолда бу такрорлаш беҳудадир. Агар кофир ва мусулмонларнинг турмуш тарзлари орасида фарқ бўлмаса, у  ҳолда охиратда улар орасида қандай фарқ бўлиши мумкин?

Калима бизларга  нимани ўргатади?

            Калимайи Тоййиба бизларга берадиган билимларнинг моҳияти нимадан иборат? Билимларни эгаллагандан кейин кофир ва мусулмонларнинг феъл-атворлари нима билан фарқ қила бошлайди?

            Биринчи: Аллоҳга итоат. Сизлар калимадан ўзлаштирадиган биринчи нарса, бу, сиз Аллоҳнинг ва фақат Аллоҳнинг бандаси эканлигиздир. Бу муҳим ҳақиқатни яхши тушуниб олинг ва шунда сизлар, бу дунёда кимнинг бандаси бўлсангиз, унинг хоҳишига мувофиқ ҳаёт кечиришингиз зарур эканлигини англайсиз. Бундай қилмаслик ўз Хожангизга қарши чиқиш билан баробардир.

            Иккинчи: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қулоқ солиб, эргашиш. Сизлар калимадан ўрганадиган иккинчи нарса, бу, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Аллоҳнинг элчиси ва бандаси эканлигидир. Буни билгандан кейин, бу дунёда тиканли ва заҳарли ўсимликлар ўрнига, гул ва мевалар етиштиришни у киши ўргатгандек олиб бориш кераклиги сизларга ўз-ўзидан равшан бўлади. Агар сизлар у кишига эргашсангиз у дунёда улкан, мўл  ҳосил йиғиб оласиз. Аммо агар сизлар унинг йўлига зид иш тутсангиз, у ҳолда бу дунёда тиканак ўстириб, охиратда унинг ҳосилини йиғиб оласиз.

 

Амаллар билимларга мувофиқ бўлиши керак

            Билимларни эгаллагандан кейин, амалларни ҳам унга мувофиқлаштириш керак бўлади. Агар сизлар бир кун ўлишингизга ва ўлимдан кейин бошқа бир ҳаёт борлигига ва у ҳаётингизда, фақат бу дунёда, уни тарк қилишдан аввал ўстириб кетган ҳосилингиз эвазига кун кечиришингизга ишонсангиз, у ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган йўлдан бўйин товлашингиз ақлга сиғмайди. Нима сабабдан сизлар бу дунёда ўз ерингизга ишлов берасиз? Чунки бусиз ҳеч нима ўсиб чиқмайди ва сиз очликдан ўласиз. Агар бундай бўлмаганда, ёки сизлар ҳосил етиштирмай қорнингизни тўйғазишга қодир бўлсангиз эди, у ҳолда сизлар ҳеч вақт бундай оғир меҳнат қилмаган  бўлардингиз. Хуллас калом, сизларнинг хатти-ҳаракатингиз билимларингизга мос равишда ўзгаради.

            Энди эса, ўзингизнинг калимага нисбатан тутган мавқейингиз ҳақида шу йўсинда бир фикр юритинг. Сизлар Аллоҳни Хожангиз ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳнинг Расули деб тасдиқлаяпсиз. Шунингдек, ўлимдан кейин ҳаёт борлигига аниқ ишонаяпсиз. Бироқ нега сизнинг хатти-ҳаракатингиз Қуръон таълимоти ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига зид келмоқда? Бу иймон заифлигининг  аломатидир. Агар сизлар охиратдаги тақдирингиз, сизнинг бу дунёдаги феъл-атворингизга боғлиқ эканига ишонсангиз, у ҳолда сизлар ҳеч вақт Раб таоло Сизлардан талаб қилган нарсаларга бунчалик эътиборсизлик билан қарамас эдингиз. Фақат тиканак экиб, ундан яхши ҳосил йиғиб олишни умид қилган кимсагина шундай қилиши мумкин. Сизлар чўғ қўлингизни куйдиришини билган ҳолда ҳеч вақт уни қўлга олмайсиз. Фақат ёш гўдакгина нима бўлишини билмаган ҳолда қўлини чўғга уради.   

 

  2-қисм

 ИСЛОМ

7. Қалбаки илоҳлар

Диндош биродарлар! Келинглар энди ўзини мусулмон ҳисоблаш учун зарур бўлган энг қуйи шартларни ўрнатишга ҳаракат қилайлик.

Куфр ва Ислом нима?

Биринчи навбатда сизлар бир муҳим нарсани эсга олишингиз керак. Куфр нима-ю, Ислом нима? Куфр бу Аллоҳга бўйсунмаслик, Ислом эса, ёлғиз Аллоҳга тўлиқ бўйсуниш ва Илоҳий дастурга зид бўлган ҳар қандай ғоя, қонун-қоидаларни рад қилишдир.

Ислом ва куфр орасидаги бу фарқ Қуръонда яққол ифодаланган. Аллоҳ айтади: 

«Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир».  (Моида: 44).

Бу ерда ҳукм қилиш, оддий маҳкама жараёнини ифодаламайди, балки ҳар кунги ҳаётимизда бизнинг тарафимиздан қабул қилинган ечимлар мажмуасидир.

Сизлар доимо ўзингиздан, бу ишни қилиш керакми ёки йўқми ва турли ҳолатларда қандай йўл тутиш керак деб сўрашингиз шарт. Ҳар қандай муаммоларни ҳал қилиш ечимлари ягона йўл, яъни Парвардигорнинг китоби ва Расулининг суннатида берилгандир. Бошқа йўл, маслаклар, сизнинг хоҳишингиз, урф-одат ва жамият ёки инсонларнинг қонунлари билан бошқарилади. Агар сиз Аллоҳнинг йўлини тан олмасангиз ёки инкор қилсангиз ёки бошқача ҳаёт кечиришни истасангиз, у ҳолда сиз куфр йўлида юрган бўласиз. Агар сизлар доимо ва ҳар қандай ҳолатда шундай қилсангиз сиз ҳақиқий кофирсиз. Аммо агар сиз баъзи бир ҳолатларда Аллоҳнинг фармонларига бўйсуниб, бошқа масалаларда эса ўз хоҳишингиз, жамият ёки инсонларнинг қонунларига эргашсангиз, у ҳолда сиз қанчалик осийлик қилган бўлсангиз, шу даражада куфрда айбланасиз. Сиз ярмига, ё чорак ёки камроқ қисмга кофир бўлишингиз мумкин. Содда қилиб айтганда, куфр Аллоҳнинг қонунларига қанчалик бўйсунмасликка қараб ортиб боради.

 

Ислом бу, тўлиқ бўйсунишдир

Ислом, фақат Аллоҳга бўлган комил суратдаги итоатдан ўзга нарса эмас. Мусулмон на ўзининг, на ота-бобосининг, на оила ва на миллатининг, на бирон-бир раҳбар, генерал, мулла, шайх ёки бошқа бир кишининг хизматкори, қули эмас. У фақат Аллоҳнинг қулидир. Аллоҳ айтади:

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй аҳли китоб (яъни яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз-ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бирларимизни Аллоҳдан ўзга Худо қилиб олмайлик. Агар улар (яъни аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўъминлар): «Гувоҳ бўлинглар биз мусулмонлар-ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз!» (Оли-Имрон: 64). 

Ва яна:

«Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибдику. Ўшалар ҳам фақат Унинг ўзига қайтариладилар-ку!»(Оли-Имрон: 83).

Бу ерда яққол ва қатъий равишда бир муҳим асосий нуқта таъкидланади. Ҳақиқий дин Аллоҳга тўлиқ бўйсуниш ва итоат демакдир. Аллоҳга бўйсуниш, фақат кунига беш бор эгилиш дегани эмас. Бу, Унинг фармонлари доимо бажарилиши кераклигини билдиради. Сиз У тақиқлаган нарсадан ўзингизни тўхтатиб, У буюрган нарсаларни қилишингиз зарур. Ҳар бир ишда Аллоҳнинг ҳукми билан иш тутинг. Ҳеч вақт бир нарсанинг яхши ё ёмонлиги хусусида ўз хоҳишингиз, фикрингиз, ота-боболарнинг кўрсатмалари, қариндош-уруғларингиз талаби, жамият қонунлари, дин уламолари ва бошқа кишиларнинг буйруғи ва хоҳиши бўйича ҳукм қилманг. Агар сиз Аллоҳдан ўзганинг буйруғи ё истаги бўйича Аллоҳ айтганига хилоф иш тутсангиз, у ҳолда бу кишини илоҳ даражасига кўтариб қўясиз. Бу эса, фақат Аллоҳга хос мавқеъни унга бериш деганидир.

«Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир. У фақат ҳақни сўзлар».(Анъом: 57).

Ибодат қилинишга сизларни яратган, сизларни ризқлантирувчи ягона Аллоҳгина лойиқдир. Ердаги ва осмонлардаги барча жонзот Унгагина бўйсунади. Ҳеч бир тош бошқа тошга, ҳеч бир дарахт бошқа дарахтга, ҳеч қайси ҳайвон бошқа ҳайвонга бўйсунмайди. Наҳот сизлар, шу ҳайвон, дарахт ва тошларчалик бўлмасангиз. Сиз ўзингиз каби инсонларни илоҳлаштириб, уларга буйин эгяпсизлар. Мана шу, Қуръоннинг асосий, содда ва равшан мурожаатидир.

 

Йўлдан оғишнинг уч сабаби

Нега инсонлар Аллоҳга осий бўлиб йўлдан адашадилар?! Қуръони Карим бўйича бунга учта асосий сабаб мавжуд.

Ҳавойи-нафсга эргашиш

Биринчи сабаб ўз хоҳиш ва истакларини қондиришга бўлган муҳаббат.

«Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки улар фақат ҳавойи-нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавойи-нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Албатта Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас». (Қасос: 50).

Шундай қилиб, ўз хоҳиш-истакларига эргашиш каби, бирон-бир нарса инсонни тўғри йўлдан оздирмас экан. Ахир, ўз ҳавойи-нафсига қул бўлган одам ҳеч вақт Аллоҳнинг қули бўлмайди. Унинг фикри, фақат унга нима кўп фойда, катта обрў-эътибор, лаззат ва қувонч, ҳашамат ва енгиллик келтириши ҳақида бўлади. У бу нарсаларга етиш учун нима бўлса ҳам, ҳаттоки бу ишни Аллоҳ ман қилган бўлса ҳам, қилади. У ҳеч вақт, ўзи истаган нарсани рўёбга чиқармайдиган ишни, ҳаттоки буни унга Парвардигори буюрган бўлса ҳам, қилмайди. Бундай инсонларнинг худоси Аллоҳ эмас, балки ўзининг нафси ҳавосидир. Бундай одам илоҳий дастурдан қандай қилиб манфаат олади.

« (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Хабар беринг-чи, ким ҳавойи-нафсини илоҳ қилиб олган бўлса, сиз унинг устида вакил-қўриқчи бўлурмисиз?! Ёки сиз уларнинг кўпларига (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар деб ўйлайсизми?! (Ундоқ эмас, зеро ) улар ҳеч нарса эмаслар, магар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир!» (Фурқон: 43-44).

Ўз нафсига қул бўлиш ҳайвон бўлишдан кўра ёмонроқдир. Ҳеч бир ҳайвон Аллоҳ ўрнатган чегарадан ташқарига чиқмайди. Ҳар бир ҳайвон унга белгилаб қўйилган нарсанигина ейди. У нимаки унга буюрилган бўлса, шуни қилади. Лекин инсон шундай махлуқки, агар ўз нафсига қул бўлиб қолса, ҳатто шайтон ҳам  хазар қиладиган ишларни қилади.

Жамият ва маданият

Тўғри йўлдан озишнинг иккинчи сабаби, бу, кўр-кўрона урф-одат, ҳар хил ғоя ва мафкуралар, жамиятнинг расм-русм ва тантаналарини Аллоҳнинг рисолатидан устун қўйиб унга эргашишдан келиб чиқади. Бундай инсонга Аллоҳнинг ҳудудлари эслатилса, у, жамият қўллаб-қувватлайдиган ва оиласи ёки ватанининг удумини давом эттирувчи қонунларгагина эргашишлигини таъкидлайди. Бундай касалликка мубтало бўлган одам қандай қилиб Роб Таолонинг бандаси бўлсин? Унинг илоҳлари жамият, оила ва миллатидир. У ўзини мусулмон деб аташга нима ҳаққи бор? Қуръон уни огоҳлантиради:

«Қачон (мушрикларга): «Аллоҳ нозил қилган ҳукмларга бўйсунингиз», дейилса, улар: «Йўқ, биз оталаримизни қандай йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар оталари ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳам-а?» (Бақара: 170).

Ва яна:

 «Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва пайғамбарга келинглар», дейилса, улар: «Биз учун ота-боболаримизни ниманинг устида топган бўлсак, ўша етарли», дейишади, агар ота-боболари ҳеч нарсани билмайдиган ва  ҳақ йўлни топа олмайдиган бўлсалар ҳам-а?! Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (Яъни гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас. Барчангиз ҳам Аллоҳга қайтишингиз бордир. Ана ўшанда, Аллоҳ сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур». (Моида: 104-105).

Ҳар қайси даврда ҳақ йўлга эргашишдан бош тортган кимсалар шу касалликка мубтало бўлганлар. Бу касаллик, уларни Аллоҳнинг Расули олиб келган илоҳий дастурни қабул қилишига тўғаноқ бўлган. Мусо алайаҳиссалом инсонларни Аллоҳнинг қонунларига бўйсунишга чақирганида, улар шундай дейишди:

«Улар дейдилар: «Сен бизларни ота-боболаримизни амал қилган ҳолда топган динимиздан буриш учун ва икковингиз еримизга эга бўлиб олиш учун келдинглар-ми?! Биз сизларга иймон келтирувчи эмасмиз!» (Юнус: 78).

Иброҳим (алайаҳиссалом) қавмларини Аллоҳни қўйиб, бутларга ибодат қилишдан қайтарганларида:

«Улар айтдилар: «Бизлар ота-боболаримизни ҳам, уларга сиғинган ҳолда топганмиз».  (Анбиё: 53).

Инсонлар ҳар бир замонда Пайғамбарларга: «Сен гапираётган нарса ота-боболаримизнинг йўлларига зиддир, шу сабабдан бизлар буни қабул қила олмаймиз», деганлар.

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), шунингдек Биз сиздан илгари бирон қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантиргувчи-Пайғамбар юбормадик, магар (юборганимизда) у жойнинг боёнлари: «Албатта бизлар ота-боболаримизни маълум бир таълимот устида топганмиз ва бизлар уларнинг изларидан эргашувчидирмиз», деганлар. (Шунда Пайғамбарлари уларга): «Агар мен сизларга, сизлар ота-боболарингизни (эътиқод қилган ҳолларида) топган диндан тўғрироқ динни келтирган бўлсам ҳам-а?» деганида, улар: «Албатта бизлар сизлар элчи қилиб юборилган динга кофирдирмиз», дедилар». (Зухруф: 23-25).

            Аллоҳ, инсонлар ўз ота-боболари, жамият ва урф-одатларига ёки Илоҳий ҳудудларга эргашишда ихтиёрли эканликларини айтади. Лекин бу иккисини жамлаб бўлмайди. Агар сиз мусулмон бўлишни истасангиз, у ҳолда Аллоҳга боғлиқ бўлмаган ҳар қандай нарсани ташлаб, Унинг фармонларига бўйсунишингиз керак бўлади:

            «Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар», дейилса, улар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизни ниманинг устида топган бўлсак (ана ўшанга) эргашурмиз» дейишади. Агар шайтон уларни ўт азобига чақириб турган бўлса ҳам-а?! Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас у мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Барча ишлар охир-оқибатда ёлғиз Аллоҳга борур. Ким кофир бўлса, бас сизни (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), унинг куфри ғамгин қилмасин. Улар Ўзимизга қайтажаклар, бас Биз уларга қилган амалларининг хабарини берурмиз. Зеро Аллоҳ қалблардаги сирларни билувчидир».   (Луқмон:21-23)  

 

Инсонга бўйсуниш

            Учинчи сабаб, Аллоҳни қўйиб бошқа инсонларга бўйсунишдадир. Бу ҳолат қачон юзага келади? Қачонки бизлар, бир кимса улуғ мутафаккир ва унинг сўзлари ғирт ҳақиқат деб ишонсак. Қачонки, у бизнинг тақдиримизни бошқара билади ва нимани хоҳласа олиб ва нима хоҳласа бизларга беришга қодир деб гумон қилсак. Қачонки, у бизларни хоҳлаган кўйга солишга ҳақлидир деб ўйласак. Ёки у бизларни малъун қила оладиган ё агар унга қулоқ соладиган бўлсак ўзи билан жаннатга олиб кетадиган ғайриоддий қобилиятларга эга деб ҳисобласак. Ёки қачонки бизлар, маълум бир миллатлар илғор ва замонавий бўлгани ва баланд чўққиларга етганлиги сабабли уларга эргашмоғимиз зарур деб хулоса чиқарсак. Агар бизлар ўзимизни юқорида кўрилган ҳолатлардагидек тутсак, у ҳолда Илоҳий дастур эшиклари биз учун ёпилади:

            «Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар».  (Анъом: 116) 

            Бизлар якка Аллоҳга иймон келтириб ва фақат Унинг шариатига тобе бўлар эканмиз, ана шунда тўғри йўлда бўламиз. Аммо қандай қилиб бу йўлни топамиз, ваҳоланки, ўзимизга гоҳида унисига, гоҳида бунисига итоат қиладиган шунчалик кўп илоҳлар ясаб олган бўлсак?!

            Энди сизлар тўғри йўлдан оғишнинг учта асосий, яъни ўз нафсига қул бўлиш ёки ўз ҳою-ҳавасларини ҳеч иккиланмай қондириш, жамият, оила ёки миллатнинг урф-одатларига кўр-кўрона эргашиш ва бутунлай бошқа инсонларга, асосан ҳокиму, бойларга ва сохта диний файласуфларга итоат қилиш каби сабабларни билиб олдингиз. Агар сиз ҳақиқий мусулмон бўлишни истасангиз, бу каби илоҳликни даъво қилаётган барча бут-санамларни парчалаб ташлашингиз зарур бўлади. Ахир қалбда бу учта илоҳ бўла туриб, сизлар ҳеч вақт Аллоҳнинг бандаси бўла олмайсиз. Кунига беш бора намоз ўқиш, ғайрат билан рўза тутиш ва ташқи тарафдан мусулмон бўлиб кўриниш билан сиз фақат инсонларни ва ўзингизни алдашингиз мумкин, лекин сиз бу билан ҳеч вақт Аллоҳни лақиллата олмайсиз.

 

Мусулмонларнинг ҳозирги кундаги аҳволи

Мен айтиб ўтганимдек, бу учта бут-санамнинг бандаси бўлиш ҳақиқий ширкдир. Мумкин сизлар тош ва ғиштли қўрғонларни бузиб ташлагандирсиз, мумкин тошдан бўлган бутларни парчалаб ташлагандирсиз, аммо сизлар ўз қалбингизга жуда ҳам кам эътибор беряпсизлар. Бу илоҳларни майдалаб, йўқ қилиб ташлаш, мусулмонликка бўлган муҳим қадамдир.

Бу, оламдаги барча мусулмонларга тегишлидир. Сизларнинг бошингизга қандай мусибатлар келаётган бўлса, мен аминманки бу, ширкнинг натижасидир. Буни мен, сиз Панжоблик биродарларимга гапирар эканман, сизларнинг мусибат ва хорлигингизнинг илдизи мана шу уч нарсада эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчиман. Бу минтақада бизлар 15 миллиондан ортиқмиз. Лекин шунга қарамай, бизнинг ҳеч қандай нуфузимиз йўқ. Баъзи, анча оз сонли жамоалар эса ўзининг нуфуз мавқеига эга (Бу сўзлар 1938й. Панжоб Британия мустамлакаси бўлган Ҳиндистоннинг бир вилояти эканлигида гапирилганлигини унутманг, тарж). Сабаб нимада? Бунга сабаб, бизлар Аллоҳнинг эмас, балки ўз нафсимиз, оилавий урф-одатлар ва бошқа инсонларнинг қуллари бўлганлигимиздир. Шу сабабли бизнинг куч-қувватимиз ичидан емирилгандир.

Ўзингизга бир назар ташланг. Биз ўзимизнинг ичимизда ражпур, гохар, мўғул ва ёт каби  жуда кўплаб фирқа ва табақаларни чиқардик. Ислом, бу барча этник гуруҳларни бир Умматга, биродар бўлиб, яхлит, мустаҳкам ва мутаносиб ҳолдаги девордек жипслашишга чақирди. Лекин биз барчамиз ўша эски жоҳилият удумларига тирмашиб олганмиз. Худди ҳиндларда алоҳида-алоҳида табақалар бўлганидек бизлар ҳам бўлиниб кетганмиз. Бизлар мусулмон кишидек қиз бериб, қиз олишдан бош тортамиз. Бизнинг ўртамизда биродарлик ва ўзаро ёрдамнинг асари ҳам йўқ. Оғизда бир-биримизни мусулмон-биродар деймизу, аслида эса, Исломдан аввалги жоҳилият тафриқасида қолганмиз.

Худди шу фирқаланиш, бизларни мустаҳкам девор бўлишимизга тўсқинлик қилаяпти. Девордаги ҳар бир ғишт бошқалардан мустақил бўлиб олган. Бизлар на кўтарила оламиз ва на биргалашиб мусибатларга қарши кураша оламиз. Бизлардан, Исломга мувофиқ равишда бу тўғонларни бузиб, бирлашишни талаб қилинса, нима деб жавоб берамиз? Худди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлари айтганидек: «Бизлар ўз ота-боболаримизнинг удумларига қарши чиқа олмаймиз», деб жавоб қайтарамиз. Роб Таоло бундай қайсарликка нима дейди? Фақат: «Сизлар бу урф-одатларни тарк этмасангиз ва ҳиндларнинг расм-русумларини ташламасангиз, Биз сизларни сонингиз кўп бўлишига қарамай, пора-пора қилиб, шарманда ва шармисор қиламиз», дейди.

Аллоҳ сизларга ўғил ва қизларингиз - миқдори фарқли бўлсада- мерос олишда тенг ҳуқуқга эгалар деб буюрди. Сизлар эса бунга нима деб жавоб қилаяпсизлар? «Йўқ, ота-боболаримиз одатига кўра қизлар эмас, балки фақат ўғиллар бу ҳуқуқга эга. Бизлар Аллоҳнинг эмас, ота-боболаримизнинг удумларига эргашамиз», деяпсизлар. Қани менга айтингларчи, бу Исломми? Қачон сизларга бу урф-одатларни ташланг дейилса, сизлар бошқалар ҳам уни тарк қилсагина, тарк этишингизни айтасиз. Агар сизлардан, «нега?» деб сўралса, сизлар: «Агар бошқалар қизларига мерос ажратмасаю бизлар берсак, у ҳолда ўғилларимиз уйланиш вақтида нохуш ҳолатда қолади», деб жавоб берасизлар. Бу жавоб нима эканлигини бир ўйлаб кўринг-а?! Бу: «Бизлар Аллоҳнинг фармонларига бошқа инсонлар бўйсунгандагина, биз ҳам бўйсунамиз», дегани эмасми?! Ундай бўлса, бошқалар зино қилса, биз ҳам қилишимиз керакми?! Агар бошқалар ўғрилик қилса, биз ҳам ўғрилик қилишимиз керакми?! То бошқалар гуноҳ қилар экан, биз ҳам гуноҳ қилаверишимиз керакми?!

Сизлар ушбу, ўзингизнинг оилавий расм-русум ва мерос тақсимлаш одатларига амал қилишингиз билан, биз юқорида муҳокама қилган бу уч илоҳга ибодат қилган бўласиз. Бунинг ичида ўз нафсига, жамиятга ва куфр тушунчаларига қуллик қилиш бордир. Шу барча бут-санамларга хизмат қилиш билан бир вақтда, биз ўзимизни ҳеч иккиланмай мусулмон дейишда давом этаяпмиз!

Бу, фақат икки мисол, холос. Бундан бошқа бу каби ҳолатларни кўра билиш учун, мана шу иккисига кўзни яхши очиб қараш кифоядир. У ҳолатларнинг барчасида биз, бу илоҳларнинг ё бирига, ё иккисига, ё бирданига учтасига ибодат қилаётган бўламиз. Биз ўзимизни Ислом ва Аллоҳнинг намоёндалари, мухлислари деб номлашлик билан бир қаторда бу уч илоҳга бўйсунар эканмиз, у ҳолда Аллоҳ чин мусулмонларга ваъда қилган марҳаматларини кутмасак ҳам бўлади. Шундай эмасми?!

 

8. Бизлар ўзимизни мусулмон деб аташимиз мумкинми?

Диндош биродарлар! Сизлар, инсонлар тўғри йўлдан уч сабаб туфайли оғишини Қуръон оятлари орқали билиб олдингиз. Биринчиси: Илоҳий дастурни инкор қилиб, ўз ҳавою-нафсига эргашиш. Иккинчиси:  Аллоҳнинг қонунларига нисбатан,  ўз оиласи, маданияти, жамияти ва ота-боболарининг урф-одатларини юқори қўйиш. Учинчиси: Роб Таоло ва Унинг Расули кўрсатган йўлни инкор қилиб, шунчаки обрўли кимсалар ёки бошқа тузум ва маданиятларга эргашиш.

 

Чин мусулмон

Ҳақиқий мусулмон, ушбу учта камчиликдан холи бўлиши шарт. Фақат ёлғиз Аллоҳнинг  қули ва фақат Унинг Расулига эргашувчи инсонгина, мусулмон деб номланишга лойиқдир. Мусулмон Роббиси ва Пайғамбарининг таълимотини чин ҳақиқат деб ва унга зид бўлган барча нарса ботил, унда инсонлар учун дунё ва охиратга керакли барча нарса мавжуд деб ишонади. Бу ҳақиқатларга тўла ишонган мусулмон, ҳаётининг ҳар бир босқичида Аллоҳ ва Расулининг ҳукмларига мурожаат қилади. Бундай инсон Аллоҳнинг фармонларига бўйсунган вақтда ҳеч иккиланмайди, ҳатто унга қарши оиласи, жамият ёки бутун олам қарши чиқса ҳам. Ҳар қандай ҳолатда унинг жавоби битта бўлади: «Мен Аллоҳнинг қулиман, сизлар эса йўқ. Мен Унинг Расулига иймон келтирганман, сизлар эса йўқ».

 

Нифоқ – нима?

Ўз нафсига итоат

Бир тарафдан инсон: «Мумкин бу Аллоҳнинг ва Расулининг кўрсатмасидир, аммо у менга зарарли бўлиб кўрингани сабабли уни қабул қила олмайман. Яхшиси мен, Аллоҳ ва Расули айтгандек эмас, балки ўз билганимча иш тутаман», дейиши мумкин. Ўз ўзидан кўриниб турибдики, у ҳақиқий иймонли киши эмас, балки мунофиқдир. Оғизда ўзини Роб Таолонинг бандаси ва пайғамбарига эргашувчи деб бонг уради, лекин аслида у, ўз нафсининг қули ва ўз фикрига тобеъ бўлган кишидир.

 

Жамият ва маданиятга тарафдорлик

Худди шу каби инсон: «Аллоҳ ва Расулининг кўрсатмалари қандай бўлишидан қатъий назар, баъзи нарсалар, ота- боболаримиз давридан бери давом этиб келаяпти ва уларни ташлаб бўлмайди», деб айтиши мумкин. Бу кишининг пешонасида тўхтовсиз намозлардан ҳосил бўлган «сажда асарлари» қанчалик қаттиқ бўлса ҳам ва кўриниши қанчалик диндор бўлса ҳам , уни ҳеч иккиланмай мунофиқлар сафига қўшса бўлади. Ислом руҳи унинг қалбига кирмагандир. Ислом бу фақат руку, сажда, рўза ва ҳаж дегани эмас. Ёки ташқи кўриниш ва либосда ҳам эмас. Ислом, Аллоҳ ва Расулига бўлган итоатдир. Ўз ишларида Уларга бўйсунишдан бош тортган кишининг қалбида ҳақиқий Исломнинг заррачаси ҳам йўқдир – «Ислом ҳали уларнинг қалбига киргани йўқ». Уларнинг намозлари, рўза ва ташқи кўринишлари қалбакидир.

 

Бошқа инсонларга эргашиш

Яна кимдир, Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарининг кўрсатмаларига қарши чиқиб: «Баъзи бир ғоя ва одатлар ғарбда кенг ёйилгани сабабли уларни қабул қилишимиз керак. Уларнинг аҳлоқ нормалари илғор бўлгани учун, ёки унга обрў-эътиборли киши даъват қиляпти», деб айтиши мумкин. Бундай киши иймонини йўқотишни хавф остига қўяди. Бундай муносабат Исломга зиддир.

Агар сиз мусулмон бўлсангиз ва шу ҳолатда қолишни истасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва Пайғамбарининг кўрсатмаларига қарама-қарши бўлган ҳар қандай тахминни четга улоқтиришингиз шарт. Агар сиз буни қила олмасангиз, унда сизнинг Исломга амал қиляпман деган даъвойингиз ёлғондир. Ўзингизни Аллоҳга ва Расулига иймон келтирганингизни таъкидлаб, лекин ҳаётингизда Уларнинг кўрсатмаларини рад қилиш ва бошқаларнинг маслак ва урф-одатларини устун кўришингиз, на Иймон ва на Исломга тўғри келади. Бу ғирт мунофиқликдир.

Бундай ҳатти-ҳаракатнинг кулгили эканлигига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқлигини Аллоҳ айтади:

«Дарҳақиқат Биз очиқ-равшан оятларни нозил қилдик. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни тўғри йўлга ҳидоят қилур. Улар (яъни мунофиқлар): «Аллоҳга ва пайғамбарга иймон келтирдик ва бўйсундик», дейдилару, шундан сўнг улардан бўлган бир гуруҳ юз ўгириб кетур. Улар мўмин эмасдирлар. Қачон улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорлансалар баногоҳ улардан бир гуруҳи (пайғамбар ҳузурига келишдан) юз ўгирувчидир. Агар ҳақиқат улар (тараф)да бўлса (пайғамбар олдиларига) бўйин эгиб келурлар. Уларнинг дилларида мараз борми ёки (Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлигидан) шубҳаландиларми ёхуд Аллоҳ ва Унинг пайғамбари уларга зулм қилишидан қўрқарларми?! Йўқ! Уларнинг ўзлари золимдирлар. Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўминларнинг сўзи «эшитдик ва бўйсундик», (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топувчидирлар. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса бас ана ўшаларгина (бахт-саодатга) эришувчилардир». (Нур: 46-52).

Бу ерда Иймон қандай ифодалангани ҳақида ўйлаб кўринг. У, ўзини Аллоҳнинг китобига ва Расулининг шариатига ақлан ва тўлиқ бўйсундиришни билдиради. Бу манбалардан қандай кўрсатмалар олсангиз ҳам, уларга қулоқ солиб ва ҳар қандай қаршиликларни хоҳ у сизнинг, хоҳ оила аъзоларингиз ёки бегоналарнинг ақлидан келиб чиқса ҳам, уларни рад қилишингиз керак. Сизлар ўзингизда шундай муносабатларни шакллантирсангизгина мусулмон бўла оласиз. Акс ҳолда, сиз ҳақиқий мунофиқ бўласиз.

Энди сизлар ўзингизни, қалблари чин ва холис Иймон билан суғорилган инсонларга ва улар Аллоҳга қандай бўйсунганларига таққосланг.

Чин иймон- эътиқод

Ичкиликдан тийилиш

Сизлар, Арабистонда (Ислом келган пайтда) маст қилувчи ичимликлар истеъмол қилиш қанчалик кенг ёйилганини биласизлар. Эркагу-аёл, ёшу-қари ҳамма ичишни яхши кўрар эди. Уни олқишлаб қўшиқ айтар ва ичкиликка қарам эдилар.  Шунингдек, ичкиликка ружу қўйган одам уни ташлаши қанчалик қийин эканлигини ҳам биласизлар. Пиёниста майхўр киши уни ташлашдан кўра ўлишни афзал билади. Агар у ичкилик топа олмаса, тузалмас касалдан ҳам бадтар ҳолга тушади.

Аммо Қуръон орқали ичкиликка қарши учинчи оят нозил бўлганда нима воқеа содир бўлди? Ичкилик ичишни жонидан ортиқ яхши кўрувчи худди шу араблар ўз қўллари билан ичкилик тўла кўзаларини синдириб ташладилар. Мадина кўчаларида маст қилувчи ичимлик сув каби оқди. Бу оят нозил бўлган вақтда бир гуруҳ ичкилик ичиб ўтирар эди, бу ҳукмни эшитиш билан, май тўла косаларни лабларига олиб келганлар, унинг бир томчиси ҳам оғизларига тушмаслиги учун тезда уни ирғитиб юбордилар.

Ҳақиқий Исломнинг таъсири шундай кучлидир. Бу Аллоҳга ва Расулига бўлган итоатнинг энг яхши намуналаридан биридир.

Жиноятга иқрор бўлиш

Сизлар Исломда турмуш кўрмаган зинокорга белгиланган ҳукм яланғоч танага юз дарра эканини биласиз. Буни тасаввур қилишнинг ўзи инсонни сескантириб юборади. Агар зинокор турмуш кўрган бўлса тошбўрон қилинади. Бу дахшатли жазони эслашнинг ўзи кишини титратиб юборади. Аммо сиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида бўлиб ўтган воқеани, яъни зино қилиб, сўнг бу гуноҳига унинг оқибатларидан қўрқмай иқрор бўлган иймонли киши ҳақида эшитганмисиз?

Бу иш устида гувоҳлар бўлмаганди. Суд маҳкамаси унга таҳдид солмасди ва у ҳақда ҳеч ким билмасди. Лекин қалбидаги иймон унга: «Сен Аллоҳнинг қонунини бузиб ўз шаҳватингни қондирдинг, шунинг учун бу гуноҳингга яраша жазо олишинг шарт», дерди. Шу сабабли бу инсон ўз хоҳиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен зино қилдим. Мени жазолашингизни талаб қиламан», деди. Бу сўзларни эшитиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гўё ҳеч нима эшитмагандек ундан юз ўгирдилар. Лекин у яна ўз талабини такрорлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яна юз ўгирдилар, лекин бу киши учинчи бор ўз талабини қатъий такрорлади.

Ҳақиқий Иймоннинг кучи шундай улкандир! Қалбида шундай иймони бор киши осонлик билан яланғоч танасига юз даррани ёки ҳатто тошбўрон қилинишни ҳам енгиллик билан қабул қила олади. У, Роббисининг ҳузурида осий банда бўлиб туришни бунданда оғир деб билади.

 

Оилавий алоқаларни узиш

Бу дунёда яқин қариндошлардан кўра қимматлироқ одам йўқ эканлигини сизлар яхши биласизлар. Ота-она, ака-ука ва хусусан ўғил фарзандлар бизга жуда ҳам қадрлидир ва биз улар учун барча нарсани қурбон қилишга тайёрмиз. Аммо энди сизлар Бадр ва Уҳуд жангида ким кимга қарши жанг қилганини эсланг. Мусулмонлар сафидаги ота куфр тарафидаги ўғил билан, ёки аксинча, тўқнашдилар. Ака бир тарафда бўлса, ука қарши томонда. Яқин қариндошлар бир-бирига қарши худди етти ёт бегоналардек жанг қилишар эди. Уларни пул эмас ёки қасд олиш эмас, балки Аллоҳ ва Расулининг шариатини олий қилиш мақсадигина ота ва ўғиллар, ака-укалар ва оилаларини қурбон қилишга куч-қувват бағишлади.

 

Урф-одат ва расм-русумларни тарк этиш

Сизлар, Ислом Арабистоннинг барча эски урф-одатларини йўқ қилганлигини биласизлар. Энг катта гуноҳ бўлган ширк, юз йиллардан буён давом этиб келарди. Ўша вақтларда кенг ёйилган зино, ароқхўрлик, қимор ва ўғрилик гуноҳини тарк қилишдан аввал, бу- ширк гуноҳини тезда тарк қилишни Ислом инсонларга буюрди. Аёллар ҳижоб-сатрсиз юрар эди. Ислом уларга ҳижобни фарз қилди. Улар мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум эдилар, Ислом уларга бу ҳуқуқни таъминлаб берди. Хуллас калом, ўзгартирилмаган бирон-бир эски жоҳилият урф-одати қолмади.

Лекин сизлар, Аллоҳ ва Расулига ҳақиқий иймон келтирган кишилар бу удумларни қандай ташлаганликларини биласизми? Улар юз йилдан буён қурбонлик келтириб, уларга ибодат қилиб келаётган бут-санамларини ўз қўллари билан синдириб ташладилар. Авлоддан авлодга ўтиб келаётган оилавий урф-одатлар бутунлай тугатилди. Улар Аллоҳнинг фармони келиши билан, ўзлари «муқаддас» санаган нарсаларини оёқлари билан парчалаб ташладилар. Унинг фармони билан баъзи тақиқланган нарсаларга рухсат берилди, ҳалол ҳисобланган нарсалар бир зумда ҳаром қилинди ва аксинча. Бир вақтлар манфаат ва лаззат келтирган нарсалар Аллоҳ учун унутилди. Бошқа тарафдан, қанчалик қийин бўлишига қарамай, Исломнинг кўрсатмалари хурсандчилик билан қабул қилинди.

Бу, чин Иймонни англатувчи ва ҳақиқий Ислом деб номланувчи нарсадир. Энди тасаввур қилинглар; агар Араблар ўша вақтда: «Бизларга бу нарсаларнинг манфаати бўлмагани учун уларни қабул қила олмаймиз. Чунки бизлар манфаатимизни қўлдан бой беришни истамаймиз. Бизлар яхшиси ота-боболаримиз тутган йўлни  ва жамият қўллаб қувватловчи ишларни давом эттирамиз. Бизлар Форсларнинг баъзи удумларини қабул қилганимиз каби Румликларнинг бизга ёқадиган расм-русмларига эргашамиз», деб айтганларида нима бўлар эди? Агар улар шундай йўл тутганларида бугунги кунда ҳеч қандай Ислом ва мусулмонлар бўлмас эди.  

Роб Таолога бўлган муҳаббат

Биродарлар! Қуръон бизларга хабар беради:

«Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилмагунингизча ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз».  (Оли Имрон: 92)

Бу, Иймоннинг моҳиятидир. Исломнинг асл руҳи шундадир. Сизлар, агар зарур бўлса, Аллоҳ учун бор нарсангизни қурбон қилишга тайёр бўлишингиз керак.

Ҳаётингиз давомида Аллоҳнинг шариати бир йўналишни кўрсатса, сизнинг хоҳиш-истакларингиз эса бошқа тарафга бошлайди. Аллоҳ сизларга баъзи бир ишларни буюрса, сизлар бу иш муаммо ва зиён келтиради деб ҳисоблайсиз. Роб Таоло баъзи ҳатти-ҳаракатларни таъқиқласа, сиз эса уларни фойдали ва ёқимли деб ҳисоблайсиз. Тарозининг бир палласида Аллоҳнинг розилигига элтувчи йўл бўлса, бошқасида деярли дунёдаги барча нарсалар туради. Ҳаётингизнинг ҳар бир босқичида сизлар икки йўлнинг шаҳобчасига дуч келасиз. Бири – Ислом йўли, бошқаси эса куфр ва нифоқ йўлидир.

Бу дунё орзу-ҳаваси билан хайрлашиб ва Аллоҳнинг фармонларига бўйсуниб сиз Ислом йўлига кирасиз. Аллоҳнинг фармонларини инкор қилиб эса нафсу-ҳавойингиз, шаҳват ва дунё фитналарига шўнғиб, куфр ва нифоқ йўлига қадам қўясиз.

 

Ҳозирги мусулмонлар

Исломнинг нафсга ёқадиган томонларини хурсандчилик ила қабул қилиб, ва Ислом билан куфр ўртасидаги зиддиятлар кўтарилганда тезда Исломдан юз ўгирувчи «замонавий мусулмонлар» жуда кўпайиб кетган! Бу заифлик ҳатто баъзи овозаси чиққан Исломчиларда ҳам кузатилади. Улар: «Ислом! Ислом!» деб қичқириб, то томоқлари қуригунча таҳсин ва ҳушомадга тўла шеърларни ўқийдилар. Улар ўзларини Ислом равнақи йўлида хизмат қилаётган одамга ўхшатадилар. Лекин уларга: «келинглар энди, сизлар жуда юқорига қўювчи Исломнинг қонунларини амалга оширайлик», дейилса, улар тезда: «Ҳозир баъзи муаммо ва қийинчиликлар мавжуд, шу сабабли шундай туриб тургани яхшироқ», деб жавоб берадилар.

Улар Ислом бу, токчада сақлайдиган ва уни мақтаб туриладиган ўйинчоқ деб ҳисоблайдилар. Вақтики Ислом қонунларини ўз турмуш тарзи, оила, қариндош-уруғ орасидаги муаммоларда татбиқ қилиш талаб қилинганда, улар бир зумда четга чиқиб оладилар. Бундай ҳолат ҳозирги кунда мусулмон деб танилган кўпчилик кишиларда топилади.

Натижада на намоз, на рўза, на Қуръонни такрорлаб тиловат қилиш ва шариатга юзаки равишда ёндошишлар ҳеч қандай наф бермайди. Руҳ жасадни тарк қилган бўлса ўлик жасад нима ҳам қила оларди?        

9. Бизлар ҳақиқий мусулмонмизми?

Диндош биродарлар! Чин мусулмонлар ким? Келинглар, бу ҳақда Аллоҳ ва Унинг Расули нима дейишларини кўриб чиқайлик:

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйсунувчи-мусулмонларнинг аввали – пешқадамиман».  (Анъом: 162, 163)

Худди шу масала Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан ҳам изоҳланади:

«Мусулмон киши Аллоҳ учун яхши кўради ва Аллоҳ учун ёмон кўради. У нимани берса, Аллоҳ учун беради ва ниманики бермаса Аллоҳ учун бермайди. Мана шундай киши ўз иймонини мукаммал қилади». (Абу Довуд).

Аллоҳ сизлардан нима талаб қилишини Қуръон очиқ-ойдин тушунтириб беради. Сизлар ўзингизни бутунлай Аллоҳнинг хизматига муқаййад қилишингиз зарур. Сиз фақат У учун яшаб ва фақат У учун ўлишингиз керак. Сиз ва сизни ўраб турган оламдаги барча нарса Аллоҳнинг мулкидир ва ҳеч кимга Унинг мулкини берухсат олишга йўл қўймаслигингиз керак. Сизлар фақат ва фақат Унга хизмат қилишингиз лозим.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз навбатида Қуръонда айтилган сўзларни тушунтириб берадилар. Чин мусулмон бўлиш учун, сизнинг барча амалларингиз, муҳаббату адоватингиз, барча муомалаю муносабатларингиз фақат бир мақсадни, яъни Аллоҳ Таолони хушнуд қилишни ифодалаши керак. Бусиз иймонингиз мукаммал бўлмайди. Шу мавқеда сизнинг камчилигингиз қанчалик катта бўлса, иймонингиз шунчалик заиф бўлади.

 Кўпчилик одамлар бу хусусиятлар фақат юқори руҳий даражаларга эришиш учун зарур ва Иймон, Ислом масалаларида унчалик эътиборга эга эмас деб ҳисоблайдилар. Бошқа сўз билан айтганда, бу сифатларсиз ҳам яхши мўмин, мусулмон бўлиш мумкин дейдилар. Бундай хато, нотўғри тушунчалар, инсонларнинг аксар қисми расмий Ислом ва Аллоҳнинг наздида энг тўғри саналган ҳақиқий Исломнинг фарқини билмаслигидан келиб чиқади.

Исломнинг икки тури

Расмий Ислом

Фиқҳшунослар ва ҳукуматлар иш юритадиган расмий Исломда, сизнинг қалбингиздаги ёки фикрингиздаги нарса ҳисобга олинмайди. Сизнинг оғзаки тасдиқ қилишингиз ва бундан келиб чиқадиган ҳаракатингиз, сизнинг мусулмон эканлигизга етарли хужжат деб ҳисобланади. Ҳар бир, Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръон, охиратга ва бошқа иймон арконларига иймон келтирганлигини тили билан тасдиқловчи ва сўзларни исботловчи барча зарур шартларга амал қилувчи киши мусулмон умматининг аъзосидир ва унга мусулмон деб мурожаат қилинади.

Бундай таъриф, мезон, мусулмон умматини шакллантириш учун расмий ва маданий асос бўлиб хизмат қилади. Унинг мақсади фақат – мусулмон умматига қўшилувчиларни расмий тан олишдир. Уларнинг ҳеч бирини «кофир» деб бўлмайди. Уларнинг ҳар бири ўзаро расмий, маънавий ва ижтимоий ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлиши керак. Улар мусулмонлар орасида никоҳ қилиниш ҳуқуқига эга бўладилар. Улар мерос олиш ҳуқуқини қўлга киритадилар. Улар билан қолган барча ижтимоий муносабатлар ўрнатилади.

  

Ҳақиқий Ислом

Аммо у дунёда сизнинг мусулмонлигингиз ҳақида бу юқоридаги расмий эътирофга асосланиб ҳукм қилиб бўлмайди. Роб Таоло сизни фақат бунга асосланиб ўзининг мақбул бандаси деб қабул қилмайди. Қалбдаги иймон ва ўз ҳаётини Аллоҳга тамоман бўйсундиришга бўлган рағбат ҳисобга олинади. Ҳар қандай оғзаки тасдиқ қилинадиган нарсалар суд маҳкамаси, одамлар ва мусулмонлар жамияти учун мўлжаллангандир. Чунки улар сизни фақат зоҳиран кўра билишади. Аллоҳ эса қалбингиздаги ҳар бир нарсани кўради ва иймонингизнинг қай даражада эканлигини билади.

У инсонни қандай баҳолайди? Аллоҳ, инсон фақат У учун яшаб ва У учун жон бердими, Унга бўлган ихлоси бошқа кишиларга қўйган ихлосига нисбатан юқори бўлдими, у ўз итоати, хизмати ва бутун ҳаётини фақат Роб Таоло учун бағишлаганмиди?! Агар фақат Аллоҳ учун бўлса, уни чин мўмин мусулмон деб баҳоланади, аммо агар бошқа бир кимга ҳам бағишланган бўлса, у ҳолда унга бундай баҳо берилмайди. Бу ўлчовга тушмаган инсонлар, бу мезон талаб қилган миқдордаги ҳақиқий Иймон ва Исломга эга эмаслар.  Мусулмон дунёси бу инсонни қанчалик юқори баҳолагани ва у қанчалик юқори мавқега эга бўлганлиги эътиборсиздир. Аллоҳ учун фақат бир нарса, яъни У сизни неъматлаган нарсаларини Унинг йўлида қурбон қилдингизми ёки йўқми, шуниси муҳим бўлади.

Агар шундай бўлса, у ҳолда сиз, фақат итоатли бандаларга бериладиган мукофот билан мукофотланасиз. Аммо агар сизнинг итоатингиз тўлиқ бўлмай, ўз ҳаётингизнинг маълум бир қисмини Ундан бошқанинг хизмати учун сарф қилган бўлсангиз, у ҳолда сизнинг мусулмонликка, яъни ўзини бутунлай Аллоҳга бағишлашга бўлган даъвойингиз ёлғон бўлади. Сизлар бутун оламни лақиллатишингиз, мусулмон жамиятини сизга аъзолик ва мусулмонлик ҳақ-ҳуқуқларини беришга ишонтиришингиз мумкин, лекин барибир, Аллоҳни алдаб бўлмайди ва У сизга солиҳ бандалари қаторидан жой бермайди.

Бу расмий ва ҳақиқий Ислом орасидаги фарқлар ҳақида ўйлаб кўринг, ва сиз уларнинг оқибатлари ҳақиқатда ҳам фақат охиратда эмас, балки бу дунёда ҳам фарқ қилишини кўрасиз. Чин мусулмон ҳаётининг мақсади, феъл-атвори ва дунёқараши, шунчаки, диннинг ташқи кўринишлари билан безанган кимсаларникидан анчалик фарқ қилади. Сизлар доимо шу каби икки турдаги мусулмонларга дуч келасиз.

 

Икки турдаги мусулмонлар

Қисман мусулмонлар

Баъзи одамлар Аллоҳга ва Расулига бўлган иймонни тарғиб қиладилар ва Исломни ўзларининг динлари деб овоза қиладилар, лекин бу Ислом учун ҳаётларининг фақат маълум бир қисмини бағишлайдилар. Бу вақт давомида улар ўзларини Исломга қанчалик қаттиқ тарафдор эканликларини кўрсатадилар, намоз каби ибодатларни кўп қиладилар, тасбеҳларини айлантириб Аллоҳнинг номини такрорлайдилар. Улар емоқ-ичмоқ, кийим-кечак ва бошқа ижтимоий ва маданий расм-русмлар каби диндорликнинг зоҳирий кўринишларида жонбозлик кўрсатадилар. Бу соҳада улар бутунлай диндордирлар.

Лекин бу кўринишлардан ташқарида уларнинг ҳаётлари Илоҳий дастур билан бошқарилмайди. Агар улар яхши кўрсалар Аллоҳ учун эмас, балки ўз нафслари, ватанлари, миллатлари ёки бошқа бир сабаб туфайли яхши кўрадилар. Агар улар хафа бўлсалар, жаҳллари чиқса, ёмон кўрсалар, ўзларига душман топсалар ёки жанг қилсалар фақат бирон-бир дунёвий ёки шахсий манфаат учун қиладилар. Уларнинг иш фаолиятлари, аёл ва фарзандлари, оила ва жамият орасидаги муносабатлари кўпчилик ҳолатларда Исломий дастур бўйича эмас, балки дунёвий қарашларга асосланган. Улар ким бўлишидан қатъий назар, ер эгаларими, савдогарларми, ҳокиму аскарми ё хизматчиларми – улар ўзларини мусулмонлик мақомидан мухтор-автоном равишда тутадилар. Бундай одамлар маданий, маърифий ва сиёсий қонун-қоидаларни ўрнатсалар ҳам, бу қоидаларнинг номлари гўёки Исломий бўлишига қарамай Ислом бир четда қолиб кетади.

 

Чин мусулмонлар

Мусулмонларнинг иккинчи тури эса ўзини бутунлай Исломга бағишлаганлардир. Улар ҳаётларида фақат бир мақсадга, яъни чин мусулмон бўлишга ҳаракат қиладилар. Улар ҳар қандай ҳолатда, ота бўладиларми, ўғилми, эрми ё аёлми, тижоратчими, ер эгасими, хизматчими ёки бошлиқми, улар доим мусулмондек кун кечирадилар. Уларнинг хиссиётлари, истаклари, мафкура, ғоя ва хаёллари Исломий дунёқараш ила шакллангандир. Аллоҳга бўлган итоат уларнинг қалб ва ақлларини, кўз ва қулоқларини, қорин ва жинсий истакларини, руҳ ва жасадларини бутунлай эгаллагандир. Уларнинг  муҳаббату  адоватлари фақат Ислом устидадир. Улар фақат Ислом равнақи учун дўстлашадилар ёки урушадилар. Агар улар бошқаларга бирон нарса берсалар, буни фақат Ислом талаб қилгани учун берадилар. Агар бир кишидан бирон-бир нарсани мас қилсалар, буни фақат Ислом қайтаргани учун ман қиладилар.

Бундай муомала уларнинг фақат шахсий ҳаёти билан чегараланмайди. Уларнинг ижтимоий фаолиятлари ҳам фақат Ислом устига қурилгандир. Уларнинг бир-бирига жамланиши фақат Ислом равнақи учун, уларнинг бирдамлиги Исломий тамойилларга асослангандир.

 

Парвардигорга қандай мусулмонлар керак

Кўрсатилган икки турдаги мусулмонлар, ҳаттоки улар бир умматга жамланган, ва «мусулмон» номи уларнинг ҳар иккисига ҳам тааллуқли бўлса ҳам, улар бир-бирларидан анча фарқ қиладилар. Тарих кўрсатадики, биринчи турдаги мусулмонлар эслашга арзигулик ёки авлодлар мағрурланадиган бирон-бир муваффақиятга эришмаганлар. Бу «мусулмонларнинг» қилган биронта ишлари Ислом тарихида ҳеч қандай из қолдирмади. Уларнинг яшаб ўтганлигидан инсоният ҳеч бир нарсага эришмади, балки аксинча, улар сабабли Ислом уммати инқирозга юз тутди. Ислом умматида бундай мусулмонларнинг кўплиги туфайли дунёдаги ҳукмронлик ва бошқарув асосан, Аллоҳга қарши чиққан исёнчиларнинг қўлига ўтди. Бу «мусулмонлар», ҳаётларининг оз қисмини эгаллаган ўзларининг зоҳирий диндорликлари билан қониқиб юрдилар.

Роб Таоло ҳеч вақт бундай мусулмонларни хоҳламаган. Ўз Пайғамбари ва Китобини бу каби мусулмонларни шакллантириш учун юбормаган. Аллоҳга иккинчи турдаги мусулмонлар керак. Фақат уларгина, Ислом нуқтаи назаридан бирон-бир фойдали иш қила оладилар.

 

Аллоҳга бўлган олий садоқат

Бундай мислсиз қобилият, кўриниш фақат Исломдаги фазилат эмас. Ўз-ўзидан аниқки, дунёдаги ҳеч бир турмуш тарзи, агар унинг тарафдорлари ўзининг ғоясига бўлган ишончу садоқатларини ҳаётларида биринчи ўринга қўймасалар ва ўз эътиқодларидан бошқа нарса учун яшаб, ўлсалар бу мафкура дунёда ҳукмрон бўла олмайди. Ҳатто ҳозирги кунда, ҳар қандай мафкура ва таълимотнинг ҳақиқий тарафдори деб, бунга бутун қалби ва жасади билан содиқ бўлганлар ҳисобланишини ўз кўзимиз билан кўряпмиз. Ҳар қандай таълимот шундай тарафдорлари бўлишини хоҳлайди ва ҳеч қандай таълимот бундай фидокорларнинг ёрдамисиз равнақ топа олмайди.

Лекин шунга қарамай, Ислом ва бошқа мафкуралар орасида катта фарқ бор. Бошқалар инсондан жонкуярлик ва фидокорликни талаб қилса ҳам, улар барибир, буни талаб қилишга ҳақлари йўқ, ва уларнинг эътирозлари асоссиздир. Улар инсонлар олдига қўядиган мақсадлар учун инсон ўзининг бор нарсасини фидо қила олмайди. Аммо Ислом бутун ҳаётимизни Унгагина бағишлашга чақираётган Аллоҳ бунга ҳақлидир. Унинг дини учун ҳамма нарсани берса бўлади, ахир ер юзидаги ва осмонлардаги барча нарса Аллоҳнинг мулки-ку. Инсоннинг ўзи, нимага эга бўлса ҳам, у ҳақиқий хўжайин эмас. Шу сабабли ҳар бир Аллоҳга тегишли нарсани Унга қолдириш зарурлиги ўз-ўзидан аниқ ва адолатдандир. Инсон бошқалар учун ёки ўз манфаати ва хашамати учун қандай қурбонлик қилса ҳам, агар бу Аллоҳ тарафидан рухсат этилмаган бўлса, бу доим, бизнинг унга бўлган ишончимизни емиради. Лекин Аллоҳ учун қилинган ҳар қандай жонфидолик, бу аслида, бурчни ўташдир холос.

Мусулмонлар, ўзининг сохта ғоя ва илоҳлари учун бор нарсасини фидо қилувчи адашган тоифалардан бир намунани ўрганиб олишлари зарур! Қалбаки илоҳларга тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада садоқат, фидокорлик ва жонбозлик кўрсатилиши, ҳақиқий Роб Таолога нисбатан эса унга иймон келтирганлар бунинг мингдан бирини ҳам кўрсатишмаслиги.жуда ажабланарли ҳол.

 

Ҳозир бизлар қай ҳолатдамиз?

Келинглар ўз ҳаётимизни Қуръон ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнатган Иймон ва Ислом мезони билан ўлчаб кўрайлик.

Агар сиз Исломни қабул қилганингизни даъво қилсангиз, у ҳолда бутун ҳаётингиз ва фаолиятингизни бутунлай Аллоҳга ва фақат Унга бағишладингизми?

Сиз, фақат Унинг калимасини олий қилиш учун яшаяпсизми?

Аллоҳнинг хоҳиш истакларини рўёбга чиқариш учун қалбингиз ва ақлингиз, руҳ ва жасадингиз, вақт ва ҳаракатларингизни бағишлаганмисиз?

У сизлардан кутаётган жиддий вазифани бажардингизми?

― Яна бир бор такрорлайман, сизлар фақат Роб Таолога қулоқ солиб ва Унгагина итоат қиляпсизми?

Сизлар ўз дунёқарашингизни ғаразли хоҳиш-истак ва оила, қардошлик ва биродарлик, жамият ва ҳукуматга бўлган тобеликдан тозаладингизми?

Сиз ёқтириш ва ёқтирмаслик феълингизни бутунлай Аллоҳнинг истакларига бўйсундирдингизми?

Агар сиз бирон-бир кишини яхши кўрсангиз, бу ҳам фақат Аллоҳ учунми? Бунда қандайдир ўз манфаатингизни кўзлаш мақсади йўқми?

Сизлар фақат Аллоҳнинг хоҳиши бўйича бир нарсани олиб ва берасизми?

Сизлар ўзингизга сарф қилсангиз ва бошқа кишиларга мол-дунё берсангиз, буни Аллоҳнинг кўрсатмасига мувофиқ қиласизми?

Сизнинг важу-сабабларингиз фақат Уни хурсанд қилишга йўналганми?

Агар сиз ўзингизда шу ҳолатдаги иймон ва итоатни топсангиз, у ҳолда Аллоҳ Субҳанаҳу Таоло сизни бундай комил иймон билан неъматлагани учун кўп шукр қилинг! Аммо агар сиз ўзингизда қандайдир камчилик ҳис қилсангиз, у ҳолда барча нарсани унутиб бу камчиликни ислоҳ қилишга бел боғланг. Ахир сизнинг бу дунёдаги ва охиратдаги муваффақиятингиз шунга боғлиқ эмасми?!. Бу камчилик туфайли сиз охират диёрида йўқотадиган нарсаларингизга, бу дунёда қўлга киритган барча нарсанинг қиймати тўғри келмайди. Агар сиз бу камчиликни тузатсангиз ва бу дунёда ҳеч нимани қўлга киритмасангиз ҳам охиратда албатта ютасиз.

Бу мезон, ўлчовни бошқаларнинг кимлигини; мусулмон, ё кофир, ё мунофиқ  эканлигини аниқлаш учун ишлатманг. У билан фақат ўзингизни муҳокама қилинг, мабодо камчилик топсангиз, Аллоҳга рўбарў бўлишдан олдин уни бартараф қилинг. Муфтий ва қозилар қандай ҳукм чиқариши сизни қизиқтирмасин. Ҳар бир ошкор ва пинҳон нарсаларни муҳокама қилувчи Олий Парвардигорнинг ҳукми эътиборлидир. Сизларни мусулмон деб ҳисоблашларидан кўп хурсанд бўлмангиз. Сизларни, номингиз Роб Таолонинг қайси рўйхатида  ёзилиши  қайғуртирсин!

Ҳақиқий ютуқ, сизларни мунофиқ эмас, балки мусулмон; осий эмас, балки итоатли; қиёмат кунининг Ҳакамига ҳиёнат қилган эмас, балки Унга содиқ деб ҳисоблашликдадир.

 

10. Нега Аллоҳга бўйсуниш керак?

Диндош биродарлар! Мен, Ислом - Аллоҳга ва Унинг Расулига бутунлай бўйсуниш экани ва Аллоҳдан ўзгага бўйсунишни тарк этмасдан туриб мусулмон бўлиш мумкин эмаслигини қайта-қайта таъкидлаяпман.

Нима учун Аллоҳга ва Расулига итоат қилиш бунчалик муҳим? Сизлар: «Аллоҳ бизларнинг итоатимизга шунчалик қаттиқ муҳтожмики, буни бизлардан узлуксиз равишда талаб қилаяпти? Ёки У ҳам дунёдаги раҳбарлар каби ҳукмронликка ташна бўлиб, шу сабабли бизларни бўйсундиряптими?» деб савол беришингиз мумкин. Келинглар бу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилайлик.

 

Бизнинг фаровонлигимиз

Аллоҳнинг итоатига бўлган талабдан мақсад – инсонга фаровонлик ва бахт-саодат беришдир. У, ердаги ҳокимларга ўхшамайди. Улар инсонларни ўз манфаатлари учун бўйсундирадилар, Аллоҳга эса ҳеч кимдан ҳеч нарса керак эмас. Унга сизларнинг солиқларингиз керак эмас, У сизлардан қасрлар қуриб, Унга машина ва зеб-зийнатли анжомларни инъом қилишингизни талаб қилмайди. У ҳеч кимга қарам эмас. Дунёдаги барча нарса Унинг мулкидир  Угина бу мол-мулкнинг Хўжайинидир.

У сизлардан итоатни фақат, Унинг олий насаб деб эълон қилган махлуқи бўлган инсон бошқа бир кишининг ёки шайтоннинг итоатида бўлмаслиги ва нолойиқ ишларга тобе бўлишидан қайтариш учун талаб қилади. У ўзининг ердаги намоёндаларининг гумроҳлик ва зулматда адашиб юришлари ва ҳайвонлар каби ўз нафсларининг қулига айланиб, энг тубан ҳолатга тушишларини хоҳламайди. Шунинг учун У бизларни, шундагина сизлар тўғри йўлни топасизлар ва ундан юриб, бу дунё ва охиратда обрў-эътиборга эга бўласиз деб ишонтиряпти.     

«Динга  зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Бас, ким тоғут-шайтонга кофир бўлиб, Аллоҳга  иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди. Аллоҳ  эшитувчи,билувчидир. Аллоҳ  мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик–нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар кофирларни ёруғлик-нурдан қоронғу–зулматларга чиқарадилар. Ана  ўшалар  жаҳаннам  эгаларидир  ва  унда  абадий  қолажаклар.»  (Бақара: 256, 257)

 

Аллоҳдан ўзгага итоат

Нима сабабдан инсон, Аллоҳдан ўзгага бўйсунганда адашиб зулматда дайдиб юрадию ва нега энди фақат Аллоҳга бўлган итоат унинг ҳаёт йўлини чароғон қилади? Келинглар бу масалани ҳал қилиб олайлик.

Бизнинг ҳаётимиз сон-саноқсиз муомала ва битимлардан иборат. Аллоҳ сизларни қўл, оёқ, кўз, қулоқ, тил, юрак, ақл ва қорин билан неъматлади. Буларнинг барчаси сизга хизмат қилади. Бундан ташқари, сизларга уларни қайси мақсадга ишлатиш ихтиёри берилди. Қоринни нима билан тўлдириш керагу, нима билан йўқ. Қўллар билан нима қилиш керагу, нимадан уларни узоқлаштириш зарур. Оёқлар билан қаерга бориш керагу, қаердан узоқлашиш керак. Кўзлар билан нимани кўриш ва қулоқлар билан нимани эшитиш керак. Қалб ва миянгиз қандай фикрлар ҳақида бош қотириши ва қайсиларидан тўхташи керак. Бу хизматчилар сизнинг ихтиёрингиз билан сизга ё яхшилик ёки ёмонлик келтириши мумкин. Улар ёрдамида сиз баланд даражаларга кўтарилишингиз ёки тубсиз чуқурликка қулашингиз мумкин.

Сизлар доимо муомалада бўладиган оила аъзоларга – ота-она, опа-сингил, ака-ука, аёлу-фарзанд ва қариндош-уруғларга эгасизлар. Улар билан ўзингизни қандай тутишингиз кераклиги, сиз уларга нисбатан ва улар сизга нисбатан қандай ҳақ-ҳуқуқларга эга эканлигини аниқлаб олишингиз зарур. Сизнинг бу дунёдаги ва охиратдаги бахту саодатингиз улар билан қанчалик тўғри муомала қилишингизга боғлиқдир. Агар у тўғри бўлмаса, бу дунёнинг ўзи сизга жаҳаннамга айланади. Қиёмат куни эса, Роб Таоло ҳузурида жавоб беришингизга тўғри келади.

Сизнинг яна бошқа кўпгина инсонлар билан алоқаларингиз мавжуд. Қўни-қўшни, ёру-биродар ва ёв-душманлар. Сиз билан корхонада бирга ишлайдиган ҳамкасблар бор. Сиз кимгадир нимадир беришингиз керак, кимдандир нимадир олишингиз керак. Кимдир сизни ишлатади, кимнидир сиз. Бу дунёдаги сизнинг бахту-саодатингиз, обрўйингиз ва эътиборли номингиз улар билан бўладиган муомалаларни тўғри олиб боришингизга боғлиқдир.

Охират диёрида Аллоҳнинг олий мақомларидан жой олиш учун бошқа кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмай уларга одилона муомала қилиш керак бўлади. Шу сабабли маънавий зиён ёки кишининг обрўсига, ҳаётига ва мол-мулкига зарар келтириш орқали ўзингизга айбнома ёзилишидан эҳтиёт бўлинг! Шундай қилиб, сиз бу алоқаларни муносиб равишда олиб боришингиз ва уларни бузиб қўядиган ҳатти-ҳаракатлардан сақланишингиз керак.

Ана энди; ўз танангиз, аҳли-оилангиз ва бошқа барча инсонлар билан яхши муомалаларни сақлаб қолиш учун сизларга ҳар қадамда илм зарур бўлади. Сиз, нима яхши ва нима ёмон, нима ҳақ ва нима ботил, нима инсофдану нима йўқ, бошқаларга нисбатан қандай ҳақ-ҳуқуқларга эгасиз ва аксинча; ҳақиқий фойда нимада ва ҳақиқий зиён нимада эканлигини билишингиз зарур.

Агар сиз бу билимларни фақат ҳис-туйғу ва ақлингиз ҳукмига ҳавола қилсангиз, фойдаси йўқ, чунки нафсингиз ўз ҳоҳиш-истакларингизни қондириш талабларига тўлиб тошиб ётибди. Шу сабабли ҳис-туйғу ва ақлингиз васваса, хирсу-шаҳват билан бошқариляпти. Улар сизни пул учун ноқонуний ишлар, ичкилик ичиш ва зино қилишга васваса қилади. Улар сизни бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилишга ва ўзгаларнинг нарсасини тортиб олишга ундайди, хуллас калом, «ҳамма нарсани ол ва ҳеч нима берма» қабилида иш бўлади. Қолаверса, ўз ҳаётингизни янада дабдабали ва енгил қилишга чорлайди.

Агар сиз ўзингизни, мана шу қоронғуликда адашиб юрган «нафс»  бошқаришига йўл қўйиб берсангиз, у ҳолда худбин, манман ва ҳиёнаткор одамга айланиб, дунёю охиратда ўз ҳаётингизни барбод қиласиз. Ёки бунинг ўрнига, ўзингизга ўхшаган бошқа кишиларга ишонасиз ва улар сизни ҳоҳлаган тарафга буриб кетишларига йўл қўйиб берасиз. Бунинг хавфи шундаки, худбин кимсалар сизни ўз орзу-ҳавасларининг хизматкорига айлантиришлари ва жоҳил кишилар ўзлари адашган ҳолда сизни ҳам адаштиришлари мумкин. Золимлар эса ўз манфаатлари учун сиздан зулм ва зўравонлик йўлида фойдаланишлари мумкин.

 

Ягона тўғри дастур

Натижада фақат бир манба, яъни сизларга керакли нурни бера оладиган энг Олий Зотнинг дастури қоляпти. Аллоҳ ҳамма нарсани Билувчи ва Кўрувчидир. У барча нарсанинг махфий моҳиятини ҳам билади. Фақат У сизларга нима фойдали ва нима зарарли эканини аниқ айта олади. Фақат У қайси иш сизлар учун яхшию, қайсилари ёмонлигини кўрсата олади. Унинг ҳеч қандай моддий ғаразлари йўқ. У бирон-бир нарсани ёлғон билан қўлга киритишга муҳтож эмас. Шунинг учун, бу ҳар қандай камчиликдан Пок, Ғаний ва Молик Роб Таоло сизларга қандай кўрсатма берса ҳам, бунинг орқасида ҳеч қандай махфий хусусий ғаразлар йўқлигига ҳеч иккиланмай ишониб, уни қабул қилинг, чунки бу фақат сизнинг манфаатингиз учундир.

Шунингдек, Аллоҳ энг Одил Ҳукмдордир. Унда заррача адолатсизлик йўқ. Унинг фармонлари фақат ҳақ ва адолат устига қурилгандир. Уларга амал қилсангиз, ўзингизга ва бошқаларга зулм қилишдан хавфсирамайсиз.

Қандай қилиб фойдани қўлга киритса бўлади

Роб Таолонинг нуридан баҳраманд бўлиш учун икки нарса лозим. Биринчиси, сиз холисона Аллоҳга ва У юборган Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиришингиз. Бу дегани, сиз Аллоҳнинг Расули тарафидан бўлган ҳар қандай кўрсатма, сиз унинг ҳикматини англайсизми йўқми муҳим эмас, унга мутлақ ишонишингиз керак. Иккинчиси, бунга тўла ишонганингиздан сўнг, бу дастурга эргашмоғингиз, чунки тобе бўлмасдан туриб ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

Фараз қилинг, бир киши сизга маълум бир нарсани заҳарланганлиги учун, уни ема деяпти. Сиз унга: «Сен тўғри айтасан, у заҳарланган ва ўта хавфлидир» деб, ва бу ҳақиқатни тан олишга қарамай уни еяпсиз. Натижа худди буни билмаган одамники билан бир хил бўлади. Шунинг учун, ўз билимларини амалда қўлламасдан фақат билишнинг ўзидан нима фойда?!

Сиз Аллоҳга итоат қилсангизгина аниқ фойдани қўлга киритасиз. Бироқ бу фойдага Унга иймон келтирганингизни шунчаки оғзаки равишда айтибгина эмас, балки Унинг фармонларига тўла амал қилиш ила тасдиқлагандан кейингина эришасиз. Худди шу каби сиз, маълум бир таъқиқланган нарсалардан қайтишни оғзаки равишда эмас, балки ҳақиқатда ҳам улардан тийилишингиз зарур. Худди шунга Аллоҳ бизларни доимо тарғиб қилади:

   «Аллоҳга  итоат қилингиз, Пайғамбарга  буйсунингиз ва (ҳаромдан) эҳтиёт бўлингиз! Агар (итоатдан) бош тортсангиз, билингизки, Пайғамбаримиз зиммасида  фақат (бизнинг ҳукмларимизни) очиқ – равшан қилиб етказиш бор, холос». (Моида: 92)    

   «Айтинг:   «Аллоҳга  бўйсунингиз ва Пайғамбарга бўйсунингиз! Энди агар юз ўгирсангизлар  бас, (Пайғамбар) зиммасида ўзига юкланган нарса (яьни одамларга Аллоҳнинг динини етказиш) бордир, сизларнинг  зиммангизда  эса  ўзларингизга  юкланган  нарса (Пайғамбарга бўйсуниш) бордир. Агар унга бўйсунсангиз ҳидоят топурсизлар. Пайғамбар зиммасида (сизларни зўрлаб динга киргизиш эмас, балки) фақат (сизларга ҳақ динни) етказиш бордир.» (Нур: 54)

   Ва яна:

    «(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна – кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!»   (Нур: 63)

 

Кўр-кўрона итоат эмас

Келинглар ҳозирдан бир нарсага келишиб олайлик. Сизларга, фақат Аллоҳга ва Расулига итоат қилишингиз лозим деганимда, бошқа кишиларга бутунлай қулоқ солмайсиз деган нарсани назарда тутганим йўқ. Ягона шарт – фикрламай, англамай туриб эргашмаслик керак. Доимо бошқаларнинг сўзи Аллоҳ ва Расулининг таълимотига мувофиқми йўқми, буни доимо текшириб туриш зарур. Агар мувофиқ бўлса, уни қабул қилишингиз керак, чунки сиз аслида у кишига эмас, балки Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат қилган бўласиз. Агар мувофиқ бўлмаса, уни рад қилишингиз зарур, чунки Аллоҳ ва Пайғамбарга қарши чиққан одамга итоат қилинмайди.

Сизлар, Аллоҳ инсонга Ўз Илоҳий дастурини етказиш учун унинг олдига келмаслигини ва ҳар бир рисолатини Ўзи сайлаган Пайғамбари орқали етказганини тушуниб олинг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн тўрт аср олдин бу дунёни тарк этиб, дорул бақога рихлат қилдилар. Аллоҳ тарафидан нозил қилинган фармонлар, Қуръон ва Ҳадисларда сақланиб қолган. Аммо Қуръон ва Ҳадис тирик жонзот эмаски, сизнинг қаршингизга келиб баъзи йўлланмаларни сизга берса. Фақат сиз каби инсонлар, сизларга Қуръон ва Ҳадис бўйича ҳаёт кечиришингизга ёрдам бера олади. Шу сабабли бошқалардан ўрганишдан ўзга чора йўқ.

Муҳими, бошқаларнинг сўзига кўр-кўрона қулоқ солмаслик зарур. Ҳозиргина айтганимдай, сизлар бу сўзлар Қуръон ва Ҳадисга тўғри келадими, йўқми текширишингиз керак бўлади. Агар тўғри келса, уларга бўйсунишингиз шарт. Аммо агар улар сизни қарама-қарши томонга тортиб кетмоқчи бўлса, уларга тобе бўлиш таъқиқланади.

11. Дин ва Шариат орасидаги фарқ

Диндош биродарлар! Ислом ҳақидаги суҳбатларда тез-тез иккита ўзига хос – Дин ва Шариат сўзлари ишлатилади. Лекин кўпчилик Дин ва Шариат сўзининг асл маъносини тушунмайди. Фақат илмсиз кишилар эмас, балки кўпчилик диний ўқимишли кишилар ҳам бу икки тушунча орасидаги фарқни доим ҳам англаб етмайдилар. Бу билмаслик оқибатида, кўп ҳолларда Дин ва Шариатни бир-бирига алмаштириб, одамларнинг фикрини бузадилар.

Диннинг маъноси

Дин сўзи бир неча маъноларда ишлатилади. Биринчиси бу – ҳокимият, бошқарувдир. Иккинчиси бунинг тескариси – итоат, бўйсуниш, хизмат қилиш ва қулликдир. Учинчиси ҳисоб-китоб, айблов, амалларга қараб мукофотлаш ё жазолашдир. Бу ҳар уч тушунча Қуръонда келади.

Аллоҳ айтади:

   «Албатта  Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир».(Оли Имрон: 19)

            Бу ерда дин сўзи, Аллоҳни барча ҳукм ва улуғликнинг эгаси деб тан олиш ва ўзни  Унга бўйсундиришга асосланган турмуш тарзини англатади. Биз ҳеч кимнинг олдида таҳқирланишимиз мумкин эмас. Биз, фақат Аллоҳнигина Ҳукмдор, Подшоҳ ва Раҳбар деб ҳисоблаб Ундан ўзга бирон-бир кимсанинг қули бўлмаслигимиз зарур. Биз фақат Аллоҳгина жазоларни белгиловчи энг Олий Ҳакам деб тан олишимиз керак. Биз ҳеч кимдан эмас, балки фақат Унинг мукофотидан умидвор бўлишимиз лозим. Ислом худди шундай диндир.

            Сизлар,  ҳукмронлик ёки қувватни Аллоҳдан ўзгага нисбатласангиз, бошқа бир кишини ҳақиқий хўжайин ва раҳбар, жазо ва мукофот берувчи олий ҳакам деб, унинг олдида хор бўлиб бошингизни  эгсангиз, Аллоҳдан кўра ундан кўпроқ қўрқсангиз, ана шунда қалбаки сохта дин юзага келади. Бундай динни Аллоҳ қабул қилмайди.

Дунёдаги Аллоҳдан ўзга ҳеч бир жонзот бирон-бир куч ва қувватга эга эмас. Худди шу каби, Аллоҳнинг ҳукмронлигидан ўзга ҳукмронлик, салтанат йўқ. Бизлар Аллоҳдан ўзганинг қули ёки хизматкори бўлишимиз учун яратилганимиз йўқ ва бизларни муҳокама қилиб, жазо ёки мукофот беришга Аллоҳдан ўзга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу нарса Қуръоннинг кўп жойларида тушунтириб ўтилади:   «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир». (Оли Имрон: 85)

            Шундай қилиб, Аллоҳнинг ҳукмронлигини тан олмаган кимса, бошқа бир шахсга бўйсунади, унинг хизматкори, қулига айланади ва уни жазо ва мукофот бериш ҳуқуқига эга деб ҳисоблайди. Бундай банданинг динини ва феъл-атворини Аллоҳ қабул қилмайди. Сабаби шундаки:

            «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (миллатнинг) динидир».      (Баййина: 5)

            Роб Таоло инсонларни фақат Унга хизмат қилишлари учун яратди. Шунинг учун, улар ҳар қандай қалбаки илоҳлардан юз ўгириб, ўзларининг итоатларини ёки бошқача қилиб айтганда динларини ягона Аллоҳга бағишлашлари зарур бўлади. Улар ҳеч иккиланмай ўзларини Унинг хизматига бағишлаб ва фақат Унгагина ҳисоб-китоб берувчи эканликларини ҳис қилишлари керак:

            «Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибди-ку! Ўшалар (яъни Аллоҳнинг динига итоат қилишни хоҳламаётганлар) ҳам фақат Унинг ўзига қайтариладилар-ку!» (Оли Имрон: 83)    

Қандай қилиб биз, инсонлар, Аллоҳдан ўзганинг хизматкори бўлиб, унга бўйсунишга журъат қиламиз, ваҳоланки ер ва осмонлардаги барча жонзот фақат Унга қулоқ солиб ва ўз амалларига фақат Аллоҳнинг олдида жавоб беришга ишонадилар?! Ёки инсон бутун коинотнинг зиддига ўлароқ, ўзича қандайдир бир мустақил йўл топмоқчими?

«У (Аллоҳ) Ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар хоҳламасаларда – барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир». (Тавба: 33)

Аллоҳ Ўзининг Пайғамбарини ҳақ дин билан мушрик ва бутпарастларга ёқадими йўқми бунга қарамай, барча сохта илоҳларнинг ҳукмронлигини тугатиш ва оламларнинг Роббисидан ўзгага ибодат қилмаслик учун бизларга мисли кўрилмаган имконият берди:

«То (дунёда) бирон фитна-алдов қолмай, бутун дин фақат Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан жанг қилинглар!». (Анфол: 39)

Ўгит тушунарли. Бизлар то Аллоҳдан ўзганинг ҳукмронлиги ағдарилмагунча, то оламда фақат Парвардигорнинг қонунлари ҳукм сурмагунча, то Аллоҳнинг Олийлиги тан олинмагунча ва бизлар ёлғиз Унгагина қуллик қилмагунимизча жанг қилишимиз зарур экан.

Демак диннинг уч маъноси бор экан:

1.      Роб Таолони Ҳукмрон, Подшоҳ ва Хўжайин деб тан олиш;

2.      Фақат Унгагина бўйсуниб хизмат қилиш;

3.      Фақат Унга ҳисоб-китоб беришга ишониб, Унинг жазосидан қўрқиб ва мукофотни фақат

Ундан кутиш.

 Шу билан бир қаторда, Дин Аллоҳнинг Пайғамбарига итоат қилишни ҳам ўз ичига  олади, чунки Парвардигорнинг фармонлари инсонларга Пайғамбарига туширилган Китоб орқали берилгандир.

«Эй Одам болалари! Ҳар қачон сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар Менинг оятларимни сўзлаган ҳолларида келганларида кимда-ким (ширкдан) сақланиб, ўзини ўнглаб олса, уларга хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар». (Аъроф: 35)

Ҳеч бир инсон бевосит Аллоҳнинг Ўзидан Унинг фармонларини олмайди. Шунинг учун, Аллоҳни Ҳоким деб тан олувчи ҳар қандай шахс, Унинг Расулига итоат қилиб ва Аллоҳ у киши орқали юборган таълимот бўйича ҳаёт кечирса,  Роб Таолога бўйсунган бўлади.

Диннинг асосий негизлари шудир.

 

Шариатнинг маъноси

Энди, Шариат тушунчасини кўриб чиқайлик. Шариат «йўл» ёки «сўқмоқ»ни англатади. Сиз Аллоҳни Хожангиз деб қабул қилиб, Унга итоат ила яшаб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг намоёндаси эканлигини ва Қуръон У тарафидан нозил бўлганлигини тан олиш билан динга кирасиз. Сиз Аллоҳга қандай хизмат қилишингиз ва Унинг дастури бўйича қандай ҳаёт кечиришингиз кераклигини кўрсатувчи йўл Шариат дейилади.

Бу йўл ёки сўқмоқ Аллоҳ тарафидан Расули орқали кўрсатилгандир. У сизларга Аллоҳга қандай ибодат қилишни, тана ва қалбингизни қандай қилиб поклашни, ҳақиқат ва диндорлик нималигини, бошқа кишилар билан ишларни қай тарзда олиб бориш ва ҳақ-ҳуқуқларга қандай риоя қилишни, хуллас бутун умр бўйи ўзини қандай тутиш кераклигини ўргатади.

Фарқнинг моҳияти

Дин ва шариатнинг асосий фарқи қуйидагидир: Дин доим бўлган, бор ва ўзгармай туради; Шариат эса ҳар хил бўлгандир. Баъзилари кейинчалик ўзгарган ёки мансуҳ бўлган, аммо дин ўзгармай қолган. Нуҳ алайҳис-саломнинг дини ва Иброҳим, Мусо, Исо, Шуайб, Ҳуд, Солиҳ алайҳимус-саломлар  ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динлари бир бўлган, аммо уларнинг шариатлари қайсидир даражада бир-биридан фарқ қилган. Фарз қилинган намоз ва рўза усуллари фарқ қилган. Ҳалол ва ҳаром ҳақидаги кўрсатмалар, поклик ва никоҳ, талоқ ва мерос масалалари бир-биридан фарқ қилар эди. Лекин бунга қарамай, улар ва уларга эргашувчиларнинг барчаси мусулмон эдилар. Чунки уларнинг Дини биттадир. Бундан кўриниб турибдики, дин шариатнинг ўлчов ва қонунларига боғлиқ эмас. Баъзи маълум аҳкомлар фарқ қилса ҳам, дин шундайлигича қолади.

Мана сизларга дин ва шариатнинг фарқини кўрсатувчи ёрқин мисол:

Кўп хизматкорларга эга бўлган хўжайинни тасаввур қилинг. Агар уларнинг бири уни ўз хўжайини  ва уни итоат қилинишга лойиқ деб ҳисобламаса, унда уни бутунлай, хизматкор деб атаб бўлмайди. Аммо уни ўз хўжайини ва унга бўйсуниш ўзининг бурчи деб ҳисобловчилар ҳақиқатда ҳам хизматкор номига лойиқдирлар. Уларнинг мажбуриятлари ва қандай хизмат қилишлари фарқ қилиши мумкин, лекин барибир, улар содиқ хизматкор деб саналадилар.

Агар хўжайин бир хизматчисига бир услубда, бошқасига бошқа услубда хизмат қилишни буюрган бўлса, уларнинг ҳеч бири фақат ўзи ҳақиқий хизматкору, бошқалар йўқ деб айтишга ҳаққи йўқ. Худди шундай, агар бир хизматчи хожасининг амрини ўзича бир маънода тушунсаю, бошқаси ўзгача тушунса ва бу иккиси бу тушунчалари бўйича хизмат қилишга уринсалар, у ҳолда уларнинг ҳар иккиси ҳам яхши хизматкор дейилишига лойиқдир. Мумкин уларнинг бири қандайдир буйруқни нотўғри тушунар, аммо у хизмат қилишдан бош тортаётган бўлмаса, уни ҳеч ким итоатсиз деб номлашга ёки ҳайдаб юборишга ҳаққи йўқ.

Дин ва шариат орасидаги бу фарқни яхши тушуниб олинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламгача Аллоҳ Таоло Ўзининг набийлари орқали ҳар хил шариатлар юборди. Бир пайғамбари орқали маълум бир услубда, бошқаси орқали бошқа услубда хизмат қилиш кўрсатилган эди. Бу, ҳар хил услубда Аллоҳга хизмат қилганларнинг барчаси мусулмон бўлганлар. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилдилар ва Хожамиз: «Бугундан бошлаб Биз барча ўтган қонун-қоидаларни бекор қилдик. Энди ким Менга хизмат қилишни истаса, охирги Расулимиз орқали юборилган қонун-қоидаларга бўйсуниши керак», деб эълон қилди.

Шундан бери ҳеч қайси хизматкор аввалги қоидалар бўйича хизмат қилиши мумкин эмас. Агар у янги нормаларни қабул қилмай, эскиларига амал қилишда давом этса, Аллоҳнинг эмас, балки ўз нафсининг амрига бўйсунган бўлади. Бундай кимсани хизматкор деб бўлмайди, у диний жиҳатдан осий, яъни кофир бўлади.

 

Мусулмонлар орасидаги фиқҳий фарқлар

Келтирилган мисолнинг биринчи қисми, аввал ўтган пайғамбарларга эргашган кишиларга тегишлидир. Иккинчи қисм, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг издошларига тегишлидир.

У киши кўрсатиб берган шариат Аллоҳ томонидан буюрилгани ва унга эргашиш кераклигини эътироф этган ҳар қандай киши мусулмондир. Бир киши шариат аҳкомларини бир услубда тушунса, бошқаси эса бошқа услубда тушунади ва иккиси ҳам ўз тушунчаси бўйича унга эргашади. Улар қанчалик фарқ қилмасин, лекин барибир ўзларини хизматкор деб номлашга ҳақлидирлар. Чунки уларнинг иккиси ҳам Хожасининг буйруқларига ақл-идрок билан амал қиладилар.

Ундай бўлса, хизматкорларнинг бири, фақат у ҳақиқий хизматкору, бошқаси эса йўқ деб айтишга нима ҳаққи бор?! У фақатгина, Хожасининг буйруқларини тўғри тушунишини, бошқалар эса нотўғри тушунади деб таъкидлаши мумкин. Лекин бу унга, бошқа кимсани хизматдан четлаштириш (яъни уни кофир дейиш) учун ҳеч қандай ҳуқуқ бермайди. Бу каби сурбетликни таъкидловчи ҳар қандай кимса, ўзига хўжайин мавқеини берган бўлади. Бундан гўё, у: «Хўжайиннинг буйруқларига бўйсунганингиз каби, сизлар буйруқларни мен тушунгандек қабул қилишингиз шарт. Агар ундай қилмасангиз, у ҳолда мен сизларни хизматдан бўшатиб юбораман», дегани келиб чиқади.

Шу сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши бошқа бировни фосиқлик ва куфр билан айбласа, агар у кофир ё фосиқ бўлмаса айтган сўзи ўзига қайтади» деганлар.    (Бухорий)

Ахир Аллоҳ Ўзининг амрига  бўйсунишни  мусулмонликнинг асл мезони қилиб қўйгандир. Фақат ўз тушунчаси ва фикрини тўғри деб таъкидловчи ва Аллоҳнинг ҳукмига қарамай, ўзича бошқалар устидан ҳукм чиқарувчи кимса, Аллоҳ битта эмас, балки у ҳам ўзини бир «илоҳча» деб даъво қилган бўлади. Ҳар қандай, бу бемаъниликни таъкидловчи кимса, у ҳукм чиқарган кимса, мусулмонми ё кофирми ким бўлишидан қатъий назар, бу билан ўз иймонини хавф остига қўяди.

Биродарлар! Ана энди сизлар Дин ва Шариат орасидаги фарқни ва Аллоҳга бўлган хизматнинг турли бўлиши диндан чиқармаслигини тўла тушуниб олдингиз деб умид қиламан. Дарҳақиқат, ўз тушунчасига эргашувчи киши, бу қилаётган амалини унга Аллоҳ ва Унинг Расули худди шу тарзда қилишни буюрган деб, сидқидилдан ишониши керак ва бу амалларини тасдиқлаб бериш учун Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатидан аниқ далил келтира билиши зарур бўлади.

 

Бу фарқлар моҳиятини инкор қилиш

            Дин ва Шариат орасидаги фарқни инкор қилиш мусулмонларга қанчалик зиён келтириши ҳақида бир ўйлаб кўрайлик.

            Масалан, намоз ўқишнинг бир неча тури мавжуд. Бизлар қўлларимизни кўкракка ёки киндик устига қўйишимиз мумкин. Бизлар «Омин»ни жаҳрий ёки маҳфий айтишимиз мумкин. Ҳар биримиз ўзининг услуби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан қўллангани ва бунга ўзида аниқ далил борлигига тўла ишонади. Шу сабабли, ҳар биримиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир хил ишонч билан эргашувчидирмиз.

            Аммо баъзи кишилар шариатнинг бу каби қирраларини диннинг асосий рукн даражасига чиқардилар. Шундай қилиб, улар ўзларининг хусусий жамоа ва масжидларини ташкил қилдилар. Улар бир-бирларини айблаб, ўзга, мухолиф фикрдаги кишиларни масжидларидан ҳайдаб, бир-бирлари билан жанжаллашиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умматини ҳар хил фирқаларга бўлиб юбордилар. Ҳатто бу уларни қониқтирмай, арзимаган нарсалар учун бир-бирларини кофир, осий ёки бидъатчи деб тамғаладилар. Агар бошқалар, уларнинг фикрлаш тарзини қабул қилсагина улар хурсанд бўлдилар.

            Ҳар хил Исломий мазҳаблар Ҳанафий, Шофиий, ҳадис аҳли ва бошқалар – уларнинг барчаси Қуръон ва Ҳадисни энг тўғри манба деб тан олиб, ўз тушуниш даражасида улардан йўлланмалар оладилар. Баъзи масалаларда бир мазҳабнинг фикри бошқасиникига нисбатан тўғрироқ бўлиши мумкин. Мен ҳам шу мазҳабларнинг бирига эргашаман, унга мухолиф бўлган кишилар билан баҳслашаман ва ўз қарашим бўйича нима тўғри-ю, нима нотўғрилигини уларга тушунтираман.

            Лекин бир кишининг хато қилиши билан, уни Исломдан чиқариб юбориш бошқа бошқа нарсадир. Ҳар бир мусулмон шариатда ўзи тўғри деб ҳисоблаган мазҳабига эргашишга ҳақлидир. Агар тўрт мусулмон тўрт мазҳабга эргашиб, шу усулда Аллоҳнинг қонунларига итоат қиляпман деб ишонса, у ҳолда улар ҳақиқатда ҳам мусулмондирлар. Улар бир Умматни ташкил қиладилар ва фирқаланишга ҳожат йўқ. Фақат, бу нарсани тушунмаган кишиларгина Умматни арзимас сабаблар туфайли бўлак-бўлакларга бўлиб ташлайдилар. Улар ўз жамоа ва масжидларини ажратиб, бошқа гуруҳ эгалари билан никоҳ ва алоқа қилишни таъқиқлайдилар ва фақат ўзларини ҳақ ва ўзлари алоҳида уммат деб ҳисоблайдилар.

 

Фирқаланиш

            Фирқаланишнинг мусулмонларга қанчалик зиён эканлигини назардан четда қолдириш керак эмас. Мусулмонлар доим бир Умматни ташкил қиладилар. Ҳиндистоннинг ўзида ҳозирги кунда тахминан 80 миллион мусулмон мавжуд. Агар бу жамоалар ҳақиқатда бирлашиб, Аллоҳнинг  калимасини олий қилиш учун бел боғласа, ким ҳам уларга қарши чиқа олар эди?! Аммо фирқаланиш бу умматни юзлаб фирқаларга ажратиб, бўлиб ташлади. Улар ҳатто энг оғир ҳолатларда ҳам бирлаша олмайдилар. Бир гуруҳга тегишли мусулмон аксар ҳолатларда, яҳуд ва насронийларга эмас, балки бошқа гуруҳдаги мусулмонларга қарши чиқадилар. Ҳатто гоҳида бир фирқа тарафдорлари бошқа мусулмон жамоасининг аъзоларини камситиш учун кофирлар билан бир сафда туриб ҳаракат қиладилар.

            Шу сабабли, мусулмонларнинг зор ва залил ҳолатда яшашлари ажабланарли эмас. Бу аҳволга улар ўз феъл-атворлари туфайли тушиб қолдилар. Улар, Аллоҳ инсонларни огоҳлантирган жазога сазовор бўлдилар.

«Айтинг: «У сизларга устингиздан ё оёқларингиз остидан азоб юборишга, ёки сизларни гуруҳ-гуруҳ қилиб аралаштириб юбориб (жангу жадалларда) айримларингизга айримларингизнинг зарарини тотдириб қўйишга қодир бўлган зотдир!» (Анъом: 65)

Ҳақорат, адоват, зулм ва истибдод – буларнинг барчаси бугунги кундаги мусулмонларнинг жафо чекаётган, Аллоҳ  жазосининг турларидир.

Панжобдаги аҳвол ҳам шундай жазодан дарак беради. Бу ерда турли фирқалар жуда ҳам кўпайган. Натижада, бизларнинг кўп бўлишимизга қарамай, ночор аҳволда қолганмиз. Агар биз фаровон ҳаёт кечиришни истасак, у ҳолда бу тафриқавий тўғонларни йўқотиб, ака-укадай яшашимиз ва бир бутун Уммат бўлишимиз керак бўлади. Аллоҳнинг шариатида Шиа, Сунний, Ҳанафий, Аҳли ҳадис ва бошқа ҳар хил гуруҳлар учун алоҳида-алоҳида уммат бўлишга ҳеч қандай асос йўқ. Умматнинг бундай бўлиниши – жоҳиллик натижасидир. Аллоҳ бизларни битта Уммат – Ислом уммати қилиб яратгандир.

 

12. Ибодатнинг асл маъноси

Диндош биродарлар! Биз, мусулмонлар, кўп ишлатадиган бир сўз борки, аммо ўзимиз уни яхши тушунмаймиз. Бу сўз – Ибодатдир ва унинг маъно ва моҳиятини тушуниш жуда зарурдир.

Бизнинг яратилишимиз ва яшашимиздан ягона мақсад, бу Аллоҳ айтганидек, фақат Ўзигагина ибодат ва хизмат қилишдир.

«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим.» (Зориёт: 56)

Бундан, сизлар ибодатнинг асл мақсадини тўла тушунмоғингиз кераклиги келиб чиқади. Акс ҳолда сизларни яратишдан бўлган асосий мақсадни бажара олмайсиз. Ҳар бир, бу вазифани ўтамайдиган ҳаракат хатодир. Агар табиб ўз беморини даволай олмаса, уни ўз вазифасини бажара олмаган деб ҳисобланади. Худди шундай, сизлар ҳаётингизнинг асл мақсадини, яъни ибодатни ўтай олмасангиз сиз зиёнкор бўласиз. Шунинг учун, ибодатнинг маъносини яхшилаб тушуниб олинг ва доимо уни ёдда сақланг. Ҳаётингизнинг муваффақияти ва омадсизлиги шунга қараб белгиланади.

 

Ибодатнинг маъноси

Хўп, «ибодат» сўзи нимани англатади? Бу арабча калиманинг негизи «абд», яъни хизматкор, қул маъносини англатади. Инсон агар бутун ҳаёти давомида бир кишига бўйсуниб унга хизмат қилиб, ўзини хўжайинига нисбатан лозим бўлган мавқеда тутсагина ана шунда ҳақиқий қул бўлади. Аммо қул бўлатуриб  ойлик маош олувчи, лекин ўз вазифасини бажармайдиган ва ўзини қул каби тутмайдиган кимса осий ва исёнчидир.

Хўп, қул Хожасига нисбатан ўзини қандай тутиши керак?

Банданинг биринчи мажбурияти – ўзига Хожа деб фақат ўз Хўжайинини ҳисоблашидир. У, фақат ризқлантирувчи, ҳимоя қилувчи ва таъминловчи зотгагина бўйсуниши лозим.

Банданинг иккинчи вазифаси –  доим ўз Хожасига итоат қилиши, унинг барча буйруқларини дақиқлик билан бажариб, ўзининг ёки бошқа бир кишининг фикр ва истаклари Хожасининг хоҳишига тескари бўлса, ундан четланиши зарур бўлади. Банда ҳар бир дақиқада ва ҳар қандай ҳолатда бандадир. У баъзи буйруқларга бўйсуниб, бошқаларига қулоқ солмасликка ёки ўзи хоҳлаган вақтда бандалик қилиб, бошқа вақтда ўз мажбуриятларини ўтамасликка ҳаққи йўқ. Бунда у учун танлаш ихтиёри берилмаган.

Банданинг учинчи мажбурияти –  Хожасини ҳурмат қилиб, севмоғи керак. Ўз ҳурматини билдириш учун банда, У кўрсатган йўлдан юрмоғи лозим. Агар у ўз содиқлиги ва итоатида мустаҳкам ва доимий бўлса, ҳар қандай ҳолатда ҳам Хожасининг чақириғига «лаббай» деб келиши зарур.

Бу барча сифатлар ибодатни ташкил этади: биринчиси - фақат ўз Хўжайинини Хожа деб; иккинчиси – фақат ўз Хожасининг буйруқларига итоат қилиши; учинчиси – Уни севиб ҳурмат қилиши.

Аллоҳ: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим», дейиши билан, бизлардан энг аввал фақат Унгагина бўйсунишимизни талаб қилади. Бизлар фақат Унинг фармонларига амал қилишимиз лозим ва фақат Унинг. Бизлар фақат Унгагина таъзим ва сажда қилиб, Унигина олқишлаб итоат қилишимиз зарур.

Қуръонда ибодат сўзи доимо шу маънода ишлатилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва улардан аввалги барча пайғамбарлар таълимотининг асл моҳияти шунда эди. Уларнинг ҳар бири ягона чақириқ билан:   

«…У зот сизларни фақат ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин одамларнинг кўплари буни билмайдилар». (Юсуф: 40)

Сизлар ягона Ҳоким бўлган Аллоҳгагина содиқ бўлишингиз керак. Сизлар бўйсунадиган битта қонун бор, у ҳам бўлса Аллоҳнинг қонунидир. Сиз ибодат қиладиган ягона маъбуд бор, у ҳам бўлса ягона Аллоҳдир.

Ибодатни тушунмаслик

Энди баъзи бир ҳолатларга қаранг.

Агар сиз бир қулнинг ўз вазифасини бажариш ўрнига Хожаси олдида туриб, Унинг номини хиргойи қилиб турганини кўрсангиз нима деган бўлардингиз? Хожаси унга бориб ўз мажбуриятларини бажаришни буюрса-ю, у эса турган жойида тураверса. У Хожасига кетма-кет эгилиб, уни олқишлаб, қўлини қовуштириб туришда давом этса. Хожаси унга ўғрининг қўлини кесишни буюрса-ю, у эса бирон-бир иш қилишга ҳаракат қилмай, ўз жойидан силжимай, ёқимли овоз билан кетма-кет: «ўғрининг қўли кесилсин, ўғрининг қўли кесилсин» деб қайтариб тураверса.

Ҳақиқатда ҳам бу кимса ўз Хожасига хизмат қилаяптими? Агар сизнинг қўл остингизда бир неча хизматкор бўлиб, уларнинг бири ўзини шундай тутса, сиз нима қилган бўлар эдингиз?! Лекин, аксар ҳолларда ўзларини шундай тутувчи кимсаларни сизлар садоқатли ва холис банда деб ҳисоблайсиз! Масалан, эрталабдан кечгача Қуръоннинг пок оятларини тиловат қилувчи, аммо уларни ҳаётга татбиқ қилиш ўрнига, Аллоҳнинг номини минг бор тасбеҳда ўтказиб, тўхтамай намоз ўқиб, Қуръонни чиройли тиловат қилувчи инсон-чи? Бунинг барчасини кўриб, сиз: «Қандай садоқатли инсон!» дейсиз. Аммо сиз адашяпсиз, чунки ибодатнинг асл маъносини билмайсиз.

Мана бошқа бир хизматкор. У кечаю кундуз Хожасининг эмас, бошқа кишиларнинг буйруқларини бажариш билан овора. У доимо ўзининг ҳақиқий Хожасининг буйруқларига қарши чиқади, лекин бу қаршилигини расмий анжуманлардаги доимий иштироки ва қулай фурсатларда Хожасини мақташлик билан яширади. Агар сизнинг шундай хизматкорингиз бўлса, нима қилар эдингиз? Ахир унинг бу олқиш мақтовларини ўзининг юзига улоқтирмайсизми? Агар у сизни Хожа ёки Хўжайин деб чақирса, сиз унга: «Сен ғирт ёлғончи ва муттахамсан, сен мендан ойлик маош оласану, аммо бошқаларга хизмат қиласан. Сен ўзингни менинг хизматкорим қилиб кўрсатасану, аммо аслида менинг эмас, дуч келган кишининг буйруғини бажарасан». Бу шунчалик очиқ-ойдинлигидан, ҳамма осонгина тушуниб олади.

Аммо ажабланарлиси шундаки, сизлар эртаю-кеч Аллоҳнинг қонунларини бузувчи ёки уларни инкор қилиб, кофирларнинг буйруқларини бажарувчи кишиларнинг намозу рўзалари, тасбеҳ айлантириш ва Қуръон тиловати, Ҳаж ва садақотлари билан завқланиб, уларни мақтайсиз. Бунда ҳам сиз адашасиз, чунки сиз ибодатнинг асл моҳиятини билмайсиз.

Энди бошқа бир хизматкорга назар ташланг. Унинг либоси жуда чиройли тикилган ва доим Хожаси талаб қилган савиядадир. У Хожасининг қошида ўзининг итоати ва ҳурмат эҳтиромини кўрсатади. Қачон унга буйруқ қилинса, у бошини эгиб: «Хизмат қилишдан хурсандман!» дейди. Хуллас, бундан ортиқ садоқатни топмайсиз. Хожасини мақташда у доим биринчи. Лекин, шу вақтнинг ўзида бу инсон ўз Хожасининг душманларига хизмат қилиб, уларнинг, Хожасига нисбатан уюштираётган фитналарига ёндошиб, ўз Хожасининг номини қора қилишда уларга кўмаклашади. Қоронғу кечада у, Хожасининг уйини ўмаради, саҳар эса Унинг ҳузурида энг содиқ хизматкор каби қўлларини қовуштириб туради.

Сизлар бундай хизматкор ҳақида нима дейсиз? Ўз-ўзидан тайинки, сиз уни мунофиқ, исёнчи ва осий дейсиз. Аммо сизлар шу каби Аллоҳнинг бандаларини нима деб чақирасиз? Сиз уларни шайх, мавлави, пир ва бошқа-бошқа номлар билан чақирасиз. Сиз уларни художўй одам деб ҳисоблайсиз. Бунга сабаб, сиз узун соқол, тўпиқдан юқори изор, сажда асоратлари, намозларининг узунлиги ва катта тасбеҳларнинг тузоғига тушиб қолганингиздандир. Сиз яна адашдингиз, чунки ибодат ва диндорликнинг асл моҳиятини тушунмагансиз.

Сизлар, қуруқ намоз ўқиш, қуруқ рўза тутишни ҳақиқий ибодат деб ўйлаб қолгансиз.  Сизлар, шунчаки, Қуръон сураларини маъноларига эътибор бермаган, ундан ваъзланмаган ҳолда такрорлашни ибодат деб ҳисоблайсиз. Сизлар шунчаки, Маккага бориш ва Каъбани тавоф қилишни чин ибодат деб ўйлайсиз. Хуллас калом, сизлар ибодат, бу баъзи зоҳирий расм-русм ва маросимларни амалга оширишдан иборат нарса деб тушуниб қолгансиз. Бир кишининг уларни амалга ошираётганини кўрсангиз, у ўз бурчини ўташга етарли ва бу киши ўзини Аллоҳнинг ибодатига боғлаган чин банда ва у «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» оятига мувофиқ амал қиляпти деб ҳисоблайсиз.

 

Ибодат – бу,бутун ҳаёт давомидаги хизмат

Буларнинг ибодатлар жумласидан экани ҳақ, бироқ Аллоҳ сизларга буюрган ибодат бундан кўра кенгроқ маънодадир. Сизлар ҳаётингизнинг ҳар бир босқичида Аллоҳнинг қоидаларига риоя қилишингиз ва унга зид бўлган ҳар қандай қонунларни рад қилишингиз лозим. Сиз қиладиган ҳар бир ишингиз Роб Таолонинг дастурига тўғри келиши керак. Ана шундагина сиз ўз ҳаётингизни тўла ибодатга айлантирган бўласиз.

Бундай ҳаётда ҳамма нарса ибодатга айланади – ухлайсизми, овқатланасизми, ишлайсизми ё дам оласизми, гапирасизми ё сукут сақлайсизми, буларнинг барчаси ибодат тусини олади. Ҳатто аҳли аёлингиз ва фарзандларингизни қучоқлаб ўпсангиз ҳам, сиз Аллоҳнинг ибодатида бўласиз. Барча, сизлар дунёвий ва одатий деб ҳисоблаётган амаллар, сизлар уларни бажариш вақтида Роб Таоло ва Расули кўрсатган чегараларга риоя қилиб, нима ҳалол, нима ҳаром, қайси мажбуриятларни бажариб, қайсиларидан четланиш, нима Аллоҳни хушнуд қилади-ю, нима йўқлигини эътибордан чиқармай бажарсангиз, буларнинг барчаси диний тус олиб ибодатга айланади.

Масалан, ҳаётингиз давомида ҳаром йўл билан енгил пул топиш имконияти дуч келиши мумкин. Агар сиз нафс васвасасидан четланиб, Аллоҳга итоат қилган ҳолда фақат рухсат этилган шаръий йўл билан пул топсангиз, у ҳолда сизнинг меҳнатингиз ҳам ибодатга айланади. Бунинг эвазига сиз мукофот-савоб оласиз. Сизлар ўз оилангиз, аёлу фарзандларингизга олиб келадиган ойлик маошингиз Аллоҳ томонидан баракотли бўлади. Аслида сиз нима қилсангиз ҳам, Аллоҳнинг амрини бажариш ва Уни хурсанд қилиш учун қанча вақтингизни сарф қилсангиз Унга ибодат қилган бўласиз. Йўлдаги тошни ёки инсонларга халақит қилувчи бирон-бир тўсиқни олиб ташласангиз ёки бир беморни зиёрат қилсангиз, ёки кўр кишини олиб юрсангиз, муҳтож кишига ёрдам берсангиз, ёлғон ва ғийбатдан четланиб, одамлар ҳақида рост ва тўғри сўзни айтсангиз – буларнинг барчаси ибодатнинг айни ўзидир.

Шундай қилиб, Аллоҳга бўлган ҳақиқий ибодат У кўрсатган йўлдан юриб, ёшликдан то ўлгунга қадар Унинг фармонларига мувофиқ ҳаёт кечиришдан иборатдир. Ибодат учун қандайдир алоҳида вақт йўқ. У доим амалга оширилиши керак. У қандайдир маълум тусга эга ҳам эмас. Ҳар бир ҳолатда, гапирганда ёки иш қилаётганда сизлар доимо Аллоҳга ибодат қилишингиз зарур. Ахир сиз: «Мен мана бу вақтда бандалик қиламан, бошқа вақтда эса йўқ», дейишга ҳаққингиз йўқ. Агар сиз ҳақиқатда ҳам Аллоҳни ҳурмат қилиб, олқишлаб, Уни яхши кўриб ва Ундан қўрқсангиз, у ҳолда сизнинг ҳатти-ҳаракатингизнинг барчаси худди шу туйғуларга асосланган бўлиши керак ва уларнинг барчаси сизнинг ибодатингизни акс эттиради.

Биродарлар! Сизлар: «Ундай бўлса намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа вожиб-фарз рукнларининг моҳияти нимада?» деб сўрашингиз мумкин.

Бизларга Аллоҳ томонидан буюрилган бу ибодатлар бизларни ҳаётимизда қилишимиз зарур бўлган энг асосий ибодатга чиниқтиради. Улар, бизнинг умримизни ибодатга тўла ҳаётга айлантирувчи воситалардир. Ҳар кунги беш вақт намоз, сизлар Аллоҳнинг бандаси ва фақат Унгагина бандалик қилишингиз зарурлигини сизларга эслатиб туради. Бир ой давомидаги рўза сизларни Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийилшга чиниқтиради. Сизлар қиладиган ҳайр-эҳсонларингиз, ишлаб топган пулларингиз Роб Таоло тарафидан сизларга берилган неъмат эканлигини доимо эслатиб туради. Уларни фақат айшу-ишрат ёки моддий эҳтиёжлар учун сарф қилманг. Сизлар Аллоҳ йўлида сарф қилиб, бу неъматга шукр қилинг. Ҳаж қалбингизда Аллоҳнинг буюклигини, Қиёматнинг ҳақлигини ҳис қилдиради.

Агар бу барча ибодатларни бажариб, уларнинг ҳақиқий асл моҳиятини англаб олсангиз ва ҳаётингизни тўла, тўхтовсиз бир ибодат ҳолига келтирсангиз, у ҳолда шубҳасиз, намозингиз – ҳақиқий намоз, рўзангиз - ҳақиқий рўза, закотингиз - ҳақиқий ҳайр-эҳсон ва ҳажингиз - ҳақиқий ҳаж бўлади. Агар ундай бўлмаса, у ҳолда оддий руку ва саждалар, очлик ва ташналик, расмий ҳаж рукнлари ва  ҳайр-эҳсонлар қилиш ҳеч нима бермайди. Бу ибодатлар инсон танасига ўхшайди. Тоинки танада руҳ бўлиб, ҳаракат қилар экан, тана ҳам яшайди. Аммо руҳсиз, у мурдадан ўзга нарса эмас. Ўлик жасаднинг қўл-оёқлари, бурун ва кўзлари бор, аммо унинг руҳи бўлмагани учун сизлар уни ерга кўмасизлар. Худди шунга ўхшаб, ибодат рукнлари руҳсиз бўлса ва улар Аллоҳга нисбатан муҳаббат ва қўрқув, итоат ва холисликдан холи бўлса, улар эътиборсиз нарса бўлиб қолади.

Бизлар бу барча рукнларнинг бизларни, бутунлай ибодатга бағишланган ҳаётга тайёрлаши, ва агар уларнинг моҳияти ва мақсадини мукаммал тушуниб бажарганимизда уларнинг ҳар бири ҳаётимизни жуда тез ва ажабланарли суъратда ўзгартириб юборишини кўрамиз.    

 

 

   Юқорига